Матбуотда (“Литературная газета”, 1989 йил 25 январь) республикада пахта масаласи бўйича қамалган юзлаб одамларнинг бегуноҳлиги… аниқланганлиги ва қамоқдан бўшатилганлигини ўқиб билганимда юрагим орқамга тортиб кетди. Суюнайми, куюнайми?!
Суюнишим, не адашувлар, не дўзахий азоблардан кейин бўлсаям адолат қарор топди. Фақат, бу адолат уларнинг инсонга бир мартагина бериладиган тонгдай тоза ҳаётларига қора доғ тушгач, уларнинг ғамдийда аёллари бир этак бола билан қолиб, бу ноҳақликлардан, бу ҳаётдан бездим, деб фарёд солиб уч-тўрт йил ичидаёқ тосдай қоп-қора сочлари оппоқ оқариб кетгач ва яна турли касалликларга чалингач, ўтдан, сувдан қайтмайдиган жасур болаларининг туҳмат балоси олдида мурғаккина бошлари солингач ва яна шундай аллақанча ғам-аламлардан кейингина қарор топди!
Бу руҳий азоб, йўқотишларнинг хунини ким тўлайди? Демак яна газеталар ёзганидай “хато қилдик”. Бу хатони кимлар қилди, мақсадлари нима эди, уларнинг? Йўл қўйган хатолари учун қандай жазо чоралари кўрилаяпти? Мана шу саволлар жавобсиз қолаверар экан, биз навбатдаги хатоларга йўл қўяверамиз.
Нега адашаверамиз, хатога йўл қўяверамиз? Инсон ҳаёти билан ўйнашмаслик, унга муқаддас деб қараш борасида ўттиз еттинчи йил бизга етарли сабоқ бермаганмиди? Адабиётда биргина Абдулла Қодирийни, Усмон Носирни ёки Чўлпонни олинг. Улар ўша йиллар адабиётининг чақнаб турган юлдузлари эмасмиди?! Нега уларнинг ўзлари билан баробар, меросларини ҳам биздан яшириб, йўқотиб улгуришди?
Қаердадир, қатл қилинган беш нафар декабристлар ҳақида Александр Иванович Герценнинг фикрини ўқиган эдим: “Бу тўфонда қанчалаб ақллар ғойиб бўлди”.
Ҳар бир соҳани тирик, ҳур фикрли, олдинга ҳаракатлантирувчи илғор кучларидан шундай бешафқатлик билан маҳрум қилингач, ўсиш қаёқдан бўлсин?
Тафаккуридан ўт чақнаганлар ўққа учди, қамалди. Уларнинг яқинлари бадном этилди. Шундай пайтда уларнинг ўрнига кимлар келганини (улар орасида принципиал, адолат учун курашувчилар бўлмаган, деган фикрдан йироқмиз) тасаввур қилиш қийин эмас. Ярим қўрқоқ, ярим эътиқодлилар. Шамолнинг эсишига қараб турланувчилар. Турғунлик йилларидаги қўрқоқлик, мутелик, бюрократлик каби турли иллатларнинг илдиз сабабларини мен ўша йилларга бориб тақалганини кўраман. Аммо… афсус озмунча қора кўз йигитларимиз кўкси тўла армон, Магадан тупроғида айқаш-уйқаш қучоқлашиб ётибдиларми? Озмунча бизнинг (фақат бизнинггина эмас) оқил, доно, довюрак болаларимиз биз учун ўрганиш бўлмаган Сибирь совуқларига дош беролмай, бошлари, эс-ҳушларини совуққа олдирдиларми?
Бу Ватаннинг, миллатнинг гуллари ўрнини тўлдириш мумкинмиди? Асло.
Яна тўнкалган айбларни қаранг. Ахир улуғ Пушкин, Лермонтовни дастлаб ўзбекча қўнғироқдай жаранглатган Усмон Носир бўлса, қандай қилиб уни миллатчиликда айблаш мумкин? Онам Қаршигул Холназар қизи ҳануз, ҳали қирққа ҳам етиб улгурмаган ўз отаси, менинг бобом Холназар чавандозни милиция ходимлари уйидан эски ўзбек тили, араб имлосидаги китоб чиққани учун, китобни намойишкорона қўлтиқлатиб олиб кетишгани, йўл-йўлакай бобом йиқила-сурина бир пой махсисини кийгани, бир пойини рухсат бўлмагани учун киёлмай қўлтиғига қисганича чиқиб кетганини айтиб йиғлайди. Шу-шу бобом бедарак кетган. Битта, кичкинагина Қайирма қишлоғидан ўша йилларда шундай бедарак кетганлар — ўн етти киши! Ёраб, қабоҳатига олса инсоннинг чивинчалик қадри қолмас экан-да!
Дарвоқе, эски ўзбек тили, араб имлоси ҳақида икки оғиз сўз. Бизнинг минг йиллик тарихимиз, дунёга кимлигимизни билдирувчи сиғинган меросимиз ҳаммаси шу тилда битилган бўлса халқни ўтмишидан бағритошлик билан узиб олиб бошқа имлога ўтказиш фикри қандай заруратлар асосида юзага келганлиги ҳақида мен кўп ўйлайман.
Улуғларимизни аслидан тушунмаслик — дил оғриғим менинг.
“Эски ҳамма нарсалар эски, эскирган, ҳамма янги нарсалар янги, улар тараққиёт учун хизмат қилади деб айтолмаймиз”, деганида Ўлжас Сулаймонов юз марта ҳақ. Ҳар ҳолда бу менда халқнинг минг йиллик ганжу хазинаси устидан парда тортилгандай нохуш таассурот уйготади. Ҳайриятки, карахт бошларимиз қайта қуриш шамолларида сесканиб ўзимизга келаяпмиз, фикрлашга ўрганяпмиз, тилга кираяпмиз. Куч топиб “хавфли зона” ҳисобланган булбул забон боболаримиз қолдирган хазиналар устидан тортилган тупроқни сидираяпмиз. Очаяпмиз. Кўраяпмизки, бу ганжиналар орасида оламни портлатиб юбориши мумкин бўлган гап йўқ. Битта йўл қўйилган хатони тузатишга киришгунимизча, тушуниб етгунимизча, икки авлод бўй етибди. Бу орада қанчалаб олтин бошларни бой бердик. Қанчалаб юраклар изтироб, аламдан сув бўлиб оқди.
Бебаҳо тафаккур тожлари оёқ ости бўлган, поймол этилган бир шароитда инсоний қадр-қиммат ҳақида гап бўлиши мумкинми? Биз Ватанни она деб улуғлаймиз. Унинг майсасини кўзга суртамиз, ҳавосида яйраймиз кўзимизга суюмли, табаррук бўлиб қолиши унинг бағрида яшайдиган, иш кўрадиган ва айниқса улар орасидаги халқни бошловчилар, раҳбарларга нақадар боғлиқлиги ҳақида ўйлайман.
Бугун бир аёл, бир она сифатида дилимдаги, тилимдаги тиловатим, дуом будир:
— Ватаним, халқим, умид кўзларингни тикиб бош устингга кўтарган болаларинг илоҳим, ноқобил чиқмасинлар. Ноқобил чиқар эканлар, ўзларининг телба-тескари қадамлари билан улар Сени шудгор қиладилар. Сени ғорат қиладиларки оқибатда Сенинг бағрингда парокандалик бошланади. Сен бадном бўласан.
Жафокаш халқим, қай бир фарзандларингга назаринг нури тушиб, ҳаётингни унга инонар экансан, илоҳим бу фарзандларинг фаросат, садоқат, оқибат туйғуларига, инсоф, адолат ва айниқса жасорат туйғуларига бегона бўлмасинлар. Йўқса улар юриб ўтган йўлларда гуллаган боғлар эмас, қовжираган саҳролар қолади. Бу йўлларда тили бурро, кўнгли тўқ, жўмард болалар эмас, муте, хотирасига ўт кетган, келажагидан ноумид, ҳар қадамини жовдираб, ҳадиксираб босадиган ёки қадами етган жойни зўр билан, зар билан олишига ишончи комил, қасамхўр тўдалар қолади.
Бугунги кун ҳар бир инсоннинг кўнглини топиш, қадр-қиммати, номусини тиклаш йўлидаги ғоялари, уринишлари билан (гарчанд бу йўлда ҳали ютуқларимиз жуда кам бўлса-да) бизни умидлантирмоқда. Шахсга сиғиниш даври эса бунинг мутлақ акси бўлиб тарихга кирди. Ижодида антисоветизм ғоялари билан пролетар адабистига бегоналикда айбланган ёнар сўзли рус шоираси Анна Баркова умри давомида уч марта қамоқда ўтирди. Унинг бор айби ҳаётни чинакам кўргани, бўямай кескин ёзганлигида эди:
Сафро шимар, қон шимар, қўймас, Ҳаётимиз, ишимиз мудом. Бўри нафси сингари тўймас Нафс берган бизларга худо.Умрининг гуллаган 25 йилини қамоқ азоблари, калтаклари остида ўтказган аёл умри қамоқда ўтган ҳамма ёлғиз одамлар сингари ҳаётининг охирги йилларини ҳам ғариб, машаққатли яшади. Кечирган қора кунларини қайта кечирди. Қамоқдаги ҳаёт даҳшатли тушдай кечган эдики, у бир марта ўнгида ҳам учинчи қаватдан ҳаллослаб югуриб тушди. Зинапоя охирлаганда юз тубан йиқилди. “Ҳаммомга олиб кетилаётган маҳбуслардан орқада қолиб кетдим”, деб зорланди (Қаранг: Леонид Тоганов. “Номаълум шоира”. “Огонёк”, 1988 йил, 33-сон).
Бетакрор, тансиқ неъмат — умрни мана шундай ит азобида кечирган одамнинг шеърларида:
Кўрдик, бор кўргулик ўтди юракдан Калтак ва ўқ едик, шундай пишдик биз. Шунча тубан кетди, бу ёвуз Ватан Болалари шунда бўлмасми ёвуз?!каби сатрларни учратганда ажабланиш мумкинмиди?! Шундай. Бизда эса ажабланардилар. Жаҳллари чиқарди. Ғазабга олардилар.
“Турғунлик йиллари” атамаси ўз-ўзидан келиб чиқмади. Биз бу жарлик ёқасига бирданига келиб қолганимиз йўқ. Биз бу чегарага жуда кўп сўқмоқлар, жамият танига сингишиб кетган жаҳолат, ҳукмронлик, шахсга сиғиниш, қўрқоқлик, бешафқатлик каби сонсиз йўллар орқали келдик. Ноҳақлик олдида тиз букмаган рост сўзли Анна Баркованинг ижоди, умри шу беқут йўлларда хазон бўлган умрлардан, ижодлардан биридир.
Репрессия, сталинизм руҳи ҳукмрон булган шахсга сиғиниш даври, мансаб курсиси баланд, қўли узун одамнинг ҳаммавақт, ҳамма жойда ошиғи олчи, қора меҳнат одамларининг шўри бўлган турғунлик йиллари бизнинг бундан буёнги яшашимизни тўғри йўлга қўйишимиз учун етарли сабоқ беради. Фақат ростлик, ростлик орқали!
Муштдайлигимиздан бизга ўргатишганидай: “Мен бахтиёр, ҳур қизман. Кўкси тўла юлдузман”, каби зўрма-зўраки мақтовлар, нотабиий, ясама қувончлар билан эмас. Ростини, борини ёзиш билан.
Равон йўл, қуёшли, қувончли йўлларимиз ҳақида ўн йиллаб ким ўзарга куйладик. Ҳолбуки, бугун сергак тортиб, ўгирилиб қараб, босиб ўтган ҳаёт йўлларимизда чаппар уриб ўсиб ётган қувонч гулларини кам кўрдик. Ниҳоятда кам.
Ҳолбуки, турғунлик йилларидан чиқишимизда илғор, адабиётнинг жамиятни олдинга силжитувчи кучларидан бири сифатида хизмат қилган рус шоири Е. Евтушенко айтгандай:
Гоҳо саодатда бефаҳмлик бор Саросар солади куруқ ва енгил. Куюниб қараган ғусса барқарор Чуқурроқ кўради кайғули кўнгил.Юқорида эски ўзбек тили хусусида тўхталган эдим. Бугун ҳам тил муаммоси кун тартибида жуда жиддий масала бўлиб турибди. Муносабат доираси торайиб, рўзғор тили, бозор-ўчар тилига айланиб бораётган тил ҳеч қачон кучга тўлган дарахтдай гуркирамайди, илдизига озуғ етишмаётгандай сўлий-сўлий бир кун қурийди. Биз ахир аждодларимиз, отамиз, онамизнинг давоми бўлиб дунёга келамиз. Шундай. Муқаддас ОНАмизнинг тилини бор таровати билан сақлаб қолиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Расул Ҳамзатовнинг бир шеърида ўлаётган қаҳрамони қулоғига айтилган доғистонча СЎЗдан қайта кўз очади. Сўнаётган инсонга ҳаёт бахш этишга қодир Она сўз, Она тил ҳимоясида оёққа турмаган фарзанд фарзандми?!
Ўзини билган ҳар бир халқ фарзандини у русми, қирғизми, тожикми, ўз она тили ҳимоясига мана шундай, жон чекиб киришмогини мен жуда табиий ҳол деб биламан ва уларга кўнглимда эҳтиром сақлайман. Адолат юзасидан ҳам республика аҳолисининг тахмннан 75 фоизини ўзбеклар ташкил этар экан, тил хақидаги қонуннинг тезроқ ва тўла амалга ошиши учун жонбозлик кўрсатишимиз керак.
Эндигина қалдирғочдай чуғурлаб (айниқса шаҳарларда) на аниқ ўзбек тили, на рус тили, аралаш, аросат бир лаҳжада тили чиқаётган гўдакларимиз эртага падари бузруквори, онаизори сўзларига тушунмай, елка қисиб турсалар бундан катта фожиа борми?
Унда бизни бугунги хайрли ҳаракатларимиз, инжу доналаридай ҳар жой, ҳар жойга тушиб қолган, унутилган, бугун эса биттама-битта қидирилаётган халқ қўшиқлари, айтишувлар, халқ достонларимизни излаб, тўплаб юришимиздан не мурод?!
Биз бугун аҳолига медицина, маданий-маиший хизматлар кўрсатиш бўйича, аҳоли жон бошига гўшт, сут, сабзавот, истеъмол қилиш бўйича, яшаш тарзимиз, китоб ўқишимиз каби турли кўрсатгичлар бўйича охирги ўринлардамиз.
Бу ҳамма соҳалардаги паст кўрсаткичлар шу қадар занжирдай боғлиқки, улар бирлашиб бизни болалар ўлими бўйича Иттифоқда энг юқори ўринлардан бирига чиқарди. Аёллар, оналар касалликлари бўйича ҳам аҳволимиз мақтангулик эмас.
Жуда кўп уринишлардаи кейин (бутифоснинг тақиқланиши бунда асосий роль ўйнади) болалар орасидаги ўлим кўрсаткичи сал-пал камайди. Бу жуда катта ютуқ. Бу, айниқса, биз аёлларнинг ютуғи. Бироқ бу ҳали кам. Ҳаёт, ўлим ўртасида туриб, жону жаҳони бир тутам бўлиб, минг ўлиб, минг тирилиб дунёга келтирган гўдагини қўлидаги қушини учириб қўйгандай, турли касалликларга олдирган, ҳамон олдириб қўястган мушфиқ аёллар ҳаётларидаги бор кўнгилсизликнинг илдиз сабаблари “пахта монокультураси”га бориб туташаётганини кўриб, тушуниб турган, қўли ишга бормаётган бир пайтда пахта ҳукмронлигини “халқнинг кулфати”, — деб ёзаётганимиз тўғри-ку, лекин бу ёзганларимиз гаплигича, қоғозда қолаётгани, амалий қадам ташлаш қийин бўлаётгани ёмон.
Ахир пахта планини ҳам, харид нархини ҳам одамлар белгилайди-ку! Халқимиз табиатан вазмин, кўнгли тўқ, қаноатли халқ. Лекин унинг бу — туғма хусусиятларини суиистеъмол қилмаслик керак. Оила бошлиқлари, эркакларимизни пахта меҳнатидан оладиган даромади озгина қаноатлантирса эди, у районма-район ташкилотма-ташкилот изғиб юриб ўзига бошқа иш қидирмас, худонинг берган куни ишдан (10—15 километр масофага қатнаб ишлаб) уйига болалари ухлаган пайт, хуфтонда қайтиб келмас эди.
Бизда сўнгги йилларгача аввал пахта, план, кейин одам, унинг соғлиғи, яшаш шароити қақида ўйланди. Тўғри, биз пахтага ихтисослашганмиз. Пахта керак. Мен қам пахта тарафдориман. Лекин кўпроқ одамнинг, унинг олтинга топиб бўлмас соғлиги, яшаш тарзи даражасини ошириш, маънавиятини кўтариш тарафдориман. Ахир шу жафокаш одамнинг боши омон бўлса, кўнгли бутун бўлса пахта бўлади-да.
Тағин, шу одамнинг пахтадан келадиган даромади етарли бўлса эди “оила пудрати” унга бу қадар ўнғай усул бўлиб туюлмас, етмиш ёшли отасидан тортиб етти ёшли боласигача гектар ёздириб олиб яшаш учун оддий шарт-шароитлари ҳам йўқ далани иккинчи уйига айлантириб олмас эди.
Шуларнинг ҳаммасини кўриб туриб, ўнлаб йиллар ортиқ миқдорда сепилган турли химиявий дорилар сабаб чарчаган, ишдан чиққан камҳосил ер, шулар сабаб тоб ташлаётгая соғлиқ… деққоннинг йилдан-йилга оғирлашиб бораётган аҳволини тушуниб, кузатиб туриб, амалий қадамнинг ташланиши суст, жудаям суст кечаяпти.
Қишлоқда медицина хизматининг савияси паст. Туғруқхоналар кам. Жойлар етишмаслигидан қанчалаб аёлларда туғруқ ноқулай жойларда, ҳаётлари хавф остида кечади. Коридорларда ҳафталаб қолиб кетиб чақалоқларини шамоллатадилар, ўзлари янги бўшанган, турли касалликлар орттирадилар.
Ўзбек аёлининг толиб бораётгани, эзилиб, вақтдан илгари қариб бораётганининг илдиз сабабларини фақат туғишдангина эмас, оиладаги етишмовчилик, улгурмаслик, ишдаги зўриқишлардан қидириш керак бўлади.
Ёлғон! Аёлнинг жони қирқта деб ким айтган бўлса ҳам, ёлгон! Унинг ҳам биттагина, титраб турган жони бор. Шу оила, эр, болаларга туғма ғамхўрлик ҳисси, меҳру муҳаббат ҳисси, бу қадим ер юзида ўзидан кейин авлодлари яшаб қолиши учун туғма курашиш ҳиссиётигина уни шу заифгина жонини мустаҳкам қалқонга айлантирса ажабмас. Оилани эплаш, болаларнинг, эрнинг кўнглини олиш, кийим-кечагига қараш ва бунга қўшимча эртадан кечгача далада ёки давлат идораларида ишлаш…
Аёлга яратувчилик сеҳри, қудратини ато этган Она табиатга ташаккурлар бўлсин!
Аммо биз бир кун бўлса ҳам олдинроқ толиқиб бораётган аёлларга, қишлоқ аёлларига ёрдамга шошилишимиз керак. Ҳар йили республикада 250—270 аёл ўзини ёқаётгани сир эмас. Бунинг бош сабаби — ўша ўзбек деҳқонининг (чунки ўзини ёқиш ҳодисаси асосан қишлоқларда рўй бермоқда) ҳаёт-мамотига айланган пахта меҳнатининг ҳад-ҳудудсизлиги, қадрсизлиги, яшаш тарзининг ночорлиги, деб Одил Ёқубов жуда асосли бонг ураяптилар. Огоҳлантиряптилар.
Умр бўйи бола-чақаси билан офтоб тиғида қоп-қорайиб ишлаб бири икки бўлмаган ва бундан кейин ҳам ҳаётининг ўнгланиб кетишидан умид узган аёлга арзимас баҳоналар сабаб бўлиши мумкин.
Телевидениенинг “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувларидан бирида берилган, ўзини ёққан Олмахон Маматова дугонасининг сўзлари ёдингиздами?
— Мана шу шароитда, Олмахоннинг ўрнида сиз бўлганингизда қандай йўл тутардингиз, сиз ҳам ўзингизга ўт қўярмидингиз?
Мухбирнинг бу саволига қиз шундай жавоб берганди:
— Ҳа, унинг ўрнида бўлганимда мен ҳам шундай йўл тутган бўлардим. Чунки менинг ҳам орқамда ишонадиган одамим йўқ…
Бу жавоб юракни зирқиратадиган, ўзинг, ўзгалар хусусида ўйга толдирадиган жавоб. Афсус, минг афсуски биз ҳали сўзимиз, амалий ишимиз билан оддий меҳнат кишисининг ишончига кира олганимиз йўқ.
“Саодат” саҳифаларида, кўзингиз тушган бўлса, “Эркаклар тарбияга муҳтож эмасми?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Эҳтиромли эркакларимиз бизни авф этсинлар. Ҳаётий тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, улар орасида ҳам тарбияга муҳтожлар кўп экан. Биз ҳамма тарбия, ташвиқот ишларимизни асосан шусиз ҳам банд аёлга қаратдик.
“Аёл ҳамманинг — қайнота, қайнона, қайнаға дегандай, зуғуми, таҳдидини кўтариши мумкин,— деб ёзади жиззахлик кекса педагог Дулкина ўша мақолада,— аммо эрникини кўтара олмайди. У эри томонидан ҳам шундай зарбага дуч келса, бу унга охирги зарба бўлади ва у иккиланмай сўнгги йўлни танлайди. Биз мунис аёллар ўлимида шу хонадан эркаклари, қолаверса раҳбар ходимларимизни айблаймиз”.
Бу фикрга қўшилмай илож йўқ. Улар бўлиб ўтган бу мудҳиш “фавқулодда ҳодиса”ларнинг тафсилотларини йиғиш, қарорларга тиркаб қўйиш билан чекланмоқдалар. Аммо бу ҳолат — “Фавқулодда ҳодиса”микин? Йилма-йил, кунма-кун йиғилиб борган турмуш қийинчиликлари, кўнгил изтироблари, ноҳақ етказилган озорлар, адолатсизликлар каби турли жиддий сабаблар оқибати эмасми бу?!
Шоир Рауф Парфи айтганидай — воқеа бўлиб ўтгандан кейин номигагина иш кўрувчи текширувчи комиссиялар эмас, ўрганувчи комиссиялар тузилиши мақсадга мувофиқ. Бу комиссиялар таркибига медиклар, социологлар, психологлар, юристлар киритилиб, улар бу воқеаларни чуқур таҳлил қилишлари, асл келиб чиқиш сабабларини аниқлашлари, етарли таъсир кучига эга чора-тадбирлар белгилашлари керак деб ўйлаймиз.
Шу ерда суд, прокуратура ва қонун ишлаб чиқарувчи органларга бизнинг эътирозимиз бор. Йилига юзлаб аёллар ўзига ўзи ўт қўйди. Бир инсоннинг ўлимини тасаввур қилиб кўринг. Ўзбекда “Туманни туртсанг, билмайди”,— деган мақол юради. Органларимиз бу ишларга жиддийроқ киришишлари, ҳақиқий айбдорлар аниқланган шароитда уларни ҳушёр торттирадиган қандайдир қонун ишлаб чиқаришлари керак… Меҳру шафқат қўлларининг кучи етмайдиган баъзи эркакларга жазо қонунларининг қудратли қўллари бас келармиди, деган фикрдамиз. Ахир икки йилда 500 дан ортиқ аёлнинг барбод бўлган ҳаёти наҳотки битта таъсир кучига эга қонун ишлаб чиқариш учун етарли материал бермаса, шундай қонун яратишга арзимаса?!
Биз уларнинг барчасидан қатъи назар ўз жонига қасд қилувчиларни ёқламаймиз. Ҳар қандай шароитда ҳам одам ўзини қўлга ола билиши, ўзини ўйламаган тақдирда ўзгаларни ўйлаши керак. Агар одам ўзини ўзи кўтара олмаса, уни ҳеч қандай ташвиқот, мадад кўтара олмайди. Орқасида чирқираб қолаётган уч-тўрт гўдак, оҳу фиғони еру кўкни титратаётган, айрилиқ, ғам юкидан икки букилиб қолган кекса ота-она, жигарлар… қолаверса, одам дунёга икки марта келмайди, бир борагина бериладиган капалак умридай қисқа умр… уларнинг ҳаммасини йиққанингда наҳот ўша шўртумшуқ битта эркакка қарши кўтарилган исёнга (кимга, нимага, қарши кўтарилган бўлишидан қатъи назар) бас келмаса…
…Яна хато қилмаслик учун, яна “фавқулодда” қай бир титраб жунбушга келган мунис жондан қолган бир ҳовуч кулгагина эга бўлиб ўтирмаслик учун бугун нимадир қилиш керак. Бу менинг қувваи ожизамга келган фикрлар. Бошқалардан жўялироқ фикрлар чиқар балки, ҳар ҳолда ҳаракат қилишимиз, йўл топишимиз керак. Токи, бу йўл эркакни ақлга, инсофга келтирсин, аёлни эса бу даҳшатли йўлдан қайтарсин.
Кўксига энди-эндигина шамол тегаётган оддий меҳнаткаш халқимиз қатори эзилган, турғунлик йиллари “пахта монокультураси”нинг асосий юклари залваридан эзилган қишлоқ аёли ҳаётига ҳам бугун қайта қуришнинг шифобахш эпкинлари, нур қатимлари кириб бораётгандай. Бу қатимларни кўпайтиришга ҳар биримиз масьулмиз. Қиссадан ҳисса, бу узун йўлларда қайта-қайта айланиб юришимдан мақсадим ҳам бу фикрни яна бир бор таъкидлаш эди.