1945 йил, сентябр
Чоржўйдан кўтарилган самолёт секин Тошҳовуз аэропортига келиб қўнди. Бундан уч йилу тўрт ой муқаддам ЗИС юк машиналарида Чоржўй шаҳри томон йўл олган эдим. Эндиликда худди шу йўлдан ҳаво орқали қайтиб келдим. Кетишда биз 100 нафарча зиёли йигитлар эдик. Қайтишда бир ўзим. Сафардошларимдан бирортаси менга йўлдош эмас. Кетишда не машаққатлар билан қум барханларини кечиб, оғир кечинмаларда йўл босганмиз. Қайтишда ҳавода оҳиста парвоздаман. Табиий, кайфиятим ғолибона. Бир ярим соатлик ҳаво парвози мен учун бир зумча бўлмади. Тошҳовузга етиб келгунча самолётнинг кичкина деразасидан йўлни кузатиб келдим. Машиналарда йўл босиб ўтганда олов пуркаб турган саҳро, ўркач-ўркач товланиб ётган қум барханлари, ора-сира кўзга ташланадиган саксовулзорлар, ёмғир суви натижасида пайдо бўлган тузли текисликлар кўз олдимдан ўтди. Қуму қирларни ўртадан бўлиб, саҳро белига боғланган тилла камар сингари кўринадиган Амударё самолётни пастдан кузатиб борди.
Бу манзара менга кўп воқеаларни эслатарди. Бироқ улар ичида эсда кўпроқ сақланган 1942 йилдаги уруш томон босилган йўл эди. Дарё туфайли кўкаламзорга айланган бурчак — саҳро кемтиги Дарғон-ота шаҳарчасини саҳрода ўз гўзаллигини кўз-кўз қилиб турган афсонавий Дровохонимни яна бир бор, энди юқоридан туриб кўздан ўтказдим ва ҳаёт-мамот жангидан қайтаётиб яна бир гал бу жойларга кўзим тушганига чексиз шукроналар айтдим. Бироқ сафардошларимдан биронтасининг қисматидан хабарсизлигим менинг юрагимни эзиб турган оғир армон эди. Умуман ким билади: улардан ким тирик қолган, ким йўқ! Манзилимга етгач, уларни излаш менга орзу эди.
Хизматдан озод қилинганимдан кейин дарров элимга етиб олақолай, деб шошилмадим, гарчи, отам-онам, қариндош-уруғларим мени тоқатсизлик билан кутаётганликларини билсам ҳам, Москвада бир неча кун турдим, Тошкентга келиб 1940 йили юрган кўчаларимдан яна бир гал ўтдим. Кечқурун театрга бориб спектакл томоша қилдим. Ўшанда, яъни 1945 йил сентябрда М. Шайхзоданинг «Жалолиддин» драмасини кўрдим, кўриб ўзимнинг жанговар йўлларимни эсладим. Яна ўша ёшлик туфайли Тошкентда туриб ҳам: «Мен келаяпман», деб ота-онамга икки энлик телеграмма йўлламабман. Кутилмаганда кириб бориш истаги устун эди шекиллик менда. Самолётдан тушар эканман, мен ўзимни бошқа бир шаҳарга тушгандек ҳис қилдим: мени ҳеч ким кутиб олмади. Буюм халтамни елкамга олиб аэропортнинг кўримсизгина эски иморатидан чиқиб шаҳарнинг катта кўчасига бурилдим. У пайтларда Тошҳовуз аэропорти шаҳар билан туташ эди: кўчада ҳам бирор таниш одам кўзимга кўринавермади. Уйга хабар бермаганимдан пушаймон едим. Хўрлигим келгандек бўлди. Ўзимни ёт бир жойда қаёққа боришни билмай кетаётган мусофирдек ҳис қилдим.
— Ёшлик экан-да!— ўйлайман бугун.
Туғилиб ўсган қишлоғим — Ҳалланг шаҳарнинг ғарбида бўлгани учун ўзимга боғлиқ бўлмаган туйғу билан катта кўчанинг ғарб томонига йўл олдим. Озгина йўл юриб Шовот кўпригига борадиган йўлни қисқартиш учун тор кўчалар оралаб кетдим. Бир қаватли таниш иморатлар. Иморатлардан бирининг эшигига «Тошҳовуз райОНОси» деган ёзувга кўзим тушди. Бирдан нохуш кайфиятим ўзгарди. Гўё очиқ саҳрода бораётиб бошпанага дуч келган йўловчидек ҳис қилдим ўзимни. Худди шу райОНОдан урушга кетганим яна бир гал хаёлимдан ўтди. Икки табақали катта дарвоза ўртасида очиқ турган эшикка қадам қўйдим. Менинг бу қадамим тамоман беихтиёр эди. Сафарбар қилинганимда Тошҳовуз РайОНОси бошқа жойда — Тозабозор посёлкасида бўлгани учун бу жойнинг ҳовлиси мен учун таниш эмас эди.
Ҳовли томон қанча қадам ташлаганимни билмайман, кутилмаган тезликда бир неча йигитлар худди узоқ вақтлар изланиб топилиб қолган айбдорни тутиб олиш ниятида бўлганларидек менинг устимга ташландилар. Бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим. Бироздан кейин менга ташланган йигитларнинг бири ўз укам Отамурод, бошқалари ўртоқлари эканини англадим. Улар ўқитувчилар тайёрлаш институтини битказиб, иш олиш учун бу ерга келишган экан. Ўзимдан қандай гап чиққанини билмайман. Улар эса нималардир дейишар, бироқ нима деяётганларини дарров англаб олиш ҳолатида эмас эдим. Фақат бир нарса эсимда — улар ўзларида йўқ даражада хурсанд эдилар. Икки томон — мен, улар дарров тушуниб олиш қийин бўлган ҳолатда эдик. Мен бу тасодифий учрашувдан ҳайрон бўлсам, улар жаҳонни қамраб олган уруш оловидан чиқиб қайтиб келганимдан ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Фақат бир неча дақиқалардан кейин ўзимизга келиб, бир чеккада ўрнатилган ўриндиқ томон ўтдик ва ўтириб ҳол-аҳвол сўрашдик. Уруш тугаб она еримга етиб келганимни энди ҳис қила бошладим.
Урушнинг оловли йилларида назаримиз ғарбга тушар, қадамимиз ҳам Ғарбга қўйилар эди. Туғилиб ўсган қишлоғимга етиб олиш учун яна Ғарб томон қадам ташлаш керак бўлди. Биз йўлга чиқдик. У вақтларда на машина бор, на йўлда бирор арава учрайди. Зотан унга эҳтиёж ҳам йўқ. Уруш пайтларида кунига 40 чақиримдан йўл босган солдат учун 8 чақирим йўл нима деган гап. Укам учун эса бу — юриб юрган йўл.
Ўша кезлари Тошҳовуз кичкина шаҳарча эди. Мени пинҳонан кўрганлар ҳам бўлган чамамда, қишлоққа «чопар» жўнатишибди. Қишлоқнинг ярим йўлида аёллар — синглим ва жиянларим олдимга чиқишди. Улар билан кўришиб-сўрашиб озроқ йўл юрдик. Бир маҳал қишлоқ томондан елиб-югуриб келаётган одам қораси кўринди. Бу онам эканлигини узоқдан фаҳмладим.
Мен ҳам унга интилиб қадамимни тезлатдим. Яқинлашавергач, мени кузатиб қолган пайтдаги чанг-тўзон ичида пайдо бўлган ҳайкал кўз олдимда яққолроқ гавдаланди. У энди мен томон яна ҳам жадалроқ интилар, чанг босган юзларига оқиб тушаётган кўз ёшларию ҳаракат натижасида пайдо бўлган чангли терни кўйлагининг узун енглари билан артар экан, нималардир дер, фақат яқин келгандагина «болоғономой, болоғономой» деган сўзлари қулоғимга келиб етди.
Онамнинг қучоғида қанча бўлганимни эслай олмайман, бироқ шу нарса эсимдаки, онам топиб айтган сўзларни такрор қилиш қийин. Бир пайтда у йиғи аралаш урушни ҳам, фашистни ҳам бир қатор ёмонлаб чиқди, ўзининг бошига тушган кулфатларини ҳам қисман айтиб улгурди. Шу орада юз-кўзларимни бир эмас, бир неча бор ўпиб, ялаб-юлқашга ҳам улгурди. Озғин ва чайир қўллари билан силаб-сийпалади. Гўё у менинг аъзоларим ўз жойида эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчидек эди. Йўлни давом эттирганда, онам менинг ёнимдан ярим қадам нарироққа ҳам ўзини олмас, гўё бундан 3,5 йил муқаддам мени олиб кетган юк машиналари пайдо бўлади-ю, яна тахта ўриндиқларга ўтқазиб олиб кетадигандек. У мени еру кўкка ишонмайди. Бир қарасам, гимнастёркамнинг этагидан тутиб олибди, гоҳ ўнг томонимга ўтади, гоҳ чап томонимга. У шу топда мени яратганнинг ўзига ҳам ишонгиси йўқ!
Катта Ҳалланг қишлоғининг бир қисми бўлмиш мен туғилиб ўсган қишлоқча — Зийлигига яқинлашиб қолдик. Онам ҳамон одамлар бошига кулфат солган урушни ёмонлар… Уйга яқинлашган сари олдимизга чиқувчилар сони кўпаяборди. Ҳатто табиатан ўта вазмин, ҳа деганда ҳис-ҳаяжонга берилавермайдиган, бошқаларга, хусусан фарзандларига бўлган илиқ муносабатини яшириб, тарбияда хушомаддан кўра талабчанликни афзал кўрадиган отам ҳам ярим чақиримча жойга юриб келиб олдимга пешвоз чиқди, эсимни таниганимдан буён биринчи гал менга қараб қучоғини очди.
Табиий, уруш йиллари узоқ ва ғурбатли. Тўп-тўп бўлиб шаҳарлардан шаҳарларга, қишлоқлардан қишлоқларга ўтганимиз бор. Уларнинг кўписи на шаҳарга на қишлоққа ўхшарди. Ақл бовар қилмайдиган вайронагарчиликнинг ўзи эди. Шаҳарларнинг кўчаси қаердаю, турар жойлари қаерда эканини аниқлай олмай ўтган пайтларимиз бўлган. Баъзи бир қишлоқлар ўрнида у ер — бу ерда дўппайиб турган печка мўриларини кўрганмиз холос. Бу манзаралар қай даражада ачиниш ҳиссини уйғотмасин бунга кўникиб қолган эдик. Бироқ она қишлоғимга келиб кираётиб бу ердаги кўримсиз манзарага кўникишим қийин бўлди.
Ёш пайтларимизда қишлоғимиз кўкаламзорликда тенги йўқ жаннатмакон жой ҳисобланар эди. Катта ва кичик ариқ бўйларининг ҳар томони икки-уч қатордан экилган осмонўпар дарахтлар — мирзатерак, кўктерак, хуш ҳаво оқ ва қора толлар, ҳар бир ҳовли олдида булутдек ерга соя бериб турадиган гужумлар; баъзан тўғри, баъзан бироз эгри равишда экин майдонларига борадиган ариқчалар бўйи, қучоқ етмайдиган ўрик, нок, тут, жийдалар… Энди эса улардан нишона ҳам йўқ эди. Гўё диний китобларда қайд қилинган дажжол бу ерга қадам қўйибди-ю бир наъра тортиб ҳамма мевали-мевасиз дарахтларни туб-томири билан юлиб қаерларгадир улоқтирибди. Илгари дарахтзорнинг қалинлигидан ўқ ариқ бўйига жойлашган иккинчи ё учинчи уйни кўриш амримаҳол эди. Энди ҳаммаёқ ювиб ялангандек. Қишлоққа кириб борар эканман, посёлка сифатида қурилган хонадонларнинг энг адоғидаги уйлар ҳам, «мана мен» деб кўзга ташланиб турар эди. Поезд йўли атрофидаги Қозоғистон чўллари эсимга тушди, бу манзарани кўриб.
Посёлка туфайли уйларда ҳам аввалги салобат, файз йўқ эди. На уларда болалигимда кўзим ўрганиб қолган кунгиралар бор, на ёшлигимизда жамулжам бўлиб қочирма тўп, чиллак чўп ўйнаган майдонлар бор. Ҳаммаси қолипдан чиққандек бир-бирларига ўхшаган тор, кўримсиз уйлар бўлиб, бамисоли текис жойга териб қўйилган бир хил шаклдаги қутилар эди. Бизнинг уйимиз қишлоқнинг бир чеккасига жойлашган бўлганидан янги «маданий ҳаёт» нишонаси ҳисобланган ўша кезлари деҳқонларга кўп зарар келтирган посёлкачиликка чап бергандек бўлиб турар эди.
Аслида қишлоқларни посёлкалаштириш 39—40 йилларда бошланган бўлиб, «зарбдор» раҳбарлар бу ишни тезлаштирди — ариқлар кўмилди, дарахтлар кесилди, уйлар бир хил андозада сафга тизилди. Шундай қилиб қишлоқ юз ва минг йиллик анъаналарга асосланган деҳқонбоп гўзал қиёфасини йўқотди. Уйлар «тартибга» тушгандек бўлди, бироқ ерлар, сувлар, йўллар аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Обиҳаво, муҳит бузилди.
Биринчи кун қариндош-уруғлар қуршовида бўлдим. Ҳар ким менга нисбатан ҳайрихоҳлик ва қувонч ҳиссини билдириш учун ҳаракат қилар, жанг майдонидан мен ёзган хатларни эслашар эди. Улар мени ҳам гапга солмоқчи бўлишар, нимагадир баъзи бир узуқ-юлуқ жанг хотираларидан бошқа гаплар келавермасди. Бунинг устига қишлоқ манзараси менинг нафасимни бўғиб қўйгандек эди. Биламан, улар бу манзарага кўникиб қолишган. Шу сабабдан улар бу ҳақда гап очишавермас, кўпроқ бошқа мавзуларда гап бўларди. Бир ўтиришнинг ўзида 4 йил давомида қишлоқда рўй берган барча янгиликларни айтиб мени хабардор қилишди — бирини эшитиб хурсанд бўлдим, иккинчисидан хабар топиб хафалигим ошди. Қишлоғимизнинг манман деган йигитлари орқасидан қора хат келган ёхуд бедарак бўлиб кетишлари мени етим болалар ўрнига қўйиб қўйди. Йўқотишлар, қайғу-аламлар фақат уруш майдонларида эмас, балки урушдан узоқ-узоқларда жойлашган қишлоқларда ҳам озмунча бўлмаслигини билар эдим. Бироқ қишлоқнинг бу даражада ҳувиллаб қолишини тасаввур қилганим йўқ эди.
Балким шунинг учундир онамнинг қувончи ичига сиғмасди. Уй билан эшик орасида кириб-чиқиб хизматда юрганда ҳам мендан назарини олмас, худди урушга жўнаб кетган кунимдагидек менга алоҳида саховат билан меҳрини сочарди, кўриб кўзи тўймаётгандек эди. Гап орасида хурсандчилигини ифода қилиш мақсадида бўлса керак:
— Қаранглар бу болани, кетаётганда 3 ойда қайтиб келаман деб, мени алдаб кетди! Мен ишониб кун санадим. Кунлар, ойлар ўтиб кетаверди, бундан дарак йўқ!
Яна нималардир деб, мени суясуя қариндошларига «ёмон»лаган бўларди. Бу гапларни ҳам у оёқ устида юриб меҳмонларга чой-нон, овқат олиб келатуриб гапирарди.
— Хабар қилмасдан келишини айтмайсизларми?! — деярди қариндошлардан бири.
Бу хилдаги гаплар ойимга ёқиб тушар ва одатда ҳаммага маълум оналар учун ўта аламли қуйидаги сўзларни такрор-такрор айтарди:
— Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада!
Онам келажакка тегишли нималарнидир ҳис қилгандек:
— Йўқ! Йўқ! Энди ҳеч қаёққа юбормайман, бўлди,— деярди, кўзларимдан нималарнидир англаб олмоқчи бўлгандек менга тезтез гумонли нигоҳ ташлаб қўярди. Менинг хаёлимда нималар борини у бечора онаизорим ҳеч ҳам билмас эди.
Ярим оқшомларга бориб меҳмонлар тарқалишди, бир зумда уй ҳувиллаб қолгандек бўлди. Бу хилдаги жим-житлик, хотиржамлик бошқа шаҳарларда талабалик ва уруш йилларида жанг майдонидаги ола-ғовурлардан кейинги одатдан ташқари бўлиб сезилди менга. Меҳмонларни кузатиб қўйиб онам ёмон кўздан сақласин маъносида туз ва пиёз уруғларини аралаштириб исириғ тутатди. Айвоннинг бир томонида суҳбатлашиб ўтиришган отам ва акамга зимдан назар ташлаб қўйиб, ичида нималарнидир ўқиди. Шундан кейин айвон тўридаги катта ёғоч кароватнинг бир чеккасига жой солиб берди, бошимнинг тагига бир чимдим туз қўйди. Шу орада мени ўзига жалб қилиб бир бурчакда турган қопга ишора қилди-да:
— Чарчагансан, тўйиб-тўйиб ухла, эртага отанг билан мен бозорга кетамиз, — деди ва яна қопдаги нарсага ишора қилиб, — бўз, сенинг келишингга қараб тўқиб қўйганман, сотиб харж-харажат қиламиз, ҳали сени кўргани узоқ-яқиндаги қариндошлар келади, — деди.
Ҳали муҳитни тўла ўзлаштириб олмадим шекиллик, ойимнинг бу гапига кўп ҳам эътибор бермадим. Бироқ қандайдир сир борлигини ҳис қилар эдим бу гапларда.
Эрталаб ўрнимдан турганимда уйда катталардан ҳеч ким йўқ эди. Бир ўзим қолганимдан фойдаланиб, эсимни таниганимдан буён қадрдон бўлиб қолган уй-жойлар ва унинг атрофларини кўздан кечирмоқчи бўлдим.
Бу ўринда чўзиқроқ бўлса ҳам ўқувчимга изоҳ беришга мажбурман.
Хоразм воҳасида уй-жой қуришнинг ўзига хос анъаналари бўлар эди. Илгари уйлар катта қилиб қурилар, деворлари қалин — қарийб бир газлик, баъзан ундан ҳам қалин бўларди. Шу сабабдан улар ёзда салқин, қишда иссиқ қоларди. Энди билсам бу иқлим талаби экан.
Қурилиш жиҳатдан ҳам ўзига хос эди. Бугунги биз тушунган фундамент ўрнига бир ўлчовда кесилган йўғон-йўғон ёғочлар, унинг устидан қалин қилиб қамиш босиларди. Бу деворни захлаб кетишдан ташқари унинг ичида ҳаво алмашиб туришини таъмин қилар экан. Қамишдан кейин пахса қўйилар эди. Пахса деворга ўзига хос нақшлар қўйилар эди. Бу хилдаги уйларнинг юз йиллаб бузилмасдан турганларини кўрганим бор.
Ҳажм жиҳатдан ҳам уйларнинг сатҳи камида ярим таноб келадиган бўлиб, кичикроқ бўлса, ҳар бурчагидан биттадан жами 4 та кунгира қўйиларди, агар каттароқ бўлса ҳар икки ён томонга биттадан кунгира ўрнатиларди. Шу боисдан «4 кунгирали», «6 кунгирали» уй деган тушунча ҳам бўлар эди. Кунгиралар уйларга алоҳида салобат бағишлар, шу маънода улар меъморий аҳамиятга эга бўлар эди. Бундан ташқари улар узун деворларнинг мустаҳкам туришлари учун суянч ҳам эди.
Уйнинг дарвозаси албатта жанубдан қўйилар эди. Эшик шимолдан қўйилиб, уни «ёз эшик» деб атар эдилар. Кирди-чиқди қишда дарвоза томондан бўлиб, ёз пайтида эса бу вазифани «ёз эшик» бажарар эди. Ёз эшик олдида бостирма бўлиб, уни «чортоқ» деб ҳам аташарди. Ёз пайтлари оила кеча ва кундуз ўша чортоқ тагида бўлар эди. Чортоқ олдида ўқ ариқнинг нариги томонида бироз четроқда от, сигир, бузоқ боғланадиган махсус соя-салқин жойлар бўларди.
Ички тузилиш жиҳатидан ҳам воҳа уйларининг ўзига хос тузилиш тартиби бўларди. Ёз эшик ўртада жойлашган катта уйдан очиларди. Уни одатда «айвон» деб аташарди. Айвон бошқа уйлардан икки-уч баравар катта, бошқа уйларга нисбатан бир газ чамаси ёпилар ва камида икки томонида дарчалар қўйиларди. Ёз пайтлари бу дарчалар ғир-ғир шабада бериб айвоннинг ҳавосини тозалаб турарди. Баҳор ва ёз ойлари қисман қишда ҳам оиланинг асосий макони ўша айвон ҳисобланарди.
Бизнинг уйимиз айвонидан икки ён томонга эшик қўйилган бўлиб, улар совуқ кишларда яшайдиган хоналар ҳисобланарди. Бир томондаги хона ичкарисидан яна бир эшик бўлиб ундан «талак» деб аталадиган уйга кириларди. Умум тушунчада бу — омбордир. Оиланинг бутун бойлиги ўша талакда сақланарди. Айвондан талакка карама-қарши уйнинг эшиги молхонадан қўйилган бўлиб, унда мол еми ва сомон сақланарди. Шу сабабдан бу уйни шунчаки «сомонхона» деб ҳам атар эдилар. Дағал ҳашаклар эса томда жойланган бўларди. Айвондан ҳовли эшиги орқали даланга чиқилар, далан эса икки ҳовли (молхона маъносида) ўртадан бўлиб дарвозасигача чўзиларди. Даланнинг охирида бир томон «жиловхона» бўлиб, ундан меҳмонхонага ўтиларди. Жиловхона рўпарасида жувозхона жойлашган бўларди. Уста ишлатишга ўхшаган, баъзи хўжалик юмушлари одатда жиловхонада бўларди.
Кўраяпсизки бу хилдаги уйлар фақат яшаш учун эмас, балки катта бўлмаган деҳқон хўжалигини юритиш учун ҳам анча қулай эди. Ҳамма нарса бир жойда, бир том тагида: яшаш жойи ҳам, мол-ҳол ҳам, тегирмону жувози ҳам, от-уловлар, ҳўкизу қўш аслаҳалари, ҳовлидан ташқарида тандир ва чиғирдан (сув чиқарадиган чархипалак) бошқа нарса бўлмасди. Баъзи эпчилроқ оилалар ҳатто қудуққа ҳам том тагидан жой топарди. Бу асрлар оша Хоразм воҳасидаги деҳқонларнинг яшаш тарзи эди. Ёз ойларида чиғир ўқ деб аталувчи ариқ бўйида қурилган 2—3 чиғир, ҳовли атрофи, эшик олдини ёқимли оби-ҳаво муҳити билан таъминлаб турар эди. Бугунги фермер даражасидаги бу хўжаликнинг барҳам топиб, деҳқонларнинг кўча-кўча қилиб бир андозага асосланган уйларга кўчиб ўтишлари уларни ишлаб чиқаришдан узоқлаштиришдан бошқа нарса эмас экан.
Биринчи галда талак томондаги уйни кириб кўриш истаги туғилди менда. Эшикни очатуриб кутилмаган бир манзарага кўзим тушди. Уйнинг ўртасига тўқув дўкони қурилган эди. Сонсиз-саноқсиз ишлар шифтга илинган мослама орқали пастга тушириб, дастгоҳга уланган. Дастгоҳнинг олд томонида тўқиб чиқарилган мато бир газ чамасидаги мосламага ўралиб боради. Мослама билан тўқув ускунаси орасидаги бир парча мато устида мол шохидан чиройлик, бежирим қилиб ясалган моки ётарди. Моки ўртасида арқоқка мўлжалланган ип ўралган ғалтак, уйнинг бир бурчагида ип тортадиган чарх, унинг ёнида пахтани чигитдан тозалайдиган «чиғириқ» турар эди. Кеча уйга келиб кариндош-уруғлар билан кўришганда ҳаммаларининг устига бўз кийим кенг қилиб тикилган кўйлак, иштон, ҳатто бўялган бўздан тайёрланган дўппи борлигини кўрган эдим. Уларнинг бу хил кийинишларининг сабабини энди тушундим. Тушундиму иккинчи томондан ажабландим. Урушдан олдин етар-етмасликларга қарамасдан ип йигириш, мато тўқиш асбобларидан фойдаланиш тамоман ман қилинган эди. Борларини йиғиб олиш у ёқда турсин, бирор хонадонда бу ҳол асбобларнинг бирор бўлаги учраб қолса ҳам жиноий жавобгарликка тортилар эди.
— Бу ҳам ўша даврлардаги ҳаммани баробарлаштириш, ҳатто оддий тирикчиликни ҳам бир хил қолипга солиш йўли эканда, — ўйлайман бугун.
Бироқ ўша вақтда бошқа бир хулоса ҳоким эди. Бечора онам окопни эслатадиган зах чуқурда ўтириб дастгоҳ юритибди. Бўз мато тўқиб бутун оилани кийинтирибди, боқибди, унинг устига менинг келишимга зарур харж-харажатлар учун сотишга мўлжалланган бўзини қопга тиқиб эшак аравада бозорга жўнабди. Буларни мен энди, тўқийверишга тайёр турган бўз дўконини кўргандан кейин англадим.
Дўконхонага айланган уйдан талакка кирдим. Илгари бордон-бордон ҳар хил дон-дун, кўзалар тўла мол ёғи, аржа-паржа мол-мулк сақланадиган талак бўм-бўш эди. Зах у ер бу ерда латта-путталар, чуваги чиққан эски кўрпа тўшаклар ётарди. Ҳеч вақт — ҳатто очарчилик йиллари ҳам талакни бу даражада бўм-бўш кўрган эмасман. Бу манзара мени чуқур ўйга тортди.
Мендан кейин акам — Бекжон (ҳозир уруш инвалиди) фронтга жўнаган, отам (урушдан кейин 1964 йилда вафот этган) Уралга ишчилар баталиёнига сафарбар қилинган экан, демак онамнинг бир ўзи укаларимни оч-яланғоч қолдирмабди, ҳатто шунча қийинчиликларга бар дош бериб укам Отамуродни ўқитибди. Бунинг учун қанча куч ва қудрат, қанча ирода ва чидам керак аёл кишига! Буларни тасаввур қилиб ойимнинг матонатига чексиз офаринлар айтишга тайёр эдим. Энг муҳими, у ўз хизматларини бирон сабаб топиб қайд қилиб писанд қилишдан узоқда турар эди. Буларнинг ҳаммасини у табиий ҳол деб тушунар эди.
Талакдан чиқиб ҳовли — молхона эшиги томон бурилдим. Айвоннинг бурчагидаги қўл тегирмонига кўзим тушди. Бу — мен биладиган ўша эски тегирмон. У тахминан икки пуд келадиган тошдан ясалган бўлиб, бир четидан кичкина уйдимга тепадан осилган хода илинган тегирмон шу дастак хода воситаси билан айлантирилар эди. Демак ойим не азоблар билан бир парча ердан ундирган дон-дунларини қўл кучи билан айлантириб, шу тегирмондан ун чиқаради. Ўчоққа ўт ёқиб иссиқ овқат пиширади, тандирни қиздириб, нон ёки зоғора тайёрлайди. Ўтин ҳам — оқбош ё янтоқ, ёхуд буян. Уларни ҳам даладан ўриб эшак аравада олиб келадиган ойимнинг ўзи. Бу ишларни қилиш учун ҳам қанчадан-қанча матонат, бардош керак аёл кишига!
Яна ўтмишни, болалик йилларимни эслайман. Аёллар деярлик жисмоний иш билан шуғулланмас эдилар. Улар кўпроқ дўконда ҳар хил матолар тўқишар, оила аъзоларига кийим-кечак тайёрлашиб, уйнинг ҳар хил ишлари билан банд бўлардилар.
Юқорида айтилгандек, айвон эшигидан чиқсангиз ўнг ва чапда жойлашган иккита молхонага кўзингиз тушади. Кўрдиму таажжубда қолдим. Икки-уч арава бемалол айланаверадиган, 40— 50 қўй бемалол сиғадиган ҳовли — молхонанинг усти очиқ, ҳовли ўртасида ўрнатилган устун орқали ўтган беш кеса тўсин турибди, холос.
— Бечора онам бир ўзи ҳовлини майда тўсинлари, ходаларини ўтин қилиб, эшакка юклаб, бозорга олиб бориб сотган экан-да! Наҳотки битта аёлнинг қўлидан шунча иш келса! — дердим ичимда.
Ҳовлилар — қўра ва сайсхоналар бўм-бўш эди: на илгариги от-уловлар, сигиру бузоқлар бор, на 30—40 талаб қамаладиган қўйлар бор. Бир бурчакда юрган кичкинагина қўзичоқ «мен борман» дегандек секин маърагандек бўлди.
— Буни ҳам шояд ўғлим келиб қолса сўйиб едирарман деб, онам мен учун олиб қўйган бўлса керак, — деб ўйладим.
Уруш-ку уруш. Бироқ энди ўйлаб кўрсам, ўзини-ўзи эплаб, шу билан баробар элни едириб-ичиришга, кийдириб-кериштиришга маълум ҳиссасини қўшиб турган бу хилдаги хўжаликларни барбод қилиш урушдан анча олдин бошланган эди. Уруш эса ётганнинг устидан тепган бўлди.
Далан бўйлаб тўғри юриб, дарвоза томон бордим. Яна ўтмишни эсладим. Бу ерда қишлоғимизнинг машҳур дурадгори уста Янговой ясаб берган чиройлик катта от арава одатда шу даланда турарди. Арава йўқ эди.
— Ойим от ва катта аравани тутишни эплай олмай сотиб, эшак арава олибди-да!— ўйладим. Шу заҳоти Ўғилжон бувим айтиб юрадиган бир гапи эсимга тушди.
Охир замон бўлгани
Отдан эшак ўзгани.
Эсладиму охир замон келганига ишонмасам ҳам инсон учун ҳаёт машаққатли бир нуқтага келиб етганини англадим.
Йўлимни давом эттириб, жувозхонанинг эшигини очдим. Жувознинг лангар мосламаси ўрик ёғочдан ясалган ўқи ўққа босим берадиган эгри илма ёғочи ерда тартибсиз равишда ётар эди. Фақат жувознинг ўзи хонанинг ўртасида сўққайиб турарди. Улар ташландиқ эди, устларини чанг, чўп-чор босган. Товуқ ҳам қамалган шекиллик, ҳаммаёқ товуқ ахлати эди. Бир вақтлар сидириб-сидириб сақланадиган, бир бурчагида дам оладиган супа қилинадиган бу ерда отам билан жувоз ҳайдаб унинг пишган кунжит ёгига нон ботириб еганларим эсимга тушди. Бу манзарани кўриб анча ачиндим.
Ундан чиқиб одатда меҳмонларнинг отини тутиб меҳмонхонага таклиф қиладиган жиловхонага, ундан ўтиб меҳмонхонага ўтдим. Меҳмонхона аллақачонлар эгаси кўчиб кетган ташландиқ уйни эслатарди. Бир вақтлар у ерда отамнинг узоқ-яқиндан келган меҳмонларни кутгани, уларнинг кимлигини билиш, гапларини эшитиб олиш учун ҳавас билан уларга чой, овқат ташиганларим эсимга тушди. Эсимга тушди-ю, бу ташландиқ уйга эгалик қилиб, унинг устига баталиёндаги отам, урушдаги акам ва менинг учун ҳижрон ўтида доим қоврилган онам яна бир гал кўз олдимда тўлалигича гавдаланди. Унинг аҳволига ич-ичимдан ачиндим, нима бўлса ҳам шу оилани тебратиб ўтирганидан фахрландим. Кейин билсам, уруш йиллари бу хонада Россия томондан кўчирилган Парной фамилияли еврейлар оиласи турган экан. Урушнинг охирларида улар кўчиб кетишибди. Ойим, укам, Отамурод улар ҳақида кўп яхши гапларни айтишди. Улар бу ерда аҳил туришгани сабабли урушдан анча кейин келиб-кетишган ҳам экан.
Умуман ойимнинг меҳнаткашлигидан фахрлансам ҳам унинг қисматига раҳмим келарди. Колхоз пайдо бўлибдики, у зарбдор аъзолардан бири эди. У қилмаган ишни мен билмайман. Кетмон чопиш бўлса, у биринчилар қаторида, қазув қазиш бўлса қўлида белкурак ҳаммадан кўп ҳисса олиб ишлайди. Кундузлари пахта териб, кечалари кўрак чувийди. Баъзан бу ҳам етмагандек, ойдин кечаларда эркаклар қатори, бизни ҳам етаклаб жўхори ўришга боради. Бу ерда томорқада ўроқ ўришми, ўтоқ олишми, молларга даста-даста ўт кўтариб келишми — булар ҳам унинг бўйнида эди. Отам, акам узок жойларга (улар чўпон — колхознинг қўйларини боқар эдилар) жўнаб кетишса, кеч куз ва қиш пайтларида биз укам билан ўқишдан қайтгунча қўйларни далага чиқариб боқиб келадиган ҳам ўша ойим эди. Бозор-ўчарларни айтмайсизми? Бу ишда ҳам ойимнинг ўрни маълум эди. Хуллас, онамнинг ҳамма ишларини ҳисобга олсам, бунча меҳнатга битта одам бардош бера олишига ҳеч ким ишонмайди. Бунинг ҳам устига отам кўп фазилатлар эгаси бўлишига қарамасдан бироз жаҳли тезроқ одам эди. Уйда бўлган вақтларда ҳар дақиқа унинг ҳам раъйига қараб туриши табиий, унинг бурчи эди. Шу меҳнатлар, ҳатто кўргиликларни бошидан ўтказган аёлнинг юзни кўрганини (1890—1990 йил) тасаввуримга сиғдиролмайман.
Замонлар ўтиб тарихнинг бир босқичи сифатида колхоз тузумида хизмат қилганларга ҳайкал қўйиладиган бўлса, бу ҳайкал асосида онам қиёфасини кўргим келиб қолади.
Дарвозани очиб ташқарига чиқдим, ўнг томонда бир андозада шаҳар кўчалари шаклида икки томонга қурилган кўримсиз пахса уйлар. Кўписи ташқари томондан сувалмаган. Баъзилари тўла битмаган. Уруш бошланганидан кейин ташлаб қўйилган. Чап томонга бурилдим. У ерда ўзи вафот этиб, болалари бошқа жойга кўчиб кетган амакимнинг гужуми бўлар эди. Урушдан олдин амакимнинг уйлари кесак қилиб ерга ўғит сифатида ишлатиб юборилган бўлиб, гужум эса уйимиз атрофининг кўрки бўлиб турар эди. Нимагадир гужум кўзимга кўринавермади. У томон юрдим. Не кўз билан кўрайки, гужум каллакланган бўлиб фақат тут ёғочи диккайиб турарди. Ёнимда юрган жиянларимдан қизиқиб сўрадим.
— Раис чопиб олиб кўприкка ишлатди,— деди улар бепарволик билан. Мен бу ишга бепарво қарай олмас эдим. Билар эдимки, мевали дарахтни кесиб, чопиш мумкин, лекин одам бошига соябон гужумни чопиш на мусулмонликка, на одамгарчиликка тўғри келар эди. Бу иш худо олдида ҳам катта гуноҳ иш ҳисобланарди.
Анча вақт шохларидан жудо қилинган гужум тўнкаси олдида туриб қолдим. Менга бу жанг майдонидаги уйлар бузилиб, улардан қолган тиккайиб турган печка мўриларини эслатди.
Кечга қараб онам қандайдир «ўлжалар» билан қайтиб келди. Кела солиб мени «тергов» қила бошлади. Нима еб, нима ичганим билан қизиқди, ким келиб, ким кетганини суриштирди. Бир зум ҳам дам олмасдан кечки овқатга уннади.
Кечқурун ҳамон изи узилмаган меҳмонларга овқат тортар экан, мен онамнинг омилкорлик билан иш битирадиган қўлларига разм солдим. Не кўз билан қарайки, ёши эндигина 50 дан ошаётган ойимнинг қўллари фақат пай ва суякдан иборат эди. Одатда одам қўли чиғаноқдан пастки икки суякдан иборат бўлади. Бироқ би лакнинг икки суякдан иборат экани доим ҳам сезиларвермайди. Онамнинг билагида эса бу суяклар мана мен деб билиниб турарди. Улар ораси эт билан эмас, балки пай ва томирлар билан тўлган эди.
Шундай яратилган эканмизки, оналаримизнинг меҳр-шафқатидан ҳар дақиқа, ҳар соатда баҳраманд бўламиз, бироқ ҳеч вақт бу меҳр-шафқатни оналаримиз даражасида уларга қайтара олмаймиз. Минг афсус!
Меҳмонлар тарқалишгандан кейин онам менга:
— Бугун бозор ёмон бўлмади, яна бироз иш қиламан, кейин 15—20 кунлардан кейин сенинг омон-эсон келганинг учун тўй қилиб берамиз, — деди.
«Шу аҳволда тўй ҳам бўларкан-да», ўйландим мен. Ўйлаб онамнинг бу режасини миямга сиғдираолмадим.
Онам «иш қиламан» деган пайт эрталабки кўрган бўз дўкони кўз олдимга келди. Дарҳақиқат, эрталаб ўша уйда бир хил маромда тақир-туқур, шақ-шуқ овозлари қулоғимга эшитиларди.
— Бечора онам бўз тўқияпти, кечаси ҳам тўла ухламаган бўлса керак, — деб ўйладим мен.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-11-сонлар