Устоз Абдулла Қаҳҳор прозамизнинг энг бақувват чинорларидан бири эди. Лекин айни вақтда у зот шеъриятни ҳам ғоят нозик тушунарди. Абдулла ака ёшлигида кўплаб, аксар ҳажвий мухаммаслар ёзиб эълон қилганлигини мен кейинчалик билганман. Мен насрда бирор нарса ёзмаган бўлсам-да, доимо Абдулла Қаҳҳорнинг шогирди саналардим. Демак, устоз ва шогирдлик ижодий сабоқлардан ташқари дунёқарашлар ҳамоҳанглиги билан ҳам белгиланар экан. Абдулла ака кўпинча ўзига маъқул бўлган шоирлар ижоди ҳақида гапирганда: “у билмаган нарсасини ёзмайди ёхуд фалончининг шеъри тарновдан тушаётган томчидай, агар салмоғи тўлмаса томмайди”, дерди. Абдулла аканинг ўзи юқоридаги талабига тамомила риоя қилиб яшади. Унинг ҳар бир асари, ҳар бир мақоласи дунёда лоф айтиб умр кўраётганлар учун кескин зарба бўлар эди. Биргина “Тобутдан товуш” пьесасини эсланг. Порахўрликни қаттиқ қоралаган бу асар ўз вақтида айрим одамлар томонидан сал бўлмаса жамиятга туҳматдай қабул қилинди. Орадан йиллар ўтиб Абдулла Қаҳҳорнинг мутлақ ҳақлиги аён бўлди. Демоқчиманки, Абдулла Қаҳҳор доимо ҳақиқатга, ҳаётга таянар, бошқалардан ҳам шуни талаб қилар эди.
Баъзи бировлар Абдулла Қаҳҳорни қора бўёқларга кўпроқ мойил ёзувчи, деб ҳисобларди. Бу асоссиз, уйдирма фикрдир. Мен бир танишимнинг қафасдан қочиб чиқиб яна қафасга қайтиб келган саъва қуши ҳақида шеър ёзиб эълон қилгандим. Шеърдан ўзим ҳам етти ухлаб тушимга кирмайдиган мужмал хулоса чиқиб қолибди. Буни Абдулла ака пайқаб, атайлаб мени ахтариб топди-да, “Ҳа, шоир, гонорар керак бўлиб қолдими, иккинчи бунақа шеър ёзманг”, деб қаттиқ танбеҳ бердилар. Абдулла Қаҳҳор том маънода иймони, эътиқоди мустаҳкам адиб эди. У кишининг турли асъасаю дабдабаларга, баландпарвоз гапларга тоқати йўқ эди. Эсимда, кейинги йилларда Абдулла ака радио, телевидение, баъзи матбуот органларида кучайиб кетган жимжимадор гап услубларига ғаши келиб, ўзлари ҳам бир учрашувда бу ҳақда кескин гаплар айтганди. Ўша йиллари юқоридаги каби алмойи-алжойи услубларни масхара қилувчи ҳикоялар, шеърлар, баъзи пьесалар ёзилганди. Буларнинг барчасидан хулоса чиқариб Абдулла ака айтганди: “Бир нарса ҳақида биргина одам гапирса, балки ҳали ҳеч нима юз бермагандир. Аммо бошқалар ҳам гапира бошладими, демак, бир гап бор, бу ишга энди диққат қилмоқ лозим”.
Абдулла ака доимо тутилмаган гапларни топиб айтгучи эди. У кишининг қоғозга тушмаган қанотли қочиримларини йиғса ҳам бир китоб бўлар. Бир кун нашриёт ходимлари тушликка чиқиб, лағмонхўрлик қилдик. Ишга қайтиб кирсам, Ёзувчилар уюшмасининг масъул кишиларидан бири мени чақириб, куппа-кундузи улфатчилик қилиб ўлтирибсан, деб айблай бошлади. Бу, албатта, ошкора туҳмат эди. Менинг виждоним чидамай, бу ҳақда Абдулла акага бор гапни айтдим. Абдулла ака бир оз ўйлаб туриб: — Ўша одамга, энди нима қилай, сенинг уйингга бориб тушлик қилайми, демабсиз-да, — деди. Агар менинг юқоридаги мурожаатим шикоят ҳисобланса, ҳаётимда биринчи ва охирги марта Абдулла акага дардимни ёрган эканман…
60-йилларнинг охирларида адабиёт дунёсида ёш шоирларни ўзига хос тарбиялаш мавсуми бўлиб ўтди. Ўзбекистонда бу “шарафли” қисмат менга ёр бўлди, тўғри танқидлар билан бир қаторда атайлаб ғашга тегишлар, яккалашга уринишлар бўлди. Шундай бир вақтда Абдулла Қаҳҳордай атоқли зот бизнинг ҳимоямизга киришиб, асарларига шеърларимиздан эпиграфлар олиб қўя бошлади. “Маҳалла” ҳикояси учун Эркин Воҳидов, “Нурли чўққилар” ҳикояси учун мен тўрт қатордан шеърлар ёзиб берганмиз. Абдулла ака “Ўтмишдан эртаклар” асарига ҳам менинг “Муножотни тинглаб…” шеъримдан эпиграф олганди. Улкан адибимиз ушбу хатти-ҳаракати билан гўё: — “Ҳой, биродарлар, бу болаларни қаровсиз деб ўйламанглар”, — деган эди. Ҳарҳолда, Абдулла Қаҳҳорнинг бизга кўрсатган ўша эътиборини мен шундоқ тушундим. Устоз Абдулла Қаҳҳор ҳақида кўплаб хотиралар ёзилиши тайин. Чунки у тўла маънода йирик шахс эди. Йирик шахсларнинг бутун маънавий оламини эса мукаммал биламан, дейиш хато бўлади.
Мен шу ўринда зукко таржимон адибамиз Кибриё Қаҳҳорованинг устоз билан бирга кечирган мазмундор умр йўлларида ғоят фидойи бўлганлигини эслатиб ўтмоқчиман. Бирмунча муддат А. Қаҳҳорнинг номи рўйхатларда кўринмай қолганда устознинг номидан чўчиб, ҳадиксираган шогирдлар ҳам учради. Ҳайрият, бу гаплар ўткинчи экан…
Абдулла аканинг лафзидан учган сўзлар нечоғли шафқатсиз бўлмасин, унинг кўзларида доимо қандайдир бир мунг яшириниб ётарди. Устозимизнинг хотирамда муҳрланиб қолган муҳим томонларидан бири мана шу…
Устоз Абдулла Қаҳҳор бизнинг хотирамизда адабиётнинг поклиги ва бутунлиги учун курашган, ўз талабига ўзи ҳам қатъий амал қилган сиймо сифатида қолди.
Оилада, маҳалла-кўйда айрим мўътабар одамларнинг ўрни бўлакча бўлгани сингари Абдулла Қаҳҳорнинг жозибаси ҳам биз ёшлар учун ўшандоқ — бўлакча эди.
У зот қинғирликни билмас, тили ўткир бўлса-да, бировнинг дилини ноўрин оғритмас эди. Шогирдларига меҳр билан боқар, уларнинг олдида бошқа ёзувчиларнинг асарларини бўлар-бўлмасга ерга уравермас эди. Мана шу каби фазилатларни мен кам одамларда учратганман.
Абдулла Қаҳҳор ғоят ибратли, айни вақтда ниҳоятда машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Лўттивозлик, сохтакорликлар дилига урар эди, шекилли, у киши кўпроқ ёшларга, Ҳали айниб улгурмаганларга умид кўзи билан қарарди.
1987 йил