Отам пенсияга чиққан бўлсалар-да, колхозда бригадирлик қиладилар. (Бизда ўнбоши ҳам дейишади.) Бугунги кун муаммолари, ўтган-кетган гаплар теграсида ўзаро мусоҳаба қиламиз. Фикрларимни иложи борича юмшоқ, мулоҳазакор оҳангда уқтиришга тиришаман. Акс ҳолда отамни ранжитиб қўйишим мумкин. Халқлар доҳийси у кишининг фикру зикрига худодек ўрнашиб қолган шекилли, бундан ўн йиллар бурун: «Қани энди, Сталиндек яна биттаси пайдо бўлиб, бу бемазагарчиликларга барҳам берса», дердилар. Бироқ ўша пайтда эътироз билдиришга журъат этолмасдим. Ваҳоланки бобом Қобул Иброҳим ўғли 1938 йилда, Қозоғистон даштларида Сибирь сургунидан сўнгги ўн етти кунлик сувсизлик ва азоб-уқубатдан ҳалок бўлган. Отам эса бобомнинг ўлимига Сталинни айбдор деб билмайди. «Ўзимизмкилар падаримнинг бошини ейишди», дейдилар хурсиниб. Аммо бир кун келиб, мана шу ўзининг ўзагини қирқувчиларга ўша Иосиф Сталин оқ фотиҳа берганлигини, бобом сингари юз минглаб ноҳақ умри хазон бўлганларнинг олдинги сафида Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби ўзбек халқининг фарзандлари турганлигини англасалар керак деб уйлайман.
Қатағон йилларида партия ва Совет ҳукуматига бўлган садоқат «доҳий Сталин»га бўлган муносабат ва у хуш кўрмайдиган шахсларни бартараф этиш билан ўлчанган. (Бу олатасирда Сталинга чин дилдан меҳр қўйганларнинг ҳам боши кетаверган.) Одамлар ўз жонларини ўйлаб, ҳар қандай қабиҳ ишдан бош тортмаганлар. Улар бу билан социализмга, жаҳон инқилобига хизмат қилмоқдамиз деб ўйлаганлар. Эллигинчи, олтмишинчи ва етмишинчи йилларда эса демократияни оёқ ости қилганлар ҳам ўзларини шундай ҳис этган бўлсалар керак. Ҳар икки даврда ҳам фожиа (балиқ бошидан деганларидек) энг энг юқорининг нотўғри йўлдан юраётганлигидан, улар ҳеч қачон халққа тўғри йўлни кўрсата олмасликларини англаб етмасликлари ва етолмасликларидан келиб чиққан.
Ҳозир бор гап нисбатан очиқ-ойдин айтилаётган (биз буни энди ўрганяпмиз) кунда Сталин шахси хусусида ҳар хил фикрлар, баҳслар бўлмоқда. Мен «Салом, тоғлар» ва «Сангзор» қиссаларимда ўша йиллар фожиасини қурбим етганча ёзишга уринганман. Ўша — Сталин яккаҳокимлиги даврида соғлом фикрлайдиган кўпчилик кишилар, фозил ва комил одамлар у бошлиқ давлат машинаси амалга ошираётган қонли сиёсатнинг бор даҳшати ва охир-оқибатини чуқур ҳис этганлар. Ана шу соғлом фикрловчи одамлар Сталин ва сталинчилар қилаётган ишнинг асл моҳиятини билганлари, эрта бир кун ўзининг гўрига ғишт қалайдиганлар ҳам худди мана шулар бўлишини англагани учун «халқлар доҳийси» уларни йўқ қилишга киришган эди. Сталин вафотидан сўнг, Ф. Ф. Раскольников айтганидек, «кимнинг ҳақиқий халқ душмани эканлиги» очилди. Бироқ эллигинчи йилларнинг охири ва олтмишинчи йиллар бошидаги педант ва консерватор раҳбарларнинг ожизлиги ва ноқобиллиги туфайли (партия ва ҳукуматнинг обрўси тўкилишини баҳона қилишиб) бу иш охирига етказилмади. Сталин хусусидаги бор ҳақиқат халққа тўлалигича айтилмади. Ўша пайтда чала айтилган ҳақиқат эндиликда жиддий ва ҳал қилувчи изоҳни талаб этиб қолди. (Биз одатдагидек ноғорани доимо тўйдан кейин чаламиз.) Ёшлигимизда оталаримиз оғзидан: «Сталин бўлмаса биз Гитлерга қул бўлардик. Нега у ўлгандан кейин камчилигини айтишади? Мард бўлсанг тириклигида айт! Ҳақиқат йўқ ўзи!» — деган гапларни бот-бот эшитардик. Сталин бўлмаганида бу урушнинг ўзи бўлмаслиги, бу ҳарб тутуруқсиз ғоялар тўқнашуви эканлиги ҳақида ҳеч ким оғиз очмасди. Албатта бу ўринда халқни айблаб бўлмайди. Сабаби, у бизнинг ярим овозда айтилган ҳақиқатимизга мослашди. Биз узоқ йиллар мобайнида халққа фақат ўзимиз тузган рўйхат асосида таом бериб келдик. Шунинг учун ҳам кўпчиликнинг онгидан бу чала эътиқодни чиқариб ташлаш мушкул эди. Бир неча ўн ва юз йилликлардан сўнг ҳам Сталиннинг тарафдорлари бўлингани табиий ҳол деб қабул қилмоқ керак.
Кейинги йиллар воқеалари, Хрушчев, Брежнев, Черненко, Андропов, Устинов ва Сусловларнинг янада ҳайратланарли тақдирлари боис Сталин хусусида ўз вақтида айтилмаган ҳақиқат қайта бош кўтарди.
Л.И.Брежнев бошчилигида ўтказилган сиёсат пайтида Сталин шахсига сиғиниш даври ва унинг оқибатлари ҳақида фикр юритиш қийин эди. Аслида бу пайтда ҳам ўша сиёсат давом эттирилаётган бўлиб, фақат жонли қурбонлар кам эди. Бироқ у пайтдаги маънавий ўпирилишлар ўрнини қоплаш учун, билмадим яна қанча йиллар керак бўлади.
Биз эндиликда астойдил тан олмоқдамиз: ўтган ўн йилликлар мобайнида жамият ривожи сусайди. Одамлар учун давлат нархида тўрт кило гўшт топиш қаҳрамонликка айланди. (Колбаса ва пишлоқ ҳақида гапирмасаям бўлади.) Шу ўринда бир гап. Л.И.Брежневга бешинчи Олтин Юлдуз берилганлиги ҳақидаги Олий Совет қарори ўқилаётганда биз Олой бозорида гўшт учун навбатда турган эдик. Шунда бир рус кампири: «Ҳаҳ олган юлдузинг ёстиққа қадалсин», дея қарғанди. Ҳаммамиз қотиб қолдик. Ҳақиқат шундай аёвсиз бўлади.
Бундай олиб қараганда, биз, жаҳоннинг икки буюк давлатидан бири бўлмпш СССРда етмиш йил мобайнида ҳатто халқнинг энг оддий ҳаётий эҳтиёжи озиқ-овқат масаласи ҳам кўнгилдагидек ҳал этилмади. Катта умуминсоний талабларни қўя туринг, оддий бир меҳнаткаш керак пайтида магазиндан бир кило гўшт ёки бир литр сут сотиб олиб, қозонини қайната олмаса, буни нормал ҳолат деб бўладими? Шундай экан, халқ қанчалик танқид қилса ҳақли. Газетанинг сийқа тили билан айтганда, «биз коммунистлар — авангард» бўлиб уларни мана шу кунга олиб келмадикми?!
Бўладиган гапни айтмоқ керак. Халқимиз узоқ йиллар мобайнида фақат юқорининг оғзига қараб ўрганиб қолди. Шу туфайли ҳам қуйидан ташаббуслар камроқ чиқяпти. Сабаби ўн, ўн беш йиллар бурун (ундан олдинроқ ҳам) бундай ташаббускорлар тақдирланиш ўрнига жазоланганлар. Жазоланиши керак бўлган айрим жиноятчилар эса, қутулиб қолдилар.
Шу ўринда Сталин давридан бир мисол. Халқнинг виждони бўлган минглаб кишиларни ёлғон айблар асосида оттириб, қаматтириб юборишда бош ролни ўйнаган СССР бош прокурори Вишинекий Арбат полициясининг бошлиғи сифатида Владимир Ильич Ленинни қамоққа олишга санкция берган одам эканлигини наҳотки Сталин билмаган бўлса? Куйиб-пишиб Сталинни оқлашга уринувчи кишилар мана шу каби ўнлаб оддий фактларни билишармикан ёки ўз ақл доиралари даражасида яна бирор ёлғонни ўйлаб топишармикан? Сталин буни билган. Жуда яхши билган. Фожиа шундаки, унга худди шундай одамлар керак эди. Қўл остидаги «Темиртан»ни истаган пайтида юмшоқ жойига тепиш учун ҳокими мутлоқлар ана шундай бир зот қартани олиб қўядилар. Бу азалдан синалган, тубан бир усулдир. Сталин ҳеч қачон ўзини Лениндан кам деб билмаган. Ҳокимиятни бошқарган йиллари эса у Лениндан қалқон сифатида фойдаланди. В.И.Ленин, И.В.Сталинни бош котибликдан олиш кераклигини қайта-қайта уқтирса-да, ўрнига бирорта кишини тавсия этмади.
Ҳозирда одамлар Брежнев ва унинг салафлари хусусида ҳам бир пайтлар Сталин ҳақида айтилган гапларни такрорламоқдалар. Мусулмончиликда ҳам, бошқа динда ҳам, умуман инсонийлик нуқтаи назаридан яхшими, ёмонми марҳумни оёқ ости қилмайдилар (ҳамма эмас, албатта), мана шу раҳбарлар даврида халқнинг қорни тўйиб, этига жир битди-ку, демоқдалар. Албатта бу гапларда жон бор. Лекин халқнинг ҳаёти бундан ўн чандон яхшироқ бўлиши мумкинлигини шу кишилар ўйлаб кўришармикан?
Республикамиздан қирқ минг атрофида одам жиноий жавобгарликка тортилди, деган гап ҳар биримизнинг юрагимизга санчилади. Бу неча юз минглаб тирик етимлар ва келажакда ўзгалар назарида олабўжига айланиб қоладиган бегуноҳ кишилар демакдир. Жавобгарликка тортилганларнинг барчаси онгли равишда жиноят қилган деб ккм айта олади? Булар энг аввало ўша даврда юргизилган сиёсатнинг қурбонларидир. Ўшанда Марказий Комитет биноси олдида ўн фарзандини эргаштирган колхозчи аёлни учратдим. Жуфги ҳалолини озод қилишларини сўраб келибди. Куним ўтмай қолди, болаларимнинг аҳволини қаранг, устлари юпун, магазинчидан ҳам анча қарз бўлиб қолдик, дейди ер билан битта бўлиб…
Тўрт ёшлар чамасидаги ўғилчаси нима дейди денг: «Аяжон, дадамни кўрсатишмаяпти-ку?!» Ақлимга сиғдиролмайман. Бу гўдакнинг кўзларига қараш ва сўзларини тинглаш учун қандай юрак керак?!
Бола-чақасига ҳафтада икки кило гўшт олиб беришга қурби етмай, ун оши билан оиласини боқаётган оддий дала қоровули билан бойлиги мусодара қилинган обкомнинг биринчи котибини бир солиштириб кўринг-а?1
Наҳотки одамларимиз ўртасидаги тафовут шу қадар улканлашиб кетса. Ахир ўлгандан сўнг суягига қараб қоровул билан обком котибини ажратиб бўлмайди-ку?! Бу порахўр ўша бойликларни бир кун ёки бир ойда топмаган-ку! У бу бойликни неча ўн йиллар мобайнида йиғмаганми? Порани узлуксиз ва катта миқдорда олиб туришнинг бош шарти — ўзини суяб турган «наҳанг»ларга ҳам узатиб турмоқдир. Акс ҳолда бусиз иш битмайди. Узоқ йиллар мобайнида бундай кимсаларнинг эркин ҳаракат қилиши учун шароит яратиб берилди. Том маънодаги жиноятчиларга имконият яратиб берганлар ҳам уларга тенг шерик эмасми?
Кўпчилик кишилар, ўтганларнинг хатоларини айтаверишдан нима фойда, ҳадеб орқага ўгирилаверамизми, олдинга қарасак бўлмайдими, деган гапни ҳам такрорлашади. Менимча, бу нуқсон ва жиноятларни айтиш ўша марҳумларнинг номини янада қора қилиш учун эмас, балки улар қилган номаъқулчиликларни бугунги ва келажакдаги раҳбарлар такрорламасликлари учун айтилади ва айтилмоғи керак.
Яна бир нарсани таъкидлашни жоиз деб ўйлайман. Маълум бир халқ ёки шахснинг Сталин ёки Брежневга бўлгаи ижобий ёки салбий муносабати ўша халқ ёки шахснинг маънавий-маърифий даражасини ҳам кўрсатади. Ақллими, аҳмоқми, халқ кимгадир сиғиниб, уни бошига кўтариб яшашни афзал кўради. Кўп ҳолларда оломонга катта демократ эмас, Сталинга ўхшаган даҳшатли диктатор керак. (Менимча, бундай раҳбарлар даври энди қайтиб келмайди.) Демократларнинг устидан масхара қилиб куладилар, таҳқирлайдилар. Халқ табиатан қўрқувга мойиллиги туфайли баъзи ҳокимлардан ўткинчи пайғамбарлар ясайди.
Шу ўринда динга муносабат масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим, деб ўйлайман. Умуман, исломми, христиан ёки будда диними, улар ҳам марксизм-ленинизм каби бир фалсафадир. Буларга муносабат бизнинг маданиятсизлигимиздан эмас, балки маданиятлилик ва маърифатпарварлигимиздан келиб чиқиши даркор. Биз қаршимиздаги одамни ўз эътиқодимизга ишонтириб, ортимиздан эргаштира олмадикми, унинг эътиқодини тепкилашга ҳам ҳаққимиз йўқ. Республикамизнинг жуда кўп жойларида диний ўчоқ деган баҳона билан қабрлар текисланиб, обидага айланиб қолган чинорлар кесиб ташланди.
Бахмал районидаги Новқа оромгоҳида XIX аср меъморчилик обидаси бўлмиш мачитнинг усти дидсизларча сувалиб, тепасидаги яримой шакли олиб ташланди. (Ғалати воқеани қарангки, яримой шаклини олиб ташлаган қишлоқ советининг ходими руҳий касалга чалиниб, ишидан ҳам, соғлигидан ҳам ажралди. Эс-ҳуши бутун одам бундай ишга қўл урмайди.) Умуман, инсон фарзанди сўнгги паноҳ топган жойни оёқ ости қилиш қайси дин, миллат ёки элатнинг эътиқодига, қай бир одоб-ахлоқ доирасига тўғри келади. Бу қабилдаги аҳмоқона ишларимиз билан усиз ҳам бизга ишрнмай қолган одамларни ўзимиздан бездирамиз-ку! Ахир динга қарши бульдозер билан курашилмайди-ку!
Бизнинг шу йўсиндаги аҳмоқона атеизмимиз бир кун келиб бошимизга бало бўлади. Бекорга М.И.Калинин: «Масжидга кирган коммунист бош кийимини олиши шарт эмас», демаган. Бу билан у художўй бўлиб қолмайди. Ўзининг маданиятли инсон эканлигини, халқни ҳурмат қилишини яна бир бор таъкидлаган бўлади. Ўн-ўн беш чоғли қария жаноза ўқиб, отангни мозорга элтсин-у, сен меҳмонхонага кириб, қон босимини баҳона қилиб ётиб олсанг. Бундан катта бебурдлик бўладими? Бу иш ҳам, ўша қарияларга ўз тепгдошини одатдагидек кўмишга монелик қилшп ҳам одамларнинг юзига оёқ қўйишдир. Бир ғалати ҳолат, районда яшовчи амакимга, райкомларингиз саводсиз, думбул одам, дедим. «Ие, аҳмоқ бўлса райком бўлармиди?» —деди амаким устимдан кулиб. Мана бизда халқнинг раҳбарга мунооабати. Бизда кишилар бошингга чўпни тик тургизиб қўйса ҳам бўйсун, деган ақидага амал қилиб ўрганишган. Мннг афсуслар бўлсинким, биз бу содда одамлар ишончини оёқ ости қилмоққа ўрганиб қолганмиз.
Умуман, қанчалик кўп гапирилмасин, бизда кадрларни (арабча қодир сўзидан келиб чиққан) танлаш ва бирор юқори лавозимга тавсия этиш услуби етарли такомиллашмаган. Дейлик, вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби ёки вилоят ижро раисини пленумда ёки сессияда «сайлаш»га тавсия этишни узоғи билан бир-икки киши ҳал қилади. Марказдагилар бир гапни билар деб, вилоят партия қўмитаси аъзолари ёки вилоят Совети депутатлари юқоридан кимни тавсия этишса, сайлайверадилар. Ўз вақтида уйларидан миллионлаб сўм бойлик топилган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблари ҳам шу йўсинда «сайланган»лар. Бирор юксак лавозимга тавсия этилаётган киши юқоридаги жараён олдидан ерли халқ билан учрашса, одамлар дардини эшитса, ўз режалари билан ўртоқлашса, энг муҳими, олдига қўйилган муаммоларни ҳал қила олишга қурби етишини чамалаб кўрса, умуман, ўзи ҳақида халқда тасаввур уйғотса бўлмайдими? Ахир бу демократиянинг оддий шартлари-ку. Умрида Ўрта Осиёни кўрмаган бир кишини Магадан ё Москвадан олиб келиб, юқори партия ва совет органларига «сайлаб», битта вилоятни топшириб қўйиш ҳам демократияга кирадими? Инқилобдан илгари подшо истаган одамини истаган жойига губернатор, қўмондон ёки полиция бошлиғи қилиб юбораверган. Бизнинг ундан фарқимиз бўлса керак. Бу нарса биргина ерли халққа эмас, шу ерда яшовчи бошқа миллат вакилларига ҳам ишончсизликдир. Ғалати томони шундаки, ҳатто чор амалдорлари ҳам халқ олдига миллий либосда чиққанлар…
Қайта қуриш шиорлар ва устма-уст мажлислар ўтказиш билан амалга ошмайди. «Беш сўмлик юмушинг ўн беш сўмга битадиган бўлиб қолди-ку, ука! Қайта қуриш деганинг шуми?!» Бу гапни бир эмас, ўнлаб одамлардан эшитдим. Бу одамларнинг аҳволини англамоқ керак. Фарзанди ёки жигари ўлим тўшагида ётганида, у ҳаётини инсонлар фожиаси устига қурадиган аптекачи билан тортишиб ўтирмайди. Қизиқ, жамиятда ўзгаришлар, ур-сур бўлиб турганда айбдор олғирлар қолиб кетиб, содда ва дўлворлар тузоққа илинади.
Ўттиз еттинчи йиллар бедодликлари, кирқинчи йиллар охирининг фожиалари, олтмишинчи йиллар бошларидаги маънавий ва иқтисодий ўпирилишлар, сўнгги йиллардаги узоқ давом этган турғунлик даври, бугунги кундаги ер ва табиатнинг аянчли аҳволи, Орол фалокати — бунинг ҳаммаси халқимиз қалбидаги дардли оғриқдир. Хато ва нуқсонларнинг ҳам чегараси бўлиши керак. Биз бу аламли оғриқларни даволамас эканмиз, у янада газак олади. Акс ҳолда нима учун яшаяпмиз?..
Бутун ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва социал-иқтисодий соҳалар қайта қуришдан нажот кутмоқда. Яқинда («ЛГ») Распутин: «Дунёда биздек хотирасиз мамлакат йўқ», деди алам билан. Бунга мен бизда эса Ўзбекистондек хотирасиз республика йўқ, дея қўшгим келади. Ахир Самарқанддаги ўнлаб осори атиқалар, Шаҳрисабздаги Оқсарой, Бухоро ва Хивадаги меъморчилик обидаларининг аҳволини кўриб туриб, виждонимизга аза тутаверсак бўлади, дея ўйлайсан киши.
Битта бригада пахта планини бажарса, бутун Иттифоққа жар соламиз. Лекин мангуликка дахлдор бўлган мана шу обидаларни таъмирлаш, уни кўз қорачиғидек асрашдек масъул, тарихий иш билан ҳеч ким жиддий шуғулланмайди. Агар мана шу маърифий ишда силжиш бўлмас экан, авлодлар олдида бир умр юзимиз шувут бўлиб қолажак!
Медицина ва маорифнинг аҳволи-чи? Бу соҳаларда тубдан ўзгариш бўлмас экан, қайта қуриш ғояси томир отмади деяверинг. Шифохона дея аталмиш бу даргоҳларга бемалол жойлаша олмасликни биламиз. Амаллаб жойлашдингиз ҳам дейлик. Қани энди «одамгарчилик» қилмасдан туриб, тузук-қуруқ даволаниб кўринг-чи? (Бир палатада эллик нафаргача беморлар ётадиган касалхоналаримиз бор.) Ахир бу аҳволга қачонлардир чек қўйилиши керак эмасми? Усиз ҳам медицина ходимларининг масъулиятсизлиги, ноқобиллиги, малакасизлиги ва касбига хпёнати туфайли қанчалаб одамлар ҳалок бўлаётганлигини ким инкор этади?
Ўзи тарбияланишга муҳтож (ҳаммаси эмас албатта) айрим мураббийларимиз маърифатли инсонни эмас, шунчаки хат-саводли кишиларни ишлаб чиқармоқдалар. Мендаги жуда кўплаб аниқ маълумотларга қараганда, олпй ўқув юртларига киришнинг нархи янада ошиб кетган. Қайта қуриш ва жадаллаштириш кўплар учун «бир нималик» бўлиб қолишга хизмат қилаётир.
Бозорнинг қимматлашиб бораётганини айтмайсизми? Ойлик билан тирикчилик қилувчи одамнинг бозорга киришга юраги безиллайди. Шарқда ҳеч қачон бозор бу қадар қимматлашмаган. Болаларимиз боғу роғлар ўлкасида яшаб туриб, тузук-қуруқ мева-чева еёлмайдиган бўлиб қолдилар. (Уларнинг нормадагидан кам гўшт ва сут маҳсулотларн ейиши ҳақида айтмай қўя қолай.) ГДРда бўлганимда (жуда кўп мамлакатларда шундай) болалар кийим-кечакларининг арзонлигидан ҳайратга тушдим. Бизда эса битта болангизни бошдан-оёқ кийинтиришга ойлик маошингиз ҳам етмайди. Айрим раҳбарлар мана шу каби масалаларни чуқур ўйлаб кўришлари ва зарур тадбирлар белгилашлари шарт деб ўйлайман. Айниқса, Ўзбекистондек болажон республикада бу ҳаст-мамот масаласидир.
…Биз ҳақиқатни яшира олмаймиз. Биздан ақллироқ ва диёнатлироқ авлодлар бир кун келиб, албатта, оқни оққа, қорани қорага ажратиб оладилар. Улар назарида ғоят ожиз ва виждонсиз кўринмаслик учун бирор ишни қойиллатмасак-да, тўғри гапни айтиб ўтмоғимиз керак. Вақти-соати келиб, улар ота-боболари бу қадар қўрқоқ, нодон бўлганидан азоб чекмасинлар.
Йўл қўйилган хато ҳамда жиноятларнинг ўрнини қоплаш учун қайта қуриш шиори ўртага ташланди. Бу шундан сўнг ҳамма нарса қайта қурилиб, ўзгариб қолади, деган гап эмас. Бу — даставвал ота-боболаримиз амал қилиб келган умуминсоний ҳаёт тартиблари асссида ишлаб, одамдек яшай билмоқ демакдир. Ҳар бир халқнинг қай даражада яшаши унинг ўз ўтмишига муносабати, турмуш маданияти ва келажакка қай даражада ишониши заминига қурилади. Мен оптимист одамман. Халқнинг, лаҳад ёқасида ҳам умид яшайди, деган иборасини бот-бот ёдга оламан.
1987 йил.