Инсон ҳаёти ва жамият тараққиёти учун зарур бўлган ўсимликлардан бири пахтадир. У деҳқоннинг машаққатли, тинимсиз меҳнати махсули. Пахта баҳордан то кузгача қуёш нурида етилади ва тобланади. Шунинг учун ҳам ўтмишда уни «Қуёш фарзанди» деб бежиз айтишмаган.
Ҳозирги замонда пахта аҳамияти жиҳатидан металл, нефть, ғалла, газ, олтин қаторида туради. У том маъноси билан «оқ олтин»дир.
Ўтмишда ота-боболаримиз табиий офатлар, қирғин урушлар ва қаҳатчилик даврларида ҳам пахтани кўз қорачиғидай сақлаб, уни авлоддан-авлодга ўтказиб келган. Хуллас, пахта қадим-қадим замонларданоқ ўзбек халқи иқтисодий ва сиёсий турмушининг ажралмас бир қисми ҳисобланган.
Ўзбекистонда пахтачиликнинг ривожланиш жараёнини шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин: Биринчи босқичда — қадимий даврлардан то XIX асрнинг 60—70-йилларигача, яъни Россия Ўрта Осиёни босиб олгунча, бу ўлкадан чет мамлакатларга, асосан, пахтадан ишланган тайёр маҳсулотлар чиқарилган. Кейинги икки босқичда, яъни чор ҳукумати ҳукмронлиги ва Совет даврида пахтанинг деярли ҳаммаси хом ашё сифатида олиб кетиладиган бўлди. Бу ерда нозик ҳолатлар бор.
Археология қазувларига кўра, бундан икки минг йиллар илгари ҳам Фарғона водийсида аҳоли пахтачилик билан шуғулланган экан. VII—VIII асрларда яратилган манбаларда ҳозирги Ўзбекистон тасарруфида, хусусан Фарғона, Самарқанд, Тошкент ва Хоразмда пахта етиштирилгани, ундан турли газламалар ишлаб чиқарилгани ҳақида аниқ маълумотлар учрайди.
X асрга келиб аждодларимиз пахтачилик, тўқимачиликни юксак даражага кўтаришган, Самарқанддан 24 чақирим нарида жойлашган Зандана шаҳрида газлама тўқиш кенг ривожланган эди. «Бу шаҳарда, — деб ёзади Муҳаммад Наршахий ўзининг машҳур «Бухоро тарихи» китобида, — тўқиб чиқариладиган нарса — бўзни «занданийчи», яъни, Зандана қишлоғидан чиқадиган, деб атайдилар. Бу ерда у ҳам яхши, ҳам кўп бўлади. Шу хил бўздан Бухоронинг кўп қишлоқларида тўқийдилар ва буни ҳам «занданийчи» деб атайдилар. Чунки у аввало шу қишлоқда тўқиб чиқарилган. Шу хил бўздан Ироқ, Форс, Кермон, Ҳиндистон ва бошқалар каби ҳамма вилоятларга олиб борадилар. Барча улуғлар ва подшоҳлар ундан кийим қиладилар ва ипакли кийимлик баҳосида сотиб оладилар».
Бухорода сифатли ва бежирим газламалар ишлаб чиқаришда Искажкат қишлоғи ҳам шуҳрат қозонган. Умуман олганда, бу даврда газлама тўқиш ҳунармандчилиги кенг ривож топганки, Бухоро ва Самарқанд оралиғида жойлашган қишлоқларнинг деярли ҳаммаси бозорга ўз газламаларини олиб чиққанлар. Тошкент, Фарғона, Исфижоб (ҳозирги Чимкент вилояти), Марв сингари жойларда ҳам газлама тайёрлаш тараққий топган.
Темур ва темурийлар даврида мустақил ҳамда марказлашган давлатнинг юзага келиши муносабати билан пахтачилик, жумладан газлама тўқиш ўлкамизда анча ўсди. Бу вақтларда испан сайёҳи Клавихонинг сўзига қараганда, пахта Кеш (Шаҳрисабз), Балх, Мурғоб ва айниқса, Самарқандда кўплаб етиштирилган. «Марвдагидек кўп ғалла ва пахта, — деб ёзади тарихчи Истаҳрий, — ҳеч қайси тасарруфда етиштирилмайди. Ҳиротга келтириладиган ғалла ва газламанинг кўп қисми у ердаги ғалла ва пахта маҳсулини ташкил қилади».
Хуллас, пахтачилик асрлар давомида ишлаб чиқариш кучлари, ҳунармандчилик ҳамда савдонинг ўсишида муҳим аҳамият касб этди.
Ўлкада пахтачилик ва газлама тўқишнинг ривожланишида Волгабўйи, Ўролбўйи ҳамда бепоён Сибир шаҳарлари билан алоқа муҳим ўрин эгаллади. Шу боисдан, ўша замон давлат арбоблари ва савдо аҳли Волгабўйи давлатларида ўз мавқеларини мустаҳкамлаш учун қизғин кураш олиб борганлар. Айниқса, Хоразмнинг Волгабўйи халқлари билан алоқаси жуда самарали кечган. Аждодларимиз тайёрлаган моллар доимо харидоргир бўлган. Ўзаро мол айирбошлашдан Волгабўйи халқлари ва Мовароуннаҳр аҳли манфаатдорлик туйган. Ҳар икки томоннинг манфаатдорлиги ўзаро алоқаларни кучайтириш баробарида, айрим вақтларда сиёсий жиҳатдан бирлашишга ҳам олиб келган. Чунончи, хоразмликлар VI аср охирида Волганинг қуйи оқимида вужудга келган Ҳазар подшолигида ўз таъсирини ўрнатишга муваффақ бўлганлар. VIII асрнинг ўрталарига келиб, хоразмликлар мавқеи шу даражада кучайдики, оқибатда Ҳазар подшолиги билан Хоразм сиёсий жиҳатдан бирлашиб, Қрим ва Азов бўйидан то Хоразмгача бўлган жойларни ўз ичига олга! Ҳазар — Хоразм салтанати ташкил топди. Бу ҳолат X асрда ҳам юз беради.
Шунингдек, Волга бўйидаги иккинчи йирик давлат — Булғор подшоҳлиги билан Ўрта Осиё ўртасидаги савдо алоқалари қизғин тус олган эди. Ўзбеклар рус князликлари, Туркия, Эрон ва Кавказ мамлакатлари билан савдо олиб борганлар.
XIII асрда Волгабўйида мўғулларнинг Олтин Ўрда давлати вужудга келиб, Ботусарой (Астрахан яқинида) ва Берка Сарой (Волгоград яқинида) шаҳарлари унинг пойтахти ҳисобланарди. У вақтда ҳам мовароуннаҳрликлар Волгабўйидаги ўз мавқеларини йўқотмаган эди, ҳозирги Ўзбекистон тасарруфидан у ёққа жуда кўп миқдорда турли газламалар, қисман пахта олиб кетилган.
XV аср ўрталарига келиб, Олтин Ўрда давлати парчаланиб, унинг ўрнида Қозон, Астрахан Қрим, Сибир ва Нўғай хонликлари вужудга келади.
XVI асрнинг иккинчи ярмида рус давлати юқорида санаб ўтилган хонликларни босиб олади Рус давлати шу тариқа Ўрта Осиё билан чегарадош ва қўшни бўлиб қолган. Шундан кейин ҳар иккк томоннинг бевосита алоқа қилишига имконият туғилган.
Бепоён Рус давлатида Шарқ мамлакатлари, хусусан Ўрта Осиё молларига — газламаларга эҳтиёж тобора ошиб борарди. Айниқса, чекка ўлкаларда яшовчи аҳолининг бундай молларга талаби анча юксак эди. Натижада, Волга ва Сибир билан асрлар давомида анъанага айланган алоқалар тобора ривожланиб борди. Кўҳна манбаларнинг шаҳодат беришича, Волга бўйида жойлашган Астрахан шаҳри Россиянинг Ўрта Осиё, Эрон, Каспийорти ва бошқа Шарқ мамлакатлари билан иқтисодий-сиёсий алоқасини ўрнатувчи, ривожлантирувчи марказ сифатида муҳим ўрин эгаллаган. У ерга ўзбек савдогарлари 10 турдан ортиқ газлама олиб бориб турганлар. Масалан алача, бўз, хом сурп, босма, оқ сурп, занданийчи, қизил мато, миткал, қалами, пардалар, белбоғлар, рўмолчалар, чодирлар шулар жумласидандир. Булардан ташқари кийим-бошлар, ип-калава ва оз миқдорда пахта келтириларди. Ўша даврда ўзбек газламаларини бошқа жойларда ҳам учратиш мумкин эди. Масалан, 1615 йили икки ўзбек савдогари Қозонга 7190 газ газлама олиб борган экан. 1622 йили бир ўзбек савогари 1650 газ ип-газлама, 230 газ ипак газлама, 20 та пардс ва 150 та белбоғни Нижний Новгородда, 1633 йили Отақули ҳожи исмли савдогар эса 66530 газ турли газламаларни Астраханда сотган. Хуллас, XVII—XVII асрлар давомида ва XIX аср бошларида ҳам Мовароуннаҳрда ишлаб чиқарилган турли газлама ва калава иплар кўп миқдорда чет ўлкаларга чиқарилган. Ўзбек савдогарлари Астрахан, Оренбург, Троицк орқали Нижний Новгород ярмаркасида турли газламалар, кийим-кечаклар, ип-калава, ипак, қимматли тошлар, қоракўл тери ва бошқа моллар олиб боргани кўпгина тарихий манбаларда қайд этилган.
Сибир шаҳарларига икки қаватли занданийчи, уч қаватли занданийчи, энли ва энсиз гулдор газлама, ялтироқ хом сурп, энсиз бўз, энли қалами, рангдор қалами, оқ дока, зарҳал ипак газлама, сатин, белбоғ, ипак рўмоллар, шунингдек тўн, нимча, камзул, бухоро пардаси, дастурхон ҳам чиқарилган. 1640 йили бир савдо карвонида 195690 газ энсиз гулли чит, 4790 газ энли чит, 539970 газ энсиз хом сурп, 7790 газ энли хос сурп, 2460 қалами, 260 газ энли гулли мато, 2320 газ дока, 37590 газ буклама ип газлама, 14750 газ учлама ип газлама, 1722 та чакмон, 1512 та белбоғ сингари моллар Тобольск бозорларига олиб келиниб сотилган. Масалан, 1703 йилда Тюменга 50000 газ, 1714 йилда эса 16550 газ, 1712 йили Тарага бир ўзбек савдогари томонидан 4460 газ, 1705 йилда Ямишев кўлига 44400 газ аждодларимиз тўқиган ип-газлама келтирилган. 1745 ва 1747—1750 йилларда Семипалатинскка 312600 газ турли хил ип-газламалар олиб борилган.
Ўзбекистон ва Сибир ўртасидаги савдо алоқасида Ирбит ярмаркаси (ҳозир Свердловск вилоятида) муҳим ўрин тутган. Ирбит ярмаркасида ўзбек моллари билан савдо тобора ўсиб борган. 1838 йилдаги ярмарка анжуманида Русия савдогарларидан 850 киши, ўзбек савдогарларидан 270 киши ва чет эл савдогарларидан 24 киши қатнашган.
Пахтадан тўқилган турли ип-газламалар ва бошқа тайёр кийимлар Оренбург шаҳри орқали ўролбўйларига, хусусан ҳозирги Бошқирдистон ва Татаристон мухтор жумҳуриятларига олиб кетиларди. Шунингдек, қозоқлар, туркманлар, қирғизлар, қорақалпоқлар яшайдиган тасарруфларда ҳам асосан пахталик газламалардан кийим кийиш кенг урфга кирган эди. Тарихий манбаларда Озарбойжон, Арманистон ва Гуржистонга ҳам ипак газламалар олиб борилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўзбек газламаларининг хорижий мамлакатларга олиб кетилиши ўлкада пахтачилик анча ўсганидан дарак беради, албатта.
Ўзбек пахтаси Русияда катта қизиқиш уйғота борган. Ҳатто рус ҳукумати пахта, қовун-тарвуз ва узум етиштиришни ўз ўлкасида иқлимлаштиришга қаратилган баъзи чораларни кўрган. Чунончи, XVII асрнинг ўрталарида рус подшоси махсус фармон чиқариб, Астрахандан чигит, узум, қовун-тарвуз уруғларини топиб, уларни экиш учун Москвага юбориш тўғрисида маҳаллий ҳокимиятга кўрсатма беради. Фармонда, юқорида кўрсатилган нарсалар Астрахандан топилмаса, уларни Ўрта Осиёдан келтиришга эришиш ва ўзбекларни бу ишга жалб қилиш зарурлиги ҳам таъкидланган. Подшо фармонига биноан ғўза чигити, қовун ва тарвуз уруғлари Москва яқинидаги Измайлов қишлоғида тажриба учун экиб кўрилади. Лекин бу экинлар ҳарорат ҳамда тупроқ таркибининг ноқулайлиги сабабли яхши ўсмайди.
Рус ҳукумати ноилож қолгач, жанубда жойлашган Оренбургда пахта ўстиришга алоҳида аҳамият берди. 1753 йилда Оренбург генерал-губернаторининг Санкт-Петербургга юборган хабарида губернияда Хоразмдан келтирилган чигит экилгани ва ғўзанинг яхши ривожланаётгани айтилган эди. Ўша йили кўкариб турган бир туп ғўза намуна тарзида пойтахтга ҳам юборилган. Бироқ, кейинчалик губернияга совуқ тушиб, ям-яшил ғўзаларни қийратиб кетади. Пировардида генерал-губернатор ҳукуматнинг йирик вакилларидан бирига қуйидагиларни хабар қилган эди: «Сиз жаноби олийларига бир туп ғўзани юборган вақтимда, эккан пахтамиз батамом пишиб етилар, деган умидда эдик. Ғўзаларимиз бир неча кўсак тукканда баногоҳ совуқ тушиб, уларни жувонмарг қилди. Шу боисдан, каломи эҳтиром билан сиз муҳтарам зотга беш донагина кўсак юбораётирман».
XVIII аср охирларида рус ҳукумати бир сибирлик ўзбекни Сибирда пахта етиштириш мақсадида Бухорога юбориб, сифатли чигит келтириш ва пахта усталарини бу ишга жалб қилиш ҳақида махсус қарор чиқаради. Бироқ бу уриниш ҳам Сибирдаги иқлим шароитининг ноқулайлиги туфайли амалга ошмайди. Ўз-ўзидан маълумки, Русияда ноқулай иқлим туфайли пахта етиштиришнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун Чор ҳукумати ўзбек хонликларини босиб олиш орқали пахтани қўлга киритишни ҳам энг муҳим вазифалардан бири, деб ҳисоблаган.
Рус тўқимачилик саноатининг ўзбек пахтасига муҳтожлиги, айниқса Америкада фуқаролар уруши вақтида яққол кўзга ташланди. Уруш оқибатида Америкадан Русияга пахта келтириш анча қисқарди. Натижада, Русия бозорларида бир пуд пахтанинг нархи 4—5 баравар ошиб кетди. Пахта инқирози туфайли ўнлаб рус тўқимачилик корхоналари ёпилди. Ўзбек пахтасига талаб кучая борди. Чунончи, 1862 йилда 1802 минг сўмлик, 1863 йилда 2903 минг сўмлик ва 1864 йилда 6514 минг сўмлик ўзбек пахтаси Русияга келтирилганлиги бир қатор тарихий манбаларда учрайди. Бу ўша замон учун катта маблағни ташкил этарди. Гарчанд кейинги йилларда Америкада вазият яхшиланиб, у ердан Русияга пахта келтириш йўлга қўйилган бўлса-да, сарфланган харажат миқдори рус саноат эгаларига 90 миллион сўмга тушар эди. Бу, шубҳасиз, газлама таннархини қимматлаштириб юборган. Бунинг устига рус тўқимачилик корхоналари газламаларига Европада талаб кучли эмас эди. Шу боисдан Русияга арзон баҳоли пахтага эга бўлиш ва ундан ишланган тайёр маҳсулотларни сотадиган, талабчан бозор зарур бўлиб қолди. Бунга эришмак учун чор Русияси XIX асрнинг 60—70-йилларидан бошлаб қонли ва даҳшатли урушлар эвазига ўзбек хонликларини босиб олаверди. Ана шу пайтда ўзбек пахтачилигининг биринчи даври ташқи куч зўравонлигида ниҳоясига етди.
Хўш, биринчи давр афзалликлари нималардан иборат эди?
Аввало, пахтадан олинадиган даромаднинг ҳаммаси ватанимизда қоларди. Бу ҳолат ўлкада ишлаб чиқариш кучлари ҳамда моддий ва маънавий ҳаётнинг ўсишида муҳим ўрин эгаллаган. Деҳқон, ҳунарманд ва савдо аҳли машаққатли меҳнатлари эвазига келган бойликнинг ҳақиқий эгалари ҳисобланган. Пахтадан тайёрланган молларни очиқ ва ташқи бозорга чиқариш қадим даврларданоқ ўлкада ихтисослаштирилган ҳунармандчилик тармоқларини юзага келтирган эди. Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Урганч, Хива, Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон ва бошқа шаҳарларда минглаб кишилар ишлайдиган тўқимачилик, тикувчилик, бичувчилик, бўёқчилик ва бошқа ҳунармандчилик корхоналари мавжуд эди. Бироқ хонликлар даврида пахта меъёрида етиштирилган. Шунинг учун ҳам у вақтларда, «Бирживые ведомости» рўзномасининг 1874 йилги сонларидан бирида ёзилишича, ўлкада, хусусан Тошкентда озиқ-овқат шунчалик кўп ва арзон бўлганки, буғдой ва гуруч бозорда ҳафталаб қаровсиз ётган Улар руслар келганидан кейингина қимматлашган. Ўша рўзномада таъкидланишича, бу пайтда пахта нархи баланд бўлган. XVIII аср 90-йилларида Тошкентга келган рус элчилари шаҳарда пилла, пахта, шунингдек, буғдой, арпа, тариқ, мевалардан: узум, ўрик, ёнғоқ, олма, нок, қовун ва тарвузлар жуда бисёрлигини ёзиб қолдиришган. 1813—1814 йиллари Қўқон хонлигида бўлган Филипп Назаров Фарғона водийсида, асосан пахта экилишини таъкидлаш баробарида турли мевалар ҳам сероблигини уқтириб ўтади. Шубҳасиз, айрим жойларда чигит кўпроқ майдонларга экилган бўлиши мумкин, лекин, умуман олганда, ҳар учала хонликда пахта яккаҳокимлигига йўл қўйилмаган. Пахта яккаҳокимлиги чор ҳукумати ўзбек хонликларини босиб олгандан сўнггина юзага чиқди. Ана шу пайтдан эътиборан пахтачиликнинг иккинчи даври бошланиб, у то Октябрь инқилоби ғалабасигача давом этди.
Ўзбек хонликларининг бирин-кетин чор ҳукумати томонидан забт этилиши биринчи навбатда мўмай даромадни пойлаб ётган рус савдо-саноат вакилларини тўлқинлантириб юборди. Рус матбуоти, жумладан, «Русский вестник» (1868 й.) рўзномаси Ўрта Осиё бойлиги фақат олтин ва қимматли тошлардан иборат эмас, балки пахта, ипак ва мева-чева кони ҳам экани ҳақида жар солиб, аввало пахтачиликни ривожлантиришга эътибор қаратадилар. Шунингдек, рўзнома ҳозирданоқ Бухоро пахтаси Америка пахтасига нисбатан арзон тушаётганини билдиради. Аммо Русиядаги манфаатдор доиралар ўз хоҳишларини тезлик билан амалга ошира олмайди. Чунки XIX асрнинг 60—70-йилларида чор ҳукумати асосан хонликларни босиб олиш в ўлкада ўз мавқеини мустаҳкамлаш билан банд бўлди. Устига-устак маҳаллий пахта кўп жиҳатдан рус тўқимачилик саноатига мос тушмас эди.
Маълумки, Ўрта Осиёда узоқ асрлар мобайнида пахтанинг маҳаллий «малла ғўза» ва «қизил пўчоқ» нави етиштирилиб келинган. «Қизил пўчоқ»нинг чигити анча йирик, толаси эса оппоқ бўлган. Ғўза танаси қизғиш тусда бўлганидан унга «Қизил пўчоқ» деб ном берилган. Толасининг узунлиги 22—23 миллиметрга етган. «Малла ғўза» толасининг узунлиги 14—16 миллиметр чиқиб, ранги қизғишроқ, чигити эса жуда майда бўлган экан. Бу нав фақат серҳосиллиги билан ажралиб турган. Маҳаллий ғўза навлари орасида Хива хонлиги тасарруфида етиштирилган пахта сифати, майинлиги, толасининг узунлиги ўртача 20 миллиметрга етиши билан ўзгача қийматланган. Ўша давр мутахассисларининг фикрича, Хива пахтаси Америка пахтасидан қолишмаган.
Бухоро хонлиги тасарруфида етиштирилган пахта толасининг сифати ва узунлиги жиҳатидан Тошкент ва Фарғона водийси пахтасидан бироз устунлик қилган. Умуман олганда, маҳаллий пахта ҳунармандчилик тўқимачилигига мосланган бўлиб, асрлар давомида ички ҳамда ташқи бозор талабини қондириб келарди. Деҳқонлар пахтанинг маҳаллий иқлим, тупроққа мос тушадиган навларини яратиб экишган. Бундан ташқари пахта етиштиришга ҳозиргидан кўра кам сув сарфланган, бу деҳқонларнинг суви камроқ жойларга ҳам чигит экиш имконини туғдирарди.
«Малла ғўза» нави ўзининг кам ҳосиллиги ва толасининг калталиги, умуман сифат жиҳатидан тўқимачилик саноати талабларига жавоб беролмай, Америка пахтасига рақобат қилолмаслиги билан аста-секин ўз мавқеини йўқота борди.
«Малла ғўза» навининг харидорлар талабини қондира олмаётгани Ўрта Осиё чор Русияси томонидан забт этилмасдан олдиноқ айрим савдо-ҳунармандчилик вакилларига, хусусан Русия билан савдо-сотиқ олиб бораётган кишиларга аён эди. Улар даромадлари кўпайишини кўзлаб Америка пахтасини ўлкамизда иқлимлаштиришга уринганлар. Масалан, XIX аср ўрталарида йирик савдогарлардан бири X. Саидумаров Русия орқали Америка пахтаси уруғи ва толани чигитдан ажратадиган европача қўл машина (Жин)ни Бухорога олиб келган. Америкаликлар нави кам ҳосил берсада, толаси сифатли бўлгани учун фақат Нижний Новгород ярмаркасига сотиш учун олиб борилган. Лекин Бухорода пахтанинг бу янги навини иқлимлаштиришга ҳали шарт-шароит яратилмаган эди.
Америка пахтасини иқлимлаштиришда Н. Н. Раевский ташаббусига алоҳида тўхтаб ўтиш лозим, деб ўйлайман. У бундан олдин пахтани Қримда иқлимлаштириш устида иш олиб борган эди.
1866 йили у Оренбургда пахтачиликни йўлга қўйиш таклифи билан чиқиб, генерал-губернатор номига Америка пахтаси уруғи ва «Пахта етиштириш усуллари» деган қўлланмасини юборган. Айрим маълумотларга қараганда, ўша йили Америка пахтаси уруғи экиш учун Тошкентга ҳам юборилган экан. Ўлкада пахтачиликни ривожлантиришга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар чиппакка чиқади.
1868—1869 йиллари Тошкентда, Хўжандда ва Самарқандда Хўжа Юнусов деган киши Спридонов билан ҳамкорликда Америка ҳамда Миср пахта навларини иқлимлаштиришда муваффақиятга эришади.
1869 йили «Рус саноати ва савдоси ўсишига ёрдам бериш жамияти» кенгашида И. Н. Раевский «Русия ва унга қўшни Шарқ мамлакатларида пахтачиликни ривожлантириш» мавзуида маъруза қилади. Ўша кенгашда тўқимачилик саноати ва савдо-сотиқ доиралари вакиллари фаол қатнашадилар. Маърузачи Русияга Ўрта Осиё ва бошқа пахтакор жойлардан хом ашё келтирилиши ҳар жиҳатдан фойдали ва қулайлигини исботлаб беради. Унинг таъкидлашича, Русияга жами 3 088 285 пуд (42 710 136 сўмлик) пахта келтирилган бўлиб, шундан 639192 пуд (5 972 491 сўмлик) пахта шарқ ўлкаларидан олиб келинган экан. Бу Русияга келтирилган пахтанинг 21 фоизини ташкил этган. Албатта, кўп миқдордаги пахтани харид қилиш учун миллионлаб сўм маблағ сарфланган. Русияда савдо флоти бўлмаганидан пахта Европа мамлакатлари флоти ва темир йўлларида олиб келинган, натижада уловидан тушови қимматга тушган.
Уруш йилларида Русияга пахта келтиришда кескин узилиш ёки камайиш ҳоллари юз берганидан кўплаб тўқимачилик саноати корхоналари ёпилган, ҳукумат катта зиён кўрган. И. Н. Раевский шуни назарда тутган ҳолда Урта Осиёда пахтачиликни ривожлантириш Русия учун катта фойда эканини алоҳида уқтириб ўтади. У маҳаллий ғўза навларининг нуқсонларини гапириб, уни Америка навлари билан алмаштиришни тавсия қилади; ўз мулоҳаза ва таклифларини баён этади. Чунончи, у Америка Миср ва бошқа мамлакатлардан мутахассисларни чақириш, пахта етиштириш усулларига оид қўлланмаларни рус ҳамда маҳаллий тилларда чоп этиш, тажриба ўтказиш учун махсус майдонлар ажратишни тавсия этган. Унинг фикрича, тажриба станцияларида етиштирилган Америча ва маҳаллий пахта навлари уруғини олиб, етук мутахассислар тайёрлаш зарур эди. Шунингдек, маърузачи ўлкага пахтани тозалайдиган, чигитини ажратиб оладиган такомиллашган машиналар, тойловчи ускуналар олиб келиш зарурлигини уқтириб ўтади.
1871 йили И. Н. Раевскийнинг шахсан ўзи Тошкентга келиб Америка пахтасини иқлимлаштириш борасида катта ишларни амалга оширади. Самарқандда Америка пахтаси навини экади. Туркистон генерал-губернатори Кауфман унинг юқоридаги таклифига биноан икки кишини пахта етиштиришдаги билимини бойитиш учун Америкага йўллайди.
И. Н. Раевский Тошкентда етиштирилган Америка пахтаси сифатини билиш учун Москва тўқимачилик саноати соҳибларига юборган. Корчалонлар пахта сифатини яхши баҳолайдилар.
Тошкентда Америка пахтасини 1875 йили биринчи бўлиб эккан киши Мулла Йўлчи Тўйчибоевдир. Хорижий пахта нави уруғи Бухоро хонлигида, шунингдек, 1878 йилда Андижон, Наманган, Қўқон ва Марғилонда ҳам қадалган. Ўз-ўзидан аёнки, айнан ўша даврда Америка пахтасини ўлкамизда иқлимлаштиришга қаратилган ҳаракатлар жадал тус олган.
Америка пахтасини иқлимлаштириш тажрибалари туфайли ундан маҳаллий «малла ғўзапга нисбатан сифатлироқ, толаси узунроқ пахта нави яратишга эришилади. Бироқ бу нав кам ҳосилли эди. Ўшанда Американинг «Сеансланд» ва «Петит» навлари экилиб тажриба қилинган. Барибир улар маҳаллий шароитга мос тушмаган. Шунинг бараварида Америка пахтасининг бошқа навлари ҳам синаб борилади. 1877 йили Тошкентда пахта тажриба фирмаси очилади. Бу ерда Америка пахтасининг бир неча турлари экилади ва уларнинг уруғлари маҳаллий аҳолига улашилади. Ғўза майдонларида биринчи маротаба плуг ва пахта тозалаш қўл машинасидан фойдаланилади. Натижада, агротехника ишлари бир мунча енгиллашиб, пахта таннархи арзонлашади. Шунингдек, пахтани тойлаш ҳам жорий этилади. Тажриба майдонларида етиштирилган пахта толаси Москва тўқимачилик саноати корхоналарига юборилади. Саноатчилар пахта толаси узунлиги ва сифатини эътироф этишади. Аммо янги навлардан ҳамон кам ҳосил олинарди. Ниҳоят, XIX асрнинг 80-йилларига келиб, Америка пахтаси уруғлари орасида «Упланд» нави маҳаллий шароитда сифатли ва кўп ҳосилли бўлиб чиқди. Тўқимачилик саноати талабларига ҳар жиҳатдан мос тушди.
Америка пахтаси толаси узунлиги ва сифати жиҳатидан «малла ғўза» нави толасига нисбатан устун ва ҳосилдор бўлган. Вақт ўтиши билан деҳқонлар Америка пахтаси нави экилган майдонларни ошира берганлар. 1884 йили хорижий навлар 300 десятинага экилган бўлса, 1890 йилга келиб 58859 десятинани ташкил этган.
Америка ва «малла ғўза» навидан олинган тола 1890 йилда 2 миллион пудга, 1896 йилда 2 665 337 пудга етади. Толанинг асосий қисми Америка пахтасидан олинган. Пахта, асосан Фарғона водийсида етиштирилган. Сирдарё, Самарқанд ва Кавказорти вилоятларида ҳам бу қимматбаҳо хом ашё навлари экилган. 1900 йилга келиб пахта экилган майдон 257 501 гектарни ташкил қилган.
Америка пахтасини иқлимлаштириш Хива ва Бухоро хонликларида секинлик билан амалга оширилди. 1887 йили Хивада Америка уруғини иқлимлаштиришга уриниш бўлган эди. Бу уриниш тез орада тўхтаб, хонликда маҳаллий «малла ғўза» пахтаси етиштириш давом эттирилади. Чунки хонлик тасарруфида маҳаллий пахта сифати яхши, толаси узунлиги туфайли тўқимачилик саноати талабларига бирмунча жавоб берар эди. Бироқ жайдари пахта Америка пахтасига нисбатан пастроқ қадрланган. Хонликда 1890 йилда пахта майдони 15000 десятинани, 1900 йилда 20000 десятинани ташкил этган. Бу кўрсаткич Бухоро амирлигида 1880 йили 35 минг десятина бўлса, 1900 йилга келиб атиги 50 минг десятина ерга чигит қадалган.
Туркистон ўлкасида Америка пахтасининг муваффақиятли иқлимлаштириб борилиши ва саноат талабларига мос тушиши рус саноати корхоналари эгаларини, савдо аҳлини, ҳарбий хизматчиларни, қўйингки, пули бор барча корчалонларни ҳаяжонлантириб ва шошириб юборди. Улар ўлкага келиб, бевосита пахтачилик билан шуғулланишга ва пахта заводлари очишга киришдилар.
Улар шу тариқа мўмай даромад кетидан қувиб, бойлигига бойлик қўшишга муккасидан тушадилар. Пулдор одамлардан Туркистон маъмурияти номига пахта майдонларини кенгайтириш, пахта заводларини очишга рухсат сўраб ёзилган аризалар бирин-кетин туша бошлайди. Россияда «Пахта васвасаси» авжга минади. Натижада, ўлкада рус пахта майдонлари ва пахтачиликка боғлиқ заводлар миқдори ортиб боради. Савдо-саноат доираларининг асосий дарди-фикри пахтага эгалик бўлиб қолиш эди. Ўша вақт ибораси билан айтганда, уларнинг бутун вужудини пахтанинг «олтин ёмғирипда чўмилиш фикри чулғаб олган эди.
XIX аср охирларида, Тошкент шақри атрофида русларга қарашли пахтазорлар 4000 десятина ерни эгаллаб, бу умумий пахта майдонининг 20 фоизини ташкил этарди. Масалан, савдогар Беляков 620, Ярославлдаги катта тўқимачилик корхонаси 400, тижоратчи Тарсин 200 десятина ерда деҳқончилик қилган. Фарғона водийсида рус пахта майдонлари 500 десятина ерни ташкил этган. 1890 йилда Самарқанд вилоятининг Хўжанд уездида Кудрин фирмаси ва бошқа кишиларга тегишли 300 десятина ерда Америка пахтаси етиштирилган. Ҳатто ўлкани босиб олишда жонбозлик кўрсатган генерал-майор Абрамовнинг Самарқандда шахсий пахта майдони бор эди.
Пахта майдонларида мардикор ва чоракорлар ишлатилган. Ер ва ғўзага ишлов бериш асосан қўл кучида бажарилган. Натижада пахта таннархи қимматлашиб, кўплаб майдон эгалари катта зиён кўрардилар. Бу ҳол, айниқса об-ҳаво ноқулай келган вақтларда қаттиқ сезиларди. Оқибатда, айрим ер эгалари пахтачиликдан бутунлай воз кечдилар ёки ўз майдонларини мақаллий деққонларга мажбурликдан ижарага берардилар. XIX асрнинг сўнгги йилларига келиб, рус пахтачиларининг аксарияти ўз фаолиятига чек қўйишга мажбур бўлди.
Пахтачиликнинг ўса бориши ўлкамиз ижтимоий-иқтисодий хаётига таъсир кўрсатди. Бу ҳақда XIX аср охирларида юртимизга келган деққончилик идораси вакили В. И. Масальский кўрган-кечирганларини қуйидагича баён этган: «Ўтган қисқа вақт ичида, Туркистонда пахтачилик соҳасида туб ўзгаришлар юз берди: пахтачилик билан махсус шуғулланувчи корхоналар эгалари пайдо бўлди, Америка пахта навлари ўлка шароитига иқлимлаштирилди, жинлар келтирилди ва пахта тозалаш заводлари қурилди, деққончилик қуроллари такомиллаштирилди, пахта савдоси тартибга солинди, пахта билан иш юритувчи йирик фирмалар пайдо бўлди, пахтани тойлаш ва юклаш усуллари яхшиланди. Хуллас, пахта тайёрлаш ўса бориб, юз минглаб кишилар иш ва озиқ-овқат билан таъминланди, ўн миллионлаб сўм муомалага киритилди».
Бироқ пахтанинг асосий қисми Русияга олиб кетилаверди. Пахтачилик ривожи фақат чор ҳокимияти хазинасини бойита борди. Ҳатто бу адолатсизлик ҳақида ўлкада рус тилида чиқадиган «Окраина» рўзномасининг 1896 йилги сонларидан бирида шундай ёзилган эди: «Рус саноати эҳтиёжини қондириш мақсадида пахтачилик ривожланишидан саноат эгаларидан ўзга хеч ким фойда кўрмади. Пахта арзон баҳода олиниб, Русияга юборилади. Шу пахтадан ишланган тайёр маҳсулотларни у ёқдан ўлкага келтириб сотишади ва катта фойда кўришади. Мавжуд пахта майдонларини қисқартириб меъёрида экиш ҳақида жўшиб гапирилади-ю, лекин уни экишаверади».
XIX аср охирида бошланган пахта яккаҳокимлиги кейинги йилларда тобора мустаҳкамлана борди. Пахтачиликни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилади. Чунончи, Андижон, Мирзачўл, Самарқанд ва бошқа жойларда намунали пахта майдонлари бўлиб, у ерларда пахта ҳосили ва сифатини янада яхшилаш борасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган.
Пахтачилик мутахассислари қурултойларини чақириб туриш айнан ана шундай тадбирлардан бири эди. Биринчи қурултой 1884 йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиб, унда ер майдонларини экишга тахтлаш усуллари, уруғ сифати ва қадаш қоидалари, ғўзани парваришлаш жараёни ва унинг ҳосилдорлигини таъминлаш чоралари, теримни уюштириш ва йил бўйи қилинган ишлар якунлари ҳақида мутахассис ва майдон соҳибларининг фикрлари ўртага ташланган. Қурултой қатнашчилари Туркистон ва умуман жаҳон пахтачилиги тажрибалари асосида ўзаро фикр алмашадилар. Уларнинг диққат марказида, биринчи галда Туркистонда янги пахта навларини иқлимлаштириш, ҳосилдорликни ошириш ва агротехника қоидаларини юксалтириш турарди. Шунингдек, қурултойда келгуси йилда мўл ҳосил етиштириш ва ишчи кучларидан тўғри фойдаланиш ҳақида ҳам сўз юритилади. Хуллас, қурултой қатнашчилари пахтачилик тараққийсига боғлиқ бир қатор масалаларни кўриб чиқиб, ўз таклифларини тавсия этадилар. Булар орасида суғориш тармоқларини кенгайтириш, янги ерларни ўзлаштириш, пахта савдосини яхшилаш каби бир қатор муҳим масалалар бор эди. Чор ҳукумати ва буржуйлар пахтачиликка ўз манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашиб, оз маблағ сарфлаб, кўпроқ даромад олиш сиёсатини қўллайди. Аммо уларнинг канал-ариқлар қазиш ва янги ерлар ўзлаштиришга маблағ ажратишга кўзи қиймади. Тўғри, улар пахтачилик ривожида ғоят асқотадиган суғориш тармоқларининг режаларини тузиб, маълум чоралар кўришган. Лекин бу ҳаракатлар охирига етказилмаган. Чор ҳукумати ариқлар ва бошқа суғориш шохобчаларини кенгайтириш, тартибга солиш билан кифояланади. Ўша вақтда Мирзачўлда, 14 йил давомида янги канал қазилади. Бу атиги 6000 десятина ерни суғориш имконини берарди, холос.
«Пахта васвасаси» XX аср бошларида ҳам тинмади. Россиянинг пахта мустақиллигини таъминлаш ҳаракати тобора авж олиб борди. Бу ҳолат ўша замон матбуотида ҳам ўз ифодасини топган эди. Жумладан, «Туркестанские ведомости» рўзномаси сонларидан бирида ўлкада Америка пахтасидан қолишмайдиган сифатли пахта етиштирилаётгани, қишлоқ хўжалик экинлари орасида пахтачилик етакчи ўрин тутишини уқтириб ўтилган.
«Туркестанский хлопок» китобининг муаллифи И. Слуцкий пахтачиликнинг умумрусия ҳаётидаги аҳамиятини қуйидагича изоҳлаган эди: «Пахта бутун Туркистон ўлкаси ҳаётининг асосий тармоғидир. Фарғона, Сирдарё, Самарқанд ва Каспийорти вилоятлари, Бухоро ва Хива хонликларида яшовчи туб аҳоли ва руслар турмуши кўп жиҳатдан хийла фойдали экин — пахтага боғлиқдир. Марказий Русияда истиқомат қиладиган юз минглаб кишилар, фабрика-завод эгалари, темир йўл ишчиларининг ҳаёти Туркистон пахтасига чамбарчас алоқадордир. Туркистон ўлкаси ва Русиянинг марказий қисмида савдо-саноат ривожланиб, бундан чор ҳукумати анча манфаат кўрмоқда. Агар чор ҳарбийлари Туркистон ўлкасини босиб олиб, чинакам жавоҳиротни қўлга киритган бўлса, ҳақли равишда айтиш мумкинки, бу жавоҳирнинг бири — пахта эди ва у Туркистон ўлкасини Русияга буткул боғлаб қўйди. Шунингдек, Ўрта Осиё темир йўлининг Андижонга етказилиши, Тошкент—Оренбург темир йўли қурилишига х,ам шу бебаҳо бойлик сабаб бўлган».
Пахтачиликни ривожлантириш масаласида икки хил фикр мавжуд эди. Булардан бири — пахтачиликни янги суғориш тармоқлари очиш, янги ерлар ўзлаштириш ҳисобига ўстириш эди. Масалан, ўлка шарт-шароитини чуқур ўрганган сенатор Пален бунингсиз уни ривожлантириш салбий оқибатларга олиб келишини ёзиб қолдирган.
Чор ҳукумати ернинг издан чиқишига қарамай, пахтачиликни кучайтиришни ўз вакилларидан талаб қилаверади. Бу хусусда Русия деҳқончилик нозири Кривошеин шундай деган эди: «Туркистон ғалласи Русия ғалласига, пахтаси эса Америка пахтасига кушандадир». Бундан чиқадиган маъно шуки, агар Туркистон диёрида ғалла кўп экилса, Русиядан келтирилаётган ғаллага нисбатан талаб камайиб, зиён кўрилади. Демак, қанча кўп пахта экилса, Русия ғалласига эҳтиёж шунча ошиб бораверади. Уз навбатида бу Русиянинг уловидан тушови қимматга тушаётган Америка пахтасига боғлиқ муаммоларини ҳам бартараф этарди. Нозирнинг фикрича, пахтачилик ривожлантирилаверса, икки тарафга фойдадир. Туркистон аҳолисининг аҳволи нима кечса-кечсин-у, лекин Русия манфаатлари тўла сақлансин! — бу чор маъмурлари юритган яккаю ягона сиёсатдир.
Чунончи пахта майдони 1901 йилда 268013 десятинани ташкил этган бўлса, 1916 йилга келиб 533671 десятинага етган. Аммо Туркистон жавоҳири Русияга тобора кўпроқ олиб кетилаверган. 1901 йили Русияга 6,9 миллион пуд пахта толаси жўнатилган бўлса, бу кўрсаткич 1916 йилга келиб 18,5 миллион пудга етади.
1915 йили Бухоро хонлигида 2718 минг пуд, Хива хонлигида 1740 минг пуд пахта етиштирилган. Умуман олганда 1880—1917 йиллар мобайнида ўлкадан Русияга жами 225,8 миллион пуд пахта толаси олиб кетилган. Бу пулга чақилса 2 миллиард сўмдан ошарди. (Биз, асосан пахта хом ашёси устида сўз юритаётирмиз.) Агар Русияда ўзбек пахтасидан тайёрланган газлама ва кийим-кечаклардан олинадиган тушумларни ҳисобга олсак, у миллиард-миллиард сўмларни ташкил этади. Бундан ташқари ўлкамиздан Русияга кўп миқдорда пахта ёғи ва бошқа маҳсулотлар олиб кетилган. Чор ҳукумати ва сармоядорларнинг ўлкани сурбетларча талашини «Окраина» ойномаси ўша вақтлардаёқ қоралаган эди. Рўзнома таъкидлашича, 1907 йилда 135 миллион сўмлик пахта харид қилинган. Шундан 101 миллион сўм деҳқонлар қўлига теккан. Унинг ҳам 75 миллиони ўлкага келтирилган рус молларини сотиш орқали Русияга олиб кетилган. Шубҳасиз, бу катта маблағни ундириш учун моллар нархи атай қимматлаштирилган. Шу равишда 135 миллион сўмнинг бор-йўғи 26 миллион сўмигина пахтакорлар қўлига теккан. Бечора деҳқонлар унинг анча қисмини қарзларини тўлашга сарфлаганлар.
«Окраина» рўзномаси маълумотларига кўра, ўша вақтларда миллатидан қатъи назар ўлкада яшаётган ҳар бир кишининг фикри-зикри пахтада бўлган. Ҳатто Русиядан келган одамлар ҳам дастлаб ўз эътиборини пахта ҳосили ва нархига қаратганлар.
Ўзбек пахтаси Русияда ҳам, Туркистонда ҳам минглаб кишиларни шу тариқа ўзига «асир» қилиб олган эди. У айниқса, чор ҳукумати ва савдо-сотиқ вакиллари диққатини қаттиқ жалб этган. Пахта терими бошланиши ҳамоно Русия марказидаги бевосита манфаатдор доиралар мўмай бойликка эришиш учун жон-жаҳди билан ўлкага ёпирилиб келганлар. Бу ишда улар қишлоқ оқсоқолларидан, пахтани чигит ва чаноғидан тозаловчилардан, аравакашлардан усталик билан фойдаланганлар.
Деҳқонлар, асосан қарз олиб ишлашга мажбур бўлган. Фирмалардан пахтакорларга қарз пуллар олиб бериш ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштиришда пахта тозаловчилар ўртада турганлар, даллоллик қилганлар. Шу касбларидан бойликларини орттириб борганлар. Улар тайёр ҳосилни фирма ва саноат эгаларига сотганлар. Улар вақт ўтиши баробарида бойиб борган, пировардида фирмалар ихтиёридан чиқиб, мустақил равишда судхўрлик қилиб пахта савдоси билан шуғулланганлар. Пахта тозаловчилар пахтакорларнинг манфаатларига хиёнат қилиб, ўз ҳамқишлоқлари ва мижозларини ҳисобдан адаштиришни яхши билганлар.
Ўша «Окраина» рўзномасининг ёзишича, пахта тайёрловчилар, пахта савдосида воситачилик қилувчи одамлар шу даражада фирибгар ва найрангбоз бўлганларки, уларни халойиқ ҳақли равишда «жалаблар» деб атаган.
Шуни ҳам айтиш лозимки, пахтакорларга қарз пул ҳамиша берилмаган. Айниқса, XX аср бошларида уларга пул ўрнига ун, ғалла, чой, газлама ва бошқа нарсалар берилган. Бу пахтакорлар рўзғорини янада хонавайрон этарди. Чунки эрта баҳорда юқорида номлари саналган молларнинг нархи 3—4 баравар ошиб кетар, қарз берувчилар эса озиқ-овқат ҳамда саноат молларини қишлоқ аҳлига бозор нархида пулларди. Бироқ пахтакорлар ер ҳайдагани иш ҳайвони ва бошқа деҳқончилик қуроллари сотиб олиш учун пулга эҳтиёж сезишарди. Шу боисдан улар қарз олган молларини бозорда арзон баҳода сотишга мажбур бўлишарди. Чунки моллар камбағалларга тарқатилгач, уларнинг бозордаги нархи анча пасайиб кетарди. Шу равишда деҳқон озгина пулга эга бўлган ҳолда баҳорда иш ҳайвонини қимматга олган. Уни қишда боқолмаслигига кўзи етгач, кузда арзон-гаровга сотиб юборишарди.
Камбағал деҳқонлар от-араваси бўлмаганлиги туфайли ҳосилни қабул қилиш пунктларига олиб бора олмас эдилар. Бу ҳол эса ўз навбатида аравакашларга жуда қўл келган. Улар йўли ёмон ёхуд узоқ қишлоқларга бориб, деҳқонлардан пахтани арзонга олиб, фирмачиларга қимматга сотганлар.
Одатда, банклар фирмаларга 8—9 фоиз фойдаси билан пул берган бўлса, фирмалар у пулни 12—16 фоиз фойда олиш учун пахта тозаловчиларга ўтказган. Пахта тозаловчилар эса пулларнинг маълум қисмини бевосита пахтакорларга 40—60 фоиз фойдаси билан, қолган қисмини 25—40 фоиз фойдаси билан аравакашларга берган. Шундай қилиб, банкдан қарзга бериладиган пуллар деҳқонларга қўлма-қўл етиб боргунча бир неча ҳисса ошиб бораверган. Пахта тозаловчи, аравакаш ва пахта сотиб олувчилар деҳқонлар саводсизлиги ва соддалигидан фойдаланиб, ҳисобдан адаштириш, тарозидан уриш ва пахта сифатини пасайтириш орқасидан ҳам даромад қилардилар. Фирмалар ва саноат эгалари пулни қарзга бериш баробарида пахтани Русия бозорларига олиб бориб сотганлар ёки ундан ишлаб чиқарилган газламаларни ўлкага келтириб сотиб жуда катта фойда орттирардилар. Мушфиқ пахтакорлар тобора қарз ботқоғига ботиб борардилар. Чунки уларнинг қарзга оладиган пуллари пахта харид қийматига тенг бўлмаган. Масалан, Тошкентда бир пуд пахтанинг қиймати 1,82 тийин турган қолда, қарз пулининг ҳажми ўша бир пудга 2,76 тийинга тўғри келган. Фарғона вилоятида бир пуд пахтанинг қиймати 1 сўм 85 тийин турган холда, қарз пулининг ҳажми 2 сўм 77 тийинга борган. Бундай аҳволни бошқа вилоятлар мисолида ҳам кўриш мумкин эди. Фирма, пахта тозаловчи ва аравакашлар қарз бериш йўли билан пахтакорларни ўз гирдобида қаттиқ ушлаб туриб, уларни пахта бозорларида бевосита эркин сотиш имконидан маҳрум этганлар. Айрим маълумотларга кўра, Туркистонда етиштирилган пахтанинг деярли фоизи қарзни ундириш орқали фирма ва саноат эгалари қўлига келиб тушган. Масалан, 1913— 1914 йилларда етиштирилган пахтанинг қиймати 132 282 677 минг сўмни ташкил этган бўлса, унинг 47 282 677 минг сўми пахта тозаловчиларга, қолгани фирмачиларга тегишли эди.
Фирма ва пахта тозаловчилар ва аравакашлар пахтакорларни ўз қўлларида тутиб туриш учун пулнинг маълум қисмини жўрттага кейинги мавсумга қолдирганлар. Бу билан улар деҳқонларни кейинги мавсумда ҳам пахта экишга мажбур этиш ҳамда доимий мижоз сифатида сақлаб туришни мақсад қилиб қўйганлар. Бироқ пахта тозаловчилар ва аравакашлар барча хўжаликларга бирдай муносабатда бўлмаганлар. Агар деҳқон ночор аҳволга тушиб, олган қарзини тўлашга имкони етмай қолса, дарҳол унинг хўжалигидаги мол-мулкини мусодара этишган. Пахта тозаловчилар ва аравакашлар икки йил давомида қарзини узмаган деҳқонларнинг ер-сув, ҳовлисини мосуво этган ва уларнинг ўзини батракка, яъни пролетарларга айлантирган. Бу ҳол ўлкада махсус батраклар синфининг пайдо бўлишига олиб келган омилдир.
Баъзи қишлоқ ва мавзеларнинг 80—90 фоиз ерига пахта экилар, натижада у ерларда озиқовқат маҳсулотлари ва ем-хашак танқислиги вужудга келарди. Пахтакорлар кундалик турмушларига зарур маҳсулотларни бозордан сотиб олишга мажбур бўларди.
Қарздорлик ва судхўрлик авж олиши билан деҳқон оммасининг ерсизланиши ниҳоятда кучайиб, фирма ва маҳаллий ҳукмрон синф вакиллари қўлига тобора кўп ер ўта борди. Ерсиз хўжаликлар ўлканинг айрим туманларида 40 фоизга ва уйсиз кишилар эса 25 фоизгача етарди. 1910 йил Фарғона вилоятида улгуржи ишларни бажарувчилар 200 минг кишига етган. Бу вақтга келиб Туркистонда ерсиз хўжаликлар аҳолининг 30 фоизини ташкил этарди. Гарчанд ҳукумат томонидан ерлар фирмалар қўлига тўпланиши таъкидланган бўлса-да, судхўрлар бундан мустасно эди. Натижада, ер улар қўлига янада кўпроқ тўпланаверди. Пахта тозаловчилар орасидан йирик ер эгалари етишиб чиқди. Масалан, Андижон уездида яшайдиган пахта тозаловчи Миркомил Мўминбойнинг кўп ерга эгалик қилиши баробарида 14 миллион сўм пули бўлган. Ўлкада Миркомилбойга ўхшаш бир неча йирик ер эгалари фаолият юритарди.
Умуман олганда, ўзбеклардан етишган йирик бойларнинг, яъни миллий буржуазиянинг сони оз бўлиб, улар рус савдо ва саноат фирмаларига қарам эдилар. Улар ҳар жиҳатдан заиф бўлганликлари учун хорижликлар томонидан миллий бойликлар таланишига қарши курашишга қодир эмас эдилар.
Туркистон ўлкаси бўйича 44 фоиз деҳқон хўжалиги 1 десятинагача, 32 фоиз деҳқон хўжалиги 1—2 десятина, 4,2 фоиз хўжалик 10—20 гектар унумдор ерларга эгалик қиларди. Қишлоқда яшовчи бир талай одамларнинг чорва моли бўлмаган. Фарғона вилоятида 41,3, Сирдарё вилоятида 20,3, Самарқанд вилоятида 27,6 фоиз, бутун Туркистон ўлкасида 30 фоизга яқин деҳқон хўжалиги чорва молларига мутлақо эга эмас эдилар.
Пахтакорлар ва умуман деҳқон оммаси турли-туман солиқ ва мажбуриятларни ўз вақтида тўлаши шарт эди. Маъмурият вакиллари солиқларни ундиришда адолатсизлик ва зўравонлик қилиб, белгиланганидан ортиқча ҳақ олардилар. Ана шу йўл билан улар ўз бойликларини тобора ошира борганлар. Натижада кўп деҳқон хўжаликлари хонавайрон бўлиб, мол-мулки ва еридан маҳрум этилган. Пахтакорлар орасида рўзғорини бемалол тебратган ҳамда қарздор бўлмаган ўрта ҳол хўжаликлар сони озчиликни ташкил қилган.
Чор ҳукумати солиқ ва бошқа тўловлардан катта даромад оларди. Масалан, солиқлардан келган даромад миқдори 1913 йилда 23 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 1916 йилда 33,3 миллион сўмга етади. Бу ўша вақт учун катта маблағ ҳисобланарди.
XX аср бошларида пахтакорлар бўйнидаги қарз пуллар миқдори анча кўпайиб кетган. Ҳужжатларда қайд этилишича, 1912 йили пахтакорлар давлат ва хусусий банклардан ҳаммаси бўлиб 156 712 минг сўм қарздор эдилар. Шундан 80979 минг сўми Фарғона вилояти пахтакорлари зиммасига тушган эди.
«Қарзнинг ниҳоятда оғир устама тўловларидан толиққан, бир неча маротаба алданган ва ҳисобдан адаштирилган деҳқон, — деб ёзади 1926 йилда нашр этилган «Экономические очерки хлопководства» китоби муаллифи А. Демидов, — жуда ачинарли ҳаёт кечирарди. Ҳисоб-китоб вақтида деҳқон олган қарбини узгани ёки тўлай олмаганига қарамай, барибир қаттиқ қийноқ остига олинган. Қарзларни ундириш фақат мол-мулкини мусодара этиш билан чегараланмаган. Айрим фирмалар ўзбошимчалик билан деҳқонларнинг чорва молларини тортиб олиб, ўз одамлари орқали молларини бозорда соттириб, пулини кассага ўтказган. Баъзи олғир савдогарлар қулоқ эшитмаган зўравонликлар қилиб, қарздорларни ўз омборларига қамаб қўйганлар ва уларни қариндошлари сотиб олмагунича ёки қарзини тўламагунича ушлаб туришган. Қарздорлар, одатда калтакланган, қаттиқ жазоларга тортилган. Олғир савдогарлар, ҳатто қарздорларнинг хотинини сотиш даражасига етганлар. Пировардида умидлари пучга чиққан қарздорлар иши адвокатлар қўлига ўтган. Адвокатларнинг бутун юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари фирмада сақланаётган деҳқон ҳужжати — «Васиқа»га ёзиб борилган». Мол-мулкидан маҳрум этилган ўн мингларча пахтакорлар қишлоқ бойларига қарашли ерларда чорикорлик қилишга мажбур бўлганлар. Чорикор бой ерини ижарага олиб, ҳосилнинг ярмини, ҳатто ундан ортиқроғини унга беришни ўз зиммасига оларди. Ижарага берилган ерларда, асосан пахта етиштириларди. Чорикорларнинг 2 десятина ерда деҳқончилик қилишга қудрати етмас эди. У пахтани оила аъзолари иштирокида етиштирган. Бордию оила аъзоларининг бирортаси бетоб бўлиб қолса, у вақтда чорикорнинг аҳволи ғоятда оғирлашиб, мўлжалланган ҳосилни етиштира олмаганлар.
Чорикорларнинг ўзлари етиштирган ҳосилдан оладиган улуши бир хил бўлмаган. Мабодо, улар бойдан ер билан бир қаторда иш ҳайвони, уруғлик, деҳқончилик қуролларини ҳам қарзга олган тақдирда ҳосилнинг бешдан уч қисми бойга теккан. Устига-устак, чорикор қарз пулини ва деҳқончилик қуролларини бойга қайтариши шарт эди. Чорикорлар улуши саккиздан бирдан учдан икки қисмгача борган. Бироқ чорикорларнинг кўрсатилган шартларни амалда бажаришга кучи етмаган. Бир десятина ерда пахта етиштириш учун сарфланган умумий харажат 207,3 сўмни ташкил этиб, шундан 194 сўм 86 тийини ижара ҳақи, қарзнинг устама тўлови ва солиқларга кетган. Натижада чорикорнинг бир кунлик даромади 9 тийиндан ошмаган. Бу даромад ҳам бир десятина ердан 9 центнер пахта ҳосили етиштирилган тақдирдагина олинган. Ваҳоланки, 9 центнердан пахта ҳосили олиш ўта машаққатли эди.
Деҳқонлар қарзга тобора чуқурроқ ботиб, хўжаликлари ниҳоятда қашшоқлашаверди. Бу хусусда эътиборингизни бир манбадан олинган қуйидаги сатрларга тортаман: «Деҳқоннинг уйи ва хўжалиги шу даражада харобки, бунақа турмушни бошқа жойда кўрмаганман. Рўзғорларида иккиучта темир асбоблар ва икки-учта сопол идиш бор, холос. Уйлари бурчагида йиртиқ, яғири чиққан бир нечта ёстиқ-кўрпалар пала-партиш уюлиб ётади. Деҳқонлар қорамтир кўкрагини қишу-ёз очиқ қолдирадиган яғир кўйлак устидан йиртиқ тўн кийишади. Аёллар ва болалар ҳам йиртиқ кийимларда юришади. Улар машаққатли меҳнатдан кейин куч-мадор тўплашлари учун атала ёки жўхори, буғдой ёки арпани қатиққа аралаштириб гўжа тайёрлаб ичишади. Улар кўпинча ўша овқатни тановул қилади ва мудом машаққатли меҳнат билан банддир». Пахта яккаҳокимлиги ота-боболаримизни ана шундай кун кечиришга мажбур этган эди.
Пахтачилик тарихининг иккинчи даврида ҳосили ва сифати жиҳатидан анча афзалликларга эга бўлган Америка пахтасининг янги навлари иқлимлаштирилиши ва бу соҳада олиб борилган дастлабки илмий ишлар катта самара берди. Бироқ пахтачиликдаги жамики ўзгаришлар чор ҳукумати ва сармоядорлар манфаатидан келиб чиқиб амалга оширилган эди. Бу даврда пахтадан олинган миллиардлаб сўм маблағлар чор ҳукумати, сармоядорлар ва бошқа юқори табақа вакилларининг қўлига тушди, деҳқон аҳли қул каби ишлади ва аянчли ҳаёт кечирди. Чор ҳукумати томонидан пахтачиликнинг жадал ривожлантирилиши хунук оқибатлар келтиришини XIX аср охирларидаёқ англаган жамиятнинг илғор гуруҳлари, хусусан руҳонийлар оқ пахта ўзбек халқи бошига мусибатли кунлар келтиришини башорат қилган эдилар.
Пахтачилик ривожи, яккаҳокимлиги чор Русияси бойлигига бойлик қўшган бўлса, Туркистон халқларининг моддий ва маънавий жиҳатдан қашшоқланишига олиб келди. Улкада пахта, ипак ва бошқа хомашёлардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари қурилмади ва у чор ҳукуматининг хомашё манбаига айланди. Бу ҳам етмагандек, ўлка рус саноати маҳсулотларининг бозори бўлиб қолди. XIX асрнинг 60-йилларидан то Октябрь инқилобигача Русиядан турли газламалар ва бошқа молларнинг кўп миқдорда келтириб турилиши меҳнаткаш омманинг янада қаттиқроқ “шилиниши”га сабаб бўлди. Улкада минг йиллардан буён давом этиб келган ажойиб ҳунармандчилик тармоқлари, биринчи навбатда тўқимачилик ва бўёқчилик таназзулга учради. Бу ҳол XIX асрнинг 80-йилларидаёқ кўзга ташланган эди. Масалан, 1885 йилда фақат Тошкент шаҳрида тўқимачилик ҳунармандчилиги маҳсулоти 182700 сўмни ташкил этган бўлса, беш йилдан кейин 49875 сўмга тушиб қолди. Кейинги йилларда аҳвол бадтар ёмонлашди. Чунки ўзбек пахтасидан Русияга олиб кетилиб ишланган газламалар маҳаллий ҳунармандлар тўқиган газламаларни ички ва ташқи бозордан сиқиб чиқарган эди.
Чор ҳукумати ва сармоядорлар мустамлакачилик сиёсатини оқсоқоллар, пахта тозаловчилар ва бошқа бир гуруҳ кишиларга таянган ҳолда изчиллик билан амалга оширди. Бу тоифадаги одамлар, яъни даллоллар ўз манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан тоймадилар. Шу сабабдан улар халқ қаҳр-ғазабига учраган эдилар. Бундай муфтхўрлар халқ қўзғолонлари вақтида ўлдирилди, мол-мулки эса таланди.
Хулоса шуки, Туркистон ўлкасида XIX аср охири XX аср бошларида пахта яккаҳокимлиги ўрнатилган эди. Бу ҳолат бизнинг замонамизда, яъни пахтачилик тараққиётининг учинчи даврида, хусусан шахсга сиғиниш ва турғунлик йилларида шу даражада авж олдики, унинг мисли кўрилмаган фожиа-оқибатларини кўз билан кўриб, юрак билан сезиб турибмиз. Яхшиямки, демократия ва ошкоралик шарофати ўлароқ пахта яккаҳокимлиги жиловга олинди. Иншооллоҳ, бу жилов қаттиқ тортилган бўлсин, саховатли заминимиз, пахтамиз устимизни бут, қорнимизни тўқ қилсин. Қаддимизни алп кўтариб юришимизга суянчиқ бўлсин.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 5-сон.