Шуҳрат Ориф. Ҳар бир кун – ўзгармоқ учун янги имкон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Орифнинг “Шом товуши” номли китоби чоп этилди. Янги тўпламда лирик қатралар, фалсафий фикрлар ҳамда ҳаётий кузатувлар жамланган. Китобни ўқиган адабиёт муҳиблари ўз йўлига эга шоир дея эътироф этилган муаллифни ҳаёт долғаларида тобланган файласуф ўлароқ кашф этсалар ажаб эмас. Қуйида “Шом товуши”да жамланган фалсафий-лирик қатралардан намуналар чоп этмоқдамиз.

Эслатиб ўтамиз, бу – Шуҳрат Орифнинг иккинчи китоби. Бир муддат аввал унинг “Мен асли одаммас, ёр эдим” деб аталган шеърий тўплами нашр қилинган эди.

 

Ошиқликда бирлик бор, биргалик  йўқ.

***

Қалб  саволлар  билан  юксалади.

Жавобларга  шошилманг.

Энг  аввал  сизни  юксалтирадиган  саволларни  топинг.

Сизни  манзилга  жавоблар  эмас, саволлар  олиб  боради.

***

Фарзандингизга  қандай  яшашни  эмас, қандай  ҳис  қилишни  ўргатинг.

Ҳис  қила  олмаса, яшашнинг  ҳам кераги  йўқ.

***

Тўзғимай  туриб, бутун  бўлолмайсиз.

Парчалана  олганларгина  бутунликни  истайдилар…

***

Атрофингизга боқиб  хижолат  чекманг.

Қаерда  унишингиз  сизнинг  танловингиз эмас.

***

Гул гулзорда, тувакда ёки шиша идишда  ўсса ҳам, барибир – гул!

Гулнинг қаерда ўсгани унинг қийматини асло туширмас.

***

Қўл нур  тафтини ҳис  қилса, титрай бошлайди.

Қалб нур тафтини  ҳис  қилса, инграй  бошлайди…

***

Агар  ҳаёт  тарзингиз бошқа бировларникига  икки томчи сувдек ўхшаса, демак, сиз ҳамма қатори одамсиз!

***

Ҳар бир куннинг сизга айтар сўзи бор.

Сиз ё  эшита олмаяпсиз, ёки  тушунмаяпсиз.

***

Хотирангизда нималардир яшаяптими, демак, сиз ўша лаҳзаларда  росмана  яшагансиз.

***

Болаликда  қандай юришни  ўргатишади, балоғатга  етганингизда эса қаерда юришни…

***

Аёл ким учундир ҳузур.

Ким учундир қусур.

Ким учундир  нур…

***

Тақдир поездининг  темир  излари, эҳтимол, аввалдан қуриб  чиқилгандир. Лекин  унга бекатларни ўзимиз барпо этамиз.

***

Сиз муносиб  бўлаверинг, сизга  муносиби  ўзи  келади…

***

Йўқотишдан  ҳеч  қачон  қўрқманг.

Йўқотмасангиз – топмайсиз!

***

Денгизни  кўрган  одамлар  бошқача  бўлади. Улар  тўлқинлар  борлигига, ўзлари  ҳам  тўлқин бўла олишларига ишонади.

***

Тарозида  шундай  мувозанатни  топингки,  икки дунёда  ҳам ғолиблар  сафида  бўлинг.

***

Тақдирда  тасодифлар  бўлиши  мумкин, лекин  тақдирнинг  туҳфалари  тасодифий  эмас.

***

Чиройли  келадиганлар  кўп.

Чиройли  кетадиганлар кам…

***

Дўст  кўп бўлиши  мумкин. Лек ҳамроҳ битта бўлади!

***

Ҳаёт  ўз  сўзини айтмасидан  аввал сиз ўз  сўзингизни  айтинг!

***

Шошманг.

Югурманг.

Лекин Йўлдан қолманг.

***

Бахт  берадиган  дардлар  бор.

Дард  берадиган  бахтлар  бор…

***

Ёрни йўлдан изламанг. Уни манзилда топасиз…

***

Севги дардлар олиб келмайди.

Дардлар севги олиб келади…

***

Энг муҳими – Йўлга чиққанингиз! Манзилга етиш-етмаслик кейинги масала.

***

Ҳаммасини ёлғизликда топасиз. Ёрни ҳам…

***

Манзилга етгач, излар йўқолади…

***

Ўзингизни  йўқотиб  қўйдингизми, билинг, сизни кимдир ўзи билан олиб юрибди.

***

Япониядаги вулқон қирғоғида сакура дарахти қийғос гуллабди. Шундоққина вулқоннинг ёнида! Чинакам шоирнинг ҳаёти ҳам аслида шундай кечади. Шоир ҳар қандай  шароитда  ана  шу сакурадек гуллаши керак. Энг камида ўз сўзини айтиши, дунёга қандай чиройли гуллаши мумкинлигини кўрсатиб ўтиши лозим.

***

Инсон қалбини ранжитманг. Ҳар бир қалбда Худо бор, ахир!

***

Яхши одамларга интилиб уларга яқинроқ юрсангиз, ҳаёт сизда яхши таассуротлар уйғотади.

Ҳаёт  ҳақидаги  таассуротлар, аслида, одамлар  ҳақидаги  таассуротлардир.

***

Кундуз – одамларники; кеча – ошиқларники; кеча ва кундуз – орифларники.

***

Тонгги шабнамдек бўлинг: ёмғирмисиз, сувмисиз, кўзёшмисиз – билолмасинлар.

***

Сиз ҳақиқатни изламанг, умрингиз беҳуда ўтиб кетади.

Сиз ўзингизни топинг  –  ҳақиқат ўз оёғи билан келади.

***

Қалб кўзи очилмас экан, жуда кўп дарвозалар очилмайди.

***

Исмимизни одамлар, мақомимизни ошиқлар, қийматимизни орифлар билур.

***

Кимларнидир топиб  ранжийсиз,

Кимларнидир йўқотиб қувонасиз.

***

Қўлингиздан кетганга эмас,  дилингиздан кетганга ачининг.

Қўлингиздан кетганлар  қайтади, дилингиздан кетганлар минбаъд қайтмайди.

***

Ҳар соҳилга бош ураверманг.

Ўзингиз интилган соҳил бўлсин.

***

Баъзан ўйлар сени юксалтиради.

Баъзан эса юксалишлар сени ўйлантиради…

***

Юксакда учаётганларга кўп ҳам ҳавас қилаверманг.

Балки улар қўнишга жой топа олмаётгандир…

***

Ўз оламингизни ярата олмасангиз, ҳечқурса, бир оролингиз бўлсин!

Қумдан бўлса-да, ўша оролни қуринг!

Қалдирғочдек  оғзингизда лой ташиб бўлса-да, қуринг!

Дунёда  яшайсиз, ул оролда эса нафас оласиз…

***

Қалбимиздаги гуллар дарддан унган.

Уларни кўзёш ила суғорганмиз.

***

Кўп орзу  қилаверманг.

Яхшиси, дуо билан  ёлвориб сўранг.

Орзулар – нафснинг  ўгай  болаларидир…

***

Томчи бўлатуриб денгизнинг шавқини берадиганлар ҳам бор!

***

Айрим  дарахтлар табиатга кислород  тарқатгани каби гўзал қалблар ҳам атроф-жавонибга ёруғлик улашади. Шундайларга яқинроқ юринг, биродар.

***

Ошиқлар – тўлқинлар  соҳилга  чиқариб  ташлаган  чиғаноқлардир.

Уларнинг қалбида дунёдаги энг ноёб марваридлар яширин.

***

Кўп ўй  сурманг. Алҳол, ҳаммаси аввалдан  ўйланган, ўйлаб бўлинган…

***

Умр бу – шовқин-суронли йиллар эмас, шивир-шивир лаҳзалардир.

Йилларни кутинг ва кузатинг, лаҳзаларни эса севинг.

***

Қалбингизда сабрдан сунъий тўғон тикланг. Айрим  ҳисларни  тўғон  билан тўсмасангиз, улар кутилмаганда тошиб, ҳаётингизни остин-устун қилиши мумкин.

***

Ўйларингиздан хижолат чекмасангиз, демак, сиз яхши одамсиз!

***

Ҳар бир инсон – кимгадир  аталган  мактуб.

У жуда  муҳим  ниманидир етказиши керак.

Ҳар бир мактуб албатта очилиши ва ўқилиши лозим…

***

Кунлар – эшитилмаётган  унлардир.

***

Ҳиссиётлар ҳам қаҳвадек бир гап. Совиганда – ёқимсиз…

***

Умр – абадий йўл!

Ё сиз борасиз, ё сизга келишади.

***

Дунё қизиқ-да:  тош  бўлатуриб  жон бағишлайдиганлар бор, гул  бўлиб  жон оладиганлар…

***

Ҳар  бир кун – ўзгармоқ  учун янги имкондир!

***

Умримиз – шунчаки хабар. Уни хушхабарга айлантирмоқ лозим.