Нусратилла Рустамов, Муҳаммад Содиқ. Жароҳат (1989)

Табиатнинг гўзаллиги, кишиларнинг мардлиги-ю меҳри дарёлиги, меҳмондўстлиги-ю одамжонлиги билан оламни лол қолдирган Фарғонага нима бўлди? Кўплаб транспорт воситалари, биноларнинг ёндирилиши моддий зарар сифатида тикланиши мумкин. Лекин инсоннинг инсон томонидан жабрланишини унутиб бўлармикан?

Воқеа содир бўлган кунданоқ ахборот воситаларининг ёрдамида кўзга кўринган фан ва маданиятимиз арбобларидан тортиб оддий кишиларгача дилидаги гапларни тўкиб солишмоқда. Халқимизда ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, деган гап бор. Аммо айрим кишиларнинг бу воқеага муносабат билдириб, айтган баъзи фикрларига қўшилгимиз келмайди. Сабаб қаерда экан?

Ҳаёт буюк муаллим. Инсон ҳаётга аввало болалиги — боғча орқали кириб келади. Ўзи суюқ, гўштсиз макарон шўрва ичиб ўтирган бола тарбиячисининг тухум қовурдоқ ёки гўштқовурдоқ еб ўтирганини, ошпазнинг эрталаб бўш келиб, кечқурун тирсиллаб тўлиб кетган сумкасини кўрган бола дунёда гўзаллик борлигига ишонадими? Худди шу ерда ёвузлик, ўғирлик, яхшиликка ишончсизлик уруғи унмайдими?

Қандайдир йўллар билан диплом олиб тарбия машинасига ўтирган муаллим нима қилади? Ўша муҳаддас машинани тўғри йўл қолиб ўнқир-чўнқирлардан, яхши манзил қолиб мавҳум ботқоқлик сари етаклайди. Қандай қилиб? Ўқувчига ҳар томонлама намуна бўлиш, кетидан оммани эргаштириши керак бўлган шахс — ўқитувчи ўқувчилари олдида чекса, ичса, бепарда сўзларни ишлатса, ўқувчилари билан ёнма-ён колхоз бедасига ўғирликка кирса, беҳаёлик қилса, тўғрилик қолиб эгриликни қўлласа, энг зарури — дарсда китобдан ўқиб берса, унинг ўқувчилари нималар қилмайди?!

Оилада ота-оналаридан таълим олади дейсизми? Ўша ота-оналар ҳам кечаги ўқувчимиз-да. Тўғри, барчага ўрнак бўладиган ўқитувчилар, намунали оилалар бор. Афсуски, улар жуда озчиликни ташкил қилишади.

Тарбия машинасининг механизмлари жуда кўп. Оила, жамоатчилик, мактабдан ташқари кейинги йилларда милиция ходимлари ҳам тарбия ишига жалб қилинди. Бу яхшими? Мақсад жуда яхши. Аммо айрим ҳолларда уларнинг ишлари қоғоз тўлдириш-у, қош қўяман деб кўз чиқаришдан иборат бўлиб қоляпти. Болаларнинг меҳрини қозонадиган, уларнинг энг яқин кишилари қаторида бўлиб қоладиган милиция ходимлари болаларнинг тасаввурида терговчи, дўқ-пўписа қилувчи, қамоққа олиб кетувчи кишилар бўлиб қолмоқда. Хўш, уни ким шундай ҳолга олиб келди? Айримлари ўз билимсизликлари туфайли шунга эришган бўлса, айримларини онгсиз ота-оналар, уқувсиз педагоглар шундай тасаввурга олиб келмоқдалар.

Бола мактабни битирди. Болани ҳаёт «қучоқ очиб» карши олади. Аъло баҳолар билан мактабни битириб, олий ўқув юртига киролмай қайтган бола зўрға «3»га ўкиган партадошининг институтга кириб кетганидан куйиб эмас, ноҳакликдан куйиб йиғлайди. Синфдоши — пулдор қўшнининг ўғли дарров ишга жойлашади, у йиллаб турли ташкилотлар эшиги олдида сарсон-саргардон бўлиб ҳарбийга кетади. Раҳбар кўшнининг ўғли Тошкентда ёки Кавказда ҳарбий хизматини ўтайди.

Энди ҳаётнинг ўша «ширин» сабоқларини олиб улгайган бола ким бўлиб етишади? Ҳаётнинг гўзаллигига, дунёда эзгуликнинг борлигига ишонадими? Ишонтирамиз дейсизми? Қандай қилиб? Янгича анъаналар, тўю-тантаналар, мажлислар, баҳслар, телепрограммалар орқали дейсизми?

Ўзбекларнинг юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлган камтарона, дабдабаларсиз миллий урф-одатлари сийқаланиб боряпти, меҳмонхона-ю чойхоналари жозибасини йўқотган, янгича урф-одатлар деб ташкил этилган баъзи бир тантанали соатларимиз эскича деб аталган мотам маросимларидан ҳам зерикарли бўлиб чиқяпти. Кўп давраларда ўзбек йигитларини дўстликка, камтарлиг-у олижанобликка ундаган йиғинларимиз ўрнини қуруқ шовқинлар босиб кетяпти.

Кутубхоналар-у клублар фаолиятсиз. Қуруқ гаплардан қулоқлар қоматга келди. Насиҳатга тил очган урғунлик даврининг боғбонлари, ўз боғингиз мевасини танияпсизми? Хонадонларга ўт қўяётганлар, ўз дўстларига қасд қилаётганларни гиёҳвандлар, пиянисталар, экстримистлар дейсиз. Фарғонада иш кўраётган ички ишлар ходимлари орасидаги медицина экспертизаси бошлиғининг телевидение орқали айтган галларини эшитдингизми? Ҳалок бўлганлар, қўлга тушганларда ичиш, чекиш аломатларини топишолмабди. Ё биз нотўғри тушунибмизмикан? Улар ўша ўзимиз нотўғри тарбиялаган болалар-ку! Уларнинг жиноятларида ўзимизнинг қоғозда бошқа-ю ҳаётда бошқа кўргазмаларимиз, ишларимизнинг ҳиссаси йўқмикан? Ишонган арбобларимизнинг партияга, халққа хиёнати болаларимизни шу йўлга бошламадимикан? Порахўр, товламачи, саводсиз улуғларимизнинг фаровон ҳаёти-ю меҳнаткаш, билимдон, ҳалол кишиларнинг ғарибона турмуши ана шу ёвузликка гугурт чақмадимикан? Мунис оналаримизнинг ночор аҳволи ўз «ҳосил»ини бермадимикан?!

Тарбия ўчоғи ҳисобланган мактабни ремонт килиш учун керак бўлган арзимас пулимиз йўқ. Уни ўкитувчилар чўнтаги ҳисобига, ота-оналар чўнтаги ҳисобига ремонт қиламиз. Ҳудди шу мактаб ёнида юз минг сўмлаб сарфлаб видеобарлар, маъмурий бинолар қурамиз. Оддий халқ оддийгина қулайлиги — суви, бадрафхонаси бўлмаган икки қаватли уйларда оғир шароитларда яшайди, уни ҳам айримлар пора эвазига олади. Худди шу бино ёнида пулдор кимсалар барча қулайликларга эга бўлган данғиллама уйда яшайдилар.

Юртимизда ошкоралик, демократия, қайта қуриш деган хуш саболар эса бошланганига анча бўлди. Худди шу кунларда турғунлик йилларига ва унинг ёмон оқибатларига қарши турли йўллар билан кураш бошланди. Биз Қувасойда, Фарғонада, Қўқонда бўлмадик, тўполончилар билан мулоқот қилмадик. Ҳали у воқеаларнинг сабаблари очилар. Аммо бу нарсаларни экстремистлар, бангилар, гиёҳвандлар иши деб баҳолганларга шундай илтимосимиз бор. Баҳо беришга шошилманглар. Телестудиянинг салқин, газета ва журнал редакциясининг баланд биносидан туриб шошилиб баҳо берманглар. Воқеа содир бўлган жойларга келинглар, одамлар билан юзма-юз гаплашинглар, ҳақиқий айбдорни, воқеаларнинг ростини, шу ишларнинг илдизини очишга ёрдам беринглар!

Нусратилло Рустамов, СССР География жамиятининг ҳақиқий аъзоси

Муҳаммад Содиқ, СССР Журналистлар уюшмасининг аъзоси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 июнь