Туркистон ўлкасининг мустамлакага айлантирилиши туркий тилда сўзлашадиган халқларни зўравонлик билан икки қисмга бўлиб ташланишига олиб келиб, бир қисми Россия империяси доирасида, иккинчи қисми унинг ташқарисида қолди.
Шу пайтгача Туркистон тарихи қўрқа-писа ёзиб келинди, шунинг учун ҳам у бузилган, чала, хулосалари сохта ёлғон аралашган жойда уйғунлик ҳам, илҳомбахш таъсирчанлик ҳам бўлмайди.
Кейинги йигирма аср мобайнида нисбатан бир текис, тараққиётнинг олға қараб борган мантиқига эга бўлган Оврўпа тарихидан фарқли равишда, Туркистон тарихида ғалати манзарани кузатиш мумкин: IX—XV асрларда маданиятнинг инсоният онгини нурафшон этган, дунёга кўплаб даҳоларни тақдим этган ва унинг бундан кейинги тараққиётига салмоқли таъсир кўрсатган ёрқин, сезиларли парвозидан сўнг бирдан XV асрдан бошлаб, бошқа, христиан цивилизациясининг жадал ривожланишига солиштирганда, пасайишни, қолоқлик ва турғунликни кузатиш мумкин. XV асрдан бошлаб, мана шундай буюк давр, жадал ривожланишдан кейин Туркистон цивилизацияси гўё тўрт юз йил уйқуга кетгандек бўлди, ўлка тарихида «энг қора, энг шармандали давр» бошланди.
Тарихнинг бу ҳодисасини қандай изоҳлаш мумкин? Инсоният катта бир қисмининг руҳий фаоллиги ўзгариши сабаблари нимада?
Агар тарихга синчиклаб назар ташласак, бир нуқтаси эътиборимизни тортади: инқирознинг бошланиш даври XV асрга, яъни бир ярим минг йил мобайнида мавжуд бўлган Буюк ипак йўлидаги ҳаракат тўхтаган даврга тўғри келади. Туркистонда тараққиётнинг пайдо бўлиши, гуллаши ва инқирози I асрдан XV асргача бўлган даврни қамраб олади. Буюк ипак йўли тугаши эса бевосита XV аср билан, буюк жуғрофий кашфиётлар даври билан боғлиқдир. X. Колумб, Васко да Гама ва бошқа жасур денгиз сайёҳлари афсонавий Шарққа олиб борадиган сув йўлини қидиришди ва икки қитъани кесиб ўтиб, Ғарб ва Шарқни бирлаштирган олис Буюк ипак йўли ўрнига арзон ва самарали сув йўлини топишди.
Бу икки ҳодиса ўртасида чуқур боғлиқлик борлигини сезмаслик мумкин эмас: Туркистон учун савдо, миллатлар ўртасидаги мулоқот йўқ бўлди ҳисоб, эҳтиёж дунёни ўзича идрок қилиш билангина чегараланди ва шу йўсинда ҳаммаёқ ҳувиллаб қолди. Туркистон узоқ вақт жаҳоннинг асосий савдо йўлларидан ажралиб қолди.
Ваҳоланки, Буюк ипак йўли ўтган мамлакатлар ўртасида ўн беш аср мобайнида мустаҳкам иқтисодий ва маданий алоқалар мавжуд бўлган эди. Буюк ипак йўли тарихга айланганига беш аср бўлди, лекин у абадий халқаро ҳамкорлик намунаси бўлиб хизмат қилади. Унинг ғоялари бугунги кунда Туркистон ўлкаси олдида бутун кескинлиги билан турган зарурат: ўлканинг жаҳон савдосида қатнашуви ва дунё океанига чиқиш мақсадига яқин ва ҳамоҳангдир.
Туркистон ўлкасининг бугунги аҳволи XIX аср ўрталаридан бошланади. Ўшанда дунёнинг турли бурчакларида ҳар хил воқеалар бўлиб Туркистон тақдирига у ёки бу даражада таъсир кўрсатди. 1861 йилда Россияда крепостнойлик бекор қилинди. Бу тарихий ҳодиса мамлакатнинг саноат тараққиётига беқиёс ижобий таъсир кўрсатди. Шундан кейин Россияда капитализм тараққиёти шундай тезлик билан давом этдики, Оврўпанинг баъзи мамлакатларида бутун бир аср мобайнида қилинган ишлар бу ерда бир неча ўн йилда амалга оширилди.
1861—1865 йилларда АҚШда Жанубнинг пахта плантациялари қулдорлари билан саноатлашган Шимол ўртасида қулдорликни бекор қилиш учун фуқаролар уруши авж олиб кетди. Бу уруш натижасида АҚШдан Россияга пахта келтириш кескин камайди. Россиянинг ишбилармон доираларида муҳим саноат хом ашёси — пахтага бой бўлган Туркистон ўлкаси ҳақида тобора кўпроқ гапира бошладилар. Россия Туркистон ўлкасини босиб олиш бўйича кенг миқёсли ҳарбий тадбирларни амалга оширишга киришди.
Совет даврида расмий тарғибот Туркистоннинг Россия таркибига ихтиёрий қўшилганлиги тўғрисидаги фикрни жамоатчилик онгига сингдириш учун кўп ҳаракат қилди. Бу муҳим сиёсий дастурни амалга ошириш учун Туркистон халқларининг миллий ғурурини ерга уриш, Туркистон халқларининг ўша даврдаги ҳаёт шароитида ижтимоий тараққиёт куртаклари «йўқ»лигини асослаш лозим эди. Ўлка қанча кўп талангани сайин, тарихий материализм назарияси билан мустаҳкамланган бу риёкорона фикр халқлар онгига кўпроқ жойлана бошланди.
Туркистоннинг Россияга қўшиб олинишини шу пайтгача бу ўлка халқлари тақдирида, уларнинг миллий тараққиётида гўё бир нажотбахш ишдай баҳоланиб келинди. Аслида эса тескариси бўлди. Туркистон халқларининг эркин иродаси Россияга қўшиб олиниши билан ўзлигини англаш фазилатини йўқотди. Миллат унга тиқиштирилган, унинг руҳи, диний эътиқоди, турмуш тарзи, миллий анъаналарига тўғри келмайдиган янги муносабатлар олдида эсанкираб қолди. Агар миллатга диққат билан разм солинса, унинг ҳаётига зўрма-зўракилик билан тиқиштирилган нарсаларнинг ҳеч бири унга ростмана сингмаганлигини кузатишимиз мумкин. Биз, жумладан ҳозирги Ўзбекистон мисолида бир-бирига зид икки хил ҳодисани: ишсизликни ва саноат корхоналарида малакали ишчи кучлари етишмаётганлигини кузатяпмиз. Нега бундай бўляпти? Миллат устидан ҳукмронликни давом эттиришни истовчи кучлар янги «ўзбек иши»ни очишга, миллатни дангасага чиқаришга ҳаракат қилишаяпти. Шундай бўлса, бу халқ қандай қилиб, меҳнатига жуда оз ҳақ тўланаётган шароитда, олти ой ёз далада кетмон уриб, пахта етиштириб, дунёнинг ярмини кийинтиряпти?
Туркистон истило қилинганидан кейин Россия ўлкани ўз манфаатларига хизмат қилдириш учун шошилинч чоралар кўра бошлади. Бунинг учун биринчи навбатда чегарада божхоналар ташкил этиш керак эди. Бундан кутилган мақсад ташқаридан мол олиб келиш ва олиб чиқиб кетишга мустақкам ғов қўйишдан иборат эди. Чегарада божхонолар ташкил этиш учун ўн йилдан кўпроқ вақт кетди. Бу пайтда Россиянинг Туркистондаги манфаатлари саноат жиҳатдан анча ривожланган Англия манфаатлари билан тўқнашди. XIX асрда гуркираб ривожланган Англия саноати бу пайтда зўр бериб янги бозорларни излаётган эди. У Ҳиндистон орқали аввал Афғонистонга, кейин Туркистонга интилди. 1881 йилда Туркистон бош губернатори «Четдан келтириладиган моллар тўғрисидаги вақтинчалик қоидалар»ни тасдиқлади. Бу қоидалардаги асосий нарса Оврўпа молларини келтиришни тақиқлашдан иборат эди. Шундай қилиб ўлканинг жанубий савдо йўллари тақа-тақ беркилди. Шу даврдан бошлаб ўлка ташқи дунёдан бутунлай узиб ташланиб, тўлалигича Россия манфаатларига итоат эттирилди. Бу аслида Туркистон учун Буюк ипак йўли тугаганидан кейинги иккинчи жиддий зарба эди.
Мустамлакачилар асоратга солинган ўлканинг асосий бойликлари — ери, суви, қуёши эканлигини, ноёб табиий-иқлим шароитлари бебаҳолигини тез тушундилар. Бундан буён бу бойликлар юксак даражада самара бериши керак эди. Ҳар қандай капитал табиатан очкўзликни юзага келтиради, эгаси уни тезроқ ишга солгиси келади. Чор ҳукуматининг ўлкадаги асосий мақсади ерларни ўзлаштириш бўлиб қолди. Бундан кутилган асосий мақсад эса ерли халқларнинг ҳаётини яхшилаш эмас, балки кўпроқ «оқ олтин»га эга бўлиш эди. Ерларни ўзлаштиришга фақат давлат хазинасидаги маблағ эмас, балки бадавлат рус ишбилармонларининг маблағлари ҳам жалб қилинди.
Ўлкада асрлар мобайнида шаклланган ер ва сувдан фойдаланиш удумлари эса унумдор лекин нозик ва мўрт суғориладиган деҳқончилик системасини авайлаб асрашга қаратилган эди. Бутун мусулмон халқлари шундай табиий-иқлим шароитида яшайдиларки, улар учун ер ва сув — ҳаёт-мамот масаласидир. Айнан шунинг учун ҳам бу ўлкаларда табиат ислом дини ва унинг анъаналари билан асраб-авайланган. Ер ва сувнинг табиий мутаносиблигини сақлаш — ҳаёт кечиришнинг муҳим принципи саналган. Россия томонидан босиб олинганга қадар Туркистон замин ҳаммани боқарди. Бу ерда барча турдаги экинлар: буғдой ва шоли ҳам, пахта ва зиғир ҳам, дуккакли экинлар ҳам экилган. Лалми ерларга кам сув талаб қиладиган экинлар, суғориладиган ерларга кўп сув талаб қиладиган экинлар экилган. Шу йўсинда ер ва сувнинг табиий мувозанат сақланган. Мана шу асрий тартибнинг бекор қилиниши халқнинг бутун ҳаёт тарзини, барча мавжу, муносабатлар ва тасаввурларни йўққа чиқарди. Шундай қилиб, далалардан пахтадан бошқа экинларни суриб чиқариш бошланди. Ҳозир бу ҳодиса пахта яккаҳокимлиги деб аталиб, турғунли даврининг иллати сифатида баҳоланаяпти. Бу эса тарихан тўғри хулоса эмас. Аслида пахта яккаҳокимлиги мустамлакачилик иллатидир.
Ўтган асрда ўлканинг бош ер бошқарувчиси бўлиб ишлаган, Россия империясининг Туркистондаги манфаатларини зўр бериб ҳимоя қилган А. Кривошеин ҳукумат учун тайёрлаган маърузаларидан бирида шундай сўзларни ёзган эди: «Россия ўзининг янги мулки — Туркистонга қандай қарайди? Бу масала ўлка учун, менинг қатъий ишончимга биноан, марказий масалалардан бўлиб унинг битта эмас, учта қирраси бор. Битта қиррасида, эндиликда рус ижтимоий фикрини маҳлиё этаётган «пахта» сўзи бўртиб турибди. Иккинчи қиррасига «суғориш» сўзи, ҳозирча ошкор қилинмаётган, лекин ҳаммасидан муҳими бўлган учинчи қиррасида эса «русларни кўчириб келтириш» сўзлари ёзилган».
Россия империясининг молия вазири И. А. Вишеградский эса Туркистонни «рус тожидаги олмос», деб атади. Шу йўсинда қуёшли ўлка бойликлари Россияга дарё бўлиб оқа бошлади.
Октябрь инқилоби мамлакатдаги барча халқларнинг чинакам озодлигини ва тенглигини таъминлашдек юксак мақсадларни ўз олдига қўйган эди. Афсуски, амалда бундай бўлди, дейиш қийин. Совет даврида мамлакатнинг пахта мустақиллигини таъминлаш учун қанча пахта кераклигини ҳеч ким аниқ билмаган шароитда, пахта васвасаси кучайтирилди. Агар 1881 йилда Туркистондан Россияга 58 минг пуд пахта олиб кетилган бўлса, юз йил ўтгач, унинг миқдори 5 миллион тоннага етди. Чўлларни ўзлаштириш авжига чиқиши натижасида Орол денгизи қуриди.
* * *
СССРдаги қайта қуриш — буюк тарихий ҳодисадир, чунки у омманинг ақидапарастликдан, карахтликдан қутулиб, чинакам ақл-идрок билан иш тутишга ўтиши бўлаяпти. У жамиятдаги барча маънавий кучларни ҳаракатга келтириб, онгни ўзига ва атрофдаги барча нарсаларга танқидий қарашга мажбур этди.
Яқин келажакда планли-тақсимлаш иқтисодиёти ўрнини бозор муносабатлари олиши керак. Хўжалик юритишнинг бу икки усули ўртасидаги фарқ ер билан осмончадир. Товар муносабатлари ёки ҳозирги ибора билан айтадиган бўлсак, бозор муносабатлари шундай бир механизмки, у жамиятнинг барча иқтисодий ҳаётини қатъият билан бошқариб боради. Иқтисодиётга маъмурий йўл билан аралашиш узоқ йиллар унинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучлари ўрнини босиб келди. Эндиликда жамоат мулки хукмронлиги бекор қилинди ва турли шаклдаги мулкларнинг мавжуд бўлиши қонунлаштириб қўйилди. Бу демак, бундан буён бозор ижимоий ҳаёт ҳодисалари содир бўладиган асосий майдонга айланди.
Асримиз бошида бозор муносабатларининг мана шу ахлоқий томони, унинг «шафқатсизлиги, раҳмсизлиги» инқилобга сабабчи бўлган эди. Лекин энди маълум бўлишича, хўжалик юритишнинг бу табиий системасидан юз ўгириш ижтимоий ҳаётнинг барча томонлари инқирози билан тугар экан. Ғарбдаги ривожланган капиталистик мамлакатларнинг тажрибаси эса айнан товар муносабатларининг «шафқатсизлиги» бизнинг ҳозирги ҳаётимизда умуман унитилаёзган меҳр-шафқат сингари қадимий ва табиий ҳодисанинг қайта жонланишига шароит яратишини исботлади.
Биз эртага мамлакатимизда юзага келадиган давлатлар иттифоқида бир-бирини аяб ўтириш деган нарса бўлмаслигини яхшироқ англаб олишимиз учун ҳам бозор муносабатларининг бу маънавий томонига алоҳида эътибор беришимиз зарур. Бу ерда фақат бир қонун — рақобат қонуни ҳукмронлик қилади. Шу боисдан мустақил жамиятнинг келгусидаги фаровонлигини таъминлаш, бозор иқтисодиёти шароитида яшаш учун барча тайёргарликларни кўриш лозим.
* * *
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳаёт шароити ўзгарди: барча жумҳуриятларда бўлаётганидек, жамиятда янги, эркин, суверен ҳолат юзага келаяпти. Бундан буён аввалги ўлчовлар билан яшаб бўлмайди.
Бозор муносабатларининг янги шароитида Ўрта Осиё жумҳуриятлари ва Қозоғистоннинг ташқи дунёдан узоқлиги ноқулайлик туғдиради. Иқтисодни равон ривожлантириш учун эса жумҳурият чет мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириши керак. Бунинг учун энг қулайи сув йўлидир. Ҳозир эса биз учун денгизга чиқадиган йўл узоқ. Чегарадан кириш-чиқиш тартиби қаттиқлиги сабабли жануб орқали ташқи дунё билан боғланиш мумкин эмас. Бу аҳвол бундан буён ҳам давом этса, ўлканинг Россияга мутелиги сақланиб қолавериши мумкин.
Хўш, мавжуд аҳволдан қутулишнинг қандай йўли бор? Биринчи навбатда Иттифоққа бирлашадиган жумҳуриятлар ўртасидаги муносабатлар янгича асосда, яъни 1991 йил 23 июлда келишиб олинган янги Иттифоқ шартномаси принциплари асосида бўлиши лозим. Унда: «Шартномада қатнашувчи ҳар бир жумҳурият — мустақил давлатдир», дейилган. Агар шу сўзларга амал қилинадиган бўлса, иттифоқдош жумҳуриятлар бутун жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида ўз миллий ғурурларининг тан олинишига — мустақил субъект бўлиш, яъни ўз мустақил давлатларини тузиш имкониятига эгадирлар. Аммо мустақилликни эълон қилиш бошқаю, Совет Иттифоқи сингари федератив давлат шароитида унинг амалга ошишига эришиш бошқа нарса. Халқлар иродасини жуда қудратли кучлар чамбарчас қилиб боғлаб ташлаган, тарихий кўникмалардан воз кечишнинг ўзи бўлмайди. Шунга қарамасдан озодликка, жамиятнинг нормал ҳолатига қайтишнинг дастлабки умидбахш куртаклари пайдо бўлди, десак бўлади.
Амалдаги мустақиллик эса кўплаб мутлақ зарурий ҳолатлардан иборат бўлади. Бу Туркистон ўлкаси учун биринчи навбатда жаҳон савдосида иштирок этишга имкон берадиган шароит яратишдан, қулай янги савдо йўлларини танлаш ҳуқуқидан иборатдир.
Мамлакатда сиёсий вазиятнинг ўзгариши энг муҳим нарсани — ирода эркинлигини берадики, бу мустақил жумҳуриятлар ўртасида бозор муносабатларига қайтиш заруратини юзага келтирган сабаблардан биридир. Илгариги иттифоқдаги жумҳуриятлар қандайдир бир ясама тусда эдилар, уларда инон-ихтиёр йўқ эди. Улар учун ҳамма нарсани Давлат план комиссияси, Давлат таъминоти ва бошқа кўплаб иттифоқ идоралари ҳал қилар эди. Шунинг учун ҳам жумҳуриятларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ҳозирги ҳолати ачинарли аҳволдадир. Қозоғистон ҳудуди Францияникидан беш баравар катта бўлишига қарамай, дунёда шундай жумҳурият борлигини биров билса, биров билмайди. Украина, Ўзбекистон, Грузия, Татаристон сингари йирик миллий давлатлар аҳволи ҳам худди шундайдир. Бу вазият Иттифоқ жумҳуриятларига янгича қарашни, жаҳон ҳамкорлигидаги уларнинг ҳақиқий ўрнини таҳлил этишни тақозо этади.
Туркистон ўлкасининг ташқи дунё билан мустақил алоқалари шу пайтгача деярли бўлмаган, эндиликда эшикларни очиб қўйиш зарур, десак, ички ҳаётимизни чуқур мушоҳада этиб, ислоҳ қилиш лозим бўлади. Жумладан, Туркистон ўлкасининг узоқ вақт ташқи дунёдан ажратиб қўйилганлиги, фаолият эркидан маҳрум этилганлиги ўз асоратини қолдирган.
* * *
Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳозирги Туркистон ўлкаси жаҳон бозорига фақат Россия орқали чиқиши мумкин. Ҳозир молларимизни чет элга олиб бориб сотишимиз учун темир йўл орқали Ленинградга ёки Одессага элтиб, кемаларга ортиш керак бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам юк Россия ҳудуди орқали ўтади.
Аслида Туркистон ўлкаси жаҳон океанига, унинг энг гавжум жойига яқин жойда жойлашган. Унга чиқиш учун эса Эрон ёки Туркия орқали ўтиш мумкин.
Халқаро муносабатлар тажрибасида транзит юклар нафақат яқин йўллар, балки юк олиб ўтиладиган давлатнинг ички ҳаётига даҳли бўлмаган маршрутлар билан олиб ўтилиши керак. Яъни транзит юклар янги қурилган темир йўллардан олиб ўтилиши лозим. Шу билан бирга, янги бунёд этиладиган халқаро транзит йўллар, улар ўтган жойда иқтисодий вазиятнинг ўзгаришига олиб келади, наинки янги катта минтақалар билан алоқаларни йўлга қўяди. Шу боисдан транзит йўл масаласи халқлар истиқболида катта аҳамиятга эга бўлиб, диққат билан ўрганишчи тақозо этади.
Барча транспорт йўллари сингари темир йўллар — ҳар бир минтақа иқтисодий ҳаётидаги қон томирларидир. Халқаро ҳамкорлик кенгаяётган шароитда турли мамлакатларни гўё бир ўзаро боғлиқ иқтисодий система сифатида қараш керак. Ғарбий Оврўпада шундай система аллақачоноқ юзага келган. Совет Иттифоқининг жанубий қўшнилари билан муносабатини эса бундай деб бўлмайди, аксинча улар чегарадаги ўтиб бўлмас қаттиқ тартиб билан ажратиб ташланганлар. Давр эса бу аҳволга чек қўйишни тақозо этмоқда. Қўшни мамлакатлар зарур иқтисодий алоқада бўлишлари керак, келажакда шундай бўлади ҳам, чунки муносабатлардаги сиёсий аҳвол қандай шарт-шароитлар билан белгиланмасин, эртадир-кечдир, халқлар ўртасида ягона оқилона муносабат — иқтисодий алоқаларга жой бўшатиб беради.
Туркистон ўлкасини ташқи оламдан ажратиб қўйиш сўнгги юз йил мобайнида жуда хунук шаклга эга бўлди, шу боисдан жанубдаги қўшниларимиз билан кўнгилдагидек муносабатларни тиклаш муҳим вазифадир. Бу халқаро муносабатларнинг биринчи навбатдаги талаби бўлишдан ташқари, боболаримиз руҳи, келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Янги Иттифоқ шартномаси лойиҳаси Туркистон ўлкасининг биз таклиф этаётган ташқи иқтисодий алоқаларини бўлажак янгиланган Иттифоқ доирасида амалга ошириш имконини беради, деб умид қилишимизга асос бўла олади.
* * *
Хўш, халқаро ҳуқуқий нормалар Туркистоннинг чет эл билан темир йўл ёки денгиз орқали савдо қилишига имкон берадими? Беради. Маълумки, қитъа ичидаги давлатларнинг халқаро қоидалари алоҳида бўлиб, улар денгиз соҳилида жойлашган давлатларникидан фарқ қилади. Сабаби, қитъа ичидаги давлатлар қўшни давлатлар билан қуршалган бўлиб, бевосита океанга чиқиш имкониятига эга эмаслар, бу эса уларга халқаро алоқаларни йўлга қўйишда бирмунча ноқулайликларни юзага келтиради. Жаҳоннинг Австрия, Афғонистон, Боливия, Ботсвана, Венгрия, Лаос, Замбия, Люксенбург, Чад, Чехословакия, Швейцария, Марказий Африка Жумҳурияти каби мамлакатлари ана шундай давлатлар сирасига киради. Улар гўё ўз қўшниларига абадий қарамдай бўлиб қолганлар. Халқаро алоқани йўлга қўйиш учун улар қўшни мамлакат ҳудудидан ўтиб, денгиз соҳилига чиқишлари ва у ердан кемаларда яна йўлни давом эттиришлари керак. Халқаро ҳуқуқий муносабатларнинг моҳияти шундаки, ҳар бир давлат ўзича бир дунё бўлиб, бошқа давлатлар олдида мустақилдир ва улар ўртасида ҳеч қандай ҳакам йўқ.
Бироқ бизнинг замонамизда қитъа ичидаги давлатлар билан савдо йўли ўтиши керак бўлган давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқилган. Улар шундан иборатки, жаҳон ҳамжамияти бундай давлатларнинг ўзига хос ноқулай аҳволига тушуниб муносабатда бўлади ва улар инсониятнинг бошқа қисми билан баравар ривожланиши учун тенг шароитлар яратиш зарурлигини тан олади.
«Транзит» — лотин сўзи бўлиб, «ўтиш» деган маънони, моллар ва иўловчиларни оралиқ мамлакат орқали иккинчи мамлакатга олиб ўтишни билдиради.
Саноат жадал ривожланиши билан қитъа ичидаги давлатлар муаммоси тобора жиддий тус ола бошлади. Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан резолюция қабул қилиб, унда денгизга туташ бўлмаган давлатларга халқаро савдо йўлларига чиқиш учун зарур шарт-шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
1964 йил 23 мартдан 16 июнгача Женевада БМТнинг савдони ривожлантиришга бағишланган конференцияси бўлиб, унда қитъа ичидаги давлатлар савдосига дахлдор бўлган бир қатор қоидалар қабул қилинди. Булар қуйидагилардир:
- Қитъа ичидаги ҳар бир давлат денгизга эркин чиқиш ҳуқуқига эга;
- Денгиз соҳилидаги давлатлар денгизга чиқиш йўли бўлмаган давлатларга эркин ва чекланмаган миқдорда юк олиб ўтиш имконини бериши керак;
- Бунда транзит моллардан божхона солиғи олинмайди;
- Транзит транспорт воситаларида чет эл юкларини ташиганлиги учун солиқ солинмайди;
- Транзит ҳар қандай шароитда ва барча мол турлари учун амалга оширилиши мумкин;
- Белгилаб қўйилган мазкур ҳуқуқлар давлатлар ўртасида ўзаро тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
* * *
Қитъа ичида яшайдиган халқларнинг денгизга чиқиши — буюк тарихий воқеадир. Бу мазкур халқнинг турмуш тарзини, маданиятини ўзгартириб, миллат сифатида камолга етказади. Шу боисдан бу ишга киришишдан аввал ўзгалар тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Бундай халқаро тажриба эса бор. Қитъа ичидаги давлатларнинг савдо йўллари ўтадиган давлатлар билан муносабати натижалари умуминсоний муносабатларнинг энг муҳим, зарурий қисмидир. Бу масала қандай ҳал этилаётганлигига қараб ўзаро алоқадаги давлатларнинг халқлари маданий даражаси ҳақида сўз юритиш мумкин. Умуман қитъа ичидаги барча тараққий этган давлатлар ўзларининг алоҳида жуғрофий ҳолатлари муаммосини аллақачоноқ ҳал этганлар, айни пайтда кам ривожланган мамлакатлар бу муаммо билан жиддий шуғулланганларича йўқ. Бу шу фикрни тасдиқлайдики, жаҳон океанига чиқишга бўлган эҳтиёж жамият тараққиётининг маълум босқичида юзага келади. Муаммонинг ҳал этилиши эса жамият тараққиёти жараёнини тезлаштиради.
Жумладан, Австрия Сен-Жермен шартномаси ва Венгрия Трианон шартномасига биноан ўзга мамлакат ҳудудидан молини эркин олиб ўтиб, Адриатика денгизига чиқиш ва эркин порт зонасига эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Чехословакия Одер, Эльба ва Дунай дарёлари орқали денгизга чиқиб, Гамбург ва Штеттин портларидан юкларини дунёнинг исталган жойига жўнатиш ҳуқуқига эга. Бу мамлакатнинг мазкур шаҳарлардаги портларда ўз эркин зоналари бор.
Лотин Америкасидаги Боливия давлати 1904 йилда Чили билан тузилган шартномага биноан мазкур мамлакат ҳудудидан юкларини мунтазам ва исталган миқдорда денгиз йўлига олиб чиқиш қуқуқига эга.
Непал 1950 йилда Ҳиндистон билан тузилган шартномага биноан қўшни мамлакат ҳудудидан юкларини чекланмаган миқдорда денгиз йўлига олиб чиқиш ҳуқуқига эга.
Бундай халқаро тажрибанинг мавжудлиги Туркистон ўлкаси учун катта аҳамиятга эга. Ўлка жамоатчилигида халқаро ҳуқуқ асослари бўйича билимларнинг йўқлиги эса унинг бу камчилигидан халқ ичидаги миллатнинг чуқур тарихий манфаатларини сотадиган кишиларга ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш имкониятини бериши мумкин.
Қитъа ичидаги давлат очиқ денгизга чиққач, портда ўз майдонига эга бўлади. Халқаро ҳуқуқ қоидасига биноан соҳилдаги бундай майдонлар эркин зона ҳисобланади. Унинг вазифаси қитъа ичидаги давлатлар билан денгиз ортидаги давлатлар ўртасида тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйишга шароит яратишдан иборат.
Қитъа ичидаги давлатлар эркин зоналарда бошқа мамлакатлар билан худди ўз мамлакатидагидек мол айрибошлайди, бу иш мустақил давлатнинг божхона маъмурлари иштирокида амалга оширилади. Бошқа ҳамма ишларда эса соҳил бўйи давлатининг қонун-қоидасига амал қилади. БМТ Конвенциясининг 8 моддасида шундай деб кўрсатилган.
Транзит мақсадида ташкил этилган эркин зона кенгайтирилиб, иқтисодий зонага айлантирилиши яъни ўз доирасига соҳилбўйи иқтисодиётини қамраб олиши ҳам мумкин. Сабаби, эркин зоналар муҳим жаҳон савдо йўлларининг марказий нуқталаридир, шу боисдан янги иқтисодий минтақаларни қамраб олиб, уларнинг моддий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу демак, Библиядаги «берсанг, эга бўласан», деган рамзий ибора шу ерда ҳам ўз тасдиғини топади. Дарҳақиқат, соҳилбўйи давлатлари қитъа ичидаги давлатларга молини олиб ўтиш имконини бериб, кам фойда кўрмайдилар. Эҳтимолки, замонавий эркин иқтисодий зоналар ғоясининг ўзи қитъа ичидаги давлатларнинг денгизга эркин чмқиш эҳтиёжи туфайли юзага келгандир.
Қайта қуришга қадар Совет давлати жаҳон ҳамжамияти олдида ягона, жипслашган давлат сингари эди. Ҳаёт эса у бундай эмаслигини кўрсатди. Совет Иттифоқи бундан буён мустақил давлатлар иттифоқи бўлади, улар ўртасидаги муносабатлар бозор иқтисодиёти асосига қурилади. Бу вазият унинг давлат тузилиши борасидаги ҳолатини ўзгартириб юборади ва бунинг оқибати сифатида Туркистон ўлкасининг қитъа ичидаги давлат сифатида тан олиниши зарурати юзага келади. Шуни ҳам айтиш керакки, «қитъа ичидаги давлат» тушунчаси фақат иқтисодий асосга эга, бошқа асосга эга эмас. Шу боисдан Туркистон ўлкаси иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бошқа кўпгина вазифалар қатори халқаро ҳамжамиятнинг қитъа ичидаги давлат статусини олиб, унинг имтиёзларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишга эришиш вазифасини ҳал этишдан иборатдир.
* * *
Жаҳон океанига чиқиш ғояси Туркистон ўлкаси учун фақат моддий жиҳатдангина эмас, балки жамият тараққиёти сифатига таъсир кўрсатиш жиҳатидан ҳам тобора муҳим бўлиб бораяпти. Ўзига хос ривожланиш суръати бўлган ҳар бир мамлакат тарихида шундай пайтлар бўладики, бунда у фақат қўшнилари билан бўладиган иқтисодий алоқалар билан кифояланмай, жаҳон савдосида қатнашиш, бунинг учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш эҳтиёжини ҳис этади. Бу йўлдаги биринчи қадам дунё океанига чиқишдан иборат бўлиши керак, чунки бусиз халқаро савдони тасаввур этиб бўлмайди.
Жумладан, Пётр I шоҳлик қилган даврининг бошиданоқ дунё океанига чиқишни Россиянинг биринчи ва энг катта вазифаси қилиб қўйди. Болтиқ денгизига чиққач эса Россиянинг Оврўпа билан ташқи иқтисодий алоқаларини кучайтириб қисқа даврда мамлакатнинг иқтисодий ва маданий жиҳатдан гуркираб ривожланишини таъминлади.
Жамият қанча ривожланиб, саноати қудратли бўлган сайин унинг фаолиятида ташқи иқтисодий алоқаларнинг аҳамияти ортиб боради. Халқлар катта, мўмай фойда олиш мумкин бўлган жойларга томон интиладилар.
Ҳозирги адабиётда денгизнинг инсониятга нисбатан тортиш кучи борлиги тўғрисидаги фикрларга дуч келиш мумкин. Ҳақиқатда халқларнинг жойлашувини таҳлил этганда инсоният қитъа ичкарисидан денгиз ва океанларнинг соҳиллари томон «сирғалиб» бораётганлигини кузатиш мумкин. Мутахассисларнинг хулосасича, ҳозир дунё аҳолисининг ярмидан ортиғи жаҳон океанлари соҳилидан 200 километргача бўлган узоқликда яшар экан. Бу жараён тобора кучаймоқда ва тасодифий эмас. Инсониятнинг XV асрдаги буюк жуғрофий кашфиётлар билан чинакамига бошланган соҳилларни ўзлаштириши бутун ер шарини қамраб олган меҳнат тақсимоти жараёнини тезлаштирди. Дарҳақиқат, дунё океани тобора жипслаштирувчи аҳамият касб этаяпти ва жаҳон тараққиётининг ягона мумкин бўлган хусусияти сифатида номоён бўлаяпти.
Ҳа, Туркистон қонуний жаҳон жараёнидан четда турмаслиги керак. Денгизга интилиш ўлканинг тарихий тараққиётида туб бурилишга, сифат ўзгаришига олиб келади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 11-сон