Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий (туғилган йили номаълум, 1572 йили вафот этган) ўз замонасининг кўзга кўринган йирик олимидир. У машҳур Али Қушчи (тўлиқ исми-шарифи Аловиддин Али ибн Муҳаммад Самарқандий)нинг невараси паркентлик мавлоно Камолиддиннинг ўғли бўлиб, кўпроқ тошкентлик Ҳофиз Кўйкий деб танилган. Олим бир қанча вақт Қўйлиқда ҳам яшаган, бинобарин, тарихнинг зарварақларида мавлоно Қўйлиқий деб ёзилган жойлар учрайди.
Тошкент шаҳрининг Чиғатой дарвозасидаги ҳозирги «Коммуна» кўчаси ўрнида жойлашган Ҳофиз Кўйкий маҳалласи қадимдан шу улуғ зотнинг номи билан аталиб келган. Ҳофиз Тошкандийнинг Паркентдан шу маҳаллага келиб туриб қолганлиги эҳтимол этилади. Юкорида зикр қилинган «Кўйкий» тахаллусини Ҳофиз ўзи туғилиб ўсган Паркентнинг Кўҳак кишлоғига нисбатан қўллаган бўлиши мумкин. Зеро, Кўҳакий сўзи «Кўҳактоғ», яъни тоғлик Ҳофиз Кўҳакий деб аталиши ҳақиқатга яқинроқдир.
Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий истеъдодли тарихчи, ҳуқуқшунос, таржимон, шунингдек, география, этнография, ҳандаса, риёзиёт, фалсафа ва адабиёт соҳаларини ҳам чуқур эгаллаган, улардан ўз ишида унумли фойдаланган алломадир. Олим илмининг равнақ топиб, камолот чўққисига чиқа бошлаган даври асосан шайбонийхонлардан Убайдуллохон ва Абдуллохон II даврларига тўғри келади. Унинг бизгача сақланиб қолган асарларидан «Рисолаи фифанний ат тавсир вал калом» («Эътиқодга оид илмлар ҳақида рисола») номли қўлёзма китоби ўша замонда шуҳрат топган асар бўлганлиги Ҳожи Халифанинг «Сижил Усмоний» асарида айтилади.
Ҳофиз араб, форс тилларини ва адабиётини яхши билганлиги туфайли Шарқ ҳамда Ғарбда кенг шуҳрат қозонади. У илмий ишлар билан биргаликда мударрис (ўқитувчи)лик ҳам қилади, саёҳатларга чиқади. Масалан, Ҳофиз ўзининг узоқ ҳаёти давомида Миср, Ироқ, Сурия, Яман, Саудия Арабистони, Афғонистон, Эрон, Туркия, Шарқий Туркистоннинг Қашқар, Хўтан, Ёркент, Ғулжа каби қатор йирик шаҳарларида ва бошқа кўпгина хорижий мамлакатларда бўлиб, ўз билим доирасини ҳар томонлама кенгайтирган сермаҳсул ижод соҳибидир. «Сижил Усмоний» китобида айтилишича, Ҳофиз Тошкандий шахсан Ҳиндистонда икки марта бўлади, хусусан, биринчи марта Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо ҳаётлигида 1528 йили ташриф буюради («Сижил Усмоний». ЎзССР Шарқшунослик институти қўлёзма фонди, инв. ном 2628. ж, IV, 100 б.).
Ўшанда у Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тантанали қабул маросимида қатнашар экан, саройдаги расм-русмларни ҳамда Деҳли, Ҳайдаробод, Жайпур, Банорас, Калькутта ва бошқа жойлардаги кўрган-кечирганлари, маҳобатли қурилиш иншоотларию у ерларнинг ажойиботлари ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади. Жумладан, Бобур ўзининг «Бобурнома»сида: «Улуғ ош тортилғонидан кейин… мулла Фарруҳ ва Ҳофиз бошлиқ била келганларга чакмонлар кийдирулди… Ҳофиз Тошкандий ва мулла Фарруҳ бошлиқ Хожанинг (ўша даврдаги Самарқанд шоҳи Хожа Убайдуллахон назарда тутилаяпти — Ҳ. З.) мулозимларига ва бошқа ўлка элчиларига ҳам олтундин, кумушдин таркаш била инъомлар бўлди», — деб эслайди. 1569—1570 йиллари иккинчи маротаба борганида, Бобурнинг невараси Жалолиддин Акбаршоҳ қабулига киришга мушарраф бўлади. Унинг айниқса, Чингизхон ва ўзбек ҳукмдорлари ҳақида ёзган тарихий асарлари бу кунги фан оламида жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
X асрда яшаб ўтган Муҳаммад бинни Инъом деган олим Шарқий Туркистон (Уйғуристон) мамлакати ҳақида, ўша ернинг ҳоқони Томғочхон бинни Буғрохон номига форс тилида «Тарихи Туркистон» номли китоб ёзган. XVI аср ўрталарига келиб, бу асарни Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий ўзининг кўп йиллик саёҳат таассуротлари, тўплаган кўпгина қимматли бой илмий материалларидан фойдаланган ҳолда кенгайтириб, «Тарихи Хитой ва аҳволи мулкҳо» номи билан туркий, яъни кўҳна ўзбек тилига таржима қилади. Бу асарда Хитой ва Шарқий Туркистон ерларининг тарихи, унда ҳаёт кечирган уйғур, ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз ва бошқа туркий халқлар тарихи, расм-русм, урф-одатлари, маданияти, шаҳарларнинг жойланиши, бепоёнлиги, чексиз гўзаллиги ҳақида кенг ва ажойиб маълумотлар берилади. Ҳожи Халифанинг «Кашфу Зунун» асарида ёзилишига кўра, XIV аср охирлари ва XV аср бошларида кўпгина ҳунар пешагирлари ва санъат турларининг намояндалари қатори Али ибн Муҳаммад Сайид ибн Шариф Журжоний ва Саъдиддин Тафтазоний ҳам Самарқандда яшаб илмий ишлар билан шуғулланган, ўша даврнинг энг кучли олим ҳамда файласуфлари ҳисобланганлар. Хусусан, алломаи замон деб таъриф-тавсифланган Тафтазоний Самарқанд мадрасаларида дарс берар, сарой олимларига сарбонлик ҳам қилар экан. Ҳофизнинг эса ана шу икки забардаст олим, Али ибн Муҳаммад Сайид ибн Шариф Журжоний билан Саъдиддин Тафтазонийларга бағишланган асари борлиги маълум. Шунингдек, бу икки олим ўртасидаги адабиётшунослик термини ҳақида мунозараларнинг моҳиятини ёритиш мақсадида Ҳофиз Тошкандий «Истиораи тамсила» китобини ҳам ёзган. Бу китобнинг бир нусхасини у Туркияга қилган сафарида Усмонийлар ҳукмдори Султон Салимнинг вазири Муҳаммад пошшога ҳадя этган («Сижил Усмоний», IV ж. 120 с.).
Ҳофиз Тошкандийнинг яна бир машҳур «Тарихи олий Чингиз» («Чингизхон ва унинг авлодлари тарихи») асари мўғул тарихига оиддир. Бу асар манбаларнинг нечоғлик аниқ ва тўлалиги билан ўтмиш тарихчилар асарларидан бевосита ажралиб туради. Ушбу ноёб китобни ёзишда у умрининг ярмидан кўп қисмини мўғул ҳукмдорлари саройида ўтказган машҳур Эрон тарихчиси — Боҳовуддин Муҳаммад ал-Жувайний (XIII аср)нинг «Тарихи жаҳонкушои Жувайний» («Жувайнийнинг жаҳонни фатҳ этган жаҳонгир ҳақидаги тарихи») номли форс тилидаги асаридан кенг фойдаланган.
Ўзбекистон ССР Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ҳофиз Тошкандийнинг «Шарҳи одобул ал-мунозара» («Одоб-ахлоқ бобида мунозара китобига шарҳ») китобининг 1604 йилда Муҳаммад Замон бинни Лутфулло хаттот томонидан ҳуснихат билан Балх шаҳрида араб тилида кўчирилган нусхаси, араб тилида ёзилган «Фавоид Зиёия» номли шарҳланган асари, ўз устози мавлоно Асомиддин Иброҳим Исфароилийнинг «Шарҳул мезон ал-адаб» асарига ёзган илмий шарҳи, форс тилида ёзилган «Ажолатул баён фи шарҳул мезон» («Кашфу Зунун», асар II, саҳифа — 578, 5977), «Дастурил фароиз» китоблари сақланмоқда.
Мазкур асарларни синчиклаб ўрганиш ва айрим кишилар қўлида сақланиб қолган қўлёзмаларни қидириб топиш тошкентлик бу йирик, забардаст олимнинг ҳаёти ва фаолиятига доир янада тўлиқроқ маълумот олиш имконини беради, бинобарин, ўлкамиз фани тарихига шубҳасиз яна бир мазмундор саҳифа қўшилади, деган ниятдамиз.
Аммо ҳозирда, улуғ мунажжим олим Али Қушчининг Тошкентда яшаган ана шу неварасининг номини абадийлаштириш борасида ҳеч қандай эътибор берилмай келинаётганлиги, у яшаган ва қадимдан унинг табаррук номи билан юритилиб келинган маҳалла бугунги кунда нечундир унутилаёзганлиги кишини ажаблантиради, албатта.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 1-сон