Кейинги пайтларда бирлик, ҳамкорлик, иттифоқ бўлиб яшаш, ишлаш ва курашиш хакида жуда кўп гапириляпти. Иттифоқ президенти, жумҳурият раҳбарларидан тортиб оддий фуқарогача шу масала юзасидан қизғин баҳс юритишмоқда. Фарғоналик Ш. Зуҳриддинов фикри билан танишамиз: «Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар», дейди доно халқимиз. Жумҳуриятимиздаги барча кучлар бирлашиб, якдиллик билан қатъий ҳаракат қилинган тақдирдагина Ўзбекистон отлиғ кемамиз дўст халқлар кемалари қатори олға сузиши мумкин. Тараққиётнинг бундан бошка йўли йўқ».
Қаранг-а, таракқиётнинг бундан бошқа йўли йўқ деб бонг уриляптики, бунга умуман кўшилиш мумкин. Шу маънода «Бўлинганни…» деб аталган Б. Бобожонов, О. Раҳимларнинг мақоласини («Ёшлик», 8-сон, 1990 йил) қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Негаки, унда бир-биридан ажралиб, бўлиниб кетган бир қанча жойлардаги, аниқроғи, Хоразм, Қорақалпоғистон хамда Тошҳовуз вилоятларидаги ахоли яратган бойликларнинг айрим «бўри»лар томонидан таланганлиги тўғрисида ишонарли мулоҳазалар айтилади. Мақолани ўқиш баробарида бўлинганни бўри еганига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Лекин қани ўша бўрилар, уларнинг жазосини берайлик, деб ўйлаганда бунга жавоб топа олмасдан доғда қоласан. Ахир, ҳар уч вилоятдаги тўқайлар йўкотилгандан кейин бирорта бўрини мисол учун ҳам тополмайсиз-ку! Мажозий маънодаги бўрилар-чи? Афсуски, уларни ҳам бармоқ билан кўрсатиб, бўлинганингиздан кейин мана шуларга ем бўлгансиз деб аниқ фикр айтолмайсиз. Тўғриси, Хоразм, Қорақалпоғистон, Тошҳовуз ери, табиати, умуман иқтисодий, ижтимоий-маънавий хаётини сталинчилик, брежневчилик, компартия яккаҳокимлиги инқирозга, ҳалокат ёқасига олиб келдики, мана шу манфий кучлар ўзига хос «бўри»лар вазифасини аъло даражада қойил қилиб бажарди. Лекин буни хадеб гапиравериш инсофданми? Ахир, коммунистик партия хам яккаҳокимлигидан воз кечиб, кўп партиялиликка йўл очиб берди-ку?! Сталинизм бир овоздан якдиллик билан қораланди, маъмурий-буйруқбозлик сингари иллатлар тугатилиши учун инқилобий қайта қуриш давом этаётир.
Ҳа, тилимизга эрк берилиб, дилимизда тўпланиб ётган дарду ҳасратларни тўкиб ташлаяпмиз. Ахир, «Бўлинганни…» маколасида даҳшатли фожиалар тўғрисида очнқ-ойдин сўзланиб, ҳозир «оммавий қирилиш хавфи туғилаётир. Хоразмда…» деб доду фарёд қилинаётгани тасодифий эмас-ку?
Шуниси даҳшатли эдики, дабдабабозлик, кўзбўямачилик, порахўрлик иллатлари авж олган пайтларда оғир касалга чалиниб, ўлим бўсағасида турганингда хам албатта бениҳоя бахтлиман, чексиз фаровонлик гаштини суряпман, деб партия ва ҳукуматимизга миннатдорчилик билдиришга мажбур эдик. Ахир, пахта яккаҳокимлиги бутун еримизни емириб, Оролни ҳалокатга олиб келаётган бир пайтда бу хақда лом-мим дейиш норасмий суратда таъкикланган эди-ку! Қайта қуриш жараёни бошланиши биланок дарду фожиаларимизни баралла эътироф этишга имкон туғилдики, бунинг ижобий ҳодиса эканлиги шубҳасиздир. Бироқ касалнинг нимада эканлиги ошкор этилса-ю уни тўла даволаб олинмаса, бундан ҳеч кандай наф унмайди-ку! Хозир Орол ҳалокати, пахта яккахокнмлигининг дахшатли оқибатлари, қисқаси, оммавий қирилиш ҳавфи туғилаётгаиини айтишнинг ўзнгина етарли эмас. Чунки бу дарду балолар, фожиалардан қутулиб, янги тараққиёт йўлига кирмагунимизча аҳволимиз хеч качон ижобий томонга ўзгармайди. Янги тараққиёт йўлига ўтиш учун эса ҳақиқатан хам бирлик, хамжиҳатлик жуда-жуда зарур, аммо кимлар нима учун, кандай ниятда бирлашади? Юкорида тилга олинган фарғоналик Ш. Зуҳриддинов айтганидек, «жумҳуриятимиздаги барча кучлар бирлашиб, якдиллик билан қатъий харакат қилиши» мумкинми? Ахир, кучлар ижобий ёки салбий мазмун касб этиб, бири иккинчисига ўт билан сув, тун билан кундек зид, қарама-қарши бўлиши мумкин эмасми? Ёки ҳалол,мард, истеъдодли одамлар ёки ижодкорлар, ғоятда бўш, заиф, қўрқоқ, қабиҳ шахслар ёхуд истеъдодсиз қаламкашлар ўртасида иттифоқ тузиладими? Борди-ю, тузилса, бундан ким кандай фойда ундиради?
Кўряпсизми, бирлашайлик,ахил яшайлик, деб бонг уриш билан самарали иш қилиб бўлмайди. Шунинг учун биринчи галда ҳамжиҳатлик билан хамжиҳатликнинг фарқи, моҳиятини англаб олишимиз даркор. Масалага чуқур ҳамда жиддий ёндошмасангиз, яхши ниятингиз қора ерга кўмилгандай йўқолиб кетади. «Бўлинганни…» мақоласидаги Хоразм воҳасини ҳалокатдан қутқариш учун тавсия этилган чора-тадбирларнинг бир қанчасини қўллаб-қувватлайман. Айниқса, «Хоразм воҳасида»ги Ўзбекистон ССРнинг Хоразм вилояти, Қоракалпоғистон мухтор жумҳурияти ва Туркманистон ССРнинг Тошҳовуз вилоятини битта маъмурий ҳудудга бирлаштириш керак» деган таклифда фойдали маъно ва етарли асос мавжуд, бироқ масаланинг бир жиҳатини ҳисобга олмасак вазиятни янада чигаллаштириб юбориш ҳеч гап эмас. Мен бу ерда ўша тилга олинган вилоятларда яшаётган қорақалпоқлар билан туркманлар тақдирини белгилаш муаммосини назарда тутяпман. Чунки, шундай ноҳиялар борки (масалан, Тахтакўпир ёки Чимбой), уларда бир-бирига ўта яқин, қон-қариндош элат фарзандлари истиқомат қилишади, улар ҳам мустақил ҳудудга бирлашишга ҳақлидир. Аммо оғир ахволдан бутунлай қутулиш, вазиятни тубдан ўзгартириш учун бундан ҳам муҳимрок, ахамиятлироқ омил мавжудки, бу ҳақда ТошДУ талабаси М. Юсупова жуда тўғри мулоҳаза юритади: «Менимча, мустақилликка эришиш йўлининг айни пайтда энг афзал кўриниши —Ўрта Осиё ҳудудида жойлашган беш эгизак жумҳурият иштирокида Туркистон федерациясини тузишдир. Ана ўшанда ҳамжиҳатликка таянган жумҳуриятларнинг иктисодий ва сиёсий жабҳалари маълум маънода ўз имкониятларини бир илдиздан баҳра топган халқимизнинг турмуш тарзини яхшилашга чоғланган бўлур эди» («Ёшлик», 9-сон, 1990, 3-бет).
Ана, гап қаерда! Демак, бирлик, хамжиҳатлик жумҳуриятимизнинг иктисодий, сиёсий, маънавий-маданий мустақиллигини таъминлашга каратилгандан кейингина халқимизнннг фаровонлигини тайин этиш йўлида хақиқий бирлик, ўзаро иттифоқчилик мавжуд бўлиши мумкин. Шундай бирлик ва иттифоқчилик негизида эса фақат соғлом, мусаффо ижобий кучлар туриши даркор. Ахир, салбий кучлар, истеъдодсиз, кабиҳ, ифлос кимсалар бир-бирлари билан бирлашмайди, дейиш асло мумкин эмас-ку? Йўқ, аслида мана шундай кучлар жуда осонликча ва тез иттифоқ тузиб, ўзларининг қора, манфур ниятларини амалга оширадилар-ку!
Энди бошингиздан дўппини олиб бир ўйлаб кўринг: мана, беш йилдан буён қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаш жараёни давом этяпти. Бироқ хамманинг олдида баралла шу жараёнга қаршиман, менга жамиятимизнинг эски тузилиши ёқади, янгилашнинг хеч қандай зарурати йўқ, деб бор овози билан ҳайқирадиган одам борми?
Аслида шундай одамларгина эмас, балки барча босқичлардаги рахбарлар хали кўпчиликни ташкил этади-ю, бироқ улар калбини очиб, хақиқий истак, орзуларини ошкор этолмайди. Чунки жамиятимизнинг барча соҳаларидаги покланиш, янгиланиш жараёнини бошлаб берган М. Горбачев ҳамон ҳокимият тепасида ўша сиёсатни амалга оширишга бошчилик қилмоқда. Шундай экан, ўйнашмагин арбоб билан, сени урар ҳар боб билан деган ҳикматни эсдан чиқарадиган анойилар кўп эмас. Аммо Бутуниттифоқимиз сардорини «ўнг»дан ҳам, «сўл»дан ҳам танқид килиш тобора авж олдирилмокда. Агар бу аҳволга жиддий ёндошилса, «ўнг» танқидчиларнинг сталинчилик, партия яккахокимлиги тарафдори эканлигини тушуниш қийин эмас. «Сўл»лар эса чинакамига инқилобий қайта қуришни амалга ошириб, ошкоралик, демократиялаш ғалабасига эришиш йўлида курашаётганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Айтайлик, шахсан ўзим кўпроқ «сўл»ларга хайрихоҳман, ҳатто тарафдорман, бироқ бу — улар қандай таклифларни ўртага ташласа, буларнинг хаммасига қўшилишим шарт дегани эмас. Негаки, «сўллар» билан «сўллар»нинг фарқи бор. Уларнинг ичида ўзлигини моҳирона ниқоблаб юриб, бирор қулай шароит бўлса, дарров «ўнглар» томонга ўтиб кетадиганлари хам учрайди. Шунингдек, «ўнг»лар ичида ҳам бирор зарурат юзасидан ёки эътиқоди ўзгариши билан «сўллар» томонига ўтадиганлари йўқ деб бўлмайди. Афсуски, 60—70 йилларда мен тугул М. Қўшжонов. О. Шарафиддинов ҳаммамиз Л. Қаюмов хамда унинг фикрдошлари Ҳ. Абдусаматов, С. Мирвалиевлар билан қўшилиб, бир қанча ҳолларда Ҳамза-ю Яшин, Уйғун-у Ҳамид Олимжон каби ўнлаб ижодкорларнинг илоҳийлаштирилишида гоҳ бевосита, гоҳ билвосита озроқ ёки кўпроқ иштирок этганимиз ростки, буни ҳозир жуда қаттиқ изтироблар чекиб эслаймиз.
Турғунлик йилларида компартия яккаҳокимлигининг тазйиқи остида юзага келган сунъий бирлик фақат инқирозга олиб келганини бугун яхши кўриб турибмиз! Яна қандай бирлик денг! Бир оғиздан якдиллик билан тасдиқланган бирлик! Шунинг учун ўша бирликка озгина эътироз билдирса бас, дарров тайзиқу таъқибларга кўмиб ташланарди-ку!
Ўша «жипслик», «бирлик»нинг тағин бир жиҳати бор эдики, ҳукумат ва партиянинг энг қуйи жабҳаларидан бошлаб, то энг юқори поғоналаридаги раҳбарлар шаънига бирорта жиддий танқидий мулохаза билдириш норасмий тарзда ҳеч қандай сўзсиз бажариладиган қатъий қонун даражасига кўтарилди. Уларнинг сафига ёзувчилар уюшмаси, адабий, ижтимоий-сиёсий матбуотнинг масъул мутасаддилари хам киритилди. Айни чоқда А. Қаҳҳор ёки О. Ёкубов, П. Қодиров ёки А.Орипов, айниқса, А.Қодирий, Чўлпон, Фитратларга истаганча бемалол тош отишга кенг йўл очиб берилганди. «Тобутдан товуш», «Юлдузли тунлар», «Жаннатга йул», «Гаплашадиган вақтлар», «Ўлмас қоялар» каби хилма-хил савияда ёзилган, лекин ҳаёт ҳақиқатининг ҳаммасини эмас, балки озроқ ё кўпрок қисмини мавжуд зиддиятлари билан намоён қилган асарлар ғоявий жиҳатдан бузуқ, зарарли деб кескин қораланардики, бунда хам «якдиллик» бўлиши талаб қилинарди. Фақат айрим йиғинлардагина уларни ҳимоя қилишга интилишлар кўзга чалинарди-ю, аммо дарров матбуотда бунга қатъий «зарба» берилиб, ўша «бирлик» кўз қорачиғидай «сақланарди»…
Йўқ, факат адабиёт, санъат, танқидчиликдагина эмас, балки моддий, маънавий-маданий бойликларни ишлаб чиқариш, яратиш жараёнига бевосита ёки бавосита алокадор барча жабҳаларда сунъий равишда «юқори»дан берилган кўрсатмалар, буйруқлар асосида «ҳамжиҳатлик» ҳосил қилинардики, бунинг бугун канчалик даҳшатли «ўпирилишлар»га олиб келгани ҳаммамизга аён-ку, ахир! Эътибор беринг-а, марксизм‑ленинизм таълимоти ҳаддан ташқари илохийлаштирилиб, унга тааллуқли бўлган бирорта фикрга эътироз билдириш, баҳслашишга асло йўл қўйилмасди-ку! Қулоқ қилиш натижасида канчадан қанча жуда ақлли, истеъдодли халқ фарзандларининг ҳеч қандай асоссиз турмаларга қамалиб, бутунлай йўқотиб юборилгани тўғрисида гапириш асло мумкин эмас эди. Лекин шу ерда бир лахза 20—30 ва 40-йилларнинг охири ҳамда 50 йилларнинг бошида рўй берган даҳшатли жиноятларни бир ёкка қўя турайлик.
60-йиллардаёқ жумхуриятимизда пахта майдонларини кескин кўпайтириб, Аму хамда Сирдарё сувлари камайиб кётиб, Оролга ўлим хавфи туғилганини хеч ким кўрмади, билмади, деб айтиш мумкин эмас, лекин кўриб, билиб турганларнинг оғзи маҳкам «қулфлан»ди, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожиаси тўғрисида бирорта аччиқ гап айтишга асло йўл қўйилмади-ку! Аммо мамалакатимизга олти миллион тонна «оқ олтин» бериб, хаммамиз «яхши яшайдиган» коммунистик жамиятни қурамиз, деган шиору чақириқлар «якдиллик» билан маъқулланиб, матбуотда, радио, «ойнаи жахон»да кеча-ю кундуз жаранглаб турарди-ку!
Хуллас, партия ва ҳукумат қандай қарорлар чиқариб, нималарга даъват этмасин, ҳаммаси ягона, бузилмас «иттифоқ» меваси сифатида кўкларга кўтарилиб мақталардики, бугун буни асло унутмаслигимиз даркор. Негаки, ўша қарорлар, шиорлар, чақириқларда ҳақиқатнинг бир қисми ифодаланарди-ю, бироқ сўзда эътироф этилиб, амалда бутунлай рад этиларди. Аниқроғи, сўзлар баланд пардаларда жаранглайверарди-ю, бироқ уларнинг реал ишлар билан мустаҳкамланишига, яъни сўз билан иш бирлигини таъминлашга мутлақо эътибор берилмасди. Бинобарин, сўз билан иш бирлигини таъминламасдан ҳақиқий иттифоқ бўлиши асло мумкин эмас. Ахир, сўзда марду доно бўлиш, адолатни химоя қилиш жуда осон-ку! Чунки, бу учун курашиш, захмат чекиш, ўзлигингни фидо қилиш шарт эмас.
Тўхтанг, тўхтанг, ҳақикатни айтиш ҳам осон эмас, деб қолишингиз табиийки, мен бунга қўшиламан: айтайлик, жумҳуриятимизнинг сиёсий ҳамда иқтисодий мустақиллигини юзага чиқарадиган декларацияни қабул қилиш учун хам озмунча талашиш-тортишиш бўлмади-ку! Зотан, тўғри гап туққанингга ёкмайди, дейишимиз бежиз эмас. Бироқ айтилган тўғри гап, эътироф этилган адолат амалга оширилмаса ўз қадр-қимматини йўкотади. Шунга кўра жумҳуриятимизнинг сиёсий ҳамда иқтисодий мустақиллигини таъминлайдиган ҳужжатнинг қабул қилиниши тарихий воқеадир, лекин бу тарихий воқеани сўзда эътироф этяпмиз, холос. Агар у амалий ишлар, аниқ режалар, ўткир воситалар оркали амалга оширилмаса, барибир ҳеч кандай натижага эришолмаймиз. Ҳозирги кунда яхши ниятли ажойиб меҳнаткашлар, доно зиёлилар, қаҳрамон ижодкорлар, олимлар — барча-барчаси мана шу мустакилликни рўёбга чиқариш йўлида бирлашмоқликлари сув билан ҳаводек зарурдир. Лекин ким ўзини мен чинакам меҳнаткашмасман, истеъдодсиз ижодкорман, қўрқоқ зиёлиман, деб айтади? Ким бирликка, иттифоқчиликка каршиман деб бонг ура олади?!
Гапнинг пўст калласини айтганда, бунга кўпчилик журъат этолмайди, бироқ мен зўрман, дономан, марду матонатлиман деб кўкракка уриб гапиришга иштиёқмандлар кўплаб топилади. Шундай бўлса, кимнинг ким эканлигини кандай биламиз? Эътироф этиш керакки, шу қийинчиликни бартараф этиб, мураккабликни ечмасдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайдики, бунга жумхуриятимиз президенти «ойнаи жахон» орқали ўзи олиб бораётган йиғини иштирокчиларига, барча телетомошабинларга қарата бир неча бор мурожаат қилганида яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.
Хўш, эл-юртимизнинг олий сардори нималарга даьват этиб, қандай фикрлар, таклифларни ўртага ташлади? Табиийки, уларнинг барчасига бу ўринда муносабат билдириб ўтишнинг иложи йўқ. Мен фақат бир нуқтага диққатингизни тортмоқчиман: у, азиз ўртоқлар, қани келинг, мен қабул килган фармонларнинг қайси бирида қандай хато бор, кўрсатинглар, маслаҳат беринглар, уларни хеч қандай эътирозсиз тасдиқлайверсанглар, маъқуллайверсанглар, аҳволни ўзгартириб бўлмайди-ку, деб бир неча бор таъкидлади. Энг муҳими шундаки, ҳурматли И. Каримов жумҳуриятимизнинг олий даражадаги раҳбарлари ичида биринчи бўлиб очиқ-ойдин сўзлашмасдан, бахслашмасдан, хақиқатни тополмаймиз, халқимизнинг сиёсий, иқтисодий мустақиллигини юзага чикаролмаймиз, демоқда.
Қаранг-а, ахир, бу ўзига хос жасорат-ку! Аммо бу жасорат амалий иш, аниқ фаолият билан исботланмаса, тасдиқланмаса, чинакам ижобий ўзгариш бўлмайди.
Афсуски, муҳтарам президентимизнинг мурожаатига жавобан лаббай, мен баҳслашаман, деб майдонга отилиб чиқаётганларни кўрмаяпмиз. Нима учун шундай бўляпти? Ёки ўша мурожаат самимий эмасми? Самимий бўлсаям унга ишонишмаяптими?
Бунга узил-кесил «ҳа» ёки «йўқ» деб жавоб қайтариш қийин, лекин шуннсини айтиш мумкинки, карийб етмиш йил мобайнида жуда кўп раҳбарларимиз сўзда ўзларининг халқ манфаатларини кўзлаб иш қилишлари, бу йўлда кимки, қандай фикр айтса, йўл очиқ, ҳеч кимга тазйик ўтказмаймиз, биздаги эркинлик, ҳурлик жаҳоннинг бирорта мамлакатида йўқ, деб бонг уришди, аслида қандай «эркинлик», кандай «ҳурлик» юзага келганини изоҳлаб ўтиришга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ.
Мана шундай икки юзламачи сиёсат қон-қонимизга сингиб кетиб, кўрқиш, ҳадиксираш туйғусини ҳосил қилган.
Бир йил эмас, беш йил эмас, етмиш йилдан ортиқ вақт ичида мана шу туйғу ширин жонимизни сақлайдиган зўр қалқонга айланди ва бу қалқондан воз кечиш учун ҳали анча муддат талаб килинади.
Тан беришим зарурки, шахсан ўзим ҳали ўша туйғудан тўла халос бўлолмаяпман, аммо муҳтарам президентимизнинг мурожаатини самимий деб тушунаман ва шунинг учун айрим мулоҳазаларимни ўртага ташлашга журъат этаман.
Шуни алоҳида уқтиришни истардимки, халқимиз фаровонлигини таъминлашга каратилган бир қанча фармонлар эълон килинди. Хусусан қишлоқ аҳолисига уй-жой куриш, томорқа учун 25 сотихгача ер бериш, уларнинг чорваси учун колхоз-совхозлардан ем-хашак сотишни уюштириш масаласининг ижобий хал килинишига имконият туғдирилдики, бунга сўзсиз хайриҳоҳмиз. Лекин фармонларнинг ҳамма ерда тўла бажарилмаётганига нималар сабаб бўлмоқда?
Шу ҳақда бош қотирганда мени қуйидаги ўйлар ташвишга солмоқда: нега энди 25 сотихгача ер ажратилсин, дейилган? Ахир, меҳнаткашга 5—6 сотихини бериб ҳам, мана, буйруқни қойиллатиб бажардик, дейиш мумкин-ку? Борди-ю, деҳқонларимизга 20—25 сотихдан ер берилсин, деб аниқ кўрсатилса, нур устига аъло нур бўлур эди. Айни чоқда аниқ кўрсатманинг бажарилишини талаб қилиш хам тўғри йўлга қўйиларди. Деҳқонлар чорвасига ем-хашак сотиш ҳақидаги фармоннинг ҳам ўйлаб кўрадиган жойлари бор: гап шундаки колхоз‑совхозларнинг ўзларидаги чорвачилик қолоқлик ботқоғига ботиб қолгани ҳақида, бунинг муҳим бир сабаби сифатида ем-хашак етишмаслиги, ем-хашак етиштиришга ажратилган ерлар пахта майдонларига қўшиб юборилгани хусусида кўп вақтдан бери дод-вой солаётганимиз хаммага аён. Шундай экан, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарёда бўлганимда бир канча колхоз, совхоз раҳбарларининг ўзимизга етмаётган ем‑хашакнинг бир қисмини қишлоқ аҳлига сотяпмиз-у, бироқ бундан ўзимиз ҳам зарар кўряпмиз, бизлар берган озуқалардан колхозчилар, совхоз ишчиларининг чорваси хам гуркираб ўсмаяпти чунки, уларнинг эҳтиёжларини тўла қондиролмаймиз-ку, деб нолишлари бежиз эмасдир балки…
Қаранг-а, гап яна пахта яккаҳокимлигини тугатишга келиб тақаляпти. Зотан аҳволнинг бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки бу яккахокимлик деҳкончиликни ривожлантириш учун керакли ерларнинг кўп қисмини бедаво касалга чалинтирди, Оролнинг насибасини қирқди. Шунинг учун энди муҳтарам президентимиз пахта яккаҳокимлигини узил-кесил тугатиб, Оролни сақлаш учун янада кулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган фармон чикаришини орзу қилмоқдаман.
Табиийки, фармон чиқаришнинг ўзигина аҳволни тубдан ўзгартирмайди. Ҳар қандай адолатли, ҳаққоний қарор ёки буйруқ амалга оширилиб, салмоқли натижалар келтирмаса, ўз қадр-қимматини йўқотади. Айтайлик, жумҳуриятимизнинг сиёсий, иктисодий мустақиллигини таъминлайдиган жуда яхши декларация қабул қилганимизга ҳам анча вақт бўлди-ю, бироқ унинг ҳалигача бирорта салмоқли «меваси»ни татиб кўрганимиз йўқ. Она тилимизнинг давлат тили сифатида қабул қилинганига, мана, бир йилдан ошди, аммо жумхуриятимизнинг аксари жойлари, тармоқларида, хусусан аэрофлот, ҳарбий хизмат, хуқуқшунослик идораларида ўзбекчани ўрганиш, миллий мутахассислардан кенг фойдаланиш масалалари тоқат килиб бўлмайдиган даражада оқсаб ётибди-ку! Борди-ю, ана шундай иллатларни таг-томири билан йўқотиб, жумҳуриятимизнинг сиёсий, иқтисодий мустақиллигини ўрна тишга каратилган курашда бирлик, аҳиллик юзага келтирилса, ана шундай иттифоқ хосил қилиш нияти, туйғусини халқимизнинг ҳар бир ақлли, доно фарзандига сингдириб юбориб, жанговарлик, курашчанлик руҳини ҳосил килсак, кўзланган юксак чўққиларни забт этиб, оламшумул ғалабаларни қўлга киритамиз.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 12–сон