Биз ҳаёт кечираётган атроф-муҳитни ифлослантирган кимёвий моддаларнинг тури тўрт миллиондан ортиқ. Улар орасида энг ёмони—инсон учун хатарлиси ксенобиотиклар, яъни табиатга ёт бўлган заҳри-қотил пестицидлардир. Қишлоқ хўжалик экинларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган гербицидлар, замбуруғларга, ҳашаротларга қарши ишлатиладиган кимёвий моддалар шулар сирасига киради. Ҳар йили ер юзининг 15 миллион квадрат километрга яқин майдони дориланади. Бунинг натижасида фақатгина ривожланаётган мамлакатларда 375 минг киши заҳарланиб, 10 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бизда бундай маълумотлар йўқ. Аммо аҳвол анча мураккаблиги сир эмас.
Тупроқ, сув ва ҳавода кенг тарқалиб кетган бу моддалар инсон ҳаёти учун фавқулодда хатарли вазиятни вужудга келтирди. Биз бугун ирсий ва экологик хавф остида яшамоқдамиз. Таниқли ирсиётшунос олим, академик Н. Дубининнинг ёзишича, …бу хатарли омиллар тирик табиатдаги мозийи-азал ривожининг маҳсули саналган энг ноёб дурдона — ҳазрати ИНСОН наслининг бузилишига олиб келаётир.
Биз бутун чоралар билан бу хавфни бартараф қилмоғимиз зарур. Акс ҳолда инсоният учун, умумий тирик мавжудотлар учун тиклаб бўлмайдиган ирсий талофотлар бошланиши муқаррар. Чунки пестицидлар АЭСларнинг радиоактив чиқитлари хавфидан 9 баробар хавфли.
Шундай бир шароитда, СССР Кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш маҳкамаларининг раҳбарлари минерал ўғитлар ва пестицидлар ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришга даъват этмоқдалар. Ҳолбуки, кейинги чорак асрда агрохимикатлар миқдори 12—15 баробар кўпайган бўлса-да, ҳосилдорлик амалда ошмади. Кўряпсизми, харажатлар ботмон-ботмон, самара ҳаминқадар, салбий асоратлар эса чидаб бўлмас даражада!
X беш йиллик мобайнида Ўзбекистон пахта майдонларининг ҳар гектарига йилига ўртача 54,6 килограмм пестицид ишлатилган эди. Ҳозир эса гектарига 24—30 килограммдан ишлатилмоқда. Ўзбекистон пахта далаларига солинаётган ўғитлар миқдори Финляндия ёки Болгариядагига нисбатан 2—2,5, Швециядагига қараганда 3, АҚШдагига нисбатан эса 4 баробар кўп. Бироқ ғўзага шунча кўп миқдорда солинаётган азотли ўғитларнинг атиги 45—50 фоизигина фойдали таъсирга эга. Қолган 50—55 фоиз қисми тупроқдан ювилиб, ҳавога учиб, инсон яшаётган атроф-муҳитни ифлослайди.
Ўтган беш йилликда жумҳуриятимиз пахтачилигида 10 миллион тоннага яқин азотли ўғитлар ишлатилган. Амалда уларнинг ярмидан кўпи ҳосилдорликни оширишга эмас, балки муҳитни булғашға исроф бўлган, холос. Шунинг учун ҳам, бугун далага солинаётган минерал ўғитлар ва пестицидлардан тўғри, меъёрида фойдаланиш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Хўжаликлар амииакли селитранинг тоннасини 70 сўмдан, аммофоснинг тоннасини 96,5 сўмдан харид қилишади, оддий которан гербицидининг тоннаси 12 минг сўм туради.
Кўряпсизки, қишлоқ меҳнаткашларининг неча миллионлаб сўм маблағи ҳеч қандай нафсиз сарф бўлаётир. Заҳарли моддалар сақланадиган омборларнинг атиги 30—40 фоизигина ишга яроқли, қолган 512 омбор санитария ҳамда табиат муҳофазаси талабларига мутлақо жавоб бермайди. Пестицидларни сотиб олиш, далаларда ишлатишда жуда катта хатоликлар бор: 1804 хўжаликда уни тўғридан-тўғри ўғирлаш ҳоллари аниқланди. Қишлоқ жойларидаги 212 мингта ҳовлидан заҳарли кимёвий моддалар топилган. 300 дан ортиқ қишлоқ хўжалик аэродромлари ва пахта далаларида эса неча минглаб тонна пестицидлар очиқ-сочиқ ҳолда ётибди.
Балки қуриб бораётган Орол денгизидаги сувнинг ўлик ҳолга келиб, ноёб турдаги балиқларнинг қирилиб кетишига ҳам минерал ўғитлар ва пестицидларни ишлатишга ҳаддан зиёд ружу қўйганимиз сабаб бўлгандир. Бугина эмас, денгизнинг қуриган тубидан тузларга қўшилиб ҳавога учиб чиқаётган заҳар (пестицидлар) қолдиқлари унумдор ерларимиз ва ажойиб боғларимизга ҳам қирон келтира бошлади. Бу знг хатарли ёвдир. Ҳозирнинг ўзидаёқ, Оролдан юзлаб километр олисликдаги ерларнинг ҳар гектарига йилига 200—300 килограммдан заҳар-заққумли чанг ўтирмоқда.
Кейинги 15—20 йилдан буён, Ўзбекистон табиатида фалокатли жараёнлар кечмоқда. Ўлкамиз кўрки ва 32 бойлиги бўлган ўнлаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқ бўлиб кетди. 60 дан ортиқ ҳайвонот ва 160 дан ортиқ наботот тури ҳам бугунги кунда шундай тақдир билан юзма-юз турибди. Жумҳуриятда, айниқса, Қорақалпоғистон мухтор жумҳуриятида экологик вазият ниҳоятда таҳликали. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалигида агрохимикатлар ишлатилиши ҳажмига монанд ҳолда, қишлоқ жойларида болалар ўлими ҳам кескин ошиб борган. Болалар ўлимининг кўрсаткичлари Чернобиль зонасидагидан бир ярим, икки ва айрим туманларимизда 3—4 баробар юқори эканлиги кишида даҳшат уйғотади! Пахта экувчи туманлардаги оналар ва болалар ўлимининг миқдори пахта экилмайдиган жойлардагига қараганда, 3 баробар кўпдир. Чунончи, бизда ич терлама касаллиги Иттифоқ бўйича ўртача даражадан 3—4 баробар кўп. Мухтор жумҳурият бўйича касаллик кўрсаткичлари эса янада ташвишли. Бу ерда паратиф хасталиги Иттифоқ даражасидан 9—10 баробар юқори. Анча йиллардан буён Ўзбекистон юқумли сариқ хасталигининг кўплиги бўйича Иттифоқдаги энг олдинги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Онкологик касалликлар, болалар ўлими миқдори ўртача Иттифоқ даражасидан 2—3 баробар кўп.
Тўғри, кўпгина пестицидларнинг бир томонлама самарали жиҳатлари бор. Бироқ, рўй-рост айтадиган бўлсак, уларнинг бераётган фойдасидан кўра, етказаётган зарари, экологик жиҳатдан олиб келаётган хатарлари ниҳоятда каттадир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунга келиб, цестицидларнинг, фойдаю зарарини ошкора муҳокама этишимиз, эришилган ва бой берилган нарсаларни таққослаб кўришимиз ниҳоятда зарур. Бундай дейишимнинг сабаби, узоқ йиллар мобайнида заҳри-қотил тўпланган, сабзавот, полиз, экинлари, мева-чева ва бошқа маҳсулотлар билан озиқланиб келишимиз туфайли, муайян даражада ақлий заиф, жисмонан ночор болалар кўп туғилмоқда. Бу 15 йилдан кўпроқ вақт мобайнида, пахтазорларимизга самолётлар ёрдамида бутифос сепганимизнинг касри эканлигини унутмайлик.
Афсуски, жамоатчилик талаби билан бу заҳри-қотил моддани ишлатиш тақиқланганига қарамай, минг-минглаб кишиларимиз саломатлиги издан чиқишига айбдор бўлган бирорта масъул ходим халқ олдига жавоб бергани йўқ. Бутун бир халқ касалмандга айлантириб қўйилган бўлсада, уларнинг бирортаси кечирим ҳам сўрагани, жарима ҳам тўлагани йўқ. Мана шундай жазосизлик, экологик бузғунчиларга нисбатан мурувват кўрсатилаётгани туфайли, ҳамон бундай ҳоллар давом этмоқда.
Бизда Ғарбий Европа мамлакатларидаги сингари заҳарли химикатлардан фойдаланишни назорат қилиб борувчи ҳуқуқий ва иқтисодий механизмлар ҳамон ишлаб чиқилмаяпти. Бу мамлакатларда атроф-муҳитни пестицидлар ва нитратлар билан ифлосланишининг олдини оляш икки йўналишда ташкил этилган. Биринчидан, пестицидлар ва азотли ўғнтларни қўллайдиган хўжаликларга махсус солиқлар солинади. Бунда сотиб олинган ҳар килограмм пестицидга унинг баҳосига олти-етти баробар кўп миқдорда солиқ белгиланади. Азот ўғитларига нисбатан эса уларнинг ҳар килограммига баҳосининг уч-тўрт баробари ҳажмида солиқ солинади. Иккинчи, заҳарли моддаларни ишлатувчи хўжаликлардан олинадиган ана шу солиқ шаклидаги маблағлар қишлоқ хўжалигида дориларни ишлатмасдан экологик жиҳатдан хавфсиз ноз-неъмат етиштирувчи хўжаликларнинг зарарини қоплаш учун тўланади.
Жумҳурият ҳудудидаги экологик вазиятни тез орада соғломлаштириш учун энг аввало Оролбўйи минтақаси, биринчи навбатда, Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти, Хоразм ва Бухоро вилоятлари фавқулодда экологик фалокат зонаси, дсб эълон қилиниши зарур. Шу билан, бирга, жумҳурият ҳудудида заҳарли кимёвий моддалар солмасдан, экологик тоза ноз-неъматлар етиштириладиган махсус хўжаликлар ташкил этишнинг ҳам аллақачон вақти келди.
Бу йўналишдаги муҳим ишлардан яна бири жумҳуриятимиз ҳудудида атроф муҳитнинг янада ифлосланиб боришини тўхтатиш учун биомониторинг ва экогенетика бўйича махсус марказ ташкил этишдир. Агар шундай марказ Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш Давлат комитети қошида тузилса, бирора ирсий ва генетик жиҳатдан хатарли модда унинг рухсатисиз ишлатилмаган бўлур эди.
Яна бир муаммо пахтачилик билан боғлиқ. Башарти, пахта жумҳуриятимизда асосий экин бўлиб қолаётган экан, унинг экологик жиҳатдан табиатга зарар етказмайдиган, тўғрироғи, заҳарли моддаларга эҳтиёж қолдирмайдиган навларини яратиш талаб этилади. Бунда кам сув ичадиган, заҳарли кимёвий моддаларга ҳожат қолдирмайдиган навларга эҳтиёж катта. Бу эса ғўза генетикаси ва селекциясини шу йўналишда қайта қуришни тақозо қилади. Кўп йиллик тадқиқотлар шундай мукаммал ғўза навлари яратиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Энг қизиқарлиси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Биолог илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси лабораторияларида ғўза пишиб етилиши билан барги ўз-ўзидан тўкиладиган навлар яратиш устида тадқиқот олиб борилмоқда.
Албатта, бу ишларни қиёмига етказиш учун муайян вақт керак. Шунга қадар эса мавжуд заҳарли моддалар, кимёвий ўғитлар пахтакор хўжаликларимизга худди дорихонада беморга дармондори қандай берилса, шу тарзда ажратилишини махсус ташкил қилиш керак. Шу билан бирга, ҳозирги мушкул вазиятни ўнглаб олмоқ учун жумҳурият доирасида махсус дастур ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир. Аввало, қишлоқ хўжалигида агрохимикатлар, шу жумладан, заҳарли моддалардан фойдаланишда давлат тартибини ўрнатиш лозим. Заҳарли моддаларни меъёрдан ортиқ қўллаётган хўжаликларга жарима солиб, бундай моддаларни камроқ ишлатиб, экологик тоза, оғусиз ноз-неъматлар етиштираётган хўжаликлар шу маблағ ҳисобидан раҳбатлантирилиши керак. Кўпгина хўжаликлар ҳудудида ташландиқ ҳолда ётган ва ишлатиш ман этилган заҳарли моддалар эса экологик жиҳатдан хавфсиз жойларда махсус омборлар қуриб, давлат назорати остида сақланишини ташкил этиш зарур.
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.