— Ўзбек шеърияти жаҳондаги энг бой ва юксак миллий маданият турларидан бири сифатида ривожланиб келган. У ўзининг классик даври, Навоий ва Бобурлари билангина эмас, балки Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон сингари совет даврида туғилган чўққилари билан ҳам машҳур. Бугун ана шу чўққилар бағрида янги қоялар қад кўтармоқда. Шу қоялардан бири — Эркин Воҳидов. Унинг майдонга келиши қандай кечган?
— Ўзинг тўғрингда гапиришдек қийин нарса дунёда йўқ. Ўз елкангни қашлашдан ҳам мушкул. Яхшиси, мен ўзим тенги авлод тўғрисида гапирай.
Эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошида бир авлод ёзувчилар адабиётга кириб келдилар. Улар уруш йиллари мактаб ёшида бўлган, у йилларнинг қийинчиликларини кўрган, қаҳатчилик, очарчиликни бошидан кечирган сўнгги авлод эди, — русча айтса, дай бог, ўзбекча айтса, иншооллоҳ, уруш нималигини билган охирги авлод бўлиб қолгай.
Ўн тўрт йил аввал ёзилган мақоладан кўчирма:
«Мен тенгдош ижодкор дўстим! Юртимиз бошига қора кунлар келганда, сен билан биз бола эдик. Биз «Алифбо» китоби ёнида Информбюро хабарларини ўқиб, савод чиқарганмиз, оталаримиздан келган учбурчан мактубларни таталаб, хат таниганмиз. Бизнинг мактабда тутган ҳуснихат дафтаримизда кўзёшларимизнинг изи қолган…»
— Бу сиз тўғрингизда, сизнинг авлодингиз тўғрисида ёзилган…
— Олтмишинчи йиллар бошида адабиётга ана шундай авлод кириб келди. Сизнинг ўзингиз ҳам, Наим ака, шу авлод вакилисиз. Сиз билан бизнинг «ижтимоий келиб чиқишимиз» битта, бир булоқдан сув ичганмиз. Шунинг учун бизнинг авлод манбаи, ижодий қисмати ўзингизга аён. Мен фақат бир саволга, ҳоли қудрат, жавоб беришга ҳаракат қиламан: олтмишинчи йилларнинг ёш авлоди адабиётга нима олиб кирди?
1945 йил майи — дунёни ларзага солган Буюк Ғалаба, Рейхстаг устида янграган «ура» садосининг тўлқини эллигинчи йиллар сўнгигача мамлакатимиз устида таралиб турди. Адабиёт ва санъат асарларининг руҳида ана шу тантана нашидаси ҳоким бўлди, Бу, қонуний руҳ эди. Ахир ўша Ғалабанинг оламшумул аҳамиятини то букунгача дунё унутмагай ва боқий унутмайди. Биз бугунги кун назари билан эллигинчи йиллар адабиётига «сохта кўтаринкилик», «тантанаворлик» адабиёти, деб қарамаслигимиз_керак. Ўша адабиёт ҳам миллионларнинг қалб эҳтиёжи туфайли яратилган, Твардовский, Самад Вурғун, Ғафур Ғулом, Мирзо Турсунзода каби гигантларни берган адабиёт.
Эллигинчи йиллар ўртасидан жамиятда янги руҳ, ленинча қарашлар бошланди. Адабиёт ва санъатда ҳам янгиланиш белгилари пайдо бўлди, ижод заминий ҳисларга, ҳақиқатга, инсон қалбининг мураккабликларига яқинлаша бошлади. Бу тўлқинда Р. Ҳамзатов, Е. Евтушенко, Р. Рождественский, А. Вознесенский, Б. Ахмадулиналар шеърияти, Ч. Айтматов, Ю. Бондарев, В. Распутинлар прозаси юзага чиқди ва «хаёлларнинг ҳокими» бўлди.
Менга тенгдош шоирлар ва ёзувчилар адабиётга кириб келганда, партия XX съезди ўртага қўйган демократлаштириш жараёни, шахсга сиғиниш даври исканжаларини синдириш жараёни фикрларни эгаллаган пайт эди.
— Ҳар бир шоир — муайян инсоннинг шеърият оламидаги давоми. У даставвал шеьриятда ўзининг инсоний сифатларини ифодалайди, ҳаётга шу сифатлари оша қарайди, баҳо беради. Шу маънода сиз болалик, ўсмирлик ва ёшлик чоғларингизда қандай ҳаётий ҳодисалар ва қайси кишилар таъсирида шаклландингиз? Сизнинг ижодингиздаги нафис, мулойим, дилбар оҳангларнинг манбаи қаерда?
— Мен ота-онадан тўққиз ёшимда етим қолиб, тоға қўлида тарбияланганман. Тоғам адлия ходими бўлса ҳам адабиётга қизиққан, классик шеъриятни биладиган одам эди. Мен тарбия топган хонадонга ўша даврнинг фозил кишилари — шоирлар, хонандалар йиғилиб туришар эди. Уларнинг ўтириши ичкиликсиз, фақат шеър баҳси, аскиялар билан музайян бўларди. Навоий, Бедил, Фузулий ғазалларини ўқиб, таҳлил қилиб ўтиришарди. Суҳбатларнинг бирида менинг ўша вақтда газетада босилган бир шеърим устида гап кетди. Ёши улуғ бир мулла одам бу шеърга бутунлай бошқача, мен сира хаёл қилмаган диний маъно бериб, шарҳ қила бошлади. Мен эътироз билдирмоқчи бўлиб гап бошлаганимда, тоғам мени тергаб: «Сен бола нарса нимани билар эдинг, катталар гапирганда, хўп, деб жим ўтир», деган эди. Йиллар ўтиб, ҳозир ҳам баъзи мунаққидлар менинг ёзганларимга ўзларича талқин берсалар, ўша воқеа эсимга тушади.
Менинг шеъриятга ошно бўлишимда шоир Ғайратий тўгараги, устоз Миртемир семинари, дорилфунундаги ижодий муҳит катта таъсир қилган. Ёшлигимда мени қуршаган одамлар классик адабиёт муҳиблари эдилар. Агар мен ёзган шеърларда, сиз айтгандек, «дилбар оҳанглар» бўлса, бу ўша дилбар одамларнинг суҳбатлари меваси бўлади.
— Мен баъзан сизнинг шеърларингизни ўқиб, мабодо шоирлик санъати сизни ўзига мафтун этмаганида, ким бўлиб етишар эдингиз, деб ўйлаб қоламан. Бир куни ўзингиз шахмат санъати соҳасидан кетмаганннгиздан ўксиниб гапирган эдингиз. Шахмат — ҳар ҳолда киши учун иккинчи бир касб бўлиши лозим. Масалан, Ботвинник, аслида, математик олим, Тайманов — пианист, Карпов эса журналист… Сиз-чи! Агар шеьрият бўлмаганида, сиз ким бўлиб улғаййшингиз мумкин эди?
— Шоир бўлмасам, ким бўлар эдим?.. С. Есенин: «Мабодо мен шоир бўлмасам, бўлар эдим безори, ўғри», деган. Шахмат бўйича собиқ чемпион А. Карпов: «Мен шахматчи бўлмаганимда, бошқа бирор соҳада, албатта, биринчи бўлар эдим», деб айтган. Менинг табиатимда на безорилик, на, албатта, биринчи бўлишга интилиш бор. Шоир бўлмасам, шарқшунос бўлишим мумкин эди, журналист бўлишим мумкин эди. Ким бўлсам ҳам, адабиёт атрофида бўлар эдим. Ҳатто шахматчи бўлганимда ҳам кўпроқ бу санъатнинг — «ақллар кураши, туйғулар жанги»нинг тарғиботчиси бўлардим.
Болалигимда техникага, физика, математика, астрономияга қизиққанман, кейинроқ тарих ва география мени банд қилган. Адабиёт бўлса, ўйлайманки, мени умр бўйи тарк этмаган. Ҳозир мен бошқа касб эгаси бўлишим мумкинлигини тасаввур қилолмайман. Мабодо ёзганларим элда эътибор топмаганда-чи? Унда… барибир шоир бўлардим. Шеърларини фақат ўзи учун, пинҳоний дафтарига ёзиб юргувчи, ўз ишидан ўзи завқланиб, ўзи билан ўзи гаплашиб юргувчи девона, бахтсиз шоир бўлардим. Аҳдим шуки, шеърим элга манзур бўлмай қолган кун, яъни хатлар оқими тўхтаган кун, китобим дўконда сотилмай қолган кун шеър ёзишни тўхтатаман. Прозага ўтаман. Энг бахтиёр дамларимни эслаб, хотиралар ёзаман…
Менинг икки тилагим бор. Биринчиси — ўшандай кун мумкин қадар кечроқ келса, иккинчидан, ўшандай кун келганда, менда уни илғаш туйғуси, айтилган аҳдни бажармоқ учун журъат, мардлик кўнглимда бор бўлишини тилайман.
— Мен — суҳбатимиз жуда жиддий тус олмаслиги учун — жиндек ҳазил-савол берган эдим. Сиз бу саволни қандайдир ғуссали бир кайфият билан, мен ўйлагандан кўра жиддий бир суратда қабул қилдингиз.
«Шоирлик — бу ширин жондан кечмакдир, Лиммо-лим фидолик майин ичмакдир…» Бу сатрларингиз устоз Миртемир хотирасига бағишланган. Лекин улар, айни пайтда, жамики шоирларнинг асл моҳиятини, шоирликнинг моҳиятини очишга сафарбар этилади. Ширин жондан фақат сўз, оҳанг, буёқ, мавзу топиш учунгина кечилмайди. Балки биринчи навбатда халқ манфаатини ҳимоя қилиш, улуғ ғояларга, адолат ва ҳақиқатга қалқон бўлиш учун кечилади. Снз ана шундай, ширин жонидан кечган шоирлардан бири сифатида қайси асарларингизни кўпроқ қадрлайсиз? Қайси асарларингизда халқ дарди ва ташвишлари кўпроқ очилган, деб биласиз?
— «Тирик сайёралар» китоби, «Руҳлар исёни» ва «Истамбул фожиаси». Фарзанднинг энг кичиги севимли бўлгандай, бу асарлар сўнгги йилларнинг меваси бўлгани учун ҳам менга қадрли. Лекин уларнинг олдида мен «ёшлик девони»дан ҳам, «Муҳаббат»дан ҳам кечгим келмайди. Сизнинг «ширин жондан кечмоқ» ҳақидаги фикрингизда ҳозирги замон адабиётшуносларининг ҳукмрон қарашини сезиб турибман. Яъни ҳақиқий шеърият халқ дарди, ташвишлари билан йўғрилган бўлиши керак. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда, билъакс, йигирма беш йил аввалгидек (у пайтда «халқ дарди ва ташвиши» деган сўзни айтишнинг ўзи душманлик ҳисобланган) қўллаб қувватлаган ҳолда, адабиётнинг санъат эканлигини унутмаслигимизни истар эдим. Бир замонлар ҳаётнинг ёруғ томонларини бўрттириб ёзиш қандай урф бўлган бўлса, бугун хато ва камчиликларни кўпроқ қаламга олиш одат бўлди. У пайтлар шеъриятнинг вазифаси «бахтли ҳаётимизни мадҳ этмоқ» деб белгиланган бўлса, бугун «халқ дарди, ҳаёт муаммолари ҳақида бонг урмоқ», деб ҳисобланмоқда. Шоирлар ижодига баҳо берганда ҳам биринчи галда «у ўша замонларда бонг урган», деб мақтаяпмиз. Шеъриятнинг санъат хусусиятлари авваллари қандай эътиборсиз қолган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бу — хафа бўлманг-ку — адабиётшуносларимизнинг бирёқламалиги. Мадҳ этиш ҳам, рад этиш ҳам — шеърият эмас. Эл кўнглидагини топиш ва эл кўнглига йўл топиш — бу шеърият, санъат. Мана бу йўлда ширин жондан кечмоқ керак… Эътироз билдирмоқчисиз, сезиб турибман…
— Чиндан ҳам, эьтироз билдирмоқчиман. Гап шундаки, адабиётнинг, чунончи, шеьриятнинг вазифаси турли даврларда турлича бўлади. Бугунги шеърият бугунги прозадан, хусусан, Ч. Айтматов прозасидан ортда қолмаслиги учун кураш қуроли ҳам бўлиши лозим…
— Шеърият эл кўнглига йўл топмоқнинг ўзи эмас, демоқчисиз. Шошманг. Мен фикримни охиригача айтай. Тўғри, шоир — жамиятни олға бошловчи одам, у жангчи, фидойи, келажак хизматкори, ҳоказо, ҳоказо. Лекин буларнинг барчаси аввало шоир бўлишни, шоирлик санъатига эга бўлишни тақозо қилади. Сеҳр даражасидаги юксак санъат бўлмаган жойда қолган ҳаммаси — беҳуда кучаниш, қуруқ гап.
Афсуски, кейинги икки-уч ўн йилликда адабиёт билан журналистика ўртасидаги фарқ йўқолиб бормоқда. Тўғрироғи, санъат қадрсизланиб, яланғоч сўзнинг эътибори ошиб бормоқда. Насриддин Афанди: «Қофияси билан ишим йўқ, тўғрисини айтаман», деб шоир подшони ютиб чиққандай, бугун улоқ ўнг-терсига қарамай қамчи солиб бораётган чавандозларники бўлиб қолди.
— Бу мулоҳазангизда жон бор. Менимча ҳам, ҳозирги шеъриятимизнинг нисбатан ёш авлоди қанчалик истеъдодли бўлишига қарамай, баъзан шеъриятнинг аввалом бор санъат эканлигини унутиб қўяётгандек туюлади.
Сўз бугунги ва кечаги шеърият ўртасидаги муносабатлар тўғрисида борар экан, мен сизнинг эътиборингизни яна бир марта кечаги шеърият манзараларига қаратгим келади. Маълумки, бундан бир қанча йиллар илгари «Украинани севгил» шеъри учун В. Сосюра «тошбўрон» қилинган эди. «Ўзбегим» деган шеърингиз учун сиз ҳам озмунча озор чекмагансиз. Аммо, айни пайтда, сизнинг хонадонингиз шу шеър туфайли улуғ ёшдаги кишиларга саждагоҳ бўлиб қолди. Оддий кишиларнинг ана шу меҳру муҳаббати ўша кезларда сизнинг ярангизга малҳам бўла олдими? Ё ўша яра туфайли «ширин жондан кечиш» ҳунари сизга малоллик қилган ва изтироб келтирган дамлар ҳам бўлдими?
— Шеъринг ҳам фарзандинг. Бири туфайли раҳмат эшитасан, бири туфайли надомат. Ҳар икки ҳолда ҳам шоирга бардош керак бўлади — мақталганда ҳам, урилганда ҳам. Бир донишманд: «Бойлик, мартабанг жуда ошиб кетса ҳам, омадинг кетиб, гадо бўлиб қолсанг ҳам қабристонга бор. Биринчи ҳолда ҳовурдан тушиб, оқибат келадиган жойим шу, деб ўзингни босиб оласан, иккинчи ҳолда тириклар қаторида бўлганингга шукр қиласан, таскин топасан», деган экан.
Ижодий меҳнатнинг ҳам кўтарилиш ва тушишлари кўп бўлади. Шоир омад чоғида ҳам, тушкунлик чоғи ҳам мувозанатни йўқотмаслиги учун қабристонга — китоблар қабристони бўлган Книготорг омборига бориб туриши керак. Ҳар икки ҳолатда ҳам ўзига-ўзи ҳисоб бериб қайтади. Шоир учун эл назаридан қочиш — энг олий жазо. Қолганини изтироб демаса ҳам бўлади.
— Қуллуқ қил, демасман,Юрт тупроғин ўп,
Унга қуллар эмас, фидолар керак,
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак…
Бу сатрлар билан бошланган шеърингизда ҳам фидойи шоир образи қад кўтаради. Аммо сизнинг луғатингизда у энди даҳо тушунчаси билан ўрин алмашмоқда. Сиз бу шеър орқали нима демоқчи бўлгансиз? Даҳо деб қандай шоирнинг туғилишини орзу этмоқдасиз?
— Халқнинг қаддини у яратган моддий неъматгина кўтармайди. Халқ — улуғ фарзандлари билан улуғ. Тасаввуримда, ҳар янги авлод вояга етганда, халқ унга умид кўзи билан қарайди: қадримни бир поғона юқорига кўтарадиган фарзанд шулар орасида бормикин?.. деб.
Даҳо деганда, фақат даҳо шоир назарда тутилган эмас. У олим бўлиши мумкин, раҳбар бўлиши мумкин… Даҳо деганда, мен замон тафаккуридан илгарилаб кетган ақлни, даврни ва оммани олға ҳаракат қилдирувчи ақлни тушунаман.
«Ўзбегим» шеърини тилга олдингиз. Бундай шеърлар халққа ўз қадрини англаши учун керак. Лекин мен орзу қилган шоир шундай шеър ёзадики, халқ уни ўқиб, ўз қадр-қимматини билибгина қолмай, ўзини орқага тортаётган кучларни ҳам англайди, фикрий парвозлар учун чоғланади, халқ юрагида инқилоб пайдо бўлади. Халқни мақтаган шоир улуғ эмас, унинг ўзлигини ўзига кўрсатиб беролган, аёвсиз гапни айтолган шоир улуғ. Буни асло ясама камтарликка йўйманг. Бу менинг эътиқодим.
«Ўзбегим» ёзилганига йигирма йил бўлди. Бугун аср бошида: «Бизлар-чи ўйнаб тартарак сопқон отолмаймиз ҳануз», деб ёзган Тавалло «Ўзбегим»нинг авторидан юз карра баландроқ кўринади менга. Рус ҳалқи унга одалар ёзган Тредиаковский ва Сумароковлар эмас, Плюшкинларни, Обломовларни яратган Гоголь, Гончаровларга таъзим қилса ҳақли…
Мен ўзбеклар ичидан шундай даҳолар пайдо бўлишини, даҳо асарлар ёзилишини орзу қиламан. «Йўқолган шеърида шундай сўзлар бор: «Мен ёзмасам, Майли ёзса ким, У хоҳ ғазал, қасида бўлсин — Майли, менинг бор-йўқ ёзганим Ўша шеърга бахшида бўлсин».
— Кейинги икки-уч йил орасида бўлган ва бўлаётган воқеалар ҳар қандай хато тарих томонидан тузатилмай қолмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам виждон ҳамиша бедор ҳолатда яшамоғи лозим. Шеьрият ва шоирлар эса, умуман, виждонга хилоф ҳолатда яшай олмайдилар. Виждон омон экан, шоир ҳақиқат учун разиллик ва унинг минг хил кўринишларига қарши курашиши зарур бўлади. Мана, сизнинг ижодингизда ҳам бир қанча йиллардан бери внждон бонги жаранглаб турибди. (Сизга «бонг» сўзи бошқа даврларни эслатса ҳам мен бу сўздан яхши маънода фойдаланаман.) Сиз бугунги ошкоралик ва адолат учун кураш даврида қайси мллатлар ва хатоликларга қарши, уларнинг такрорланмаслиги учун бонг урмоқчисиз? Қайта қуриш даврининг диққат-эътиборини қайси масалаларга қаратишни истайсиз?
— Биз инқилобга тенг бурилиш даврини бошдан кечирмоқдамиз. Тарих тажрибасига назар солсак, бундай бурилиш даврлари ҳеч қачон хатоларсиз, ҳаддан ошишларсиз бўлган эмас. Контрреволюцияга қарши кураш, коллективлаштириш даврини олинг, ё бўлмаса, эллигинчи, олтмишинчи йиллардаги экспериментларга назар ташлаб кўринг. Қанча бегуноҳ жонлар қурбон бўлди, қанча маблағлар беҳуда сарф бўлди. Бугунги қайта қуриш даврини ҳам биз бор кўлами ва аҳамияти билан кўришимиз учун вақт ўтиши керак. Ҳозир турғунлик даври туғдирган иллатлар билан бир қаторда демократия ва ошкоралик даврида пайдо бўлган иллатларни ҳам фош этиш керак. Бундай иллатлар биринчи навбатда демократия ва ошкораликдан ғаразгўйлик мақсадида фойдаланиш, фақат ўз манфаатини ўйлаш, бошқалардан ошкора қасд олиш ва ҳоказолар бугунги кунда қанча софдил одамларни инфаркт қилмоқда. Юмалоқ хатлар асосида қанча одамларнинг вақтини олиб, асабини эговлаб текшир-текшир қилишлар… Республикамизда айниқса, раҳбар кадрларга шафқатсизлик қилинмоқда. Сўнгги уч-тўрт йил ичида ишдан олинганларнинг ҳаммаси ҳам адолатли олиндими ёки тайинланганларнинг ҳаммаси ҳам муносиб одамларми? Бу саволга вақт жавоб беради.
Лекин биз ҳозир ҳар қачонгидан ҳам хушёр бўлишимиз керак. Ўз жонимиз учун эмас, ёнимизда турган, биз тўғрилигига ишонган одамлар учун, уларни туҳмат ва ноҳақ жазодан ҳимоя қилиш учун ҳушёр бўлишимиз керак. Очиғини айтсам, шу борада бизларда шахдамлик етишмайди. Дўстимиз, яқинимиз бошига иш тушса, томошабин бўлиб тураверамиз. «Юқорида текширувчилар бор, адолат қилар», деб ўз виждонимизга таскин берамиз. Ваҳоланки, у одамнинг кимлигини «юқоридагилар» эмас, биз, у билан ёнма-ён меҳнат қилганлар биламиз. «Юқоридагилар» туҳматнинг туҳматлигини аниқлагунча у одам ҳам тамом бўлиши мумкин. Ахир Абдулла Қодирий, Усмон Носирнинг тақдирини ҳам бир замон «юқоридагиларнинг адолати»га топширганлар. Билмадим, қачон кўзимиз очилади? Қачон дўст учун, ишонган сафдош учун кўкрак тутадиган бўламиз?
— Сизнинг бу куюнчак гапларингиз Абдулла Ориповнинг «Оломонга» деган шеърини ёдимга туширмоқда. «Нимасан! Қандайин сеҳрли кучсан! Нечун томошага бунчалар ўчсан!..» Чиндан ҳам, халқимизда уюшқоқлик деймизми, тарих олдида масьулият деймизми, ўзининг энг яхши фарзандларини ёвуз чангаллардан олиб қолиш қудрати деймизми, — қандайдир энг муҳим фазилат етишмаётгандек. Бугун ана шу нуқсон туфайли Орол денгизи буюк ҳалокат ёқасида. Ана шу нуқсон туфайли пахтазор ва экинзор далаларимиз бутифос билан заҳарланган…
— Бир замонлар республикамизнинг олий даражадаги раҳбарларидан бирига бутифоснинг келтираётган офатини айтишганда, у шундай деган экан: «Пахта ҳам фронт, фронт эса қурбонсиз бўлмайди». Бу ҳам фалсафа. Сохта ватанпарварликка асосланган ғайриинсоний фалсафа. Агар биз бугун ҳам шу гапни янги шаклда такрорласак, «Қайта қуриш ҳам жанг, у ҳам қурбонсиз бўлмайди», десак, ўша сохталикдан бир қадам ҳам олис кетмаган бўламиз. Пахта ҳам, қайта қуриш ҳам, ҳамма-ҳамма нарса аввало инсон учун.
Мана шу сўзларни айтиб турганимда, далаларда фарзандларимиз лой кечиб, пахта термоқдалар, зах баракларда истиқомат қилмоқдалар. Яна ўзимиз ҳайрон бўламиз — нега ёшларда бод касаллиги кўп, нега улар соғлом эмас, деймиз. Пахта бор экан, ҳашар бор, кузги сафарбарлик бор. Нега биз ҳар гал ўзимизни алдаб, ҳосилни ҳашарчиларсиз териб оламиз, деб кўкракка уриб, куз тараддудини қилмаймиз?
Колхоз ва совхозларнинг вақтинча ётоқ ҳозирлаш учун шу кунгача тасарруф қилган ёғоч ва тахталаридан минглаб жиҳозли иссиқ вагон уйлар қурса бўлар эди. Баллон ғилдиракли бундай уйлар кўчиб юриш шароитига жуда мос тушар, қанча вақт, қанча маблағ тежалган бўлар эди. Йўқ, биз фақат шу йилни ўйлаймиз. Беш йил, ўн йилни сира хаёл қилмаймиз. Афанди айтгандай, унгача «ё подшо ўлади, ё эшак ўлади, ё мен». Биз ўзимиз-ку, дарвоза қурсак, ёғочи юз йилда чириши мумкин, деб сал қимматроқ бўлса ҳам темир дарвоза ўрнатишга ҳаракат қиламиз. Ҳа, энди бу уч-тўрт юз йил туради, деб ўзимизнинг пухта ишимиздан хурсанд бўламиз. Давлат мулки эса бизники эмас. Унинг кўпга чидаши, арзон тушиши, айниқса, ўн-ўн беш йилдан кейинги ҳолати бизни мутлақо қизиқтирмайди. Яна афандининг ўша гапи.
Қайта қуриш психологиямиздаги асосий иш ана шу фикрий ялқовликни йўқотиш бўлиши керак. Одамлардан «Бугун нима қилдинг?» дебгина эмас, «Эрта учун, келажак учун нима қилдинг?» деб ҳам сўраш керак. Она ўз фарзандини суйса, парвариш қилса, биров олдида ҳисоб бериш учун ёки бирор чақириққа жавобан қилмайди. Соҳиб ўз мулкини эҳтиёт қилса, «Мен ўз шонли бурчимни бажардим», деб кўкрак кермайди, унвону нишонлар умидида қилмайди.
— Сиз Ёзувчилар союзида бўлиб ўтган йиғинларнинг бирида Чулпон ва Фитрат ижодларини ўрганиш ва улар меросини эълон қилиш лозимлиги тўғрисида куйиниб гапирган эдингиз. Ҳозир бу масала юзасидан турли доираларда қизғин баҳслар бормоқда. Бу ёзувчиларнинг ўзбек адабиёти тарихидаги ўрнини тиклашга қарши бўлган кишилар улар меросини эълон қилиш ва ўрганиш адабиётимизга нима беради, деб яна бизни чалкаштирмоқчи бўлмоқдалар.
— Агар Чўлпон ва Фитрат ижоди бошдан-оёқ миллатчилик, Советларга қарши норозилик руҳида бўлганда, ҳозир адабий жамоатчилик бу масалани ўртага қўйиб ҳам ўтирмасди. Улар умр камолида хатоларини англаб етган, яъни жамиятни янги соз билан олқишлаган ижодкорлар. Лекин давр уларга нисбатан бешафқат бўлган. Ҳа, биз давр бешафқат бўлган, деб бугун юмшатиб, одамларга гуноҳ қўймай гапирамиз. Аслида улар устидан давр эмас, юрагида ҳасад ва кин тўла бўлганлар, уларнинг шуҳрати, халқ ўртасидаги обрўсидан кечалари ухламай чиқадиганлар ҳукм чиқарганлар. Сўнгра саллани келтир деса, каллани келтирадиган калтабин, сохта ватанпарварлар бу ҳукмни ижро этганлар. Кўпчилик эса, ўша бетараф, парвосиз томошабин бўлган кўпчилик бу ижрони бақрайиб кузатиб турган. Мана бу ҳолатлар йиғиндисини биз «даврнинг шафқатсизлиги», деб юмшоқ қилиб айтамиз.
Дунёда ҳасад ва ғаразгўйлик бор экан, калтабинлик, сохта ватанпарварлик бор экан, томоша- бин — кўпчилик бор экан, шафқатсиз даврлар бошқа қайтиб келмайди, деб бўлмас.
— Ҳамза ва Чўлпон, Фитрат ва Ойбек сингари ижодкорлар оғир тарихий даврларда, мураккаб ва машаққатли шароитларда яшаганларига қарамай, ҳар бир кундан, ҳар бир лаҳзадан самарали фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Атиги ўттиз беш йил умр кўрган Ҳамид Олимжон катта жамоатчилик ишлари билан банд бўлганига қарамай, ўн жилддан иборат асарлар мажмуасини мерос қилиб қолдирган. Аммо адабиётимизнинг бугунги намоёндалари, шу жумладан сиз ҳам уларчалик ташналик билан ижод этмаётгандек кўринасиз. Ҳолбуки, вақт ўтиб бормоқда. Умр ўтиб бормоқда.
— Аввало гап сонда эмас, сифатда. Кўп ва хўб ёзганга нима етсин. Лекин бу иш қўлдан кел магач, ҳеч бўлмаса, оз ва соз ёзган дуруст. Бизнинг шитоб замонамиз оқ қоғоз устида диққатни жамлашга кам вақт қолдирмоқда. Ҳозир информация йигирманчи, ўттизинчи йилларга қараганда юз баравар кўп. Шоир эса дунёдан бехабар бўлиши мумкин эмас. Боз устига жамоат ишларининг юки ҳам у вақтларга қараганда бир неча бор салмоқли. У замонларда ҳаёт бугунчалик фаровон бўлмаса ҳам одамлар ҳозиргига нисбатан хотиржамроқ, қаноатлироқ бўлганлар, деб ўйлайман. Ҳозир тонг отгандан кун ботгунгача қаёққадир шошиб, энтикиб юрамиз. Кун ўтгач, нима иш қилганимизни ўзимиз билмаймиз. Ҳаёт шитоб, истакларимиз бепоён, вақтимиз оз. Умримиз ўзимиздан тез югуриб ўтаяпти. Гоҳида ҳамма нарсадан кечиб, тоғларга чиқиб кетгим келади. Тоғлардан шаҳарга боқсанг, худди боқийлик кўзи билан фоний дунёга қарагандай бўласан, киши. Ўзингни ўзинг ёмон кўриб кетасан…
— Яқинда сизнинг «ёш шоирларга» деган шеърингизни қайта ўқир эканман, бир нарсадан ажабландим. Бу шеърни ёзганингизда, эндигина қирқ ёшга тўлган эдиигиз. «Ёшлик» журналининг муҳаррири, катта бир нашриётнинг директори лавозимлари ҳали олдинда эди. Аммо ўшандаёқ хизмат машинаси сиз тенги шоирларни тонгда «мағзи» билан олиб кетиб, кечқурун «пўчоғи»ни ташлаб кетиши ҳақида ёзган экансиз. Мана, ҳозир ўша шеърнинг ёзилганига ҳам ўн йил бўлди. Бу орада журнал ва нашриёт машиналари сизнинг «пўчоғингиз»ни ростдан ҳам уйингизга ташлаб кетган кунлар оз бўлмади. Хўш, ҳозир ҳам ёш шоирларга ҳавас қиласизми! Умуман, шеърият учун ёшликнинг беғубор оламию кўтаринки ҳолати муҳимми ё етуклик ёшидаги кишининг ҳаётий тажрибасию ақлининг теран қатламларими?
— Халқимизда шундай матал бор: «Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта омин дейди». Руслар: «Накликать себе беду», дейдилар. Дарҳақиқат, ўша шеър ёзилганда, мен нашриётда камтаргина ишда эдим. Тагимда ҳукумат машинаси ҳам, ёнбошимда тўрт-бешта телефон ҳам йўқ эди. Қайдан ҳам: «Амалдор бўларсиз, курсингиз баланд, Хизматингиз қилар машина ҳар кун, Тонгда олиб кетар мағзингиз билан, Пўчоғингиз ташлаб кетар кечқурун», деб ёздим. Қайдан ҳам бу сатрлар кўнглимга келди. Орадан кўп ўтмай, шу ҳолат бошимга тушди. Шеър дафтарим узоқ вақт четга сурилиб қолди.
Ҳаётимнинг энг бахтли дақиқалари қалам ва қоғоз билан ёлғиз қолган дамларим, деб ҳисоблайман. «Оқ қоғозим… Сен бору мен бор, қалам бор, Ўртада бегона йўқ». Бу мисра энг бахтли дамлар меваси бўлган. Ёшларга, ёшликка ҳавас билан қарайман. Ёшликнинг қайноқ нафаси кўнглимни тарк зтмаслигини тилайман.
Лекин ҳар фаслнинг ўз ҳислати бор. Ҳар бир умр фаслининг ҳам. Сойнинг баҳордаги тошқини, сурони қанчалик сурурбахш бўлса, кўздаги тиниқлиги, сокин қўшиғи шунчалар дилбар бўлади. Ижодда шавқу завқ билан теранлик омухта бўлган жойда камолот бўлади.
— Боя айтганингиздек, сиз Ғайратий домланинг машҳур тўгарагида вояга етиб, Миртемир домланинг семинаридан шеьрият майдонига кириб келгансиз. Уларнинг ҳар икковлари хоксор инсонлар бўлган. Умуман, назаримда, чинакам шоирнинг табиатида хоксорлик, дарвишлик бўлади. Менимча, сиз бу шоирлардан ҳам, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода каби оқсоқол шоирлардан ҳам ниманидир ўргангансиз. Сиз уларнинг инсон ва шоир сифатидаги қандай фазилатларини ибратли деб биласиз? Ғайратий ва Миртемир каби хоксор шоир бўлиш адабиёт оламидаги юлдузни бенарвон урувчи кимсалар олдида хор-зор бўлишликни англатмайдими? Умуман, бугунги шоирнинг маънавий кодекси ҳақида нима дея оласиз?
— Дарҳақиқат, Ғайратий, Миртемирлар ҳаётда хоксор, дарвиш табиатли одамлар эди. Лекин «чинакам шоир табиатида… дарвишлик бўлади», деган фикрингиз, назаримда, баҳсли. Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Зулфия…—булар ҳақиқий шоирлар. Лекин улар тўғрисида ҳеч ким дарвиш табиатли, деб гапирган эмас. Менга қолса, ҳозирги замон шоирига дарвишликдан кўра ўктамлик кўпроқ ярашади. Тўғрироғи, шундай хислат керак, зарур. Мамлакатимиз буюк, шоири кўп. Бу улкан муҳитда ажралиб кўриниш учун, демакки, халқни кўрсата билиш учун шоир дарвеш эмас, ўктам, сўзи кескир, ўзи шижоатли бўлиши керак.
— Сизнинг бутун ижодингиз ўтмишдаги «адабий илдизлар»га бориб тақалади. Сизнинг қарийб ҳар бир асарингиз асрлар қаърида ётган ана шу илдизлардан униб чиққан ниҳолга ўхшаш. Аммо сиз «Шарқий қирғоқлар» китобингиз билан жаҳон шеъриятининг ғарбий қирғоқларидан янги адабий шакл ва оҳангларни ахтаргандек бўлдингиз. Бу жараён, шубҳасиз, муайян ички эҳтиёжлар талаби билан бўлган. Сиз бундан кейин ҳам миллий анъаналарни интернационал адабий тажрибалар билан бойитиш истагида эмасмисиз! Агар шундай бўлса, «Донишқишлоқ латифалари»да яна эски ва қадрдон адабий қирғоққа қайтганингизни қандай тушунса бўлади?
— Адабиётлар ўртасидаги алоқалар шундай катта кўлам ва суръат касб этган бизнинг кунларда шарқий ва ғарбий қирғоқлар ўртасида бир-бирига таъсир бўлмаслиги мумкин эмас. Бу ҳолат шоирнинг ихтиёридан ташқари содир бўлади. Лекин мен ҳеч қачон ғарбий қирғоқлардан адабий шакл ва оҳанглар ахтарган эмасман, ўзимни икки оёқ билан шарқий қирғоқда турган одам, деб ҳисоблайман. Бундай оҳангларни шеърларимда ўзим сезмаганман, бошқа биров сезганини ҳам билмайман. Буни сиздан илк дафъа эшитиб турибман. Аслида, менинг бу масалага қарашим бошқача.
Ҳар бир халқнинг миллий хусусиятлари санъатида, адабиётида айниқса, ёрқин намоён бўлади. Миллатлар бир-биридан тили, урф-одати билангина эмас, фикрлаш хусусияти билан ҳам ажралиб туради. Шеърни нари қўйиб турганда, ҳатто оддий нутқда русча фикрлаб, ўзбекча гапирган ёки, аксинча, ўзбекча фикрлаб, русча гапирган одамнинг нутқи ғайритабиий, сунъий бўлиб туради. Шеърни-ку бошқа тилга таржима қилиб бўлмайди, деган фикрни кўп мўътабар одамлар такрор- такрор айтганлар. Зероки, у халқнинг ўзлиги, руҳияти, асрлар давомида шаклланган диди. Энди бошқа тилда фикрлаб, бошқа тилда шеър ёзадиган шоирни тасаввур қилинг. Бундай ижод маҳсулини аросатда қолган маҳсул дебгина баҳолаш мумкин..
Япон танкаси ҳам, испан верлибри ҳам манба эътибори билан ўша халқларнинг узоқ традицияларига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам муайян оҳанглар муайян халқларга марғуб ва манзур.
Интернационализм бошқалар шеъриятидан оҳанг кўчириш эмас. Шеърий ижоддаги интернационализм ўз миллий шеъриятингни жаҳонга ва, аксинча, жаҳон шеъриятини ўз халқингга англата билиш, танита билиш, деб тушунаман. Ижодда умумжаҳон стандарти йўқ, умуман стандарт йўқ. Лекин жаҳоишумул даража, талаб бор. Шундай талаб билан ижод қилишни, яшашни за курашишни мен интернационализм, деб тушунаман.
— Сиз ҳақсиз. Аммо мен типга олган ҳодиса «Шарқий қирғоқлар» тўпламида эмас, балки «Тирик сайёралар»да озми-қўпми сезилади. Бу китобга кирган «Бонг уринг» сингари шеърларда ўзбек классик шеърияти, хусусан, сизнинг аввалги ижодингиз учун характерли бўлмаган оҳанглар борки, улар, менимча, Маяковский, Лорка, Неруда, Ҳикмат сингари шоирларни, истасак-истамасак, эслатади… Яна «Донишқишлоқ латифалари»га қайтсак. Бу латифалар реал кишилар ҳаётидан, ҳатто реал қишлоқ ҳаётидан олинган. Матмуса — шу қишлоқнинг типик вакили. Унинг хатти-ҳаракатлари XX аср шароитида кулги уйғотади. Аммо унинг характерида кишини мафтун этувчи самимийлик, беғуборлик, соддалик каби фазилатлар ҳам бор. Афсуски, бундай фазилатлар хира тортиб бормоқда. Биз ҳаммамиз қандайдир ҳиссиз, рационал одамларга, роботларга айланиб бормоқдамиз. Сиз ана шу жараёнга қарши Донишқишлоқ кишиларининг ажабтовур хислатларини тасвирламоқчи бўлдингизми? Ёхуд сизни бошқа бир истак ушбу қишлоқ сари етакладими?..
— «Донишқишлоқ латифалари»ни ўқиб, ҳамма кулади. Ваҳоланки, мен уларни йиғлаб ёзганман. Ақл-идрокка зид, тескари ишларимиз эл бошига кулфат ва уқубатлар келтириб ётгани сир эмас-ку. Косаси тескари қурилган чархпалаклар камми? Бир пардани тутганча қолаверган, бир хил оҳангни қўймай чала берган матмусалар озми? Ўзимиз яратган қолипларни тандирдай кийиб олиб, йўлни кўролмай, осмонга қараб кетаётган ҳолларимиз йўқми? Булар кулгили ишлармас, ачинарли, офатли ҳодисалар.
Бошқа жабҳаларни қўйиб, ўзим ишлаган, билган соҳани гапирай. Ўзбекистонда ўндан ортиқ нашриёт бор. Тахминан, китоб чиқарадиган шунча босмахона бор. Нашриётлар, босмахоналар билан бир йилга шартнома тузиб, белгиланган тартиб бўйича қўлёзма топширадилар ва тайёр китоб қабул қилиб оладилар. Китоб савдоси ташкилоти билан ҳам муносабат шундай. Бир қараганда, ҳамма нарса жуда оддий, оқилона. Ишлар ҳар уччала томоннинг манфаатдорлиги асосида, келишувга кўра, амалга оширилади. Нашриётлар ҳам, босмахоналар ҳам, китоб савдоси ташкилотлари ҳам яхши, сифатли, халққа керакли китобларни етказиб беришдан манфаатдор. Биз бу ишлар устидан назорат қиладиган яна бир ташкилот Давлат комитети тузиб қўйганмиз. Айтишингиз мумкин, Министрлар Советида бу соҳа билан шуғулланадиган бўлим бор-ку. Нашриёт, китоб савдоси бошқармаси ва босмахоналарнинг умумий назоратини шу бўлим амалга оширса бўлмайдими? Йўқ.
Тартиб шундай. Бўлим министрликдан ҳисоб сўраши керак. Бошлиқ ўринбосарлардан, ўринбосарлар бўлим бошлиқларидан, бўлим бошлиқлари бўлим ходимларидан, бўлим ходимлари нашриёт, босмахона директорларидан, директорлар ўринбосарлардан ҳоказо ва ҳоказо.
Буйруқлар, кўрсатмалар, қарорлар ана шу, илгаридан ўрнатилган қатъий тартиб бўйича поғонама-поғона тушиб боради. Ниҳоят, оғирлик босмахона ишчисига, нашриёт редакторига тушади.
Беш йил аввал Сурияда бўлганимда, у ерда чиқадиган ойлик адабий журнал редакциясида бўлиб, журнални чиқарувчи коллектив… икки кишидан — муҳаррир ва секретарь-машинисткадан иборат эканини билдим. Аввал бошда ишонмадим: қайта-қайта сўрадим. Ахир бизларда бундай қалин журнални йигирма беш-ўттиз киши чиқаради. Марказий журналларда эса икки баравар кўпроқ — эллик-олтмиш киши меҳнат қилади. Муҳаррирдан журналнинг имло-хатосига жавоб берувчи корректор йўқми, деб сўрадим. У жавоб берди: Мен муаллифлардан асар қабул қилиб оламан. Ўқиб, машинисткага бераман. У машинкалаб, босмахонага юборади. Хато кетиши мумкин эмас. Машинистка тез ва бехато ёзади. Билъакс ишлаши мумкин эмас.
Бу жавобни эшитиб, кўнглимдан бир фикр ўтди. Оламда, ҳеч бир мамлакатда биздагидек кенг феъллик, бемалолгарчилик, хўжасизлик бўлмаса керак. Нашриётда бир китоб энг камида ўнта қўлдан ўтади, ўнта имзо чекилади, лекин барибир хато билан чиқади. «Қўйчибон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади», дегандек.
Бу ҳолатлар ҳозир биз учун одатий, нормал ҳисобланса, эртанги кун кўзи билан қарасак, биз ҳозир Донишқишлоқда яшаяпмиз, демоқ мумкин.
— «Донишқишлоқ латифалари» шундай енгил ва беозор юмор билан ёзилганки, китобхон унинг замирида ётган бундай жиддий ҳаётий муаммоларни хаёлига ҳам келтирмаслиги мумкин. Бу асарнинг ҳар бир ҳужайрасидан ўзбек фолькиори асарларига хос бўлган кулги жаранглаб туради. Умуман, кулги, ҳажв, сатира ўзбек адабиётининг кучли жиҳатларидан. Бунинг сабаби шундаки, ҳаёт ҳамиша кулгибоп ҳодисалар, кулгибоп манзараларга тўла бўлган. Афсуски, бундай манзаралар бизнинг давримизда ҳам оз эмас. Шунинг учун ҳам юмор ва сатира милтиғи доим ўқланган бўлиши лозим…
— Шеърда шеър бор, ҳажвда ҳажв. Дарҳақиқат, тагида теран мағзи бўлмаган ҳажв кишига нари борса, бир лаҳзалик кайфият беради. Гарчи кайфият беришнинг ўзи ҳам катта гап, лекин бу ҳали тўла маънодаги ижод эмас. Комил ҳажв кулдириш баробарида бизни тарбиялайди, кўзимизни очади. Асарда асар бўлганидек, ўқувчида ҳам ўқувчи бор, томошабинда ҳам томошабин бор. Ҳамма ҳам кулгининг тагида нима борлигини дафъатан илғаб ололмайди. Баъзиларга Чаплиннинг ҳаракатлари бачкана масхарабозлик бўлиб туюлиши мумкин. Масхарабозлик… Бу сўз бизнинг кунларга келиб, салбий маъно касб этди. У енгил-елпи қилиқлар қилиш, деб тушунилади. Аслида, масхарабозлар ўз вақтида жамият иллатларини масхара қилганлар, подшолар, вазирлар устидан кулганлар. Улар ўз даврининг қаҳрамонлари, фидойилари бўлганлар.
«Олтин девор» спектаклининг премьерасида бир амалдор одам ёнида ўтирган одамга энгашиб: «Бу масхарабозлик-ку», деди. Ўшанда мен ўтмиш замонларда бойлар, амалдорлар, эшону қози калонлар масхарабозларми қанчалик ёмон кўрганларини тасаввур қилдим. «Олтин девор» ўн тўққиз йилдан бери қўйиляпти. Ўша амалдор эса тўрт йил аввал қамоққа олинган. Уйидан неча килограммдир тилла чиқибди. Мана сизга «масхарабозлик».
— Сизнинг исмингиз кўпинча Абдулла Орипов исми билан қофиядош бўлиб юради. Ҳолбуки, ҳар иккингизнинг ижодий услубингиз ва эстетик қарашларингиз турлича. Сизда мусиқийлик, шеърий равонлик устиворлик қилса, А. Орипов тиғдор сатрлар ва шеърларни ёқтиради. Масалан, сизнинг «Манфаат фалсафаси» деган шеърингиз бор. Ҳозирги кишилардаги манфаатпарастлик иллатини фош этувчи шеър. Дммо сиз ана шундай тиғдор мавзуни ҳам аруз вазнида ва классик мухаммас шаклидан истифода этган ҳолда ёритасизки, бу ҳол сизнинг услубингиз, инсоний ва ижодий қиёфангиздан келиб чиқади. Сизни А. Орипов билан доимий ҳамроҳликда тилга олишларининг сабабини нимада деб ўйлайсиз? Ҳар иккалангиз икки хил адабий ҳодиса сифатида бир-бирингизни тўлдирганингиз ва бугунги воқеликни мукаммал ифода эта олганингиз учунми? Сизнинг эстетик программангиз қандай?
— Ижод — юракдаги меҳр ва эзгулик туйғусининг меваси. Салбий ҳодисаларга муносабатда пайдо бўладиган нафрат туйғуси ҳам ўша меҳр ва эзгулик ҳисси туфайли дунёга келади. Ижод қилмоқ — одамлар юрагига яхшилик уруғини экмоқ, деб тушунаман. Бу уҳдани ҳар ким ўз услуби билан, ўз истеъдоди даражасида адо этади. Шоирлар бир-бирига ўхшамаслиги билан қадрлидир.
Ғалати бир ҳақиқатни айтай. Шоир ижодкор кўзи билан қараб ҳеч қачон бошқа шоирни дил- дилидан бус-бутун қабул қилолмайди. Ўқувчига айланибгина, ўқувчи кўзи билан қарабгина яйраши, тан бериши, қабул қилиши мумкин. Ижодкор сифатида эса «Мен бошқача ёзган бўлардим», дейиши табиий.
Бу асло рақобат туйғуси эмас, фақат ўша ўзига хослик натижаси. Лев Толстой Шекспирни қабул қилолмаган. Негаки, бу икки буюк ижодкорнинг эстетик принциплари тамоман бир-бирига ўхшамайди. Ва, аксинча, бир-бирига тамоман ўхшамайдиган ижодкорлар бир-бирларини юксак қадрлаганлар, иззат-икром қилганлар. Демакки, бир-бировга ўқувчи кўзи билан, холис одам кўзи билан қарай олганлар.
Мен Абдулла Орипов шеърларини яхши кўраман. Унинг фикрлаш тарзидаги ўзига хослик менга ёқади. Сатрларида асабнинг торидек таранглик бор, куюнчаклик, дардноклик, ошкор курашчанлик бор. Энг муҳими, ҳеч кимга ўхшамайдиган услуби бор.
— Бугунги ўзбек шеъриятида Абдулла Орипов катта мавқега эга. Унинг ортидан, сизнинг ортингиздан яна бир неча истеъдодли шоирлар етишиб чиқдилар. Улар туфайли бугунги ўзбек шеърияти, менимча, яна бир поғона юқори кўтарилди. Абдулла Орипов сингари ёрқин истеъдод соҳиблари ва уларнинг энг яхши асарлари сизнинг бирор яширин фазилатларингиз ва ижодий имкониятларингизнинг юзага чиқишига туртки берганми?
— Фикр фикрга, туйғу, туйғуга қайроқ бўлади. Шоир юрагидаги ҳислар, шуурида пайдо бўлган ўйлар — бу унинг дунё оҳангларига қулоқ тутиши, турли-туман кўринишдаги мулоқотлар меваси бўлади. Юқорида биз шарқий ва ғарбий қирғоқлар ўртасидаги ўзаро таъсир ҳақида баҳс қилдик. Бир замонда, бир юртда яшаб турган ижодкорларнинг ўзаро таъсири табиий ҳол. Мен ўзимга даврдош бўлган улкан адибларнигина эмас, балки адабиётга эндигина кириб келаётган ёшларнинг асарларини кўздан кечириб, ўзимни бойигандек ҳис қиламан. Қизиғи шундаки, менга мутлақо ёқмаган асарлар кўнглимда эътироз туйғусини уйғотиб, қўлимга қалам тўтқазган вақтлар бўлган.
— «Ўйласам, мен оламнинг ярмин кезиб қўйибман…» Бу мисралардан сўнг сиз, чиндан ҳам, ер юзидаги бир қанча шаҳарлар ва юртларни тилга олгансиз. Бу яқин ва олис манзилларга сиз сайёҳ сифатида эмас, шоир сифатида боргансиз. Ҳар қандай сафар шоир учун янги ижод уфқларини очади. Сизнинг «Донишқишлоқ латифалари»нгиздан Канада туркумидаги шеърларингизгача ана шундай ижодий сафарлар таъсирида ёзилган.
Ўзбек совет шеъриятида турли-туман саёҳатномалар оз эмас. Бир пайтлар улар ҳақиқатан ҳам шеъриятимизнинг тематик доирасини кенгайтирган бўлиши мумкин. Лекин кейинчалик бундай шеърий туркумлар сийқалаша бошлади.
Ижодий сафар, янги кишилар, юртлар, урф-одатлар, янги ҳаёт манзаралари билан учрашув сизга нималар берди? Сизнинг шеъриятингиз ана шундай сафарлардан кейин қандай бўёқлар билан бойиди?
— «Донишқишлоқ» саёҳат натижасида туғилган эмас. Бу туркум ўзимизнинг ҳаёт тўғрисида. Канада туркумига, «Истамбул фожиаси»га келсак, буларнинг ёзилишига сафар баҳона бўлган эса-да, асли сабаб яна ўша ўз ҳаётимиз. Арслон ўргатувчи Ванкувер циркида ҳам бор, ўзимизнинг бош бошқармаларда ҳам. Сафарнинг яхши томони шундаки, у ижод кишисининг тафаккур уфқини кенгайтиради, ўз халқи ҳаёти билан бошқа халқ турмушини қиёслаш имкониятини беради, янги мавзулар ҳадя этади.
Шоир қаер тўғрисида, нима тўғрисида ёзмасин, аввало ўзи тўғрисида, ўз халқи ва юрти тўғрисида ёзади. Кейинги шеърларимда она тилимиз тўғрисида ёзганларим Марокаш сафарида туғилди, десам, кўплар ажабланиши мумкин. Муносабат ҳақиқатан ҳам узоқ. Лекин гап шундаки, Марокашдаги Араб тили марказини кўриб, у ерлик олимлар араб тилини чуқур ўрганиш, уни янги атамалар билан бойитиш, бутун дунёда тарғиб қилиш борасида шундай ишлар қилишмоқдаки, очиғини айтганда, ўзбек тилшуносларидан хафа бўлиб кетасан киши. Бу марказда вақти-вақти билан барча араб мамлакатларидан тилшунос олимлар йиғилиб, дунё тилларида янги пайдо бўлган атамаларни араб тилида қандай ифода қилиш устида, умуман, турли тиллар билан араб тилининг ўзаро алоқалари хусусида илмий кенгаш ўтказадилар. Ижтимоий терминларга ҳам, илмий-техник терминларга ҳам эквивалент топадилар.
Бизнинг тилшунослик марказимиз нима билан шуғулланади — худонинг ўзи билади. Яқинда телевизорда бир инженернинг чиқишини кўрдим. Машҳур спектаклдаги Алишер Навоий сўзини такрорлагим келди: «Кўзим чиқсун сени кўргунча бундоқ». Нутқда ўзбек сўзлари ё ўн фоиз, ё ўн беш фоизни ташкил қилади. Гап техника ускуналари ҳақида бораётгани учун феъллар ва келишик қўшимчаларинч ҳисобга олмасак, қолгани ё, русча, ё байналминал сўзлар йиғиндисидан иборат.
Тилга эътибор — элга эътибор, деймизу, ҳеч биримиз тилимиз имкониятларидан тўлароқ фойдаланишни ўйламаймиз. Бу борада рус тилшуносларидан ҳам ўргансак бўлади. Ахир самолёт, паровоз, поезд, пароход сингари кўплаб сўзлар — тилшунослар киритган атамалар. Араблар самолётни тайёра (озарбайжонлар ҳам), поездни — қитар, автомобилни сайёра деб аташади.
Тўғри, рус тилида ҳам четдан ўзича, бетаржима қабул қилинган атамалар кўп. Лекин ўзбек тилида бундай сўзлар чет атамалар ҳисобига ҳам, русча атамалар ҳисобига ҳам жуда тезлик билан кўпайиб бормоқда.
Шуларни ўйлаб украин шоирига бағишланган шеърда:
Она тилинг дардин сақлаб кўнгилдаНола қилсам, кўкка чиқар фарёдим,
Етмиш етти пуштим сўзлаган тилда
Сўзлармикин яна етти авлодим,
деган сатрлар ёзилган эди.
— Мен ўтган йили Фарғона водийсида бўлганимда, одамлари ниҳоятда содда бўлган бир қишлоқни кўрсатишди. Бу ё Анвар Обиджон туғилган қишлоқ, ё унга қўшни колхоз ерлари эди. Менга ҳатто «Донишқишлоқ» қаҳрамонлари шу ерда яшайди, деб ҳам айтишди. Бугунги суҳбатдан маълум бўлишича, бу маълумот кўпроқ ўша содда одамларнинг хоҳишидан туғилган кўринади.
Сиз ҳозир «Истамбул фожиаси»ни тилга олдингиз. Ҳақиқатан ҳам, бу асарда тасвирланган воқеани хоҳлаган мамлакатга кўчириш мумкин. Чунки, асар марказида Истамбул билан бевосита боғлиқ бўлган муаммо эмас, балки умуман ҳозирги даврнинг муҳим маънавий масалаларидан бири ётади…
— Ҳаётда парадокслар кўп. Ақлга мувофиқ келмайдиган тескариликлар кўпинча бадиий асарга мавзу бўладилар. Бир одам ватандан олисда унинг меҳри ва соғинчи билан яшаса-ю, бошқа одам ватанда яшаб туриб унга хиёнат қилса… Киши тирик туриб ўзимнинг тириклигини одамларга айтолмаса, чунки тириклигидан кўра барҳаётроқ яхши номи, иккинчи умри ўзига ва ҳаммага қимматли бўлса… Булар ва буларга ўхшаш муҳаббат билан боғлиқ, шуҳрат, шон орзуси билан боғлиқ парадокслар драматик достонга асос бўлди. Менинг кема саёҳати билан Истамбулда икки кеча бўлганим, кемамизнинг тўлқинда қолгани бир туртки бўлди-ю, кўнгилдаги гаплар, ҳис-туйғулар драматик достон шаклида қоғозга тушди.
Бир улуғ рассом ўз асарлари кўргазмасида кўпчиликка манзур бўлган бир асарининг қанча вақтда чизилгани ҳақидаги саволга шундай жавоб берган экан: «Бутун умримни ва уч кунимни сарф қилдим».
Дарҳақиқат, бир асарга киши умр бўйи йиққан тажрибаси, руҳий бойлиги тўкилади. Истамбулда ўтган икки кунда қаҳрамонларнинг бутун ҳаёти дафтардек варақланган бўлса, бу асарни ёзишга кетган уч ой муддатда умрим бўйи мени ўйлатган, беҳаловат қилган фикр за туйғулар ўртага тушди.
Искандарнинг изтироби кўнглимга яқинлиги ота-онасиз кечган ўксик болалигим туфайлигина эмас. Мен Искандарларни ўз кўзим билан кўрганман, асарнинг кириш қисмида ёзилгандек, уларнинг кўзлари тубига чўккан дардни ҳис қилганман.
Шукрки, қайта қуриш замони халқаро муносабатларимизда ҳам, хусусан, чет элдаги ватан- дошларга муносабатда ҳам янгича фикрлаш даврини бошлади. Бу асар ёзилган вақтда ҳали бошқача фикр, яъни ватандан кетиб қолган киши ким бўлишидан, қандай сабаб билан кетганидан қатъий назар хоиндир, деган фикр ҳоким эди.
Асар дунё юзини осонлик билан кўргани йўқ. Афсуски, бундай қарашлар ҳали ҳам йўқолмаган. Бир замонлар урушда асир тушганларга ялписига шундай муносабатда бўлинган. Искандарнинг юртига қайтмаганлигига жуда кўп сабаблардан бири шу эди.
— «Истамбул фожиаси»да олисдаги она юрт чироқлари билан бирга ҳақиқат фонусининг нури ҳам ўқтин-ўқтин чарақлаб қолади. Бу сўнгги нур гарчанд ғира-шира бўлса-да, бугунги воқеалигимизнинг айрим соҳаларини ёритгандек бўлади. Искандар фикрига кўра, дунёда ҳақиқат йўқ, фақат манфаат деб аталган чўпон одамзодни пода қилиб ҳайдаб юради. Бу сўзларни гарчанд капитал– дунёсининг моҳиятини англаган одам айтса-да, у биз учун ҳам бегона хулоса эмас. Шунинг учун ҳам Жалол: «Худпарастлик, номардликнииг ҳар дақиқаси ҳақиқатнинг юрагига отилган ўқдир», дейди. Афсуски, ўтган йиллар оралиғида бундай дақиқалар оз бўлмаган экан.
Лекин адабиётимиз, айниқса шеъриятимизнинг аксар намуналарини ўқиб, олам — гулистон деган хулосага келиш қийин эмас. Адабиётимиз ҳали ҳаётдан, ҳаёт ҳақиқатидан узоқда. Сохта патетика ҳали ҳам сўнмаган. Сизнингча, ҳаёт ҳақиқатининг, ошкораликнинг бадиий асар ҳужайраларига тўла киришига унда ҳаётнинг аллақандай тараққиёт нуқтаси ва истиқболдаги ҳолати эмас, балки бугунги жонли аҳволи акс этишига нималар халақит бермоқда?
— Олтмишинчи йилларнинг бошида бўлган бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Кеч куз эди. Қор аралаш ёмғир бошланган. Пахта планининг бажарилиши гумон бўлиб қолган эди. Барча ёзувчилар халқни сафарбар қилиш вазифаси билан далага отланган. Эндигина Ёзувчилар союзига аъзо бўлган мен ҳам Суннатулла Анорбоев бошлиқ делегациянинг аъзоси бўлдим. Биз колхоз идорасига келганимизда, раис бизни совуққина кутиб олиб, кечки йиғинга — бригадирларнинг ҳисоботига таклиф қилди. Кечқурун узоқ-яқиндан лой кечиб бригадирлар келишди. Йиғиннинг бошидан раис уларни бўралаб сўка бошлади. Бирма-бир турғизиб, айбдорни суд қилгандек сўроққа тутди, дўқ ва дағдағалар қилди. Охири, «Мана сенларга мен тушунтиролмасам, ёзувчилар тушунтирсин», деб делегациямиз бошлиғига сўз берди. С. Анорбоевнинг нима дегани эсимда йўқ. Лекин раиснинг ноҳақ таҳқирига кўниб, чидаб ўтирган бригадирлар ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Ерда пахта бўлмаса, улар шўрлик нима қилсин? Қор аралаш ёмғир ёғиб турганда, ким далага чиқади-ю, бу, сифатини йўқотган ҳўл пахтанинг кимга қанчалик фойдаси бор?..
Ўша кундан мен хулоса қилиб чиқарган ҳақиқат шундай эди: Аввало бундай шароитда далага чиқиб бўлмаслигини раис ҳам, бир четда индамай ўтирган райком вакили ҳам, юқоридаги ўртоқлар ҳам билишади. Қор остида қолган «оқ олтин»нинг колхозга олтин баҳосига тушиши ҳам, моддий зарардан бошқа нарса эмаслиги ҳам уларга маълум. Лекин планни тўлдириш керак, рапорт бериш керак. Энг юқоридан талаб шу. Қарши турган одам ўз жонига завол бўлади. Обком райкомни сиқиққа олади, райком раисни, раис бригадирни. Энди пастдан юқорига қараб поғонама-поғона: «Биз ишлаяпмиз, ҳамма имкониятни ишга соляпмиз, ҳаммани сафарбар қиляпмиз, ухламаяпмиз, тинчимаяпмиз», деган жон асровчи маълумотлар кетади. Студентлар ёмғирда уч кунлаб баракларда ётади. Ҳеч кимга бирор соатга бирор ёққа силжишга рухсат йўқ. Ҳамма билсин, биз бор чораларни қиляпмиз ва ҳоказо.
Ҳеч ким: «Биз кимни алдаяпмиз?» деб сўрамайди. Ана шу ҳолат бизда узоқ вақт барқарор бўлди. Ҳозир ҳам инерция билан давом этмоқда. Бунинг сабаблари кўп. Аввало колхоз билан давлат ўртасида олди-сотди иши ҳар икки томоннинг тенг манфаатдорлиги асосига қурилмаган. Номи олди-сотди бўлса ҳам, аслида, продразвёрстка замонидаги каби пахта ундириб олинади. Қолаверса, «оқ олтин»нинг нархи пўчоқ баҳосида. Дала қаҳрамони булган пахтакорнинг бир кунлик иш ҳақига Тошкент бозорида икки дона олма беради.
Бу гапларни баралла айтиш керак бўлган вақт етди.
Айтиш керак бўлган гаплар жуда кўп. Лекин ҳамон кўнглимизда андиша, юрагимизда ҳадик бор.
Бир шоир дўстим — жуда кўп мадҳиялар ёзган шоир — яқинда қулоғимга шундай деди: «Биласанми, дўстим, замон нозик, айтадиган гапингни эҳтиёт бўлиб гапир. Демократия ва ошкоралик ҳам қопқонга ўхшаган нарса. Улар — кўрсаткич бармоқ билан юқорини кўрсатди, — улар баъзи лақмаларни гапиртириб олиб, шартта қопқонга туширади. Кейин «цап-царап» — ейди-қўяди».
У «цап-царап» деган сўзни шундай лаззат билан айтдики, беихтиёр лабини ялаб қўйди.
Шундан кейин ҳам қўрқмай кўринг.
Келинг, эс борида этакни ёпиб суҳбатни тўхтатайлик. Яна ким билади, дейсиз.
Суҳбатдош: Наим Каримов
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 1-сон