Сир эмаски, ўрта мактабларда: «Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов эди!» деб уқдирилади. Лекин Октябрь инқилобидан анча илгари ҳам ўзбеклар орасида талайгина «биринчи» генераллар бўлганлиги тўғрисида лом-мим дейилмайди. Эҳтимол, дарсликларда тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатган ўртоқлар: «йўқ, биз биринчи ўзбек совет генерали С. Раҳимов эди, деб айтмоқчи бўлганмиз!» дейишиб ўзларини оқлашар. Ундай бўлса, 37-йилларда ноҳақлик қурбони бўлган генерал Миркомил Миршаропов-чи? Файзулла Хўжаевнинг ҳам «командарм» («генерал»дан ҳам каттароқ!) ҳарбий унвони бор эди-ку!.. Сезиб турибмиз, дарслик муаллифлари яна ўзларини оқлайдилар: «Ахир репрессияга учраган кишиларнинг номларини дарслик саҳифаларида зикр этиш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг номларини тилга олиш ҳам тақиқланган эди». Ҳа, уларнинг аҳволини ҳам тушуниш керак: то 1985 йилгача замон бошқача эди. Зеро, шоир ҳам, «Тарихлар тўқилур сенинг номингдан», деб бекорга фарёд чекмаган. Тарих атайлаб сохталаштирилган, натижада тарих саҳифаларида ғиж-ғиж оқ доғлар пайдо бўлган.
Хуллас, биз қуйида «Ўзбекистон ССР тарихи» саҳифасида ҳам, Ўзбекистоннинг Октябрь инқилобидан олдинги тарихи саҳифаларида ҳам номи учрамайдиган битта тарихий шахс ҳақида баҳоли қудрат ҳикоя қилмоқчимиз. Дарвоқе, сўз аввалида бир гапни алоҳида таъкидлаб қўйишни истардик: мақсадимиз — қандайдир шубҳали шахсни улуғлаш ёки халқ хотирасидан ўчиб кетган бир кишининг номини абадийлаштириш эмас, асосий мақсадимиз — биринчи рус революцияси даврида собиқ Туркистон ўлкаси манзараларини озми-кўпми жонлантиришу ўқувчини ўша пайтлардаги Туркистон аҳволи билан таништиришдан иборат. Бундан ташқари, В.И.Ленин «асосий репетиция» деб баҳолаган рус буржуа-демократик революцияси мустамлака халқларининг, жумладан, ўзбек халқининг уйғонишига нечоғлик самарали таъсир кўрсатганини, ўша долғали йилларда халқ илғор вакиллари қандай сиёсий-ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлар учун курашганларини, бу курашда кимлар «ҳаракатлантирувчи кучлар» бўлганини тасвирлаш ниятидамиз. Дарвоқе, баъзи бир синчков ўқувчиларда ушбу мақола «большевиклар партиясининг роли етарлича акс эттирилмагандек» нохуш таассурот қолдириши мумкин. Биз буни ўзимиз ҳам биламиз. Англаб турибмиз. Айни чоқда сизнинг-да англашингизни чин дилдан истаймиз. Чунки биз мурожаат этган манба Партия тарихи институти архивида сақланмайди, боз устига, биринчи рус инқилоби стихияли ҳаракатлардан бошланган эди — большевиклар партияси инқилобга бевосита раҳбарликни анча кечикиб ўз қўлига олган. Камина ҳужжатлар билан танишиб чиққандан кейин амин бўлдики, биринчи рус инқилоби даврида Туркистон ўлкаси манзаралари ҳали «очилмаган қўриқ» экан. Шунинг учун мақоламизни залворли илмий асосда эмас, «ҳаммабоп» сюжет асосида ёзишни афзал кўрдик. Ҳеч бўлмаса, асримиз муқаддимасида бошланган хайрли ишнинг битта қиррасини ёритамиз-ку, деб ўйладик. Равшанки, инқилобий ҳаракат тўғрисида иложи борича рост гапларни ёзишга уриндик. Алдовга йўл қўйилмади. Биламизки, алдов қоринни гумуртиради, холос.
Демак, сўзимиз — биринчи рус инқилоби даврида Туркистон манзаралари хусусиндадир, асосий қаҳрамонимиз (адашманг, «ижобий қаҳрамонимиз» эмас!) эса генерал Жўрабек.
* * *
Турли шаҳарларда, айрим жуғрофий кенгликларда истиқомат қиладиган нотаниш кишилар тақдир тақозоси билан қаердадир учрашиб қолишса, нималар ҳақида гаплашишади? Мабодо Сиз, муҳтарам ўқувчи, бир-бирини танимайдиган мўйсафидларни гапга солиб қўйиб, ўзингиз бир четда уларга чой қуйиб бериб ўтирган бўлсангиз — биласиз: жойлардаги об-ҳаволар, нарх-наволар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисалару миш-мишлар достон қилинади. Агар ўша суҳбатдошларнинг макони ҳам, замони ҳам ўзга-ўзга бўлса-чи? (Хаёлларингизга озгина эрк беринг-да!) Ишончингиз комил бўлсинки, мавзулар бари бир ўзгармасди — таомил шунақа. Таомил ўзгармайди. Чунки у энг камида юз йил мобайнида шаклланади. Ҳар ҳолда, биз юқорида қайд этган таомил — маълум бир синф, тоифа доирасидаги кишилар манфаатини ўзида мужассамлаштирган устқурма эмас, балки халқ табиати негизи устида қарор топган миллий анъанадир. Ғалати ҳол: инқилобий ўтмиш ҳақида тажрибавий мақола ёзишни ният қилган эдик, лекин муқаддимадаёқ миллий анъанани қонуний ҳол сифатида талқин эта бошладик. Илло, охири бахайр бўлсин!
Асримизнинг дастлабки йилларида чоп этилган матбуот саҳифаларини кўздан кечирсангиз, об-ҳаво маълумотлари «тўйдан кейин» — кечикиб эълон қилинганининг гувоҳи бўласиз. Масалан, 1905 йилнинг 4 январь (эскича сана, бундаи кейин ҳам то Октябрь инқилобигача бўлган воқеалар эскича сана бўйича рақам этилади) сешанба куни босмадан чиққан «Туркестанская вьдомости» («Туркистон ахборотномаси») газетасида қуйидаги об-ҳаво маълумотлари қайд этилган (Ўқувчига қулай бўлиши учун бундан кейин газета номи ҳам, газетадан олинган парчалар ҳам ўзбек тилида берилади. Барча таржималар муаллифники):
«Шанба кунга — 1 январга ўтар кечаси Тошкентда қор ёғди. 2 январь, якшанба куни эса ҳаво очиқ ва илимилиқ бўлди; тоғлар, тоғ этаклари оппоқ қорга бурканган. Кеча, 3 январь душанба куни яна намчил қор ёғдию шу заҳоти эриб кетди».
«Бизга Қўқондан хабар беришларича, у ерда декабрь ойининг иккинчи ярмида нисбатан анча иссиқ бўлибди. Термометрнинг симоб устунлари фақат бир мартагина — 30 декабрь куни эрта тонг чоғида ноль даражадан пастга (-2°) тушган, холос. Кундуз кунлари эса +3 даражадан то +8 даражагача иссиқ бўлган. Ҳаво температураси гоҳ совиб, гоҳ исиб турган: 20-26 декабрь кунлари вақти-вақти билан эзиб ёмғир ёғибди, 29 декабрь куни эса кучли шамол эсибди».
«…31 декабрь куни тинмай ёмғир ёғиши натижасида бизнинг кўчаларимиз ўтиб бўлмайдиган денгизга айланиб кетди. 1 январь куни қисқа муддат қор ёғди ва тез эриб кетди, кечга томон эса аёз тушди. 2 январга — якшанбага ўтар кечаси эса кўча-кўйдаги балчиқлар тақа-тақ музлади, лекин 1 январь куни яна чарақлаб қуёш кўринди. Тоғ этаклари оппоқ оқариб турибди. Шу пайтгача тоғларга камроқ қор ёғди, бундан бизнинг уездимиздаги қишлоқларнинг хўжайинлари ниҳоятда қайғуришмоқда.
Дарвоқе, Андижонда Янги йил байрами мисли кўрилмаган даражада зерикарли ўтди. Ҳарбийларнинг сайллари шаҳар аҳолисининг диққатини ўзига жалб этолмаяпти. Ҳатто кўк далаларнинг рицарлари ҳам негадир жимиб қолишган. Ҳамма пули йўқлигидан нолимоқда. Асосийси — қандайдир кўнгилочар жамоат ўйинлари уюштирадиган ташаббускор йўқ».
«…Тажрибали кекса кишиларнинг айтишига қараганда, агар январь-февраль ойларида ҳам қор ёғмаса, ҳосилдор ерларнинг фақат ярмигача экин экишга тўғри келармиш, акс ҳолда, экин-тикинларни суғоришга сув етмай қолармиш» (Қўқон, «Турк. ахб.» газетасининг мухбири).
Шунга қарамай, 7 январь куни яқин-йироқдан Қўқондаги Жума масжидига намоз ўқигани келган кишиларнинг уст-бошини оппоқ қор қоплайди. Масжид ҳовлисида саф тортиб турган номозхонлар толорда меҳробга қараб тиловат қилаётган имомнинг товушини ҳам эшитишмасди: фақат имомнинг ҳаракатларига тусмоллаб тақлид қилишарди, холос. Шимолий-ғарб томондан эсаётган кучли шамол имомнинг жарангдор товушини меҳробга алтиб зарб билан урар, оҳанрабо оятлар чил-чил синиб, жойнамоз устига тўкилар эди. Гўё номозхонлар жойнамоз устига тўкилган оят парчаларини тўплаш билан машғул эдилар.
Айни чоқда сабр косаси тўлиб-тошган Петербург ишчилари — оқ подшо фуқаролари ҳам руҳоний-йўлбошчининг «ширин ёлғонлари»га маҳлиё бўладилар: Николай II номига илтимоснома ёзадилар, ҳокими мутлақни инсофга чақирадилар ва шу йўл билан ижтимоий илдизи ёвузликка бориб тақаладиган тузумни поклаймиз, обизамзамга чўмилтириб оламиз, халойиқ гувоҳлигида ростакамига чўқинтирамиз, уни отахонимиз поп Гапон чўқинтиради деб ўйлайдилар.
9 январь куни зиёлилар томонидан таҳрир қилинган илтимосномани меҳрибон, мушфиқ ҳазратларига шахсан топширишга қарор қилган йўқсуллар поп Гапонга эргашиб Қишки сарой сари йўл оладилар. Бироқ, намойишчилар подшо фармонига мувофиқ ўққа тутилади, минг-минг бегуноҳ ишчилар қонга ботирилади. «Қонли якшанба» воқеаларидан сўнг биринчи рус буржуа-демократик инқилоби бошланади.
Хўш, дастлабки инқилоб даврида Туркистон ўлкасида, айтайлик, Каттақўрғонда нарх-наволар қандай эди? 1905 янги йилнинг илк бозори куни Каттақўрғонда энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари тубандаги нархларда сотилган экан: бир ботмон (8 кило) сара буғдой — 45 танга (Каттақўрғонда 15 тийин — бир танга ҳисобланган), баҳори буғдой эса 52 танга, буғдой уни — 52-56 танга, арпа, жўхори, мошларнинг баҳоси бир хил — 32 тангадан, тариқ — 28 танга, кунжут — 115 танга, зиғир уруғи — 60 танга, шу ерлик кишиларга қарашли заводларда ишлаб чиқарилган бир ботмон пахта мойи — 22 танга, «Биродарлашган Туркистон» заводидан келтирилган мой эса 14 танга, бир қадоқ мол ёғи — 20 тийин, қўй ёғи эса 22 тийин. Мол гўштининг бир қадоғи 8 тийин, қўй гўшти — 12 тийин. Кези келганда ўша пайтлари пахтанинг баҳоси қанча бўлганлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз: бир ботмон (8 кг.) биринчи нав пахтанинг нархи 90-100 танга, агар чигити чала пишган бўлса — 50-60 танга, 2-3 навлари — 30-40 танга тураркан. Демак, бир килограмм пахтанинг пулига (яъни, 187,5 тийинга) тўрт (4) кг. қўй гўшти, бир килою икки юз (1200) грамм қўй ёғи харид қилиш ҳамда бир ярим тийинга бирорта ҳаммол ёллаб, ўша масаллиқни уйгача кўтартириб бориш мумкин экан.
«Бозорлар хийла тушкун руҳда ўтмоқда, деҳқонларнинг умидлари пучга чиққанга ўхшайди. Энг яхши пахталар деярли икки баробар арзон нархда сотилмоқда (яқинда бир ботмон пахтанинг баҳоси — 180 танга эди). Харидорларнинг авжи суст, кўпгина маҳсулотлар шу ерлик аҳоли қўлида қолиб кетяпти» («Туркнстон ахборотномаси» газетаси, 1905 йил 4 январь сони).
Бундан саксон уч йил муқаддам Каттақўрғонда нарх-наволар ана шундай эди. Мақоламиз давомида Каттақўрғон атрофларига яна қайтамиз. Ҳозир эса асл муддаога ўтмоқчимиз.
Петербургдаги «Қонли якшанба» воқеаларидан сўнг чоризмнинг мустамлакаси бўлмиш Туркистон ўлкасида инқилобий ҳаракатлар жонланиб кетади, сиёсий-ижтимоий уйғониш рўй беради: Тошкентда, Қўқонда, Андижонда, Марғилону Фарғонада митинглар, забастовкалар, намойишлар одатдаги ҳолга айланиб қолади. Турли-туман партия вакиллари ўзлари мансуб бўлган тоифа номидан, илғор зиёлилар номидан бир қатор демократик тадбирлар амалга оширилишини талаб қилиб чиқадилар. Ўша пайтларда кун тартибига қўйилган иккита долзарб масала айниқса диққатга сазовордир. Биринчиси — миллий тилнинг ҳуқуқи масаласи.
«Фарғона» газетаси[1]нинг хабар беришича, конституцион-демократлар партиясининг Янги Марғилон группаси ўзининг мажлисларининг бирида маҳаллий амалдорлар шу ерлик аҳоли тилини билиши зарурлиги тўғрисидаги масалани муҳокама этди. Маълумки, асосий низомга мувофиқ ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, яъни муайян миллат вакиллари умумдавлат тилини билиши шарт эмас. Группа аъзолари қуйидаги фикрни билдирадилар: бу ўлкада хизмат қилаётган барча амалдорлар зиммасига маълум муддат орасида бирорта маҳаллий тилни ўрганиш вазифасини юклаш лозим. Бу вазифани амалга ошириш учун бепул сабоқ бериш ёки бепул курслар ташкил этиш керак» («Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1906 й. 22 февраль сони).
Албатта, бу масала фақат мўъжазгина гуруҳ томонидан кун тартибига қўйилган ёки ўринсиз шов-шув кўтарилган экстремистик ҳаракат деб бўлмайди. Акс ҳолда, оқ подшо қароргоҳида талабгорларга осонликча ён босилмасди. Чунончи, давлатпаноҳ ҳоқонбону Александра Фёдоровна комитети томонидан Туркистон ўлкаси бўйича махсус фармон эълон қилинади.
Тошкент шаҳри, 1906 й. 7 февраль 46-сон.
Улуғ зот томонидан каминага ишониб топширилган ўлканинг кўпгина маҳкама маъмурлари, туб жой аҳолиси билан доимий мулоқотда бўлишларига қарамай, маҳаллий тилларни рисоладагидай билмайдилар.
Бундай ҳолни тоқат қилиб бўлмайдиган даражада ғайритабиий ҳодиса деб биламан. Шунинг учун мен комиссия жорий этаман: раиси — Сирдарё область губернаторининг ёрдамчиси, 5-даражали маслаҳатчи Хомутов; аъзолари — камина ҳузурида махсус топшириқларни ижро этувчи катта амалдор, 5-даражали маслаҳатчи Папенгут, менинг ихтиёримда турадиган подполковник Ломакин ҳамда Тошкент уезд 6ошлиғи капитан Кастальский. Уларга хизматчиларда маҳаллий тилни ўрганишга рағбат уйғогадиган чора-тадбирлар белгилашни топшираман.
Ҳоқонбону Александра Фёдоровнанинг олий фармони қай даражада ижро этилганини билиш қийин. Лекин ўша долғали йилларда мустамлака зулми остида эзилиб ётган маҳаллий халқнинг кўнглини овлаш учун хўжакўрсин тадбирлар ўтказилгани рост. Жумладан, комиссия раиси бўлмиш 5-даражали маслаҳатчи Хомутов тасарруфидаги Сирдарё губернасида истиқомат қиладиган 289 мусулмонга чет элларга чиқиш учун паспорт берилади. Бироқ, 1905 йил охирларида темир йўлларнинг ишчи-хизматчилари ялписига забастовка эълон қилганликлари туфайли паспортли фуқаронинг чекланган қисмигина хориждаги муқаддас зиёратгоҳлар томон йўл олади, холос.
…Кун тартибига қўйилган яна бир диққатга сазовор масала — бу туб жой аҳолисини Сибирга сургун қилишни тўхтатиш хусусидаги талабдир. Қизиғи шундаки, ушбу муаммо ҳам дастлаб «Фарғона» газетаси саҳифаларида кўтарилади: Сибирда сургун муддатини ўтаб бўлгач, ўз юртига пиёда келган бир нечта кишилар билан «дилдан суҳбат»лар эълон қилинади. Чор Россиясининг, демак мустамлакачиларнинг манфаатинн ҳимоя қиладиган «Туркистон ахборотномаси» газетаси «Фарғона» саҳифаларида ёритилган мақолалар мазмунини ўз ўқувчиларига етказибгина қолмай, балки уларни «инсонпарвар, адолатли» деб баҳолайди[2]. Шу ўринда муҳим бир гапни эслатиб ўтиш лозим: бундай ғоя тарафдорлари Туркистон билан Сибирь иқлими ўртасида кескин тафовут борлигини, суд томонидан сургунга ҳукм этилган кишилар аслида ўлимга жўнатилаётганини далиллаб берадилар ва айни чоқда Сибирда сургун муддатини ўтаб қайтаётган мусулмонлар сиёсий «қароқчилар» таъсирида бузилиб, инқилобий кайфиятда Туркистонга кириб келаётганларини таъкидлайдилар. Яъни, улар асосий мақсадларига эришиш учун гўё инқилобий ғояларни «ғов» билан тўсмоқчи бўладилар. Бу буржуа демократияси тарафдорларига хос бўлган либералликнинг типик кўриниши, албатта. Эҳтимол, улар шунчаки тактика ишлатишгандир? Балки, айрим кишилар томонидан тарқатиладиган чалароқ инқилобий ғоялардан кўра, ҳақиқий инқилобни амалга ошириши мумкин бўлган тирик кишиларни афзал кўришгандир?
1905 йил 19 август куни Николай II фармонига биноан ҳарбий-дала суди жорий этилади ва унга йигирма тўрт соат ичида «жиноятчи»ни қатл этиш ҳуқуқи берилади. Ҳарбий-дала суди олтн ой мобайнида (то 1906 йил 31 январгача) қизғин фаолият кўрсатади: шу даврда 950 киши қатл этилади. Жумладан, Қўқондан икки киши, Андижондан ҳам икки кишн ҳарбий-дала судининг ҳукми билан ўлдирилади. Улар кимлар эди?.. Билмадик. Ўша йилларда, хусусан, 1905 йил август ойидан то 1906 йилнинг февраль ойигача Туркистонда чоп этилган матбуот саҳифаларини яна бир карра кўздан кечириш лозим шекилли. Лекин барибир араб имлосида нашр этилган ўзбекча газета-журналларни ўқий олмаймиз. Арабча имлони ўргатадиган бепул курслар очилишини кутишга тўғрн келади (муаллим ёллаб савод чиқаришга эса… чўнтак кўтармайди).
Петербургдаги «Қонли якшанба» воқеаси Туркистонни ҳам ларзага солади. 1905 йил 22 октябрь куни Туркистоннинг генерал губернатори, генерал-лейтенант Сахаров қон ҳиди анқиб турган Мурожаатномага имзо чекади:
«Агар инқилобий партия йўлбошчилари бундан кейин ҳам аҳолини тўлқинлантириш, тартибсизликни юзага келтириш мақсадида одамларни тўдалаштириб бир жойга тўплайдиган бўлишса, тинч-тотув яшаётган барча гражданлардан тўс-тўполонга аралашмасликни илтимос қиламан: бекордан бекорга ҳаётни хавф остида қолдириш ярамайди. Мен ҳар қандай оммавий тартибсизликни, ўзбошимчаликни қатъий равишда таъқиб этавераман…»
С. Петербург телеграф агентлигининг хабар беришича, граф Л. Н. Толстой замонавий мавзуда ёзаётган «Тўс-тўполон» номли янги йирик асарини якунламоқда.
Ҳа, Лев Толстой ҳали анча бардам эди. Ҳокимиятнинг расмий телеграф агенглиги буюк ёзувчи мухлисларини лақиллатган бўлса-да, лекин ул зот ҳам инқилобий воқеаларни синчиклаб кузатиб бораётгани сир эмасди.
«Новый путь» газетасининг ёзишича, хокисор Молия министрининг докладига кўра, Янония билан уруш Россияга 1,677 миллион сўмга тушибди. Ёдингиздами, Россияда инқилобий ҳаракатлар авж олаётган кезлари Николай II «кичкинагина ғолибона уруш бўлишини» орзу қилган эди. Лекин унинг нияти Артур бандаргоҳида кунпаякун бўлади, Япон денгизига -арқ бўлиб кетади.
1905 йилни мустамлакачи маъмурлар ғам-андуҳлар ичра кутиб оладилар. Собиқ Туркистон генерал губернатори, Туркистон қўшинлари қўмондони Н. Н. Тевяшов вафот этган кунга қирқ кун тўлиши муносабати билан 2 январда Тошкентдаги Спасско-Преображенский ибодатхонасида мотам маросими уюштирилади. Марҳумнинг қабрига гулчамбар қўйиш учун Бухоро амирининг элчилари Тошкентга ташриф буюради. Уларни Каттақўрғонда подполковник Н. М. Михайловский билан (таржимон) подполковник С. Д. Исфандиёровлар кутиб оладилар ва почта ташийдиган поездда пойтахтгача кузатиб келишади.
«Бизга Қўқондан хабар беришларича, ноябрь ойидаги забастовкалардан сўнг у ерда ниҳоятда ташвишли кайфият ҳукм сурмоқда. Руслар билан туб жой аҳолисининг муносабатлари бузиляпти; улар бир-бирларига ишонмай қўйишган» («Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1906 й. 24 январь сони).
Сиртдан қараганда, юқорида баён этилган воқеалар ўзаро боғланмаслиги мумкин. Дафъатан шундай туюлади. Бу табиий ҳол, албатта. Лекин бир замонда, бир маконда рўй бераётган ижтимоий ҳодисалар бир-бирларига боғланмаслиги мумкин эмас, улар қайсидир нуқтада туташади ва махсус сурғучланган тилсим пайдо бўлади. Бизнингча, генерал Жўрабекнинг фожиали ўлими оби-тобида сурғучланган тилсимга ўхшайдн.
Машъум воқеа 1906 йил 25 январга ўтар кечаси содир бўлган: генерал Жўрабек Қорасув ариғи ёқасидаги ўз уйида қуролланган номаълум кимсалар томонидан ўлдирилади. Хизматкорлари ҳам босқинчилар уйга қандай қилиб кириб олишганини сезмай қолишади. Кўп йиллардан буён генералга садоқатли хизмат қилаётган Бойча дод солиб, халойиқни ёрдамга чақиради. Лекин сунқасдчилар бирпасда яширинишиб улгуришади.
«Марҳумнинг душманлари йўқ эди. Шубҳасизки, қотиллик талончилик мақсадида содир этилган: генерал Жўрабек жаноби олийлари Бухоро амирига ажойиб боғини ижарага бергани учун куни кеча бир неча минг сўм пул олган эди. Жиноятчилар жавондаги барча буюмларни, ёзув столи ғаладонларини, гардеробни ағдар-тўнтар қилиб ташлашибди, лекин, чамаси, фақат пулларни ўғирлаб кетишибди, холос. Қимматбаҳо буюмларга, жумладан, жавонда турган ўқланмаган тўппончага (ҳозирги замонда қимматбаҳо ҳисобланадиган буюм) қўл теккизилмаган…» («Туркистон ахборотномаси» газ. 1906 й. 27 январь).
Хўш, ҳақиқатан ҳам, «марҳумнинг душманлари йўқ» эдими? Бу саволга бирёқлама жавоб бериш мушкул. Чунки Жўрабекнинг ҳаётн қизғин курашлар гирдобида ўтади. Келинглар, яхшиси унинг қисқача таржимаи ҳолини биргаликда кўздан кечириб кўрайлик:
«…14 август куни (1870 йили — Н. Б.) Китоб шаҳри шиддатли ҳужум натижасида қўлга олинади ва беклар озгина ишончли мулозимлар билан биргаликда Фарғона водийсини Қашқардан ажратиб турган тоғлар томонга қочиб кетишади. Улар Қашқарга ўтиб олишни кўзлашган эди, лекин Худоёрхон уларни тутиб келиш учун навкарларини юборади. Беклар Маҳрам яқинида асир олинади. Худоёрхон эса рус ҳукуматига ўзининг дўстлигини исботлаш илинжида тутқунларни Хўжандга юборади. У ердан маҳбуслар Тошкентга жўнатилади… Русларнинг бағрикенглиги — дастлаб, уларга ҳаёт ҳадя этилади, кейин озодликнинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқи қайтарилади — шаҳрисабзлик бекларни лол қолдиради, кўнгилларини эритиб юборади… Қўқон хонлиги билан уруш бошлангач, беклар генерал губернатордан босқинчилик юришларида иштирок этиш учун рухсат сўрайдилар. Олижаноб Константин Петрович фон Кауфман инсонлар қалбига йўл топа оларди ва уларни муносиб баҳоларди. Илтимоснома қондирилади: беклар М. Д. Скобелев отрядига аъзо қилиб олинади ва улар ўзларини нимага қодир эканликларини жангларда кўрсатадилар.
1880 йили Жўрабек Фарғонадаги исёнларни бостиришда иштирок этади ва тез орада у ерда кўрсатган хизматлари учун «полковник» ҳарбий унвонига сазовор бўлади. 1884 йили полковник Жўрабек 4-даражали муқаддас Владимир ордени билан мукофотланади. 1901 йили унга «генерал» унвони берилади. 1904 йилда эса жаноби олийлари унга 3-даражали муқаддас Владимир орденини ҳадя этдилар. Ўлимидан анча олдинроқ, 1903 йили у Бухоро ҳукумати билан самимий ва узил-кесил ярашади: маълумки, 1870 йилдан кейин унинг ота мерос ер-мулки Бухоро амири тасарруфига ўтиб кетган эди. Бурунги замонлар абадул абад барҳам топди: янги ҳокимият даврида феодаллар ўртасидаги асрий қарама қаршиликлар ўз аҳамиятини мутлақо йўқотди…» («Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1906 й. 29 январъ.)
Биринчи рус буржуа-демократик революцияси, 1905 йили Москва ишчиларининг декабрь ойидаги қўзғолони мағлубиятга учрагач, амалда енгилди: реакция қутуриб ҳужумга ўтди, репрессия кучайди. Шукга қарамай, ҳали инқилоб гулхани сўнмаган эди. Чунончи, 1906 йил январь ойининг биринчи декадасида Ўрта Осиё темир йўлининг хизматчилари «Қонли якшанба»да ҳалок бўлган ишчиларнинг хотираларини нишонлайдилар — ишга чиқмайдилар.
Зўрлаш, зўравонлик ҳамон давом этарди: «1 январь куни кечки соат саккизларда Эски Госпитал кўчасидаги Очилдибоевнинг уйида истиқомат қилувчи деҳқон Василий Макаровнинг арз этишича, худди шу уйда яшовчи Н. И. К. деҳқон Аркадий Ивановнинг ўғлини — саккиз яшар болани зўрлаган ва ўзи қочиб кетган. К. ярим кечаси соат 12 ларда полиция томонидан қўлга туширилди, лекин айбини бўйнига олмаяпти» («Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1905 й. 4 январь сони).
«Тунги соат тўртлар чамаси Раздинская хоним чўчиб уйғониб кетди ва ётоқхонада ёниб турган лампочка ёруғида юзининг ярмини рўмол билан боғлаб олган девқомат кишига кўзи тушди: у аёлнинг пешонасига тўппончасини ўқталиб турарди — босқинчи имо-ишоралар ёрдамида ғинг десанг ёки қаршилик кўрсатсанг отиб ташлайман деган маънони англатади. Худди шундай «меҳмон» худди шундай ҳолатда эрининг бошида ҳам тик турарди…» (Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1906 й. 12 февраль.)
Дарҳақиқат, Карл Маркс таъбири билан айтганда, «Зўравонлик — янги тузумни бачадонида сақлаб турган ҳомиладор эски жамиятнинг доясидир». («Капитал», 1953 й. 1 жилд, 754-бет.)
Хуллас, Туркистон ўлкасида ижтимоий ҳаёт алғов-далғов бўлиб турган бир пайтда генерал Жўрабек номаълум кимсалар томонидан чавақлаб кетилади. Расмий ҳужжатларда генерални чакана ўғрилар ўлдиришди деб қайд этилган. Лекин ўша кезлардаги сиёсий вазиятни назарда тутсак, генерал Жўрабек тасодиф туфайли ҳалок бўлганига ишониш қийин; у миллий қасоскорлар томонидан Инқилоб номи билан қатл этилган бўлиши мумкин. Чунки Жўрабек ўз халқига Хиёнат қилган эди: у мустамлакачиларга сидқидилдан хизмат қилади, мустамлакачилик зулмига қарши курашган халқ қўзғолончиларини қонга ботиради. Бунинг эвазига чор ҳукуматидан садақалар олади.
Бундан ташқари, генерал Жўрабекнинг фожиали ўлимига оид иккинчи фараз ҳам мавжуд: гўё у умрининг охирларида прогрессив рус зиёлилари билан дўстона муносабат ўрнатган эмиш ва Туркистон генерал губернатори иштирок этган кўпгина базми жамшидларда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатини қоралаганмиш. Эҳтимол, кейинчалик Жўрабекнинг виждони қийналгандир; кеч бўлса-да кўзи очилгандир — тиз чўкиб яшашдан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал деб билгандир. Балки, биринчи рус буржуа-демократик инқилоби таъсирида, «Халқим!» деб жонларини фидо қилаётган рус инқилобчилари таъсирида Жўрабекнинг ўттиз-ўттиз беш йиллик кўр-кўрона садоқати путурдан кетгандир?.. Шунинг учун оқ подшо айғоқчилари томонидан ўлдирилган бўлса ҳам ажаб эмас.
«Тарихий воқеалар занжирида паҳлавон эркак тутган ўрин ҳар доим ҳам аниқ бўлавермайди; кўпинча унинг муддаоси ҳам, фаолияти ҳам мавҳум бўлиб қолади. Бир аср ўтгач, у қонхўр, мотамсаро жумбоқ сифатида кўз ўнгимизда гандаланади. Сира ақлимиз бовар қилмайди: ахир у нима учун дунёга келди, нега халқ орасига қутқу солди?» (Вл.Череванский, Две волны, Биринчи бўлим, С. Петербург, 1898 й. 1-бет.)
Генерал-майор Жўрабек олтмиш беш ёшида оламдан ўтади. Ўша пайтда унинг ўғли А. Д. Жўрабеков чоризм армиясида штаб ротмистри эди. Марҳумдан турмушга узатилган иккита қиз қолган: бирини Худоёрхоннинг ўғли Насруллобекка берган, яна бирини ўзининг жиянига чиқарган. Жўрабекнинг авлодлари масаласи — бутунлай бошқа мақолага мавзу бўлади, албатта.
“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 11-сон
[1] Дастлабки пайтларда хийла прогрессив йўналишда бўлган сиёсий, иқтисодий, адабий газета. 1906 йилдан бошлаб чоп этилган.
[2] Қаранг: «Туркистон ахборотномаси» газетаси, 1906 й. 29 январь сони.