Одил Ёқубов. Диёнатни дилга жо айлаб (1990)

Илм-фан саёзлашиб, ўрнини оддий ахборотларга бўшатиб берган, фикр қолипга тушиб қолган бир даврда каттаю кичик минбарлардан худди қасам ичгандай мамлакатимизда миллатлар ва элатлар гуллаб-яшнаётгани, яқин келажакда барча элу элатлар бир-бирларига буткул сингишиб кетиши ҳақида ирод қилинган «оташин» нутқлар мавжуд ҳаётни ёлғон яшиқдан иборат тасаввурга кўмиб ташлаган эди. Ниҳоят, вулқон каби портлаган ҳодисалар қоғоз гулга ўхшаш ясама шиорларни тилкалаб итқитди ва… биз бугун нималарга шоҳид бўлиб турибмиз? Гапнинг очиғи — жуда кам нарсага…

Кўриш, кузатиш — тасаввур уйғотади, ҳозир кўрган-билганингни умумлаштирадиган ва оқилона хулосалар чиқарадиган пайт. Келинг, бир назар ташлайлик, борки воқеликка бўлмаса-да, имкон даражасида, масалан, Ўзбекистоннинг маданий ҳаёти билан боғлиқ муаммоларга назар ташлайлик, мубоҳаса қилайлик. Ҳамсуҳбатимиз — Одил Ёқубов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, жумҳурият Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби, СССР халқ депутати.

Одил Ёқубов: — Мен, аксинча, жумҳуриятимиз маданий ва адабий иқлимида кечаётган жараённи иттифоқникидан ажратмаган ҳолда кўздан кечириш лозим деб биламан. Яқин-яқинларгача бизнинг собиқ маъмурий раҳбарлар «рус адабиётидан ўқиб, ўрганинг», дея тўғри кўрсатма беришар эди-ю, амалда етук рус адибларига хос анъаналар — гражданлик шижоати, энг оғир дамда ҳам ҳақиқатдан чекинмаслик талабларига қарши чиқишар эди. Шундай бир шароитда миллий ўзига хослик шиори ўртага ташланарди: хўш, нима бўпти, Москвада А. Солженицин, В. Гроссман, Ю. Домбровский асарлари чоп этилаётган бўлса! Йўқ, бизнинг адабиётда ўзимизга хос муносабат бўлиши керак! Миллий ўзига хосликни бундай тушуниш (афсуски, бу, менинг билишимча, факат Ўзбекистонгагина хос эмас) ўткир, ҳакқоний асарларнинг йўлига тўғон қўйди, сийқа ва саёз, бўяб‑бежалган, «Советлар юртида ҳамма бахтиёр!» қабилидаги баландпарвоз асарларнинг урчиб кетишига ва «Москвадан то узоқ жойларга» қадар оммавий тарқалишига имкон туғдирди. Ниҳоят, мана, энди катта қийинчилик билан олдинга силжияпмиз, ёлғон-яшиқни, кўзбўямачиликни буткул, таг-томири билан бўлмаса-да, кўлдан келганча бартараф этишга уриняпмиз, ҳа, бизнинг чашмалардан ҳам зилол сувлар оқа бошлади. Жумҳуриятимиз адабиёт газетасининг муштарийлари ҳозир етти юз минг атрофида. Бирор-бир қардош ўлкада бу хил газета ҳали бу миқёсга кўтарилгани йўқ. «Ёшлик» журнали ижтимоий, тарихий муаммоларга доир ғоят ўткир мақолалар эълон қилаётир. Журнал уч юз йигирма минг нусхада тарқалади. Шунинг ўзиёқ, ниҳоят, кишилар дардини айта бошлаган адабиётга халқ эътибори ўса бошлаганлигини яққол кўрсатади.

Мухбир: — Энг аввал, рус адабиётида бўлгани каби дардли муаммолар ҳақида публицистика гап очган, шундайми?

Одил Ёқубов: — Ҳа, халқимиз орасида публицистикага эътибор жуда баланд. Айниқса, экологияга бағишланган мақолалар қўлдан қўймай ўқилади. Шу ўринда мен Оролни муҳофаза қилиш қўмитаси айнан бизнинг Ёзувчилар уюшмасида ташкил топганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтишни истардим. Қорақалпоқ ёзувчилари Тўлапберган Қаипбергенов, Ўразбой Абдураҳмонов, шунингдек, Пирмат Шермуҳамедов, Дадахон Нурий, Эркин Аъзамов, Мурод Абдуллаев, Шукур Холмирзаев чиқишлари журъат билан айтилган дадил фикр-мулоҳазаларга бойлиги, — гарчи ҳукм-хулосалари ғоят аччиқ ва ташвишли туюлса-да, — фожиий тангликни теран таҳлил этиши билан Ю. Черниченко, М. Васильев, А. Стрельяний мақолаларини ёдга солади. Публицистларимизнинг астойдил саъйи ҳаракатлари натижаси ўлароқ Орол муаммоси, болалар ва аёлларнинг пахта далаларидаги сермашаққат меҳнати, еримизнинг турли кимёвий дорилар билан заҳарлангани каби мушкул муаммолар кенг кўламда, ошкора муҳокама қилинаётир, уларнинг ҳал этилиши эзгулик томон ўзгаришига ҳам шундай чикишлар муайян даражада кўмаклашади, деб ўйлайман.

Шу билан бирга одамлар берилиб ўқиётган, чойхона ва санаторияларда кўпчилик қизғин муҳокама қилаётган наср ҳам пайдо бўлди (ўқувчилардан келаётган хатлар шундан далолат беради). Яқин йилларда китобхонларнинг бундай баҳс-мулоқотлари бўлганини эслай олмайман. Албатта, бундай жонли мулоқот уйғотган асарлар ҳали саноқли, кўплашиб адабий мулоқотларга киришишлар ҳам хали хусусий ҳодисадир. Бироқ ёзувчи сўзи халқда ишонч уйғота бошлаганининг ўзи катта бахт. Бунинг устига жуда кўплаб китобхонлар асар қаҳрамонларини худди ҳаётда бор бўлган одамлар каби қабул қилади. Бу адабиётни юзаки тушуниш оқибатими? Йўқ! Ахир, ҳатто Твардовский тан олиб, мен учун Тёркиннинг кейинги тақдири қандай кечганини сўраб кўнгилчанлик билан ёзилган хатлар достонни ғоят теран таҳлил қилиб берган илмий ишлардан кўра азиз ва қимматли, деган,эди-ку!

Мухбир: — Қайси асарлар китобхонларда қизғин муносабат уйғотаётир?

Одил Ёқубов: — Назаримда, булар халқнинг дардини ҳаққоний тасвирлаган, унинг бугунги кунини рўйрост кўрсатган асарлардир. Темур Пўлатов, Шароф Бошбеков, Ўткир Ҳошимов, Саид Аҳмад, Олег Сидельников асарлари шулар сирасига киради. Нурали Қобул, Ғаффор Ҳотамов, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўстнинг қиссалари зўравонлик қурбони бўлган фожиали тақдирлар, барча кўргиликларга бардош бериб, ўзларидаги қатъият ва сабр-тоқатни, меҳр-шафқатни, мардоналикни йўқотмаган кишилар ҳақида ҳикоя қилади. Бугунги кунда халқимиз бошига тушган, қишлоқларимиз ўнлаб йиллар мобайнида кечирган мудҳиш фожиалар — кишиларнинг кадр-қимматини, инсонийликни тупроққа қориган бахтсизликлар ҳар томонлама англаб олинмоқда.

Мухбир: — Сизнингча, адабиёт ўз мавқеини публицистикага бериб қўймаяптими?

Одил Ёқубов: — Қайсидир маънода шундай бўлаётир, бироқ эътиборга молик жиҳат шундаки, адабиётимизнинг энг яхши намуналарида борлиқни буткул инкор этиш, тушкунликка берилиш асоратлари йўқ. Фожиали тақдирни умид нури билан ёритиш, инсоннинг, миллатнинг ижодий имкониятларга, олам гўзаллигининг битмас-туганмас имкониятларига ишончни йўқотмаслик — бадиий ижоднинг асл поэтик жозибаларидир. Шеъриятда ҳам худди шу фазилатлар устивор. Нур билан соянинг тўқнашуви шеърий сатрларга шундай уйғунлик ва қудрат бағишлаётирки, бу ҳақиқий ҳаётни ва даврни юракдан ҳис этишга даъват этади. Бу жабҳада ҳам, менинг назаримда, ҳозирги пайтда фаол шоирлар: Шукрулло, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи, Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Мирза Кенжабоев, Хуршид Даврон 20—30-йилларнинг ёниқ авлоди вакиллари (минг афсуски, биз уларнинг меросларидан ўнлаб йиллар мобайнида ажралиб қолганмиз) Абдулла Қодирий, Ўсмон Носир, Чўлпон, Фитрат анъаналарини давом эттиришмоқда. Бугунги кунда халққа кайтаётган — қатағонга учраган адабиёт, миллатнинг замонавий маданияти билан илдизи узоқ асрларга кетган анъаналар ўртасида кўприк бўлиши мумкин (айни ўша қатағон йиллари арафасида қадим Шарқ адабиёти дарахтига Европа реалистик романининг новдаси пайванд қилинган эди). Бу хайрли ишлар адабиёт таракқиётига қанчалик самара келтиришини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Албатта, уларнинг асарлари аввалги пайтларда ҳам ўқилган, бирок, тор доираларда, мана, ниҳоят яна китоблари нашр этила бошланди.

Тағин шуни ҳам мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бу хайрли ишларни амалга оширишда бизнинг Ёзувчилар уюшмамизда ташкил топган ва катағон қилинган адиблар ижодий меросини китобхонлар оммасига қайтариш билан шуғулланадиган «Адолат» комиссиясининг хизмати катта бўлди.

Мухбир: — Замонавий ўзбек адабиётининг тараққиёт кўлами ҳақида нима дейсиз?

Одил Ёқубов: — Бу, ҳар қалай, анча мураккаб савол. Айтиш жоизки, бадиий изланишларнинг ранг-баранглиги — бугунги адабий жараёнда энг умид уйғотадиган хусусиятдир. Бу — адабиёт… ҳақиқатан Адабиёт бўла бошлаганидан далолатдир. Аксинча, социалистик реализмга безанган мафкура эмас. Менинг нуқтаи назаримга кўра, Ёзувчилар уюшмасининг вазифаси санъат нишоналари кўринган ҳар бир ниҳолни асраб‑авайлаб парваришлаш, тағин ҳур фикр юритиш учун шундай муҳит яратишки, бу муҳитда янги ниҳоллар худди киши нафас олгандагидай эркин ўсиб-улғайсин.

Мухбир: — Сиз илдизи қадим асрларга кетган Шарқ анъаналарига ташланган кўприк ҳақида гапирдингиз. Шу анъаналардан қайсилари, сизнингча, бугунги кунда эътиборга молик?

Одил Ёқубов: — Биз, ўзимизни ҳақиқий ворислар деб билиб, бобокалонларимиз яратиб кетган улкан маънавий бойликни бугунги кунда янгидан тушуна бошладик. Дейлик, ҳам ўзбек, ҳам қозоқ, яъни туркий тилли, 12-асрнинг ўзига хос шоири Аҳмад Яссавий неча йиллар мобайнида мистик саналиб келинди. Унинг ижодини ўрганиш, юмшатиб айтадиган бўлсам, ҳар қалай, қалтис иш ҳисобланар эди. Шоирнинг шарафига қурилган Ўрта Осиёдаги энг гўзал мақбара 63 ёшидан сўнг (пайғамбаримиз шу ёшда вафот этган) тарки дунё қилиб узлатда яшаган ертўланинг яқинига қурилган, у шу қоронғу ертўлада кишини ажаблантирадиган нур билан йўғрилган панд-насиҳатлари — «Ҳикматлар»ни ёзганки, бу ҳикматлар теран инсонпарварлик руҳи билан суғорилгандир. Ғоят очиқ, самимий, оммабоп тилда ёзилган ҳикматлар кишини адолатга чакирибгина колмасдан кўнгилда яхшилик, мурувват ва гўзаллик туйғуларини алангалатади. Мана шу маънавий идеаллар ҳаётий қадриятлар инқирозга юз тутган бизнинг давримизда таянч бўлиб, кейинги ҳаракатларимиз учун маънавий мадад бўла олади.

Сиз Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонларини ўқиб кўринг. Уларнинг қаҳрамонлари — турли миллат вакиллари, бироқ уларни муҳаббат ришталари боғлаб туради, фарқланадиган жиҳатлари сезилмас даражада. Шоирнинг овози асрлар оша қабилалар ва халқларга инсониятнинг бирлиги ҳақида огоҳлантирувчи садодай жаранглаб келади. Шоир барча замонларда жафокашлик, севги ва садоқатнинг ўзгармас тушунчалар сифатида қолажагини баралла куйлаган. Аёлни, айниқса, у ҳайратланарли даражада тасвирлаган! Аёл образи улуғ шоир тасвирида нафақат нафосат, гўзаллик, шунингдек, ахлоқ ва одоб рамзи сифатида гавдаланади. Шуниси билан, анъана ва шакллар орасидаги фарққа қарамай, Европа рицарлари поэзиясини эсга солади. Ўрта Осиёда азалдан аёл зотига паст назар билан қараб келинган, деган гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Мен фақат шуни эслатиш билан кифояланмокчиман: Улуғбек мадрасасининг пештоқига Қуръондан кўчирилган парчада илмга фақат мусулмонлар эмас, уларнинг қиз-жувонлари ҳам интилмоғи лозим, деб ёзиб қўйилган эди. Темурнинг улкан ҳокимияти қулагач, улуғвор маданиятнинг кўплаб юксак дурдоналари инкирозга юз тутгани, бу энди бошқа масала. Бироқ биз эришилган маданиятнинг юксалган даврини тараққиёти сусайган даврлардан фарқлай билишимиз, маданиятнинг ўлмас қояларини кўра олишимиз лозим.

Мухбир: — Ўзбек адабиёти қадим-қадимдан тожик, араб ва бошқа Шарқ халқлари адабиётлари билан ўзаро яқин алоқада бўлган… Бугунги кунда Ўрта Осиё халқлари маданиятларининг бир-бирига кўрсатаётган таъсири ҳақида нима дейсиз?

Одил Ёқубов: — Афсус билан қайд қилиш лозимки, бугунги ўзаро таъсирлар, алоқалар номигагина. Таржима борасида айрим ишлар қилиб турилибди. Мен шу масалага батафсилроқ тўхтаб ўтсам. Ёзувчилар уюшмаси Таржима маркази ташкил этди, бу марказ чет эл ёзувчилари, қардош жумҳуриятлардаги ижодкорлар, шунингдек, москваликлар билан ҳам алоқа ўрнатади. Ўйлайманки, энди ишлар, ҳар қалай, юришиб кетади. Бироқ шуни таъкидлашим жоизки, Марказ эндигина ташкил топди. Бугунги кунда ҳар қандай асарнинг умумиттифоқ миқёсида эътибор қозониши, чет эллик ноширлар назарига тушиши рус тилига қилинган таржиманинг сифатига боғлиқ. Афсуски, бу масалада ҳали мақтаниб гапиришимизга анча вақт бор. Очиғини айтадиган бўлсам, бизнинг асарлар таржимасидаги ютуқлар кўпроқ К. Симонов, В. Солоухин, В. Тендряков, В. Дудинцев, С. Липкин, Державин каби машҳур адибларнинг меҳнати билан боғлиқ… Бироқ бугунги кунга келиб, етук рус ёзувчилари ўз ижодий ишлари билан банд. Бу зарур иш, албатта. Бироқ биз таржима бобида дуч келаётган одамлар ўз она тилларида эркин гапиришни эплай олмайдилар, асл нусха тилини билиши ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас. Чет эл тилларига ўз таржимонини тополмаётган асарлар қаторида мен Пиримқул Қодировнинг Бобур ҳақидаги романини, Эркин Воҳидовнинг «Руҳлар исёни» достонини, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Усмон Азимов, Азим Суюн, Муҳаммад Али, Барот Бойқобиловнинг тарихий мавзудаги асарларини, Мамадали Маҳмудовнинг «Боғдон қашқири», Хайриддин Султоновнинг «Саодат соҳили» қиссаларини, Олим Отахонов ҳикоялари, оқсоқолларимиздан Мирмуҳсиннинг инсоният тарихидаги энг улуғ архитекторлардан бирининг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя килувчи «Меъмор» романини айтишни истардим.

Ажабланарли томони шундаки, биз ўз қўшниларимиз — қардошлар яратаётган асарлар билан танишиш учун унинг рус тилида чиқишини кутиб ўтирамиз. Ҳам кулгинг қистайди, ҳам алам қилади: нафақат ерларни бўлиб, чегаралаб олдик, энди бобокалонларимизни ҳам «сеники-меники»га ажрата бошладик. Бундан баттарини, менингча, ўйлаб топиб бўлмаса керак. Бизнинг маданиятимиз ғоят уйғун, бири-бирига сингишиб кетган эдики, буни бугунги шароитда ҳатто тасаввур қилишимиз ғоят мушкул. Мана шундай уйғунлик Шарқ маданиятининг юксак парвозини таъмин этган. Ҳамма—тожиклар ҳам, ўзбеклар ҳам Ҳофизни ёддан билар, Хайёмни кўлдан қўймас, ўзбек мадрасаларида Навоий, Фузулий, Низомий бирдек ўқитилар-ўргатилар эди. Ибн Синонинг «Қонун»лари хаттотлар томонидан қайта-кайта кўчирилиб, бутун Осиё, Ҳиндистон, Араб Шарқи, Эронга минглаб нусхаларда тарқалиб кетган. Бизнинг боболаримиз (факат қомусчилар эмас) араб, форс, туркий тилларни билган ва бу табиий ҳол деб қаралган. Алишер Навоий туркийда, шунингдек, ўзи ғоят мукаммал билган форсийда ҳам ёзган. Беруний ҳинд, араб тилларини худди туркийни билгандек билган. Математика отаси хоразмлик ал-Хоразмий Араб Шарқига кетиб, алгебранинг (дарвоқе, бу фаннинг аталиши унинг номидан олинган) асосини яратган, табиийки, арабчани мукаммал билган. Энди эса биз зўр бериб у ёки бу олим ё шоир қаерда туғилгану қайси жойда вафот этгани устида тортишамиз. Бундай тортишувларнинг мантиқсизлигини исботлаб ўтиришнинг ҳожати бормикан? Боз устига бугун миллатларнинг шаклланиш жараёни асрлар мобайнида кечганлигини ҳам эътибордан соқит қилишади. Биз юксак маданият соҳиблари бўлган улуғ аждодларимиздан ўрнак олмоғимиз керак: кўп тилларни билишимиз, фақат ўз адабиётимизни теран тушунишимиз кифоя қилмайди, маданият проблемаларига кенг кўламда ёндашишни йўлга қўйишимиз керак. Бобокалонларимизда ўзининг маданияти қобиғида қолишга уриниш бўлмаган! Мана, кимлардан биз ўрганмоғимиз керак. Аксинча, майда туйғуларга берилиб кетишлар ақлни чархламайди, балки уни жиловлаб қўяди.

Мухбир: — Кейинги пайтларда миллий маданият, миллий тарихга қизиқишнинг ғоятда кучайганини Сиз қандай изоҳлайсиз? Биз ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турган миллий низоларнинг сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

Одил Ёқубов: — Фикримча, бу йўл қўйилган сиёсий хатоликларнинг оқибатидир. Биз мумкин бўлмаган нарсаларни зўрлик билан амалга ошириш учун беҳуда уриндик, чамамда. Миллий маданиятларни равнақ топтириш ҳақида оғиз кўпиртирилиб, амалда миллий урф-одат, тил, аждодлар маданияти ва меросига ҳурматни миллатчилик дея ҳисобланди. Хатто шу даражада кулгили ҳолга тушилдики, бизнинг ўлкамиздаги энг гўзал масканлар — Бўстонлиқ (баъзан бу жойни ўзбек Швейцарияси ҳам дейишади) ва Зоминни иттифоқ министрлигининг саноат корхоналарини қуришдан ҳимоя килиб чиққан ёзувчиларимизни миллатчиларга чиқардилар. Гўё бу ердаги санаторияларда, дам олиш уйларида фақат ўзбеклар дам оладигандек… Ахир, қачонгача бу «миллатчи» деган сўзни худди ур тўқмоқдай ўнгу сўлга айлантириб уравериш мумкин?! Нахотки, биз ҳануз калтак одамларнинг бошини қўшадиган, бирлаштирадиган восита эмаслигини тушуниб етмаган бўлсак, ахир бундай ҳаракат туфайли одамларнинг ихлосини қайтарамиз, холос… Ҳозирги шароитда бир-биримизнинг юзимизга камчи тортишдек бесамара уринишдан воз кечиб, бир-биримизнинг гапимизни, дарду аламимизни сабр-тоқат билан эшитишга одатланишимиз керак. Биз Миллий муносабатлар комиссияда Молдавиянинг иш ташлаш комитети вакиллари ва бу жумҳурият раҳбарларининг сўзини эшитдик. Бутун мунозараю тортишувларга молдаван тилига давлат тили мавқеининг берилиши ва лотин алифбосига ўтилгани сабаб бўлган экан. Ҳар қалай, тилга давлат тили мавқеи берилгани учун норозилик туғилганини тушунса бўлади, чунки айримларга қийинчилик туғилиши мумкин. Бирок лотин алифбосига қарши чиқишганларини қандай тушуниш мумкин? Бу кимга халакит беради?! Модомики сиз тубжой аҳолининг тилини билмас экансиз, бошка алифбога ўтилганининг сиз учун нима фарки бор? Назаримда, бунга ўхшаш иш ташлашлар йўли билан куч ишлатиш орқали юзага келтирилган конфликтлар янгиланишларга тайёр эмаслик, бирёқлама, саёз фикр юритиш оқибати, масалага одатдагидай тўпори ёндошиш натижаси; ахир, партия жумҳуриятлар ҳақ-ҳуқукларини кенгайтириш, уларга ўз миллий тилли статусини, миллий маданиятини тараққий эттириш имкониятларини очиб бериш йўлидан бораётир-ку! Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик, тушунайлик — биз учун ягона йўл шу. Бошқача йўлга — ажримга, қонли тўқнашувларга олиб борадиган боши берк кўчага кирмаслик керак. Акс ҳолда ҳар бир миллий маданият аросатда қолади, бизнинг ҳар биримизнинг ўзига хослигимиз ёввойи қабилаларнинг ўзига хослигига айланиб кетади.

Мухбир: — Маънавият — инқироздан чиқишнинг ягона омили, дейсизми?

Одил Ёқубов: — Албатта, ҳаёт кўзга илғанмайдиган фожиали сабаб-оқибатлар туфайли одамларни бир‑бирига қайраб солаётган бўлса-да… Турмушнинг хароблиги, 70 йилга чўзилган навбат кутишлар, яхлит-яхлит халқларнинг киндик қони томган жондан азиз она юртларидан жудо этилганлиги, рус деҳқонининг мушкул аҳволда қолиши — булар барчаси одамларнинг қонини қайнатмаслиги ҳеч мумкин эмас. Фарғонада юз берган воқеанинг ҳақиқатан ҳам даҳшат эканлигини инкор этиш мумкинми? Бу воқеаларга деярли бир хил: босқинчилик, жиноятчилик, дея баҳо берилди. Бироқ, унинг замирига назар ташлар экансиз, беихтиёр шу ўйлар хаёлингиздан кечади: нега ахир уруш даврида жумҳуриятимиз минглаб ярадор, бошпанасиз қолган одамларга бағридан жой берди, қанча етимларнинг бошини силади, уларга ҳамдард бўлди-ю, бугунги кунга келиб миллий низоаланга олиб кетди? Қозоғистон КП МҚнинг биринчи котиби Н. Назарбоев нутқларидан бирида унинг жумҳурияти улкан ГУЛАГга айлантирилганлигини айтди. Ахир, Ўзбекистон ҳақида ҳам шу фикрни айтиш ўринли бўлмайдими? Кўлами унча йирик бўлмаган бу юртга уч юз минг корейц, ярим миллион қримтатар, юз минг месхети турклари, ўн минглаб немис, чечен, кабардин, ингуш кўчириб келтирилган эди. Айбсиз айбдор бу халкларнинг тақдири чиндан ҳам фожиали кечди. Бундай оммавий кўчиришлар ўзбек халқига етказган зиён ҳақида, хўш, ким ўйлайди? Ким жавоб беради? Ҳозир Фарғонада минглаб маҳаллий миллат вакили ишсиз, уларнинг аксарияти ёшлардир. Агар биз ижтимоий адолат ҳақида вақтида ўйлаганимизда эди, бугунги кунга келиб миллий муносабатлар, эҳтимол, бу қадар мураккаблашиб кетмасмиди?!. Ҳа, жуда бўлмаганда бугунги аҳвол даражасида кескинлашмасди.

Мухбир: — Тилларга, жумладан, ўзбек тилига ҳам давлат тили мақоми берилиши билан миллий тиллар тараққиёти яхши йўлга солинади, деб умид қилинмоқда. Бироқ, давлат мақоми билан мустаҳкамланган тилнинг, аввало, маъмурий-ташкилий томони мустаҳкамланади, йўл-йўлакай тил мафкура эҳтиёжларига мослашади. Бундай стилистик ўзгаришлар, албатта, тилни бойитади, бироқ тилнинг тўлақонли ҳаёти кенг кўламли ҳодисадир. Шахсан Сиз она тилингиз тараққиётининг истиқболи ҳақида қандай тасаввурдасиз?

Одил Ёқубов: — Юз йиллар мобайнида туркий тиллар тараққиётига арабий, форсий тиллар муайян таъсир кўрсатиб келган. Ўзбек тили ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Шунинг учун ҳам бу тиллардан бизнинг тилимизга кўпдан-кўп сўзлар сингиб, ўзлашган. 30-йилларда ўзбек тилининг тозалиги учун кураш шиори остида минглаб сўзлар, илмий атама-терминлар эскирганга чиқарилди. Мадомики, шу тадбир тўғри деб топилган экан, арабча «мактаб», «қалам» каби сўзларни ҳам эскирганга чиқариш лозим эди-да… Худога шукрким, жиллақурса, шу сўзларни қўлланилишига шубҳа билдирилмади. Ҳар ҳолда, номаъқул бу чора-тадбирлар худди гўзал гиламдан унинг ям-яшил ёки қизил ипларини ситиб олгандек тилни камбағаллаштирилмай, рангсизлантирмай қолмади. Бугунги кунга келиб, аста-секинлик билан тилимизнинг луғавий бойлиги янада тўйиниб бораётир.

Ўн йил мобайнида икки марта ўтказилган ислоҳ окибатида мавжуд ёзув анъаналаридан тамомила ажралиб қолдик. Рус алифбосига шу қадар тез, шошмашошарлик билан илмий асосларга таянилмаган ҳолда ўтилдики, туркий тилларнинг бир хил фонемалари турли хил белгилар билан белгиланди. Фикримча, рус алифбосида қолган ҳолда, барча туркий тиллар учун уни бир хил шаклга келтириш хусусида ўйлаб кўриш лозим. Жиддий лингвистлардан ташкил топган комиссия, албатта, бу муаммони ҳал эта олади, деб ўйлайман. Бу тадбир халқларни бирлаштиришга омил бўлиб хизмат қилиши ҳақида гапириб ўтиришнинг ўзи ортиқча. Чунки бу халқлар маданиятининг ўк томирлари ягонадир.

Суҳбатдош: Ж. Васильева. (Суҳбатнинг асл матни.)

«Литературная газета», №: 5270

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 3сон