Файзулла Қиличев. Адолатсизликнинг илдизи қаерда? (1990)

Жумҳуриятимиз бўйича ўтган йили 85 мингта жиноят содир этилди. Бу рақам бурноғи йилдагига нисбатан 15 мингта кўпдир. Надоматлар бўлсинки, жиноятлар сон жиҳатдангина ошмай, балки уларни содир этиш усули жиҳатидан ҳам ўзгариб кетди. Жоҳиллик, қонхўрликнинг даҳшатли кўринишлари қўлланилди. Ўқ отувчи, портловчи, совуқ қуроллардан фойдаланиб, омборларга, савдо ва пул билан муомала қилувчи муассасаларга, аҳолига, хонадонларга босқинчилик ҳужумлари уюштирадиган жиноятчи гуруҳлар пайдо бўлди. Жиноятчиликнинг янги, уюшган — РЭКЭТ усули кенг тарқалди. Улар қўрқитиш, тазйиқ ўтказиш орқали мол-мулк талаб қилиш, одамларни гаровга ушлаб туриш йўли билан бойлик орттиришга киришиб кетдилар. Ўғирлик, талончилик, фирибгарлик, машиналарни олиб қочиш, олиб-сотарлик урчиди. Фоҳишабозлик, бангилик, ичкиликбозлик билан боғлиқ жиноятлар кўлами кенгайди. Мингдан ортиқ киши ваҳшиёна қотиллик қурбони бўлдилар. Ярим мингдан зиёд хотин-қиз зўрланди. Бир неча минг одам автомашина ҳалокатига учраб, бевақт оламдан кўз юмди…

1958 йилда туғилган Абдуқодир Абдуюсупов Тошкент вилояти Калинин ноҳиясидаги «Иваново» давлат хўжалигида оиласи, 2 та вояга етмаган болалари билан яшарди. 1988 йилда ўттиз ёшини ўғирликка қўл уриш билан «нишонлади». Суд унга 3 йил муддат билан жазо белгилади ва уни Узоқ Шарқ ўлкасида ўташга маҳкум этди. Аммо Абдуқодир жазо ўташни ўзига эп кўрмади. Қамоқдан қочди. Тошкентда Аҳмад Беков деган, аввал ҳам қатор жиноятлар содир қилиб ўз номини булғаган кимса билан топишди. Жиноий йўл билан, меҳнатсиз бойлик орттириш йўлига кирган С. Уралов, Э. Тошматов, Э. Абдурасулов, Д. Тиллаевалар ҳам шу тариқа «қоронғида қуйруқ ялашди»лар.

Қидирув эълон қилинганига қарамай, қўлга тушиб қолмасликларига кўзи етган Абдуюсупов ҳамманинг кўз ўнгида таралла бедод қилиб юраверди, дуч келган ерда даҳшатли жиноятлар содир қилишдан тоймади. У ўз жиноий тўдасининг «ҳаракат дастури»га ҳам эга эди. Келишиб олинганидек …шу йил 13 январ куни Янгийўл шаҳрида А. М. Мирсоатов бошқарувида бўлган «Жигули» енгил автомашинасини кира қилишиб, хилват жойда ҳайдовчининг бўғзига пичоқ тақаб, бўйнига сиртмоқ ташладилар, сўнгра машинани ва марҳумнинг кийим-кечакларини, ўзаро бўлишиб олдилар. Мурдани эса сувга чўктириб юбордилар. Ҳамтовоқлар 26 январ куни яна навбатдаги «ов»га чиқдилар. Тошкент шаҳар С. Раҳимов номли метро бекати яқинида Қ. Ражабов исмли шахсга тегишли машинани кира қилишиб, йўлда уни ҳам худди аввалги усулда ўлдиришди. Ялаб тўймаган ёвузлар 3 февралда Тешабой Пирматовнинг «Волга» машинасини, 13 февралда 3. Абдуллаевга тегишли «Жигули» енгил автомашиналарини ҳам ана шундай даҳшатли қотилликлар қилиш йўли билан эгаллаб олдилар. Жабрланувчиларнинг буюм ва пулларини ўзларига олиб, машиналарни эса анқов шахсларни топиб, алдаб-сулдаб пуллаб юборганлар. Ушбу тўда иштирокчилари бундан ташқари ҳам қатор ўғирлик, фуқароларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уриб жароҳатлаш, давлат муассасаларини талаш ва ўт қўйиш каби жиноятларни содир этиб, жуда катта миқдорда моддий ва маънавий зарар келтирганлар. Тинч-тотув ҳаёт кечиришаётган оилаларнинг бошига кулфат келтирганлар. Ана шу жиноий гуруҳнинг аъзоси Донохон Тиллаева эри ва тўртта ёш болаларини ташлаб, аёл, қолаверса она бўлатуриб ана шу даҳшатли жиноятларга бош қўшган…

Бу рақам ва дастакларни қайд этиб, шусиз ҳам тинчи йўқолган одамларни ваҳимага тушириш фикридан йироқмиз. Жиноятчилик кўламининг тинимсиз ўсиб бораётгани бугун ҳаммани ташвишлантирмоқда. Ҳокимиятнинг олий идорасидагилардан тортиб фуқаросигача гап нимадалигини, мавжуд муаммоларнинг илдизи қаердалигини ва уни қандай бартараф этиш лозимлигини излашмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот мутахассислари муаммонинг бош сабаби омма орасида таълим-тарбия ишларининг бўшашиб кетганлигида, жиноятчиликка қарши курашиш идораларининг моддий асоси етарли эмаслигида, мавжуд қонунларимизнинг номукаммаллигида, турмушимизда ҳукм сураётган иқтисодий тангликда, деб қайд этмоқдалар. Масъул шахслар учрашувларда, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида жиноятчиликнинг илдизини ичкиликбозликдан, айримлари бу ишга жамоатчиликнинг жалб қилинмаганлигидан ахтардилар. Бириси ўтмиш сарқитига, иккинчиси ғарбдан андаза олишга, бошқаси Сталин давридаги «ур-сур» ларга ишора қилдилар. Турғунлик даври, миллий муносабатларнинг ўлда-жўлдалиги, ҳуқуқ маданиятининг пастлиги ва ҳоказолар асосий сабаб қилиб кўрсатилди. Биров жазони кучайтириш керак деса, бошқаси: «Жазо қаттиқ, у одамларни жоҳиллаштириб юборди», дейди. Мени қалам олишга ундаган нарса мутахассис сифатида қайсидир маънода юқоридаги фикрларни мутлоқ рад этмаган ҳолда, жиноятнинг асл сабаби ҳақидаги қарашларга қўшилмаслигим бўлди. Фикри ожизимча, аввало «касал»лик сабаби тўғри аниқлангандагина уни даволаш осон кечади. Ҳозирги белгиланаётган тадбирлар ошқозони ишдан чиқа бошлаган беморни гриппдан ёхуд тиш оғриғидан муҳофаза қилиш билан баробардай кўринаяпти.

Хўш, бўлмаса асосий сабаб нимада?!

Онадан ҳеч кимнинг жиноятчи бўлиб туғилмаслиги ҳаммага аён. Инсонни инсон, жамият тарбиялайди. Шундай экан, адолатни ўз адолатсизлигимиздан изласак тўғрироқдир. Одам боласи, кимнинг пушти камаридан пайдо бўлмасин, у инсон. У улғаяди, ҳар қанча ками-кўсти бутун қилинмасин, таълим-тарбия ўрнига қўйиб адо этилмасин, кўза кунда эмас, кунида синганидек ўзи сезмаган ҳолда жиноятга қўл уриб қўйиши мумкин. Чунки ҳаётнинг қайсидир бир чорраҳасида у адолатсизликка рўбарў келган. Ҳар қандай қонунга хилоф ҳаракат — жиноят, адолатсизликнинг бир кўринишидир. Демак, адолатсизлик жиноятни, жиноят янги адолатсизликни келтириб чиқаради. Агар адолат устивор бўлмас экан, жиноят олами тораймайди, аксинча, болалаб кетаверади. Йиғинлар, тадбирлар, қуролланган отрядлар, қамоқхоналар, янги қонунлар, қўлни-қўлга бериб курашга шайланган жамоатчилик ҳам унинг қаршисида ожизлик қилади.

Биз ўғирликни таҳлил қилаётганимизда «меҳнатсиз даромад йўлига кирганлар», давлат мулкини талон-тарож қилганларни ёки порахўрларни — «молу-давлат орттиришга ҳирс қўйган бир гуруҳ шахслар»… деб бадном қилишга ўрганиб қолганмиз. Лекин ана шу «…йўлга кирганлар», «ҳирс қўйганлар» қаердан пайдо бўлди ёки нега «ҳирс қўйди», деган саволларни четлаб ўтиб кетамиз. Ахир «сабабсиз оқибат бўлмайди»-ку!

…Карим Ҳожибоев исмли 17 яшар бола 1966 йилда отасининг машинасини ювиб-артиб қўйиш мақсадида ҳайдаб уйи яқинидаги ариқ бўйига келади. Шу пайт аллақаердан пайдо бўлган учта безори боланинг юзига мушт туширишиб, машинани тортиб олиб қочади. Оғзи-бурни қон, юзи кўкариб, шишиб кетган бола жон ҳолатда машина ўғрилари кетидан югуради. Афсуски, сарсон-саргардон бўлиб, ўтган воқеа боис отасидан қўрқа-писа уйга келганда уни милиция ходимлари пойлаб туришган эди, уни қамоққа олишади: Тошкент — Сирдарё йўлида она-болани машина билан босиб, ўлдириб кетганликда айблашади.

Ота-она ва қўни-қўшнилар боланинг уйдан машина ҳайдаб чиққанини кўришгани табиий.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ. Катта асфалт йўлда эса икки кишининг ўлиги. Юз қадам нарида ағдарилиб ётган «Волга»…

Ёш боланинг «мени уриб, машинани зўрлаб олиб қочиб кетишди», деган гапига ҳеч ким ишонмайди. Адолат, ҳақиқат истаб чеккан изтироблари, ички алами ва адолатсизликка қарши қалбида туғён урган Карим саккиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди ўшанда.

25 ёшида қамоқдан қайтган йигитга ҳамма ола қарайди. Ишга жойлашиш азобини бошдан кечиради. Тенгдошлари уйли-жойли бўлиб кетишган, уни давраларига қўшишмайди. Ҳар куни уни сўраб-суриштириб ички ишлар ходимлари келиб-кетиб туришади. Корхонада бирорта ҳодиса юз берса, ундан гумонсирашади. Уйланай деса…

Хуллас, жаҳолат қурбонига айланган Карим ўйга чўмади, ичкилик ичади, дайдиб юради, турли «инсон»ларга дуч келади, ўғирлик, босқинчилик, талончилик кўчасига кириб қолади…

Карим судда ўз «тарихи»ни сўзлаб берар экан, уни шундай якунлади:

— Мен ҳам отамдек обрўли, иззат-ҳурматли одам бўлишни истардим. Унга тақлид қилишга уринардим. Яхши ўқирдим, юрист бўлишни орзу қилардим. Онамни жуда-жуда яхши кўрардим. Вояга етиб гўзал ва доно қиз билан турмуш қурсам, болаларим бўлса, ўз уйим, машинам бўлса, деб орзу қилардим. Ҳаммаси бир кунда, ўша менга ишонишмаган куни синди. Сўнгра эса…

…Энди менга барибир. Тақдирга тан беришдан бошқа иложим қолмади. Адолат қилинг, деб сўрамайман… Йўқ нарсани сўрашдан маъно йўқ!

Шу ўринда жамиятдаги адолатсизлик жиноятчиларни туғдирди, улар айбдор эмас, адолатсизлик айбдор, деган бир томонлама фикрдан мутлақо йироқман. Шундай бўлса-да, нега у ёки бу шахс жиноят йўлига кирди, унинг онгида, ҳиссиётида нопокликка қўл уриш фикри ҳаётининг қайси босқичида ёки «муюлиши»да пайдо бўлди, деган савол ечимини топишнинг тарафдориман.

Ана шу «босқич» ёки «муюлиш»ларда у албатта қайсидир кўринишдаги адолатсизликка дуч келганлиги шубҳасиз. Эътибор беринг-а, инсон боласи дунёга келибоқ туғруқхонада «усти-бош» алмаштиришдан тортиб, у ердан «чиқиб» кетганига қадар турли муносабатларни — «совғача» бериб ардоқланишни ёки турткиларни бошдан кечиради. Боғчага қатнай бошлаганида эса, ота-онаси уни бу ерга «бир амаллаб» жойлаштирганини эшитади. Сўнг «қаппайган» тугун қўлтиқлаган «тарбиячи»ларига кўзи тушади. Лекин бу даврда у ўз ҳақига хиёнат қилинаётганини англамайди. Бугун қўғирчоғини, эртага конфетини, индин эса эгнидаги бирорта кийимини «йўқотиб» қўяди. Мактаб ёшида у шакллана бошлайди. Кимдир мактабга ҳам машинада келади, бошқаси қор, ёмғир кечиб калишда… Ўртоғи данғиллама уйда яшайди, алоҳида хонаси бор. У эса укалари билан бир хонада тиқилиб ерда ухлайди. Институтга ҳам «иккичи» жойлашиб олади. Бошқасининг «ҳужжати» чатоқ. Қўшни Ялтага — дам олишга жўнайди, у эса пахта чопиғига. Биров минбардан туриб ваъз айтади, у эшитиб ўтириши керак. Унинг қўшалоқ машинаси гаражда «гижинглаб» туради, буниси эса велосипед шинасини ахтариб тинкаси қурийди… Адолатсизлик илдизини ана шундай турмуш тарзидан ахтариш керак!

Турмушимизда яна бир ҳолат ҳам мавжудки, бу, жиноят содир бўлгач, адолатни қарор топтиролмай овораи сарсон, эшикма-эшик чопишдир. Ҳар бир очилмай қолган жиноят, бу — икки бор адолатсизликдир. Биринчидан, жиноятдан жабрланган тараф адолатга нисбатан ишончини йўқотади. Иккинчидан, қўлга олинмаганлигидан. Шу тариқа жумҳуриятимизда қар йили ўн минглаб жиноят ёпиқлигича қолиб кетаверади. Ўтган йили эса, бу рақам 25 мингтага етди. Агар ҳар икки тарафда ўртача иккитадан ҳисобланса, демак, 100 мингга яқин кишининг адолат йўқлигига имони комил бўлади. Бу 161 та қотиллик, 309 та оғир даражадаги тан жароҳати етказиш, 81 та хотин-қизнинг зўрлаб номусини поймол қилиш, 2723 марта давлат мулкини ўғирлаш, 1592 та босқинчилик, 414 марта талончилик ҳужуми, 15 мингга яқин фуқаронинг мулкини ўғирлаш каби жиноий ишлар очилмади, деганидир.

Хўш, қачон адолат қарор топади? Қачон бу зулматга зиё етиб келади? Бу саволларга кўпинча, қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, ишлаяпмиз, изланаяпмиз, аммо кучимиз етмаяпти, зарур мутахассислар, тегишли жиҳозлар камлик қилаяпти, маблағ йўқ каби жавоблар оласиз. Қисман шундай. Аммо асосан эмас. Эътибор қилайлик-а! Ярим миллион коммунист, миллионер-комсомол, минглаб ходим ишлайдиган милиция, прокуратура, суд, юстиция, адвокатура, давлат хавфсизлик қўмитаси мавжуд.

Совет ва бошқарув идоралари, қишлоқ Советидан тортиб Олий Советгача мандат олган халқ депутатлари, турли нозирлик аъзолари, фахрийлар кенгашлари, маҳалла назоратчилари, ичкиликбозликка қарши жамоат ташкилотлари, таълим-тарбия ўчоқларининг жонкуярлари, маданият ходимлари, ёзувчи ва журналистлар, миллионлаб киши ишлайдиган турли идора ва муассаса жамоалари… Улар жиноятчиликка қарши курашга чорлангандирлар. Хўш, мавжуд шу кучлар озми?

Қолаверса, жумҳуриятимиз вилоят, ноҳия, шаҳар ва қасабалардан иборат. Уларнинг ҳар бирида ички ишлар идоралари мавжуд ва улар деярли ҳамма жойда жамоатчи ёрдамчиларига эга. Юзлаб кўнгилли тартибни назорат қилувчилар сафарбар этилган. Амалда у ёки бу шаҳарга икки кунга меҳмонга келган киши ҳақида тегишли маълумотларни олиш имконияти бор. Буни мазкур соҳанинг мутахассиси бўлганим учун ҳам айтаяпман. Шу нарсани таъкидламоқчиманки, бир парча ер ҳам назоратдан холи эмас. Деярли ҳар бир ножўя ҳаракатнинг олдини олиш, битта жиноятчига ўнтагача одамни сафарбар этиш мумкин. Айтайлик, ҳар бир боланинг ота-онаси борлигини ҳисобга олсак, эътирозга ўрин қолмайди. Биз эса ана шундай имкониятимиз бўла туриб, 85 мингта жиноятнинг содир этилишига йўл қўйдик. Шунинг 25 мингтасини «кўрмай» ёки «билмай» қолдик. Бу фарзандларимиз, яқинларимизни ўз ҳолига ташлаб қўйганликдан, жавобгарлик ҳиссидан йироқлашиб бораётганимиздан ўзга нарса эмас. Ҳар биримиз «менга нима» қабилида иш тутишга одатланиб қолганмиз.

* * *

Бир марта жиноят содир қилган шахсларнинг аксарияти жазони ўтаб қайтганларидан сўнг кўп ўтмай яна жиноят йўлига кирадилар. Нега? Шу кеча-кундузларда юз бераётган жиноятларнинг бошида ана шундай «тажриба»ли кимсалар турганлиги сир эмас. Яна: «Нега?» деган савол туғилади. Эътибор қилайлик: шахс бир марта адашди — жиноят қилди. Унинг халқ ва давлат олдида қилган адолатсизлигига одилона жазо белгиланди. У жазони ўтади. Назаримда, адолат қарор топа бошлагандай бўлди. Ишонинг, улардан бирортаси ҳам яна ўша машъум қамоқхонага қайтиб боришни истамайди. Озодликка, доғни ювишга нима етсин. Бўлмаса, уларнинг яна жиноят йўлига кириб кетишига нима мажбур қилди, дейсизми? Адолатсизлик! Унга икки гапнинг бирида қамоқда ўтириб келгансан, деб бармоқ ўқталаверишдир. Одамлар ўз орасига қўшмай қўйди. Милиция ҳар куни изидан пойлаб юради. Уй-жой билан таъминлашни ҳеч ким ўйламайди. Ишга жойлашайин деса корхона бўсағасидан қадам бостиришмайди. Содир этган адолатсизлигига минбаъд пушаймон бўлган, энди яхши турмуш кечираман, деб онт ичиб қамоқхонадан озод этилган кишига бундай муносабатда бўлиш, унинг қалбида чечаклай бошлаган умид ғунчаларини парчалаб ташлайди. У тирикчилик боис яна жиноят йўлига киради.

Яқин ўтган кунларимизга бир назар солайлик. Турғунлик йилларида қўшиб ёзишлар, порахўрлик, тўрачилик, буйруқбозлик ва бошқа ижтимоий адолатсизликлар томир отганлигини фуқаро яхши билади. Партия, совет, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари ва бутун жумҳурият аҳли бу қонунсизликларни тугатишга, ноҳақликларнинг илдизини қуритишга киришдилар. Халқнинг умиди чексиз эди. Бўлаётган ишлар нафақат ўзбек халқининг, балки бутун мамлакат, ҳатто жаҳон жамоатчилигининг диққат-эътиборини тортди. Шундай бир пайтда жиноятчилик кескин ўса бошлади. Ташкилий чиқишлар ва оммавий қон тўкишлар содир бўлди. Бозорда нархнаво ошди, порахўрлик авжига чиқди. Одамлар миллат «айира» бошладилар. Икки қават қилиб темир панжара қопланмаган эшик-дераза, турли хилда ҳайқирадиган, жиноятдан огоҳ этувчи «қопқон» мосламалар ўрнатилмаган уй ва ҳатто автомашиналар қолмади. Янги телпак кийган кишининг бир қўли бошида бўлиб қолди.

Сабабларни эса ҳамон «қидирганимиз-қидирган!» Ҳатто юксак минбарлардан туриб ҳам: «Ўзбекистонда айрим нопок шахслар муҳим тармоқларни эгаллаб олиб, ўз манфаатини кўзлаб жиноят қилди. Бунда ўзбек халқи айбдор эмас», деб «ноғора чалинди»-ю, лекин амалда ғайритабиий ишлар бошланди. Тозаланиш сиёсати остида «ҳўли-қуруқ»қа баб-баравар ўт қўйилди. Маҳаллий аҳоли вакилларига ишончсизлик билдирилди. Минглаб «ўта» ишончли «кадрлар» Ўзбекистонга тартиб ўрнатиш учун сафарбар қилинди. «Гдлянчилар бригадаси» бир гуруҳ жиноятчилар тўдасига қўшиб халқни ҳам «ура бошлади». Маъмурий идораларга юборилган «ишончли»лар Бутурлин, Гайданов, Дидоренко, Лаптев каби юзлаб «десантчи»лар ўзларига «ташкилотчи», «фаол» ва «принципиал» деган номларни орттириш, унвон, орден-медаллар, генераллик погонларини бўлишиб олиш учун «фаолият» кўрсата бошладилар ва бу йўлда ҳақ-ноҳақ усулларнинг ҳаммасидан инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилиб фойдаландилар. Анъанаси, урфи-одати, турмуш маданияти ва тили-дини бошқа халқнинг кўз ёшлари, қисмати уларга заррача таъсир қилмади. Мамлакатнинг ҳамма бурчакларида: «Ўзбекистонга масъул — раҳбарий ишларга хоҳловчилар бўлса, марҳамат!» деган чақириқлар осиб қўйилди. Кадрларни танлаш, жойлаштириш ва улар учун жон куйдириш иши ўзбек халқи вакиллари қўлидан олинди. «Ўзбекистонда ҳамма пахтакор», «Оқ олтинни олтин қўллар яратади», деган ажабтовур шиорлар ёнига «ўзбеклар иши» қўшилди. Қамоқхоналарда «ур калтак» давом этаверди. Маълум вақт ўтгач, «ўзбеклар иши»ни бозорга солиб, Гдлян ва Ивановлар СССР Халқ депутати бўлиб олдилар. Гайданов, Дидоренколар олтин погон ва орден олиб, юқорига ўсиб кетишди. Шунингдек айрим раҳбарлар ҳам масхарабоз «жонглёр»лардек ходимларни ўйнатиб жумҳурият, ноҳия ва вилоятларнинг оёғини осмондан келтириб, ниҳоят жумҳурият аҳлидан «СССР Халқ депутати» мандатини олишгач, бу ерни ташлаб кетишди. Шунисига ҳам шукур!

Шундай қилиб жумҳуриятимизга келганлар қош қўяман деб кўз чиқаришди. Одамларнинг кўз ўнгида адолатсизлик қилинди. Энди уларни ҳақ сўзга ишонтириб кўринг-чи! Чунки туб маънода, жумҳурият фуқаролари қатағон қилинган эди. Юқорида айтилганидек, адолатсизликларни одиллик, фозиллик билан енгиш ўрнига, аксинча иш тутилди. Содир этилган ана шундай ўзбошимчаликлар одамларга таъсир қиладими? Қилади! Ишонч йўқоладими? Йўқолади!

Кишилар онгида жоҳиллик қўзғатадиган, оқибатда жиноятга қўл уришга мажбур этадиган бундай адолатсизликлар сон-саноқсиз… Тоғдан оқиб ётган сувдан ҳам арзон пахта нархи, эгаси билан ҳисоб-китоб қилинмай ташиб кетилаётган қазилма бойликлари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади…

Кейинги пайтларда «дефицит», «танқислик» деган бир бало пайдо бўлдики, у ҳатто одамлар ўртасидан ўзаро меҳр-оқибатни, ҳурмат-иззатни ҳам кўтариб юборди. Ҳозир жиноятларнинг аксарияти ана шу заминда урчимоқда.

Хўш, «камёблик» билан боғланган жиноятга қандай барҳам бериш мумкин? Албатта, шу мақоладаги икки сатр таклиф билан масалани ҳал этиб бўлмайди. Авваламбор камёблик турмушимизда ҳукм сураётган хўжасизлик оқибатидир. Худди қуриётган денгиз, чириётган ҳосил, ёнаётган корхона, нураётган иморат, касалдан ўлаётган мол, брак маҳсулот ва ҳоказолардек. Ана шу нарсалар йиғилиб бир бутун «камёблик»ни ташкил қилади. Хўжасизлик эса эгасизлик дегани. Барча муаммоларни ҳал қиладиган масъул идоралйрда ўз ишини пухта биладиган, жонкуяр, илмли ташаббускор эгалар йўқ. Борлари эса, эга эмас, маъмурлардир. Ана шу маъмурларнинг кўпчилиги «бўйни бўш», бетга чопмайди, қўл қовуштириб туради, айтганингдан чиқмайди, фалон жойдаги акалари қўл келиб қолиши мумкин, берсанг ейдиган, урсанг қочадиганлар хилидандир. Уларнинг аксарияти маълум мансабга ўтиргач, «камёб»ларга қўли етолади, ўзларини ҳам, ҳомийларини ҳам таъминлаб турадилар. Бундайлар оммани ўйламайдилар. Ўзлари ишламайдилар, бошқаларнинг ҳам олдинга ўтишига йўл қўймайдилар. Ана шундай «эга»лар адолатни четлаб ўтиб, одамлар дилини қон қилиб юборадилар.

Қилғиликни қилиб қўйиб, сўнг бўшаб ётган магазин пештахталари, нархи осмонга чиқиб кетган бозорни четлаб ўтиб: «Нега ўғирладинг?», «Нега қиммат сотдинг?», «Нега тортиб олдинг?» қабилида одамларни қувалаб юрамиз. Улар эса даҳшатли жиноятлар содир этиш билан жавоб қайтарадилар.

Вазият қанчалик оғир бўлмасин, ҳар ким ўз ҳақиқатини сиртига чиқариши керак. Кичкина бўлса ҳам ёлғон, алдов мавжуд жойда адолат қарор топмайди. Фақат ҳақиқатни очиқ айтиш билан, ҳар қандай одамда, туғилган пайтидаёқ табиат ато қилган ва сўнгра сўниб, қалбининг, онгининг бирор бурчагида «бўғилиб» ётган адолат ҳиссини уйғотиш керак.

Мафкура кучини, тадбирлар йўналишини ана шунга қаратиш ҳар қачонгидан зарурроқдир. Халқ орасига чинакамига кириш тарғибот ва ташвиқот ишларини йўлга қўйиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Маъмурий йўл билан шохига ёки баргига ҳужум уюштириб жиноят дарахтини қурита олмаймиз. У яна шох чиқариб, барглаб «мева» бераверади. Бу дарахтнинг илдизини озиқланмас даражага келтирганимиздагина мақсадга етамиз. Бу машъум илдизнинг номи адолатсизликдир!

Файзулла Қиличев, катта адлия маслаҳатчиси

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон