Мабодо, бирон сабабга кўра, бизнинг айрим тилшунос, адабиётшунос ва таржимашунос олимларимизни… жазолаш лозим бўлиб қолса, уларни ўзлари ёзган китобларини кўпчилик ўртасида овоз чиқазиб ўқишга мажбур қилиш керак. Бундан оғир жазо бўлмаса керак жаҳонда! «Ўқувчи» — зерикиб ўлади, тингловчини эса қўрғошиндай оғир мудроқ босади…
Мана, юқорида номи зикр этилган «Ўзбек тилининг стилистикаси» (1983) деган китобда кўзга чалинган баъзи «илмий» гаплар: «Эмоционал-экспрессив лексиканинг стилистик хусусиятлари», «стилистик норма ва функционал стилларнинг стилистик-нутқий структураси»…
Муаллифлар ранжийдилар: ўн иккита сўздан нақ (атиги! — Ғ. С.) бир жуфти ўзбекча калима-ку!..
Ундай бўлса мана булар-чи: «Профессионализм, техницизм ва терминологик лексика…», «синтактик фигуралар ва троплар», «…стилларнинг классификацияси, экстралингвистик ва лингвистик факторлар», «семантик ва эмоционал-экспрессив оттенкалар», «стилистик эффект»…
Эътироз: «Бундай қусурлар, дарвоқе, ўзларида ҳам бор!..» Начора, бўлса бордир. Гап «мен», «сиз», «улар»да эмас, балки ҳаммамизда, барчамизнинг умумий мулкимиз бўлган мавлоно тафаккур, тил, нутқ, таржима, услуб, иншо, баён ҳақида.
Муаллифларнинг яна бир эътирозини эшитиб турибман: китобнинг қиммати фақат унинг тили, илмий истилоҳлари билангина белгиланмайди.
Эҳтимол, геометрия, ҳикмат (физика), кимё дарсликлари учун тил фақат — шаклдир. Бироқ тил бадиий адабиёт, шунингдек, бадиий таржима учун ҳам шунчаки шакл, либос, ташқи кўрк-ҳашам эмас. Буни бежиз сўз санъати дейилмайди. Тил бадиий адабиётнинг жони. Тили, услубий-ифодавий тарзи ғариб, қоришиқ, бетаъсир асарни асло яхши деб бўлмайди.
Сўзшунослик фанларининг алфози ҳам ҳар қандай жимжимадорликдан холи, илмий тилга хос қанчалик «қуруқ», сипо, жиддий бўлмасин, бу инсон тафаккури, нутқи, бадиий адабиётнинг қалби эканлигини тўла ифодалаши керак. Ахир, услубиёт илми ёки, айтайлик, адабий танқидга доир китобнинг тили қандайдир чизмакашлик ё бўлмаса наботот фанларининг тилидан фарқ қилиши керак-ку!
Нутқ маданиятини қарор топтириш, парвариш қилишда ҳамма восита ва имкониятлардан билиб фойдаланиш керак. Радио, телекўрсатув, оммавий сайллар, спорт эшиттиришлари, маъруза ҳамда суҳбатларда нутқ тоза, бўлиқ, донадор, тагдор, маънодор ва шавқли бўлгани яхши. Ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинган, дид билан тайёрланган атиги ярим соатлик оддий «томоша» (махсус нутқ маданиятига бағишланган бўлиши ҳам шарт эмас!) минглаб дарсхоналарда минг соатлаб олиб борилган панд, ўгит, насиҳатомуз ярим чин, ярим ёлғон «илмий» таҳсилдан кўра минг маротаба таъсирчан ва самаралироқ. Негаки, «оммавий ахборот воситалари» аталмиш радио, телекўрсатув ва матбуот ҳар бир хонадонга кириб боради. Тикувчининг минг ургани, темирчининг бир ургани, дейдилар. Айни вақтда ўша кўрсатув, агар пала-партиш, ғализ тайёрланган бўлса, нутқ одобига доир минг йиллик тоат-ибодатни ярим соат ичида бир пул қилиши ҳам ҳеч гапмас!..
Дарвоқе, ҳар қандай касб-корнинг ҳам ўз маънавий-руҳий иқлими, дард-ҳасрати ва ишкали бўлади. Масалан, адиблар, олимлар, муаллимлар ва турли касб эгаларининг ўз «шевалари» бор. Бинобарин, ҳар бир касб-кор эгаси: бу хоҳ муҳандис бўлсин, хоҳ шифокор, хоҳ ишчи ёки колхозчи бўлсин — ўз «тилида» гапириши керак. Ойнаи жаҳон саҳнига чиққан ҳар бир кишининг ўз мавзуи, ўз «дарди» бор. Бироқ уларнинг барчасини бирлаштирадиган битта муштарак муаммо: бу тил масаласи. Барчани, шубҳасиз, адабий тилда сўзлашга даъват этиш лозим. Шу билан бирга, ҳар ким ўз алфозини ҳам сақласин. Тилда ҳамма бирдай «олим» бўлиши шарт эмас. (Бу масалада бошқа бировлар эмас, баъзан олимларнинг ўзлари намуна бўлолмайдилар!)
Аслини олганда, бу ерда гап кимнинг кимлигида эмас. Лисоний ифода иллати, бемустасно, ҳаммамизга хос. Руҳий ҳолатимиз, тилнинг аҳволи ўзи шундай бўлиб қолган. Нима қилиш керак? Аввало, бунда жўяли, матлуб ҳамда ножўя, номатлуб ибораларни фарқлаш, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш лозим. Бунинг шошилинч иложини қилмаса бўлмайди. Меъёридан ошириб солинган ўғит ернинг жонини олганидай, ўнгу сўлига қарамай, бошқа тиллардан сўз, ибора, бирикма ва «тайёр» қолипларни олавериш ҳам, бора-бора, баайни шундай бир тарзда тилимизни ишдан чиқазиб қўйиши тайин. Гап шундаки, кўпмиллатлилик шароитида тилларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бир-бирига таъсири жараёни тоабад ошгандан ошиб бораверади. Бу табиий жараён. Масала шундаки, бу ерда лисоний-маъновий тараққиёт меъёрини йўқотмаслик, унинг ўзлигини, ўз табиий ҳаётий илдизларини омон сақлаш жуда муҳим. Акс ҳолда, ҳар қандай «лисоний ватанпарварлик» қуруқ даъват, пуч гап бўлиб қолади.
Мен тилимизнинг софлигини сақлаш учун уни «хитой девори» билан чегаралашга чақирмоқчи эмасман. Бу мутлақо ноимконий иш. Дунёда бундай «соф тил»нинг ўзи йўқ. Тил жамиятнинг ўзи, инсон тафаккури сингари, бойишга мойил. Бошқа тиллардан (ва ўз-ўзидан ҳам!) сўз олиш азалий ва абадий тақдир. Аммо бу қанчалик табиий жараён бўлмасин, қайси тилдан қачон, нимани олишни (ёки олмасликни!) билиш, буни ўз ҳолига ташлаб қўймаслик керак.
Эркин Воҳидов бизни ишонтирадики, «тилимиз бой ва ранг-баранг, ҳеч бир тушунча йўқки, унинг ифодаси бўлмасин. Мабодо, Фарғонада топилмаса, Хоразмда топилади, Тошкентда топилмаса, Самарқандда бўлади». Мен миқёсни янада кенгайтирган бўлардим: борингки, Фарғона-ю Хоразм, Тошкент-у Самарқандда ҳам топилмаса, қирғизда, қозоқда, озарбайжонда, татарда, туркман, тожик, бошқирд, усмонли турк томонларда бўлади. Фараз қилайлик, уёқларда ҳам даракланмаса, ўзимизнинг кўҳна бисотимизда: «Девону луғотит турк»да, «Қутадғу билиг»да, «Ҳибатул ҳақойиқ»да, «Муҳокаматул луғатайн», «Хамса», «Бобурнома»да бўлади. Яна таъкидлайман: биз «ўзимизда бўлмагани учун», деган важ билан ўзгалардан олаётган нарсаларни — «ўзимизда бўлмагани учун», деб эмас, балки «ўзимиз билмаганимиз учун» деб тузатиб айтайлик. Тилга наҳ уриш, унга туҳмат қилиш керакмас. Ўзимиз бурнимиздан нарини кўрмасак, бунга… тил айбдорми?
Мен «яхши қўшничилик муносабатлари» тушунчасини фақат давлатлар, халқларгагина эмас, балки жамики тилларга нисбатан ҳам қўллаган бўлардим. Замона зайли шундай бўлдики, биз ўлик тил ҳисобланмиш лотиндан, қадимги юнондан ҳамда бугун тарих «қулоқ бошига» чиқазиб қўйган халқлар — рус, инглиз, фаранг, олмон ва бошқа тиллардан жуда кўплаб сўзлар, истилоҳлар, турли атамаларни олаётганимизни эътироф этайлик. Тақдир тақозоси шу. Бироқ яна шуни ҳам эътироф этайликки, биз байналмилал алоқалар доирасини жуда торайтириб қўйганмиз, уни муайян бир мўлжалга йўналтирганмиз. Тўғрироғи, йўналтириб қўйилганмиз. Ўйлайманки, тарихан ўзаро яқин алоқада, яхши қўшничилик муносабатларида бўлиб келган халқлар: Ўрта Осиё фуқаросидан ташқари, ҳиндлар, хитойлар, турклар, араблар, форслар, афғонлар ва бошқалар ўртасидаги ўзаро байналмилал, қардошлик алоқаларини, жумладан, лисоний муносабатларни ҳам тубдан яхшилаш вақти келди. Беш йил жаҳоний мислсиз қирғинбарот уруши олиб борилган олмон (немис)лар биланки яхши, дўстона ва ҳатто демократик қардошлик алоқаларини ўрнатишга етарли даҳо, чин инсоний идрок туйғулари топилган экан, азалий яхши қўшничилик ва шериклик мақомида бўлиб келинган Шарқ халқларига бугунги муносабатимизни янада яхшилаш лозим.
«Рўзнома тили», «китобий тил», «таржима тили», «шиорлар тили», «идора тили»… деймиз. «Рўзнома тили» — зерикарли, «китобий тил» — қуруқ, «таржима тили» — ясама, «шиорлар тили» — бақироқ, «идора тили» — қашшоқ… Халқ жонли тилига нисбатан олиб қараганда, буларнинг луғати ҳам, ифодавий тарзи — услуби ҳам чегараланган. Бу табиий ҳол. Зеро, «кўча тили»да… рўзнома чиқариб бўлмаганидай, «идоравий тил»да… аския қилиш амри маҳол.
Ҳозирги қайта қуриш ва ошкоралик даврида матбуот каломининг эътибори бениҳоя ортди ва тобора ортиб бормоқда. Бундай шароитда матбуот тилининг иложи борича қуруқ, расмий бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш керак. Рўзнома-журналларнинг ифодавий тарз-таровати, шевасида муайян расмиёна услуб-оҳанг бўлиши муқаррар. Айни вақтда худди шу расмиятчилик, қуруқлик, сиполик матбуотнинг бурдини кетказади, уни эл назарида субутсиз қилиб қўяди, таъсирчанлигини сусайтиради. Одамлар рўзнома ва журналларни фақат «ахборот олиш» учунгина ўқийдиган бўлиб қоладилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасининг 1989 йил 17 июнь сонини ўқиганда қуйидаги сўз ва жумлалар кўзга чалинди. «Бир сўз билан айтганда» деймиз. Жумлада тўртта сўз келади. Бир сўз билан айтишни «ваъда» қиламиз-у, тўртта сўз қўллаймиз. Бу русча иккита сўз билан айтиладиган иборанинг икки баравар ошириб қилинган таржимаси. Ҳолбуки, ўзимизда шу маънода, чиндан ҳам, бир сўз билан — алқисса, хуллас ёки хулласи калом деса бўлади.
Кейинги вақтларда «кўпгина», «аллақанча», «бир қанча» маъноларида русчадан ўгириб қатор деб ишлатиладиган бўлди. Икки гапнинг бирида — «қатор» деймиз. Зарурат борми шунга? Шунингдек, «ниҳоят», «охир-оқибатда», «қизиқиш уйғотди», «биринчи навбатда»… деймиз. Ўйлаб қарасак, асл ўзимизникидай бўлиб кетган бу сингари бирикмалар ҳам русчадан ҳижжалаб ўгирилган.
«Ижодий дебют», «принципиал мулоҳаза» дейиш шартми? Шу маъноларни ўзбекча ифодалаб бўлмайдими?
Радио ёки телевизорнинг қулоғини бурасангиз, рўзнома ва журнал варақласангиз, дарсхонага кирсангиз, оммавий йиғинларга бориб қолсангиз, дарслик ва китоб бетини очсангиз, баъзан ҳатто адабий асар ўқисангиз, турли-туман оҳангга солиб айтилаётган бир хил, сидирға, ғализ ибораларни эшитавериб кўнглингиз суст тортади. Бора-бора ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қоласиз, дилингиз ҳеч нарсани тусамайдиган бўлади, ҳеч нарсага қизиқмай қўясиз.
Қизиқ, «рисола» юзасидан берилган саволга нуқул «рисолабоп» жавобимиз тайёр.
— Халқнинг қайси қисми? — Халқнинг кенг қатламлари.
— Нутқ маданиятини нима қилиш керак? — Юқори поғоналарга кўтариш керак.
— Нимани ўрганмоқдамиз? — Реал муносабатлар доирасида яшашга ўрганмоқдамиз.
— Одамларга қандай шароит яратилган? — Қулай.
— Одамларни нима қилмоқдамиз? — Интеллектуал ва маънавий жиҳатдан камол топдирмоқдамиз.
— Нуқсонларни қандай фош этаяпмиз? — Аёвсиз.
— Партиямизнинг йўл-йўриқларига қандай амал қилинмоқда? — Оғишмай.
— Камчилик ва нуқсонларни нима қиладилар? — Бартараф этадилар.
— Масалани нима қиладилар? — Кўтарадилар.
— Муаммолар нимани кутади? — Кўтариб чиқишни ва конкрет ҳал қилишни.
— Адолатли фикрга қандай риоя қиламиз? — Тўла.
— Қандай кунларда яшаяпмиз? — Тарихий кунларда.
— Қандай вазифа? — Кечиктириб бўлмайдиган вазифа.
— Қандай ташаббус? — Ижодий ташаббус.
— Қандай ислоҳот? — Туб иқтисодий ислоҳот.
— Ишни нима қилиш керак? — Замонавий талаблар даражасига кўтариш керак.
— Қандай муҳокама? — Умумхалқ муҳокамаси.
— Қандай айтиш мумкин? — Тўла ишонч билан.
— Жўн асарларга қандай муносабатда бўламиз? — Муросасиз.
— Масала қаерда туради? — Диққат марказида.
— Масъулиятни нима қиламиз? — Ҳис этамиз.
— Қандай зайлда иш кўрамиз? — Совуққонлик билан.
— Бир нарса иккинчисига нечоғлиқ ўхшайди? — Қандайдир даражада.
— Ташаббус қандай бўлади? — Шахсий.
— Қаҳрамонларнинг қандай дунёси? — Ички дунёси.
— Дўстни қаердан топадилар? — Бошқа кишининг қиёфасидан.
— Масалага нима қиладилар? — Тўхталиб ўтадилар.
— Турмуш даражасини нима қиладилар? — Юқори босқичга кўтарадилар.
Ва ҳоказо…
Одамларни ногаҳонда уйқусидан уйғотиб сўрасангиз ҳам, улар ўқланган милтиқдай, «шундай» сўроқларга «шундай» жавоб берадилар. Ҳеч ким «камчиликни йўқотамиз» демайди. «Бартараф этамиз» дейди! «Меҳнат шавқи» эмас, «меҳнат кўтаринкилиги» дейди.
Шоирлар, воизлар, нотиқлар, муаллимлар, мутаржимлар, муҳаррирлар, муаллифлар — қўйингки, бутун матбуот-у нашриёт, радио ва ойнаи жаҳон, сўз маҳкамаси ва муассасаси, шиорлар, китоблар, чақириқ ва даъватлар, мурожаат ва баёнотлар… — шу тилда!
Ҳозир ҳамма нарсани қайта қураётган эканмиз, эҳтимол, алфозимиз, шевамиз, услубимиз, шиоримиз, иншомизни ҳам қайта қурармиз?..
Бир тилнинг бошқа тилга таъсирини биз, нима учундир, муқаррар равишда «бойиш» деб қабул қиламиз. Ҳолбуки, бу чинакам бойиш билан бирга, тилимизни булғаш бўлиши ҳам мумкин. Бу жараён, ҳам ижобий, ҳам салбий маънода, зоҳирий ва ботиний ҳолда кечади. Биз эса, кўпинча, кўзга кўриниб турган нарсаларнигина кўрамиз-у, парда ортидаги нарсаларни пайқамаймиз. Тўғрироғи, кўзга ташланиб турган натижа ёки оқибатни кўрамиз-у, уларни келтириб чиқараётган туб сабабиятларни мутлақо сезмаймиз. Ваҳоланки, илдизи, сабабияти аниқланмаган иллатни ҳеч қачон қуритиб бўлмайди. Ёки бир иллат қуритилса, ўша иллатнинг ўзи бошқа жойдан тағин ниш уриб чиқаверади…
Тилнинг бойиши ҳам, бузилиши ҳам икки хил йўсинда кечади. Бири — хорижий сўзларни ўринли ва ноўрин қўллаш. Иккинчиси — хорижий тилнинг таъсири остида, таъбир жоиз бўлса, янгича фикр қолиплари, янги нутқий таркибларнинг ҳосил бўлиши.
Иккинчи йўсин, ижобий маънода — қанчалик муқаррар ва жоиз бўлса, шунчалик самарадор; салбий маънода эса — қанчалик пинҳоний бўлса, шунчалик емирувчан ва хавфли. Чунки бу нарса меъёрни бузади, тилни кемиради… Қарабсизки, лафзингизда биронта ҳам номатлуб хорижий унсур йўқ, барчаси ўзимизнинг азалий сўзларимиз. Бироқ… жумла, фикрнинг шаклу шамойили, тарҳи, таркиб, ифодавий тарз — тилимизга ёт. Қип-қизил тақлиднинг ўзгинаси. Лисоний тақлид! Бир тил бошқа тилга гўё тақлид қилади! Ҳолбуки, ҳар қандай яхши нарсага тақлид ҳам яхши эмас.