Ҳамма гап хотин-қизларни озод қилишдан бошланди. Биз уларни чўриликдан озод қилдик. Озод қилиб туриб… маҳкум этдик.
Кейинчалик, мамлакатда «ё ўлиш, ё қолиш» маъносида, ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётган бир даврда (1941 —1945), қонли урушга кетган эрлари, оталари, фарзандлари, ака-укалари ўрнида аёлларимиз, липасини шимариб, оёқларига қўнжлик этикларни илиб, пахта, лавлаги, ғалла, жўхори экиш, кетмон чопиш, трактор миниш сингари оғир меҳнатни бажардилар. Бундай машаққат, хотин-қизлар учун, жанг майдонида қон тўкиш машаққатидан кам бўлгани йўқ. Уруш тугаганига ҳам мана қирқ беш йил бўлди. Жаҳаннамий оғир меҳнат эса аёлларнинг гарданида қолиб кетди. Шарқ аёли социализм тугул бошқа бирон тузумда бунчалик меҳнатзада бўлган эмасди. Паст бўйли, мўйловдор, чўтир бир доҳий «шон-шараф ва қаҳрамонлик иши», деб эълон қилган меҳнат қишлоқ аҳли, ўзбек қиз-жувонларининг қаддини ёмон букди, уларга битмас-туганмас кулфат келтирди. Оналаримиз, хотин-қизларимиз, опа-сингилларимиз ҳар кун, эрта саҳардан қоқ тунгача «қаҳрамонлик» қилавериб, илиги қурий бошлади.
Ўйлаб тагига етолмайман. Ахир, қаҳрамонлик ҳар кун бажарадиган юмуш эмас-ку. Агар бундай «шон-шараф» аёлларни майиб қилса, одамларнинг ёстиғини қуритса… нафратланаман бундай «қаҳрамонликдан!» Менимча, аёллар ва ўсмирлар меҳнатини эксплуатация қилганлиги, тенг меҳнатга тенг ҳақ тўламаганлиги учун айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида махсус қонун чиқариш керак.
Яна бир гап. Бутун матбуот, радио, телекўрсатув, адабиёт йил бўйи пахтакор меҳнатининг аянчли экани ҳақида тинимсиз ҳамдардлик билдиради-ю, йиғим-терим бошланди дегунча, ҳамма айтган гапларини гўё унутиб, айнан тескари гапларни айта бошлайди. Ялпи мадҳиябозлик бошланиб кетади. Ҳар йили октябрь-ноябрь ойлари бизда жазава мавсуми бўлиб келди. Бу бориб турган субутсизлик, мунофиқлик эмасми? Чехов Очумелов қиёфасида қаттиқ нафратланган буқаламунлик жумҳурият миқёсида оммавий суратда, миллион карра ёйилиб кетди.
Телекўрсатувлар, кино, адабиёт рўйрост алдайди. Кимни? Мамлакатни чалғитади. Улар кўпинча шундай тасвирлайдиларки, гўё пахта теримига чиқиш… ҳордиқ чиқазиш, кўнгил ёзишга боришдай бир гап. Одамлар атлас, шойи, беқасам, адрасларни кийиб, шодон, елка қоқиб, худди рақсга тушгандай пахтазорда йўрғалаб юрадилар…
Яна бир нарса мени таажжубга солади… Эллик йил илгари шундай эди, ҳозир ҳам: юқоридан келаётган раҳбарларга бели бақувват, обод, табиати гўзал, иложи бўлса сабзавоткор хўжаликни кўрсатишади. Ҳали бирон марта, бирон раҳбарнинг қолоқ колхозга бориб, ўзбекнинг ҳақиқий аҳволи билан танишганини кўрганим йўқ.
Кимни алдаймиз?
Нима учун алдаймиз?
Қачонгача алдаймиз?..