Ҳар бир халқнинг ўзига муносиб шоир-ёзувчилари бор. Азалдан сўз санъатига иштиёқи баланд туркий халқларда эса, ким кўп — ёзувчи кўп, шоир ундан кўп! Лекин ҳар бир халқнинг шундай адиблари борки, уларни ўзи мансуб халқнинг пешонасига битган тонг юлдузи деса арзийди. Абдулла Қодирий ўзбек халқининг, Мухтор Авезов — қозоқ халқининг, Чингиз Айтматов — қирғиз халқининг пешонасига Худо ёрлақаган шундай ёзувчиларки, бугунги кунда бу қутлуғ номларсиз ўзбек, қозоқ ва қирғиз халқларини тасаввур этиш амримаҳолдир.
Ўзининг узоқ тарихига эга қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бутунги кунда тонг юлдузидек ярашиб турган ёзувчи Тўлепберген Қаипбергеновдир.
У ўзининг аллақачон китобхон кўнглига йўл топган асарларини “Қорақалпоқ қизи”, “Қорақалпоқ достони”, “Қорақалпоқнома” деб номлаган ва романларининг сарлавҳасидаёқ миллат номини уч бора такрорлайди. Миллат номини уч бора такрорлашдан мақсадингиз нима, деб сўраган кишиларга адиб “Қорақалпоқнома” роман-эссесида ривоят билан жавоб кайтаради:
Ер юзида одамлар кўпайишиб, ҳар хил қабила ва уруғларга бўлиниб яшай бошлаганларида, Оллоҳ таоло уларни бир-бирларидан ажратиб идора этиш учун бир қатор номларнинг руйхатини олиб, йўлга равона бўлибди. Қайси қабилага борса, рўйхатига бир кўз ташлаб оларкан-да, ном қўйиб кетавераркан. Ҳар бир қабилага ном қўйишда Парвардигорга хос ўктам товуш билан уч марта “Сенинг номинг Инглиз! Инглиз! Инглиз!” ёки “Сенинг номинг Ўзбек! Ўзбек! Узбек! деб оламга эшиттириб, уч марта жар соларкан. Номини Оллоҳ таолонинг ўз оғзидан эшитганларнинг севинчи ичига сиғмай, чуғурчуқдай чуғурлашиб, ўйнаб-кулиб қолаверишаркан. Шундай қилиб, Оллоҳ таоло рўйхатдаги ҳамма номларни тугатиб қайтаётган экан, Аму деган дарёнинг денгизга қуйилаверишдаги икки соҳилини макон тутган бир гуруҳ одамларга рўпара келиб, “Бош кийимларингга қараб айтсам, ҳозирча Қорақалпоқ бўла туринглар!” дебди-да, бошқалардай номларни уч марта такрорламай, Арши аълога қайтиб кетибди.
Оллоҳ таоло бу халқнинг номини уч марта такрорламагани учун бўлса керак, тарихий манбаларда улар “Қорақалпоқ”, “Қорапапоқ”, “Қалпоқ”, “Кўлоҳи сиёҳ”, “Қора бўрклилар”, “Печенелилар” (“Печенеглар”) каби турли номлар билан аталиб келинган.
Тўлепберген Қаипбергенов қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига “ғойиб берган”, бунинг устига, Худо ўз қарзлари эвазига “тўлапберган” ёзувчидир. Унинг “Қорақалпоқ достони” трилогияси собиқ шўро тузуми даврида яратилиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг давлат мустақиллиги шароитида қайта нашр этилаётган (“Қорақалпоқнома” роман-эссесидан кейинги) иккинчи йирик эпик асаридир. Бу асар, дарҳақиқат, халқ ва ўз муаллифи номини жаҳонга танитган оламшумул асар бўлди, десак янглишмаймиз. “Достон”ни Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” эпопеяси, Абдужамил Нурпеисовнинг “Қон ва тер”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогиялари каби ҳам муаллифнинг ва ҳам минтақамиз адабиётининг бош асарлари сирасига киритиш мумкин.
Тарихдан яхши маълумки, кўпинча қорақалпоқлар қайси мамлакатнинг қўл остида, қайси халқлар билан қўшни бўлиб яшаш ихтиёрига ҳам эга бўлмаганлар. Бу халқ асримизнинг биринчи ярмида собиқ шўро давлати таркибида, аввало, 1924 йилда автоном вилоят сифатида Қозоғистонга, сўнг 1930 йилда Россияга, ниҳоят, 1936 йилга келиб энг яқин жигарбанди азалий ва абадий қон-қариндоши бўлмиш ўзбек халқига — Ўзбекистон Республикасига Автоном Республика сифатида қўшилгани кўпчиликка маълум.
“Қорақалпоқ достони”нинг уч китобида — “Маманбий афсонаси”, “Бахтсизлар”, “Гумроҳлар” тасвирланган даврларда (XVIII аср билан XIX асрнинг биринчи ярми) қорақалпоқларнинг узоқ ҳам яқин ўтмишини кўз олдимизга келтирсак, жамики туркий халқлар бошидан кечирган руҳий воқеалар яққол намоён бўлади. Барчамизга маълум ҳақиқат шундан иборатки, туркий халқларнинг тарихи ойнадек текис эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Ҳадиси шарифларида: “Туркийлар сизга тегмагунча, сиз ҳам уларга тегманг” (Усмон Турон. “Туркий халқлар мафкураси” китобидан), деган эканлар. Кўп ҳолларда туркийларга ҳеч ким тегмаса-да, уларнинг ички уруғлари ва қавмлари бир-биридан устунлик қилиш учун тинимсиз кураш олиб борганлар (баъзан оталарга қарши болалар, баъзан кўкалдошлар бир-бирига қарши тиғ кўтарганлар). Натижада туркий халқларнинг ягона миллат сифатида шаклланиши чўзилиб кетади. Бугунги кунда дунёда 300 млн. га яқин нафар туркий миллат фарзандлари бор. Улар аслида битга халқ бўлсалар-да, аммо йигирмадан ортиқ мустақил мамлакат бўлиб яшайдилар, ўзаро алоқалари ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас (шу маънода ҳурматли Президентимиз Ислом Абдуғаниевичнинг ташаббуси билан бир қатор туркий давлатлар ўртасида “Абадий дўстлик” тўғрисида шартномалар имзоланганини ҳамда “Туркистон — умумий уйимиз!” ғояси остида эзгу ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ ишлар эканини эътироф этмоқ лозим). Тарихдан ёрқин бир мисол келтирадиган бўлсак, XIV асрда эл-юрт қайғусида ёниб яшаган буюк саркарда Амир Темур тузиб кетган туркий салтанат тақдири оқибатда не бўлди? Бир асрдан сўнг тарқоқ хонликларга бўлиниб кетди. Худди шунингдек, муаллиф қорақалпоқ халқининг такдирини бадиий воситаларда кўрсатиб беради. Мана, “Қорақалпоқ достони”да ўз миллатининг тарих саҳнасидаги ўрни учун улуғ саркарда Амир Темур тузуклари асосида иш юритган қорақалпоқ йўлбошчилари — Маманбий, Ойдўс бобо, Эрназар Олакўзларнинг фаолияти билан танишар эканмиз, уларнинг ҳар бири эл-юртининг бугунги ҳамда келажақдаги мустақиллиги учун жонларини фидо қилишга тайёр турган қаҳрамонлар эканлигига амин бўламиз. Афсуски, биринчи навбатда, ички ихтилофлар, уруғлар ўртасидаги хунрезликка чек қўйиш учун ўз ихтиёри билан ўлимга ҳам рози бўлган Ўразан ботирнинг ҳамда ўзининг теран билими, доно насиҳатлари, ҳаётбахш таълимотларини нисор этса-да, уруғлар ўртасидаги парокандаликни тўхтата олмаган, охир-оқибат, бундай нодонликларни қайта кўришни истамасдан кўзларини ўзи ўйиб олган Мурод шайхнинг умр йўллари авлодлар учун ибрат бўла олади. Булардан ташқари, трилогиядаги ҳар бир образ ўзига хос бетакрор, жонли акс эттирилган. Улар билан танишган ўқувчи бефарқ қолмайди: гоҳ қаҳрамонларга тарафдор бўлади, гоҳ ўкинади. Шунинг билан бирга, ҳар бир қаҳрамон ўз даврининг нафасини ифодалайди ташқи ва ички хавф-хатарлар ёрқин бўёқларда тасвирланади.
“Қорақалпоқ достони”нинг яна бир ўзига хос томони шундаки, унинг уч китоби битта уйнинг уч эшигини эслатади. Қайси эшикдан кирсангиз ҳам, бир-бирини тўлдирадиган хоналарга ва уй эгаларига дуч келасиз. Қорақалпоқ халқининг уруғлари ўртасидаги ўзаро низолару қонли тўқнашувларга гувоҳ бўламиз. Жонли инсонларнинг тақдири яққол намоён бўлади. Ўқувчи эса ўзига тегишли хулосаларни чиқариб олади.
Уч китобда доно йўлбошчилар томонидан кўтарилган асосий ғоя қорақалпоқларнинг мустақил бир халқ бўлиб қарор топиши масаласидир. Бу ғоянинг рўёбга чиқиши осон эмас, мисли кўрилмаган хунрезлик рўй беради, бошбошдоқлик бошланади. Кўз ўнгимизда кечган воқеаларга теран назар ташласак, эзгу ишларга зиён етказадиган ташқи душманлар деярли йўқ ҳисоби. Миллатнинг ақлли бошлиқлари алломалар, уламолар маслаҳатлашиб, ўзларига қандай бўлмасин ташқаридан кучли суянчиқ, серсоя гужумлар қидирадилар. Бунинг асосий сабабларидан бири — XVIII асрнинг бошларида жунғорлар Туркистонга бостириб кириб, шафқатсизлик билан қирғин уюштирдилар. Унда ҳисобсиз одамлар қурбон бўлди. Оқибатда кўп халқлар ота маконидан айрилди. Яъни, “Оқтобон кўчувчи” деб аталган оммавий кўчманчилик натижасида дуч келган томонга бош олиб кетадилар… Қорақалпоқлар Дашти Қипчоқдан ҳам паноҳ тополмайдилар. Мана шундай қалтис шароитда шароитда элпарвар Маманбий атрофига эсли-ҳушли инсонларни тўплаб, Ўрисия подшосидан мадад сўраш учун отланади. Ўрисия подшоси Маманбий бошчилигидаги халқ вакилларини қабул қилади, илтимосларини бажо келтиришга ваъдалар беради, ҳатто қўлларига ёрлиқ тутқазиб қайтаради. Лекин шундан кейин ҳам қорақалпоқларнинг тақдирида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Аксинча ҳар тарафлама тажовузкорлик авж олиб кетади. Ўша пайтлари ички инқирозни бошидан кечираётган Ўрисия подшоси ваъдага вафо қилмайди, қорақалпоқларга ёрдам бермайди. Яна Ўрисия подшоси ҳузурига бош эгиб боришни ўзига ор деб билган Маманбий халқини бошлаб, ота-боболарининг азалий макони бўлган Хоразм томонларга йўл олади. Халқ очлик, қаҳатчилик азоб-уқубатларини бошидан кечирса-да, Амударёнинг Орол денгизига қуйилиш жойларида азалдан яшаётган элатдошларга қўшилади.
Достоннинг кейинги икки китоби қорақалпоқлар янги маконда қўним топгач, уларнинг умр йўлларини атрофлича тасвирлашга бағишланган.
Янги маконда Маманбийнинг ёш шогирди Ойдусбий (кейинчалик “Ойдус бобо” номини олади) раҳнамо бўлади. Ойдусбийнинг курашдан кўзлаган мақсади ҳам Хоразм диёрида қорақалпоқларнинг мустақил хонлигини барпо этишдан иборат эди. Бунда ҳам асосий ихтилофлар, тўқнашувлар уруғ бошлиқлари ўртасида кечади, ички низолар кучайиб кетади. Айни чоқда, яна Ўрисиядан ёрдам сўраш керакми ёки Хива хонлигининг мададига суянган ҳолда миллий хонликни барпо этиш керакми, деган масала уствида кескин кураш бошланади. Бу масалада Ойдус бобо мададни Ўрисиядан эмас, тили бир, дини бир, сув ичадиган дарёси ҳамда ота-боболари бир бўлган Хива хонлигининг ёрдамидан умидвор бўлиб, хон саройига бот-бот қатнайди. Ўз ғоясини амалга ошириш учун саъй-ҳаракатлар қилади. Ўзига қарши уруғ бошлиқлари билан тўқнашади. Ҳатто, ғанимларнинг қутқуси натижасида Хива хонлигига қарши турган Бегис, Миржиқ исмли туғишган укаларини ўз қўллари билан ўлдириш даражасига боради… Минг афсуски, уруғлар ўртасида кучайиб кетган ихтилофлар туфайли Ойдус бобо ниятига етолмайди. Оқибатда ўзи ҳам элининг, қолаверса, Хива хонлигининг сотқин бир фақир кимсаси сифатида ўлдирилади. Уни жиловдори ўлдиради.
Қорақалпоқлар тарихида икки Эрназар бор. Бири қўлдовли уруғидан, лақаби Эрназар олакўз. Иккинчиси кенагас уруғидан, лақаби Эрназар кенагас. Учинчи китобда (“Гумроҳлар”) Жанубий Орол диёрвда мустақил қорақалпоқ хонлигини барпо этиш борасида кураш кетса-да, асосий воқеалар икки Эрназар ўртасидаги қарама-қаршиликларни атрофлича кўрсатишга бағишланган. Яъни, иккинчи китобдаги кураш воқеалари давом этади. Хўш, Ўрисиядан ёрдам сўраш керакми ёки Хива хонлигидан ёрдам таъма этмоқ керакми? Оқибатда Эрназар олакўз тарафдорлари ташаббусни қўлга олиб, ўзлари қорақалпоқ хонлигини эълон қилиб юборадилар. Бунда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган нарса шундан иборатки, Эрназар олакўзнинг ўзи тахтга ўтирмай, Чингизхон замонасидан удум бўлиб қолган одатга кўра, унинг авлодидан хон сайлайди. Яъни, Чингиз уруғидан бино бўлган Зарлик исмли йигитни қорақалпоқ хонлигининг тахтига ўтқазиб қўяди. Шу сабабли, ҳатто Эрназар олакўзнинг тарафдорлари ҳам кучли норозилик билдирадилар. Шундай қилиб яна “адолат ва адолатсизлик”, “поклик ва нопоклик”, “нур ва зулмат” ўртасида кураш бошланиб кетади. Охир-оқибат Эрназар олакўз ўз тарафдорлари томонидан ўлдирилади. Хонлик қудратига эга бўлмаган Зарлик эса масхара қилинади, кўчага қувилади, кейин ўлдирилади.
Достондаги воқеалар қайси даврларда рўй беришидан қатъий назар, ўқувчи диққатини ўзига тортиб, элпарварлик ва нодонлик манзараларини кўз ўнгимизда яққол гавдалантиради.
Хулласи калом, одамзод умрида учрайдиган қувонч ва қайғулар, юксак одамийлик ва тубанлик, фидокорлик ва сотқинлик каби хусусиятлар миллат тақдири билан чамбарчас боғланган ҳолда акс эттирилгани учун муаллифга офарин айтсак арзийди. Бундан ташқари, китобда тасвирланган қаҳрамонлар тақдири ҳар бир инсон учун, миллат учун, айниқса, ҳозир халқларимиз давлат мустақиллиги шароитида ҳар биримизга улкан тарихий сабоқ бўла олади. Мана шундай сабоқлардан энг муҳими — биринчи навбатда, ташқи душманлар эмас, миллат ичидаги парокандалик, ҳар бир инсон ўзини ўзи англамаслиги туфайли ижтимоий инқироз рўй бериши тасвиридир. “Достон”да батафсил сурати чизилган халқнинг, йўлбошчиларнинг тақдирлари бизни мустақил Ўзбекистон давлатини, бу давлатнинг жами халқлари ҳамжамиятида эгаллаб турган ўзига хос ва ўзига муносиб ўрнини, халқимизнинг мустақиллик йўли ва бу йўлда бизни собит қадамлар билан бошлаб бораётган доно ва мард йўлбошчимизни асраб-авайлаш, муносиб қадрлашга даъват этади, булар етук халқ бўлишга даъват этувчи тарихимизнинг аччиқ тажрибаси сифатида алоҳида қимматга эгадир.
“Халқ сўзи”, 1999 йил 9 июнь.