«Ўзбекистоннинг сирлари ва афсоналари» китобидан
Инсоният ақлини тонг қолдирадиган ва доимо ўзига чорлаб турадиган жумбоғу сеҳрлар сирасига қачонлардир пинҳон йўқолган беҳисоб бойликлар ҳам киради. Кўплаб Миср эҳромларининг симу зар ва қимматбаҳо жиҳозлари аллақачон очкўз хазинатопарларнинг ўлжаси бўлиб қолди. Ҳиндистон ва Цейлондаги ҳамда Тибетнинг олтин ибодатхоналари бойликлари талон-тарож қилинди… Аммо Амриқо ацтекларининг хазинаси, Овруподаги нибелунглар олтини ҳанузгача топилгани йўқ. Ана шундай яширин хазиналар мамлакатимизда ҳам мавжуд. Россияда Колчак олиб қочган қирқ икки пуд тилла Шарқий Сибирь ўрмонларида бекитилган. Манфур гитлерчилар томонидан номаълум жойга олиб кетилган Ленинград саройининг машҳур каҳрабо хонаси буткул йўқолди. Бу ҳақда бот-бот ёзилмоқда, одамлар орасида турлича фикр юради. Аммо, ўша вақтларда тилга тушган, одамлар эътиборини тортган яна бир хазина мавжуд. Уни негадир унутиб юборишди, афсуски, бу дафина ҳам Колчакнинг хазинаси каби ҳақиқат бўлиб, қаерлардадир ётибди. Ҳа, бу — 1920 йил сентябрда ҳокимияти ағдарилгач, ўзи билан Афғонистонга олиб кетишга уринган Бухоро амирининг тилласидир.
Тарихдан маълумки, ҳар бир ҳукмрон тахтда қанчалик собит ўтирмасин, мамлакатидан бош олиб кетадиган машъум кун яқинлашганини сезгани ҳамоно бировга билдирмай, махфий суратда тайёргарлик кўрар экан. Ўша қора кунгача ҳоким бойликлар жамғаради, уларни ҳозирлайди, тиллани эритиб ёмбилаб қўяди, қоғоз пулларни қимматбаҳо буюмларга алиштиради ёки Эфиопиянинг собиқ ҳукмдори Хайле Силасия Биринчи режимининг ағдарилишига қадар бир неча ўн миллиард долларни Швейцария банкига ўтказгани сингари чет эл банкларига ўтказади. Шундай ҳолни Гаити халқининг золими Лювалье ўз бойлигини Францияга ўтказиб юбориб такрорлади. Филиппиннинг собиқ президенти Маркос ҳам ўзи билан миллиардлаб долларни олиб кетди. Кўплаб ҳукмдорларнинг тақдири шуни кўрсатдики, улар «халқ отаси» номи билан иш кўриб, элини аёвсиз талон-тарож қилишган. Бухоро амирлари ҳам бундан мустасно эмас.
Бухоро амирлиги кичик бир вассал хонлик бўлиб, унинг пайдо бўлиши эрамизгача бўлган биринчи минг йилликдан бурунги даврларга тўғри келади. У ҳозирги Ўзбекистон майдонининг катта бир қисмини — Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё областлари ва қардош Тожикистоннинг бир улушини ўз ичига олган. Икки ярим минг йилдан кўпроқ тарихга эга Бухоро ва бухороликлар нималарни бошидан кечирмади дейсиз? Юксак тараққиётни ҳам, жаҳонга довруқ қозонишни ҳам, ажойиб бойликларни ҳам, шунингдек, машъум кунларни — ёв босқинини ҳам, батамом вайроналикларни ҳам, алғов-далғов замонларни ҳам кўрди. Искандар Зулқарнайн қўшинлари Бухорони қуршаб олди, араб саркардаси Муслим ибн Қутайба қамал қилди, Чингизхоннинг суворийлари очлик қозони тагига олов ёқиб, кулини кўкка совурди, маҳаллий хонлар ўртасидаги муттасил ўзаро ички низолар ҳам Бухорога вақти-вақти билан кулфат солиб турди. Бухорони сомонийлар, салжуқийлар, шайбонийлар, аштархонийлар сулоласи бошқарди, кейинги бир ярим асрда эса ҳокимият тепасига манғитлар чиқди. Улардан биринчи бўлиб, 1753 йили қаршилик Муҳаммадраҳимхон тахтга ўтирди. Манғитлар орасида ҳукмдор-зоҳидлар ҳам бўлиб, Шоҳмурод — ўшалардан бири эди. У тахтга чиққандан кейин ҳам ўз тийнатини ўзгартирмаган. У бир танга учун кечаю кундуз вақтини сарфлаган, жуда жулдур ва жўн кийим кийиб юрган, жуда кам овқат еган, юришларда аскарлари билан чодирларда бирга ётиб қолаверган, хонлик чодирини тиклашга изн бермаган, аёънлардан бировиникига ҳам зиёфатга бормаган, фуқародан ҳеч қандай инъом қабул қилмаган. Бироқ айнан шу ҳукмдор-зоҳид шундайин очкўз, шундайин тиллага ўч бўлганки, ҳатто ўзга эллар бойлигига ҳам кўз олайтирган. Шафқатсиз бу амир ўтакетган мутассиблик қилиб, Шарқдаги энг бой ва маърифатли шаҳар бўлмиш Марвни ер юзидан супуриб ташлаган. Бу кентни талон-тарож қилиб, неки бойлиги бўлса, барини Бухорога келтириб, манғит амирлари хазинасига жойлаган.
Бир ярим асрлик ҳукмронлик даврида манғитлар Бухородаги Арк ертўлаларига беҳисоб хазина тўплашган. 1920 йили Бухоро амирлигининг нуфузи тахминан уч миллион кишини ташкил этган. Бутун халқ кечаю кундуз ўзининг яккаю ягона ҳокими — Бухоро амири учун тер тўкиб ишлаган. Амир ўзининг соқчилари ва амалдорлари ёрдамида — улар ўттиз минг кишини ташкил этарди — ўз таабаларидан солиқ тариқасида катта бойлик жамғарган. Бу қадар солиқ дунёнинг ҳеч бир давлатида мавжуд эмас эди. Бухоро амири халқдан қирқдан зиёд ўлпон ундирган, уларнинг энг асосийси хирож — ер солиғи эди… Амирнинг ҳар бир аҳли бир парча ерда деҳқончилик қилса ҳам, ҳосилнинг бешдан бир ҳиссасини амир хазинасига топширишга мажбур эди. Оғир ўлпонлар орасида иккинчи ўринда яъни мол-мулк солиғи турарди. Бухоро амири таабалари мол-мулкнинг қирқдан бир улушини ҳокимига инъом қилардилар. Қирқ туядан биттасини, қирқ қўйнинг бирини ва ҳоказо… Бухоро амирлари уруш маҳалида жул деб аталган ҳарбий солиқни ундиришарди. Оғир ўлпонларнинг хили ва сони кўп бўлишига қарамай, Бухоронинг ҳар бир янги амири боз устига ўз солиқларини жорий этиб, шу тариқа халқнинг бор буди-шудидан ҳам жудо қилишарди. Шундай қилиб, 1870 йили Бухоро амири Музаффархон амин деб аталган янги солиқ, яъни савдогарлар сотган ёки бошқа шаҳарларга элтган молларнинг умумий йиғиндисидан бир ярим фоизини тўлайдиган ўлпон жорий этди. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига қараганда, Бухоро амири Саид Олимхон ҳукмронлигининг охирги йилида йиллик даромади 30 миллион тиллага етган, шу маблағдан уч миллион тиллани қўшинлар сақлашга сарфлаган. Юқорида таъкидлаганимдай, амирнинг ўттиз минг турли-туман амалдори ва хизматкори бор эди. Уларнинг ҳаммаси маош олиб, пул эҳсонларидан арз қилмас эди, бироқ амирлик мулкида 26 беклик, минглаб қишлоқ мавжуд бўлиб, улар мана шу амалдорлар бадалига бутунлай берилган эди. Улар ўз ризқи ҳамда Бухоро амирига тортиқ қилиш учун солиқни ундирардилар. Бироқ амир нуқул ўз хазинасини тўлдириш билан чекланиб қолмаган, албатта. Шундай пайтлар ҳам бўлганки, амир сахийлик ҳам қилган — тож кийдириш маросимларида базми жамшидлар уюштирган, болалар туғилганда ва бошқа кўп тантаналарга чиқим қилиб турган. Баъзида кутилмаган сарф-харажатлар ҳам қилинган. Масалан, Биринчи жаҳон уруши даврида. Россия Олмонияга қарши уруш эълон қилганида, чор ҳокимиятининг вассали саналмиш Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон четда қолмаган. Уч бор — 1914, 1915 ва 1916 йилларда телеграммаларда ёзилганидек, рус армиясининг «ғалабаси учун» бир миллион сўмдан пул жўнатган. Амир Россия императорининг маънисиз қирғинини давом эттириш учун уч миллион сўм ҳадя қилди. Бундай сахийлик эътибордан четда қолмаган, 1915 йили иккинчи миллион Россия банкасига келиб тушганда, шарқ ҳукмдори император буйруғига биноан Оқ Бургут нишони билан тақдирланган, 1916 йили эса, яъни навбатдаги миллиондан сўнг амирни Александр Невский нишони билан мукофотлашди. Бундан ташқари, «Ватан олдидаги хизматлари учун» Саид Олимхонга махсус муборакнома билан чор армиясининг генерал-лейтенант унвони берилган. Шундай қилиб, Бухоро амирларининг ғазнаси ҳар йили тўлиб бормай, балки камайган кезлар ҳам бўлган. Бироқ шарқона ифодаланган амир ғазнасини сақлаш қонуни мустаҳкамлигича қолаверган: «Симу зарга тўлмагунча, қаноат қилмоқ жоиз эмас». Ва Бухоро амирлари ҳақу ноҳақликлар эвазига ғазнасини тўлдиришга ҳаракат қилишаверган.
Шундай яралган одамлар ҳам бўлади: очкўзлигининг на чек-чегараси бор, на ниҳояси. Беҳисоб бойликка эга одам бу бойликнинг маънисию моҳиятини билмайди, бироқ ботинида гўёки аллақандай баҳайбат бир махлуқ яшайди, у одамларнинг бор шудини тортиб олиб, шўрликларни нотавон қилиб, ўз хожасини эса кечаю кундуз хазина тўплашга мажбур этади, пировардида бу ғазнанинг моҳиятини ҳокимнинг ўзи ҳам тушунмайди. Унинг фикри-зикри битта: қанча кўп бўлса, шунча яхши, қанча кўп бўлса, ўзини шунча қудратли ҳис этади. Шуниси борки, бойлик қанча мўл бўлса, шунчалик маънисиздир. Барча бойликнинг, у бир кишиникими ё ҳокимникими — қатъий назар, моҳияти ана шундай. Ўмарилган бойликни бир умр тамом қилолмайсан — на базми жамшидлар, на сарой тантаналари, на хизматкорлар, на кўҳлик либосларга сарфланса ҳам. Бойлик жамғарган бирор ҳоким бу нега керак, бу нима беради, бундан мақсад нима деб, ўзига ўзи савол берса қани эди? Худди мана шу ўйсизлик, очкўзлик ва ҳақиқий бойликни англаб ета олмаслик туфайли бойлик жамғаришадики, бу кейинчалик ўзларини фалокатга дучор қилади. Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин «Уёқда шаҳаншоҳ Кашей тилла тепасида озиб-тўзиб ётибди…» деб бежиз ёзмаган эди.
Саид Олимхоннинг ҳам паймонаси тўлди. 1920 йилнинг августида, халқ қўзғолони уни тахтдан улоқтириб ташлашини сезиб қолиб, у нафақат бош олиб кетишни, балки манғитлар томонидан ўмарилган бойлигини ва улкан амирлик ғазнасини олиб қочиш ҳақида ҳам ўйланиб қолади. Бухоро амири ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган бойликларни бир жойга йиғиб чамалаб кўрганда, олтину жавоҳирлар бутун бир карвонга юк бўлади. Бунча ғазнани ўзидан бошқа билмайдиган номаълум томонга олиб кетишга қурби етмас эди. Шунда Бухоро амири ўзининг эски малайи, чор Россиясининг Машҳаддаги бош элчиси Никольскийдан инглизлар билан мулоқотда бўлиб, Британия ҳокимияти амирлик хазинасини ўз ҳимоясига олишини илтимос қилади.
Амир жавоҳиротини яшириш учун нега айнан Машҳадни танлаган? Чунки, бу шаҳар орқали Саид Олимхон аллақачон инглизлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган эди. 1920 йилнинг май ойидаёқ инглизлар Бухорога Машҳад орқали икки юз туядан иборат қурол-яроғ ортилган карвон жўнатган эди. Амир айнан мана шу йўлга умид боғлаб, ўз бойликларини инглизлар эҳтиёт қилиб сақлаши учун Машҳадга ўз чопарини жўнатади. Боз устига Эрондаги бу штатга кирмаган мўъжаз шаҳарчага амир учун йўл очиқ эди, амирликнинг шимол тарафида эса инқилоб тантана қилган эди.
Чоризмнинг собиқ элчиси Никольскийга кўз тутган иши ўнгидан келмагач, амир ўмарилган бойликни сақлаш учун шошилинч йўсинда бошқа йўл қидиришга тушди. Зум ўтмай Саид Олимхон ўзининг ишончли одами, шаҳрисабзлик дарвишлар сардори Давронни Кошғардаги инглизлар элчихонасига юборади. Бухоро амирининг вакили Кошғарга тўғри йўлдан бормади, негаки Туркистондаги инқилоб у ёққа элтадиган кўп йўлларни бекитган эди. Шу боисдан Давроннинг Қоратегин довони, Олой водийси ва шарқий Помир тоғлари орқали ўтиб боришига тўғри келди. Ниҳоят, Бухоро амирининг вакили икки ҳафталик йўлдан сўнг, Кошғар пойтахти Урумчи шаҳрига етиб келади.
Инглизлар элчихонаси ўша пайтда Урумчининг чеккасидаги Чиннибоғ соя-салқинида, шинам бинода жойлашган эди. Инглиз дипломати ва айғоқчиси Петтэ Эссертон элчилик қиларди. Даврон дарвиш Бухоро амирининг номасини топширгач, жавоб кутиш учун Урумчида қолди. Бироқ воқеалар ўзгача тус олди: инглизлардан мадад сўраган амирнинг кутганичалик бўлиб чиқмади. У эски таниши бўлмиш Эссертон Бухоро ғазнасини сақлашга жони-дили билан рози бўлади, деб умид қилган эди. Афсуски… Номани ўқиб чиқиб, амирнинг тиллаю жавоҳирлари юз отга юк бўлишини билиб, шунча бойликни васийликка олгани учун зиммасига тушадиган масъулиятдан чўчийди. Бунча бойликни бир жойда тўплаш ва элчихонада сақлаш ўша вақтларда жуда хавфли эди. Атроф-теваракда жангу жадаллар авж олган — Туркистонда инқилоб, Синьцзянда қўзғолон давом этарди, ҳатто Кошғарда ҳам талончилар тўдаси хўжайинлик қиларди. Эссертон махсус сейфларсиз ва етарли соқчиларсиз элчихонада амир бойлигини сақлашни мушкул деб ҳисоблади. Инглиз элчиси Туркистондаги воқеалардан муфассал воқиф бўлиб, амир узоқ вақт Бухорода қола олмаслигини, хазинасини тезда қаёққадир жўнатиш зарурлигини жуда яхши англарди. Петтэ Эссертон ақлли дипломат, Британия салтанатининг садоқатли хизматкори эди, амирнинг хазинасини Кошғарга олиб келишга ўзича ва ўз ҳокимиятининг розилигисиз рухсат беришга ҳуқуқи йўқ эди.
Ўша ташвишли йилларда, элчихонага эсон-омон олиб келтирилган тақдирда ҳам бойликнинг сақланишига ҳеч ким кафолат бера олмас эди. Юз отли карвоннинг Бухородан Урумчига қадар етти юз чақирим йўл босиб ўтишига, албатта, кимнингдир назари тушган бўлар ва карвон то манзилга етгунча ҳеч кимнинг пайқамай қолиши эса ақлга сиғмас эди. Беҳисоб бойликни қўлга киритишни хоҳлаган қароқчилар тўдаси элчихонани оппа-осон ишғол этиши, уни қўриқлаётган ўнтача аскарни бемалол қириб ташлаши ва элчининг ўзини ҳам бошидан жудо қилиши мумкин эди. Амирнинг бойлиги ҳаққи Британия салтанатининг вайрон бўлишини хоҳламас эди. Эссертон олтиннинг яхшилик келтирмаслигини, кўп ҳолларда у бало орттиришини тушунар эди.
Аммо у айни маҳалда рад ҳам қила олмас, шунингдек, кўнмагани учун Бухоро амиридан зиммасига тушадиган масъулиятдан ҳам чўчирди. Шунинг учун Эссертон Саид Олимхоннинг шошилинч илтимосномасини Ҳиндистоннинг Деҳлидаги вице-шаҳаншоҳига йўллайди. Бу ҳазил гап эмас, негаки амир ўз бойлиги қимматини 12—15 миллион тилла фунтстерлинг ёки 150 миллион тилла пулга баҳолаган эди.
Рус-Осиё банкининг ходими К. К. Юдахиннинг ҳисобига кўра, амирнинг бойлиги 22 миллион тилла ўн сўмликка тўғри келади. (Буни бугунги пулга чаққанда тўрт миллиард сўмни ташкил этади.) Шу боисдан инглиз элчиси Эссертоннинг ҳам, Бухоро амирининг ҳам анча-мунча бош қотиришига тўғри келган эди.
Деҳлидаги Ҳиндистон вице-шаҳаншоҳи идорасига амирнинг хазинасини сақлаб қолиш ҳақидаги сўровини Эссертон ўзи учун одатдаги, бир неча марта синалган тартибда йўллайди. Ошиғич илтимосноманинг йўли мана бундай амалга ошди: амирнинг тилласи ҳақидаги шартли белгилар билан ёзилган телеграмма Урумчидан шарқий Помирдаги Сорикўл қишлоғида жойлашган ва охирги манзил саналган Хитой телеграфига жўнатилди. Телеграфда инглиз миссияси вакилининг имзоси бор эди. Чунки бу амалдор пиёда чопарни Сорикўлдан Қорақурум тизма тоғидаги Мингтака довони орқали жўнатганида, телеграф алоқаси шу ерда тамом бўларди. Чопар бу шошилинч илтимосномани Хунза вилоятига қарашли Мизгар қишлоғидаги инглиз-автомат станциясига олиб келади. Хунза вилояти Кашмирнинг шимолий мавзеида ўрнашган бўлиб, кашмирлик махарожаларнинг вассаллик шартномасига алоқадор эди. Маълумки, бутун Кашмир, бутун Ҳиндистон инглиз мустамлакалари таркибига кирарди. Амирнинг тилласи ҳақидаги хабар Мизгардан бошланадиган телеграф линиясидан Сринагарга, Сринагардан эса Симлуга — инглиз веце-қиролларининг ёзги боргоҳига жўнатилди. Бу шошилинч илтимоснома ана шундай мураккаб йўлни босиб ўтди.
Бироқ Эссертон ўз ҳокимиятидан амирнинг тилласини сақлаш бўйича кўрсатма олишни кутмаган эди. Британия салтанатининг юксак лавозимли амалдорлари Саид Олимхоннинг ғазнаси ташвишини зиммасига оладиган бўлишса, бордию бу бойлик ўғирланган тақдирда, жуда кўп пул товон тўлашга тўғри келишини билишарди. Шу сабабдан инглизлар бундай тадорикка рози бўлмадилар.
Эссертон Бухоро амирига назокат билан раддия юборишдан ўзга илож тополмади. Бу нома билан дарвиш ортига қайтди, узоқ йўл босиб, у Бухорога августнинг ўрталарида етиб келди. Амирнинг вакили саройга етиб келганда, амирликнинг ағдарилишига бир неча кун қолган эди.
Амир рад жавобини олгач, бойлигини яширишнинг бошқа йўлларини қидира бошлайди. Энди у ана шу махфий, хавфли ва муҳим топшириқни бошқа бир яқинига, амир гвардиясининг қўмондони, шахсий соқчиси полковник тўқсабо Калапўшга топширади. Тўқсабо Калапўш карвонни Эрон ёхуд Афғонистон чегараси орқали олиб ўтиш учун йўлни кўздан кечириб чиқишга уринади. Аммо Каспий ортида вазият шундай тус олган эдики, Машҳадга йўл олиш мумкин экани тасаввурга сиғмас эди. Калапўш саройга қайтиб келиб, Эрон ва Афғонистонга олиб ўтувчи карвон йўллари тўсилганидан амирни огоҳ этади. Шунда амир сўнгги чорани мардоналик билан ишга солади. Саид Олимхоннинг бойлигини ортган карвон Қарши сари йўлга тушади. Карвонни Калапўшнинг кичик гуруҳи қўриқлаб боради, олтинни кузатиб борувчилар орасида Даврон дарвиш ҳам ҳозир эди. Амир бу икки яқинига хазинани 1898—1910 йилларда сурункасига ўн икки йил Қарши беклигини бошқарган ана шу шаҳар атрофига яширишни тайинлайди. (Саид Олимхон отаси Абдулаҳаднинг буйрак хасталигидан 1910 йили вафот этганидан кейингина тахтга ўтирган.)
Амир содиқ Калапўш ва Давронга ғазнани ўзига таниш жойлар бўлмиш Қарши атрофига ёки Яккабоғ, Бойсун ва Шаҳрисабз тоғларига яширишни тайинлаб жўнатади. Карвонни кузатиб бораётган гуруҳ иккига бўлинади. Олдинда ҳайдовчилар ва бир қанча дарвишлар, жумладан Даврон ҳам боради, орқадан эса амир гвардиясининг соқчи-аскарлари билан тўқсабо Калапўш боради. Карвон Бухородан тахминан 10 сентябрда йўлга чиқади, Қоровулбозор орқали Косонга, сўнг Қарши тарафга йўналади ва даштда адашиб қолади. Амирнинг олтинини кечалари олиб юришади, Калапўш амирнинг карвони қаёққа кетаётганини ёт кишига билдирмасликка аҳд қилади, чунки карвоннинг йўналишидан фақат бир неча кимса огоҳ эди. Калапўш аввал ғазнани Касби қўрғонига яқин сардоба атрофига яширишни хаёл қилади. (Сардоба — бу баҳорги тошқин сувни йиғиб, уни бутун ёз йўловчиларга сақлайдиган жой демак.) Калапўш хаёл қилган сардоба Қарши даштидаги энг йирик сардобалардан бўлиб, унинг яқинидаги Тепа деган жойда қачонлардир ўрта аср шаҳарчаси жойлашган эди. Бу манзилда афтидан қандайдир маҳфий жойлар борга ўхшайди, Калапўш хазинани шу ерга яширмоқчи эди. Аммо бу ердаги қўшни қишлоқлар одамлари амирнинг карвонини пайқаб, унга қизиқиб қолади. Бу эса Калапўшни сергакликка ундайди ва бу ерда тўхтамасликка аҳд қилади: карвон йўлга тушади. Гуруҳ Ғузор орқали Яккабоғ томон йўналади ва Лангарга чиқиб, тоғ орасига қараб йўналади.
Тоғда, карвонни кўланкали бир пастқамликда қолдириб, Калапўш бу ерни кузатгани тепаликка чиқади. Тоғдаги дарада у бир ёриқ жойни кўриб, амирнинг бойлигини шу ерда қолдиришга қарор қилади. Бу ишни Даврон бошлиқ ҳайдовчиларга топширади. Бу гуруҳ хазинани яширгани ичкарига йўналади. Калапўш эса соқчилар билан қолади ва аскарларни Давроннинг ортидан изма-
из боришга рухсат этмайди. Калапўш Даврон дарвишни икки кечаю кундуздан зиёд кутади, аммо у қайтмайди. Амирнинг шахсий соқчиси безовта бўла бошлайди — дарвиш наҳотки топшириқни адо этмаса? Калапўшни фақат бир нарса — Давроннинг Саид Олимхонга мутассибларча садоқати борлиги хотиржам қилади. Бу дарвиш ҳокимининг ўта маҳфий ва қалтис топшириқларини адо этган, тоғ сўқмоқлари бўйлаб биринчи юриши ҳам эмас. Бундай одам ҳаргиз алдамаслиги, тилла ва қимматбаҳо жавоҳиротни ортган карвон билан бекиниб қолиши ва билдирмай ғойиб бўлиши ҳам даргумон. Бироқ Калапўшни дарвишнинг анча вақтдан бери йўқ экани безовта қиларди, ахир хазинани туширишга беш-олти соат, нари борса ярим кун етарди. Аммо Давроннинг икки кундан буён қайтиб келавермаганидан ҳийла оромини йўқотган Калапўш гуруҳни жар солганча оёққа турғизиб, дарвиш карвон билан кетган томон йўлга тушади. Анча юришгач, гуруҳ бир талай жасад устидан чиқиб қолади. Бу жасадлар Даврон билан кетган одамларники эди. Дарвишнинг гуруҳи ким билан тўқнаш келгани номаълум, аммо қандайдир бахтсизликка йўлиққани аниқ эди. Яна бир неча соат юрганларидан сўнг Калапўшнинг гуруҳи яна иккита жасадга дуч келади, улардан бирининг ҳали жони узилмаган эди. Уни ҳушига келтиришади, сув тутқазишади. Унинг Калапўшга айтиб беришига қараганда, ҳайдовчилардан бири карвонга юклаган амир хазинасидан хабар топиб, уни эгаллаб олишга аҳд қилади. Калапўшнинг аскарлари ҳали йўлда кўришган марҳумлар карвон ҳайдовчилар олишган жойда қолиб, ўз йўлбошловчиси Давронни ҳимоя қилишган. У ерда Давроннинг гуруҳи иккига ажралади, яъни хазинани ўғирловчилар ва қўриқловчиларга бўлинади. Ўша тирик қолган ҳайдовчининг гапига қараганда, шерикларини Давроннинг гапига қулоқ солишга ундагани учун уни ўлдирмоқчи бўлишибди.
Калапўш гуруҳининг тоғ оралиғи сари йўлга тушишдан ўзга чораси қолмайди. Эртасига Калапўш Давроннинг гуруҳидан қолган-қутган кузатувчилари турган жойга етиб келади. У фақат уч кишини кўради, улар орасида дарвишнинг ўзи ҳам бор эди. Даврон оғир яраланган, расвоси чиққан юзидан қон оқиб турарди. Бироқ Калапўш дарвишни қай ҳолатда бўлмасин, топганидан хурсанд эди. Даврон дарвиш оллоҳнинг тавқи лаънатини ёғдириб, амирнинг шахсий соқчисига ҳукмдорнинг хазинасига кўз олайтирганларнинг адабини бериб қўйганини, Калапўш айтган ғорга хазинани бекитмоқчи бўлганини сўзлаб беради. «Ҳайтовур, нега бунчалик ҳаяллаб кетдиларинг?» деган саволга дарвиш ҳамроҳларини ғор томон тўғри йўл бўйлаб кетишга кўндиролмаганини, айримлари шубҳага бориб, нияти бузилганини айтади. Шундай қилиб, у ҳамроҳларининг маккорона нияти ошкор бўлиши учун бир кечаю кундуздан кўпроқ йўл бошлаб юради. Икки кун ичида дарвиш амир олтинини эгалламоқчи бўлганлар билан уч бора жангга киришади. Ҳатто Даврон отлардан юкни тушириб, ортга қайтиб келаётганида тирик қолган ҳайдовчилар пистирмада кутиб туришган экан. Шиддатли ҳаёт-мамот олишуви бўлиб ўтган, ўшанда фақат икки дарвиш омон қолган, улар оғир яраланган йўлбошловчисини ҳушига келтиришган.
Улар бир пас нафас ростлашади. Дарвишнинг жароҳатини боғлашади, у анча-мунча ўзига келади. Калапўш эса ўз гуруҳи билан ортига қайтади. Гуруҳ тоғдан ҳеч қандай хавф-хатарсиз эниб тушади. Бироқ энг сўнгги кеча тунаганларида, яъни Қарши воҳасига йўл олиш олдидан Калапўш икки дарвишни ўз қўли билан ўлдиради ва Давроннинг ўзини ҳам аяб ўтирмайди. Амирнинг шахсий соқчиси Саид Олимхоннинг хазинасининг сири фақат ўзигагина аён бўлиб қолишини истарди. Калапўш бунга Бухоро амиридан тўғридан-тўғри кўрсатма олган эди. Амир ўз яқинларини йўлга отлантираётиб, хазина қаерга беркитилганини Калапўш ёки Давронгина хабар қилиши, бошқа чопарларнинг ҳожати йўқлигини тайинлаган эди. Фармойишда айтилишича, бу жойни ҳеч ким билмаслиги, биронтасининг қулоғига чалинмаслиги, биронта ҳам ёт зот доримаслиги шарт эди.
Калапўш шу тариқа амирнинг фармони билан ҳукмдорнинг садоқатли хизматкори Даврон дарвишнинг жазосини берди. Даврон амирга ишонч ва садоқат билан хизмат қилди ва одатда шафқатсиз ҳукмронлар томонидан беминнат хизмати учун бериладиган мукофотни олди. Агар ҳукмдорда эзгуликними ёки ўз фойдасиними танлаш ихтиёри кўндаланг турса, албатта у доимо ўз фойдасини кўзлайди.
Эрталаб, дарвишларнинг қаёққа ғойиб бўлганини ҳеч ким суриштирмайди. Танҳо бир аскар дарвишлар тунги манзилни тарк этиб, номаълум тарафга кетганини айтади, бунга Калапўш эътироз билдирмайди. Гуруҳ яна Қарши тарафга қараб илгарилайди. Қарши беклигининг марказини айланиб ўтган гуруҳ тўртинчи куни Қоровулбозорга, яъни Бухоронинг аҳоли яшайдиган энг чекка кентига келиб тўхтайди. Калапўш ва унинг аскарларини амирнинг тўпчилари қўмондони тўпчибоши Низомиддин кун оғиб қолганда кутиб олади. Калапўш бу ерда уни Низомиддин бежиз кутиб олмаганини яхши биларди. Низомиддиннинг жангчилари Қарши даштидан қайтаётганларни олқишлаб қаршилайди ва ҳар иккала гуруҳ Қоровулбозорда биргаликда тунаб қолади. Тонг азон гуруҳлар йўлга отланаётган маҳали аён бўладики, карвонни кузатган соқчиларнинг биронтаси ҳам тирик қолмабди. Калапўш билан тоғда кимки бирга бўлса, ўша кечаси ҳаммаси ўлдирилиб, баланд тепалик ортига кўмилган эди.
Калапўш ўз жангчиларини Низомиддин нега бундай қилганини ундан суриштириб ўтирмайди. Шахсий соқчи бу — амирнинг буйруғи, деб ҳисоблайди. Карвонни кўрган, қаёққа борганини билган, хазина яширилган жойни фаҳмлаган одамларнинг ҳаммаси тирик қолмаслиги шарт эди. Аввал ҳайдовчилар нобуд бўлди, кейин дарвишлар, сўнг Давроннинг таъзирини беришди, энди эса Бухородан то тоғ сўқмоқларигача карвонни кузатиб, борган соқчиларнинг ҳаёти сўнди. Фақат тириклардан ҳамма сирдан воқиф биргина Калапўш қолган эди.
Ёлғиз ўзи омон қолган Калапўш, амир Даврон ва дарвишлар, соқчи аскарларга қилган қалтис ҳазилини менга ҳам қилмасмикан, деган ўйга ботади. Бироқ Калапўш: амир шахсий соқчисига, ўн йилдан ортиқ ўз ҳаётини ишониб келди, демак, ўз бойлиги сирини ҳам битта мен билишим мумкин, деган хаёлга боради. Калапўшсиз амирнинг ҳеч қаёққа боролмаслигини биларди, бундан ташқари амирнинг олтини қаерга бекитилгани ўзигагина аён эди, холос. Аммо барибир ана шу вазият Калапўшни ўз тақдирини ўйлаб кўришга мажбур этарди.
Тўпчибоши Низомиддин ҳам бор ҳақиқатни билмас эди. Бу воқеалардан икки кун бурун амир уни ҳузурига чақириб, Калапўш ва унинг одамларини Қоровулбозорда кутиб олишини тайинлаган эди. Саид Олимхон Низомиддинга ўйчанлик билан Калапўш соқчилари тил бириктириб, унинг ўзини ўлдирмоқчи бўлишганини ва амирга ҳам суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўришаётганини маълум қилади. Шундай қилиб, Низомиддин Калапўшни қутқармоғи, уни жинояткорлар чангалидан озод этмоғи, гуруҳни эса мажақлаб ташлаши зарур эди. Алқисса, Низомиддин ўша қон тўкишлар моҳиятини билмай, амирнинг кўр-кўрона ўйинчоғига айланди-қолди. У амирнинг фармонини худди айтгандек қилиб адо этади ва Калапўшни эсон-омон амирнинг Аркига олиб келади.
Амир шахсий соқчисини қабул қилишдан аввал унга дам олиш, ўзига келиб олиш ва йўл кийимларини алмаштирмоғи учун ижозат беради. Шундан сўнггина Калапўш ҳукмдорнинг ҳузурига киради. Амирни Калапўшнинг сафар тафсилотлари жуда-жуда қизиқтирарди: у ўз хизматкоридан карвон бирор ғовга дуч келмадими, ҳаммаси жойидами, деб сўрайди. «Ҳаммаси жойидами?» деган иборада амир Калапўшдан бошқа биронта тирик зот қолган-қолмаганини, хазина бекитилганини бошқа биров билиб-билмаганини кўзда тутган бўлса ажаб эмас. Калапўш ўзидан бошқа ҳеч ким, ҳеч бир жонзот бекитилган юкнинг қаерда жойлашганини билмаслигини айтади. Шундай қилиб, Бухоронинг улуғ ҳукмдори сирли хазинанинг хавф-хатарсиз сақланажагига тўла ишонади. Сир — Калапўшда, у бўлса амирнинг соясидир. Калапўш шуларни айтаркан, соғ қолишидан умидвор эди. Афсуски, Калапўш хато қилган эди. У тилланинг кучини билмас эди. Агар одамлар тилланинг қули бўлганда, бу одамлар ўзларини бошқара олмай қолишларини тушунмас эди.
Амир ўша кечасиёқ Калапўшни ўлдиришга буюради. Бу фармонни ҳам адо этишни тўпчибоши Низомиддинга топширади, Саид Олимхон ўз хизматкорига Калапўш ҳам амирга суиқасд қилмоқчи бўлганини, сотқинни ҳушига келтириб қўйиш учун ҳузурига чақиртирганини айтади.
Низомиддин амирнинг буйруғини ижро этишга имиллаб ўтирмайди. Шу тахлит амирнинг собиқ соқчиси Калапўшнинг ҳаёти сўнади. Икки кун ўтгач, амир Саид Олимхон ўз яқинлари билан тўпчибоши Низомиддин кузатуви остида Бухородан бош олиб қочади ва Бойсунга етиб келади. Аммо йўлда ногоҳон Низомиддиннинг оти қоқилиб кетади ва ўзи эса ўқ узилган кўкраги билан юзтубан қулаб тушади. Ким қаёқдан отганини тўпчибоши сезмай қолади. Силсиладаги умрнинг яна бир банди узилди. Бу банд карвонга, уни кузатиб борганларга, уларни қириб ташлаганларга, қириб ташлаганларни йўқ қилувчиларга дахлдор эди. Амирни олтин бекитилган дафинага бошлаб борувчи сирли ришта узилган эди. Аммо ҳамонки амирнинг ўзи тирик эди.
1921 йилда Бухоронинг собиқ ҳукмдори Саид Олимхон кичик бир бўлинмаси билан амирлик сарҳадини ортда қолдириб, Афғонистон чегарасига ўтади. Энди амирда олтин юкланган карвон йўқ эди. У ўзи билан бирга бошқа юклар қаторида иккита отга ортилган икки хуржун жавоҳир ва қуйма олтинни олиб қочади. Бухоро амирининг ўзи билан чегарага олиб ўтган бойлиги атиги ана шу эди, холос. Дарвиш Даврон ва шахсий соқчи Калапўш олиб борган карвоннинг олтини шу тахлит Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Бойсун атрофларида бекитилганича қолиб кетади. Помир тоғининг тизмалари бу маҳфий бойликни ҳанузга қадар ўз бағрида сақлаб ётибди. Балки, дарвиш Даврон ўз ихтиёридаги ўша икки кун ичида хазинани Калапўш билган ғордан бошқа жойга яширгандир — буниси номаълум, албатта.
Амирнинг хазинаси ҳақидаги кейинги воқеаларнинг тафсилотларини ҳеч ким айтиб беролмайди. Аммо шуниси аниқки, амир дафинасини излашга киришганлар ҳам бўлган. Кимлардир буни астойдил қидиришган, чунки йигирманчи йилларда Даврон дарвишнинг қариндошлари, опа-сингиллари, ака-укалари, олис хеш-ақраболари, ўзига яқин тутган кишилари кетма-кет ҳалок бўла бошлади. Амирнинг олтинини излаганлар Давронни бекитилган хазинанинг жойини кимгадир хабар қилишга улгурган деб гумонсирашади. Сўнгроқ эса Давронни кузатиб борган дарвишларнинг яқинлари нобуд бўлишади. Калапўшнинг қариндошлари, бутун оиласи, у яшаган қишлоқнинг ҳалокати ҳақида овоза тарқалади. Аммо қотилларнинг олтин бекитилган жойгача бориб етгани аниқ эмас. Битта нарса маълум: бу ғазнага кимки даҳлдор, кимки ниманидир билса, кимки дафина қидирувчилар орасида бўлса, — ҳаммаси ўлдирилди ёки дом-дараксиз гумдон этилди. Олтин юкланган карвон қурбонлари рўйхати узундан узун. Олтинни ҳамиша амир эсда тутган, бундан унинг сарой хизматкорлари хабар топган ва шу олтин туфайли одамларнинг тинчи йўқолган.
Афтидан, Бухоронинг сўнгги амири ўз яқинларини чегара орқали Ўзбекистонга, Қашқадарё ёки Сурхондарё вилояти майдонларига бир неча бор жўнатган. Эҳтимол, у ўз фармони билан яширилган хазинанинг топиладиган жойини кўрсатган ҳам. Шундай босмачилар бўлинмаси бирин-сирин Афғонистон ноҳиятидаги Амударё соҳилларида пайдо бўлишди. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда мана шу ғойибона йўл билан қарийб ҳар ойи одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, тоғларга йўл олган. Аммо фавқулодда ажиб воқеалар содир бўлаверган. Амир олтинини қидирганлар гуруҳи батамом гумдон бўлар, сўнгра эса уларнинг қариндошлари ҳалокатга учрарди. Хуллас, сир сирлигича қолаверади.
1930 йили Афғонистон чегараси орқали Иброҳимбек беш юз отлиқ қиличбоз тўдаси билан ўтиб келади. Амирнинг бу арзандаси ҳам Саид Олимхондан хазинани олиб кетиш ҳақида буйруқ олгани эҳтимолдан холи эмас. Аммо бошқа йўлбосарлар бошига тушган кўргилик Иброҳимбекни ҳам четлаб ўтмайди. У Кофирниҳон орқали сузиб ўтишга улгура олмайди. Қўлга тушиб, қамалади. Шундай қилиб, Иброҳимбекка ҳам бу бойлик насиб этмади. Ҳа, бу сирли дафинага қўл чўзганларнинг барчаси сингари у ҳам ўз ҳаётини сақлаб қололмади, Иброҳимбек ўлимга маҳкум қилинади ва бу ҳукм 1931 йили ижро этилади. Ҳарқалай қачон эса-да, кимдир ечиши мумкин бўлган бу сирни билган сўнгги одам ўша Иброҳимбекдир…
Бироқ ҳозирча Бухоронинг собиқ амири-тирик эди. У кечаю кундуз ўз хазинасини эсдан чиқармас эди, шекилли. Балки у ўз одамларини олтинни излашга қайта-қайта жўнатиш борасида ўйлаб кўргандир. Аммо Совет мамлакатининг чегараси ўттизинчи йиллардан кейин даҳлсиз бўлиб қолган эди. Бу сарҳадни ошиб ўтиш ҳеч кимга насиб этмади. Алҳол, собиқ амирнинг ўғирланган олтинга яна тағин эга бўлиш орзуси беҳуда эди.
Эҳтимол, хазина бекитилган жойни амирнинг ўзи ҳам аниқ билмагандир. Даврон дарвиш Калапўшга ишонмай шахсий соқчисини чалғитиш учун карвон юкларини бошқа бир жойга бекитган бўлиши мумкин. Тақдирини олдиндан билган Калапўшнинг ўзи ҳам шафқатсиз ҳукмдорга фириб берган бўлса ажаб эмас. Амирнинг юборган вакиллари, у айтган жойдан хазинани топиша олмагандир, эҳтимол. Нима бўлса-да, Даврон ҳам, Калапўш ҳам энди тирик эмас ва дафина ҳам сирлигича қолиб келаверди.
Собиқ амирнинг ноҳақ ўмарилган бойликларини яна эгаллашга қурби етмади. Эҳтимол, у ўз хазинаси ҳақида жуда қаттиқ қайғуриб, ҳатто бот-бот кўзёши тўккандир. Ўлимидан бир неча йил олдин (у 1943 йилнинг 5 майида вафот этган) кўзи кўрмай қолади. Балки олтин карвони ҳақида алам билан йиғлайвериб, ўйлайвериб шу ҳолга тушгандир. Ахир, бошқалардан қанчалик кўп бойлик ўмарса, бу бойлик ўша одамга шунчалик бахтсизлик келтиради-да.
Амир олтинининг бундан кейинги тарихи қандай кечади — буни билмаймиз. Эҳтимоллик назариясига кўра, бу дафинани кимдир ва қачондир топмоғи керак. Амирнинг олтинини топган одам ғаразли мақсадларда фойдаланмоқни ният қилган бўлса, бойлик изига тушганлар силсиласи қисматига гирифтор бўлади, ўлим уни ҳам четлаб ўтолмайди. Тилла мурувватни тан олмайди, бироқ шафқатсизликка ҳам тўзим бермайди.
Олтин карвон сири ўз кашфиётчисини кутмоқда. Булар уйдирма эмас, ҳаёт ҳақиқатидир. Ҳаётнинг эса, маълумки, доимо ибтидоси ва интиҳоси бор. Мавжудот диалектикаси ҳам ана шундадир.
Мана шундай ҳол ҳам юз бериши мумкин: агар амирнинг олтинини топиш ҳеч кимга насиб этмаса, кунлардан бир кун кутилмаганда ўзини ошкор қилиб қўяди. Худди ўша жойдан, ноҳақ ўмарилган бойлик бекитилган жойдан, аччиқ ва шўр дарёлар оқади — дарёлар кўзёшлар ва қонлар дарёсидир. Бу — амирнинг тилла тўплаши учун ўз меҳнатини, манглай терини, жонини аямаган одамларнинг кўзёшидир. Тоғлардан қонли жилғалар оқади — бу қон шу олтинни, деб жон берган, ўлдириб талаган, шу дафинани бекитай, деб ҳалок бўлганларнинг қонидир.
Олтин… Бу — рангин, тиниқ, ялтироқ бир маъдан… У одамларга қувонч ва толе, гўзаллик ато этиш учун яралган. Одамзод унга муккасидан кетмасин, ўз мусибатини олтиндан кўрмасин. Ўзининг ёвуз ниятлари шу олтинни қидириш ишқида туғилгани учун ҳам уни айбдор санамасин.
Менга қолса, бу дафинани ҳеч ким ҳеч қачон топмагани маъқул. Бу олтинни эслаганда, ғамгин хотиралар қайта тирилади, ғоят кўп қайғулар тасаввурда жонланади.
Олтин ва инсоннинг унга муносабати… Олтин ва инсоннинг ўз виждонига бўлган муносабати… Олтин ва инсоннинг инсонга муносабати… Буларнинг барчаси ана шу ярқироқ маъданда ёрқин намоён бўлади.
Баъзан олтиннинг қиймати — ҳаётга тенг келади. Бир эмас, юзлаб, минглаб, миллионлаб, миллиардлаб тақдирлар олтин уюмлари пайида узала тушади. Наҳотки, бу тақдирлар «сариқ иблис»дан кўра қимматроқ нарсага арзимаса?!
Гоҳида одам ўзининг ва ўзгаларнинг умрини бекордан бекорга совуриб юборади. Демак, бекаму кўст олтин каби одам унчалик комил эмас. Олтинни табиат яратган, биз эса, одамни вужудга келтирамиз ва муносабатларимизни белгилаймиз. Шундай экан, биз учун олтин қимматми ёки инсон?!
Наҳотки, инсон ва олтин бир дунёда тил топишиб хотиржам яшай олмаса? Ахир, бу керак ва зарур ҳолдир. Бир бутунлик табиатга хос нарса, у оқил, доно. Табиат одамзотни ҳам, олтинни ҳам яратди. Эҳтимол, табиат одамнинг кимлигини, инсоний хусусиятларини, ўз-ўзини англашни айнан шу олтин орқали синаб кўришни хоҳлагандир. Одам ва олтин нимага тенг? Биз шу икки қийин йўлдан осонроғини — ё олтинни бой беришни, ё ҳаётдан кечишни танлаб оламиз. Ўйлайманки, тилланинг баҳридан ўтиш осонроқ. Аммо ноинсонийликни, очкўзликни, ғаразгўйликни, туғма бўлмаган, табиат ато этмаган ва одамзотнинг ўзи орттирган қусурлардан кечиш бундан-да афзалроқ. Инсон қалбининг ёмон хусусиятлари унинг олтинга нисбатан муносабатида кўзгудагидек намоён бўлади.
Олтиндан ўпкаламанг — ўзингиздан ўпкаланг. Тарихдан ўпкаламанг — ўзингиздан ўпкаланг. Ўзгалардан ўпкаламанг — ўзингиздан ўпкаланг. Ҳар битта одамнинг ўзида табиат ҳам, тарих ҳам, ўз тақдири ҳам яширинган. Шахс ҳар қандай бойликдан юксак бўлмоғи лозим, бу эса ҳаёт алифбосидир.
Олтин хазинанинг сири баҳонасида сизларга инсоннинг олтинга, ўзи ва ўзгалар тақдирига муносабатини ҳикоя қилдим. Сўз ниманинг юксаклиги — олтинми ёки инсон экани хусусида борди. Афсуски, мен ҳикоя қилган бу воқеанинг тарихида олтин устунлик қилди.
М. Хидиров ва А. Ҳайдаров таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 10-сон