* Жамиятнинг ўз вагонлари, ўз локомотивлари бўлади. Биз локомотивларни йўқотиб, ҳаммани вагонга айлантириб қўйганмиз.
* Эришган даражам етарли демасдан, куч борки, ҳаёт борки, олдинга интилиб яшамоғимиз керак.
— Эркин ака, қайта қуриш бошланганига тўрт йилдан ошди. Тўрт йилдан буён биз эртамиз бугунимиздан кўра яхшироқ бўлиб қолар, деган илинжда яшаймиз. Мен бу ўринда иқтисодий муаммоларни назарда тутаяпман. Лекин аҳвол яхшиланиш ўрнига тобора ёмонлашмоқда. Кеча гўшт, сифатлироқ тикилган кийим учун навбатда турган бўлсак, бугун шакар, совун, баъзи жойларда ун ҳам танқис бўлиб қолди. Бозорда нарх-наво кунаро осмонга сапчимоқда. Ҳамманинг кўзида таҳлика «Нега?» деган жавобсиз савол. Сиз иқтисодчи эмассиз. Аммо бу ҳақда ўйлашингизга шубҳам йўқ. Мамлакатимизнинг иқтисодий аҳволи нега яхшиланиш ўрнига тобора танглашмоқда? Ахир биз Улуғ Ватан урушидан абгор ҳолда чиқиб ҳам, аҳволимизни тезда яхшилашга эришгандик-ку?!
— Ҳа, шундай бўлганди. Уруш тугагач, орадан бор-йўғи икки йил ўтгач, карточка системаси бекор қилиниб, бозорларда нарх-наво туша бошлаган. Буни мен жуда яхши эслайман. Ҳозир қайта қуриш даврида нега ана шундай кескин иқтисодий бурилишга эриша олмаяпмиз?
Тузумимиз — авторитар, яъни раҳбарнинг қаттиққўллигига мослашган. Иқтисодимиз ҳам албатта. Қайта қуриш туфайли пайдо бўла бошлаган демократия ва ошкоралик мамлакатимизда неча ўн йиллардан буён ҳукмронлик қилиб келган бу қаттиққўлликнинг — маъмурий-буйруқбозлик силсиласининг илдизига болта урди. Эски система қулай бошлади. Ўрнига муқобил йўлга эга бўлган мукаммал ҳаракат ҳали пайдо бўлганича йўқ. Умри тугаган қатъий план хўжалиги ўрнида ўсиб чиқиши керак бўлган бозор-савдо муносабатлари ҳали кучга кирганича йўқ. Хўжалик юритишда ё илгаригидек, қаттиққўллик ўз кучини кўрсатиши ёки хусусий мулк эгаси бозор рақобатига дош бериш йўлида ўз жонини сақлаб қолиш учун курашиши керак. Кейингиси бизнинг социалистик жамиятда янги, кутилмаган иқтисодий сиёсат. Аммо ўзга йўл йўқ. Қаттиққўлликка таянган эскича сиёсат билан хаста иқтисодиётни (экономикани) оёққа турғазиб бўлмайди. Маълумки, марксизм-ленинизм таълимотига кўра, ишлаб чиқариш воситаларига бўлган хусусий эгалик — капитализмга, коллектив эгалик социализмга хосдир… Энди очиқ-ойдин тан олишимиз керакки, ер, сув, ишлаб чиқариш воситаларига бўлган якка давлат эгалиги жамиятимизни яхши натижаларга олиб келмади. Бошқача айтганда, социализмнинг биз қурган модели ўзини оқламади. Умумхалқ эгалиги деганимиз, аслида умумхалқ эгасизлиги бўлиб чиқди.
Ўйла, ким қайғурар очмизми, ё тўқ,Азизим, бефойда даъводан кечгин.
Давлат деган сўзнинг бош-оёғи йўқ,
Давлат бу — ҳаммамиз, давлат бу — ҳеч ким.
— Сиз юқорида айтган қонун қоидалар қабул қилинса, мамлакатимизда шу кунгача ҳуқмронлик қилиб келган социалистик муносабатлар ўрнини капиталистик дунёга хос муносабатлар эгалламайдими?
— Тўғри, бундай янгича қонун, иқтисодий сиёсат, ҳозирча бизнинг тасаввуримизга сиғмайди. Лекин бир замонлар биз социализм ва капитализм мавжуд экан, уларнинг ўртасида уруш чиқиши муқаррар деган фалсафага ҳам ишониб яшаганмиз. Биз мулк шаклларининг ҳар хиллигини тан олмоғимиз керак. Чунки жаҳон иқтисодиё тараққиёти шунга олиб келмоқда. Илғор капиталистик мамлакатларда давлат корхоналари хусусий шахсларга тобора кўпроқ сотилмоқда. Масалан, Буюк Британияда ҳукумат сиёсати худди шу йўлдан бормоқда ва натижада, мамлакат экономикаси юксак суръатларда ривожланаётганлигини кўриб турибмиз.
Ҳар қандай соҳадаги каби, иқтисодда ҳам рақобат бўлиши керак. Давлат — коллектив — хусусий мулк ўзаро рақобатда яшаши керак. Бу рақобатда жамият ривожланишининг асосий омили ётибди. Ҳозир бизда рақобат йўқ ҳисоби. Савдода танлаш йўқ. Давлат корхонаси нимани ишлаб чиқарса, яхшими-ёмонми, ўшани харид қилишга мажбурмиз. Экономикада давлат корхоналари монополиясини тугатиб, уни эркин рақобатга тортмоғимиз керак.
— Шундай деймиз-у, Эркин ака, давлат корхоналарига рақобатчи бўламан деб чиққан ширкатчиларнинг (кооперативчилар) бошидан ўтаётган иссиқ-совуқ кунларни кўриб турибмиз. Ширкатчиларга йўл очилгач, нарх-наво, шунчалар қимматлашиб кетдики, чидаш қийин бўлиб қолди.
— Биз жуда кўп йиллар мобайнида одамларни бойликка, капитализмга нафрат руҳида тарбияладик. Ҳозир ҳам халқнинг асосий норозилиги бойиб кетаётган ширкат аъзоларига қаратилган. Бунинг бошқа сабаби ҳам бор. Ҳозир ширкатчилар жамиятига фойда келтирадиган ишлардан кўра, кўпроқ ўзлари бойлик орттиришга ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг фаолияти камёбликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Негаки, улар саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини давлат баҳосида сотиб олиб, буюмларга озгина ишлов бериб, ёки танқис таом тайёрлаб, ўта қиммат нархда пулламоқдалар. Бизнинг қонунларимиз ширкатчиларнинг жамият фаровонлиги учун фойдали бўлган фаолиятини қўллаб-қувватламоғи лозим. Ҳатто халқимиз муҳтож бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга киришган ширкатчиларни дастлабки вақтларда солиқдан озод қилиш керак. Масалан, гўшт, сут, бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштираётган, тўқимачилик буюмлари, тиббиёт асбоблари, фалаж-аравалар, ёғоч оёқлар ишлаб чиқарувчи ширкатлар…
Биз одамларнинг бойишидан, ҳалол меҳнат билан бойишидан чўчимаслигимиз керак. Уларнинг мулки бирикиб, халқ бойлигини, давлатимиз бойлигини ташкил қилади.
— Ўзбек миллионерлари пайдо бўлса-чи? Ахир биз неча замонлардан бери ана шундай мулкий тенгсизликка қарши курашиб келмоқдамиз? Пул, мол-дунё одамни бузади, деган ақидаларимиз бор?
— Ҳақиқатдан ҳам, вужудга келаётган айрим ширкатлар ана шундай саволни ўртага қўймоқда. Мен бу саволга шундай жавоб берган бўлардим: Мен ўзбек миллионерлари пайдо бўлишини орзу қиламан. Нега?
АҚШда бўлганимда шуни сездимки, Америка ҳукумати ўз фуқароларининг бойишидан манфаатдор. Миллионерлар сони кўпайиши билан давлат хазинасига тушадиган солиқлар миқдори ҳам ортади. Бундан манфаатдор бўлган ҳукумат рдамларнинг бойиши учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам АҚШда миллионерлар сони ой сайин, кун сайин кўпайиб бормоқда.
Бизда ҳам шундай бўлиши керак, менимча. Ҳозирда мавжуд бўлган (буни яшириб нима қиламиз!) яширин, ўғри миллионерлар ўрнига ҳалол, ошкор миллионерлар бўлса, нимаси ёмон?
Ахир миллионерларнинг эгаси бунча маблағни ёлғиз ўз эҳтиёжлари учун сарф қилмайди-ку?! Жўнроқ қилиб айтганда, миллионер ҳам ўша «оддий одам» кийган кийимни кияди, у еган овқатни истеъмол қилади. Орттирган мол-мулкини у дунёга орқалаб ҳам кетмайди. Қурган завод-фабрикаси, ўстирган боғи охир-оқибатда халқ бойлигини ташкил қилади. Қолаверса, шахс эгалик қилган миллионлар билан давлат эгалик қилган миллионлар ўртасидаги фарқ шуки, шахс ўз пулларини беҳуда исроф қилмайди. Бир мири ҳаён, ўн мири зиён кўришларга сарфлаб юборавермайди. У кўкартирган боғда мевалар исроф бўлавермайди. У ҳосил кўтарган далада маҳсулотнинг ярми нобуд бўлмайди. Ахир буғдойзор, полиз ва мевазорларимизда ҳозир ҳосилнинг учдан бир қисми, балки ундан ҳам кўпроғи, ерда қолиб кетаётганлиги сир эмас-ку! Мамлакат бўйича ҳар куни сабаб-бесабаб йўқ қилинаётган ва йўқ қилиниш қонунлаштираётган бойликнинг ҳисоби бормикан?
Маъмурий буйруқбозлик силсиласи ўрнини эркин бозор ва эгалик ҳуқуқи жуда зудлик билан эгалламаса, ҳозирги бошбошдоқлик давом этадиган бўлса, жамиятимиз инқирозга буткул юз тутиши шубҳасиз. Ўз ер-сувига, ўз мулкига эга бўлган инсон — озод инсондир. Ўзининг мустақил дўкон-дастгоҳи бўлган одам бировнинг олдида бошини хам қилиб кун кўрмайди.
Бизнинг жамиятда ҳам бир кишининг тақдирини кўпроқ амалдорлар ҳал қилади. У хоҳ ишчи, хоҳ шоир, хоҳ олим бўлсин, амалдорга боғланиб қолган. Ҳозирги шароитимизда арбоб бизни ҳар боб билан уруши мумкин. Чунки бизнинг қонун билан мустаҳкамланган хусусий мулкимиз йўқ. Мулксиз одам — эрксиз одам.
Қонунда ёзилган ҳуқуқларимиз эса маъмурий буйруқбозлик силсиласи олдида шахсни ҳимоя қилишга ожиз. Шунинг учун амалдорлик поғоналарининг ҳаммасида барча ўзидан юқоридаги одамга қуллуқ қилиб, юрагида ҳадик билан яшайди. Тараққий этган мамлакатларда ҳукумат тепасида турган одамларнинг ҳаммаси ўз сармоясига эга. Шунинг учун улар ўз курсисига ёпишиб олмаган. Қуйидагилар ҳам уларга сажда қилмайди. Чунки уларнинг ҳам ўз сармояси бор.
Биз узоқ йиллар қонунсиз давлатда яшадик ва бунга кўникиб қолдик. Колхозда раис, районда райком, областда обком котибининг ҳоким-у мутлақлигига ўргандик. Конституцион ҳуқуқларимиз масхара бўлди, шахс ҳуқуқлари ҳақида-ку гапирмайлик ҳам. Мустақил умумхалқ давлати билан жумҳуриятларнинг ёзилган ҳуқуқлари сўз ўйинига айланиб қолди. Ўзининг мустақил Конституцияси, герби, байроғи, гимнига эга бўлган жумҳуриятнинг ўз ер усти ва ер ости бойликларига эркин эгалик қилолмаслиги, ҳатто Ўзбекистондай «мустақил» (суверен) республиканинг ўз ерига қанча пахта экишини ўзи белгилай олмаслигини нима билан изоҳлаш мумкин?
Ўз мулкига эга бўлган инсон — озод инсон экан, ўз ер-сув, завод фабрикасига ўзи эркин эгалик қила оладиган жумҳуриятгина мустақилдир. Чет мамлакатлар билан мустақил савдо, иқтисодий ва маданий алоқалар қилиш ҳуқуқига эга республикагагина Ташқи ишлар министрлиги ярашади!
Сиз мулкий тенгсизлик ҳақида гап очдингиз. Айтингчи, ҳозир бизда бундай тенгсизлик йўқми? Бўлганда қандай! Бизда учар, ғирром порахўр, ўғри, юлғич одамлар ҳаддан ташқари бойиб кетган. Меҳнаткаш, ҳалол ақлли, улуғ ишларда бош бўлиши мумкин бўлганлар тобора камбағаллашиб бормоқда. Инсонни пул, мол-дунё эмас, нотўғри тарбия, ҳақсизлик бузади. Шундай бўлмаслиги учун меҳнаткаш, ишбилармон, ҳалол одамнинг бойишидан чўчимаслигимиз керак. Чунки, такрор айтаман, миллатнинг, халқнинг, давлатнинг бойлиги охир-оқибатда шахсларнинг бойлигидан ташкил топади. Ҳозир одамларимизнинг ҳам, давлатимизнинг ҳам иқтисодий танг аҳволга тушиб қолганлиги буни исботлаб турибди. Фуқаролари ғариб мамлакат ҳеч қачон бой бўлмаган.
— Сиз айтган ҳақиқий одил тақсимотга эришмоғимиз учун демак, аввало уни вужудга келтирадиган қадриятларни авайламоғимиз керак бўлади?
— Бусиз адолатга эришиш мумкин эмас. Ҳар бир нарсанинг нархи бўлгани каби, ҳар бир инсоннинг вақти, ақлий, жисмоний кучи ўз баҳосига эга бўлиши керак. Бутун жаҳонда бу қоида, қонун тарзида қабул қилинган. Бирор дўхтур, муҳандис ёки ўзга касб эгасининг вақтини истифода этсангиз, унинг Сиз учун сарфланган фурсатига ҳақ тўлашингиз лозим.
Бизда одамлар вақтининг баҳоси йўқ. У академикми, шоирми, таниқли артистми, қилни қирқ ёрадиган заргар танқидчими, оддий ишчими — вақти билан ҳисоблашмаймиз. Умримизнинг ярми бекорчи мажлисларда ёниб кетади. Дейлик, ҳар йили кузда минглаб, миллионлаб шаҳарликларни пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиб-териб олида учун сафарбар қиламиз. Ҳатто олимлар чиқиб пахта теришга мажбур бўладилар. Уларнинг ҳашарга кетган вақти нима билан ўлчанади? Ишхонасида белгиланган маошини олаверади. Ишлайдими, ишламайдими — бари бир, тайин маош оқиб келаверади. Бизда сунъий тенглаштириш, билимли билан билимсизнинг, уддабуррон билан уқувсизнинг, талантли билан ношуд меҳнатининг сунъий тенглаштирилиши натижасида улуғ бир фалокатли иқтисодий шароит вужудга келган. Миллионлаб одамлар эрталаб ишга бориб, кечқурун уйларига қайтиб келадилар ва қилган ишларига эмас, ўтказган вақтларига маош оладилар!
Мен АҚШда юриб бундай ҳолни кўрмадим. Кўчаларда одамлар жуда хотиржам. Чунки улар ўз вақтининг эгаси. Фақатгина дастгоҳлар тепасида ва вақтбай ишлайдиган одамларгина корхонасига ўз вақтларида боришлари керак. Лекин ижод аҳли, бизнес одамлари қачон, қандай, қанча ишлашни ўзлари белгилайдилар. Улар бир кунда бир соат ҳам, зарур бўлса йигирма соат ҳам, ишлашлари мумкин. Шунинг учун улар саломатликларини яхши асраб-авайлайдилар. Умрининг бирор дақиқасини беҳуда сарфламасликка ҳаракат қиладилар. Уларнинг юз-кўзларида шундай маъно кўрдимки, бир-икки соатимни ушбу одамга бағишласам, менга қанча фойда бўлади?.. Бундай тадбиркорлик натижасида ўша одам ҳам ўзининг, ҳам мамлакатининг бойлигига бойлик қўшади. Ахир вақт энг катта бойлик-ку!
Биз ҳам ана шундай тежамкорлик йўлига тушишимиз керак. Йўқса, тарих аравасининг орқасида қолиб кетамиз. Биз одамларга, уларнинг ҳалол ва уддабуронлигига ишонч билан қарашимиз керак. Ватандошларимизда ухлаб ётган ЭГАЛИК туйғусини уйғотмоғимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз лозим.
— ИҚТИСОДИЙ инқирозлар одамларнинг маънавий оламига, эътиқодига ҳам таъсир этади. Бу ҳол замондошларимиз ҳаётида қандай намоён бўлмоқда. Сизнингча?
— Шу кунларда одамлар юзида бир-бирига меҳрдан кўра, нафрат, аламзадалик кўпроқ. Ҳар бир одам портлашга тайёр турган порохли идишга ўхшайди. Бундай олиб қараганда, ошкоралик, демократия бизга кўп нарса берди. Илгари ўйлашга ҳам журъатинг етмайдиган муаммолар ҳақида бугун матбуотда ўқияпсан, радио-телевидениедан эшитаяпсан. Одатда юрагингдаги дардларингни тўксанг, енгил тортишинг керак. Дунёда энг ёмон дард ичга, юракка ҳайдалган дарддир. Шу жиҳатдан олиб қаралса, одамлар дардларини айтиб, енгил тортиб юришлари керак эди. Лекин мен улардан ана шу енгилликни, руҳий ҳурриятни кўрмаяпман. Улар фиғонлари фалакка чиқиб гапиришади. Учрашувларда аламли саволлар, аламли гапларни эшитиб, эзилиб кетасан, киши. Бунинг сабабларини излайсан. Менингча сабаби: ошкоралик халқнинг кўзини очди. Бугун етуклик ёшига етганлар ўзларининг онгли ҳаётларини ёлғонга бағишлаганликларини, саробга эътиқод қилиб яшаганликларини англадилар. Ошкор бўлган аччиқ ҳақиқат биринчи навбатда қалб эҳтиёжи бўлган эътиқодга зарба берди. Яшаб турган тузумимиз, қурган жамиятимиз учун бўлган, ғурур ва ифтихор туйғуларига зарба берди. Биз узоқ йиллар мобайнида капитализм дунёсининг инқирозини башорат қилиб яшадик. Жамиятимизнинг порлоқ истиқболи, гуллаб яшнажаклигини достон қилдик.
Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,Ул ширин ёлғонга мендек, алданиб қолғон ёмон.
Газета, радио ва телевидениемиз, биз энг бахтли одамлармиз, оламдаги энг адолатли ва энг илғор тузумда яшамоқдамиз, деб жар солди. Ўша пайтларда ҳам дунёга очиқ кўз билан қараган одамлар бу гапларнинг ёлғон эканлигини англаганлар. Халқ оғзаки ижодининг замонавий нодир намуналари— латифаларда бу ёлғонни фош қилганлар. Шоир ва ёзувчилар ўзларининг энг нозик истиораларини ишлатиб, ноёб истеъдод қудратларини сарфлаб, бу ёлғон юзидаги ниқобни кўтаришга ҳаракат қилганлар. Бу иш осон бўлмаган. Истеъдодлар шу, йўлда қанчадан-қанча зарбаларга, таъқибларга учраганлар. Шеъриятимиз ишоралар шеъриятига айланиб қолганди. Мана энди, ҳамма гапни айтиш мумкин пайтда ўша ишоралар олдида лол бўлиб қолдик. Биз умр бўйи ниқобни кўтаришга уриниб яшадик. Ёлғоннинг юзидаги ниқобни йиртиб отиш расмий матбуотда мумкин эмасди, норасмий матбуот эса бўлмаган! Лекин, бари бир, бундай ижод намуналари фош қилувчи шеърият эртадан кечгача, кечқурундан тонггача қулоқларга қуйилган расмий ёлғон тарғибот ва ташвиқот олдида денгиздан томчи бўлган.
Энди кўзнинг очилиш жараёни бошланди. Одамлар дунёдаги ҳаёт тарзи ҳақида тасаввурга эга бўлмоқдалар. Жаҳон тараққиётида бизнинг жамиятимиз қайси ўринда турганлиги ҳам билиниб қолди. Буларнинг ҳаммаси одамлар қалбига изтироб бўлиб чўкди.
Иккинчидан, тўрт йилдан буён чўзилаётган қайта қуриш ҳақидаги қуруқ гапларнинг кўзга кўринарли натижаси бўлмаётганлиги, иқтисодий танглик ҳам одамларда норозилик туйғусини кучайтирмоқда. Юқорида айтиб ўтганимиздек, маъмурий буйруқбозлик силсиласининг илдизига болта уриб, ўрнига янги система барпо этишга улгурмадик.
— Нега шундай бўлди? Бу сиёсатимиздаги навбатдаги хатоми ёки тарихий зарурат? Қизиғи шундаки, биз илгари йўл қўйган барча хатоларимизни тарихий зарурат тақозоси билан шундай бўлган деб келамиз. Наҳотки, навбатдаги «зарурат»га дуч келган бўлсак?
— Илгариги хатоларимиз ҳақида баҳслашиб ўтирмайлигу, лекин мен ҳозирги жараённи тарихий зарурат деб ҳисоблайман.
— Нега?
— Гап шундаки, иқтисодий қайта қуришда эски қолиплардан воз кечишимиз жуда қийин бўляпти. Министрликларнинг ўрганиш бўлиб қолган вазифаларини ўзгартириб, юқоридан план ва кўрсатмалар бериш услубини узил-кесил тугатмагунча, ер-сув ҳамда ишлаб чиқариш воситалари зудлик билан эгалари қўлига берилмагунча, иқтисодий қайта қуриш мумкин эмас. Негаки, мамлакатимизда бутун экономика жиловини қўлидан тутиб турган ва занжир халқалари каби бир-бирига уланиб кетган ҳамда мавжуд система барқарорлигидан бениҳоят манфаатдор бўлган катта бир қудрат бор. Бу қудрат ўрнини ўз ихтиёри билан бошқа бир қудратга, яъни эркин рақобат иқтисодиётига бўшатиб бермайди. Бу қудрат бизнинг жамиятда синф сифатида шаклланишга ва мустаҳкам илдиз отишга улгурган.
На ишчи, на деҳқон, на зиёлисан,Мустақил синфсан қаторинг бўлак.
Эл бошига ёқдан қор сенга ёғмас,
Уйинг бўлак, томинг, деворинг бўлак. Бизнинг эҳтиёждан на парвойинг бор,
Дўконинг бўлакдир, бозоринг бўлак,
Ҳар кас охиратда ҳоки туробдир,
Ўшанда ҳам сенинг мозоринг бўлак.
Бу маъмурий-буйруқбозлик силсиласи вужудга келтирган Тўралар синфидир.
— Ёшлар Сизнинг ашаддий мухлисингиз. Ўн йилча бурун «Ҳозирги ёшлар» деб ном олган шеърий мажмуангиз чиққан. Бугунги ёшлар ҳақида фикрингиз қандай?
— Мени ёшларимиз ҳаётидаги бир муаммо ҳаммасидан кўпроқ ўйлантиради. Уларнинг билим савия-сини жаҳондаги кўпгина мамлакат ёшларининг диди, билими билан солиштираман ва ҳар гал амин бўламанки, йигит-қизларимиз бу борада ҳали орқадалар. Бир воқеа эсимга тушди. 1976 йили Канадада бўлдик. Торонто шаҳри талабалари бизни меҳмон қилиш учун мусофирхонадан ўз машиналарига ўтқазиб олиб кетишди. Йўлда ўзаро суҳбатлашмоқчи бўлдик, аммо иложини қилолмадик. Талабалар гап очишиб, биздан аввал инглиз, сўнг испан, немис, француз, итальян тилларини билиш-билмаслигимизни сўрашади. Ҳайрон қолдим — уларнинг ҳар бири 5—6 тадан тил биларкан. Бизларнинг эса бирортамиз чет тилини билмас эканмиз.
— «Биз» кимлар, талабаларми?
— Йўқ, жамоат арбоблари, шоирлар, хуллас таниқли одамлар… Билмаслигимизнинг сабаби бизга ёшлигимиздан дунё тилларининг ўргатилмаганлиги. Мен буни жуда афсус билан эслайман. Биз мактабда ўқиб юрганимизда уруш энди тугаган, чет тилларига бўлган муносабат капитализмга бўлган муносабат билан баробар эди. Капиталистларни ҳам, тилларини ҳам менсимаслигимиз, жирканишимиз, ҳатто ҳақорат қилишимиз оддий ҳол эди.
Александр Исаакович Резидор деган жуда билимдон, ақлли муаллимимиз бўларди. У бизга инглиз тилидан сабоқ берарди. Биз уни масхаралаб, кулги қилардик. Мактаб жамоатчилиги ҳам бунга бепарво қараб турарди. Уни, инглиз тилини масхаралашимиз гўёки биз, ёшларнинг капитализмга, империализмга нисбатан нафрат руҳида тарбияланаётганлигимиздан далолат эди. Бизнинг бундай «сиёсий етуклигимиз»дан ижтимоий фанларни ўқитувчи домлаларимиз фахрланишини ҳам сезганмиз.
Ёшларимизнинг билимлари жуда бир томонлама. Узоққа бормай, дунёвий фанларнинг отаси — фалсафани олайлик. Бизда бу фанни ўргатиш йўқ ҳисоби. «Фалсафа» деганда биз фақат марксизм-ленинизмни тушунамиз. Чунки фақат шуни ўргатишади. Бошқа ҳеч нарсани, ҳеч кимни билмаймиз, тан олмаймиз. Нитшени, Фрейдни, Гельвицийни билмаймиз. Юртимиздан бир қадам нарига чиқсанг, уларни билмаганинг учун уяласан, эзиласан киши.
Тарих илмимиз ҳам ана шундай аянчли аҳволда. Биз тарихга доим синфий нуқтаи назардан қараб, унга фақат бир нуқтадан туриб баҳо бериб келдик. Шунинг учун фалсафамиз, тарихшунослигимиз бошқа барча ижтимоий фанларимиз жаҳон илмидан жуда орқада қолиб кетган. Ўқитиш-ўргатиш услубини тамомила ўзгартиришимиз керак… Дейлик, Қуръон, Таврот, Инжилни олайлик. Уларни биламизми? Билмаймиз. Уларни ҳатто мана мен деган олимларимиз ҳам очиб қарашмаган. Ҳар қандай даҳрий ҳам ота-боболаримизнинг дунёқараши, фалсафаси, орзу-армонлари ўз ифодасини топган бу қадимий китобларни чуқур ўрганмоғи керак. Нима учун биз Қуръоннн, Инжилни, Тавротни билмаслигимиз билан фахрланишимиз керак? Умуман, билмаслик билан фахрланиш жаҳолатдан ўзга нарса эмас.
Менга бир орзу узоқ вақтлардан бери тинчлик бермайди. Қани энди жумҳуриятимизда фавқулодда истеъдодли болалар учун махсус мактаблар ташкил этсак. Ижтимоий фанлар мактаби, техника мактаби, тиббиёт мактаби, бизнес мактаби бўлса…
Фидоий, миллатпарвар зиёлиларимиз Ўзбекистон бўйлаб юришиб, бу мактабларга 5—6 синф ўқувчиларидан энг истеъдодлиларини танлаб олсалар. Шундай йўл билан бир неча минг болани саралаб олиб, уларнинг билим олиши, ўсиб-улғайиши билан халқимизнинг энг илғор зиёлилари — олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, сиёсат ва жамоат арбоблари жиддий шуғуллансалар, бундай мактабларда тарбия топувчилар келажакда жамиятимизни, халқимизни, миллатимизни порлоқ келажак сари етакловчи локомотивлар бўлиб етишардилар.
Биз тенглаштириш, ҳамманинг бўйини бир қолипда ўлчаш қандай кўргуликларни бошимизга солганини кўриб турибмиз. Ахир жуда катта — 70—80 вагонли составни ҳам локомотивлар тортиб боради-ку. Биз жамиятимизнинг локомативларини, катта шахсият эгаларини тарбияламоғимиз керак. Бу ҳақда СССР халқ депутатларининг биринчи съездида очиқ-ойдин гапирилгани қувончли бўлди.
— Эркин ака, суҳбатимиз халқ депутатларининг биринчи съездига бориб тақалган экан, айтсангиз: у Сизда қандай таассурбт қолдирди, қандай фикрлар уйғотди? Ўзбекистондан сайланган депутатларнинг фаолияти ҳақида нима дея оласиз?
— Съезд жамиятимиз ҳаётида жуда кескин бурилиш нуқтаси, демократия ва ошкоралик сари қўйилган катта қадам бўлди. Келгусида тарихшунослар унга ана шундай баҳо беришларига ишончим комил.
У кимнинг кимлигини кўрсатди. Мен Бобурнинг «Ёз фасли ёр фасли, дўстларнинг суҳбати…» деб бошланувчи байтини такрорлашни яхши кўраман. «То билингай ҳар кишининг таъби бирла ҳолати», дейди улуғ шоир. Съездда ҳам ҳар бир кишининг, ҳар бир халқнинг, ҳар бир регионнинг «таъби бирла ҳолати» намоён бўлди. Биз ўз депутатларимизни Болтиқбўйи, Москва, Ленинград каби регионлардан келган вакиллар билан солиштириб, шундай хулосага келдик, Ўзбекистонлик депутатлар съезд кун тартибига қўйилган масалаларни муҳокама қилишга, баҳсларга умуман тайёр эмасликларини кўрсатишди. Буни тан олишимиз керак.
Вакилларимизнинг савиясидан маълум бўлдики, биз депутат сайлашда анча-мунча омилик қилганмиз. Айтайлик, съездда ким ютди? Иқтисодиётни, қонунни яхши билган депутатларнинг тили бурро бўлди. Вакилларимизнинг орасида бу ўта муҳим соҳаларнинг пири бўлган иқтисодчи, ҳуқуқшунос, жамиятшунос олимлар, мутахассислар қанча? Йўқ ҳисоби. Бу бизнинг камчилигимиз эмас, фожиамиз. Маҳаллий Советларга эрта-индин бўлажак сайловларгача бундан зарур хулосалар чиқариб олишимиз керак. Токи катта анжуманларга борган вакилларимиз бизнинг дардларимизнигина айтиб қолмасдан, муаммоларимизни ўртага қўя билсин, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсата олсин… Умуман, депутат республикамизнинг Иттифоқ миқёсида тутган ўрнини миллатимизнинг обрўсини ошириш учун нималар қилиш лозимлигини биладиган ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан чўчимайдиган киши бўлиши керак. Бизда шундай одамлар борлигига ишонаман. Балки улар катта мавқега эга эмасдир, раҳбарлик жойларида ўтирмагандир, эл танимас-билмас, лекин шундай кишиларимиз бор. Чунки жамиятимиздаги мавжуд маъмурий-буйруқбозлик силсиласининг ўзи бундай дадил, билимдон, фидоий, халқпарвар, миллатпарвар одамларнинг кўкрагидан итариб кун кўради. Буни мен етмиш йиллик жамиятимизнинг энг катта фожиаси деб биламан. Бу силсила ҳеч қачон ақлли, билимли, фидоий одамларни юқорига кўтармайди.
— Кўтармаган ҳам.
— Ҳа, бундан кейин ҳам ана шу силсила сақланиб қолса, улар кўтарилмайдилар. Мабодо биздан икки одамдан бири раҳбарликка танлаб олинадиган бўлса, жасур, ўз билимига ишонадиган, чўрткесар, қатъиятли, жонкуяр киши эмас, билими паст, лаганбардор, муте одам кўтарилиб кетади. Раҳбарларимизга иш берадигани эмас, тинч юрадиган маъқул бўлади. Мана шу силсила, занжир жамиятимизни борган сари орқага тортиб келяпти. У минглаб талантли, уқувли, тадбиркор ёшларнинг ҳаётда юз очмай ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда. Жамиятнинг етакчи кучлари, дурдоналари бўлган бундай одамлар орқага сурилиб қолмоқда. Мамлакатимизнинг бошига тушиб турган бугунги фожиали инқирозларнинг бош сабабини, мана шунда, яхши кадрларимизнинг чеккага сурилиб қолишида кўраман. Мавжуд силсилада доно одамнинг юқорига чиқиб қолиши жуда кам учрайдиган тасодифий ҳол.
Бундай кўкракдан итариш, орқага тортиш, мактабдан бошланади. Бизга мактабданоқ ҳамма тенг бўлиши кераклигини уқтиришади. Ўқитувчиларимиз ҳам аълочилар кўпайишидан эмас, умумий ўзлаштиришдан манфаатдордирлар. Иложи бўлса, ҳамма яхши ўқисин-у лекин ҳеч ким синфда қолмасин, барча ўртача билимга эга бўлсин. Муаллимларимиз: «Ҳу, бизга кўкрак кериб юрадиган, «Олтин медал»га даъвогарлар эмас, камтарингина, гапга қулоқ соладиган, мўмин болалар керак», дейишарди. Шунинг учун аълочиларга иккичилар бириктириб қўйиларди. «Сен мана бу иккичини қачон уч-тўртга олиб чиқсанг, ўшанда баҳоинг «5» бўлади. Унгача сен мана шу бола билан ўйнайсан, дарс қиласан ва ҳоказо». Натижада талантли, аълочи боланинг жуда кўп вақти овсарни шатакка олиш, судраш билан ўтарди. Бошқача айтганда, бечора иқтидорли боланинг оёғига тушов солиб қўйиларди. Ҳозир ҳам шундай. Жамиятимизда бош кўтарганнинг бошига урилиб, ерга кириб кетганнинг қулоғидан тортилиб келинган. Ёмон маънода тенглаштириш ҳукм суриб келинган. Ахир беш қўл баравар эмас-ку! Ҳалиги гап: жамиятнинг ўз вагонлари, ўз локомотивлари бўлади. Биз локомотивларни йўқотиб, ҳаммани вагонга айлантириб қўйганмиз. Натижада поездимиз жойидан жилолмай ётибди.
— Юқорида Сиз ажойиб таклифни ўртага ташладингиз. Лекин унинг Сиз тасаввур қилган даражада амалга ошишидан шубҳам бор. Сабаби — жамиятимизда илдиз отиб кетган таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар ўша покиза даргоҳларга ҳам истеъдодли болалардан аввалроқ етиб бормаслигига ким кафолат бера олади? Бундай ихтисослашган ўқув юртлари — «мусиқа мактаби», «математика мактаби» ва ҳоказолар ҳозир ҳам бор. Бору, фойдаси кам. Қоидага кўра, уларда ҳам фавқулодда иқтидорга эга болалар ўқиши керак…
— Ташвишингиз жуда ўринли. Бундай мактабларга ҳам ғирромнинг аралашишига уриниши табиий. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган далада маданий экин ўсмайди, ёввойи ўт босиб кетади. Менимча, мактабларга ўқувчи танлаш билан жамиятимизнинг илғор одамлари шахсан шуғулланишлари керак. Мен орзу қиламанки, бир мактаб кибернетика соҳасига ихтисослашадиган бўлса, уни шу институтнинг директори, машҳур олимимиз Восил Қобулов ўз зиммасига олса. Мактаб ҳам «Восил Қобулов мактаби» деб аталса. Болаларни у кишининг ўзлари кўриб-билиб, синаб, виждонан саралаб олса ёки Восил аканинг энг ишонган шогирдлари шу иш билан шуғуллансалар. Ана шунда таниш-билишлик бўлмаслиги, ғирром аралашмаслиги мумкин.
Бундай мактабларни барча соҳалар бўйича ташкил этса бўлади. Яна бир гап: уни ташкил этувчи етук шахснинг номи билан аташ керак. Шахматда «Бо-винник мактаби», «Каспаров мактаби» деб юритилади. Нима учун, айтайлик, ёш шоирлар учун «Абдула Орипов мактаби»ни, ёш рассомлар учун «Баҳодир Жалолов мактаби»ни ёки ёш боксчилар учун «Руфат Рисқиев мактаби»ни ташкил этиш мумкин эмас? Мумкин. Бундай иқтидорли болаларни танлаб олиш ҳам, ўқитиш ҳам уларнинг ўзларига топширилиши керак. Бу мактабларда уларнинг ўзидан катта хўжайин бўлмаслиги керак. Шундай бўлса, ҳеч ким ўз мактабига уқувсиз болани олишни, меҳнатининг зое кетишини истамайди.
Агар шундай мактаб ташкил қилишнинг имконияти яратилса, мен бу ишга жон деб бош қўшардим. Қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб, юзлаб, минглаб болаларнинг орасидан талантлиларини танлаб олардим. Ўйлайманки, менинг катта мақсадимни англаб етган одамлар ўртамиёна болани ёки қандайдир корчалоннинг эркатойини тавсия қилмасдилар…
Мана шу йўлдан боришимиз керак. Чунки мавжуд мактаблар ўз ишини тўғри изга солгунларича, ўн йиллар ўтиб кетиши мумкин. Кутиб ўтиришимиз эса фожиа билан баробар.
— Шу ўринда таълим-тарбия бобидаги қадимий анъанамиз ёдга тушади. Маълумки, бобокалонларимиз Ибн Сино, Беруний, ал-Хоразмий даврларидан то асримизнинг 20-йилларигача бизда ажойиб анъана бўлган: Ватандошларимиз хорижий мамлакатларга бориб ўқишган, яшашган.
Ҳали гражданлар уруши олови ўчмасдан, ундан катта талафот билан чиққан халқимиз ўзига келмасдан, Туркистон зиёлилари, Ватанимизнинг, миллатимизнинг истиқболи тўғрисида қайғуришиб, ўнлаб йигит-қизларни Германияга илм олиш учун йўллашганини биламиз. Бу мисли кўрилмаган жасорат, ватанпарварлик, халқпарварлик эди. Негаки, ўша кезларда давлатимизнинг ёшларни мамлакат ичкарисида ўқитишга ҳам маблағи етишмасди. Шундай бир оғир пайтда миллатпарвар зиёлилар ўзаро маблағ тўплашгани, хусусан оташқалб шоиримиз Чўлпон 7,5 минг сўм берганини бугун фахрланиб эслаймиз.
Нега бу анъана ҳозир, нисбатан яхши кунларга эришганимизда давом этмаяпти? Билишимча ҳозир бирорта ҳам ўзбек боласи хорижда ўқимайди.
— Бизда таълим-тарбия бобида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш беҳад ёмон аҳволда. Лекин Совет Иттифоқида жуда кўплаб чет эллик студентлар ўқийди. Яқинда Амирқолик Вильям исмли бир талаба дарвозамни тақиллатиб, кириб келди. У соф ўзбек тилида: «Эркин ака, бизнинг юртимизга яхши бориб келдингизми?» деганида ҳайрон қолдим. Амирқодек ривожланган мамлакат фуқароси бизнинг юртимизга илм олиш учун келиб юрибди-ю, лекин бирор ўзбек йигити ёки қизи нафақат АҚШ, ҳатто яқинроқ мамлакатларда ҳам ўқимаслигига ачинасан киши. Албатта, мамлакатлараро алмашув бор. Лекин негадир улардан талабалар келишади-ю , биздан фақат ўқитувчилар боришади. Ҳайронман: биз чет элдан ўрганишни хоҳлаймизми? Улар келиб бизда ўқиб кетишсин-у, биз бориб фақат ўқитишимиз керакми? Ёки хорижда ибрат олсак арзийдиган тажрибалар, ютуқлар йўқми? Кўп, жуда кўп.
Мен Сиэтл шаҳрвда икки ўзбек йигитини учратдим. Ниҳоятда қобилиятли йигитлар экан. Дорилфунунда талабаларга бири математикадан, бири физикадан инглиз тилида сабоқ беряпти экан. Уларнинг инглиз тилини мукаммал билишларини кўриб, қойил қолдим. Фахрландим. Ўзбек йигитларининг амирқоликларга сабоқ бериб турганлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Лекин уларнинг ёнида 2—3 ўзбек талабаси ҳам бўлганида эди, нақадар адолатли иш бўларди. Ўйлашимча, биз амирқоликларга ўргатишдан кўра, улардан ўрганишга кўпроқ муҳтожмиз. Айниқса бизда бўлмаган соҳа — бизнес мактабларига болаларимизни юборишимиз керак. Улар қандай қилиб мулкдан мулк ясаш, мамлакатни бойитиш, чет эллар билан алоқа қилиш йўлларини ўрганиб келишлари лозим. Бизда ҳали бундай илмга асос солинмаган, қонимизда йўқ. Шунинг натижасида ҳозир капиталистик мамлакатлар билан ташкил этилаётган қўшма корхоналаримиз юлдуз кўрмай сўнмоқда. Биринчидан бизнесчиларнинг бизга ишончи йўқ: СССРдаги бутунги эркин сиёсат, янгича тафаккур эртага сақланиб қоладими, йўқми? Сиёсат ўзгарса, ҳамкорликда қурган корхонасига жиззадек куйиб қолмайдими?.. Шунинг учун биз бугун уларга анча-мунча ён боссак дуруст бўлади. Қўшма корхонадан улар кўпроқ фойда оларкан, деб қурилаётган завод ёки фабрикани дарҳол ёпиб қўйишга шошилмаслигимиз, узоқни кўзлаб иш юритишимиз керак.
Биз бугунни ўйлаб ҳаракат қиламиз. Шунга ўрганганмиз. Капиталист эса 40—50 йил кейинини ўйлайди. У бугун сочган уруғини набираси, абираси ўражагини билади. Бизнинг раҳбарларимиз эса 5—10 йилга тайинланади ёки сайланади. Шунинг учун ҳам режаларимиз 5—10 йиллик планлардан нарига ўтмайди. Чунки мен ҳозирча раҳбарман деб ўйлашади улар, эртага бошқа вилоятга ёки бошқа корхонага ўтиб кетаман. Бу жойда қилган ишларим қолиб кетади. Шунинг учун барча раҳбарларимиз нимаики натижага эришса, бугун, ҳозир эришса. Бир-икки йил ичида ўзимни кўрсатсам, деб ўйлайди. 40—50 йилдан сўнг бўладиган ишларни ҳеч қачон ўйлашмайди. Чунки ўйлашдан манфаатдор эмас. 50 йилдан кейин ҳосил берадиган дарахтни ўтқазмайди.
Биз катта умид билан «қайта қуриш» деб атаган ва улуғ манзил сари йўлга чиқишимиз лозим бўлган улкан кемамиз жойидан жилмай турибди. Бунинг бош айбдори мамлакатимиздаги раҳбарлик системаси деб биламан…
Биласизми, бизда қанча амалдор бор?
— Бу жиҳатдан барча мамлакатларни қувиб ўтиб, жаҳонда рекорд қўйганмиз!
— Ҳа, мамлакатимизда ҳозир 18 миллион раҳбар бор. Бу, тахминан 15—16 кишига биттадан бошлиқ демакдир. Бир неча йилдан буён уларнинг сонини қисқартирамиз деб жонимиз ҳалак. Аммо бу томонидан қисқартирсак, афсонавий аждарҳодек, у томонидан яна ўсиб чиқаверади.
Совет раҳбарлик системасини араванинг бешинчи ғилдирагига ўхшатишади. Менинг назаримда, раҳбарлик системамиз аравага ўрнатилган бешинчи ғилдирак — ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг ривожланишига фақат тўсқинлик қилади.
Оддий мисол. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига бир неча вақт директорлик қилишимга тўғри келди. Илгари сезмаган эканман. Тепамизда шунчалар раҳбар ташкилот кўп эканки, санасангиз ҳисобдан янглишиб кетасиз… Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси, Олий Кенгаш Ҳайъати, Министрлар Кенгаши — учаласида ҳам маданий ишлар билан шуғулланувчи бўлим ва шўъбалар бор. Вилоят, шаҳар ва ноҳия партия қўмиталари, Ижроқўмларни ҳисобга киритмаймиз-да, яқинроқ ташкилотларга ўтамиз: умумиттифоқ, жумҳурият, ниҳоят вилоят Полиграфия, нашриётлар ва китоб савдоси давлат қўмиталари. СССР ва Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмаси. Буларнинг устига, орган ходимлари — ахир уларга-да устимиздан шикоят ёзишади! — суд, прокуратура, милиция, халқ назорати қўмитаси. Ўз навбатида, бу ташкилотлар ҳам бир неча «зинапоялардан» иборат. Хуллас номлари тилга олинган ташкилотларнинг ҳаммаси бизга раҳбарлик қилади. Улар нашриёт ишини истаган пайтида текшириш қудратига эга. Қолаверса, кунда-кунора мажлисларга таклиф этишини айтмайсизми!..
— Хотирамга тушиб кетди, Эркин ака: бундан тўрт йилча бурун Сиз раҳбарлик қилган нашриёт ишини шаҳар партия қўмитаси тузган комиссия сафида мен ҳам текширишда иштирок этганман. Биз, беш коммунист, нашриёт ходимларини уч кун ишдан қолдириб, саволга тутганимиз ёдимда. Чунки шундай топшириқ олгандик. Кейин билсак, бизнинг тафтиш беш ой ичида ўн еттинчиси экан. Биз ҳам, қаттиқ текширинглар, деган кўрсатмага қарамай, «ҳеч нарса» тополмай кетгандик.
— Энди айтинг: бундай ҳолда бирор иш қилиб бўладими?! Жонингга тегади-ю, бир куни қочиб қутиласан-да..
Ишда қайта қуриш бўлмоғи учун раҳбарликнинг ана шу «зинапоя»сини йўқотиш керак. Ташкилот, корхона, хўжалик ва умуман, жумҳуриятларгача тўла иқтисодий, маънавий эркинлик берилиши лозим. Ўша корхона ёки хўжалик аҳли ўзи истаган маҳсулотни ишлаб чиқарсин, уни истаган жойга, хоҳласа чет элга сотсин, олди, берди қилсин.
…Умуман, жуда ўйлайдиган замон. Ким эдигу ким бўлдик? Қаердан қаёққа қараб кетяпмиз? Мана ҳозир айтаётган гапларимнинг тасдиғи учун Лениндан мисоллар келтиргим келяпти-ю, ўзимни тийиб турибман. Нега? Бу энди бизнинг фикримизни безаши қийин, сабаби марксизм-ленинизм классиклари таълимотини догмага — қотиб қолган назарияга айлантириб қўйдик. Уни ижодий ўзлаштиришни унутдик, ҳисоб. Шунинг учун биз энди дунёнинг ҳолатига тийран нигоҳ билан қарайдиган ёшларни тарбиялаб етиштирмоғимиз керак. Бунинг учун улар олам кўришлари лозим.
Робиндранат Тҳакурнинг бир шеъри бор. Она Ҳиндистон! Фарзандларингни бунчалар севиб бағрингга олмасанг. Сен уларни қўйиб юбор. Чиқсин. Дунё бўйлаб парвоз қилсин. Эл-юртларни кўрсин. Уларга ҳеч нарса бўлмайди. Боши омон бўлсин. Бир куни қайтиб келиб, сенинг кунингга ярайди, улар.
Мен ҳам бугун она Ўзбекистонимизга шундай мурожаат қилгим келади: сен ҳам севикли фарзандларингни ҳадеб бағрингга босиб ўтираверма, Хорижга чиқса, капитализмнинг юқумли касалига чалиниб, дунёқараши ўзгариб кетади, деб чўчима. Уларни бутун дунёга юбор… Бунинг учун қудратинг етади. 15—20 балки ундан ҳам кўпроқ талабани Оврупо, Амирқога ўқишга юбориб, тарбияласанг, эртага кунингга яраши муқаррар…
— 70 йиллик тарихимизга назар солиб, кўплаб иқтидорли, фидойи одамларнинг ноҳақлик қурбони бўлганлигини кўрамиз. Бундай одамларнинг юзага чиқмасдан кетиши, охир-оқибатда, мамлакатимизни ннқироз ёқасига олиб келди. Бу фожианинг сабабини менимча, бирикнчи галда танқиднинг, ҳур фикрнинг бўғилганлигидан изламоқ керак. Эркин фикр бўғилганлигининг сабабини эса кўпчилик сиёсатшунослар Коммунистик партиянинг яккаҳокимлигидан кўришмоқда. Кўппартиявийлик, ўзаро рақобат бўлганида, жамиятимизда бундай фожиалар бўлмасди, дейишмоқда. Ҳам коммунист ҳам ижодкор сифатида Сиз нима деб ўйлайсиз?
— Бу муаммони мен жуда кўпдан бери ўйлаб юраман. Менимча, мамлакатимизда охир-оқибат кўп партиявийлик бўлиши керак. Ўзга йўл йўқ. Якка партия диктатура учун хизмат қилади. Демократик давлатнинг қонуни эса ўзгача. У партиявий яккаҳокимлик билан асло чиқишмайди. Ҳамма соҳада бўлгани каби, партиялараро эркин мусобақа ҳам жамиятнинг юксалишига хизмат қилади. Аммо ҳозир жамиятимиз кўп партиявийликка тайёр эмас.
— Нима учун?
— Биз кўп партиявийлик нари турсин, ҳатто норасмий уюшмаларга ҳам тайёр эмаслигимиз сезилиб қолди. Миллатлараро тўқнашувлар, рэкет, экетремизм, танқиднинг танқидбозликка айланиб кетиши, сайловлардаги гуруҳбозликлар… Булар бизнинг эркинликка тайёр эмаслигимизни кўрсатиб қўйди.
Тасаввур қилингки, эртадан бошлаб комфирқа ҳам кўп қатори бир партия бўлади ва бошқа партиялар ҳам тузишга рухсат этилади. Ҳеч ким кафолат беролмайдики, мамлакатимизда гражданлар уруши бошланиб кетмасин. Негаки, жамиятимиз ҳозир ниҳоятда оғир, қалтис жараённи бошидан кечирмоқда. Бунда жуда кўп манфаатлар тўқнашяпти. Қайта қуришдан манфаатдор бўлган ва бўлмаган кучлар бор. Ҳозир ундан манфаатдор бўлмаган кучларнинг мавқеи устунроқ. Негаки турли раҳбарлик лавозимларида ўтирган ва шу пайтгача фармони —фармон, сўзи — сўз бўлиб келган одамлар ўз мавқеини бериб қўйгиси келадими? Йўқ. Янгича ишлаш шароитларига мослашгилари келадими? Келмайди. Чунки уларни бугун тугаб бораётган маъмурий буйруқбозлик силсиласи вояга етказган.
Ана шундай мавқени эгаллаб келганларнинг кўпчилиги комсомолдан етишиб чиққан. Улар комсомол ёшидан буйруқбозликка ўрганганлар. Ўртоқ Михаил Сергеевич Горбачевнинг бир гапи менга жуда маъқул бўлган. Мен бу гапни русча келтираман. Чунки шундайлигича қулоғимда қолган: «Бюрократ вообше не приятен, но бюрократ молодой— отвратителен» (Бюрократ умуман ҳеч кимга ёқмайди, ёш бюрократга эса тоқат қилиб бўлмайди). Ҳақиқатдан ҳам, қанчадан қанча-ёшларимиз айни меҳнат қиладиган чоғида кабинетларда ўтиришиб, қоғозбозлик билан, кимларгадир чора кўриш билан, буйруқлар бериш билан шуғулланадилар. Ота-боболари минмаган ялтироқ машиналарда, мажлисма-мажлис юрадилар. Мана шундай хўжайинлик, буйруқбозлик нашъаси қон-қонига сингиб кетган одамлар ҳозир катта лавозимларда ўтирганлар орасида камми? Кам эмас.
Биз янгидан қураётган жамият ана шу системанинг мавқеини таг-томири билан йўқотиши керак. Шунинг учун ҳозир жамиятимиздаги мавжуд ҳолат, ўзаро зиддият бензиндан тўйинган ҳавога ўхшайди — учқун чиқса, портлаб кетиши ҳеч гап эмас. Ана шундай манфаатдор гуруҳлар эртага дарров ўз партиясини тузади. Савдогарлар мафияси ўзаро бир партияга бирлашиши мумкин. Зиёлилар ўз фирқасини тузсалар, эҳтимол. Тўғрисини айтганда, бугун мен қайта қуришдан манфаатдор бўлган икки гуруҳнигина айтишим мумкин: ишчи-деҳқонлар-у, илм-фан билан шуғуланувчи ва ижодкор зиёлилар. Ҳозирги пайтда ижодкор зиёлилар — ёзувчилар ва журналистлар қайта қуришнинг олдинги сафларида бормоқдалар. Қабоҳат ва турғунлик йилларида тупроққа қориштириб ташланган, азоб-уқубатларга дучор бўлган ҳур фикрли фозилларимиз бугун қайта қуриш учун фидоийлик кўрсатмоқдалар. Илгарилари уларга ишонч йўқ эди. Ҳатто партия сафларига ўтишлари ҳам кескин чеклаб қўйилганди.
— Юқорида Сиз жуда чиройли ўхшатиш ишлатдингиз, мамлакатимиздаги аҳволни бензин билан тўйинган ҳавога менгзадингиз. Бу қалтис вазият миллатлараро муносабатларга ҳам бевосита тааллуқли. Турли жойларда чиқаётган низолар, тўқнашувлар бундан далолат. Ўйлаб ўйимга етолмайман: бу миллий можаролар қандай ҳал бўлади? Нега биз 60—70 йил ўзаро тинч-тотув яшаб, бугун қонли тўқнашувларгача бориб етаяпмиз?..
— Булар бугун нафақат Сизни, мамлакатимизнинг барча фуқароларини шу жумладан, мени ҳам қаттиқ ўйлантираётган саволлар. Берилаётган жавоблар мени сира қониқтирмайди, аксинча асабимга тегади: Сабаби матбуотдан, телевидение-радиодан ва бошқа мўътабар минбарлардан туриб айтиляптики, миллий муаммолар, қабоҳат ва турғунлик йилларида етилиб келган, вақтида ҳал қилинмаган. Балки ростдан шундайдир — ўша вақтларда ҳам бугунгидай муаммолар бўлгандир. Масалан, бир оилада бирга яшаб турган ака-ука, ота-болаларнинг ўртасида муаммо ва зиддиятлар йўқми? Бор, бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин бу оилада қандайдир Қудрат бўлади. Унинг номини Инсоф ҳам, Диёнат ҳам, Муроса ҳам деб аташ мумкин. Ўша Қудрат одамларни ўзаро тўқнашувлардан сақлаб туради. Сўнгги йилларда бизда яна шу Қудрат бўшашиб кетди. Келиб-келиб қайта қуриш замонида бўшашиб кетди ўша Қудрат.
Менинг қуйида айтажак гапларим, расмий ташвиқотга бутунлай тескари. Расмий ташвиқот миллий низоларнинг келиб чиқишида қайта қуриш йилларининг мутлақо айби йўқ деб, барча гуноҳларни узоқ-яқин ўтмишимизга ағдармоқда. Тўғри, бунда қайта қуришнинг айби йўқ. Лекин қайта қуриш йилларида миллий масалаларни ҳал этишга нисбатан пайдо бўлган янгича қарашнинг, тарғиботнинг айби бор.
Бир мисол. Жумҳуриятлараро, вилоятлараро, шаҳарлараро маданият, адабиёт ва санъат кунлари, декадалари қайта қуришнинг илк кунлариданоқ, аввало марказий матбуотда, сўнг маҳаллий минбарлардан қоралана бошланди. Уларни «қадаҳлар дўстлиги» каби сифатлар билан аташга киришдилар. Натижада, мунтазам бўлиб турадиган ўзаро дўстлик байрамлари, ҳафталиклари, декадалари деярли тўхтаб қолди.
Мен Ўзбекистоннинг Тожикистонда, Белоруссияда, Озарбайжонда, ўтган дўстлик кунларининг, декадаларининг қатнашчисиман. Уларнинг келганини, бизнинг борганимизни жуда яхши эслайман. Биз кўплаб дўстлар орттиргандик ўшанда!..
«Халқлар дўстлиги» мавҳум тушунча эмас. Республикаларнинг ёзувчилари, санъаткорлари, олимлари, жамоат ва сиёсат арбоблари бир-бири билан дўстлашсалар, халқлари ҳам ўзаро биродарлашди, деб ҳисоблайверинг. Агар шу ҳолат бўлмаса, дўстлашмоқ учун имкониятлар яратилмаса, улар бир-биридан бегоналаштирилса, узоқлаштирилса, демак, халқлар миллатлар орасига ҳам совуқлик тушди, деб санайверинг…
Лекин яна бир муаммодан кўз юммаслигимиз керакки, миллий сиёсатимизда тенглик бўлмайди. Ўзбекистонда ўзбек тили иккинчи даражали рўзғор тили бўлиб қолди. Биз, ўзбеклар, ўрус халқи олдида сажда қилишга, чўқинишга ўхшаш вазиятни ўзимиз яратдик.
Тарихий қисматимизда ўрус халқининг, ўрус тилининг аҳамиятини унутмаган ҳолда айтиш керакки, бундай таъзимкорлик нафақат бизнинг, ўрус халқининг ҳам обрўйига обрў қўшмайди. Чунки, ҳар нарсанинг, жумладан, ҳурмат-иззатнинг ҳам меъёри бузилса, акс таъсир бошланади. Одамларда унга нисбатан қаршилик кучаяди.
Эътибор беринг, Қулман, бизнинг фильмларимизда бошқа бадиий асарларимизда ўрус кишиси салбий қаҳрамон бўлганми?..
— Эслай олмайман.
— Мен ҳам. Ҳатто Ойбек ўз вақтида жуда ажойиб асари —«Қутлуғ қон» романига ўрус кишисини ижобий қаҳрамон қилиб олмаганлиги учун беҳад танқид қилинганди. Дўстликни, байналминалликни, садоқатни бундай жўн, чаласаводларча талқин этиш ҳамон давом этяпти.
Масалан, ўрус қўшнимнинг оиласини олсам, унинг оиласида ҳам яхши ёмон бор. Менда ҳам. Унда ҳам ичкилик ичадигани, ичмайдигани, менда ҳам шундай бўлса… Барча жиҳатлардан бир-биримизга ўхшасаг-у, лекин тарғиботимиз, бадиий асарларимизда ёмон фақат биздан-у, яхши фақат улардан бўлса. Бу — тарғиботдаги нўноқлик, сохталик. Халқларимиз ўртасидаги дўстликка раҳна соладиган сохталик. Бу ҳақда ўрус ёзувчиларининг ўзлари, хусусан Сергей Бараздуннинг айтаётгани қувончли. СССР Ёзувчилар уюшмасининг пленумларидан бирида, у ўрус халқи бошқа миллатларнинг катта оғаси эмас, балки тенгдошидир. Чунки, Конституцион ҳуқуқларимиз, мавқеимиз бир бўлса, бундай сохта такаллуф не даркор, деган гапни айтди.
Ҳар бир нарса ёлғон аралаштирилиб, бўяб-бежаб талқин этилса мақсад ҳар қанча уруғ бўлмасин, охир-оқибатда ёмон натижаларга олиб келади. Шунинг учун ёшларимизни тенглик, дўстлик руҳида тарбиялашимиз керак. У ўрусми, корейсми, татарми, белорусми, катта халқми, кичикми — тенг кўришимиз, баравар эъзозлашимиз керак. Фарзандларимиз болалигидан миллат ажратмайдиган бўлиб ўссинлар.
Мен келажакда мамлакатимиз одамлари миллий ўзликларини — ўз тили, маданиятини чуқур эгаллагани рус ва чет тилларини билгани ҳолда, бир-бирининг қайси миллатга мансублигини эсдан чиқариб юборадилар, деб ўйлайман. Буни яна Амирқо мисолида айтаман, у ерда ҳам кўплаб, балки биздагидан-да, кўпроқ миллатлар яшайди. Лекин маъмурият бировнинг миллатини суриштирмайди, паспортига ҳам кимнинг қайси миллатга мансублиги ёзилмайди. Қолаверса паспортнинг ўзи йўқ. Амирқо фуқароларига фақат чет элга чиққанларидагина паспорт берилади ва унга ҳам миллат белгиси ёзилмайди.
Мен миллий ўзликнинг сақланиб қолиши тарафдориман. Аммо паспортимизда исм-шариф, туғилган йили ва юртдан сўнг миллат белгисининг бўрттириб кўрсатилиши тўғри эмас. Мен умуман паспорт системасига қаршиман. Жуда кўплаб тараққий этган мамлакатларда бундай ҳужжатбозликни учратмайсиз. Уйлайманки, бизда ҳам келажакда шундай бўлади.
Паспорт нима ўзи? У тилни, маданиятни, урф-одатларни сақлашга хизмат қиладиган ҳужжат эмас. У — шахснинг кимлигини аниқлайдиган восита. Ана шундай ҳужжатнинг дастлабки сатрларига шахснинг қайси миллатга мансублигини ёзиб қўйиш қайси маъмуриятга нима учун керак?
Ҳозирги паспортлаштириш, кишининг қайси миллатга мансублиги бўрттириб ёзиб қўйилиши менда асосли равишда шубҳа уйғотади: «Демак миллатлар ўртасида фарқ бор экан-да? Кимдир олийроқ ҳуқуқларга эга экан-да?» Хўш, нега айримлар ўзларини иложи борича, бошқа миллатга мансуб қилиб кўрсатишга уринишади? Бошқа миллатга хос исм-шарифларнв қабул қилишга ҳаракат қилишади?.. Бу жавобсиз саволлар қаердадир, қандайдир миллат ажратувчи машина бор, деган шубҳага боришимда асос бўлади.
Ёшларимизга айтар гапим шуки, улар мана шундай хатоларни тугатишга ҳаракат қилсинлар. Бу балки Сталин давридан қолган ва умумий ишончсизлик натижасида вужудга келган, умри тугаб бораётган силсиладир. Балки кабоҳат йиллари яратган ўша машина ҳозир ишламаётгандир. Ҳар ҳолда, ўйлаб кўрайлик… Шундай одамларни биламанки, отаси белорус, онаси татар; отаси ўзбек, онаси ўрус. Оти ўрусча, фамилияси ўзбекча, ёки, аксинча одамлар ҳам кам эмас-ку? Улар нима қилишсин? Улар қайси миллатни ёзишсин паспортларига? Менинг учун уларнинг биринчи галда инсонлиги муҳим.
Қайта қуришнинг супургиси дўстлигимизга, байналминаллигимизга тўсиқ бўлиб турган мана шундай икир-чикирларни тезроқ супуриб ташлашини умид қиламан. Улар қанчалик тез супурилса, миллий низолардан шунчалик тез узоқлашамиз, одамларимизн,инг кўнгли равшан тортади. Болаларимизга ҳам ана шундай равшан туйғуларни юқтирмоғимиз керак.
Фарзанддаримизга тил, касб ўргатишнинг пайида бўлайлик. Мен орзу қиладиган ҳалиги мактабни тугатган йигит-қизлар ўзбек, рус, инглиз ва бошқа тилларни мукаммал филадиган етук одамлар бўладилар. Улар СССРнинг исталган жойида, жаҳон минбарларида туриб ўз халқининг, миллатнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган бўладилар. Шунда: «Бу йигитлар ким?» деб сўрасалар, мен: «ўзбек йигитлари!» деб фахрланаман. Лекин у Ўзбекистоннинг, Инсониятнинг боласи бўлса, ҳамма фахрланади, биз алоҳида фахрланамиз. Тарихимизда бунга мисоллар кўп. Халқимиз дунёга ибн Сино, Беруний, ал-Хоразмий, Форобий, Улуғбек, Навоий, Бобур каби улуғ зотларни берган. У ҳозир ҳам жаҳонга ана шундай улуғ фарзандлар беришни орзу қиламан.
— Сиздан Фарғонада бўлиб ўтган воқеалар хусусида сўрамасдан иложим йўқ — ўша вилоятда таваллуд топгансиз…
— Бу воқеалар мен учун саратонда ёққан қордек, кутилмаган иш бўлди. Мен сўнгги икки йил мобайнида Фарғонада бўлмаган, у ерда вужудга келган шароитни, муаммоларни етарлича билмас эканман. Фақат мен билмайман десам, у ерда ҳар куни халқ билан муомала қилиб турган раҳбарлар ҳам билмас экан.
Мен Ўзбекистон, ССР Олий Кенгаши Ҳайъатининг раиси ўртоқ Мирзаолим Иброҳимов раислигида тузилган комиссиянинг Комфирқа Марказқўми пленумига Фарғона воқеаларини текшириш натижалари тўғрисида берган ахбороти билан синчиклаб танишиб чиқдим. Унда ва кейинчалик мазкур пленумда берилган баҳони тўғри деб ҳисоблайман.
Аввало, шуни айтиш керакки, Фарғонада юз берган фожиаларнинг бемалол олдини олиш мумкин бўлган. Вазият ўта жиддийлашгани ва портлаш эҳтимоли борлиги май-июнь ойларидан илгарироқ маълум бўлган. Ҳатто месхети турклари бу хавфдан огоҳ этишиб, Марказқўмгача келишган экан. Аммо раҳбарлар бу огоҳлантиришларга бепарво қарашган.
— Батафсилроқ тўхталсангиз: огоҳ этувчилар айнан нималар дейишган?
— Қувасойда ва бошқа жойларда масхети турклари билан ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар бўляпти, бу катта жанжалга олиб келиши мумкин, деган гапларни айтишган…
Жуда кўплаб фарғоналиклар билан суҳбатлашдим. Фожиаларнинг асл сабабини кўпчилик вилоятда вужудга келган ижтимоий ноҳақликлардан, ишсизликдан, экологик вазиятнинг ёмонлашганидан кўряпти.
Халқ ҳали норози. Одамлар Қўқонда тинч намойишда иштирок этган бегуноҳ кишиларнинг соқчилар ўқидан ҳалок бўлиб, талай шахслар жароҳат олганлигидан куйиб-ёниб гапирдилар. Мен бу тўқнашувнинг шоҳидлари — шаҳарнинг айрим раҳбарлари, бошқа гувоҳлар билан суҳбатлашдим. Фикрлар ҳар хил. Одамлар безовта… Ўйланиб қолдим; наҳотки, бундай гапларга, безовталикларга тезроқ нуқта қўйишнинг иложи йўқ? Бор. Бунинг учун жамоатчиликнинг адолатли комиссияси тузилиши керак. Унга Ўзбекистондан, қўшни жумҳуриятлардан энг ҳалол, обрўли жамоат арбоблари, мутахассислар таклиф этилса. Комиссия аъзоларига Фарғона фожиаларига алоқадор жамики махфий-номахфий ҳужжатлар, ашёвий далиллар билан танишиш, энг катта лавозимдор одамлар билан суҳбатлашиш ваколати берилса, қандай одилона иш бўларди! Наҳотки, бунинг учун СССР Халқ депутатларининг навбатдаги съезди минбаридан дунёга жар солиб, адолат талаб қилишимиз шарт бўлса?!
Мен бу гапларни нега айтаяпман? Сабаби — халқ суд прокуратура ва милицияга бўлган ишончини йўқотган ҳисоб. Фарғона фожиаларининг айёдорларини тафтиш қилаётган москвалик ва бошқа терговчиларга, суд аъзоларига ишонгим келади. Лекин бу ишда манфаатдор бўлган айрим партия, Совет, идора ёки армия раҳбарлари уларга тазйиқ ўтказмайди, деб ким кафолат бера олади? Ахир сўнгги 50—60 йил мобайнида шундай бўлиб келганлигини кўриб, билиб турибмиз-ку. Ҳозир ҳам ўша тергов, ўша суд системаси бўлса…
Қайта қуриш даврида ҳам бу ҳол давом этяпти. Неча юзлаб одамларимиз «Пахта иши» учун ҳибсга олингани, ойлаб-йиллаб қамоқхоналарда сақланиб, охир оқибатда бегуноҳ бўлиб чиқаётганлигининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Уларнинг айрнмлари турмада терговчига бир хил, судда — халқ олдида иккинчи хил кўрсатмалар бериб, фикридан қайтаётганлигини биляпмиз. Буни айбсиз айбдорлар тергов жараёнида ўз бошларига солинган қийноқларга йўйишмоқда. Энг сўнгги далил: Марказқўмнинг собиқ биринчи котиби И. Усмонхўжаевнинг ана шундай иқрорномаси куни-кеча матбуотда эълон қилинди. Буни у Гдлян ва Ивановнинг ўзига ўтказган тазйиқи билан изоҳлади. Тергов-суд ишидаги бундай «чалкашликлар» Москвада-ку содир бўлиб турган экан, Фарғонада ҳам шу усул ишга солинмаётибди, деб ким кафолат бериб, халқни ишонтира олади? Буни тараққий этган мамлакатлардагидеқ, фақат жамоатчилик вакилларигина, ошкоралик ва демократиягина қилиши мумкин.
Бундай муаммолар кишини шубҳагар қилиб қўяди. Халқда шубҳа туғилса, ишонч йўқолса, уни бошқариш қийин. Мен фурсатдан фойдаланиб, фарғоналик биродарларимизни осойишталикка, ақл билан иш тутишга, шу билан бирга юқорида айтилганидек, жамоатчиликнинг адолатли комиссиясини тузишни талаб этишга чақираман. Биз, ижодкорлар, айниқса СССР халқ депутати бўлган ўзбек зиёлилари ҳам бу ишда халқимизга ёрдам бермоғимиз керак.
— Водийда вужудга келган ижтимоий адолатсизликлар нималарда кўринади?
— Халқ беҳад эзилган, пахтадан оладиган даромадига оиласини боқолмай қолган. Танглик, йўқчилик, чорасизликдан сабр косаси тўлиб кетган. Пичоқ суякка бориб тақалиб турган бир пайтда месхети турклари билан ўзбеклар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик қўшимча бўлган. Бу низо айримларининг айтишича, беш йил бурун бировларнинг фикрича ўн йил илгари пайдо бўлган. Бунинг сабаби, одамларнинг айтишича месхети туркларининг савдо тармоқлари, сердаромад жойларни эгаллаб олишганида. Оқибатда, ўша районларда вужудга келган тенгсизликнинг бойиши қисмида месхети турклари турган.
— Сир эмаски, савдо ходимлари ҳалол кун кечирадиган ишчи-деҳқонларга нисбатан яхшироқ яшайди.
— Ўн баробар, юз баробар яхшироқ яшайди. Ҳали айтганимдек тенгсизлик ишчан одамларнинг бойиши, беғамларнинг камбағаллашуви эвазига бўлса яхши. Адолатли социализм принципларига мос тенгсизлик, тўғрироғи, тенглик. Аммо савдо мафиясининг бойиши эвазига вужудга келса, халқнинг қаҳр-ғазабига учрайди.
Мендан бугун Ўзбекистонда кимлар яхши яшайди, деб сўрашса, биринчи навбатда, савдо, маиший хизмат ходимлари ва кўплаб моддий бойликларга эгалик қилувчи бошқа шахслар, деб айтаман. Негаки улар, очиғини айтганда ҳозирги шароитда партия-совет раҳбарларидан ҳам кучлилик қиляпти. Мендаги бу ишончнинг боиси нимада? Боиси уларга ҳамманинг, шу жумладан партия-совет раҳбарларининг ҳам иши тушади. Савдо ходимлари уларни ҳам таъминлаб туришади.
Яшириб нима қиламиз, райком котибининг маоши қанча? Нари борса 300—350 сўм. Беш-олти фарзанд, рўзғор ташвишларидан ташқари уйига турли даражадаги меҳмонлар келади. Уларни муносиб (район раҳбаридай) кутиб олиши керак. Оддий кир совундан кийим-кечаккача, шакар-у араққача камёб замонда буларнинг ҳаммасини топиши, топса ҳам маошини етказиши амримаҳол… Жамиятимизда жуда катта қаллоблик бор. Ҳамма жойда, ҳар бир соҳада ҳоким бўлиб турган қаллоблик. Маош билан яшаш шароити ўртасида осмон билан ерча фарқ пайдо бўлди. Минг сўм маош оладиган академикдан кўра, юз сўм оладиган пивофуруш яхшироқ яшашини ҳамма билади. Академик ўн баробар ҳақ олса, ўн баробар кўп меҳнат қилса, ўн баробар ақлли бўлса, ўн баробар илмли бўлса, ўн баробар кўп заҳмат чекса-ю, пивофурушдан ўн баробар ёмон яшаса? Бу нимадан? Тузумимизда ҳоким бўлиб турган қаллобликдан!
Турғунлик йилларида айрим раҳбарларнинг қандай яшаганлиги маълум бўляпти. Уйларидан миллионлаб пуллар чиқди, кўплари қамоқхоналарда ётишибди. Ҳозиргилар-чи? Қани, ким бизга кафолат бериши мумкинки, ҳозирги раҳбарлар шу эски йўлдан кетмаяпти деб? Ўша маъмурий-буйруқбозлик силсиласи, ўша планлаштириш тартиби, қоғоз-бозлик ҳали мавжуд бўлса, камёб маҳсулотлар сони кун бакун ортиб бораётган замонда ким кафолат бера олади бунга? Ҳеч ким! Чунки қайта қуриш бошлангандан сўнг ҳам бундай фожиалар содир бўлганлиги, ва «урилганлар» ўрнига бориб ўтирган талай раҳбарлар яна ҳибсга олинганлиги маълум.
Шунинг учун, такрор айтаманки, кишини бундай жиноятларга ундовчи сабаблардан халос бўлмоғимнз керак.
— Эркин ака, охирги савол: суҳбатимиздан кўриниб турибдики, осмонимизни ниҳоятда қалин қора булутлар қоплаган. Ёруғ кунлар тезроқ келишини бутун мамлакат аҳли интизорлик билан кутмоқда. Ўша қуёшдек чароғон, кўксимизни тўлдириб нафас оладиган кунлар қачон келади?
— Инсонга умид туйғуси берилган. У дунёда ана шу туйғу билан курашади, яшайди. Ёруғ кунларнинг қачон келиши ўзимизга, ҳар биримизга, аҳллигимизга боғлиқ. Ёруғ кунлар келиши учун фақат осмонга қараб боумид бўлиб ўтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Биз: «Сен ўйламай кетмонингни чопавер, юқорида сендан кўра ақллироқ одамлар ўтиришибди. Сен учун ҳам ўшалар ўйлайди, ўшаларнинг айтганини қилсанг, бас!» — деб қайси кунларга етиб келганимиз маълум. Шунинг учун ҳар биримиз фикрлашни, эътиқодимиз учун курашишни ўрганмоғимиз керак. Олдимизда ҳақиқатдан улуғ обрў бўлмаслиги лозим. Ана шундай йўл билан курашсакгина ёруғ кунларга етамиз.
Леқин Сиз айтган булутлар жуда қуюқ, жуда оғир. Ҳақиқат, эркинлик ва ошкоралик қуёши улардан жуда юксакда. Бу булутларни сурадиган куч — халқнинг овози. Менимча, халқ эртанги куни яхшироқ бўлишини истаса Бирлашмоғи, уюшмоғи ва ҳақиқат учун курашмоғи керак. Жамиятимизни олдинга етаклайдиган қонун-қоидалар жорий этилмоғи лозим. Бундай қонун-қоидаларни ҳам халқнинг ўзи таклиф этмоғи керак. Биз ҳозир қуришни орзу қилаётган, ҳали мутлақо йўқ бўлган ҳуқуқий давлатимиз халқнинг иштиёқи, кураши билан бунёд бўлади. Бунинг учун биз, аввало, фикрлашни ўрганмоғимиз керак.
Оғир бўлса-да, зиёлиларимизга айтадиган бир таънали гапим бор. Биз имкониятимиз даражасида фикрлаймиз, ишлаймиз, ижод қиламиз. Кўнглимизнинг тагида «каминалик» билан яшаймиз. Шоир ёки ёзувчи бўлсак; шукр, 2—3 йилда китобим чиқиб турибди, яна 2—3 йилдан сўнг мукофот олиш навбатим ҳам келиб қолади. Ортиғига даъво қилиб, нимага эришдим, деб кун ўтказамиз. Олим бўлсак: мана, докторлик унвонини қўлга киритдим. Рисолаларим чиқиб турибди. Бундан каттасининг, менга нима кераги бор, деб овунамиз… Энди бундай шукроналик билан яшаш халқ ва ҳақ олдида катта гуноҳ. Биз ҳеч қачон тўхтаб қолмаслигимиз, имкониятимиз, кучимиз даражасида ишлашимиз керак. Ўз келажагимизни, бахтимизни, маслагимизни унвону чоп этилажак китобларда кўрсак, Она-Ўзбекистонимизнинг, миллатимизнинг тараққиёти тўхтаб қолади.
Академик А. Сахаров нимага муҳтож эди? Уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Нобель, Ленин, СССР Давлат мукофотлари лауреати, қатор орден ва медаллар соҳиби эди, у. Атомни яратган жаҳон миқёсидаги олимлардан бири эди. Лекин унвону мукофотлар учун яшамаган, курашмаган экан. Ҳаммасидан воз кечиб бўлса-да, сургунларга гирифтор этилса-да, адолат учун курашди. Қариб-қартайиб қолганига қарамай, ҳамон курашиб яшаяпти. Адолатпарварлиги учун турғунлик йилларида таъқибга учраган бу одам, энди СССР Халқ депутати бўлиб, яна ҳақиқатни ҳимоя қиляпти.
Чингиз оға Айтматовни олайлик. Бир бор Ленин, уч карра СССР Давлат мукофотини, академиклик унвонини олиб, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўлган бу ижодкор ҳам фароғатга берилса бўларди. Ватанимда булардан ортиқ мукофот йўқ: Қайта нашр этиладиган асарларимнинг қалам ҳақи нафақат ўзимга, набираларимга етиб ортади, деб ўйласа ва ором, ҳаловатга берилса, бугунги Чингиз Айтматов бўлармиди!..
Мен дунёга чиқиш қудратига эга бўлган шоир-ёзувчиларимиз, олимларимиз, сиёсий арбобларимиз борлигини биламан. Лекин юракдаги ана шу «шукроналик», уларни ўз измига солиб олган. Ёшларимиз бундай қусурлардан ҳоли бўлсалар. Ҳеч қачон эришган даражам етарли демасдан, куч борки, ҳаёт борки олдинга интилиб яшамоғимиз керак!…
— Дилдан суҳбатингиз учун катта раҳмат, Эркин ака!
Қулман Очилов суҳбатлашди.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил, 15, 16, 19 сентябрь