Эсекьель Мартинес Эстрада (1895-1970)

Эсекьель Мартинес Эстрада (Ezequiel Martínez Estrada) – аргентиналик таниқли шоир, ёзувчи. Адабиёт соҳасида Миллий мукофот ва “Каса де лас Америкас” мукофоти совриндори. “Тилла ва тош”(1918), “Аргентина”(1927), “Ҳажвия”(1929) каби китоблари кўп тилларга ўгирилган.

ЎЗ ЁРИНГНИ ИЗЛА, ТОП, ҲАЁТИН НУРАФШОН ҚИЛ…

Ўз ёрингни изла, топ, ҳаётин нурафшон қил
Майли, насибасини сенинг-ла кўрсин баҳам.
Курашлар майдонида чекилгач дарду алам –
Ғалабадан ҳеч ўзга малҳам топилмайди, бил.

Сен қалбингга қўйиб бер, йўл бошлар муҳаббатга,
Ишқ сирин ундан бўлак, билмайди ахир ҳеч ким.
Дилдан ўзга англамас, тақдирдир шундай тилсим,
Қўлинг тутиб чорлагай ҳақиқий тугал бахтга.

Сен ўшал жононни топ. Чекингай қаро тунлар
Зулматлар ортда қолиб, чароғон кулгай кунлар.
Дўстим, сени сийлаган бахтинг ҳеч тарк этмасин,
Меҳр тўла нигоҳлар ишқ-ла боқиб юрсин деб,
Омадсиз кунларингда суянч бўлиб турсин деб,
Қўлингдаги қаҳрабо қадаҳлар чил-чил синсин.

ОМОЧ

Мана у чин вафодор,
Метин оға, дўст – итоаткор
Ғаройиб хислати бор
Энг қадимий, муқаддас омоч.
Кўксингдаги хазина сарҳадларида,
Чангу гил қоплаган пучмоқларида,
Олтину зар зумрадларни-да
Зулматлар қаъридан суғуриб олар.
Турибмиз ожизлар сафида
Қаршимизда оддий мўъжиза
Муҳаббат ва ақл
Гулларки бор будин тўкиб ясанган!
У шунчалар паришон эди,
Бу ўлимми-тушмиди, билмай
Бир алпозда жон таслим қилди,
Чин ҳалол, пок эди, изоҳ ҳам бермай,
Шунчалар покиза,
Кару гунг каби.
Мен ўлган эканман! – тушимда кўрдим.
Уйғондиму, англадим,
Тушимда уйғоқ эдим.
Ноилож, тан оламан,
Фарқи йўқ, дейман менга.
Аммо шуни биламан,
Тўй ўтгандан сўнг унга
Ёлғизлиги билинар
Ва шундан сўнг англайди,
Худди аввалги каби, ёлғизлигича қолар.
Кетасанми? Майли кет, энди менга фарқи йўқ,
Сен бундан ҳам илгари
Йироқларда эдинг-ку.
Эман баргин узганча,
Айрилдим, деб ўйлади,
Аммо уни шамолнинг
чалғитганин билмади.
Барчасин тинглаб, кўриб,
Донишмандлик қилмади,
Нечун асрлар оша
Яшаганин билмайди.
Атиргулга қурт айтар, тушида кўрганини,
Гўё унинг капалакка айланиб қолганини.
Улар шунчалар беғам,
Бир-бирин севишарди,
Ҳаммасига қўл силтаб,
бепарво юришарди.
Аммо улар томонга энди қарай олмайман,
Бундайин қилмоққа етмайди кучим.
Яна қайта йўқотиб қўймаслик учун,
Сени такрор топа олмайман.
Аммо қалбда азоблар дардим яширин,
Сўзла таърифлаб бўлмас –
Куйлаш осонроқ,
Шунинг учун энди ёниб, ёниб куйлайман.

МУҚАДДИМА

Кексаликнинг ташвиши, майли, чидаса бўлар,
Аммо ижозат беринг, ҳақиқатни айтишга.
Хотир сусайиб борар, аммо шундай кун келар,
Ҳаётингиз ҳақида бошдан-оёқ ўйлашга.

ТАШРИФ

Байрамга келиб қолдим қадрдоним шаҳримга,
Тонгга қадар рақс, оркестр олмади тин.
Мушаклар гумбурлайди, менинг камтар шаънимга
Аслида бунга сабаб дунёга келган куним.

АЖДОДЛАР МЕРОСИ

Отам менга қолдирган ўткир нигоҳларини,
Янги саргузаштларга ташналигим ҳам ундан.
Онам эса, қисматим – шеърий китобларини,
Мажозларга қалбимни жо қилганим ҳам шундан.

ИЛК БОР ЙЎЛГА ЧИҚИШ

Ўйинчоқ отим тинмай дукурлаб ер тепади.
Гарчи осонмас, қуёш томонга йўл оламиз.
Қўлимда нозик найза, испан рицари каби
Буюк Эспландианадек зафар қучиб қайтамиз.

БИРИНЧИ ҲАРАКАТ

Тимсолимни тутунда чизиб кўрмоқчи бўлдим,
Донишманд Прометей лойдан ясаб кўрганди.
Илк димоққа урилган тамаки чангидан сўнг
“Тутун” сўзи ёдимга ўзга маъно солмайди.

КЕТИШ

Этикларимни кийиб, йўлга тайёр турибман,
Оҳиста қўл кўтариб, энди видолашамиз.
Сездим, қайтишим душвор, дарак бериб турибди,
Ғамгин ботқоқлик, тоғлар. Хайр, дўстларим. Эссиз!

ҚАБР ТОШИДАГИ БИТИК

Барчасига бориму бисотим тўлов қилдим,
Сирлар тўла Худога дилда чин ихлос туйдим.
Гўзаллик Ҳақлигига сажда қилиб топиндим,
Аммо бунда ўлимнинг кўксига бошим қўйдим.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаси