Кўҳна Шарқ тарихи — бу нафақат жангу жадал ёхуд бир-бирига қилич қайраган сулолалар ёдномаси, балки юксак деққончилик ва ҳунармандчилик, тижорат маданияти тарихи эканлиги ҳақида муаррихлар, алломалар, сайёҳлар ажойиб иншолар ёзиб қолдирмишлар. Афсуски, ҳануз Шарқнинг, хусусан, Туркистоннинг ўтмишдаги савдо алоқаларига оид омон қолган маълумотлардан бехабармиз. Шу боис ҳозирги савдогарлик, бозор-савдо ишларида жаҳолат, қабоҳат, худбинлик ҳукмрон. Маърифатсизлик туфайли бу жабҳа вакиллари пулпарастлик балчиғига ботиб қолди…
Ўрта Осиёда бозор ҳам суғорма деҳқончилик маданияти сингари қадимий эканига ҳеч бир шубҳа йўқ. Академик Яҳё Ғуломов тадқиқотларига кўра, суғорма деҳқончилик жаҳоннинг бирор минтақасида биздагидек қадимий, ўзига хос эмас; милоддан олдинги 3 минг йиллик охирлари — Бронза даврида ўтроқ деҳқончилик тараққий этганини тарихий манбалар тасдиқлайди. Зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да шундай битик бор: «Қаердаки, дон, зироат, мевали дарахтлар кўпроқ экилса, қаердаки қуруқ тупроқни суғорсалар, ортиқча серсув (ботқоқ) ерларни қуритсалар ўша жойда ер қувонади…
Ердан буғдой униб чиқиши биланоқ девлар титрай бошлайди, экин ўриб олинганда улар инграй бошлайди, хирмон уюлганда девлар қочади, хамир қорилганда девлар ҳалок бўлади… ғалла ҳосили мўл бўлганда девлар худди қиздирилган темир лабига текизилгандай ақлдан озади».
Аждодларимиз тўгарак оламнинг асосий тўрт унсури — тупроқ, олов ва сувни, ҳавони улуғлаганлар: оловга сиғинган бўлсалар, ўз ихтиёрларидаги сув ва ерни пок сақлашга тийрак масъулият туйганлар. «Авесто»да ер Аёлга қиёсланади, уни эркалашга, парваришлаш ва меҳр кўргизишга даъват этилади.
Овчилик, балиқчилик ва суғорма деҳқончиликнинг ривож топиши, оловнинг кашф этилиши, мисдан тайёрланган пичоқ, бигиз, игна ва бошқа асбоблар, кейинчалик мис ва қалайи аралашмасидан ҳосил бўлган жез зеб-зийнатларни ясаш ҳунари ўзаро мол айирбошлаш — иқтисодий муносабатлар куртакларининг кўзини очди. Шу тариқа маъданчилик, металлардан турли меҳнат ва ҳарбий қурол-аслаҳалар ясаш, тўқувчилик ривож топиб, бошқа ўлкалар билан тижорат алоқаларини ўрнатиш зарурати барқарорлашди. Юнон муаррихи Геродот Хоразм ва Сўғдда яшаган массагет, шак, дай ва бошқа қавмларнинг қурол-аслаҳа ва зеб-зийнатлари ҳақида шундай маълумот беради: «Массагетларнинг кийим ва маишатлари скифларникига ўхшайди. Доим отлиқ ва пиёда жанг қиладилар, икки хил жанг усулини биладилар, улар ўқ-ёй, найза ҳамда шамшир (дудама калта қилич) билан содда қуролланганлар. Бу қуролларни ҳунармандлар жездан ясайдилар, бош кийимлари ва камарларининг боғичларини эса олтин билан безайдилар. Отларнинг кўкрак қалқонини ҳам жездан ясайдилар. Юган, сўлиқ ва бошқа жабдуқларга олтин қадайдилар. Темир билан кумушни мутлақо ишлатмайдилар, чунки уларнинг мамлакатида олтин билан мис ниҳоятда кўп бўлиб, темир билан кумуш мутлақо йўқдир».
Тарих шаҳодатномаларига кўра, бу зар тупроққа дунёнинг кўп зобитлари, жаҳонгирлари, дунёпарастлари безбетларча қорин илинжида қон ва нон қўмсаб, бостириб келганлар, келаверганлар. Афтода ва меҳмондўст аждодларимиз норасида гўдакларига бир тишлам луқма олиб келиш учун бозорга ҳар ҳафтада бормаса бормаганки, босқинчи-келгиндиларни бозори ва рўзғоридаги бор-буди билан меҳмон қилаверган, сийму зарини совғага бераверган.
Халқ бозор ҳақида қадим-қадимдан ибратли нақллар ижод этган: «Бозор кўрган эчкидан қўрқ», «Бозордан қолсанг бир кун қоласан — Яхшидан қолсанг, минг йил қоласан», «отанг бозор — онанг бозор», «Бозорда борига барака», «Бозори чаққон йигит», «Ўзини бозорга солади…», «Болали уй бозор», «Бозорга бориб бахтингни сина».. Эҳ-ҳа, бозор билан боғлиқ нақллар уммонига ғарқ бўлиб, ундан сузиб чиқиш, уларни санаб адоғига етиш осон эмас… Бугун биз Юсуф Хос Ҳожибнинг «Савдо-сотиқда кимки рост бўлса, феъли тўғри бўлса, зарур бўлганда унга мол топилмай қолмайди», деган ўгити ҳамма асрларда яшаган инсонларга дастур бўлганини англасак, нечоғли яхши!
Буюк мутафаккир Алишер Навоий: «Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ билан ризқ йўлини очар…» деганида оламнинг ободлиги деҳқон меҳнати туфайли эканини таъкидлайди! Деҳқоннинг ўзини Одам Атога, унинг қўлидан ризқ-рўз кўрувчиларни фарзандларига ўхшатади. Ҳазрат ўзининг муборак «Маҳбуб-ул қулуб», «Насоим-ул муҳаббат» асарларида аҳли жамоани тўрт гуруҳга: деҳқонлар, зиёлилар (маъно ва сафо, зиё ва ишқ аҳли — дарвешлар), султонлар (беклар, вазирлар), ҳунармандларга ажратиб, бу тоифаларнинг ҳар бирини таъриф-тавсиф этади. Ҳақни таниш, яъни «футувват аҳли»нинг маънавий комиллиги хусусидаги башоратангиз фикрлар зуҳур этилган уларда. Мана, ўз меҳнати билан рўзғор тебратган футувват аҳли — авлиё-дарвешлардан баъзилари: Абу Саид Харроз — этикдўз, Муҳаммад Саккок — пичоқчи, Абу Ҳафиз Ҳаддод — темирчи, Абулаббос Омилий — қассоб, Иброҳим Ожирий — ғишт қуювчи. Навоий маънавий комилликка интилмаган, инсонлик моҳиятини англаб етмаган косиб-ҳунармандларни танқид қилади: «Бозорда савдогар косиб — тангрига хоин ва ваъдага козиб. Бирга арзирни юзга сотмоқдин аларга минг мубоҳот, мингга тегарни юзга олмоқдин йўқ зарра уёт. Ростлик била савдо аларга зиёнкорлиқ ва ваъдага вафо аларға бадкорлиқ».
Инсоннинг ҳайвондан шарифлиги шундаки, унга ақл берилган. Ақл инсонга Ҳақни таниши учун йўл очади. Ақл маърифат зиёси билан йўғрилгандагина Ҳақиқатга эришади. Навоий таъриф этган аҳли жамоа тоифалари — деҳқон ҳам, дарвеш ҳам, султон ҳам, ҳунарманд ҳам маърифат нури билан ақл-заковатини чархлаб, Ҳақни танимоқ баробарида Бозорда Адолат ўрнатганлар.
Тижорат аҳли — савдогарлар ҳалол ризқ учун узоқ, машаққатли йўлларни босиб ўтади. Бир юртда сероб молларни бошқа юртга олиб бориб, ўша ердаги танқисликка барҳам беради. Бу билан улар деҳқон ва ҳунар эгалари меҳнатининг қадрсизланиб қолмаслигини — бозор мувозанатини сақлайдилар, юрт ободончилигига ҳисса қўшадилар. Шарқда савдогарлик олибсотарлик, чайқовчиликдан баланд қўйилган. Шарқ мутафаккирлари халқни, жумладан, савдогарларни ҳам футувватга чорлаганлар.
Бозор, минг йиллардан бери тарихнинг залворли юкини елкасида кўтариб, бани башар фарзандларини аҳиллика ундаб, моддий ва маънавий ҳаётнинг ботиний ва зоҳирий ришталари билан турмушнинг олтин қозиғига қайтара олган муқаддас рўёга айланди.
Адоғи не кўргулик билан тугаши қоронғу сиёсат ва сиёсатбозлик зулмидан ингранаётган Иқтисодиёт ва Маданият инқирози йилларида бозорга нима бўлди? Бу нечук сеҳрли сўзки, ҳамма «бозор, бозор», дея жавраб қолди, тўртта одам йиғилса, бир-бирига навбат бермай гапиргани гапирган: «Бозор иқтисодиётининг тақдири нима бўлар экан? Товарларнинг нархи уч терак баробар кўтарилиб кетибди! Энди қандай яшаймиз?»
Тарих сабоғи шуки, Адолат ақл ва билим орқали қарор топади. Ақлга йўғрилган илм-фанга муҳаббат ва эътиқод Адолатга яқинлаштиради. Бозорда барча нарсалар тарозига солиб тортилганидек, товарларни бозорга олиб чиққан ҳунар эгаларининг муносабатлари, бу муносабатларга ҳукмронлик қилувчи ижтимоий тартиботлар, ҳодисалар ҳам Адолат тарозисида тортиб кўрилиши керак! Эл қалбидан қувонч йўқолгани, руҳида чарчоқ, юзида тундлик зоҳир бўлганига бош сабаб бозорда нарсалар тортиладиган темир торозилар ва ижтимоий ҳаётдаги Адолат тарозусининг бузуқлиги эмасмикин?!
Бузуқ тарозулар хусусида сўзлашдан олдин бугунги кундаги «бозор» тушунчасини тавсифлаш ўринли, деб ўйлайман. «Бозор» деганда ҳозир кўпчилик юртдошларимизнинг кўз олдида кундалик эҳтиёжларни қондириш учун зарур озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа буюмлар сотиб олинадиган «Чорсу», «Олой», «Фарҳод» каби пойтахтимиздаги деҳқон бозорлари, олиб-сотарлар ҳукмронлик қилувчи тартибсиз чайқов бозори — истеъмол бозорлари намоён бўлади. Булар бозор ҳақидаги илк тасаввур — тор тушунча бўлиб, бозор кенг маънода маҳсулотни ишлаб чиқариш қонуниятлари бўйича ташкил қилинган Айрибошлаш, Мол ва Пул муомаласи муносабатларининг мажмуидир. Бозор — ишлаб чиқариш билан истеъмолни боғловчи Олтин кўприк! «Қобуснома» муаллифи авлодларига шундай панд-насиҳат қилади: «Эй фарзанд! Оз фойдага қаноат қилгил! Харидорни кўп қаттиқ туриб ва оғир баҳо билан ўзингдан қочирмагил, токи шу ҳунаринг билан ризқинг зиёда бўлсин. Халқсенинг олдингга бир нарса олиш учун келса, жонимсан, дўстимсан, биродаримсан, деб қарши олгил.
Аммо тўғри сўзлагил, бахил бўлмагил, фойдани яхши сарф қилгил. Савдода кўп қаттиқ бўлмагил, ёлғондан онт ичмагил ва одамлар билан қаттиқ муомалада бўлмагил. Пок дил бўлгил…»
Айрибошлаш миқёсининг ҳудудий ва ҳуқуқий чегаралари бор: маҳаллий бозор, миллий бозор, дунё бозори — ички ва ташқи бозорлар муайян ижтимоий қоидалар асосида ҳаракат қилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми, олди-сотти миқдори бозор муносабатларининг мавқеини — ҳажмини белгилайди. Бозорни «ижтимоий бирлашмалар»нинг иқтисодий тараққиёти ёхуд тушкунлигини кўрсатувчи кўзгу, макон ва замон ўлчагичи — Адолат Тарозиси — Олий ҳакам дейиш мумкин: бозор жамият (файласуфлар таъбирича, «шаҳар») аъзоларининг талаб ва эҳтиёжларини қондиришга, пул муомаласини барқарор сақлашга, маҳсулот баҳоси билан ишлаб чиқаришга кетган харажатларнинг мос бўлишига ҳамда халқлар ва давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шўровийлар ҳукумати ҳам 73 йилдан сўнг ҳудуди бепоён Иттифоққа бирлаштирилган мустақил давлатларнинг ўзаро иқтисодий ва маданий алоқаларнинг янги Иттифоқ Шартномаси асосида чинакам бозор билан уйғун, инсониятга синашта иқтисодий муносабатларга таяниб тиклашга бел боғлади. Зеро, бозор иқтисодиётининг афзалликларини жаҳондаги тараққий этган барча давлатлар тажрибасидан кўриб турибмиз. Бозор иқтисодиёти ҳукумат сиёсатининг одамлар моддий ва маънавий эҳтиёжларининг қайсидир даражада қондирилишига йўғрилиб, улар билан узвий боғлангандагина, фуқароларнинг манфаатлари ижтимоий қонунлар билан ҳимоялангандагина, ҳар бир кишининг сиёсий, иқтисодий ва маданий эркинлиги, омилкорлиги муҳофазаси таъминлангандагина рўёбга чиқади. Зеро, бозор муносабатлари тадбиркор, уддабурон, маърифатли одамларнинг ижодий қобилияти, ишбилармонлик ва тадбиркорлигини юзага чиқариш асносида халқ моддий ва маънавий фаровонлигини таъминлашнинг бирдан-бир йўлидир. Журналист Владимир Стругацкийнинг машҳур иқтисодчи В. В. Леонтьев билан «Ўз фойдасини ўйлаш ҳам яхши» отлиқ суҳбатида («Менежер», 1990, 16-сон) шундай мулоҳазаларни ўқиймиз: «Мен у кишидан Сизнинг назарингизда, ҳозирги вазиятда, Шўро иқтисодиётини нима қутқариб қолиши мумкин, деб сўраганимда дабдурустдан шундай деди:
— Хусусий ишбилармонлик. Энг муҳими, сизлар бир нарсадан воз кечишингиз керак — ялпи тенглик мафкураси. Қайтараман: бадавлат Форд янги машина ишлаб чиққанида халқнинг ғамини еб, хайрли иш қилишим керак, деб ҳаракат қилди дейсизми? У бу ишни ўз манфаати учун — фойда учун қилди. Фойда тараққиётни етакловчи куч тарзида хизмат қилади. Сизларда илгари бўлганидек, ҳарбий усул билан ҳам иқтисодни яратиш мумкин, албатта. Ҳа, ҳарбий саноат ёмон ишламади, чунки, сарф-харажатга умуман аҳамият бермади ва бу турли солиқлар тўловчи оддий, бечора одамларнинг бўйнига тушаётгани билан ҳеч ким қизиқмади. Ваҳоланки, даромад келтирувчи иқтисодиётгина мўътадилдир. Ҳеч кимни чув тушириб бўлмайди, ўзингдан бошқа».
Агар биз Леонтьевга ўхшаган алломаларнинг мулоҳаза ва таклифларига таянганимизда, балким, бизнинг иқтисодимиз бунчалик хароб аҳволга келиб қолмасмиди?! Русиёлик авиаконструктор Сикорский АҚШнинг фуқаро ва ҳарбий авиация саноатини бунёд этган, иқтисодчи Леонтьев эса умр бўйи Амриқо ва Япон иқтисодиёти билан шуғулланиб, бу мамлакатларни мисли кўрилмаган даражада тараққий эттираётган бир вақтда мамлакатимиз заифлашиб, сўниб бормоқда. Фақат ўз умрининг сўнгги дақиқаларида ватандошларимиз узоқ Амриқодан туриб, неча ўн йиллар мобайнида юксак маданиятли мамлакатлар амал қилиб келаётган ўз маслаҳатлари билан ёрдам беришга интилмоқда. Бир вақтлар хоин, сотқин, қочоқ дея лаънатланган кўҳна Туркистон фуқароларининг эндиликда Арабистон, Туркия, Олмония ва Амриқода ўзига тўқ, бадавлат ҳаёт кечириб, ҳатто бугун иқтисодий таназзулга ботган юртдошларига кўмак бераётганлари-чи?
«Тенглик мафкураси»нинг зиёни — инқилобдан кейин кўҳна Туркистонда ҳам уч минг йиллик тарихга эга бўлган савдогарлик касби ва хусусий савдога бўғов солиниб, жаҳон ва ички бозор йўлларининг темир панжаралар билан тўсилгани туфайли халқимиз табиатида муқим тижорат маданияти заха еди, синашта тамойиллар бузилди. Футувватли савдогарларнинг авлодлари олиб-сотарларга, чайқовчилару ўғриларга айланиб қолди: нонвой битта нонини бир, деҳқон бир кило пиёзини беш, боғбон бир кило майизини ўн, дўппидўз битта дўпписини эллик сўмга сотаётгани айб эмас, эҳтимол, бозор талаби шундайдир, аммо эллик тийинлик сигаретни беш, ўн беш тийинлик сақични бир сўмга, ноёб молларни омборлар, дўконларнинг орқа эшигидан пуллаб, мўмай фойда кўраётган ноинсофлар ҳам шу қора халқнинг фарзандлари эканлигини ўйлаб ўйингга етолмайсан!
Шоир Мирза Кенжабек «Тижорат тарихи» мақоласида шундай ёзади: «Савдогар» деган сўз бизнинг замонда бирмунча салбий маъно касб этди, нохуш ҳақорат сифатига ҳам айланди. Маънавиятида нуқсон, феълида таъма бўлган, ҳар нарсадан фойда кўзлайдиган шахсларни «Ҳе, у бир савдогар-ку!» деб таърифлашади. Бизнинг халқимиз феълидаги савдогарлик ёки савдога ўчлик айрим кимсаларни ғашлантиради ҳам. Бироқ, савдогарлик аслида ҳалол бир касб ёки ҳунар бўлиб, бу соҳа тарихининг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади. Савдогарлик — қадимдан қолган юксак маданият, салоҳият белгисидир». Савдогар дегани фақат сотиш қобилиятига эга бўлган фойдапараст, чаласавод кимса эмас, балки «китоб таниган», ўз она юрти ва ўзга юртларнинг иқтисодий-сиёсий аҳволини яхши билган, дунё ишларини мустақил мушоҳада эта оладиган хуш, маърифатли, маданиятли кишидир. Ўтмиш савдогарларининг сўнгги вакилини биз ўлмас санъаткор Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асаридаги илғор фикрли, ориятли, ватанпарвар зот — Отабек сиймосида кўрамиз. «Савдогар» деган сўзнинг бутун кўркамлиги, ижтимоий салмоғи Отабекнинг исму жисмида мужассамдир. Отабек — ўз «кир» замони, ўз она Ватани ва юрт остонасида фурсат пойлаб ётган рус босқинчилари хусусида ҳушёр, қайғули, ташвишли фикр юритади. У эл-юрт дарди билан яшайди.
Савдонинг нони ҳалол, деганда чайқовчилик ёки савдода ўғирлик қилиб кун кўриш тушунилмайди. Бироқ чет эллардан товар келтириб, ўзга ўлкаларга буюм элтиб сотиб, тижоратнинг азобини тортиб давлат орттириш тўғридир. Четга чиқарилаётган мол ҳам асл ҳунармандлик маҳсули бўлмоғи лозим. Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: «Бозорларимизга хориждан мол олиб келиш гўё Тангри йўлидаги жиҳод кабидир», деганлар.
«Сизлар савдогардан жуда қўрқасизлар. Улар эса бугунги мамлакатингиздаги ягона ишбилармонлардир. Улар дўзахий шароитда ишлаяпти, масалан, шимолга мандарин олиб бориш учун милиция амалдорларига йўл бўйи пора беради. Шундай бўлгач, ўзини ҳам унутмайди. Бир пайтлар мен Рижковдан: «Бир кўз олдингизга келтиринг-чи, агар ҳамма Шўро савдогарлари тўсатдан иш ташлаш эълон қилса, қандай чора кўрган бўлардингиз?», деб сўрадим. У фақат жилмайиб қўйди. Менинг ишончим комилки, сизнинг иқтисодингиз жуда ҳам ортга бурилиб кетарди. Чунки, бугунги кунда деярли ҳар бир инсон ниманидир чайқов бозоридан харид қилади. Бу эса аҳоли талабининг бир қисмини қондиради.
Мустақил ҳолда холис ҳаракат қилиш қобилиятига эга ишбилармонлар керак. Шундай мустаҳкам мулкчилик зарурдирки, эртага ҳеч ким уни мусодара қилмаслигига ишонч бўлсин. Фақат шундагина бу мулк фойда келтиради», — деб ёзади машҳур иқтисодиётчи В. Леонтьев. Шўролар замонида ишбилармонлар йўқсулларга айлантирилиб, мулк мусодара — талон-тарож қилинганини энди-энди тан оляпмиз. Одамлар қалбидаги мулкка, иқтисодга, сиёсатга, маданиятга, ҳокимиятга бўлган Эътиқод, Ишонч ва Умид кўприги бузилиб, ўрнига Навбат, Тақчиллик — Йўқсулликнинг қил арқони тортилди. Қил арқонда юриш эса ўта хавфли.
Йўқсуллар диктатураси даврида ишчининг, деҳқоннинг, зиёли ва хизматчининг ихтиёри ўзида бўлмади. Ҳамма нарса давлатники — «Берса бор, бермаса йўқ!» ақидасига амал қилинди. Шу боис ишчи, деҳқон, зиёли, хизматчи ижодкор— яратувчи эмас, йўқсуллар диктатурасининг товонидан қулоғигача масъуллик арқони билан чирмаб ташланган тобе, муте қулларга — ҳаракатсиз мурватчаларга айланиб қолди. Ҳамма нарса — сиёсат, иқтисод, маданият буйруққа — режага бўйсундирилди. Виждонан ҳалол меҳнат қадрланмади — маош виждонлига ҳам, виждонсизга ҳам бир хил. Деҳқон давлат режаларини бажаришга мажбур. Ўзи меҳнат қилган бир кило пахтани уйига олиб кетса ўғрилик; уйдаги қарғадек тиришган товуғига икки кило дон олиб борса жиноят; боғда ўзи етиштирган узум, шафтоли, анор, анжирдан ололмайди — ҳамма ерда қўриқчи… 50-йилларда беш кило буғдой учун ўн йил қамалганлар, Сибирга сургун қилинганлар сон-мингта эди.
Зиёли олимнинг ҳам аҳволи оғир. Диссертация ёқлаш учун раҳбарни Москвадан топиши, унга совға-салом, аслида нақд пул бериши керак. Нақд пулга «илмий иш» қилганлар Москвада, Тошкентда, Самарқандда — мамлакатнинг ҳамма бурчагида истаганча топилади. Бу сир кўпчиликка «ошкор» этилмайди, холос. Бирор илмий даргоҳ, олий ўқув юрти миқёсида бу масалани ўргансак, ижодкор доцент ҳам, умрида бирорта ахборот ёзмаган доцент ё профессор ҳам тенг маош олаверади ва ягона йўқсуллар мафкурасининг ноғорасини чалишни қойиллатади.
Турғун замоннинг зукко олимлари ҳам йўқ эмас. Уларга шак келтириш оғир гуноҳ. Заковатли олимлардан «куфр» сўзларим учун узр сўрайман-у, аммо замон «илмдоннларининг катта фоизи ўз-ўзини, ёнидаги дўстларини, оиласини, бола-бақрасини, қолаверса, халқини пинҳона ва ошкора алдаб юрган, аслида, йўқсиллар кажавасида ноғора чалиб кун кечираётган, чунончи, Хожа Аҳмад Яссавий пиримиз башорат қилганларидек, «охир замон золимлари»дирлар. Қинғир йўллар билан олимлик рутбасини қўлга киритган «золимлар» йўқсиллар яратган шароит туфайли бемаза қовуннинг уруғидай шу қадар кўпайиб кетганки, ростини айтганда, мен билган «бойвачча» ва «хонимча» олимларнинг қўлидан илму ирфон фидойилиги келмайди, ишга киришга эплаб ариза ёзолмайдиганлари, Ҳамзанинг «бадхатроқ» домласига ўхшаганлари бисёр. Адолатнинг бузуқ тарозуси қайта-қайта чиранишларимизда ҳам тузалмаётганига ўшалар ҳам қисман сабабчи эмасмиканлар?..
Аён бўлдики, Ишчи ҳам, Деҳқон ҳам, Зиёли ҳам, Хизматчи ҳам, ягона йўқсуллар мафкураси, иқтисодий тамойилига бўйсунишга мажбур қилиб қўйилган. Йўқсуллар яккаҳокимлиги ягона сиёсий фирқа мафкураси билан уйғунлашиб кетган. У оғизда ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар манфаатини кўзласа-да, аввало яккаҳокимлик манфаатини ҳамма нарсадан устивор қўяди, Шу тариқа йўқсуллар яккаҳокимлиги ҳамма ижтимоий гуруҳлар — ишчи, деҳқон, зиёли ва хизматчиларнинг йўқсулларча Яшашидан манфаатдор. Жамиятда ҳамма қатламлар йўқсуллашиб қолган. Йўқсуллар манфаатига мос келмаган муносабатлар шаклланиб, унга зид ҳаракатлар содир бўла бошласа, тўқнашувлар гулхани ловуллаб ёниши тайин. Ҳозирги бузғунчиликдан холи демократик ҳаракатлар билан бўлаётган «тортишувлар»нинг маъно ва мантиғи ҳам шу.
“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 10-сон