Иброҳим Ғафуров. Нажот ҳақиқатда (1989)

Бир газетчи каби бугунги одамларнинг кайфиятлари ҳақида кўп ўйлайман.

— Ҳозир кишиларнинг кайфиятларини нима белгилайди? — деб ўзимга ўзим савол бераман. — Бу кайфиятларга нималар кўпроқ таъсир қилади? Нималар кўпроқ бошқаради?

Бу саволларга ўзимча шундай жавоб топмоқчи бўламан:

— Одамларнинг кайфиятларини ҳақиқат белгилайди.

— Одамларнинг кайфиятларига ҳақиқат кўпроқ таъсир қилади.

— Улар ўзларини қора куч эмас, йўқ, асло, қора куч эмас, ҳақиқат бошқаришини истайдилар.

Бир газетчи каби мен кўпдан кўп кишиларнинг газеталардан нажот кутишлари, нажот излашлари, нажот исташларига бот-бот дуч келаман.

Бунинг ўз ижтимоий ёзилмаган қонунияти бор: Одамлар ҳаққа эришиш, ҳақиқат топиш учун шундай қиладилар.

Бизда ҳақни ҳимоя қилиш, ҳақиқатга завол етказмаслик, ҳақиқатни қарор топтириш усул-идоралари шаклланиб етмаган.

Бошқа ҳеч қайда эмас, фақат бизда бир ҳақиқат атрофида мингта «аммо» пайдо бўлади. Ҳақиқат, ижтимоий, ғоятда зарур ҳақиқат юзлаб «аммо»ларга чирмаб ташланади. Миллий тиллар давлат тили, давлатчиликни юритадиган, усул-идорани бошқарадиган тил бўлиши керак деймиз. Лекин дарҳол «аммо» деймиз… ва юз турли тўқиб чиқарилган баҳоналарни ўртага ташлаймиз, уларни муҳокама қилишга берилиб кетамиз. Аён кўриниб турган нарсани «аммо»лаб, буткул шубҳаларга кўмиб ташлаймиз. Миллий жумҳуриятларнинг эрки, мустақиллиги ҳақида сўзлаймиз, эркин танлаб олиш ҳуқуқини ёқлаб чиқамиз, булар ҳар қалай, Конституциямизда рўйрост қайд этилган ва ҳуқуқларимизнинг муҳим бир ҳаётий қонуни каби белгилаб қўйилган. Амалда иш юритишга келганда дарҳол «аммо» деймиз.

— Бу қандоқ бўлади?..

Газеталаримизнинг манглайига «ҳақиқат», «байроқ» деган улуғ сўзларни чиқардик. Нега шунда узоқ замонлар ҳақиқатлар топталиб, миллион-миллион нодир одамлар бегуноҳ қурбон бўлиб кетдилар? Нега «ҳақиқат» бунга қарши фарёд кўтармади? Нега адолат рамзи байроқлар ўша нодир қурбонлар ёди учун бирор марта туширилмади?

Нега бегуноҳ қурбонлар ёдини тиклаш шунчалар мушкул кечаяпти?

60 йил янги одамни тарбияладик, янги одам тарих ҳаракатини ўз қўлига, ихтиёрига олди деб бонг урдик. Тўғри эмасми?

Қани, ўша «янги одам»?

Ким қурбонликка келтирди миллионлаб фикрловчи, эзгу хаёл совет одамларини?

Ким яратди машъум шахсга сиғинишни!

Ким кейинги чорак аср давомида ҳақиқатни топтаб келди, ҳаётни кўзбўямачилик бозорига айлантирди? Рост сўзни таъқиб қилди. Рост сўздан тонди. Рост сўздан душман каби ҳазар қилди! Яна ўша «янги одам» эмасми? Сиз билан биз эмасмидик шу, ўша, анов «янги одам»? Партия ниҳоят нега янги одам, нега бутун бир улуғ халқ лоқайд бўлиб қолганлигининг сабабларини очди. Лекин ҳали ҳамма сабаблар тўла ва баралла очилганича, айтилганича йўқ. Иқтисод, экология, маданият, маънавиятдаги барча фожиаларимиз замирида узоқ йиллар давомида халққа сингдирилган ана шу лоқайдлик ётибди. Бу лоқайдлик унча-мунча, анов-манов лоқайдлик эмас. Нега деб сўранг! Бу онгсиз, қора омманинг лоқайдлиги эмас. Агар шундай бўлса, буни енгиш, бундан қутулиш эҳтимол, нисбатан осон кечар эди.

Бу тўда ёки бир гуруҳ ёки гуруҳларнинг лоқайдлиги ҳам эмас.

Бу замонавий билим ва ихтисосларга эга, замонавий видеоларни томоша қиладиган, замонавий кассеталар билан ҳар томонлама қуролланган, ҳар куни зангор ойнадан жаҳонда нима бўлаётганлигини кузатиб ўтирадиган, юзлаб газета-журналлар, китобларни варақлайдиган, радиода баҳслар олиб борадиган, ҳамма нарсаларни компьютерлашга интилаётган замонавий билимдон одамларнинг лоқайдлиги!

Қандай қилиб енгиб бўларкин бу маърифатли лоқайдликни? Ахмр, мен бугунги ичаётган сувимиз кечагидан эмас, у кечаги тоза сувлардан юракка мадор ва вужудга муҳим моддаларни бермай қўйди, унда нитратлар кун сайин эриб, кўпайиб боряпти, десам сиз кўзингизни пирпиратиб турасиз. Буни ўзим ҳам биламан дейсиз.

Мен бугун ҳаммаёғимизни ахлат босди. Уйдан кўчага чиққан заҳоти кўзимиз ахлат, темир, қоғоз ва бошқа не бало уюмларига тушади десам сиз кўзингизни пирпиратиб турасиз. Буни ўзим ҳам биламан дейсиз.

Мен болалар ўқишга, билимдон бўлишга қизиқмай қўйяпти. Санғиш, лақиллаш, тор ихтисосни эгаллаб, шу билан ўз-ўзини алдаш тобора кучайиб боряпти, десам сиз кўзингизни пирпиратасиз. Буни ўзим ҳам биламан, дейсиз.

Хўш, мен айтишим мумкин бўлган ва сиз ўзингиз биладиган бундай ҳодисалар озми? Уларни қуруқ санаб чиқишнинг ўзига қанча вақт кетади?

Хўш, мана шу кўп билимдон лоқайдликни биргалашиб қандай енгсак бўлади?

Сизда бунинг дори-дармонлари борми?

Бор дори-дармонлар!

Куни кеча апрель Пленуми бўлиб ўтди. Кўп зарур фикрлар айтилди. Горбачев жамиятда барча қатламлар, барча кучлар уйғун ҳаракат қилайлик деб айтди. Лоақал шу фикрга амал қилсак, не-не натижаларга эришмас эдик! Айрим ходимлар шундай йиғинларда матбуотдан нолиш, матбуотга ҳужум қилишни одатга айлантириб олдилар. Уларга газеталарнинг жонкуярлиги ва ниҳоят, ҳақиқат учун астойдил кураша бошлаганлиги асло ёқмаяпти. Улар ҳатто ўзларининг сайланмай қолганликларини ҳам матбуот ва унинг ўткир чиқишларидан кўрмоқдалар. Кеча қандай роҳат қилиб яшаган эди, роҳат қилиб жуда осондан-осон сайланган эди ушбу ходимлар!

Ҳа, газета чин кучга, Ленин орзу қилган кучга айланяпти. Одамларнинг газеталардан нажот кутаётгани асло бежиз эмас. У энди-эндигина ҳақиқатни айта бошлади. У энди-эндигина қўрқувни енга бошлади. У энди-эндигина мустақил йўлга чиқа бошлади. У энди-эндигина халқ овозига айлана бошлади.

Тўғри. Унинг камчиликлари ҳам бор. У баъзан ҳақиқатни барқарор қилиши йўлида шошма-шошарлик қилади. Баъзан етарли фактлар билан муҳокама юритмайди. Баъзан уни чалғитадилар. Баъзан эса эски ўлчовлардан қутулишда қийналади. Лекин бугунги жўшқин, ишончли, жонбоз матбуот қайта қуриш фарзанди. У қайта қуришни биринчилар қатори ўз жон иши деб қабул қилди. Қайта қуришнинг жанговар ақлли курашчисига, иителлектуал кучига айланди.

Ошкоралик ва демократия жуда оқил, кенг ва мустаҳкам ҳақ-ҳуқуқлар билан тирик. Уларни бир-биридан ҳеч вақт ажратиб бўлмайди. Орадан бири тушиб қолса ёки лат еса, ёки фалажланса, қолган иккиси ҳам лат ейди, фалажланади. Бошқа бир ҳол: бир чимдим ошкоралик, бир чимдим демократия, бир чимдим ҳақ-ҳуқуқ билан ҳам кун кўришга одатланиш мумкин. Узоқ замон ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётда шундай тарзда ҳар нарсадан бир шингил-бир шингил қилиб кун кечириш тажрибалари мавжуд. Лекин бундай хасислик билан ўлчаб берилган демократия, ошкоралик ва инсоний ҳақ-ҳуқуқлар ҳар қандай кутилмаган тасодифларга тез қурбон бўлади. Улуғ мамлакатнинг минглаб эрк истаган кишилари неча йиллаб орзу қилиб яратган ва тарих саҳнасига чиққан Таъсис мажлиси бир йил ҳам умр кўрмай, матрос Железняковнинг: «Қоровуллар чарчади, зални бўшатинглар!» — деган амри билан тарқалган экан. Шундай калондимоғлик билан ошкоралик ва демократия, инсон ҳақ-ҳуқуқлари куртакларини юлиб ташлаш, топташ, пайҳон қилишни истовчилар ҳозир йўқ дейсизми? Матбуотга бўлаётган тўхтовсиз ҳужумларда железняковчилик кайфиятлари йўқ дейсизми? Ҳатто жуда ақлли одамлар ҳам, демократия яхши, ошкоралик яхши, ҳақ-ҳуқуқлар яхши, аммо буни энди ҳамма нарса қилиш мумкин экан деб, тушунмаслик керак. Ҳозир айрим матбуот саҳифаларида шундай ҳамма нарса мумкин деб тушунишмоқда ва тушунтиришмоқда, бунинг оқибати оғир бўлади, деб демократиянинг устига сув сепишга, унинг чўғини, пилигини пасайтиришга уринишмоқда. Бу кўпгина чиқишларда кўп бора айтилмоқда.

Лекин, келинг, бир чамалаб кўрайлик, қани ўша «ҳамма нарса мумкин» деётган газета-журналлар? Қани ўша «ҳамма нарсани қилаверайлик» деб чиқаётган мақолалар, журналистлар? Ҳали биз «ҳамма нарса» нима эканлигини ҳатто тасаввур ҳам қилолмаймиз. Ҳали биз «ҳамма нарса»нинг ҳатто эшигини ҳам очганимиз йўқ. «Огонёк» айтяптими ҳамма нарсани? «Московские новости» айтяптими, «Новий мир», «Знамя», «Известия» айтяптими «ҳамма нарса»ларни? Ўз вақтида ҳаммадан олдин тўлиқ, холис ва халқни қаноатлантирадиган ахборот ҳамда хабарлар беряптиларми? Чернобилдан, Тбилисидан, Олмаотадан ўз вақтида тўғри, ҳалол, «ҳамма нарса»ни очиқ-ошкора айтган хабар ўқидикми? Нега унда ҳали ҳеч нарса қилмай туриб, ақлимиз «ҳамма нарсани қилиш мумкин»лиги эҳтимолидан огоҳлантирмоқда, орқага қайирмоқда, қайта қуриш шаҳдини, азмини яна лоқайдлик билан алмаштиришга уринмоқда.

Менинг чуқур ишонишимча, булар бари одамларнинг ақлига, имонига, ихтиёрига ишонмаслик натижаси. Ҳозирги замоннинг энг мудҳиш ақллилик балоси». Ҳа, агар одамларнинг ақлига, ихтиёри, юрак интилишларига ишонсак, унда ҳамма нарса мумкин. Агар одамларга уларнинг ақл-иродаларига ишонмасак, унда «ҳамма нарса мумкин эмас». Гап шу ҳақда боряпти.

Барча ҳуқуқлари етарли ва мукаммал таъминланган ҳамда муҳофаза қилинган, ҳаёти, эрки, вмждони бут одамлар эркинлик нималигини жуда яхши биладилар, эркинлик туб моҳияти билан яхшилик, эзгулик, инсонпарварликка хизмат қилишини чуқур англайдилар. Биз бутун куч-қудратимизни эркинликни яхши тушунадиган, эркинликни қадрлайдиган ва тўла эркинлик ичида ўз инсонийлигини ҳар томонлама намоён қила биладиган одамларни тарбиялашга қаратишимиз керак. Интеллектуал кучларимиз, матбуотнмиз қудрати шундай тарбияга қаратилмас экан, огоҳлантиришлар, ҳадиксирашлар, орқага қайтаришга уринишлар, улуғ бир халқнинг бошини гангитиш, чалғитиш хатти-ҳаракатлари авжланаверади. Лекнн бундай «жиловбардорлик» ҳаракати ўтган ўн йилликларда ўз мақсадларига тўла эришган эди. Эндиликда замон ўзгарди. Қайта қуриш бизгагина эмас, бутун дунё халқларига янги кайфият бағишлади. Халқлар, мамлакатлар олдида янги йўллар очила бошлади. Бунда матбуотнинг, жонкуяр, ҳалол, фидокор журналистларнинг ҳиссалари катта. Бунда матбуот олдинги сафда боради. У эзгулик учун курашади. Шу боис унинг пилигини пасайтириш эмас, пилигини кўтариш керак. Ҳозирги замон жараёнларида унинг роли, таъсири беқиёс ортиб бораверади.

Мамлакатимиз келажаги бор йўлга қадам қўйди. Тараққиёт йўли эса худди ақлнинг йўлидай чексиз. У хоҳ тирик, хоҳ ўлик ғовлар устидан ўтиб бораверади. Ҳаёт тўхтовсиз қайнагай!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 5 май