Асад Асил. Чиқитларга чўкиб боряпмиз (1992)

Атроф муҳити кун сайин оғирлашса оғирлашяптики, соғломлашмаяпти. Фақат биз – табиат ҳимоячиларимиз, деб кўкракларига уриб юрганлар фаолиятда сустлашдик, холос. Бундан руҳланган табиат кушандалари “фаолият”ларини ҳар қачондагидан-да кучайтирмоқдалар. Улар ўз қилмишларини хаспўшлаш, содда дилларни овунтириб қўйиш учун қоғозбозликка, сохта ҳужжатларни тўлдиришга зўр бермоқдалар. Амалда эса… бир пайтлар ўйлаб-нетиб ўтирмасдан Ўзбекистонга қалаштириб ташланган катта-кичик корхоналар атроф муҳитни заҳарлашни давом эттирмоқда. Мана мисол: Тошкент вилояти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисоботларидан бирида қуйидаги сатрларни ўқиймиз: “Биз кўпдан бери инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ҳар хил саноат чиқиндиларини бу минтақага келтириб кўммаслик тўғрисида фикрлар билдиряпмиз. Аммо Ўзбекистон ядро-физика институти, Чирчиқ электр-кимё ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Капролактам” заводининг ўта хавфли чиқиндилари Бўстонлиқ тумани (ҳозирги Қўшқўрғон – А.А.) ҳудудига келтириб кўмилмоқда…”

Ўз зиммаларига нақадар муҳим масъулият юклатилган ташкилотларнинг шунчалик тишсиз, тирноқсиз эканлигига ҳайрон қолиб юрар эдим, бир воқеадан кейин бу сир тагига етгандек бўлдим. Йирик корхона фаолиятини “элак”дан ўтказиш рейдида бор эдим. Якуний йиғинда жуда қаттиқ танқидлар бўлди, ваҳимали исбот-далиллар келтирилди. Маълум муддат ўтгач, ижрони текширишга келишиб олинди. Йиғин тарқаб, кўчага чиқар эканмиз, рейд группаси бошлиғи корхона раҳбари қулоғига қуйидаги гапларини шипшиганини тасодифан эшитиб қолдим: “Шаҳрингиздаги бошланғич ташкилотимиз ходимлари тайинсиз, совуқ бинода қийналиб яшаяптилар. Шу бинони яхшилаб таъмирдан чиқариб беролмайсизми?” “Жонимиз билан, – ҳамсуҳбатининг қўлтиғидан олди корхона раҳбари, – Узоғи билан бир ҳафта муҳлат берасиз-да! Қотириб ташлаймиз!”

Сал олдинги йиғинда бир-бирига сув ва оловдек қарама-қарши турган икки бошлиқнинг осонгина келишиб олишлари ҳафсаламни пир қилди…

“КАПРОЛАКТАМ” КЕРАКМИ

“Капролактам” номини эшитганда, шубҳасиз, кўпчиликнинг кўнглида ғалати қўрқинч, хавотирлик пайдо бўлиши турган гап. Чунки у пайдо бўлгандан бери Чирчиқ дарёси ўзани бўйлаб Тошкентдан то Чотқолгача чўзилган ҳаёт жон талвасасига тушиб қолган. Ўн йилча муқаддам Чирчиқ дарёси соҳилида осмондан тушгандек пайдо бўлган бу зорманда теварак-атрофда яшнаб турган ҳаётни ўз заҳар-заққуми билан қовуриб ташламоқда. Бўстонлиқ туманидаги Абай номли жамоа хўжалиги вакиллари республика мутахассислари иштирокида текшириш ўтказишиб, “Капролактам” заҳаридан беш йил (1983-1989) давомида нобуд бўлган сабзавот, мева ва узум қийматини ҳисоблаганлар. Атиги уч турдан бир ярим миллион сўмга яқин зарар кўрилибди. Пилла, чорва каби яна қанчадан-қанча соҳалар, энг муҳими, инсон кўрган зарарлар-чи?! Корхона эса ўзи келтирган зарарни тўлашдан бош тортиб, теварак- атрофни заҳарлашни ҳамон давом эттираётганига нима дейсиз?..

Илгари Чирчиқ Чотқол тоғларидан шарқираб оқиб тушувчи зилол сув манбаи бўлган. Тажовузкор кимсаларнинг ҳар қандай қонун-қоидага, инсонийликка зид қилган босқини оқибатида одамзод саломатлигига катта хатар солувчи ўнлаб корхоналар шу дарё бўйлаб қад ростлади. Унинг дебочаси Искандар қишлоғида ўттизинчи йилларда қазилган Чирчиқ канали эди. Шундай қилиб, ерли халқ ва маҳбуслардан катта қурбонлар бериш эвазига тикланган тўғон этагида Барраж (дарё тўсилган жой – тўғон) посёлкаси пайдо бўлди. Бу эса катта ишларнинг эмас, катта ёлғонларнинг дебочаси эди. “Бу канал ГЭСлар қуриш учун қазиляпти”, деган гапларнинг бирёқламалиги қирқинчи йилларда билинди. Аслида, каналнинг муздек тиниқ суви йирик-йирик кимё корхоналари ва бошқа турдаги завод-фабрикалар заҳарини оқизиш учун керак эди. Шу сув ўзанида ҳаёт заволи сифатида қад ростлаган гигантлар заминида эса Чирчиқ шаҳри туғилди.

У пайтларда-ку, Московдан туриб кўрсатма бераётган “хўжайин”ларнинг шум ниятларини пайқамагандирмиз, ёки гап қайтаришдан андиша қилгандирмиз, чўчигандирмиз. Хўш, саксонинчи йилларда – сувимиз, ҳавомиз, заминимиз заҳарга тўлиб-тошиб кетган бир пайтда яна шу Чирчиқ дарёси ёқасида “Капролактам”нинг қучоқ очиб кутиб олинганини қандай баҳолаш мумкин? Ахир Чирчиқ дарёси бошдан-оёқ ичимлик сувдан иборат, тоғ қишлоқларидан тортиб то Тошкентдай шаҳри азим халқини обиҳаёт билан таъминлайди-ку!

Аслида, биринчи навбатда мустақил давлат сифатида Ўзбекистон заминида ишлаб турган корхоналар қанча, уларнинг нечтаси зарарлию зарарсиз ва ким учун хизмат қилаётганини сира кечиктирмай аниқлаб олиш керак эмасми?

“ПЕШҚАДАМ” КИМ

“Пешқадам” деб, ишлаб чиқариш, спорт ва бошқа соҳа илғорини эмас, атроф-муҳитни энг кўп миқдорда заҳарлаётганларни назарда тутмоқдамиз.

Бунақаларни аниқлаш учун узоқни қўя туриб, республикамиз гултожи ҳисобланган Бўстонлиққа бир назар солиш кифоя. Таажжубланарли жойи шундаки, асосий йирик корхоналар Тошкент шаҳри ва вилоятини ичимлик сув билан таъминлаб турган Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари бўйларига тиқиштирилган. Ҳавони, сувни, заминни заҳарлашда улар бир-бирларидан қолишмайди.

Масалан, Оҳангарон-Олмалиқ водийсидаги корхоналар йил давомида 350 минг тоннадан мўл зарарли газларни ҳавога учирмоқда. Чирчиқ дарёси қирғоқларига жойлашган “Электрохимпром” ишлаб чиқариш бирлашмаси, ўтга чидамли ва қийин эрийдиган металлар комбинати каби ўнлаб корхоналар ҳам жонли табиатга хуружда оҳангаронлик турдошларидан қолишмаяпти. Умуман олганда, Тошкент вилоятининг ўзидагина юзлаб саноат корхонаси мавжуд. Аммо улар кимнинг тасарруфидаю, фаолиятини қай тарзда давом эттираётгани билан ҳеч ким етарли даражада шуғулланмаяпти.

Корхоналар кўплигидан бўлса керак, республикамиз пойтахти ва Тошкент вилояти аҳолиси қарийб тўрт ярим миллиондан ҳам ошиб кетди. Афсуски, шунга яраша чиқиндиларни қайта ишлаш саноати мавжуд эмас. Оқибатда биз чиқиндилар ичига чўкиб боряпмиз, десак, сира муболаға бўлмайди.

Тошкент шаҳридаги аҳвол бунга яққол мисолдир. Айтайлик, шаҳарнинг икки миллиондан зиёд аҳолиси бир кунда ўрта ҳисобда икки килограммдан чиқинди тўкса, бир ярим миллион тоннадан ҳам улкан бадбўй “тоғ” ҳосил бўларкан. Аниқ ҳисоб-китобларга қараганда, шу миқдорнинг ярмини “ҳазм қилиш” учун ҳам шаҳарда имконият йўқ. Демак, қолган 700-800 тонна чиқинди Бўзсув, Салор сувларига оқизилмоқда, ёндириб ҳавога тутатилмоқда, кўчаю ҳовлиларда уюм-уюм бўлиб ётибди.

Хўш, бу офатларни тугатиш чораси борми? Ушбу кўндаланг саволга ижобий жавобни Оҳангарондаги “Источник” кооперативи фаолиятидан топиш мумкин. Улар шаҳар чиқиндиларини саралаб қайта ишламоқдалар ва катта даромад олмоқдалар. Энг муҳими, шаҳар кўчалари ва теварак-атроф ҳар хил чиқиндилардан халос бўлмоқда. Тошкент ва бошқа шаҳар, посёлка, қишлоқларнинг маъмурлари, шу жойларда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон бу масалада бош қотириб, қўлидан келганча амалий ишга ўтиши керак. Ҳа, атроф-муҳитни заҳарлашда эмас, мусаффоликни таъминлашда пешқадам бўлиш лозим.

“Халқ сўзи” газетаси,

1992 йил 17 июнь сони.