Қонун эгасининг қонунсизлик қурбони бўлгани хусусида
ЎЗБЕКИСТОН ССР ПРОКУРАТУРАСИНИНГ БУЙРУҒИ:
«Китоб район прокурори Хайрулла Остонов 1986 йил 4 август куннинг иккинчи ярмида Навоий номидаги совхоз директори Ашуровнинг қариндошиникида ўтказилган диний маросимда (суннат тўйи — ред.) иштирок этиб, спиртли ичимлик истеъмол қилган. Кечки пайт эса у кайфи тароқ ҳолда Китоб шаҳри марказида пайдо бўлган. Медицина кўригидан ўтказилганда унда ўрта даражадаги мастлик ҳолати аниқланган. Ўз хатти-ҳаракати билан X. Остонов прокуратура ходими шаънига доғ туширган. СССР прокуратураси прокурор ва терговчиларни рағбатлантириш ҳамда интизомий масъулияти қақидаги Низомнинг ўнинчи модда иккинчи қисм ва ўн иккинчи модда олтинчи қисмини қўллаб
БУЮРАМАН:
Қашқадарё область, Китоб район прокурори, биринчи даражалм юрист Хайрулла Остонов ўз вазифасидан озод қилинсин, прокуратура соҳасидан четлаштирилсин, уни юристлик даражасидан маҳрум қилиш ҳақида тавсиянома тайёрлансин…
Ўзбекистон ССР прокурори,
иккинчи даражали давлат маслаҳатчиси
А. В. БУТУРЛИН».
СССР БОШ ПРОКУРОРИ, ҲАКИҚИЙ ЮСТИЦИЯ ДАВЛАТ МАСЛАҲАТЧИСИ А. М. РЕКУНКОВГА
«Менга ннсбатан қўпол равишда бузилган социалистик қонунчиликни тиклашингизни, мени адолатсизлик ва қонунсизликдан ҳимоя қилишингизни илтимос қиламан.
X. ОСТОНОВ».
ҚАШҚАДАРЁ ОБЛАСТЬ, УЛЬЯНОВ РАЙОН, «МОСКВА» СОВХОЗИДА ИСТИҚОМАТ ҚИЛУВЧИ ХАЙРУЛЛА ОСТОНОВГА
«Сизга тушунтирилган сабабларга кўра Сизни прокуратура соҳасига тиклашнинг иложи йўқ. Сизни ноқонуний қўлга туширган милиция ходимларининг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш республика Ички ишлар министрлигига топширилган.
Ўзбекистон ССР прокурори ўрннбосари,
юстиция катта маслаҳатчиси
А. ЖУКОВ»
«ЎЗБЕКИСТОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ» ГАЗЕТАСИНИНГ БОШ МУҲАРРИРИГА
«…1981 йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон ССР прокурорининг буйруғига асосан Қашқадарё область Китоб районига прокурор этиб тайинландим. Районда жиноятчилик йил сайин ўсган, лекин камаймаган эди. Унинг сабабларини ўргана бошладим. Район ички ишлар бўлими фаолияти, гражданлар аризаси қандай ҳал қилинаётгани билан қизиқдим. Хат-хабарлар ойлаб, ҳатто йиллаб рўйхатга олинмай, ўрганилмай келинган ҳолларга гувоҳ бўлдим. Жиноий ишлар сифатсиз ва муддатига риоя этилмасдан тергов қилинган. Район ва область прокуратураларининг ёзма кўрсатмалари асоссиз равишда эътиборсиз қолдирилган, бажарилмаган.
Давлат мулкини талон-тарож қилган жиноятчилар аксарият ҳолда милиция ходимлари ҳомийлигида жазодан қутулиб қолишган. Район ички ишлар бўлимидаги бу салбий ва носоғлом ҳолатлар милиция бошлиғи Саидмурод Сафаровнинг бевосита раҳбарлигида авж олиб келган. Текшириш давомида аниқланган қонунсизлик ҳоллари юзасидан еттита жиноий иш қўзғатилиб, терговга ўтказилди. Ана шу аниқланган қўпол хато ва камчиликлар, милиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари хусусида 1986 йилнинг 10 февраль куни областъ ички ишлар бошқармасм бошлиғига, областъ прокурорига ва район партия комитетининг биринчи сакретарига ёзма маълумот киритдим.
Менинг назаримда милиция бўлимидаги бу қонунсизликдан кўз юмиш — жиноят эди. Маълумот область ички ишлар бўлимида кўриб чиқилгач, бош терговчи Холмуродов ишдан бўшатилдм, терговчи Бозоров қаттиқ огоҳлантирилди, Китоб район партия комитетининг 1986 йил 17 март кунги бюро қарорига асосан ички ишлар бўлими бошлиғи С. Сафаровга ҳисоб карточкасига ёзиш шарти билан ҳайфсан берилди ва уни ўз вазифасидан бўшатиш ҳақида область ички ишлар бошқармасига таклиф киритилди. Бошлиқ ўринбосарлари Ўроқов, Жавлиев ҳамда партия ташкилоти секретари Латиповлар ҳам жазоландилар. Шу кундан эътиборан Сафаров билан Ўроқов мени зимдан таъқиб эта бошлашди. Милиция ходимларини менга қарши қўйишди.
1986 йил 4 август куни район халқ суди раиси Эркин Алмуродов билан иккаламиз Навоий номидаги совхоз директори Қурбон Ашуровнинг қариндошиникидаги тўйда иштирок этиб қайтганимизда, кеч соат тўққиз яримларда район прокуратураси олдида Сафаров билан Ўроқов ўн беш нафар милиция ходими билан бирга мени куч ишлатиб, қўл-оёғимни қайириб, милиция бўлимига олиб келишди. Врачлардан «ўрта даражада ичган» деган хулоса олиб, бутун республикага шарманда қилди. Республика прокурори эса уларнинг ноғорасига ўйнаб мени ишдан бўшатди, ўз соҳамдан четлаштирди, хизматим эвазига олган юристлик даражаларимдан маҳрум қилди. Китоб район ижроия комитети мени депутатликдан чақириб олди. Район партия комитети эса мени партия аъзолигига кандидатликдан ўчирди…
Ҳурматли бош муҳаррир! Ёшим ўттиз бешда. Ҳаётда нимани кўрдиму, нимани ўргандим, билолмай қолдим. Қайси оғир гуноҳларим учун мени бу қадар шафқатсиз жазолашди? Менга ёрдам беринг! Мени ҳимоя қилинг!
X. ОСТОНОВ».
…1986 йилнинг 4 август куни юз берган бу воқеа нафақат Қашқадарёда, балки бутун республикада катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Барча район, шаҳар ва область прокуратураларида фавқулодда чақирилган йиғилиш иштирокчилари республика прокурорининг расмий буйруғини муҳокама қилиб, бир овоздан маъқуллаган эдилар. Фақат Қашқадарё область прокуратурасида бу буйруқ норозилик билан қабул қилинди. Аппарат ходимлари область прокурори Ботир Калонов ҳузурига кириб, Остоновга нисбатан адолатсизлик қилинганини, уни ҳеч бўлмаса прокуратура соҳасида олиб қолиш лозимлигини илтимос қилишади. Ҳатто республика прокуратурасига Остоновни ҳимоя қилиб, илтимоснома ҳам тайёрлашади. Лекин ўша пайтлар спиртли ичимлик истеъмол қилган, бунинг устига диний маросимларда иштирок этган раҳбарларни ҳимоя қилиш мумкин эмас эди. Негаки бу пайтлар алькоголизмга қарши қарор эндигина чиққан, Марказқўмнинг идеология котибаси Р. Абдуллаева эса мачитларни ёпиш, Наврўз байрамини тақиқлаш каби «жўшқин фаолиятини» авж олдириб юборган пайтлар эди.
Хайрулла Остоновни абвсиз жазолашди. Лекин ҳеч ким — унга «милицияни тартибга келтир» деб фатво берган райкомнинг биринчи котиби Юрий Мелентьев ҳам, атиги саккиз ой бурун унга ижобий характеристика ёзиб район прокурорлигига тавсия этган область прокурори Ботир Калонов ҳам, уни ҳимоя қилишга журъат этишмади. Энди эса, ўша даврдаги воқеаларга холис баҳо берилаётган бир пайтда улар айбни республика прокуратурасига тўнкашяпти. Гўё Бутурлин шундай жазоланглар деб кўрсатма берган эмиш. Абдуллаева суннат тўйини эшитиб жазавага тушган эмиш. «Собиқ»ларни айблаш осон. Бири узоқ юртга ишга кетган, бири озодликдан маҳрум бўлган кишилар энди бу масалага ойдинлик киритишолмайди. Истайсизми-йўқми бу ишларни, бу чигалликларни сиз билан биз, шу юртнинг, шу соҳанинг ҳозирги кишилари ҳал қилмоғи, ечмоғимиз лозим.
Командировка давомида бир нарсани аниқламоқчи бўлдим. Милиция билан прокурор орасида муносабат қандай эди? Республика прокурорининг Остоновни ишдан олиш ҳақидаги буйруғида у (яъни, Остонов) куннинг иккинчи ярмида диний маросимда иштирок этиб, спиртли ичимлик истеъмол қилди, дейилган. Район прокуратурасининг ўша пайтдаги котибаси Насиба Норова ўз тушунтириш хатида ёзишича, Остонов ўша куни соат бешга қадар ишхонасида бўлган. «Кеч соат бешларда прокурор қабулига келган бир кишини журналга қайд этиб, ичкарига киритдим-да, рухсат сўраб уйга кетдим», деб ёзади Насиба. Биз архивдан 1986 йил 4 август куни прокурор ҳузурига кирган кишининг фамилиясини аниқлаб, у билан суҳбатлашдик. Ойбек кўчасининг 9-уйида истиқомат қилувчи Нурулло Аҳмедов ҳақиқатда ҳам 4 август куни кеч соат бешларда район прокурори ҳузурида бўлганини тан олди. Бундан ташқари Қашқадарё область матлубот жамиятлари союзи правланиесининг катта ревизори, КПСС аъзоси Холмамат Бердиев ҳам худди шу куни кеч соат беш яримларда прокурор билан иш юзасидан суҳбатлашганини маълум қилди.
Шуниси қизиқки, бу жанжалга оид барча гувоҳлик ва ҳужжатлар шахсан милиция бўлими бошлиғи кўрсатмасига асосан ёзилган ва гувоҳларга ўқиб берилмасдан, улардан фақат имзо қўйиш талаб қилинган. Бунинг устига прокурорни куч ишлатиб милиция бўлимига олиб келиш, уни сўроқ қилиш, тинтиш каби ҳолларга гувоҳлик қилган кишиларнинг аксарияти майда безорилик қилиб қўлга тушган, терговга тортилган ёки милиция рўйхатига олинган қонунбузарлар экан. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ҳаммаси милицияга боғлиқ ва муте кишилар.
Энди Остоновни милиция бўлимига олиб келиш ҳолатини таҳлил қилсак. Одамларнинг гувоҳлик беришича, уни район прокуратураси олдидан тунги тўққиз яримларда ўн беш нафар милиция ходими ўз бошлиқлари Сафаров ва Ўроқов раҳбарлигида ур-йиқит ва тўполон билан, куч ишлатиб бўлимга олиб келишган. биз Саидмурод Сафаровдан тунги пайтда шунча милиция ходимини район прокуратураси олдида нега ушлаб турган эдингиз, деб сўраганимизда, у «майда безорилик билан қўлга тушган кишини жазолаш учун халқ суди раисини кутиб турган эдик», деб жавоб қилди. Наҳот майда безорилик билан қўлга тушган кишини қўриқлашга ўн беш нафар милиция ходими жалб этилса? Бу ҳам етмагандек уларга милиция бошлиғи ва ўринбосари кузатувчанлик қилишса? Қолаверса, ишдан сўнгги пайтда район судясини кутиш ҳам ақлга сиғмайди. Сафаров бу гумонимизга жавобан шундай деди: «Агар биз шу куни ўша жиноий ишни ҳал қилмасак, муддати ўтиб кетарди…» Ҳолбуки, Ўзбекистон ССРнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги Низомида «майда безорилик ҳаракатини 233-моддага биноан район ички ишлар бўлими бошлиғи, ўринбосари ҳам кўриб чиқиб, тегишли маъмурий жазо чораси қўллаши мумкин», деб ёзиб қўйилган.
Нега ички ишлар бўлими бошлиғи Сафаров ёки унинг ўринбосари Ўроқов бу масалани ўзлари ҳал этишмади? Нега улар тунги тўққизга қадар район прокуратураси олдида соқчилик қилишди? Бугун бу саволларнинг жавоби китобликларга ҳам, областдагиларга ҳам яхши маълум. Прокурор Остоновнинг адолатли тавсияномаси асосида райком бюросида қаттиқ жазоланган ва ўз вазифасига нолойиқ деб топилган Сафаров бу одил ҳамюртини таъқиб этгани ва ниҳоят 4 август куни спиртли ичимлик ичди деб бадном қилгани ҳақида биз бугун тўла маълумотга эгамиз.
Ўша куни прокурорни ноқонуний қўлга туширишда иштирок этган милиция ходимларининг аксарияти унинг принципиаллиги асосида жазоланган ёки ўз қариндош-уруғларига нисбатан жиноий иш қўзғатгани учун ундан ранжиган кишилар эди. Милиция бошлиғи Сафаров унинг ўринбосарлари Ўроқов ва Жавлиевнинг прокурор маълумотига кўра жазоланганларини биз юқорида айтдик. Ички ишлар бўлими партия ташкилоти секретари Ақмаджон Латипов район прокурори Остонов номига 1986 йил 7 январь куни ёзган тушунтириш хатида вояга етмаган ўсмир Шоянов Эшмўминга нисбатан зўравонлик қилганини тан олади. У прокурор томонидан ортиқ бундай ноқонуний хатти-қаракат қилмасликка чақирилади. Орадан олти ой ўтгач, прокурорнинг ўзини қўлга тушириш Латипов учун ҳам завқли эди, албатта. Район ички ишлар бўлими сураткаши Актам Рустамов ҳам ўз акаси устидан ёзилган аризага жиддий эътибор бергани учунми, ҳар қалай қўллари шилиниб қонаган, кийим-боши бетартиб ҳолда зўравонлик қурбони бўлган прокурорни ҳар томондан, такрор-такрор суратга туширишдан эринмади.
Ўша куни милиция ходимлари прокурорни райондаги энг сўлим гўшалардан бири — Жовуз қишлоғидаги зиёфатда, деб ўйлашган эди. Актам билан у ерга боришди ҳам. Бу ҳақда сураткашнинг ўзи бизга қуйидагиларни ёзиб берди: «1986 йил 4 август куни ОБХСС ходими, марҳум Аҳат Тўраевнинг машинасида Маъруф исмли йигит билан катталарнинг топшириғига биноан иккита машинада кечга яқин Жовуз қишлоғига борганимиз рост. Нима учун борганимизни билмайман. Менга фотоаппаратларни ҳам олиш буюрилган эди. Қишлоққа кирдигу, чиқдик. Кимни, нимани излаганимизни билмайман».
Уларга ҳамроҳлик қилган Маъруф Турсуновнинг тушунтириш хатидан: «…сураткаш Актам билан кун ботар пайти район прокуратураси олдига келдик. бизни бу ерга милиция навбатчиси юборган эди. Милиция бошлиғи прокурор билан узоқ тортишди. Сўнг Сафаров жаҳл билан: «Ол, машинага тиқ прокурорни», деганини эшитдим, холос. Милиция ходимлари прокурорга ёпиша кетишди. Бирпасда уни бизнинг машинага тиқишди. Уни машинага мажбуран киритишаётганда қўли ва билаги сидралиб қонади. У қаршилик кўрсатаётган эди, лекин кучи етмади. Умуман, жуда ёмон воқеа бўлди. Эрталаб шу жанжал бўйича мени областдан келганлар сўроқ қилишди. Лекин ҳеч ким, ҳеч нарса деб ёздириб олмади».
Ҳа, негадир мазкур воқеани ўрганиш учун, областдан келган масъул ўртоқлар бир ёқламалик билан иш тутишган. Фақат прокурорни қоралаб, милиция бошлиғини ёқлаб кетишган. Бўлган воқеани рўй-рост айтган кишилардан атай ҳеч нарса ёздириб олинмагани кишини ажаблантиради. Бугун милиция ходимлари ҳам, ушбу жанжалга алоқадор бошқа ўртоқлар ҳам прокурорга нисбатан куч ишлатилмаган деб бизни ишонтирмоқчи бўлишади. Ростдан ҳам шундаймикин? Суд мед-экспертиза гувоҳлик беришича, Остоновнинг қўли, билаги ва баданига қаттиқ, тўмтоқ нарса билан тан жароҳати етказилган. Нега бу жиноий ҳаракатлар ўз баҳосини олмади? Нега милиция формасидаги зўравонлар район прокурорини ноқонуний тарзда қўлга туширишганда, уни хўрлашганда район ва область раҳбарлари жим туришди, нега? Уларнинг ҳаммаси ўзидан, ўз мансабидан қўрққан. Область прокурори Калонов район прокурорига нисбатан содир этилган қонунсизлик айбдорларини жазолашни талаб қилганида, обкомнинг маъмурий бўлим мудири Уткин ҳам адолатли позицияда турганида, Остонов бугунга қадар қонунсизлик қурбони бўлиб қолмасмиди. Йўқ, бу раҳбарлар жарга қулаган кишини қутқариш ўрнига унинг яхшироқ қулашига мустаҳкам замин яратишди. Область ички ишлар бўлими ва республика министрлигидаги раҳбарлар эса бу «жасорат» билан тергов ва прокуратура олдида ўз мавқеларини бир қадар тиклаб олишди… Ҳолбуки, прокурорга нисбатан ноҳақлик қилинганини уларнинг ҳар бири яхши биларди. Район ички ишлар бўлими ходимлари Остоновга нисбатан халқ депутати статусининг 34-моддасини, СССР ички ишлар министрининг 130-буйруқларини қўпол тарзда бузган эдилар. Лекин бу қўполлик ва бу қонунсизлик учун ҳеч ким ҳанузга қадар жазоланмаган? Нега?
Аслида прокурорни милиция бўлимига олиб келиниши хато эди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги Низомда ёзилишича, «кўчаларда, стадионларда, хиёбон ва истироҳат боғларида, бошқа жамоат жойларида инсон қадр-қийматини ва ижтимоий ахлоқни таҳқирлаб, маст ҳолда юрган» шахсларгина милиция эътиборини тортиши мумкин. Остонов эса суд раиси билан тўйдан чиқиб совхоз директорининг хизмат машинасида прокуратурага келган, ўзини кутиб турган шофёри билан уйга кетмоқчи бўлган. У спиртли ичимлик истеъмол қилганини инкор этгани йўқ. У ичган. Лекин ишдан кейин. Бировни сўкмаган, бировни урмаган, жамоат тартибини бузмаган. У уйига кетмоқчи эди. Лекин уни кетгани қўйишмади. Тонгга қадар прокурор ва депутат бўлган кишини таҳқирлаб милиция бўлимида ушлаб туришди. Бундан бир неча ой муқаддам унинг «тақдимномаси» асосида ички ишлар бўлими раҳбарларини боплаб жазолаган райком бюроси энди унинг ўзини ҳеч бир масъулият сезмаган ҳолда партия аъзолигига кандидатликдан чиқарди. Ҳолбуки, унинг район прокурори қилиб тайинланганига бор-йўғи саккиз ой бўлган эди. Шу қисқа давр ичида у райондаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши муросасиз ўт очди. Энг муҳими, шу давр ичида у китобликлар қалбида социалистик қонунчиликка нисбатан меҳр уйғота олди. У ўзининг ҳақиқий қонун эгаси эканини исбот қилаётган эди. Лекин, афсус, уни бу шарафли ва масъулиятли ишини давом эттиришга қўйишмади.
Қашқадарёда бўлганимда қаршилик терговчилар Остоновнинг олти кило тилло топгани ҳақидаги воқеани айтиб беришди. Область прокуратурасидаги ҳужжатлар орасида эса Остонов томонидан қўлга туширилган тилло буюмларнинг рўйхати зикр этилган: «Беш сўмлик Николай даврининг тилло тангалари — 297 дона, ўн сўмлик танга — 341 дона, етти ярим сўмлик — 3 дона, ўн беш сўмлик — 22 дона, Англия қироличаси Виктория тасвири туширилган ўн сўмлик тилло тангадан — 9 дона, қиролича Елизавета тасвири туширилган саксон сўмлик тилло тангадан 54 дона, қуйма ёмби — 19 дона, 56 минг 100 сўм пул…» Усмон Юсупов районидаги «Пахтакор» совхозининг собиқ бош ҳисобчиси Э. Азимовни тинтув қилиш пайти топилган бу бойлик Хайрулла Остонов томонидан мусодара этилиб рўйхатга олинган ва расмийлаштирилган. Ўша пайт унга жуда кўп пул ва бойлик ваъда қилишган, лекин ўжар ва одил терговчи бунга кўнмаган.
Сафар давомида туғилган жуда кўп саволлар ҳануз менга тинчлик бермайди. Нега энди тўйда иштирок этиб, ичимлик ичгани учун Остоновни шу қадар қаттиқ жазолашдию, унинг даврадош ва айтиш лозим бўлса… шишадошларини битта ҳайфсан билан сақлаб қолишди? Нега Остоновни машинага босиб, милиция бўлимида медицина кўригидан ўтказишдию, унинг шериги — район суди раиси Эркин Алназаровни текширишмади? Нега тунги ўн иккидан сўнг совхозга бориб прокурор меҳмон бўлган хонадон соҳибларини безовта қилиб, қўтондаги қўйларни санаб, ўнлаб бегуноҳ кишиларни то тонгга қадар милиция бўлимига чақириб сўроқ қилган ўртоқлар ўз қонунсиз хатти-ҳаракатлари учун жазоланмади? Нега?
Саидмурод Сафаров раҳбарлигида амалга оширилган бу фитна, бу аянчли ва нохуш ҳол районда ягона эмас. Худди шундай воқеа 1986 йилнинг 12 май куни район партия комитетининг қишлоқ хўжалик бўлими мудири Зиёдулла Пўлатов билан ҳам юз берган эди. Ўз уйида азиз меҳмонлари билан туғилган кунини нишонлаб турган райком ходимини «Сафаров чақиртиряпти, райкомга борарканмиз» деб милиция бўлимига мажбуран олиб келиб, медицина кўригидан ўтказишган. У ҳам район Советининг депутати эди: «Ҳисоб карточкасига ёзиш шарти билан қаттиқ ҳайфсан беришди. Ичганлигим учун юз сўм жарима ҳам тўладим. Депутатликдан чиқариб олишди. Шу воқеадан кейин юзим чидамай, ўзим ариза ёзиб райкомдан кетдим…» деб ёзади Зиёдулла ака.
Наҳот шу бедодликлар қайта қуриш даврида, 1986 йилда рўй берган деб ўйлаб қоламан. Мен бу мақола билан ичишни тарғиб этмоқчи ёки унга ружу қўйганларни ҳимоя қилмоқчи эмасман. Асло! Евгений Евтушенко «Литературная газета»даги мақолаларининг бирида «ишдан сўнг ёки дам олиш куни ўз яқинлари билан бир стакан вино ичмоқни истаган кишини бу истагидан жудо қилмоққа кимнинг ҳаққи бор?» деб ёзган эди. Мен юқоридаги воқеаларга ҳам худди шу нуқтаи-назар билан ёндашмоқчиман. Қолаверса, ичкиликка қарши қарор эълон қилинганидан сўнг мамлакатда юзага келган нохуш ҳол ҳануз ёдимизда. Лекин бизда қарор чиқди деб уни ўз билганича бажарувчи «сиёсатчи»лар ҳануз жуда кўп.
Хўш, район прокурорини бадном қилишга бел боғлаб, бу жирканч ниятига жирканч йўл билан эришган КПСС аъзоси, милиция бошлиғи Саидмурод Сафаровнинг кейинги тақдири нима бўлди? Бўлиб ўтган воқеадан сўнг кўп ўтмай у ўз вазифасидан озод этилади ва … область ички ишлар бўлимида катта инспектор қилиб тайинланади. Ажаб, республика ички ишлар министрининг 1986 йил 11 август кунги буйруғи билан «ўзига топширилган вазифани эплай олмагани учун» ишдан бўшатилган киши область ички ишлар бўлимида — масъул лавозимда ишлай бошлади. 1988 йилнинг 20 октябридан эътиборан эса унга яна бир ишонч билдирилди: у Косон район ички ишлар бўлимининг ОБХСС группасига бошлиқ этиб тайинланди…
Биз у киши билан область прокуратураси биносида узоқ суҳбатлашдик. Сўнг суҳбатимизга Хайрулла Остоновни ҳам таклиф этдиқ. Саидмурод ака ўзининг собиқ прокурори билан ҳеч нарса бўлмагандек илиқ кўришди. Ўртага оғир сукунат чўкди. Мен Хайрулла аканинг кўзларига қарадим. Уларда ғазаб ва нафрат эмас, балки чексиз ўй-аламга қоришиб кетгаи оғир бир дард, оғир азоб кўргандек бўлдим. Ва яна… армонгами, илтижогами ўхшаш яна нимадир. Ортиқ қараб туролмадим. Жуда оғир эди уни кузатиш. Шундагина мен ноҳақлик, бўҳтон ва зулм кишини қанчалар ғариб ва маҳзун туйғуларга ошно этишини, қанчалар чўктириб қўйишини ич-ичимдан яна бир бор аниқ ҳис этгандек бўлдим. Саидмурод ака эса хотиржам, ўз ишидан, ўз ҳаётидан мамнун ҳолда менга синчковлик билан тикилиб турарди… Ҳар қалай унинг ҳам қалбида нимадир ўртанаётганини, ўртадаги оғир сукунатдан унинг ҳам кўнгли ғашланаётганини сезиш мумкин эди.
— Умуман яхши иш бўлмапти, — дедим ниҳоят жимликни бузиб. — Сиз-ку, мана, ишлаб юрибсиз. Лекин Хайрулла акага жавр бўлибди.
— Мен бунчалик бўлади деб ўйламагандим…
Во ажаб! Саидмурод ака билмбми-билмайми, беихтиёр ўз айбига иқрор бўлди. У бу гапни чуқур ички ҳаяжон билан айтиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди. «Мен бунчалик бўлади деб ўйламагандим». Хайрият, туйғуларимиз ҳали ўлмабди. Виждонимиз бор экан ҳали, хайрият!
— Йўқ, сиз мени тушунмадимгиз, — деди шоша-лиша ўз хатосиии англаб етган Саидмурод ака, — мен бўлиб ўтган воқеаларда фақат ўзимни айбламоқчи эмасман… Бу кишидан ҳам ўтган. Фикрингизга мен ҳам қўшиламан. Хайруллани соҳасидан четлаштириб хато қилишган. Уни қайтариш керак…
«Уни қайтариш керак.» Қаерга, нимага қайтариш керак уни? Ўз соҳасигами, ҳаётгами? Саидмурод ака буни аниқ айтмади. Шунисига ҳам шукр. У кишини ҳам тушуниш керак! Хайрулла акани ўз соҳасига қайтариш лозимлигини фақатгина унинг рақиби — Саидмурод ака айтгани йўқ. Буни Хайрулла аканинг Китобда орттирган дўстлари, ҳамкасбларидан ташқари деярли область прокуратурасининг ҳамма ходимлари, янги прокурор Тоҳиржон Саидаҳмадов ҳам айтган эди. Негаки улар Хайрулла Остоновга адолатсизлик қилинганини яхши билишади. Биз эса худди шу таклифни бундан роппа-роса олти ой муқаддам матбуот конференциясида иштирок этган республика прокурори Димитрий Алексеевич Усатовга айтган эдик. Шунда у киши «марҳамат, агар қўлингизда етарли далил-исбот бўлса, марҳамат, биз сизлар билан ҳар қандай таклифни ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз», деган эди. Яқинда область ва республика прокуратуралари редакциямизнинг изчил аралашувидан сўнг Остонов масаласига яна қайтиб, уни ўз соҳасига қайтариш лозим деган хулосага келди. Биз эса буни жуда хушёрлик ва эҳтиёткорлик билан қабул қилинган Остонов масаласидаги биринчи ижобий қарор деб билишми истардик. Негаки, бизнинг назаримизда, Хайрулла Остоновни нафақат ўз соҳасига қайтариш, балки уни ўз вазифасига тиклаш лозим. Шу билан бирга, унинг юристлик даражаларию, партия масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак.
Мен Қаршига қўнғироқ қилиб, Хайрулла акага шу гапларни айтсам, у киши «Мен ўз жойимни даъво қилаётганим йўқ, эл-юрт олдида юзим ёруғ бўлса бас, хизматимни эса бошидан бошлашга ҳам тайёрман», деди. Нима ҳам дердик. Оқ йўл! Фақат энди ҳушёр бўлинг, Хайрулла ака!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 12 май