Ўзбекистон, табиий шарт-шароитлари, асрлар оша шаклланган дехқончилик маданияти билан, энг бой ва фаровон жумҳурият бўлиши мумкин эди. Афсуски, бундай бўлмади. Қайтанга халқ турмушида муайян турғунлик, сиҳат-саломатлигида жиддий бой беришлар, табиат мувозанатида улкан талофотлар рўй берди. Биз бугун совет ҳокимиятининг 72 йиллик тарихига назар солаётиб, бунинг сабаблари устида бош қотирмаслигимиз ва ниҳоят, янги аср бўсағасида меҳнаткаш, хокисор халқимизни қийнаган жумбоқларга жавоб изламаслигимиз мумкин эмас. Зеро, бу номутаносибликлар халқимизнинг миллий ўз-ўзини англаш жараёни билан чамбарчас боғлиқ муаммолардир.
Хўш, фожиаларимизнинг асосий илдизлари нимада? Мен, ер илми билан машғул бир олим сифатида, такрор айтаман: Фржиаларимизнинг бош манбаи пахта яккаҳокимлиги ва суғориладиган ерлар майдонининг чексиз кенгайтарилиши, сув омборларининг кўплаб қурилиши, ўрмонлар, боғ ва узумзорларнинг қийратилиши, заҳарли химикатларни ёппасига қўллашдир. Улар улкан экологик талофотлар ва номутаносибликларга олиб келди.
Қишлоқ хўжалигини пахта яккаҳокимлиги асосида ривожлантириш оқибатида, жумҳурият хонавайрон даражага етди. Суғориладиган ерларнинг тўхтовсиз ориқлаб, унумсиз бўлиб бориши энг юқори нуқтага кўтарилди. Ер фойдали қатламининг деярли ярмини йўқотиб бўлди, минерал ўғитлар, пестицидлар, дефолиантлар, гербицидларнинг ҳад-ҳудудсиз ишлатилиши оқибатида, тупроқ барча неъматларини бой бериб, ўлик ҳолга айланди. 800 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерлар қайтадан шўрланди. Ўсимликларнинг турли юқумли касалликлари кенг ёйилганлиги, шуиингдек, заҳари ҳам пахта яккаҳокимлигининг оқибатидир. Ниҳоят келиб чиққан сув танқислиги, бозорларнинг қимматлиги, сиҳат-саломатликнинг бой берилиши — булар ҳам нуқул пахта экиш ва унинг майдонини ҳадсиз кўпайтиришнинг машъул асоратларидир.
Хўш, бундай қалтис ва ночор вазиятдан қутулишнинг йўли борми? Ҳа, бор! Бунинг учун энг аввало жумҳуриятимиз қишлоқ хўжалигини қатъий илмий асосга қўйиш, туб қайта қуришни амалга ошириш керак. Надоматлар бўлсинки, қайта қуришнинг ўтган даврида бу сўзларни минг бор айтдим-ку, ҳеч вақо қилмадик. Бу ҳаммага аён — зарурат ҳисобга олиниб, пахта майдони ҳам, плани ҳам камайгани йўқ. Қайтанга бундай йўл номақбуллигини асословчилар сафи кенгайиб, улар рағбат топди.
Аслида эса жумҳуриятнинг ҳар бир деҳқончилик хўжалиги бир томонлама эмас, балки комплекс — ҳар томонлама ривожлантирилмоғи зарур эди. У ёки бу регионни ҳаддан ташқари фақат бир тур бўйича ихтисослаштириш ниҳоятда зарарли оқибатларга олиб келади. Биз пахта мисолида уни кўрдик. Регионда фақат бир хил экинга зўр бериш шахсий ва жамоат чорвачилигини издан чиқаради. Оқибатда, ҳозир жумҳуриятда ҳар юз гектар ҳайдаладиган ерга 41 бош қорамол (шунинг атиги 11 таси сигир) тўғри келади. Қишлоқдаги хўжаликларнинг 37 фоизи сигирга, 50 фоизи ҳатто қўйга ҳам эга эмас. Умуман, олганда, жумҳуриятда аҳоли жон бошига 22 килограммдан гўшт ва 132 литрдан сут етиштирилмоқда. Бутун мамлакат бўйича эса бу кўрсатгич 64 килограмм ва 341 литрни ташкил этади. Хўжаликларни ҳар томонлама ривожлантириш фақат иқтисодни мустаҳкамлаш жиҳатидангина эмас, айни пайтда табиат мувозанатини сақлаш, ишчи кучларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ҳам ниҳоятда зарурдир. Бир сўз билан айтганда, тўла хўжалик ҳисоби, ўз-ўзини маблағ билан таъминлашга ўтиш шарт-шароитларида бозор ва маҳсулотнинг қадр-қиммати (бошқа ҳеч нарса эмас) ишлаб чиқаришни мувофиқлаштиришнинг бош дастури бўлиши керак. Бу принцип, қандай қилиб бўлса ҳам пахта бер, дейдиган сийқаси чиққан ақидапарастликни буткул рад этади.
Колхоз ва совхозлар, ижарачилар, оилавий пудратчилар, кооперативлар ана шундагина даланинг унум-дорлигини бузмасдан ҳар қарич ердан кўпроқ самара олишдан манфаатдор бўлади. У ёки бу маҳсулотга давлат буюртмалари хўжаликлар билан мана шу принципда олди-берди қилишга асосланиши керак. Зинҳор-базинҳор мана бу маҳсулотдан истайсанми йўқми шунча нархда, шунча план берасан қабилида эмас! Ана шундагина хўжалик ҳам, деҳқон ҳам ўз эркига эга бўлади. Деҳқонга эрк беринг, у ўз ерига хўжайин бўлсин дегани
Илмий асосланган принциплар ва илғор хўжаликларнинг тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги босқичда, пахтачилик хўжаликларида экин майдонларининг таркибини қуйидагича белгилаш мақсадга мувофиқдир.
Пахта — 50 фоиз атрофида.
Беда ва бошқа озуқабопэкинлар— 30—35 фоиз.
Уруғлик учун дон (маккажўхори, жўхори, арпа) ва шоли — 6 фоиз.
Сабзавот — полиз, боғ ва узумзорлар—8—10 фоиз.
Иҳотазорлар, тутзорлар — 6 фоиз майдонни эгаллаши мумкин.
Сўзсиз, экинлар майдонининг бундай таркиби нисбийдир. Ҳар бир хўжалик тупроқ-иқлим шароитлари, у ёки бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, уни ўзгартириши мумкин. Масалан, ер шароити мелиоратив жиҳатдан ноўнғай жойлардаги хўжаликлар пахта ҳажмини 40—45 фоизга туширишлари, унинг ўрнига озуқа экинларни кўпайтиришлари мумкин. Ҳозир эса юқорида айтиб ўтганимиздек, жумҳурият қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг амал қилиб келинган номақбул услублари мутлақо ўзгарган эмас. Иш илмий асосда эмас, аввалгидек маъмуриятчилик усулида давом этаётир. Алмашлаб экиш тўла ўзлаштирилмади. Ҳайдаладиган ерлардаги беда майдони 14 фоизлигича қолмоқда. Ҳолбуки, унинг майдони 30—35 фоизни эгаллаши керак. Пахта экувчи хўжаликларда ғўзанинг салмоғи 70—75 фоиздан ҳам юқори, Балиқчи, Москва, Бўз, Ленин сингари бир талай ноҳияларда эса 76—80 фоизгача етади. Бошқача қилиб айтганда, пахтачилик ҳали очофат яккаҳокимлик бало-қазосидан қутулган эмас.
Ўтган 1988 йилнинг декабр ойида жумҳурият Фанлар академиясида бўлиб ўтган илмий ишлаб чиқариш кенгашида яқин икки-уч йил ичида пахта сотиш планини 4 миллион тоннага қадар тушириш, озуқа экинлари, сабзавот-полиз, боғ ва узумзорлар маидонини кенгайтириш учун 600 минг гектардан кўпроқ пахта учун нобоп бўлган ерларни ажратиш таклифи ўртага ташланганда, бу таклифни агросаноат комплексининг барча мутахассислари ва раҳбарлари маъқуллаган эдилар. Бу борадаги илмий асосланган таклифномаларни қўллаб-қувватловчи телеграмма ва хатлар, қўнғироқлар ниҳоятда кўп бўлган. Хўжалик раҳбарларининг бундан мамнунлиги бежиз эмас эди. Чунки, Меҳнатобод ноҳияси 10 йиллар мобайнида 8—10 центнердан ҳосил етиштириб келаётган бўлса, Қўрғонтепа, Марҳамат, Андижон, Хўжаобод, Жалолқудуқ ноҳияларида пахта учун нобоп жойларда деҳқончилик қилиш оқибатида, ҳосилдорлик 1,5—2 баравар камайиб кетган.
Масалан, пахта учун нисбатан қулай келган ўтган 1988 йилнинг ўзида жумҳуриятдаги 400 минг гектар майдонда пахтадан 18—20 центнергача, 100 минг гектар майдонда эса 11—12 центнердан ҳосил етиштирилди. Албатта, бу рақамлар 1987 йилга нисбатан 2—4 баробар кам. Аммо сўнгги 8 йил мобайнида жумҳуриятдаги 700—750 минг гектар ерда ўстирилаётган ғўзанинг рентабеллик даражаси бутунлай ўзини оқламади. Шундай экан, биз бундай майдонларда пахтани нима учун етиштиряпмиз. Афсуски, бу саволга бирон жўяли жавоб тополмаймиз. Ҳолбуки, Манчестер дорулфунуни профессори Теодор Шанин Известия рўзномаси мухбирига берган интервьюсида айтганидек, бутун жаҳонда: Ишлаб чиқарувчининг манфаатдорлиги қанчалик юқори бўлса, социал соҳаларни ривожлантириш имконияти ҳам шунчалик юқори бўлади, деган назария машҳур. Биз эса пахта етиштиришда бундай назариялар билан ҳисоблашмай қўйганмиз.
Ҳозир СССР ҳукумати пахтанинг харид нархини 40 фоиз атрофида оширишни мўлжалламоқда. Агар сўнгги йилларда тракторлар, унинг ёнилғи ва мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлари, минерат ўғитлар, заҳарли химикатлар ва бошқа маҳсулотларнинг реализация нархи 100 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ ошганини ҳисобга оладиган бўлсак, пахтанинг харид нархи 40 фоиз ошиши пахтакорга амалда ҳеч нарса бермайди. Бизнингча, харид нархи товар ва моддий ресурсларининг ошган нархи қоплаганидан ташқари, ҳеч бўлмаганда, икки баробарга оширилиши керак. Бундан ташқари, деҳқончиликни илмий асосда юритиб, адирлар, шўрхок ва тошлоқ ерлар, шунингдек, мелиоратив жиҳатдан ноўнғай бўлган унумсиз жойларда пахта миллионлаб зарар кўришдан қутқариш мумкин.
Ҳамма пахта яккаҳокимлиги қишлоқ хўжалигини даҳшатли аждаҳо янглиғ вайрон қилаётганини тан олади. Аммо яккаҳокимликни йўқ қилиш ниҳоятда қийин бўляпти. Чунки пахта учун бериладиган планлар бунга имкон бермаяпти. Масалан, бу йил учун 5 миллион 250 минг тонна пахта плани белгиланган. Тола ҳисобида эса 1710 минг тонна пахта етиштиришга буюртма берилган. Ҳолбуки, шунча миқдордаги толанинг ўзи амалда 5,4 миллион тонна пахта деган гапдир. Агар 1990—1995 йилларда ҳам ҳозир мўлжалланаётганидек, пахта етиштириш ҳажми 5 миллион тонна атрофида қолса, мутлақо аҳвол ўзгармайди. Ахир сўнгги уч йил мобайнида (1986—1988 йил) расмий маълумотларга қараганда, пахта хомашёси етиштириш ўртача 5 миллион 70 минг тоннани ташкил этди ва у пахта етиштириладиган зоналарда далаларнинг 70 фоизидан кўпроғини эгаллаган. Бундан шундай хулоса чиқади. Агар план шу ҳолича қолса, пахта яккаҳокимлиги бундан буён ҳам тантана қилаверади, деҳқонни яна эзиб-эзғилаб бораверади. Пахта етиштиришга белгиланган давлат буюртмаси миқ-дорини камайтирмасдан туриб, пахта етиштириладиган майдонларни камайтиришни талаб қилиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Деҳқонлар шу йилнинг бошидаёқ пахтачиликда қайта қуришнинг бўлмагани ва яна бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиб, кўнгли совуган эди. Пахта яккаҳокимлиги қандай бўлса, шу ҳолича сақланиб турибди. Бошқача қилиб айтганда, давлат буюртмасининг тазйиқи деҳқонни сўзсиз асоратга мажбур этмоқда. Акс ҳолда, ўтган йили пахтакорлар планда кўрсатилганидан 40 минг гектар кўпроқ ерга пахта экмаган бўлур эдилар. Иттифоқ Давлат план қўмитаси жумҳурият бўйнига пахта планини сиртмоқдек осиб, хайрли режаларнинг амалга ошувига имкон бермай келяпти.
Яна бир номутаносиблик ҳақида ҳам айтиб ўтмасам бўлмайди. Жумҳуриятни 1991 — 1995 йилларда социал-иқтисодий ривожлантириш режаси лойиҳасида пахта етиштиришнинг ҳажми 5 миллион тонна атрофида қолиши кўзда тутилган. Демакки, хўжаликларнинг инқирозга юз тутиши, иқтисодий ва экологик вайронагарчилик, халқнинг оч-ночорлиги давом этаверади. Қизиғи шундаки, буни ҳамма тушуниб турибди. Ҳатто Иттифоқ ва жумҳурият раҳбарлари ҳам. Аммо улар ўзларининг ҳаддидан ташқари марказлаштириш сиёсатларидан воз кечола маяптилар. Амалий ишга ўтилмас экан, аҳвол мураккаблашаверади, деҳқон кўнглидаги норозилик кучайиб бораверади. Буни англамаслик мумкин эмас.
Тўғри, турғунлик йилларида маъмурий буйруқбозликнинг қудратли машинаси якка ёлғиз ҳукмрон эди. Пахтага сиғиниш ҳам шахсга сиғинишни келтириб чиқарган эди. Хўш, бугунчи? Бугун бизга нима халақит беряпти. Партия ва ҳукуматнинг, СССР халқ депутатлари съездининг энг мўътабар ҳужжатларида, марказий ва жумҳурият матбуотида телевидениенинг Қайта қуриш прожекторида пахта яккаҳокимлигига барҳам бериб, қишлоқ хўжалигини қатъий илмий асосга қўйиш ҳақида жўровозлик билан гапсўз бўляпти. Иттифоқ органлари, жумҳурият раҳбарлари бу оқил, соғлом мантиққа асослансалар ёмон бўлмасди. Бир раҳбар чиқиб, яккаҳокимликни йўқотсак, сабзавот-полиз маҳсулотини қўйгани жой тополмай қоламиз, деб донолик қилса, яна бошқа бирови миллиардлаб сўм даромадни бой берамиз, деб валломатлик қилади. Бундай мулоҳазаларни фақат ҳаётни билмайдиган, ундан ажралиб қолган одамларгина айтиши мумкин.
Жаҳон амалиёти ва тажрибаси у ёки бу экиннинг яккаҳокимлигига мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини аллақачон исботлаган. Мана шунинг учун ҳам, жаҳоннинг пахта етиштирувчи мамлакатлари ва регионларида алмашлаб экиш таркибида пахтанинг миқдори 30—50 фоиздан ошмайди. Бу нарса бизнинг мамлакатимизда ҳам фан томонидан исботланган. Аммо биз кўр-кўрона жаҳон тажрибаси ва фан йўл-йўриқларига қарама-қарши боришни давом эттиряпмиз.
Жумҳуриятда экологик ва социал-иқтисодий жиҳатдан хавфли бўлган вазиятни келтириб чиқарган иккинчи нарса, бу — 60-йиллар бошларида Ўрта Осиё регионида катта ва кичик сув омборлари қуриш бўйича бошлаб юборилган улкан ишдир. Ҳозирги пайтда 51 жумҳурият ва 5 жумҳуриятлараро аҳамиятга молик сув омборлари мавжуд. Уларнинг бағрига 55.5 миллиард кубометр сув сиғади. Биз, айнан мана шунда жуда катта хатоликни кўриб турибмиз. Тўғри, айрим сув омборлари учун эҳтиёж бор эди. Аммо уларнинг аксарият қисми ҳеч қандай заруратсиз қурилгак, бундай кўплаб миқдордаги сув омборлари қурилишига чуқур илмий асосда ёндашилмаган. Кўплаб олимлар, мутахассислар ва амалиётчиларнинг фикрлари билан ҳисоблашилмаган. Экологик мувозанатнинг издан чиқиши ўйлаб ҳам ўтирилмади. Оролнинг қуриши эса маълум бўла туриб, бундай қалтис ишларга қўл урилди.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, кўплаб сув омборлари қурилиши муносабати билан, қишлоқлар, аҳоли турар жойлари, ўн минглаб гектар унумдор ерлар сув тагида қолиб кетди. Бундан ташқари, ҳар йили сув омборлари сатҳидан 5 миллиард куб метрга яқин сув ҳавога буғланиб кетмоқда. Ахир, бу Оролнинг сатҳини тутиб туриш учун ниҳоятда зарур бўлган озмунча сувми?
Бутун фожиа шундаки, сув омборларининг ўзи ҳам, Ундан оқиб чиқаётган муздек сув ҳам далаларимизнинг тУпроқ шароитларини ёмон томонга ўзгартириб юборди, ер ости сувлари сатҳи кўтарилди. Далаларнинг шўрланиши ва ботқоқланиши, тупроқ эрозияси, юз минг гектарлаб суғориладиган ва суғорилмайдиган майдонлардаги фойдали жониворларнинг нобуд бўлиши, тупроқнинг бой қатлами барҳам топиши — буларнинг ҳаммаси сув омборларининг бугун маълум бўлаётган зарарли жиҳатларидир.
Сув омборларининг муаллифлари ва тарафдорлар ундай иншоотлар қурилиши туфайли регионда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, икки баробар ошди, деб мақтанадилар. Аммо улар айнан бир шароитда ерларнинг унумдорлиги тушиб кетганлиги; аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш камайганлиги, Оролнинг ўлими ва Оролбўйида келиб чиққан экологик ҳалокатлар айнан мана шу сув омборлари қурилиши ва пахта яккаҳокимлигининг авж олдирилиши билан боғлиқ эканлиги хусусида лом-мим демайдилар. Сув омборларининг атроф-муҳитга етказаётган зиёнини Андижон сув омборидан фойдаланиш мисолида яққол кўриш мумкин. Бу иншоот ўз бағрига 1,9 миллиард куб метр сувни сиғдиради. Қўрғонтепа ноҳиясидаги сув омборидан 20 километр берида жойлашган Савай совхозидаги метеорология пункти маълумотларига кўра, 1987 йили, яъни сув омбори ишга тушганидан сўнг 10 йил, ўтгач, экинлар учун фойдали ҳарорат йиғиндиси 402 даражага, йил энг қулай келган 1988 йили эса 204 даражага камайиб кетган. Бу шундан далолат берадики, сув омбори атрофидаги Қурғонтепа, Жалолқудуқ, Хўжаобод ва Марҳамат ноҳияларида ғўза ўсадиган энг қулай кунлар сув омборининг таъсирида 20—35 кунга қисқарган. Андижон ноҳиясида ҳам сўнгги йилларда фойдали ҳарорат йиғиндиси 18 даражага камайган. Бошқа сувомборларида бўлгани сингари, Андижон сув омборининг қуйи қисмидан чиқадиган сувнинг ўртача ҳарорати ҳам сув омбори, қурилганига қадар Қорадарёдан оққан сувнинг ҳароратидан 5,5 даража пастдир.
Бундай совуқ сув билан экинларни суғориш ҳосилдорликни тушириб юбориши бизнинг кўпгина тадқиқотларимизда ўз ифодасини топган. Таққослаб текшириш: мобайнида шу нарса аниқландики, омборларда жамланган сув билан суғорилган далаларда ҳосилнинг етилиши 20 кунга кечикади, ҳосилдорлик эса 20—40 фоизга камаяди. .
Энг ташвшшш жиҳат шундаки, дарёлардан табиий равишда оқиб келаётган фойдали лойқа еув омборларида чўкиб, ундан экинлар бебаҳра қолади. Ҳолбуки, сув омборларида чўкиб қолаётган ана шу лойқалар экинга ҳаёт бағишловчи бирдан-бир зарур озиқ элементларига эга. Айниқса, бундай фойдали лойқа моддалар Амударё сувида кўп эди. Бу ҳақда ўтган асрда улуғ тупроқшунос В. В. Докучаев ҳам ёзган. Бизнинг эскидан суғориб келинган ерларимиз сув омборлари ишга тушгунга қадар, унумдор бўлганлигининг сабаби ҳам мана шунда. Масалан, Савай совхозида Андижон сув омбори ишга тушгунга қадар (1976—1977 йиллар пахта ҳосилдорлиги 35—36 центнерни ташкил этган бўлса, 1987—1988 йилларда бу ерда пахта ҳосилдорлиги ўртача 18—20 центнерга тушиб қолди. Шу йиллар мобайнида ҳосилдорлик Қўрғонтепа ноҳиясида 31,6 дан 21 центнерга, Марҳамат ноҳиясида эса 35 центнердан 17,5 центнерга тушди. Вилоятнинг Жалоқудуқ, Хўжаобод сингари бошқа ноҳиялари ҳам мана шундай нохуш аҳволдадир. Вилоятнинг мана шу тўрт ноҳияси пахтачилик учун қулай келган 1988 йили планни атиги 48—67 фоиз қилиб ўринлатди, холос. Фарғона вилоятининг Қува, Охунбобоев ва Олтиариқ ноҳиялари ҳам Каркидон ва Қўрғонтепа сув омборларининг салбий таъсирини бошдан кечирмоқда.
Амударёда қурилган Туямўйин сув омбори эса Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошовуз вилоятлари учун мана шундай улкан зарар келтиряпти. Бу сув омбори 7, 3 миллиард куб метр сув сиғдира олади. Унинг таъсирида бўлган зонада ер ости сувлари тез кўтарилиб кетди. Далаларнинг ялпи суратда қайта шўрланиши бошланди. Аҳоли ўртасида касалликлар кўпайди. Сифатли ичимлик сув етишмовчилиги келиб чиқди. Боғлар ва тўқайзорлар, соябоп дарахтлар барбод бўляпти. Хўш, миллиардлаб сўм сарфлаб, сув омбори қуриш, сўнг бунинг оқибатида келиб чиққан экологик норасоликларни бартараф этиш учун яна миллиардлаб сўм маблағлар сарфлаб, каналлар, чап ва ўнг соҳил коллекторлари қуриш ақлга сиғадиган гапми? Шўркўл сув омборининг таъсирида Шофиркон ноҳиясидаги Ғиждувон ва Жилвон совхозларининг узумзор, боғзорларининг деярли ярми барҳам топди. Андижон ноҳиясидаги Москва жамоа хўжалиги ҳудудида ҳозир яна бир сув омбори қуриляпти. У 5 миллион куб метр сув жамлашга мўлжалланган. Оқибат, яқин атрофдаги ер ости сувлари ниҳоятда тез кўтарилиб кетди. Отчопар қишлоғи бутунлай вайрон бўлди. 150 хўжалик аҳоли бошқа жойларга кўчяпти.
Хўш, келгусида сув омборларига қандай ёндашишимиз керак? Бизнинг фикримизча, у ёки бу туман ёки региондаги табиат мувозанатини бузган, ернинг унумини пасайтирган, сизот сувлари сатҳи кўпайишига олиб келган сув омборлари ишини тўхтатиш мақсадга мувофиқдир. Уларда тўпланган сув эса дарё ўзанларига очиб юборнлиши, айни пайтда сув омборлари тагида чўкиб қолган лойқалардан қандай фойдаланиш тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарур. Сув ниҳоятда тақчил бўладиган ноҳиялардан бошқа жойлардаги барча сув омборлари эса вақти-вақти билан ишлатилиши зарур. Яъни фақат сел келадиган ҳам қиш пайтларида сув тўплаш, баҳор ва ёзда, далаларни ювиш пайтида эса айланма каналлар орқали, уларнинг сувини тўплаган лойқалари билан биргаликда далаларга оқизнш зарур. Айланма каналлари бўлмаган сув омборларида яқин уч йил ичида уларни қуриш керак. Янги сув омборлари қуришдан эса бутунлай воз кечиш лозим!
Энди йирик ГРЭСлар масаласи ҳам келиб ччқадис Албатта, бундай жумҳуриятлараро ГЭС ва сув омборлари муаммосп манфаатдор томонлар жалб этнлга ҳамда экологик ва иқтисодий шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда қайта экспертизадан ўтказилиб, синчиклаб муҳокама қилиниши керак. Ахир биз партия ва ҳукуматнинг Орол денгизига доир қарорини бажаришимиз, ўлиб бораётган денгизга ҳеч бўлмаганда, ўша қарорда белгиланган даражада сув қуймоғимиз зарур-ку, Бу йил эса Орол қатра ҳам сув олмади. Барча ортиқча ва тежалган сувлар, сув омборларини очиб юбориш орқали қўлга киритиладиган оби-ҳаёт манбалари ҳеч кж ёққа эмас, фақат Оролга оқизилиши керак!
Яқинда бу борада дастлабки қадам қўйилди. Сўх сув омбори қурилиши тўхтатилди. Бундан буён эсй жумҳурият ҳудудидаги ва унга ёндош чегаралардаги сув омборларининг мақсадга мувофиқ ва номувофиқлигини аниқлаш мақсадида олимлар, мутахассислар, мутасадди ташкилотлар билан тинимсиз иш олиб бориш керак!
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.