1. Сизнингча социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?
2. Кўпмиллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти сизнингча қандай бўлиши керак?
3. Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида сизнинг тасаввурингиз?
Яқинда «Пионер Востока» газетасида ўқувчи Б. Ориповнинг шундай саволини ўқидим: «Тарихини, адабиётини, географиясини билмаган халққа нисбатан бошқаларда қанақа ҳурмат бўлсин?» Ўсмир ҳақ, биз йиллар давомида ўзбек аёли тўрт девор ичида, паранжи ва чачвонда эрнинг чўриси бўлиб ўтган, деб ёшларнинг қулоғига қуйиб келдик. Инқилобгача ўзбек халқмнинг 2 фоизи саводли бўлган, деб ўргатдик. Лекин шам ёруғида шеърлар битиб, маданиятимиз хазинасида ноёб дурдек порлаб қолган шоираларимиз ҳақида сўйлаб беришга қунт топмадик. Малика Екатерина, қиролича Елизаветанинг ҳаёти бизга ойнадай равшан. Исёнкор шоира Зебуннисо, Нодира бегим, Маҳзуна, Увайсий, Анбар отин ҳақида дўстларимиздан бир калима сўз эшитолмаймиз.
Иван Грознийнинг шажарасини ҳижжалаб ўқиганмиз. Лекин Афросиёб, Оқсарой харобалари, Ахсикент қалъаси вайроналари ҳақида қардошларимиз тугул, ўз фарзандларимизга дурустроқ маълумот беролганимиз йўқ. Ҳар қандай дўстлик, биродарлик асосида тенглик, ҳурмат ётади. Биз «буюк оила туйғуси» деган улуғвор иборани матбуотда кўп йиллардан бери қўллаймиз. Буюк оилада она ҳамма фарзандининг бирдек бошини силамаса, ўртада нифоқ чиқади. Меҳрдан камситилган фарзанд боши эгик, кўнгли ўксик бўлиб ўсади. Бундай одамнинг қўли қисқа, фикри фаромуш бўлади.
Дарвоқе, тарих, адабиёт, география…
Болалигимда онам Шаҳривайронтепа, Шаҳри барбар, Абомуслим кўприги, Алининг зулфиқор қиличи ҳақида кўп сўйлаб берардилар. Хўжа Бўстон мозорининг муқаддаслиги, унинг ёнидаги катта қўрғон эса мудофаа иншооти бўлганини айтардилар. Ўйлаб қарасам, Бўстон қўрғони билан Гўдаконтепа, буёғи Муллатош қишлоғи адирларидаги тепалик, ундан нари Қизилтепа йўли билан Карманага қайрилишдаги тепалик бежиз пайдо бўлмаган. Улар сув, сел йўлларини, гармсел оқимини тўсадиган иҳота-қўрғон вазифасини ўтаган бўлса керак, биз у тепалар тарихини ўрганишга ҳаракат қилмадик… Чунки бу тепалик дарсликларимизда йўқ эди. Бундай тепаликларни ғишт заводлари бугун «ютиб» юбормоқда. Бу табиатимизга ўнглаб бўлмас зиён етказиши ҳеч кимнинг ақлига келмагани ачинарли… Тарихни билмасак, географиямиздан бехабарлик гумроҳлигимиз. Билмасликдан эса ҳурматсизлик, қаҳрсизлик туғилади. Ўз юртини билмаганларгина тупроқларини шундай хароб этадилар… Ўзимизки, шундай «устабузармонлик» қилсак, бизнинг тилимизни, табиатимизни билмаган дўстлардан гинахонлигимиз неча пулдир?
Адабиётимизда-чи?
Ўзбек совет адабиётида чинакам воқеа бўлган асарларни қойилмақом қилиб таржима этиб, Бутуниттифоқ мухлисларига етказганимиз йўқ. Сўзма-сўз таржимадан рус ва бошқа қардош тилларга ўгирилган шеърлар сира ҳам кўнгилни тўлдирмайди. Уларда шарқона мусиқийлик, эҳтирос, ўзбекона фикрлаш услуби йўқ. Шеърнинг қалби йўқ, ғози йўқ… У худди ўз онасидан бегонасираб, адашиб қолган болага ўхшайди…
Бу жиҳатдан гуржилар, арманлар, эстонлар, латишлар миллий тилдаги асарларнинг сўзма-сўз таржимаси учун конкурслар эълон қиладилар, куч ва маблағларини аямайдилар. Биз эса ҳамон айрим таржимонлар билан чекланиб қолганмиз.
Ашхободда Махтумқули ҳайкали пойида қардошлик мушоираси бўлди. Шунда мен «Зебуннисо» шеъримни ўзбек ва рус тилида ўқидим, украин шоираси Тамара Коломиец шу шеъримни украин тилида ўз таржимасида ўқиб берди ва «барибир, менинг таржимам аслига яқинроқ экан», деди. Сабабини сўрадим. Тамара ўзбекча луғат билан ҳам ишлаб, шеърнинг оҳангини яхши илғаган экан… Шундай пайтларда ҳар қандай маънавий, маданий дўстликнинг калити тил эканига имон келтирасан киши…
Ўзбек тилини мукаммал билган рус биродарларимиз Н. Ивашев, 3. Туманова, Р. Галимов, Н. Владимированинг хизматлари катта. Уларнинг ўзбек халқига меҳру муҳаббати, садоқати аввало шу юртнинг тилини нозик тушунишида, бу тилнинг гўзал қирраларини англаб, уни иккинчи она тили деб улуғлашларидадир.
Бир кўча болалар «Лайлак келди»ни айтардик. Рус қизлар Лена, Галя жўр бўлишарди. Яйловларда гулларга, қушларга ҳайратимиз бошимиздаги қуёшу бизни елкасида тутган ерга кулгуларимиз, қўшиқларимиз, шўхликларимиз ўзбекча жарангларди…
Биринчи ҳарф танитган, ўзбекча Она, Ватан сўзини ёзишни ўргатган муаллима Раҳима Салоева татар эди. Сўнг математика, алгебрадан, геометриядан сабоқ берган Акбешова, Сахипова ҳам ўзбек, рус, татар, тожик тилларини бирдай билишарди. Улар ўзлари яшаётган Бўстон қишлоғининг аҳолиси билан жону жигардай яқин эдилар. Боиси — ўзбек тили улар учун алоқа воситаси эди.
Уйимизга тез-тез поччам Умар Норқуловнинг яқин оғайнилари — Нестеров ва Скориков оиласи билан меҳмонга келишарди. Улар соф ўзбекча, қишлоқ лаҳжасида сўйлашар, онамни бири «бийижон», бири «холамулложон» дейишарди. Ўзбеклар даврасида улар ўзбек, тожиклар қишлоғида тожик бўлиб кетардилар. Онам уларни Нусрат, болам, Самандар болам, деб алқарди.
Нега кейинги йиллар давомида тил масаласи, икки миллат ўртасидаги муносабат муаммолари пайдо бўлиб қолди? Назаримда, мувозанат бузилди. Битта тил биноларнинг пештоқидан тортиб энг оддий ариза қоғозларидан сўйлайверсаю, иккинчиси рўзғор, ошхона тилига айланса, шунда номутаносиблик юз беради.
Усмон дадамизнинг эски китобларини варақлаб турсам, сарғайиб кетган шапалоқдай бир қоғоз чиқиб қолди. Уруш йиллари чиқарилган суғурта қоғози: ўзбек тилида чоп этилган, шу тилда тўлдирилган, муҳри ҳам шундай…
Ҳозир қайси бир идорага мурожаат қилманг, аризаю барча зарур ҳужжатлар рус тилида, саводингиз рус тилида бўлса хўп-хўп, йўқса битта жавоб учун билимдонга мустар бўлиб тураверасиз. Очиғини айтиш керак, корхоналарнинг кадрлар бўлими, ҳисоб-китоб ва назорат ишлари, кафолатхоналар, алоқа бўлимлари, телеграфхоналарда маҳаллий кадрлар бармоқ билан санарли. Шаҳарнинг ғала-ғовур олачипор ҳаётини кўрган, қурама аҳоли ичида муомала-муносабатни ўрганганлар учун бу ҳол унча қийин эмасдир. Лекин ёзма нутқи ҳаминқадар қишлоқ аҳли учун бир энлик ариза ёки шикоят ёзиш ўз тилида амри маҳол. Ўзга тилда эса кори машаққат. Судга, оқловчиларга, адлия идораларига ишонч қоғозлари, ваколатномалар, мерос даъволари, мулк талабномалари ёздириш учун ҳалак бўлаётганлар қанча… Бу идораларнинг бланкалари ёппасига русча битилган. Ҳамонки, маҳаллий аҳоли бу тилни мукаммал билмас экан, нима учун бу қадар овораю сарсонгарчилик? Битта ариза ёздириб олиш учун 40 сўмлик ойлик маошидан қийиб 3 сўм тўлаётган қишлоқ меҳнаткаши, ўз тилида ёзиб аризасини, 3 сўмга болалари учун бирор егулик олиб борса бўлмайдими?
Яқинда олима Фозила Сулаймонова билан суҳбатлашдим. Фозила Комиловна 1952 йил баҳорида бўлиб ўтган суд жараёнини ўкинч билан гапирди: «Шуҳрат, Шукрулло, М. Исмоилий, Ё. Мирзо, Ҳ. Сулаймон, Н. Алимуҳамедов, А. Алимуҳамедов миллатчиликда айбланиб, қора курсига ўтқазилди.
Судланувчилар жараённи рус тилида олиб боришни сўрашди. Чунки рус тилида протоколлар олиб борилса, Москвага ҳақиқат излаб бориш мумкин эди… Лекин атайлаб «миллатчи»ларнинг қадамини кесиш учун суд ўзбек тилида ўтказилди…»
Дарвоқе, 50-йилларда Москвадаги «Наука» нашриёти «Шарқ адабиёти» деб аталарди ва у Шарқ халқлари тарихи, адабиётини тарғиб, таҳлил этишда, ривожлантиришда анча ишларни амалга оширди.
Уруш йилларида рус фани ва маданиятининг йирик арбоблари Тошкентда яшаб, ижод этдилар. А .Толстой, А. Дейч, Л. Бать, И. Уткин, А. Ахматова, Я. Колас ва бошқалар ўзбек ёзувчилари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдилар. А. Ахматова Тошкент тунларида янграган «Ҳалиманинг булбул овози»дан илҳомланиб шеър битди. Академик Е. Бертельс ўзбекнинг нону тузини едим, қарздор бўлдим, деб Навоий ҳақида ажойиб рисола яратди. Л. Бать Навоийнинг болалиги ҳақида асар битди. Э. Огнецвет ўзбек халқига садоқатда қолди… В. Жирмунский эса «Навоий — Уйғониш даврининг вакили», «Ўзбек эпоси»ни (Ҳ. Зариф ёрдамида) ёзиб, буюк эҳтиромини меҳнати билан исботлади. Улар асрлар оша ўзбек халқининг мутафаккир ўғлига мурожаат қилдилар ва Навоийни ўз элига яхшироқ танитдилар. Улар ҳақиқий зиёлилар эдилар. Ҳар бир халқ табиатидан фазилат, хазинасидан бебаҳо гавҳар изловчи донишманд эдилар. Ҳақиқий байналмилаллик шундай беғараз ва самимий бўлади.
Ўтган асрнинг охирларида эр-хотин Наливкинлар ўзбек болалар ўйинлари «Оқ теракми, кўк терак», «Ё рамазон» сингари қўшиқларини ўз рисолаларида келтириб, илмий кузатишлар қилишган. М. Андреев эса Ўрта Осиё халқлари орасида тарқалган «Ҳавзак-ҳавзак» овутмачоғининг 13 намунасини нашр эттирди. А. Боровков ўзбек болалар ўйинларини, Е. Боровкова эса лайлак ҳақидаги қўшиқлар, халқ иримлари келиб чиқиши хусусида иш олиб борган. Е. Пешчерованинг 1927 йилда чиққан тўпламдаги «Исфара қишлоғида лола байрами», ўзбек ва тожик болалари ўйинлари, қўғирчоқлари ҳақидаги илмий изланишлари маҳаллий халқ маданиятига ҳурмат, урф-одатлари, маросимларига бўлган эҳтиром ифодаси ҳамдир («Бойчечак». Болалар фольклори ва меҳнат қўшиқлари. Тошкент — 1984 йил. Тузувчилар: О. Сафаров ва К. Очилов).
Ўзбек маданиятининг бундай жонкуяр тарғиботчилари номини унутмаслигимиз керак. Уларнинг хайрли ишларини дўстларимизнинг бугунги авлоди давом эттиряптими? Мана шу саволга жавоб излаш қарзимиз…
Жамиятнинг энг муҳим алоқа қуроли тилдир. Тил инсоният ўз тарихи давомида яратган энг буюк кашфиёти, маънавий бойлиги, ўлмас санъатидир.
Биз дунёга келар эканмиз, тил бизни алла бўлиб тарбиялайди, қўшиқ бўлиб қалбимизга оқиб киради. Барча ҳалимлик, зарифлик, майинлик, энг нодир ва инжа фазилатлар она тилимизнинг турли товланишларидан… Инсон хирмон бошида қўшиқ айтиб, буғдой шопиради. Куй билан шамолларга эланади. Қўшиқлар айтиб, сигирини ийдиради:
Эсли молим, оқилим, турей-турей,
Елкамдаги кокилим, турей-турей,
Шунча молнинг ичида, турей-турей
Боғда очилган гулим, турей-турей.
Сумалик қайнаётган қозон бошида чечан момолар тонготар эртак айтиб чиқадилар. Қамишларни сайратган, тутдан дутор ясаб, уни йиғлатган, табиатдаги не гўзал жонвор борки, инсон сулувлигига қиёс қилиб олган оталар, оналарнинг мушфиқ тили, сен нега ғариб бўляпсан, дегим келади…
Имжиқ боласини ухлатиш учун баъзи оналар бугун икки байт аллани куйлаб айтолмайдилар… Боласини койиган она: «Ҳа, бой бўлгур!», «Куёв бўлгур» ёки «Омборингга буғдой тўлгур!», дегувчи эди. Ҳозир эса: «Ҳу, герой», «Ҳой, хулиган», деб тергайди.
Узлуксиз ўзга тилда муомала, мурожаат худди ниҳолни пайвандлаганда бузилган навлардек, она тили тароватини йўқотмоқда. Буюк оилада ҳамма тил, унда неча минг аҳоли сўзлашади, бундан қатъи назар баравар ҳуқуққа эга бўлиши даркор.
Битта тил учун жаҳон маданиятининг барча қитъалари дарвозаси очиқ бўлса-ю, иккинчи бир тил ўз қалъаси даворидан нарига чиқолмаса, у ривожланмайди, таназзулга юз тутади.
Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида миллий мактабларга катта эътибор берилди. 30-йилларда эса уларнинг имкониятлари чеклана бошланди. 1938 йилда миллий республика ва областларда рус тилини ўқитиш мажбурийлиги ҳақида қарор чиқарилди. Миллий тилда ўқитиладиган мактабларни рус тилига ўтказиш урушдан кейин авж олди.
1943-1944 йиллари Она юртларидан кўчирилган болқор, қорача, ингуш, чечен, қалмиқ, қрим-татар, волгабўйи немислари учун ўз тилларида ўқитадиган мактаблар қайта ташкил этилмади.
Шимолий Кавказ халқлари — осетинлар, адигей, кабардинлар, черкеслар ўз тилларида билим оладигаи мактаблари йўқ. Сибирнинг майда халқлари — манси, ханти, эвенк, эвен, эскимос, чукча, коряклар қисмати ҳам шундай. Мордвинлар эса тилларини йўқотдилар.
Ўтган ёзда Беруний номидаги Тошкент Политехника институти радиоэлектроника ва автоматика факультетида диплом ҳимоясида қатнашдим. Барча ҳимоялар рус тилида ўтди, диплом ишлари рус тилида ёэилган. Талабалар ҳам, муаллимлар ҳам ўзбек. Бир талаба ҳатто инглиз тилида ҳимоя қилди. Мен ўзбек қизларининг рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам бурро гапиришидан ўзимда йўқ суюндим…
Ўзбек тилидаги ўқув масканида ўзбекча диплом иши ёэилмаётганидан куюндим. Биз миясига «компьютерлар жойлашган» робот-одамларни эмас, ўз тупроғининг тилига тушунадиган, мураккаб деталларнинг ўзбекча атамаларини биладиган муҳандисларни етказиб беришимиз керак бу Ватанга! Бу институтларда ўзбек тили, адабиёти соатлари гадога садақа бергандек миннатли даражада оз! Ваҳоланки, мен бу институт эалларида ўтган «Баҳор» аниқроғи, «Весна» ижодий конкурсларини мириқиб томоша қилганман. Бу талабалар даврасида Гулчеҳра, Олмос билан шеърхонлигу савол-жавоб учрашувидан кўнглим ўсган. Яқинда маданият ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда институт ректори А. Жалилов шоир ва ёзувчилар «студентларимизнинг фикрини чалғитяпти», деб маломат қилди. Маърифатли олимнинг тилидан чиққан бу сўзлар менга малол келди. Бугунги ёшлар ўз юрти, ўз қадри ҳақида ўйлаб кўрадиган, тарозининг палласига билим посангисини қўядиган ориф авлод. Кечаги куннинг тарозиси уларга тўғри келмайди.
Улар бугунги «алгоритм» термини улуғ боболари Ал-Хоразмий шарифидан келиб чиққанини яхши биладилар. Аниқ фанларда ўз аболарининг бемисл кашфиётлар қилганини ҳам биладилар, билмаганлари эса билишга қизиқмоқдалар. Заррабин, устурлоб, паргор каби тиббий, жуғрофий ва ҳандасавий атамаларни ўз тилларида яратган алломаю ҳакиму муҳандисларни биладилар.
Кўқон хони ҳашаматли саройида ёғочдан ишланган улкан қуббадор шифтли хонани кўриб, ҳар қандай қомусий илм соҳиби ҳайрон қолади. Битта мих ишлатилмасдан тикланган маҳобатли мунаққаш хонани яратиш учун нечоғлик илму амалу машаққат керак. Кўкўпар ҳавозаларсиз, кўтарма кранларсиз қурилган масжиду мадрасалар, осори-атиқаларни яратган меҳнаткаш халқни ғирт саводсизга чиқариб қўйган казолар азбаройи инсоф билан гапирсалар бўлар эди. Эскидан қолган бу сийқа тамғалар ёш авлодда, айниқса, қардошларимиз болаларида камситиш учун етарли сабаб эмасми?
Яқинда Молдавияда яшаб, ижод этаётган таниқли рус адиби қайси сабабларга кўра молдаван тили давлат тили бўлиши кераклигини асослаб, ҳақиқий гражданлик позициясини билдирди. Тупроғимизда ўсиб-униб, обрў топган, нону туз тотган дўстларимиз эса бир оғиз сўз айтишга журъат топмаяптилар. Ўзбекистон ССР халқ Ёзувчиси А. Удалов, О. Сидельниковнинг фикрини кутяпти жамоатчилик.
Қолаверса, халқнинг яхши-ёмон кунларида бирга бўлган, элу юртни ўз оғзига қаратган қаҳрамонларимиз Комил Яшин, Уйғун, Зулфияга жамоатчилик умид кўзини тикмоқда.
Ҳар бир халқнинг худди улкан дарахтдай ўқ илдизлари бўлади. Бу, биринчи навбатда, унинг тилидир. Ана шу ўқ илдизи орқали дарахт ҳаёт ширасини эмади, танаси тириклик сувини ичади, мевалар тугади. Ҳосил, соя-салқин беради. Довул-бўронлардан, гармсел ва тўфондан, қор-ёмғирдан, чақмоқдан ўлмай ўтади. Илдизига қурт тушган дарахт эса чирийди.
Ўзбек тили дарахтининг ўқ илдизи «Девони луғатут-турк»дан Яссавий ҳикматларигача, Югнакий одобномасидан Юсуф Хос Ҳожиб ўгитларигача, Навоий ғазалларидан Машрабнинг оҳигача, Нодира фиғонидаи Нозимахоним алёригача, Лутфийнинг муҳаббатномасидан Завқий ҳажвларигача сўзнинг ипаклари билан туташгандир.
Тошкент кўча ва гузарларининг номларига кўз югуртирсангиз, ер шаридаги барча шаҳарлару раҳравларнинг номлари битилган харита дерсиз! Батумская, Казанская, Ялта, Привокзалная, Складская, Механическая, Ремесленная, Садовая, Парашютная, Танкистов, 1-Цветочная, 2-Цветочная…
Бу мустабид Чор ҳукумати муҳрининг оқовалари эмасми? Бу дидсизликни, нокерак такрорларни биз тузатмасак, ким тузатади? Бу кўча, гузар ва раҳравларни А. Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат, Торобий, Мангуберди, Широқ, Худойберди шоир номлари билан атасак, тарихнинг ҳурматини ўринлаган бўламиз-ку!
70-йилларнинг бошида Каромат Рустамованинг колхозида бўлгандим.Янги йўл туширилмаган, битта-иккитагина уй қад кўтарган кўча бошида қинғир-қийшиқ «Лолазор» деб ёзиб қўйилганига кўзим тушганди. Бу қайсидир топқир болакайнинг ижоди эди… Ҳар қалай, кўчаларнинг номи ҳам халқ ҳаётига, иқлимига, орзуларига яқин бўлса, эш бўлса… Кўчалардан райҳон ва лолазор эпкини келиб турса…
Инсон маза топган булоғидан қайта-қайта сув ичишга келади. Биз Распутиннинг «Ёнғин»и, Н. Думбадзенинг «Абадият қонуни»ни, Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат»и, А. Рибаковнинг «Арбат болалари», А. Приставкиннинг «Олтин булутлар»ини умумий маънавий хазинамиз, бебаҳо мулкимиз деб биламиз.
Боқча боласидан сўрасангиз, «Кенжа ботир»ни эмас, Пушкиннинг «Олтин хўроз»инию «Бўғирсоқ»ни шариллатиб айтиб беради. Ғиротни билмайди, Карлсонни билади, Виннипухни билади…
Ўзбек боласининг тили «Қўғирчоғим Наташа» деб чиқяпти. Қишлоққа борсам, жиянларим сўрашади: «Нега мультфильмлар ўзбекча гапирмайди?»
Иқрор бўлиш керак, ўзбек мактабларида тил ва адабиётни ўқитиш қанчалар ночор! Боқчаларда эса болалар ўз тилларида деярли шеър, топишмоқ билмайдилар. Уларга ўзбек болалар ўйин-қўшиқлари, топишмоқлар, айтишувлар, меҳнат, маросим, фасл қўшиқларини ўрганиш — болалик дамларининг энг ёрқин, гўзал лаҳзаларини бахш этади.
Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайх оға каби сўз заргарлари тожик, қозоқ, қирғиз, татар, озарбойжон, туркман шоирлари билан таржимонсиз сўзлашганлар. Қариндош тиллар учун ҳам бугун биз луғат излашга тушамиз… Йироқлашиб кетяпмиз ўзакдош тилларимиздан. Бу оғир йўқотиш. Кошкийди ўзбекча-русча, ўзбекча-тожикча, ўзбекча-қозоқча ва ҳоказо қисқача сўзлашув луғатлари тузилиб, минглаб нусхада чол этилса… Китоб магазинларида «СССР халқлари адабиёти» токчалари тожикча, қозоқча, қирғизча, туркманча китоблар нусхалари билан ҳам тўлиб турса…
Бунинг учун чинакам дўстлик фидойилари, ҳақиқий байналмилал зиёлилар керак. Ўз халқини, ўз онасини, ўз тилини севмаган, қадрламаган одам бошқа халқнинг ҳам қадрига етмайди. Ҳар бир халқнинг ўз байрамлари, сайллари, бетакрор удумлари, ўз тили, тўю томошалари, турмуш тарзи — маънавий дарёлари бўлиши табиий. Гоҳ унинг бешигига, гоҳ боласига таққан кўзмунчоғи, кўзтуморига, гоҳ эса бош қўйиб сиғинадиган меҳробига эскилик сарқити деб маломат тошларини отиш халқнинг ғурурига тегишдир… Сочларини майда ўриб, каштали кўйлакда дорилфунун партасида ўтирган тожик қизи ҳам, тўпиғига тушадиган узун кўйлакда, бошига шол рўмол ўраб Олий Совет сессия ҳайъатида ўтирган туркман аёли ҳам ўз кўнглининг подшоси. Бешикда улғайган Навоий ёки Беруний чиллашир бўлган эмас… Бешик, халқ ўз қўшиғида куйлаганидек, инсоннинг биринчи тилло қалъаси… Она тилимиз эса бешик тилимиздир. Минг йиллаб ўлмай, кўкариб, дунёни оғизга қаратиб келган халқ қадимда ҳам ўз туғига эга бўлганидек, бугун ҳам давлат тилига эга бўлиши керак. Бу халқнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишдан бошқа хайрли қадам эмас… Ўз қадрини билган дўстларимиз эса бу қадамни қутласалар, ўзларини англаган бўлурдилар.
СССР Ёзувчиларининг VII съездида Фёдор Абрамов: «Мен монументаль ҳайкалтарошлик намуналарида миллий қиёфаларни кўргим келади: Она Россия, она Украина, она Қозоғистон, она Ўзбекистон ўзига ўхшаса… Қошу кўзлари билан, ғамгин қиёфаси билан, оддий инсоний либослари билан уларни бир-биридан фарқлаб олсанг, бир қарашда танисанг: ҳа, мана бу — она Россия-ку! Она Украина-ку! — десанг…» деганди.
Бу — ҳикмат. Ҳикмат дарахти илдизи эса маърифатли дилларда ўсади… Маънавий қурғоқчилик, миллий зиқналик, руҳий ёнғинлар бу буюк ҳикмат дарахтини қуритади… Ҳикмат чекинган ерда жаҳолат илдиз отади…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 3 март