Эмин Усмон. Масъуллик (1991)

Ўзбекистон маориф вазирига очиқ хат

БИРИНЧИ ХАТ

Муҳтарам вазир!

Бундан икки йил муқаддам жумҳурият радиоси орқали шу юксак лавозимни эгаллаб ўтирган собиқ ҳамкасбингизга мурожаат қилиб, болалар тарбияси ва маориф соҳасидаги айрим нотўғри ишлар хусусидаги фикрларим билан ўртоқлашган эдим. Гарчанд ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган, катта-катта анжуманлар она тилимизда ўтказилаётган, кўча-кўйда, жамоат қатнов воситаларида ўз тилингда гаплашиш айбситилмай қўйилган бўлса-да, ўзбек радиосининг эшиттиришларини кўпчилик эшитмас, хусусан, мўътабар шахсларимиз бунга имкон топишлари маҳол экан, шекилли. Радио тўлқинлари орқали айтилган кескин, мунозарали фикрларимга ҳеч ким на ижобий, на салбий муносабат билдирмади. Бу нима, турғунлик давридан мерос қолган бефарқликми ёки тепса тебранмас, лоқайд бўлиб қолганимизнинг исботими? Бир қаламкаш мактабдаги аҳвол, болалар тарбиясидаги камчиликлар ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашса-ю, унинг гапини эшитадиган одам топилмаса. Бу фақатгина жамоатчилик фикрига нописандлик эмас, балки ўз қобиғига ўралиб олиш, қолипга солинган кўрсатмалардан, аллақачон сийқаси чиққан бирёқлама, янглиш усуллардан чекинишни истамаслик, янгича ўйлашдан, дунёга очиқ кўз билан қарашдан ҳадиксираш, холос.

Маориф тарихимизга бир назар ташласак ер юзида яратилган биринчи дарслик мелоддан 2870 йил аввал яшаган Миср ҳукмдорининг вазири Питох Хутибнинг «Ахлоқнома»сидир. Бизда ҳам шундай китоб борми? Биз тарбиянинг мағзи ахлоқ-одобда деб ҳисоблаймизми? Агар шундай деб ҳисобласак, мамлакатдаги қайси мактабда ахлоқ дарси ўтилади? Мен юқорида афсус билан тилга олган бефарқлик муносабатининг ўзиёқ биз катталарнинг ахлоқи, маданияти кўнгилдагидек эмаслигидан далолат бермайдими? Ўзаро ҳурмат, бир-бирининг фикрини эшита олиш юксак инсоний маданиятни, самимиятни тақозо этади. Шу боис улуғ хитой мутафаккири Конгфузи ўзининг «Вафодорлик» номли китобида: «Вафонинг шарти меҳрибонликдир», деб ёзади. У ҳар томонлама комил инсонни вояга етказиш учун аввало инсон қалбига меҳр-шафқат уруғини экиш зарурлигини уқтиради. Агар Конгфузи таълимотидан келиб чиқсак, маорифнинг бугунги аҳволи кишини қувонтирмайди. Аввало Сиз бошчилик қилаётган вазирликнинг номи, вазифаси сўнгги икки-уч йил ичида бир неча бор ўзгартирилгани, маориф деган сўзнинг ўзи ҳам истеъмолдан чиқариб ташлангани, бу соҳага ажратиладиган пул ҳарбий сарф-харажатлардан бир неча ўн баробар камлиги бола тарбияси, илм беришдек шарафли вазифа давлат тепасига чиқиб олган ҳар бир мансабдор шахснинг хоҳиш-иродасига боғлиқ экани кўриниб турибди.

Маориф деган ибора маърифатдан олинган. Маорифчилар маърифат, яъни зиё тарқатувчилардир. Афсуски, бугунги кунга келиб бу нуқтаи назарнинг ўзи ўзгариб кетди, ҳатто маорифни халқ таълими деган сунъий ва зўрма-зўраки атама билан алмаштирдик.

Муҳтарам вазир!

Нима учун Советлар мамлакатида муайян арбоблар, ҳарбий хизматчилар, савдо ходимларию ҳар хил юлғичлар табақаси ўта фаровон яшайди-ю, маорифчилар қўл учида зўрға тирикчилик ўтказишади? Нега маорифчиларнинг маоши 30 фоизга ошгани ҳолда партия ходимларининг иш ҳақи юз фоиз, ҳатто ундан ҳам кўпроқ миқдорда оширилди? (Партия ва давлат номидан иш кўрувчи амалдорлар ўртасида авж олган порахўрлик, юлғичликка шу йўл билан зарба беришмоқчи бўлди, шекилли). Маоши бир неча сўмга кўпайган ўқитувчи ҳамон учма-уч тирикчилик қиляпти, сабаби, нарх-наво сўнгги йиллар мобайнида бир неча баробар ортиб кетди. Агар мелоддан илгариги тарихимизга назар ташласак, маърифатчиларнинг мартабаси бениҳоя юксак бўлганини, уларга жуда катта маош тайинланганини, ҳатто маъруза ўқийдиган минбарлари олтин билан зийнатланганини кўрамиз. Шу боис давлатни идора қилишга фақатгина бир гуруҳ гапдон сиёсатчию уришқоқ ҳарбийлар эмас, биринчи навбатда олиму фозиллар жалб этилган. Элга илм зиёсини тарқатувчи кишилар эъзозланиб ЭЛТАБИР деб аталган. Қадимги Эдиқут ҳоқонлигида китоб ёзиш ва ҳаттотлик энг савобли иш ҳисобланган. Мамлакатнинг барча маърифий ишларини Билка Кенгаш (Донишмандлар кенгаши) бошқарган. Бу кенгаш қабул қилган қарор на ҳукмдор, на вазиру вузаролар томонидан муҳокама этилган, аксинча, сўзсиз бажарилган. Элтабирлар одамларнинг маслаҳатчиси, ҳақиқий йўл кўрсатувчиси бўлишган. Эдиқут (Саодатга етакловчи)нинг пойтахти Турфон шаҳри бежиз «Ўрта Осиёнинг ер ости кутубхонаси» деб аталмаган. Бу мамлакатда барча динларни камол топтириш ва тадқиқ этиш, тил ўрганиш, тил орқали бошқа халқлар маданиятидан баҳраманд бўлиш яхши йўлга қўйилган. Билка Кенгаш «Санскрит — уйғурча», «Хитойча — уйғурча», «Сўғдча — уйғурча» ва яна бошқа ўнлаб тилларнинг луғатларини тузган. Қадимий Кусан (ҳозирги Кучор) шаҳрида вояга етган уйғур олими Кумароживо ўнлаб тилларни мукаммал билган ва санскрит тилидан 384 жилд китобни таржима қилган. Қашқарлик Пирхуйлон эса то ҳозиргача буддои олимлар қўлма-қўл қилиб ўқийдиган юз жилддан иборат «Умумий ақидалар шарҳи» номли қомусий асар яратган. Бу олимлар Сакёмунининг: «Илмдан, одоб-ахлоқдан, саховатдан ва яхшиликдан маҳрум кишилар махлуқ билан тенг. Улар бахтиқаро кимсалар», деган таълимотига амал қилиб яшашган. Улар учун: «Ҳаёт бамисоли шамол, куч-қувват бамисоли учар қуш, ёшлик бамисоли чақмоқ, мол-дунё бамисоли тошқин сув — келиб кетади; шундай экан, хайрли иш қилиш, фазилат уйидан жой олиш» муҳим бўлган.

Эрамиз бошларида яшаган олиму фозиллар, ҳатто қишлоқ муаллими ҳам ўз жамғармасидан мактаблар, ибодатхоналар, кутубхоналар қуришган, ўнлаб, юзлаб шогирдларни ўз қарамоғига олиб, илм ўргатишган. Бугунги қайси муаллим, қайси профессор бундай моддий имконга эга! Ижтимоий танглик ҳукм сурган бугунги шароитда бундай савол кўндаланг қўйилиши ғайритабиий.

Муҳтарам вазир!

Қишлоқ ўқитувчилари қандай яшашларига эътибор берганмисиз!? Улар аксарияти далада деҳқончилик қилишади, ўз шогирдларига қўшилиб мол боқишади, акс ҳолда тирикчилиги ўтмайди. Кундалик турмуш ташвишлари абгор қилган бу бечораларни ЭЛТАБИРлар деб аташ қийин. Шу боис ҳозир ўқитувчига ҳеч ким ҳавас қилмайди, аксинча унинг устидан кулиб юришади, юлғичликни, уддабуронликни қойил қилолмайдиган бу зиёлилар яшашни билмайдиган уқувсиз зотлар деб ҳисобланади. Бугунги ўқитувчиларнинг аксарий қисми дарсликларда ёзилган умумий гапларни бир амаллаб ёд олиб, тўтиқушдек такрорлаб кун ўтказишади. Сабаби, унинг ижодий изланишга вақти ҳам, имкони ҳам йўқ. Ваҳоланки, Шарқ инсоният яралганидан буён илм-маърифат маркази бўлиб келган. Шарқнинг мактаб ва олий ўқув юртларида илоҳий ва барча дунёвий фанлар ўқитилган. 14-17 асрларда ҳукм сурган Саидия хонлигидаги илм-маърифатнинг қай даражада тараққий этгани ҳақида Султон Абдурашидхоннинг «Тарихи Рашидий» асарида батафсил маълумот берилади. Ўша даврда ўқиш мавсуми баҳорда бошланар, унгача халқ «Наврўз шойи», «Ҳафта салом», «Мушоира кечаси», «Наврўз қўшиқлари», «Наврўз гап-гаштаги», «Наврўз минбари», «Ҳофиз минбари», «Чархпалак», «Кураш», «Пойга» каби сайил ва томошаларда қатнашиб вақтихушлик қилар эди. Сайр-томоша тугагач, ота-она боласини мактабга етаклаб келарди-да: «Боламизнинг жонини худо берган, эт-суягини биз берганмиз, бахт-иқболини сиз берасиз», деб муаллимга топшириб кетишарди. Биз эса мактаб остонасига илк бор қадам қўйган норасида гўдакка сен одам эмас, ҳайвонсан, офтобда битини боқиб ўтирадиган маймундан тарқагансан, дея уқтирамиз. Илоҳиёт, инсоний қадрият, дунёнинг яралиши ҳақида гард юқмаган тасаввури чил-чил синган бола шу аснодан бошлаб маймунга хос хатти-ҳаракатлар қилса, чекка-чеккадан танбеҳ берилади, одамга ўхшаб юришга ундалади. Тарбия усулимизнинг хамиртуруши чатоқлиги мана шунда. Уни яхшиламай ва янгиламай туриб комил инсонни вояга етказиб бўлмаслиги аниқ. Лекин биз гапимизда собитмиз: маймундан тарқаганмиз, ота-бобомиз маймун, уларнинг аждоди бир ҳужайрали маҳлуқлар! Нечоғли аянч ақида!..

Ваҳоланки Қуръони каримда Аллоҳнинг буйруқларига амал қилмаган хиёнаткор, мунофиқ қавм маймунга айлантирилгани ҳақида айтилади. Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларида: «Ҳар бир инсон мусулмон бўлиб туғилади, ота-она нотўғри тарбия усуллари билан уни кофирга айлантиради» дейдилар. Бу ҳадиснинг теран маъносини англаб етадиган пайт келди.

Яқинда матбуотда эълон қилинган эътиқод эркинлиги ҳақидаги Қонун лойиҳасида дин мактабга яқин йўлатилмаслиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган. Етмиш йил мобайнида динни мактабдан, маърифат даргоҳларидан қатағон қилиб нимага эришдик! Кўчаларни тўлдириб юрган шарм-ҳаёсиз, ароқхўр, нашаванд, йўлтўсарлар илоҳиётдан, диндан бутунлай бехабар, инсоният тараққиётида пролетариат (йўқсиллар), диктатураси номи билан шуҳрат қозонган янги тузумнинг бирон ақидаси, бирон изми уларнинг қалбига эм бўлмаган. Ҳа, шундай кимсаларни вояга етказдик. Етмиш йилдан бери мактабдан қатағон қилинган ислом дини эса: «Бешикдалик чоғингиздан то лаҳадга киргунингизча илм толиби бўлинг», дея таълим беради. «Кимки дунё (бойлик) истаса, савдо билан шуғуллансин, кимки охиратни истаса, тақво қилсин, кимки икки дунёда ҳурматли бўлишни истаса, илм олсин», дея ўгит беради Муҳаммад алайҳиссалом. Бу ўгитнинг нимаси ёмон, нега уни эшитмасдан турибоқ таҳликага тушамиз.

Тарихдан маълумки, халифа Хорун ар-Рашид даврида илм-фан мисли кўрилмаган даражада тараққий этди. Мусулмон шарқининг Байтул ҳикмаси қурилиб, юнон тилида битилган нодир китобларнинг деярли ҳаммаси араб тилига таржима қилинди. Унинг ўғли Маъмун халифалигида эса Таржимонлар маркази таъсис этилди, ҳар йили юзлаб мадрасалар қурилди, маърифат ишлари учун хазина эшиги кенг очиб қўйилди.

Совет Иттифоқида қайта қуриш жараёни бошланганидан буён қанча кутубхона, олий ва ўрта билим юрти, мактаб, маданият уйлари қурилганининг ҳисобини олсак, бизда инсоннинг маънавий камоли учун хазинанинг эшиги бемалол очиб қўйилмаганига амин бўламиз. Бунинг аксича сўнгги тўрт-беш йил ичида мамлакат миқёсида ҳад-ҳисобсиз ошхона, қаҳвахона, беҳаё кинолар намойиш этиладиган муассасалар қад ростлади. Биргина мисол, Тошкент шаҳри ва атроф қишлоқ-ноҳияларнинг ҳар қадамида кооператив ошхона, кабобхона, мошина турадиган пуллик жой, пуллик ҳожатхона, миллий жамиятга зид — (эълон орқали эр-аёлни топиштирадиган ташкилот), сув дўконлари, ароқ-шароб, тамаки билан очиқдан-очиқ чайқов қиладиган хонадонлар ва ҳатто очиқчасига ўғрилик, босқинчилик қиладиган тўдалар урчиб кетди. Лекин шу давр ичида пойтахт вилоятида биронта маданият уйи, биронта кутубхона, бирон илмий марказ — маънавий озиқ берадиган маърифат маскани ишга туширилганини эслолмайман. Демак, одамлар учун моддий ҳузур-ҳаловат маънавий лаззатдан устун бўлиб кетибди. Одамлар бош билан эмас, қорин орқали дунёни ҳис этадиган мавжудотларга айланишибди. «Яшасин қорин!» деган шиор кундалик заруратга айланибди. Афсус!..

Француз ёзувчиси Лебон: «Илмга ташналик мусулмонлар оламидаги барча мамлакатларда жуда кучли эди», деб ёзади. Ўрта асрлардаёқ илмга ташна деб эътироф этилган халқларимиз зўр бериб ўз эътиқодидан маҳрум этилмоқда. Мактабларда ота-боболар ихлос қўйган дин асосларини ўрганишдан чеклаш болаларимизнинг маънавиятини пуч қилиб қўймоқда. Инсон Худо яратган энг олий, энг мукаммал зот деб билувчи Ислом динида: «Ҳар куни Қуръондан бир оят ўрганиш юз марта ибодат қилишдан афзал, бир кунига асқотишдан қатъи назар илму урфон билан шуғулланиш минг марта тоат-ибодат қилишдан афзал», деб ҳисобланади. Эски мактабларимиз Садриддин Айний ёзганидек ялписига жаҳолат манбаи бўлмаган, аксинча, ўқитиш ёд олишга асосланишининг сабаби, аввало хотира чархланган, қолаверса, матн устида ишлаш ўргатилган. Бизнинг мактабларимизда эса бадиий асарлар жуда кам ўқитилади, тарих сохталаштириб ўргатилади, аниқ фанларни ўқитиш ҳам бирёқлама. Масалан, кимё, физика соҳасида кашфиётлар асосан хорижий олимларига нисбат берилади, ал-жабр — математика, фалакиёт, тиббиёт бобида шарқда юз берган мўъжизалар эса мутлақо эьтироф этилмайди. Бу қулларча итоатгўйлик, ўзлигини унутиш оқибатидир. Ахир чўлларни ўзлаштириш учун ер ости сувларини кориз усули билан бир неча терак бўйи кўтаришнинг ўзиёқ Шарқ халқлари анча-мунча илмга эга бўлганидан далолат бермайдими! Кўҳна Турфондаги коризлар ҳанузгача инсон ақлини лол қолдиради. Қозоғистон ва Хоразмда бу усулни қайтадан тиклашга уриниляпти. «Илмни унутиш ҳам офат» дейилган-ку. Бас, шундай экан, биз нега ўтмишдаги маърифат дурдоналаридан бугунги авлодни бебаҳра этишимиз керак.

Муҳтарам вазир! Ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар маориф соҳасини, ўқитиш ва тарбия усулларимизни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Ҳар томонлама комил иисонни вояга етказиш учун қадимий ўқитиш усулларидан, тарбия воситаларидан, замонавий янгиликлардан кенг фойдаланиш керак. Ахир қадимий мактабларда турк, тохор, хитой, санскрит, танғут, ибтолит, араб, форс тилларини мукаммал билган алломалар дарс беришган. Шу боис Шарқ халқларидан ўнлаб қомусий олимлар етишиб чиққан. Бугунги маорифни ўша даврдаги савияга етказиш, буюк алломаларни вояга етказиш учун қадимий ўқитиш усулининг илғор анъаналарини бугунги маорифга татбиқ этиш лозим. Хусусан, болаларни ўзларининг одамлигига ишонтиришни, ҳақ билан ноҳақни, савоб билан гуноҳни, ҳалол билан ҳаромни бир-биридан ажратишдан бошлаш зарур. Бусиз кўзлаган мақсадимизга эришишимиз маҳол. Бу хайрли ишни амалга ошириш учун аввал дарслик ва қўлланмаларни бутунлай қайтадан ёзиш, ўқитувчиларни янгича руҳдаги курсларда қайта ўқитиш, боғчаларнинг фаолиятини тубдан ўзгартириш керак. Бугун замоннинг йўриғи бошқа, давр талаби, одамларнинг дунёни англаши, фикрлаши ўзгача, эртага ҳаёт батамом бошқача бўлиши муқаррар. Бас, шундай экан, маориф ҳаётдан орқада қолмаслиги, эртанги кунда яшайдиган фикри теран, ҳаёт ҳодисаларини холис баҳолайдиган янги авлодни тарбиялашга ҳозирдан тайёр туриши лозим.

ИККИНЧИ ХАТ

Муҳтарам вазир! Турғунлик даври деб аталмиш йигирма йилдан ортиқ давом этган сиёсий ва маърифий карахтлик даврининг барча жабру жафоларини энг аввало маориф ходимлари билан мактаб ўқувчилари тортишгани ҳеч кимга сир эмас. Шўро ўқувчилари қониқарсиз баҳо олмайди, деган ўта манфур ва ғайриилмий шиорни узоқ йиллар уялмай-нетмай байроқ қилиб юрдик. Чорак аср мобайнида ҳатто ўз исми-шарифини тўғри ёзолмайдиган неча миллион чаласаводни вояга етказдик. Қониқарсиз баҳо олиши мумкин бўлмаган мана шу шўро ёшлари бугун халқ хўжалигининг турли жабҳаларида хизмат қилишмоқда, пешқадамроқлари аллақачон илмий даргоҳларда, олий ўқув юртларида масъул лавозимларда ишлашмоқда. Ақлга номувофиқ сохта шиор руҳида тарбияланган бу авлод жамиятга, халққа қандай наф етказиши мумкин. Ҳар бир ҳужайрасигача ёлғон ва сохталик унсурлари сингиб кетган бу авлод бугунги қайта қуриш талабларидан эсхонаси чиқиб кетиши ёки бефарқлик билан «бунақа ғалваларнинг нима кераги бор, ҳар ким ўз аравасини судраб тинчгина юравермайдими», қабилидаги гаплари билан одамлар қалбидаги эҳтиросни, яхшиликка, янгиликка, адолатга интилишни сўндиришга уриниши турган гап. ССЖИ Олий кенгаши сессиясида ички ишлар вазири очиқ эътироф этганидек,

ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жиноят, бузуқлик, нашавандлик ва энг даҳшатлиси одам ўлдириш ҳаддан ташқари кўпайиб кетганининг асосий сабаби — турғунлик йилларидаги сиёсий онгимиз, виждонимиз сўқирлиги, келажак олдидаги масъуллик ҳиссини йўқотиб қўйганимиз туфайли «нуқул яхши ва аъло баҳога ўқийдиган» авлодни вояга етказганимиздан эмасмикин! Нима эксанг, шуни ўрасан, дейди доно халқимиз. Кеча сепган арпамиздан бугун сархил буғдой ололмаслигимизни, кеча нотўғри тарбиялаган болаларимиздан бугун яхши одамлар етишиб чиқмаслигини ошкора тан олишимиз даркор. Тўғри, хатони тан олиш қийин. Йўл қўйилган камчиликларга киши ўзини айбдор деб билиши мушкул. Бугунги айрим шиорбозлик ва бўлар-бўлмасга кўкракка уришларнинг ҳам ҳисоб-китоби борлигини англаб етиш маҳол. Лекин мамлакатда юз бераётган бугунги туб инқилобий ўзгаришлар эс-ҳушимизни йиғиштириб олишни, ҳар бир сўз, ҳар бир ташланган қадам, қилинган иш учун масъул бўлиш лозимлигини тақозо этади.

Афсуски, маориф соҳасида учта вазирликни бирлаштиришдан бошқа бирон бир ўзгариш юз бергани йўқ. Қишлоқ болалари ҳали ҳам дала ишларидан бутунлай озод бўлмади, олий ва ўрта махсус билим юртлари талабалари гоҳ қурилишларда, гоҳ пахта йиғим-теримида, гоҳ сабзавот экилган пайкалларда тер тўкишмоқда. Талабаларнинг қурилишда келтирган фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Аввало улар бундай ишларга ихтисослашмаган, ҳатто белкурак ишлатишга қам уқуви йўқ. Неча минглаб йигит-қизлар қурилишлардаги ахлату чиқиндиларни йиғиштиришдан бошқа ҳеч нарса билан шуғулланишмайди. Ваҳоланки, тузукроқ ҳақ ёзилса бу ишлар қурувчиларнинг ўзидан ортмайди. Шунча талабани овораи сарсон қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Уларни иш билан таъминлаш, турар-жой масъулияти, соғ-саломат ота-онасига топшириш ташвиши ҳам бартараф этилади.

Даланинг, хусусан, пахтанинг ҳамма оғирчилиги ўқувчилар билан талабаларнинг гарданига юклаб қўйилгани натижасида жумҳуриятимиз аҳолисининг жисмоний тараққий этиши ташвишли аҳволда. Масалан: Оврўпо давлатларида сўнгги йилларда одамларнинг ўсиши, яъии бўйчанлиги уч-беш сантиметрга кўтарилган бир пайтда жумҳуриятимиз одамлари худди шунча сантиметрга чўккан. Демак, пахта ва бошқа экинларга ишлатилаётган минерал ҳамда заҳарли дориларнинг касри туфайли одамларимиз резгилаша бошлаган.

Онам, биби Хадича раҳматли ер юзида ҳаёт бошланганда одамлар бирон жойга чўкиб ўтирса соясида қирқ туя сояларкан, қиёмат яқинлашганда одамлар янтоқнинг баргига чиқиб азон айтишаркан, агар шу кетиш бўлса, охир замон яқинлашиб қолибди, болам, одамлар ҳаддан ташқари ушоқлашиб кетишяпти, дея ташвишланиб гапирар эдилар. Онамнинг ташвиши ўринли эканлигини юқорида келтирилган рақамларнинг ўзиёқ исботлаб турибди. Ёки шунга боғлиқ иккинчи бир мисол. Тараққий этган Оврўпа давлатларида одамларнинг ўртача вазни олтмиш килограммдан юқори бўлгани ҳолда жумҳуриятимиз аҳолисининг ўртача вазни эллик беш килограммга тушиб қолибди.

Болалигининг энг масъул, энг ўйинқароқ, энг лаззатли онларини далаларда катталар билан баробар ишлаб, уват четларида, зовур бўйларида мол боқиб ўтказаётган болаларимизнинг илиги пуч бўлиб қоляпти. Мактаб ошхоналарида тайёрланадиган овқатларнинг сифати ҳаддан ташқари ёмон, нархи эса баланд. Бир стакан қуруқ чой мактаб емакхонасида беш тийин, картошкали перашка эса 4 тийиннинг ўрнига 14 тийиндан сотилади. Биз фақатгина халқнинг эмас, ҳатто болаларнинг ҳам ҳақига хиёнат қилишга шу қадар ўрганганмизки, очкўзлигимиз, инсофсизлигимиз туфайли ўз келажагимизни майиб қилиб қўяётганимизни хаёлимизга қам келтирмаймиз. Ҳозир фан-техника соҳасидаги мўъжизалари, юксак маданияти билан инсониятни ҳайратга солаётган Японияда эса болалар дастурхонида яхна гўштдан тортиб энг тансиқ мева-чевагача, сут маҳсулотларининг ҳамма туридан ташқари, ширин-шарбат ичимликларгача бадастир экан. Бу мамлакатда умуман болаларнинг майл-истаклари чекланмас, улар истаган ўйинини ўйнар, кўнгли тортган нарсани ер, қизиққан нарсасини бориб кўрар ҳамда энг замонавий компьютер ёрдамида ўзини қизиқтирган саволларга жавоб изларкан.

Японияда ахлатдан барпо этилган ороллар борлигини яхши биласиз. Мана шундай ороллардан бири энг гўзал ва энг замонавий шаҳарга айлантирилган. Йўргакдан чиққан чақалоқдан тортиб то балоғат ёшига етган болаларнинг ҳаммаси бу шаҳарчанинг сўлим хиёбонларида истаганча ўйнаши, чўмилиши, денгиз мўъжизалари билан танишиши, деққончилик илмини, ишлаб чиқариш усулларини, ҳайвонлар билан муомалани ўрганишлари мумкин. Фалакиёт ва фазогирлик сир-асрори билан танишиш ва бевосита ўзлари ҳам шуғулланишлари учун ҳамма шарт-шароит муҳайё. Олмониёда ҳам худди шундай шаҳарча мавжуд ва унинг дарвозаси тепасига: «Агар Ҳанс беш ёшгача бирон нарса ўрганмаса, бир умр нўноқ бўлиб қолади», деган лавҳа осиб қўйилган ва болаларни фан-техника мўъжизалари билан таништириш уч ойлик чақалоқ пайтиданоқ бошланади.

Бизнинг шўрпешона болаларимиз на тўйиб овқат ейди, на истаганча ўйнаб-кулади, компьютер деган нарса эса умуман етти ухлаб тушига кирмаган. Муҳтарам вазир, нега биз болаларимизни бу кўйга солиб қўйдик? Фарзандларимизнинг соғлиғи, билим олиши, эртанги куни ҳақида қачон қайғурадиган бўламиз? Руҳан, ақлан заиф, нимжон болалар бизга ҳеч қачон шараф келтирмаслигини, улар жамиятнинг тўлақонли фуқаролари эмас, мажруҳ ва нотавон кимсалар бўлиб етишишларини наҳотки англаб етмаётган, бу ҳолдан азият чекмаётган бўлсак! Нега шу пайтгача бирон мактабда давлат раҳбарларининг кўчма мажлиси ўтказилмаган. Ваҳоланки, қишлоқ молхонасида ем-хашак тугаб қолса ёки иккитагина сигир касалга чалинса бутун хўжаликнинг казо-казолари зудлик билан шу ерга етиб келишади. Гўё сигир одамдан азиз… Бизда шу пайтгача пахта йиғим-терими сиёсий масала, чорвачилик зарбдор фронт, ем-хашак жамғариш кечиктириб бўлмас вазифа, сабзавот етиштириш бугунги куннинг бош талаби бўлиб келди. Лекин бола тарбияси, мактаб ўқувчиларининг ҳолидан хабар олиш юқоридаги баландпарвоз шиорларнинг соясида йўқ бўлиб кетаверди.

Мамлакатимизда ҳарбий сарф-харажатлар учун 70 миллиард, маориф учун атиги 3 миллиард сўм ажратилганининг ўзиёқ таълим-тарбия ишининг аҳволи нега ночорлигини кўрсатиб турибди. Шу пайтгача бирон маориф вазири бу ҳолдан норози бўлиб дод дегани йўқ.

Мактабга ўгай назарни исботловчи биргина мисолни келтириб ўтаман. Жуда кўп қишлоқ жойларда мактаблар оталиқ ташкилот томонидан таъмирлаб берилмайди. Хўжалик раҳбарлари мактабларни тузатишга ажратилган фондимиз йўқ дея елкасини қисишади. Ўқитувчилар ўз кучи билан мактабни чалакам-чатти таъмирлашдан чиқараётган, ҳатто мажбур бўлиб — ота-оналардан пул йиғиб шикаст-рехтларини тузатаётган мактаблар ҳам йўқ эмас. Бу аянчли аҳволдан ноҳия, вилоят раҳбарларининг хабари йўқми? Бор. Лекин, ўзи курортга боришга, узлуксиз келадиган комиссияларни едириб-ичиришга пул топадиган хўжалик раҳбарларини инсофга чақириб қўядиган биронта мард йўқ. Нега мактабларимизнинг куни тиланчиликка қолди, дея шошилинч мажлис чақирилиб, вазият ўрганилмайди. Бултур бир ой ичида Тошкент ноҳиясидаги икки мактабда икки ўқувчи ўзини осиб қўйди. Бу иш билан милиция ходимларидан бошқа бирон кимса шуғулланмади. Ваҳоланки, бу даҳшатли фожеани бутун ноҳия аҳолиси ўртасида атрофлича муҳокама қилиш, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган болаларни ўз жонига қасд қилишга мажбур этган ижтимоий сабабларни чуқур ўрганиш, бу ҳодиса исломда қаттиқ қораланиши айтилиб, тегишли хулосалар чиқарилиши керак эмасмиди? Бу мудҳиш ҳодисадан эҳтимол сиз ҳам хабар топмаган бўлишингиз мумкин. Эҳтимол… Бундай бефарқлик, бировнинг қисматига бепарволик, хусусан, тарбиядек масъул ва шарафли ишга нописандлик қачон йўқолади! Нега мактабларимиз хўжалик раҳбарларига қарам қилиб қўйилган! Нега йил бошидаёқ ҳар бир колхоздан мактаблар шикаст-рехтларини тузатиш, уларни замонавий техника, асбоб-ускуна ва бошқа ашъёлар билан таъминлаш учун сарфланадиган пул ажратиб олинмайди? Хўжаликни истаган кўйга сола оладиган ноҳия фирқа ташкилотининг котиблари наҳотки бу хайрли ишга қодир бўлишмаса?

Мана шундай бефарқлик туфайли бизнинг мактабларимиз, хусусан, қишлоқ мактаблари ибтидоий аҳволда. Уларда замонавий кўргазмали қурол, компьютер деган нарсалар ҳақида умуман, қеч қандай тасаввурнинг ўзи йўқ. Қишлоқ мактабларига телевизор ҳам эндигина кириб кела бошлади. Бизнинг назаримизда барча инсоний ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этилган америкалик қора танли болалар биринчи синфданоқ компьютер ёрдамида дарс ўтади. Япониядаги болалар эса энг замонавий фан-техника муъжизаси билан йўргакдалигидаёқ танишиб улгуради. Нега бизда «дунёдаги энг озод мамлакатнинг бахтиёр болалари» бундай имтиёзлардан маҳрум?

Муҳтарам вазир! Сиз болаларимиз она тилини ўрганиш ҲУҚУҚидан маҳрум этилганини билармикансиз. Сиздан олдин шу амал курсисини эгаллаб ўтирган собиқ ҳамкасбларингиз ўзбек тили дарсларини ўттиз фоизга қисқартиришган. Оқибатда она тили ва адабиётни ўрганиш иккиламчи бир нарсага айланди. Шунинг учун ўрта мактабни тугатган йигит-қизларимиз адабиёт ҳақида жуда саёз билимга эга. Уларнинг аксарий қисми шоир билан ёзувчининг, адабий жанрларнинг, эгалик ва келишик қўшимчаларининг фарқига боришмайди, даволовчи докторлар билан фан докторини бир-бирига чалкаштириб юришади. Бунинг устига вазирлик ёшларимизнинг бадиий дидини, идрокини баттар ўтмаслаштирадиган қарор чиқариб, маънавий таназзулни баттар тезлаштирди. 1989 йилдан эътиборан ўрта мактабларда тил ва адабиётдан оғзаки давлат имтиҳони олиб ташланиб, ўрнига жисмоний тарбия киритилди. Бу нима, бош билан оёқнинг фарқига бормасликми, муҳтарам вазир! Бутун мамлакатимизда миллий ҳиссиёт уйғониб, ҳар бир халқ ўз тили ва тил орқали миллий маданиятини юксалтириш, она тилида яратилган адабиёти воситасида бадиий дидини ўстириш ҳақида қайғураётган бир пайтда ўзбек маориф вазирлиги бунинг аксича иш тутиб, миллий маданиятимизга, халқнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган муҳим омил — тилга, шу тилда яратилган бадиий адабиётга қақшатқич зарба берилишининг муддаоси нима?

Бутун мамлакатимизда юз бераётган баҳсу мунозаралар асосан тил ва миллий маданият устида бўлмоқда, миллатлар ўртасида келиб чиқаётган низолар ҳам асосан тил ва миллий камситилишдан, ундан кейингина ижтимоий, иқтисодий адолатсизликлардан келиб чиқмоқда. Тенглик, қайта қуриш туфайли халқлар ўзлигини таниётган, ҳар бир соҳада, хусусан, миллий муносабатларда демократия бўлиши талаб қилинаётган бир пайтда маориф вазирлиги халқнинг миллий ғурурини камситди, яъни, болаларни — миллатимизнинг истиқболини она тилига, адабиётга муҳаббатдан ва шу меҳр туфайли камолга етадиган ифтихордан маҳрум этди. Ўзлигидан ифтихор этган халқ тарихини, урф-одатларини, маданиятини яхши билади. Тарихини яхши билган халқ маърифатли бўлади. Маърифатдан инсонпарварлик туғилади. Наҳотки маориф вазирлиги инсонпарварликка қарши бўлса?!.. Мен бундай фикрга ишонгим келмайди. Бироқ амалиёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатиб турибди. Наҳотки, маориф вазирлиги учун жисмоний тарбия, яъни куч-қувват, эпчиллик билан эришиладиган нарса ақл ва бетакрор туйғулар орқали етиладиган руҳий заковатдан, ҳиссий баркамолликдан авло бўлса? Агар шундай бўлмаганда бу шармандали буйруқ чиқарилмаган, ёшларнинг диди, тафаккури, дунёни англаш, фикр юритиш қобилиятига зарба берилмаган бўларди.

Мен жисмоний тарбияга қарши эмасман. Бу соҳа жумҳуриятимизда қониқарсиз аҳволда эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен фақатгина балоғатга етган қизларимиз қадди-қоматини рўй-рост намойиш этадиган шарманда кийимларда, оппоқ сонларини диркиллатиб кўчаларда чолиб юришига, кучаниб арқонга осилишига, бўйи баробар баландликка сакрашига, турли хил оғир жисмларни ирғитишига қаршиман. Шарқона, азалдан хотин-қизларга нафосат ва назокат рамзи деб қаралган аёллардаги гўзаллик, шарм-ҳаё бениҳоя юксак қадрланган.

Ўз урф-одат ва анъаналаримиздан воз кечиб, Оврўпога кўр-кўрона тақлид қилиш натижасида айрим ўқувчи қизларимиз ҳомиладор бўлиб қолишмоқда. Ҳатто марказий телевидениеда ленинградлик олтинчи синф ўқувчиси туғиб қўйганлигини, унинг боласини бутун синф биргаликда тарбиялашаётганини «ифтихор» билан гапиришди. Вазирлик алоҳида рағбат билан буйруқ чиқарган жисмоний тарбия оммалашгани, қизларимиз ярим яланғоч либосларда ирғишлаб юришгани сайин бундай шармисорлик баттар авж олиши аниқ.

Наҳотки Ўрта Осиё халқлари ўзларининг азалий ўқитиш услубларини жорий этиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлса? Нега бутун мамлакатда фақат бир хилда кийиниш ва бир хилда ўқитиш жорий этилган? Нега ҳар бир халқнинг ўзига хос хусусиятлари — муомала, кийиниш, жинслараро муносабатлар, фикрлаш маданияти инобатга олинмайди? Мен мактабларда ҳар бир халқнинг фақат ўзига хос услубда кийиниши жорий этилиши тарафдориман. Жисмоний тарбия ўрнига қизларимизга кўпроқ пазандалик, орасталик, тикувчилик, муомала маданияти, шахсий гигиена ўқитилишини истардим. Бизга мушаклари ирғиб чиққан эркакшода қизлар эмас, чинакам гўзаллик фаришталари керак.

Муҳтарам вазир! Мактабларимиздаги ўқитиш савияси Сизни қаноатлантирадими? Бизнинг ўқувчиларимиз ҳозирги гуллаб-яшнаган Оврўпо илм-фан асосларини Шарқдан ўрганганини, Шарқ мутафаккирлари эса ўз навбатида қадимги юнон ва ҳинд олимларидан сабоқ олишганини ҳамда бошқа қитъалар учун кўприк вазифасини ўташганини билишмайди. Тиббиёт фани қадимги Юнонистон ва Хитойдан кейин Шарқда бениҳоя тараққий этганини, бугунги жаҳон тиббиёти Шарқ табобатига асосланишини эшитишмаган. Фалакиёт (астрономия), математика, геодезия, тупроқшунослик, меъморчилик, фалсафа, мантиқ Шарқда мисли кўрилмаган даражада юксалганидан мутлақо бехабар. Мактабларимизда барча аниқ фанлар ва ижтимоий илмлар фақат Оврўпода камол топган деб ҳисобловчи, Шарқ маданиятидан бутунлай бехабар кимсалар томонидан ёзилган дарсликлар ўқитилади. Ҳалигача бу фанлар бўйича ўз тилимизда дарсликлар яратилмаганининг ўзиёқ Сиз бошчилик қилаётган вазирликдаги масъул ўртоқларнинг маданиятимизга муносабати қандайлигини кўрсатиб турибди. Бизнинг ўқувчиларимиз бугунги алгарифм фанининг отаси ал-Хоразмий эканини, тиббиётда жарроҳликни Ибн Сино бошлаб берганини, Беруний геодезия, жуғрофия, фалсафа соҳасида янгиликлар яратганини, олий математиканинг бобокалони Қозизода Румий эканини, куб илдизлар тенгламасини Умар Хайём яратганини, Улуғбек билан Али Қушчи фалакиёт илмида мисли кўрилмаган ютуқларга эришганини, Шарқ файласуфлари бутун дунё олимлари билан ҳамкорлик қилишганини билишмайди. Бу ўз халқини атайлаб омиликда сақлаш эмасми! Бизнинг болаларимиз ҳалигача «Девону луғатит турк»да нималар ёзилгани ҳақида тузукроқ маълумотга эга эмас, Навоийни ўқиб тушуниш у ёқда турсин, лоақал бу улуғ зот қандай асарлар ёзганини, инсоният тарихидаги хизматлари нималардан иборатлигини билишмайди. Ваҳоланки, ҳар бир халқнинг фахрланишга арзийдиган алломалари, шоиру ёзувчилари, давлат арбоблари бўлади. Гуржилар Шота Руставелини илоҳийлаштириб улуғлашади. «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон»ни ўқимаган гуржини топиш маҳол. Бизнинг мактабларимизда бирон марта бедилхонлик, навоийхонлик, бобурхонлик, машрабхонлик ўтказилганми? Ахир, Шарқда азал-азалдан шундай анъаналар бўлган-ку. Нега тарихимиздаги бундай хайрли ишлар бугунги кунимизга татбиқ этилмаяпти! Нега бизнинг мактабларимизда фольклор байрами, Алпомиш, Гўрўғли кунлари ўтказилмайди? Нега «Ким бўлсам экан?» деган мавзу берилганда ўқувчиларимиз шарқона одобу ҳаё, покиза муҳаббату садоқат рамзи бўлмиш Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, Отабегу Кумушга ўхшашни орзу қилиб эмас, ўз отасини оттирган Павлик Морозов ёки қариндош-уруғини синфий душман сифатида сургун қилдирган, қаматтирган қайсидир ғайритабиий «қаҳрамон»га ҳаваси келиб ёзишади! Нега бизнинг болаларимиз Алпомишдек, Гўрўғлидек, Намоз ботирдек, генерал Жўрабекдек бўлишни исташмайди? Нега чор Россиясининг Туркистон ўлкасига босқинида кўпроқ прогрессив аҳамият кўрганимиз ҳолда арабларнинг юришини бирёқламалик билан қоралаймиз? Нега бир ярим минг йил илгариги ёзувимизни ўзгартирган арабни сўкамиз-у, эллик йил муқаддам бир ярим асрлик имломизни йўққа чиқарган давр сиёсати ҳақида лом-мим демаймиз? Бу нима, муҳтарам вазир, сиёсий омиликми ёки ақлий ноқислик? Ёинки шўролар Иттифоқида В. И. Ленин тиш-тирноғи билан курашган великорус шовинизми ҳамон ҳукм сурмоқдами? Шўро Конституцияси бир халқ иккинчи халқ устидан ҳокимлик қилишига изн бермайдику. Нега шу нарсани кўра-била туриб ҳамон дарсликларимизда ижтимоий адолат акс этмаяпти?

Буниси ҳам етмагандек турғунлик давридаги яна бир хатони сал бошқача алфозда такрорлангани кишини ҳайратга солади, Муҳтарам вазир яна буйруққа мувофиқ учта фандан қониқарсиз баҳо олган ўқувчи педагогика кенгашининг қарори билан бемалол синфдан синфга ўтказилиши мумкин. Бу буйруқ билан турғунлик давридаги «совет болалари қониқарсиз баҳо олиши мумкин эмас», деган шиорнинг нима фарқи бор? Бу буйруқ болаларни фикрий танбалликка, муаллимларни масъулиятсизликка чорламайдими? Учта фандан қониқарсиз баҳо олган ўқувчи бошқа фанларни тўлиқ ўзлаштириши амримаҳол. Бундай ақли ноқис, руҳий танбал, янги буйруқ туфайли бутунлай сурбет бўлиб олган бола улгаигач жамиятимизга қандай наф келтириши мумкин? У қайси соҳада ишламасин, ён-веридагиларга фақат ташвиш орттиради. Ҳукуматнинг барча қонун ва қарорларига нописандлик билан қарайдиган бўлади, на илмнинг қадрига етади, на китоб ўқийди, на санъат сирларидан воқиф бўлади. Ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан жамиятимизга кулфат келтирадиган буйруқлар имзоланаётган пайтда наҳотки масаланинг шу жиҳатларини ўйлаб кўролмасак!

Муҳтарам вазир, жисмоний тарбияни ривожлантириш ҳақида қайғурилгани яхши албатта, бироқ жумҳуриятимиз мактабларининг биронтаси чўмилиш ҳовузига эга эмаслигини билармикинсиз? (Мабодо истисно тарзида биронтасида бўлса, мени маъзур тутгайсиз). Болаларимизнинг ярмидан кўпи сузишни билмайди. Ваҳоланки, Олманиёдек мамлакатда ўз ҳовузига эга бўлмаган биронта мактаб йўқ экан. Умуман, Оврўпода болаларга барча қулайликларга эга бўлмаган илм маскани қурилмас экан. Нега бизда болаларга муносабат бошқача? Нега бизнинг болаларимиз ҳамма жиҳатдан камситилган, мактабларимиз замон эҳтиёжининг бирламчи талабларига ҳам жавоб бермайди?

Муҳтарам вазир! Агар сиз бошчилик қилаётган муассасадаги масъул ўртоқлар маъқул кўришса, мен айрим таклиф ва истакларимни ўртага ташлаб, ҳамкорликка даъват этмоқчиман. Мактабларимиз, олий ва ўрта махсус билим юртларимизда тил, адабиёт ва тарихни ўқитиш қониқарсиз аҳволдалигини эътиборга олиб бундай илм даргоҳларида махсус дарслар ўтиш учун шоирларни, ёзувчиларни жалб этиш лозим деб ҳисоблайман. Ёзувчи ўз халқининг виждони, деган гап бор. (У ўз халқининг виждони бўлишга муносиб бўлсагина албатта). Бас, шундай экан, ёшларни виждонли, эътиқодли, инсонпарвар қилиб тарбиялашда, дунёқарашини шакллантиришда қалам аҳли билан бўладиган бевосита мулоқот яхши самара беришига аминман. Бир пайтлари Тошкент Давлат дорилфунунида шундай иш олиб борилгани ва яхши самара бергани Р. Раҳмоновнинг ёзувчи Ҳабиб Нўъмон ҳақида хотирасида таъкидлангани фикримнинг исботидир. Бундай дарсларни юқори синфларда ҳам ўтказиш зарур. Мактаб ўқувчилари орасида ўз тарихига, адабиётига, тилига ва унинг равнақига қизиқадиганлар камайиб кетяпти. Бу ҳол миллий ифтихор ҳиссининг сусайишига олиб келади. Миллий ифтихори заиф одам инсонпарварлик туйғусидан маҳрум бўлади, инсонпарварликдан йироқ одам на ўз халқини, на ўзга халқларни севади, бундай кимса ватанпарварлик туйғусидан бебаҳра бўлади. Ваҳоланки, Шарқда ўз ватанининг дахлсизлиги учун бир кеча посбонлик қилиш бир умр ибодат қилиш билан баробар, деган ҳикмат бор. Бас, ватанпарварлик ибодат қилиш билан тенг экан, мактабларимизда диний таълим ҳам йўлга қўйиладиган пайт келди. Бордию бу нарсага журъатимиз етмаса, лоақал мактабларда ҳар ойда бир марта диний арбоблар билан учрашувлар, савол-жавоб кечалари ўтказиб туриш лозим. Биз етмиш йилдан бери барча тарғибот ва ташвиқот воситалари билан қоралаб келган диннинг асл моҳияти эндиликда маълум бўлиб қолди ва одамларда илмдан йироқ, бир ёқлама гапларимизга қизиқиш сўниб боряпти. Қуръони карим ўзбек тилида чоп этилди, пайғамбарнинг ҳадислари таржима қилинди, ислом динининг моҳиятидан халқ хабардор бўлди ва шу пайтгача олиб борилган тарғибот, ташвиқот ишларимиз саводсизликнинг, кўр-кўрона ижрочиликнинг оқибати экани фош бўлди. Мамлакатимизда шу пайтгача ҳамма нарсани сир тутиш, хаспўшлаш, ёлғон маълумот бериш, билмаган ва ақли етмаган нарсаларини нодонлик билан рад этиш сиёсати юритилган эди. Бу қандай фожеий оқибатларга олиб келгани ҳаммага аён. Эътиқодсизлик туфайли ёшлар ўртасидаги жиноят, нашавандлик, фаҳш тобора авж олиб бормоқда. Одамларни имонга, инсофга келтириш учун Москва телевидениесида диндорларнинг мунтазам чиқишлари ташкил этилган. Биз орзу қилган ҳар томонлама баркамол инсонни вояга етказиш учун тарбиянинг ҳамма воситаларидан, жумладан, диний тарбиядан ҳам самарали фойдаланмоқ лозим. Мен сизнинг ақлу заковатингизга ишонганим учун мурожаат қиляпман.

Муҳтарам вазир, худди шундай тажрибани рассомлар, бастакорлар ўртасида ҳам қўллаш мумкин. Ижодкорлар ўтган очиқ дарслар дарслик ва қўлланмалар билан чекланиб қолган ўқитувчиларникидан самаралироқ бўлиши шубҳасиз.

Энди тарихни ўрганиш миллий маҳдудлик, ўз урф-одатларидан фахрланиш миллатчилик саналмай қўйди. Афсуски, ижтимоий воқеликда юз берган бу ўзгариш қанузгача бизнинг онгимизга, фикрлаш тарзимизга таъсир қилгани йўқ. Акс ҳолда, мана шу маънавий ҳалокатни бартараф этиш учун уринган бўлар эдик.

Ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан мактабларда ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилишга халқ таълими Вазирлигидан бирон кимса қатнашгани йўқ. Бу ёзувчиларга ошкора беҳурматликми ёки адабиётимизга нисбатан нописандликми? Мен бу қимматли ташаббусни вазирлик нега қўллаб-қувватламаганига ҳануз тушуниб етолмайман. Ўша йиғилишда адабиёт дарсликларининг савияси пастлиги аниқ мисоллар орқали кўрсатиб ўтилди. Бироқ ҳаммани ташвишлантираётган бу аҳвол сизларни безовта қилмагани кишини ғоят ажаблантиради.

Мен Сизга ҳаммани бирдек ташвишлантираётган масалаларни қўзғаб мурожаат қиляпман. Келинг, бу долзарб муаммолар ҳақида биргалашиб ўйлайлик, уларни тўғри ҳал этиш чоралари ҳақида кўплашиб бош қотирайлик. Оқибати ўйланмаган буйруқларга шошмашошарлик билан имзо чекавермайлик. Зеро, болалар тарбияси, уларнинг келажагига фақатгина Сиз эмас, ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 5-сон