Илҳом Алиев: Озарбойжон халқи Ислом Каримовни чинакам дўст деб билади

Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонасида бўлиб, Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди.

Озарбойжон етакчиси Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шерзод Файзиев билан суҳбатлашди ҳамда элчихона мотам китобига таъзия сўзларини ёзиб қолдирди.  

Озарбайжон Президенти расмий сайти хабарига кўра, Илҳом Алиев Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев номига таъзия мактуби йўллади.

“Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти сифатида тарихга кирди. Мамлакат суверенитети ва давлат мустақиллигига эришиш, уни тараққий эттириш ва мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жабҳалардаги ютуқ ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви бевосита унинг номи билан боғлиқдир”, – дейилади таъзия мактубида.

Қайд этилишича, Ислом Каримов узоқни кўзлаган оқилона сиёсати, бошқарувчилик ва арбоблик иқтидори ила нафақат Ўзбекистон, балки хорижий элларда ҳам ҳурмат-эътибор қозонган эди.

“Озарбойжон Ислом Каримовни кўп асрлик дўстлик анъаналарини бойитиш, халқларимиз ўртасида ўзаро робитани мустаҳкамлаш, мустақиллик йилларида озарбайжон-ўзбек давлатлараро муносабатларини ҳар жиҳатдан ривожлантириш ва шакллантиришга улкан ҳисса қўшган чинакам дўст сифатида эътироф этади ва ардоқлайди”, – дейилади таъзияномада.

Озарбойжон етакчиси мусибат онларида марҳумнинг яқинлари ҳамда биродар ўзбек халқига ҳамдардлик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этди. Шу муносабат билан 2016 йил 3 сентябрдан мамлакатимизда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Марҳум ўзи таваллуд топган Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Дафн маросимида бир қатор давлат ва ҳукумат етакчилари ҳозир бўлди. Маросимда Озарбайжон номидан Миллий Мажлис Раиси Октай Асадов қатнашди.