Немис олими Э. Геккель 1867 йили фанга экология атамасини киритган вақтда юз йиллардан кейин атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи ҳозиргидек оламшумул муаммога айланишини кўз олдига келтирмаган бўлса керак. Дарҳақиқат, кейинги вақтларда экологик вазиятнинг кескинлашиш географияси узлуксиз кенгайиб, жаҳон жамоатчилигининг диққат-эътиборини тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда. Дунёвий муаммолар ичида табиатни асраш ядро уруши хавфининг олдини олиш проблемасидан кейин иккинчи ўринда турибди. 1962 йили БМТ Бош Ассамблеясининг XVII сессияси турли мамлакатларнинг «Иқтисодий ривожланиши ва табиатни муҳофаза қилиш ҳақида» махсус қарор қабул қилди. 1967 йилда эса БМТ Бош Ассамблеясининг XXII сессияси табиий муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан Халқаро конференция чақиришни биринчи марта кун тартибига қўйди. 1972 йилнинг 5—16 июнь кунлари Стокгольмда (Швеция) Халқаро конференция ўтказилиб, 5 июнни «Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро куни» деб эълон қилди. Юқорида зикр этилган тадбирларнинг барчаси экология масаласи жаҳон миқёсидаги долзарб муаммо экайлигини кўрсатиб турибди.
Ер куррасининг айрим районлари ўзининг иқлими, демографик ривожланиши, географик ўрни, иқтисодий ишлаб чиқаришининг хусусиятларига кўра, экологик жиҳатдан «хавфли зона»ларга айланди. Хусусан, деҳқончиликнинг нисбатан экстенсив ривожланиши тирик организмларнинг фаолиятига салбий таъсир этадиган жуда катта миқдордаги химиявий ўғитларга, заҳарли моддаларга эҳтиёж туғдирди. Сунъий суғориш системалари англанган ва ҳали англанмаган экологик проблемаларни, янги иқтисодий ва социал зиддиятларни келтириб чиқарди. Иккинчи томондан, дашту чўлларнинг жадал суръатлар билан ўзлаштирилиши минг йиллар давомида сақланиб келаётган биосфера мувозанатига салбий таъсир кўрсатиб, ноёб флора ва фаунани тубсиз жарга улоқтириб ташлади ёки жар ёқасига келтириб қўйди.
Табиатни муҳофаза қилиш ўз моҳиятига кўра, комплекс характерга эга бўлиб, ўз ичига ижтимоий-иқтисодий, маънавийсиёсий вазифаларни қамраб олади. Шу вазифалар ичида истеъмол қилинадиган сувнинг табиий тарқалиш мутаносиблигини таъминлаш, тежаш ва софлигини сақлаш фавқулодда муҳим муаммога айланди. Унинг ечимини топиш фан, техника, экономика, маданият ва ахлоқнинг ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалари марказига кўчирилди. Чунки Ер куррасининг ҳисоб-китобсиз бўлиб кўринган бойлиги — сувнинг умумий миқдорндан атиги ўндан бир фоизигина техника ва инсон эҳтиёжларини қондира олади, холос.
Биосферанинг мутаносиблигини таъминлашда сув бирламчи омиллардан ҳисобланади. Энг муҳими шундаки, фақат унинг мавжудлиги эмас, балки шу сув ресурсларининг ер қобиғи бўйлаб тарқалиши ҳам муайян экологик боғланиш ва алоқадорликни вужудга келтирган. СССР территориясининг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган Қозоғистон, Ўрта Осиё республикалари, Озарбайжон ва Молдавияда, яъни асосан суғориб деҳқончилик қилинадиган республикаларда сув бойликларининг атиги икки фоизи мавжуд. Маълумотларга қараганда, Ўрта Осиёда суғориб деҳқончилик қилиш мумкин бўлган 58,1 миллион гектар ер мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда қарийб 6,5 миллион гектар ерда деҳқончилик қилинмоқда. Шундан 4 миллион гектари Ўзбекистон территориясидадир. Бу регионларда ҳар йили юз минглаб гектар ерларнинг ўзлаштирилиши экологик вазиятни тобора кескинлаштирмоқда. Зеро, мавжуд саҳро ва чўллар ҳам биосферанинг умумий экологик мувозанатида муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун уларни ўзлаштиришда вужудга келиши мумкин бўлган салбий экологик оқибатларни ҳар томонлама ўрганиш тақозо этилади. Саҳро ва чўл ҳисобига экин майдонларини зўр бериб кенгайтиравермасдан интенсив технология асосида ишни ташкил этиш — чучук сув танқислиги, ҳавзалардаги сув запасларининг камайиши, кенг майдонларнинг химиявий ифлосланиши, антропоген эрозиянинг олдини олиш, йўқолиб кетаётган флора ва фаунани сақлаб қолиш, атмосфера ва сув ҳавзаларининг мусаффолигини таъминлаш лозим.
Маълумки, Орол денгизи Ўрта Осиё табиатини белгилаб турган муҳим бўғиндир. Ҳозирги кунда Иттифоқимизда йирик экологик муаммога айланган Байкал кўли Сибирь учун қандай аҳамиятга эга бўлса, Орол денгизи ҳам Ўрта Осиё, Қозоғистон, Волга бўйи учун шундан кам аҳамиятга эга эмас. Унинг қуриб бориши билан кенг майдонлар антропоген чўлга айланиб, экологик вазият бениҳоя кескинлашиб кетмоқда. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш керак: республикамиз олимлари, мутахассислари Орол денгизининг қуриши келажакда қандай салбий экологик оқибатларга олиб боришини асослаб бера олмадилар, тўғрироғи, илмий назарияларга, лойиҳаларга юқори ташкилотларни ишонтира билмадилар. Ваҳоланки, Орол денгизининг тақдири ҳақида етарли, асосли илмий ахборотлар тўпланган. Уларнинг ҳаётий эканлигини бугунги куннинг тажрибалари кўрсатиб турибди. Лекин мутасадди ташкилотлар бу илмий ечимларни ҳаётга татбиқ қилишга шошилмаётирлар, илм аҳлларининг хулосаларига шубҳа билан қарамоқдалар. Ҳануз иккиланиб: «Йўғ-э, унчалик эмасдиров» деган хом хаёл билан яшамоқдалар. Наҳотки бутун бошли бир ДЕНГИЗ қуриб қолади-ю, лекин сезиларли оқибатга олиб келмаса? Кейинчалик «эҳ, аттанг!» дегунча, бугун хавф-хатарнинг олдини олган маъқул эмасми? Шу кунларда маълум иқтисодий, техник воситалардан фойдаланиб бу жараённинг олдини олиш мумкин, лекин 30—40 йиллардан сўнг ҳозир сарфлашимиз зарур бўлган ресурслардан 100 карра, 1000 карра ортиқроқ маблағ сарфлаб ҳам ҳозирги ҳолатига олиб кела олмаслигимиз аниқ бўлиб қоляпти.
Олимлар, мутахассислар ва рақбарларнинг асосий камчилиги — Орол денгизининг йилига 500 минг центнер балиғига нисбатан унга қуйилаётган дарёлар сувидан фойдаланиб, деққончилик қилиб бугун 100 карра кўп иқтисодий фойда олишга маҳлиё бўлишдадир. Энг даҳшатлиси шундаки, кишилар бу вазиятга кўникиб келмоқдалар. Ҳатто юқори минбарлардан туриб: «Орол денгизи қуриб қолаётган бўлса, Автоном республиканинг халқ хўжалигини территориал ва тармоқ жиҳатидан бошқа иқтисодий йўналишларга ўтказиш истиқболларини белгилаш керак», дейдиган кишилар топилмоқда. Бу Орол денгизининг қуриб қолиши билан боғлиқ бўлган экологик ҳалокатни ҳали ҳам аниқ тасаввур қилабилмаслик натижасидир.
Айрим маҳаллий партия, давлат органларининг раҳбарлари учун 25, 50, 100 йиллардан кейин бўладиган истиқболлар амалий аҳамиятга эга эмас, нари борганда, бундай илмий таклифлар фақат оғиздагина, юзаки қўллаб-қувватланади, холос. 1980 йили Нукусда ЎзССР ФАнинг кўчма сессияси оролбўйи регионининг экологик истиқболларига оид конкрет илмий таклифларни киритган эди. Бироқ, бу таклифлар маҳаллий партия, давлат органларининг эътиборидан четда қолиб кетди. Республикамиз олимлари, мутахассислари бу таклифларни амалга оширишда қатъият, принципиаллик кўрсатмади. Натижада Орол денгизининг қуриб бориши билан боғлиқ экологик муаммо аллақачон регионал доирадан чиқиб, глобал аҳамият касб этди, чинакам фожиага айланди. Зеро, 60-йилларда Орол денгизининг сатҳи 65 минг км2, сув ҳажми 1100 км. бўлиб, ўртача чуқурлиги 16 метр, бир литр сувнинг шўрланиш даражаси 10 грамм бўлган бўлса, кейинги 20 йил ичида 11,5 метрга пасайиб, сатҳи 18 минг км.2га, суви айрим жойларда қирғоқдан 70-100 км чекиниб, ҳажми икки баробардан ортиққа қисқарди. Минераллашиш даражаси 44 граммга ошганлиги натижасида унда яшовчи тирик организмлар қирилиб кетмоқда, биологик маҳсулдорлиги 5 мартадан кўпроққа камайди. Айрим тирик организм турлари мутлақо йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолди. Бундан ташқари, Амударёнинг Орол денгизига қуйилиш делтасидаги 600 минг гектар ернинг ўсимлик дунёси қуриб тамом бўлди. Бунга асосий сабаб, Орол денгизининг қуриб қолган жойларидан тузнинг босиб келишидир.
СССР ФАнинг География институти ва Сув проблемалари институтининг олимлари асримиз охирига бориб Орол денгизининг 40 метрга чўкиб, икки қисмдан иборат намокоб кўлларга айланишини ва ундаги барча тирик организмларнинг бутунлай қирилиб кетишини башорат қилмоқдалар. 1985 йил космонавтлар томонидан ўтказилган Орол денгизининг қуриб бориш тенденциясини кўрсатувчи илмий тадқиқотлар, фотосуратлар бунинг ҳақиқий офат эканини узил-кесил исботлади.
Орол денгизининг қуриб боришига асосан учта сабаб ҳал қилувчи таъсир қилмоқда: биринчиси, Орол денгизига қуйиладиган дарё соҳилларида суғориб деҳқончилик қилинадиган ерларнинг кенгайтирилиши. 60-йиллар бошида воҳаларда суғориладиган майдон 3,5 миллион гектарни ташкил қилган (Амударё воҳасида 1,6, Сирдарё воҳасида 1,9 миллион гектар) бўлса-да, Орол денгизининг сув запаси 30-йилларга нисбатан камаймаган. Кейинги 20 йилдан кўпроқ вақт ичида суғориладиган майдонлар Амударё воҳасида 2,4, Сирдарё воҳасида 2,6 миллион гектарга етказилди. Шундай қилиб, суғориладиган майдонларнинг интенсив кенгайтирилиши Орол денгизи учун ҳам, регион учун ҳам экологик фожианинг бошланиши бўлди. Айниқса, Амударёдан кейинги йилларда Қорақум канали орқали Туркманистон ССР олаётган сувнинг 7 км. га кўпайиши Орол денгизининг тақдирини янада мушкуллаштирди. Натижада Орол денгизи 60-70 йилларда 24 фоиз, 70-80 йилларда 54 фоиз сувидан маҳрум бўлиб қолди.
Иккинчи сабаб, Амударё ва Сирдарё сувларидан тежаб-тергаб. фойдаланмаслик ва бу дарёларнинг сувларини сунъий сув омборларига тўплашдир. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Амударё ва Сирдарёдан ўрта ҳисобда йил давомида 120 миллиард м3 сув оқади. Бу сув билан 12 миллион гектар ерни суғориб, деҳқончилик қилиш мумкин. Ҳозир эса 5 миллион гектар ер суғорилади. Бундан ташқари, суғоришда бошқа сув ҳавзаларининг сувларидан, ер ости сувларидан фойдаланилмоқда. Суғоришдан ортган сувлар ўнлаб сув омборларига тўпланмоқда. Хусусан, Норин дарёсидаги Тўхтағул сув омбори — 19,5, Сирдарёдаги Чордара — 5,2, Қайроққум — 3,4, Амударёдаги Туямўйин — 7,8 км сувни тўплай олади. Кези келганда шуни айтиш керакки, Иттифоқимизда сунъий сув омборлари қурилиши натижасида 2600 қишлоқ, 165 шаҳар сув остида қолиб кетди. Сув омборларининг умумий майдони Франция территориясига тенг келади.
Юзаки қараганда, сунъий сув омборлари яхши иқтисодий самара бераётир, лекин ҳамма вақт ҳам қулай экологик, қолаверса, социал вазиятни вужудга келтираётгани йўқ. Аксинча, атроф районларда ер ости сувларининг сатҳи кўтарилиши, ерларнинг шўрланишига олиб келмоқда. Бундай ерларда ҳосилдорлик кескин камайиб, ҳатто яроқсиз ҳолга келяпти. Уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш баъзан янги ерларни ўзлаштиришдан ҳам қимматга тушмоқда. Масалан, Туямўйин гидроузелининг қурилиши ундан қуйида жойлашган районлар ерларининг шўрланиш даражасини ошириб юборди. Бундан ташқари, бир вақтлар шўр кўлларнинг қуриб қолишидан ҳосил бўлган катта-катта туз конларини сув босди, улар аста-секинлик билан эриб Амударё сувининг шўрланиш даражасини ошириб юборди. Мутасадди ташкилотлар, аввало, «Туямуюнгидрострой» бошқармаси гидроузел қурилиши билан боғлиқ бўлган салбий экологик оқибатларнинг олдини олиш учун зарур амалий чораларни кўрмаётир. Айниқса, Туямўйин каналининг Тошовуз йўналиши қурилиши ҳозирданоқ унинг салбий оқибатларининг олдини олиш учун ернинг захини қочирадиган қўшимча зовурлар қазишни, мавжудларини таъмирлашни талаб қилади. Бу ишни кейинга қолдириш — табиатга тузатиб бўлмас жароҳат етказиш билан баробардир. Учинчи сабаб, Амударёдан ва Сирдарёдан суғориш учун олинаётган ортиқча сувларнинг оқаваларини ҳамда зах сувларини Орол денгизига оқизмасдан пастқамликларга қуйилиши натижасида катта-катта майдонларда Сариқамиш, Акчакўл, Доуткўл, Қоратегин, Ҳайдаркўл, Арнасой ва бошқа сув ҳавзалари пайдо бўлди ва унумдор ерлар, яйловлар сув остида қолиб кетди. Уларнинг ҳажми 60-70 йиллардаёқ 8—10 марта кўпайди, буғланиш ва ерга сингишдан ортган ва кейинчалик яна ҳам ортиши кўзда тутилмоқда. Биргина Арнасой кўлининг майдони 1800 км.2ни, сув ҳажми 14 км.3ни ташкил қилади. Унга 70 йилларгача коллектор-зовур сувлари билан 5,5 миллион тонна туз тўпланган бўлса, 80-йилларга келиб унинг массаси 10 миллион тоннага етди ва умумий туз запаси 130 миллион тоннадан ошди. Сувнинг шўрланиш даражаси доимий ошиб бориши кузатилмоқда. Ҳозир бир литр сувда 10,3 грамм туз бўлса, 2000 йилга бориб 18 грамм бўлиши кутилмоқда. Бу эса ундаги флора ва фаунанинг яшаши учун ноқулай вазиятни вужудга келтиради. Фақат унинг туз запасидан химия саноати учун хом ашё сифатида фойдаланиш истиқболларини қидириб топиш қолди, холос.
«Орол денгизи қуриб қолаётган бўлса, бошқа сунъий сув ҳавзалари пайдо бўляпти-ку», деб далда берувчи олимлар ҳам йўқ эмас. Лекин сув ресурсларининг парчаланиши ва тақсимланиши экологик вазиятни кескинлаштиришдан ташқари, янги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, муайян табиий шароитда яшаётган кишилар минг йиллар давомида шу географик муҳитга хос хўжалик фаолиятларини ривожлантириб келганлар. Табиий муҳит билан боғлиқ бўлган иқтисодий ишлаб чиқариш укладининг характери кишиларнинг турмуш маданиятини, психологиясини, анъаналарини, умуман, ҳаёт тарзини белгилаб турган. Табиий мутаносибликнинг жадаллик билан ўзгартирилиши бу доимий алоқадорликни, боғлиқликни узилишига олиб келади, унга путур етказади. Булардан ташқари, ёзувчи С. Залигин айтганидек: «Чақаларимизни бир, беш, ўн чўнтакка ёки ҳамёнга бўлиб солганимиз билан унинг умумий суммаси ўзгармайди. Табиат ресурслари чақа эмас, унинг ҳар қандай тақсимоти йўқотиш билан боғлиқдир».
Мутахассислар, олимлар Орол денгизини жилла қурса ҳозирги ҳолатда сақлаб қолиш учун турли лойиҳаларни тавсия қилмоқдалар. Лекин ҳар қандай оптимист мутахассис ҳам аҳвол шу тариқа давом этса, Орол денгизини сақлаб қолиш мумкин эмаслигини эътироф этишга мажбур бўлмоқда. Бир йўналишдаги лойиҳачилар Орол денгизига қуйилаётган дарёларнинг сувидан ўта тежамкорлик билан фойдаланишни таклиф қилмоқдалар. Зеро, Амударё воҳасида 80-йилларда ҳар йили ўртача 20 км.3 (26 фоиз), Сирдарё воҳасида 6 км.3 (17 фоиз) дарё суви бефойда йўқотилмоқда. Иккинчи йўналиш: Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимига фойдаланилган оқаваларни, зах сувларни оқизиш, пайдо бўлган сунъий кўлларнинг сувини Орол денгизига қуйишнинг илмий ечимларини баён қилмоқда. Учинчи йўналишга мансуб мутахассислар сувнинг табиий йўқотилишининг, хусусан, ирригация системаларини реконструкция қилиш билан ерга сингиш ва буғланишнинг олдини олиш, умуман, Орол денгизининг буғланишини камайтиришни кун тартибига қўймоқдалар. Дарҳақиқат, СССРда ёпиқ сув ҳавзалари ичида катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи Орол денгизи Ўрта Осиё чўллари ўртасида жойлашган бўлиб, ҳар йили атмосферага 60 км3 сувни буғлантириб турган. Бошқача қилиб айтганда, унинг буғланиши ҳам экологик мутаносибликни таъминловчи фактор бўлган. Шуни назарда тутган буюк рус олими А. И. Воейков бир вақтлар: «Ҳиндикуш тоғларининг қорлари ҳосил қиладиган дарёлар Орол денгизига қуйилади, улар яна буғланиб Ҳиндикуш қорига айланади. Шу зайлдаги айланма жараён Оролнинг қуриб қолишига ёки ўлиб кетишига йўл қўймайди», деб башорат қилганида инсоннинг табиий жараёнларга фаол аралашуви салбий оқибатларга олиб келишини ҳисобга олмаган эди, шекилли.
Юқорида айтиб ўтилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши Орол денгизининг қуриб қолиши билан боғлиқ бўлган экологик муаммоларни қисман бўлса-да, ҳал қилиши мумкин. Хусусан, ҳар бир йўналишдаги лойиҳалар комплекс равишда амалга оширилса, Устюрт билан Қизилқумни ажратиб турувчи сув тўсиқни сақлаб қолиш имконини беради. Бу эса биринчи навбатда автоном республикани ва Хоразм воҳасини ёзда саҳрони жазирама гармселидан, қишда шимолнинг қаҳратон совуғидан муҳофаза қилади, албатта. Бироқ, муаммонинг шу томонлари ҳам мутахассислар ва олимлар диққатидан четда қолиб кетмоқда.
Мамлакатимизда Азов денгизининг экологик балансини сақлаш борасида математик моделлаштириш методи яхши натижалар берди. Худди шундай ишни амалга ошириш учун бизнинг республикамизда ҳам етарли моддий-техник, интеллектуал база мавжуд, лекин тор доирадаги маҳкамачилик, сансалорлик, масъулиятсизлик уни амалга оширишга тўсиқ бўлмоқда. Ҳозир шу муаммо билан бевосита ёки билвосита шуғулланувчи илмий муассасалар, олимлар, мутахассисларнинг фаолиятларини муқобиллаштириш зарурияти пишиб етилди. Бунинг учун республика партия ташкилоти ва ҳукуматининг ташаббуси, ташкилотчилиги зарур бўлиб турибди. Шу ўринда республикамиз Фанлар Академиясига таъналаримиз бор. Маълумки, Сибирь дарёларининг бир қисмини Ўрта Осиё дарёларига ва Орол денгизига қуйиш ҳақидаги лойиҳалар кўпгина илмий текшириш институтлари, мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган эди. Бироқ, айрим олимлар асосий ишларидан бўш вақтларида, мустақил равишда бу тадбирларнинг ижтимоий-иқтисодий, экологик оқибатларини ҳисоб-китоб қилишиб, унинг мақсадга мувофиқ эмаслигини исботлади, шунга юқори партия ва ҳукумат ташкилотларини ишонтиришга муваффақ бўлдилар. Наҳотки, бизнинг республикамизда шундай ташаббускор олимлар йўқ?
Республикамизда ер ости сувларидан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида унинг табиий жамғармалари кескин камаймоқда. Агар 1984 йилда Ўзбекистонда 37473та артезиан қудуқлари мавжуд бўлган бўлса, ўтган йили уларнинг сони 38985тага етказилди. Бироқ шулардан 26525 таси нормал ишлатилган, 3440 таси эса ташландиқ ҳолда қолиб кетди ва ер ости сувларини ифлослантирувчи восита бўлиб қолди. Артезианлардан зарур бўлмаган пайтларда сувнинг оқизилиши табиатга нисбатан шафқатсизлик ва жиноятдир. Кейинги маълумотларга қараганда, ўз ҳолича оқиб ётган скважиналар сони КҚАССРда 234, Тошкент областида 40, Фарғонада 36, Навоийда 31 та бўлиб, улардан бефойда оқиб ётган сув суткасига 63,4 минг метр кубни ташкил қилади. Кўплаб артезиан қудуқларининг қазилиши табиий булоқпарни қуритиб юбормоқда. Бундан ташқари, айрим районларда ер ости сувларининг жамғармаси тамом бўлди. Масалан, Хоразм областининг Хонқа, Хива, Урганч, Шовот ва бошқа районлари марказларида сифатли, ичиш учун яроқли ер ости суви йўқ. Қашқадарё областининг У. Юсупов номли районидаги «Маймоноқ», «Оқ жангал» каби қишлоқларида яшовчи ўн минглаб аҳоли ҳозирги кунда ҳам 3 тонна ичимлик сувини 20 сўм тўлаб сотиб олмоқда. Эндиликда улар учун халқимизнинг «сув текин» деган тушунчаси рамзий маънога эга бўлиб қолди. Ичимлик сувининг танқислиги, уни сақлаш шароитининг йўқлиги аҳоли ўртасида турли касалликларни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас. Худди шунингдек, ҚҚАССРда энг муҳим социал ва экологик проблемалар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш билан боғлиқ бўлиб турибди. Чунки кейинги 10 йил ичида Амударёнинг қуйи оқимида сувнинг химиявий минераллашув даражаси 2—3 марта ошиб кетди, ер ости сувлари истеъмол учун мутлақб яроқсиз. Натижада аҳолининг турли юқумли касалликларга чалиниши ва болаларнинг нобуд бўлиш даражаси республикада энг юқори ўринни эгаллади. Умуман, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш маданиятининг Иттифоқимизда энг охирги ўринда туриши, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда миллий даромад СССРнинг ўртача кўрсаткичидан уч марта паст эканлиги ҳам экологик вазиятнинг кескинлашганига бориб тақалади.
Бутуниттифоқ «Гидропроект» институтининг Ўрта Осиё бўлими олимларининг аниқлашларича, Ўзбекистонда фойдаланилаётган сувнинг 98 фоизи суғориб деҳқончилик қилишга, 1,5 фоизи саноат ишлаб чиқаришига, 0,5 фоизи аҳоли истеъмолига сарфланади. Республикамизнинг Иттифоқ меҳнат тақсимотида пахтачилик базасига айлантирилиши ичимлик сувига эҳтиёжларни кундан-кунга ошириб юбормоқда. Зеро, 1 гектар ғўза ривожланиш даврида 5,5 тонна сув талаб қилади. Бундан кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга сарфланадиган сувни тежаш экологиянинг асосий йўналиши бўлиши керак.
Республикамизда ичимлик суви ресурсларининг чекланганлиги фавқулодда катта экологик муаммони вужудга келтирмоқда. Сувдан пала-партиш, хўжасизларча фойдаланиш натижасида 1 миллион 300 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати агротехника талабларига жавоб бермайди. Биргина Жиззах областида 1987 йил бошида умумий суғориладиган 279575 гектар ердан 112394 гектарининг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги аниқланди. Шундан 80466 гектари ўртача шўрланган бўлса, 31928 гектар ер жуда кучли шўрланган, ҳатто ер юзини туз қоплаган. Айниқса, Мирзачўл районининг 71,2 Пахтакор районининг 68,7, Дўстлик районининг 65,6, Зомин районининг 41,6 фоиз ерлари деҳқончилик учун ноқулай мелиоратив ҳолатга келиб қолган. Зомин районининг 7672 гектар ерини туз қоплаб, ундан ҳатто яйлов сифатида ҳам фойдаланиб бўлмайдиган даражага келган. Областда шундай фактлар аниқланганки, баъзи районларда ернинг захини қочирадиган ёпиқ зовурлар қурилмасдан фойдаланишга топширилган. Бу ишларнинг бажарилганлиги ҳақида ахборотлар қоғозлардагина мавжуд. Бундай ишлар Она ерга нисбатан ҳурматсизлик ва масъулиятсиэлик бўлиб қолмасдан, балки жиноятдир. Зеро, ҳамма нарсани ўз номи билан атаган маъқул.
Кейинги вақтларда Хоразм пахтадан юқори ҳосил олиш шон-шуҳратини йўқотмоқда. Бунинг асосий сабаби — ер унумдорлиги пасайиб кетганлигидир. Бу областда ўтган беш йилликда ерларнинг мелиоратив ҳолатинй яхшилаш учун 56 миллион сўмдан ортиқроқ давлат капитал маблағи сарфланди, бироқ ҳозирги кунда ҳам экин майдонларининг учдан бир қисми ачинарли ҳолатда. Ваҳоланки, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш эвазига ҳосилдорликни 35—40 фоизга ошириш мумкин.
Сувдан фойдаланишнинг кенг тарқалган практикаси шундайки, ким сувнинг бошида бўлса хоҳлаганича бўғиб олади. Ажабки, сув манбаъсидан қанча кўп сув олинса, ундан шунчалик хўжасизларча фойдаланилади, исрофгарчилик ортади. Аниқлашларича, сувнинг ҳажми икки баробар ошса, ундан фойдаланиш коэффициенти уч ҳисса камаяр зкан. Шунинг оқибатида ҚҚАССРда 31, Навоий областида 29 фоиз сув мутлақо бефойда оқиб кетмоқда, ваҳоланки, республикамизда ўртача сувнинг исроф бўлиш кўрсаткичи 17—19 фоизни ташкил қилади, холос.
Ҳозирги вақтда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш етарлича назорат қилинмаётир. Ҳисоб-китоб қилишнинг, назоратнинг мукаммал, қатъий системасини ишлаб чиқиб амалга жорий қилиш зарурияти туғилмоқда. Ўғит, техника, ёқилғи, меҳнат ресурслари ҳар бир гектар ёки центнер ҳосилга норматив асосида белгилаб қўйилганидек, сувни ҳам пухта режа асосида тақсимлаш лозим. Суғориладиган районларга дифференциал тарзда ёндошган ҳолда хўжаликларга бериладиган сув миқдорининг қатъий лимитини белгилаб қўйиш керак. Умумий олинадиган даромаддан ортиқча фойдаланилган ёки исроф қилинган сувнинг қийматини чегириб қолиш ёки нормадагидан кам миқдордаги сув билан деҳқончилик қилганлиги учун қўшимча тарзда рағбатлантириш системасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бинобарин, хўжаликларда оила ва бригада пудратининг кенг жорий этилиши сувдан тежаб-тергаб фойдаланишнннг ташкилий шарт-шароитини яратади, яъни пудрат коллективи йил охирида оладиган устама иш ҳақидан, мукофотларидан ортиқча фойдаланган ва исроф қилган сув учун маълум миқдорда пул ушлаб қолинишини ёки кам миқдорда сув ишлатиб, уни тежаганлиги учун қўшимча моддий манфаатдор бўлишни билса ва бу ҳол хўжалик билан пудрат ўртасида тузилган шартномада мустаҳкамланган бўлса, сувдан фойдаланишга бошқача нуқтаи назардан қараларди, албатта.
Деҳқончиликда ортиқча фойдаланилган сувларнинг оқавалари жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, тоза сув ҳавзаларига тушиб, уларни ифлослантирмоқда, ер ости сувларининг минераллашув даражаси ошмоқда, ерларнинг шўрланишини ва ботқоқликларга айланишини кучайтирмоқда. Айниқса, дарёларнинг қуйи оқимларида жойлашган районлардаги аҳвол ачинарлидир.
Ҳозир Амударёдан суғориш учун олинаётган сувнинг ярми турли минераллар билан шўрланиб, қайта дарёга қуйилмоқда. Натижада сувнинг шўрланиш, минераллашиш даражаси кейинги 15 йилда уч мартадан кўпроқ ошди. Фақатгина тожикистонлик деҳқонлар Амударёга 3 миллиард м.3 зах сувларни қуйиши натижасида сувнинг минераллашиш даражаси анча кўпайса, қуйироқда Сурхондарё, Шеробод, Қорасувдан тушаётган оқавалар бу кўрсаткични янада оширмоқда. Қарши чўли, Бухоро области бу даражани янада юқорироққа кўтармоқда, ниҳоятда шўрланган сувни Амударёга оқизмоқда. Яқин келажакда бу сувнинг миқдори 200 м.3 га етиши кутилмоқда.
Юқори даражада минераллашган сувдан фойдаланиб деҳқончилик қилиш ерларнинг шўрланишини ошириб юбормоқда. Натижада қайта-қайта шўр ювишга мажбур бўлинаётир. Агар олимлар ва мутахассислар тавсия қилаётганидек, Амударёнинг ўнг ва сўл қирғоқларида коллектор-зовур сувларини тўплаб Орол денгизига қуйиладиган каналлар қазилса юқоридаги муаммоларни — Амударё сувининг шўрланишини ҳамда Орол денгизи қуриб қолиши билан боғлиқ бўлган муаммоларни бирмунча юмшатиш мумкин. Бироқ, республикамизнинг айрим областларида бу ишга етарли даражада эътибор берилмаётир. Масалан, ҚҚАССРда ирригация системаларидан фойдаланиш коэффициенти 0,56-0,58 даражада, холос. Шунинг оқибатида суғоришга сарфланаётган сувнинг ҳажми нормадагидан 1,5—2 марта кўп бўлмоқда.
Автоном республикада ҳар йили 270 минг гектардан ошиқроқ ернинг шўрини ювиш учун 2,5 км.3 сув сарфланади. Бироқ, зах сувларни оқизиш системасининг йўқлиги натижасида бу иш яхши самара бермаётир. Бунинг устига, Амударё сувининг юқори даражада минераллашуви ерларнинг иккиламчи шўрланишига сабаб бўлмоқда.
Лойиҳалаштиришда йўл қўйилган хатоликлар натижасида ўн миллионлаб сўм сарфлаб қазилган асосий коллекторлардан зах сувларнинг чиқиб кетмаслиги оқибатида ер ости сувларининг кўтарилиб, ерларнинг шўрланиш даражаси ошиб кетиши кузатилмоқда. Ҳозир Автоном республикада ер ости сувлари 1,5 метргача бўлган майдонлар кейинги 4 йил ичида 106 минг гектарга кўпайди.
Қорақалпоғистон АССРда 21 фоиз ернинг шўрини ювиш учун умумий олинаётган сувнинг 41 фоизи сарфланади. Бу эса ерларнинг шўрланиши ва уни ювиш эҳтиёжи ичимлик сув муаммосини кескинлаштиришдан ташқари Орол денгизининг қуриб қолишига асосий сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ерларнинг шўрланишини бартараф қилишнинг бошқа технологик йўналишларини топиш кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қоляпти. Туркманистон ССРда ерларнинг шўрини кетказишда қуёш энергиясидан фойдаланиш, республикамизда электр энергиясини қўллаш, гидролиз заводларининг чиқиндиси бўлган лигнинни ерга солиш тажриба қилиб кўрилди. Олимларнинг тажрибалари шуни кўрсатдики, ҳар бир гектар ер ҳисобига 30 тонна лигнин солиб ҳайдалганда шўр ювишга сарфланадиган сув миқдорини кескин камайтиришдан ташқари, ҳосилдорликни ўртача 7-8 центнерга ошириб, ҳар гектардан 76 сўм соф иқтисодий фойда олиш мумкин.
Келажакда айнан индустриал технология ерларнинг шўрини кетказишнинг амалий-илмий ечимларни топиши мумкин. Бунинг учун барча мутасадди ташкилотларнинг фаолиятларини мақсадга мувофиқ тарзда координациялаштириш ҳамда уларнинг масъулиятини ошириш тақозо қилинади.
Иттифоқимизда ва республикамизда ирригация-мелиорация соҳасининг мукаммал тармоғи — илмий-текшириш институтлари мавжуд. Лекин фақат уларнинггина хулосалари билан чегараланиб қолиш масалани бир томонлама ҳал қилишга, бошқа ижтимоий-иқтисодий, экологик муаммоларни четлаб^д! ўтиб, баъзан тузатиб бўлмас хатоликларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун бу муаммо турли соҳа мутахассисларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлашини талаб этади.
Атроф муҳитнинг ифлосланишида саноат корхоналари жиддий хавф туғдирмоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, рангли металлургия корхоналари жойлашган ердан 1,5-2 км. теваракда қўрғошин, маргимуш, рух, симоб, мис ва бошқа моддалар тирик организмлар яшашига салбий таъсир қилмоқда. Шундай корхоналардан 5 км. узоқликдаги қўрғошин нормал шароитдагига нисбатан 109 мартагача (картошкада 166 марта), маргимуш 39 марта кўп бўлиши аниқланган. Саноат зоналарида ер ости сувлари жамғармаларининг камайиши билан биргаликда унинг химиявий ифлосланиши ҳам муаммони чуқурлаштириб юбормоқда. Айниқса, химия саноати зоналарида аҳвол жуда ачинарли. Фарғона шаҳрининг шимолидаги Олтиариқ — Бешолишсой ер ости сув ҳавзаси «Фергананефтеоргсинтез» ишлаб чиқариш бирлашмаси чиқиндилари билан доимий равишда ифлослантирилиши натижасида ҳатто 70 метр чуқурликдаги 1 литр сув таркибида нефть маҳсулотлари, рухсат этилган концентрация чегарасидан ортиқ феноль борлиги, умумий қаттиқлиги нормадагидан бир неча марта кўп эканлиги аниқланди. Аҳволнинг жиддийлигини Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва республика Министрлар Советининг бу борадаги бир қатор кўрсатмалари ҳам тасдиқлаб турибди. Бироқ, ҳозиргача бу кўрсатмалар сезиларли амалий натижалар бермаётир. Худди шундай ҳодисалар республикамизнинг бошқа саноат марказларида ҳам кузатилмоқда…
Поповга радио ихтиро қилгани учун алюминий кружка совға қилишган. Менделеевга эса химиявий элементлар даврий системаси жадвалини тузгани учун алюминийдан ясалган медаль беришган экан. Бир вақтлар олтиндан ҳам қимматбаҳо ҳисобланган шу металлни ишлаб чиқариш ҳозирги кунда атроф-муҳитни ифлослантираётган металлургия корхоналари ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди ва жуда катта ташвиш туғдирмоқда. Масалан, Тожикистон ССРнинг Регар районида қурилган алюминий заводидан чиқаётган заҳарли моддалар фақат завод атрофидаги ерларни, атмосферани, сув ҳавзаларини ифлослантириб, табиатга жиддий путур етказиб қолмасдан, Ўзбекистон ССРнинг Сурхондарё областидаги Сариосиё, Денов районларида ҳам экологик вазиятни кескинлаштириб юборди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинлари, чорва моллари, энг муҳими — инсон соғлигига салбий таъсир ўтказмоқда. Бу районларда уч йилдан бери давлатга пилла топшириш умуман пландан чиқариб ташланди, чунки заводдан чиққан заҳарли моддалар тут баргларини заҳарлаб, ипак қуртларини батамом қириб юборди. Шунингдек, Дашнободнинг машҳур анорзорлари ҳам қуриб тамом бўлиш арафасига келди. Шундай оқибатлардан кейин ҳам заводдан чиқаётган заҳарли моддаларнинг инсон саломатлигига салбий таъсир ўтказмаслигига кафолат берадиган киши топилармикан?
Кейинги вақтларда атмосферани, ерларни, сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш учун, атрофдаги аҳоли пунктларига таъсирини камайтириш мақсадида корхоналарнинг дудбуронларини, мўриларини баланд қилиш, корхоналарни аҳоли пунктларидан четроққа қуриш амалда кенг қўлланилмоқда. Лекин бундай йўл билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштиришнинг мавжуд санитария-гигиена жиҳатидан лойиҳалаш нормативларига кўра, атроф муҳитга таъсирига қараб бир тоифадаги (классдаги) корхоналарни аҳоли пунктидан 1000 метр, II тоифадагини 500 метр, III тоифадагини 300 метр, IV тоифадагини 100 метр, V тоифадагини 50 метр четга қуриш белгиланган. Биринчидан, бу нормативлар нисбий бўлиб, аллақачон эскирган, қолаверса, уларга ҳамма вақт амал қилинаётгани йўқ.
Иккинчидан эса, корхоналардан чиққан заҳарли моддалар бориб тушган жойида михланиб ётмайди: шамол уни кўчириб юради ёки сув тармоқлари оқизиб бизнинг назаримиз тушмайдиган жойларга олиб боради. Юқорида айтилган Регардаги алюминий заводи Сариосиёдан 35, Деновдан 70 км. узоқда-ку! Уни қайси тоифага киритиш мумкин?
Мавжуд корхоналарнинг айрим раҳбарлари ўз тинчини кўзлаб, план кетидан қувиб, атроф муҳит муҳофазасига етарли даражада эътибор бермаётирлар, чунки ҳозирга қадар корхона раҳбари планни бажармаса таънага қолиб, мукофотдан маҳрум бўлади. Табиатни ифлослантиргани учун эса нари борганда корхона ҳисобидан жарима тўлайди, холос. Назаримизда, корхона раҳбарларининг масъулиятсизлиги, шахсан моддий жавобгар эмаслиги, экологик тафаккуридаги турғунлик бунга асосий сабаб бўлмоқда. Агар атроф муҳит муҳофазасининг назорати ҳозирги тартибда кетаверса саноат корхоналарини хўжалик ҳисобига ўтказиш ҳам атроф муҳит муҳофазасига доир тадбирларни амалга ошириш масъулиятини сусайтиришга олиб келиши мумкин. Яъни, хўжаликлар кўпроқ фойда олиш мақсадида бу ишга етарли даражада эътибор бермай қўяди. Шунинг учун саноат корхоналари муайян технологик жараён учун зарур бўлган миқдордаги сувни «сотиб олиб», ортиқча сарфланган ҳар бир литр сув учун моддий жавобгар бўлиши лозим.
Албатта, саноат тармоғи учун ёпиқ сув ишлатиш системасига ўтиш ҳозирча иқтисодий жиҳатдан «зарарли» бўлиб, меҳнат ва моддий ресурслар таъминотида муайян қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Лекин муқаррар равишда жамиятга иқтисодий, социал, табиатга эса экологик фойда келтиради. Бунинг самарадорлиги тажрибаларда исботланди. Хусусан, рангли металлургия саноати ўн биринчи беш йилликда 30 та фабрикасини сувдан фойдаланишнинг ёпиқ системасига ўтказган эди, натижада жуда катта техник-иқтисодий фойда кўрди.
СССР Фанлар академиясининг президиуми қошидаги табиий сувларни муҳофаза қилиш комиссиясининг раиси, академик Н. Ласкорнинг фикрига кўра, саноат чиқинди сувларини ҳар қандай мукаммал қурилмалар билан тозалаш муаммони ҳал қилиш эмас ва иқтисодий жиҳатдан истиқболсиздир. Дарҳақиқат, Байкал целлюлоза-қоғоз комбинатига сув тозалаш иншоотини қуриш давлатга 46 миллион сўмга тушди. Шунга қарамасдан чиқинди сувларнинг ифлослиги рухсат этилган даражадан юқори бўлиб қолмоқда. Шу беш йилликда бу комбинатни сувдан ёпиқ тарзда фойдаланиши мумкин бўлган бошқа йўналишдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга мослаштиришга қарор қилинганининг асосий сабаби ҳам шундадир.
Экологик салбий оқибатлар ҳамма вақт иқтисодий зарар билан боғлиқ бўлади. Бекобод цемент заводи территориясидаги уйларнинг томларини цемент қоплаган (афсуски, одамлар ичига ютган чанглар бевосита кўриниб турмайди). Ҳатто 2 км. масофадаги 1 м.3 ҳавода 20-22 миллиграмм цемент чанги мавжуд. Бекободнинг доимий шамоли бу чангларни узоқ-узоқларга учириб кетиб, катта экологик зарар етказиш билан биргаликда маҳсулот таннархини 6 фоизга қимматлаштириб юбормоқда. Бунинг олдини олиш учун қардош социалистик мамлакатларда аллақачон самарадор технологик восита топилган. Хусусан, Болгариянинг Ловченский округидаги цемент заводи кёйинги 10 йил ичида чанг чиқармаётир. Чанг ҳисобидан ишлаб чиқарилаётган цемент миқдори 300 минг тоннани ташкил қилади.
Ўзбекистонда пахта тозалаш заводлари атроф-муҳитни ифлослантирувчи жиддий манба бўлиб қолмоқда. Айниқса, машинада терилган пахтанинг ифлосланиши юқори. Пахтанинг 4-5-навларида 20 фоизгача чанг, хас-чўп мавжуд. Бу чангларда маданий ўғит, зараркунандаларга қарши ишлатилган заҳарли моддалар, ғўза баргини туширишда фойдаланилган дефолиантлардан ташқари 16-32 фоиз сицилий оксиди, 39—57 фоиз силикат моддалар, умуман, 65 фоиз органик моддалар, 35 фоиз минерал аралашмалари мавжуд. Пахта заводларининг турли цехларида 1 см.3 ҳавода 5840-6480 та чанг зарраси бор. Агар завод суткасига 400-450 тонна пахтани қайта ишласа, бу чангларнинг умумий салмоғи 8-9 тоннани ташкил этади. Атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган пахта заводларида ҳам чангиш даражаси рухсат этилган чегарадан бир неча баробар юқоридир. Бу моддалар заводда ишловчи ва территориясида яшовчи кишиларнинг ҳаво орқали нафас олиш органларига, ичимлик суви билан организмга тушиб, ичак-ошқозон ва бошқа сурункали касалликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, кремний (II) оксидига бой чанглар пневмокониоз касаллигига, ғўза барги ва пахта чигитидаги бўёвчи модда — госсипол жигарда тўпланиб унинг функциясини ишдан чиқаради. Шунингдек, атрофдаги қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигига, чорва молларининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Табиатни муҳофаза қилишга яқиндан ҳисса қўшаётган корхоналару коллективларни, айрим кишиларни моддий рағбатлантириш учун махсус фонд ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу фондни экологик хатолар учун тўлаётган жарималар ҳисобига ошириб бориш мумкин.
Тўғрисини айтиш керакки, аксарият ҳолатларда глобал миқёсида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳақида гап кетганда капиталистик мамлакатларда йўл қўйилаётган экологик хатоликларни, уларнинг салбий оқибатларини кўрсатишдан нарига ўтмаяпмиз. Ваҳоланки, ўзимизнинг кўз олдимизда рўй бераётган экологик хатоликлар ҳақида гап очмаймиз. Нари борганда камчиликларни ниқоблаб, эгасиз танқид билан чегараланиб қолмоқдамиз. Агар Орол денгизига ўхшаган сув ҳавзаси бирон бир капиталистик мамлакатда қуриб қола бошлаганда эди, бизнинг олимларимиз уни албатта капиталистик ишлаб чиқариш усули билан, буржуа жамиятининг табиий ресурсларни аёвсиз эксплуатация қилиши билан боғлаб қаттиқ танқид қилган бўлар эди. Одатда, капиталистик мамлакатлардаги олимларнинг экологик қарашларига синфий позициядан ёндошамиз деб ҳамма вақт ҳам уларнинг фикрларини маъқуллайвермаймиз. Ваҳоланки, уларнинг қарашларида ҳам фойдадан холи бўлмаган қимматли илмий ҳақиқат мавжуд бўлади. Буржуа синфига мансуб олимларнинг айтган ҳақиқатини эътироф этиш синфий ҳушёрликни бўшаштириш ёки мафкуралар курашида муросага келиш деган гап эмас. Зеро, ҳақиқатни ким айтишидан қатъи назар у ҳақиқат бўлиб қолаверади — уни дўст айтса ҳам, душман айтса ҳам моҳияти ўзгармайди. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда глобал экологик проблемаларни турли системалардаги катта-кичик мамлакатларнинг иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ўзаро бирдамлиги ва ҳамкорлигисиз ҳал қилиш мумкин эмас. КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари М. С. Горбачёв Франция парламенти аъзолари билан учрашувдаги нутқида: «Европадаги барча мамлакатларнинг куч-ғайратини бирлаштирмасдан туриб, қитъамизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғломлаштиришдек кескин проблемани ҳам чинакамига ҳал этиш мумкин эмас. Образли қилиб айтганда, қитъамизнинг кўпгина районларида замин оёғимиз остида бамисоли аланга олмоқда, осмондан олов ёмғири ёғмаётган бўлса ҳам кислота ёмғири ёғмоқда, тутуннинг кўплигидан осмоннинг ўзи кўринмаяпти. Европадаги дарёлар ва денгизлар ҳам аянчли аҳволга тушиб қолмоқда. Ўз вақтида бизларнинг ҳаммамиз энди умуман миллий доирада ҳал қилиб бўлмайдиган проблемаларни юзага келтириб, чамаси етарли даражада узоқни кўриб иш тутмадик. Ҳаммамиз қитъанинг тақдири муштараклигини англашимиз зарур бўлган ҳақиқий соҳа мана шулардан иборат», деган эди. Дарҳақиқат, планетанинг сув ҳавзалари ва атмосфера маъмурий чегараланмаган, бир мамлакатда йўл қўйилган экологик хато бошқа мамлакатларнинг экологик вазиятига салбий таъсир этяпти.
Дунё олимларининг, шу жумладан, Иттифоқимиздаги йирик мутахассисларнинг вужудга келаётган экологик муаммолар ҳақида ташвишланиб гапираётгани, матбуотда эълон қилинаётган фикрлари аксарият ҳолларда «пессимизм» деб эълон қилинади. Бундай «пессимистик» қарашларга «оптимистик» қарашлар қарши қўйилмоқда. Нафсиламбрини айтганда, ҳар қандай оптимистликнинг чегараси бор, агар шу чегарадан ўтилса, хатоликлардан кўз юмишга тўғри келади.
Экологик вазиятни тўғри баҳолаш, бу вазиятга нисбатан актив позицияни шакллантириш, экологик тафаккурни ривожлантириш учун оммага табиий атроф-муҳит муҳофазасига доир зарурий статистик информация, ахборотлар, фактлар билан доимий равишда тушунтириб бориш лозим. Лекин вақтли матбуотда, махсус адабиётларда ёритилаётган материаллар ҳамма вақт ҳам воқеликни тўлиқ, объектив акс эттираётгани йўқ. Иккинчи даражали ҳодисалар атрофида шов-шув кўтарилиб, асосан мақтовлар билан чегараланиб қолинаётир.
Мутахассислар, ёзувчилар, журналистлар масалани кескин қўйиши мумкин, лекин зарур бўлган материаллар мутасадди ташкилотларда «етти қулф остида» сақланмоқда. Ҳозир ҳам бундай фактларнинг ошкор қилиниши тегишли ташкилотларнинг, раҳбарларнинг обрўсига, энг муҳими — мамлакатимиз обрўсига салбий таъсир қилади деган чучмал мушоҳадалар жамоатчилик манфаатларидан устун бўлиб қолмоқда.
Ҳурматли журналхон! Сиз бу мақоламизни ўқиб кўриб: «Ҳа, энди, кишилар яшашлари учун нон ҳам ейишлари керак-ку. Айниқса, аҳоли сонининг ўсиб, эҳтиёжларининг ошиб бориши хоҳласа-хоҳламаса табиатдан олинадиган неъматларни кўпайтиришни талаб қилади-ку», дейишингиз мумкин. Тўғри, кишилар яшаши учун кийинишлари, уй-жой билан таъминланиши керак. Бунинг устига, нонни ёғ билан ейишни хоҳлайдилар. Лекин инсон фақат ейиш-ичиш учун яшамайди. Маънавий озиқ ҳам шарт. Уни эса мусаффо осмон, тоза ҳаво, тиниқ сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Семашконинг фикрига кенгроқ маъно бериб айтганда, экология маданиятисиз умуман маданиятнинг бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, келажак авлод олдидаги бурч ва масъулият ҳам бор.
Юқорида келтирилган фикрлар асло ваҳима қилиб, одамларни саросимага солиш учун айтилгани йўқ, улар шу куннинг ҳақиқатидир. Ҳақиқат эса ҳар қанча аччиқ ва ваҳимали бўлса ҳам эътироф этишни талаб қилади. Яна шуниси ҳам ҳақиқатки, биз табиатга нисбатан қилган тантиқликларимиз учун жавоб беришга мажбурмиз. Чунки у Она табиат, ахир! ОНА эса ҳамма вақт фарзанднинг меҳрига муҳтождир. Агар биз унинг қитиғига тегсак, у бизни шапалоқлайди. Алам қилади, лекин тишимизни тишимизга босиб чидашга маҳкум этилганмиз. Чунки, шоир айтмоқчи, «Онага қўл кўтарган — фарзанд саналмас!»
“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 2-сон