Ҳурматли муҳарририят! Кейинги пайтда номаълум учувчи жисм (НУЖ)лар ва улар билан мулоқот қилгаи кишилар тўғрисида матбуотда кўп ёзилаяпти. Ўзга сайёралардан келган шундай «меҳмон»лар билан америкалик эр-хотин Бэтти ва Барни Хиллар учрашган дейишади. Бу учрашув қачон ва қай йўсинда рўй берган, ойномангиз саҳифасида шу ҳақда маьлумот берсангиз.
Т. ЮНУСОВА, Тошкент шаҳри
Куриб, мулоқотда бўлганларнинг ҳикоя қилишича, номаълум учувчи жисмларнинг учувчилари ростмана одамлар сингари бўлишар экан. Бундай келгиндилар билан олтмишинчи йилларда бўлган бир учрашув анча шов-шув бўлган эди. Бу ҳақда ҳатто Джон Фуллер «Амалга ошмай қолган саёҳат» номли китоб ҳам ёзган. Бу Бэтти ва Барни Хилларнинг бошидан ўтган воқеа тафсилотидир.
Шундай қилиб, 1961 йил 19 сентябрда эр-хотин Канада чегарасидан уйларига— Портсмутга, Нью-Гемпшир штатига қайтишаётган эди. Коулбрукда улар кечки овқат қилишди ва 22.00да йўлни давом эттириб, 2.30дан кечикмай уйга етиб олишни мўлжаллашди, чунки эрталаб тўфон бўлиши кутилаётган эди. Воқеа Уайт Маунтейнс тоғларига туташ 3-тошкўчада рўй берди. Машинани ўзидан нур таратиб турган қандайдир объект таъқиб қила бошлади. Бэтти дурбинни олиб, кўзига тутди ва тахтадай қотиб қолди: у бирнеча фут баландликда «тепаси айланиб, чироқлари ўчиб-ёниб турган улкан кемани» кўрди. Объект Хиллардан унча узоқ бўлмаган жойга қўнди ва ундаги икки қаватли қатор ойналар аниқ кўзга ташланди. Ойна ортида қандайдир мавжудотлар бор эди! Барни машинадан тушиб, дурбин билан одатдагича бўлмаган кемани томоша қила бошлади. Унинг назарида, «келгиндилар ойналарга ёпишиб, автомобилга тикила бошлашди». Объект ерга қўнгач, Бэтти бақирди: «Машинага қайт! Улар сени олиб кетиб қолишади!» Барни эса худди шол бўлгандай қимирламас, ўзини қандайдир сеҳрли куч тутиб турганини ҳис этар эди. Лекин бир дақиқа ўтгач, у чақирилмаган сеҳргарларни «енгди» ва қайтиб машинага миниб, эшикни беркитиб олди.
Бирдан Хиллар «электрон чийиллашни» эшитдилар, бу товуш автомобиль юкхонаси томондан келгандек бўлди. Анча кейин эр-хотин, бу товуш билан ўзларида бирдан бошланган мудроқ ўртасида қандайдир боғланиш бор эди, дейишди — шу пайтдан бошлаб улар ўз ҳолатларини билмай қолишди! Наҳотки, Хилларга «электрон гипнозчи» таъсир кўрсатган бўлса! Англашларича, орадан қандайдир бирнеча дақиқа ўтган ва бошқача оҳангдаги «би-ип» жўрлигида улар ўзларига келишган эди. Эр-хотин мутлақо сокин бир вазиятда ва… учиб бораётган машинада ўзларига келишганди! Йўл белгиси Конкордгача 17 миль қолганлигини билдирди, бошқача қилиб айтганда, улар НУЖга дуч келган жойдан 35 миль олисда боришаётган эди.
Барни, машинани қандай қилиб дарахтга олиб бориб урмаганликларига ёки йўл четидаги ариққа тушириб юбормаганликларига ҳайрон бўлиб, рулни зўрға қўлга олди ва тезликни пасайтирди. Эр-хотин ниҳоятда қўрқиб кетганликларидан, нафаслари ичига тушиб, индамай боришарди: икки соатда улар бошидан қандай воқеалар ўтди? Уйга келиб ётишди, лекин ҳадеганда уйқу келавермади. Бўлган воқеани фақат тонг саҳарда унутиб, кўзларини юмишди, лекин ўша заҳоти қаттиқ бақириб, ўз товушларидан ўзлари уйғониб кетишди. Ҳар иккисининг хаёлида уларни қаёққадир судраб олиб кетишмоқчи бўлишаётганди, лекин улар қаттиқ каршилик кўрсатишарди…
Гипноз сеансининг қирқ беш соатли магнитофон ёзуви хайратга тушган тадқиқотчиларга эр-хотин Хилларда юз берган беқиёс, «учинчи турдаги алоқа» билан танишиш имконини берди. Улар билан бўлган ғалати воқеалар бундай ривожланган эди…
Қўрқиб кетган эр-хотинларни кемага бир хилда кийим кийган одамсимон қиёфадаги мавжудотлар бошлаб киришди. Улар орасида фақат биттасининг кийими бошқачароқ эди ва у «ҳарбий-денгиз кучлари капитан»ига ўхшар эди. Автомобилдан тушиб боришаётганда «капитан» Бэтти билан инглиз тилида ғалати акцент билан гаплашди (Беттининг фикрича, француз тилида). Туширилган зина ёнига келишганда аёл қаршилик кўрсата бошлади. Бу «капитанпнинг жаҳлини чиқарди. У Бэттини итариб: «Юринг, юринг. Қанча кўп қаршилик кўрсатсангизлар, сизларни шунча кўп ушлаб турамиз. Бизнинг вақтимиз оз. Юринг. Кейин ўз машинангизга қайтасиз», деди. Итоат этишга тўғри келди.
Кема бортида Хилларни иккига ажратишиб, шундай дейишди: «Бизнинг асбобларимиз фақат бир кишига мўлжалланган». «Доктор» пайдо бўлди, у ҳам инглиз тилида гапирарди. У Бэттини курсига ўтқазиб, виқор билан ишга киришди. Катта линзаси бўлган «микроскоп»ни олди. Унинг ёрдамида аёлнинг терисини кўздан кечирди. Кейин унинг бўйнини орқага бироз эгиб, бошини худди тиш врачи курсисида ўтиргандагидек, осмонга қаратиб қўйди. Оғзини очишни илтимос қилиб, бошини чапга ва ўнгга буриб, томоғи ва тишларини, қулоқларини кўздан кечирди. Сочидан бир тутамини қирқиб, қутидаги қоғоз халтага солди. Тирноқларини ҳам шундай қилди. Кейин аёлни ечинтириб, столга ётқизишди. «Доктор» симларга туташтирилган бир даста игна олиб, Бэттининг қорни ва елкаларига ура бошлади. У эса оғриқ сезмади. «Докторининг кузатувидан мамнун эканлиги билиниб турарди. Мана, у ташқарига чиқиб, узун… игна билан қайтиб келди! Бэтти қўрқиб кетди: «Сиз нима қилмоқчисиз?» «Доктор» уни тинчлантириб, бу сўнгги ва мутлақо оғриқсиз муолижа эканлигини айтди. Шундай сўзлар билан у игнани қоринга тиқа бошлади! Бэтти бақирди. «Доктор» дарҳол игнани олди, «капитан» эса унинг қўлини кўзига олиб борган эди, оғриқ қолди. «Нега бундай қилаяпсизлар» — деб сўради аёл. «Ҳомиладорликни аниқлаш учун муолижа»,—деб жавоб беришди унга. «Капитан» Бэттининг столдан туришига ва кийинишига ёрдам берди. «Доктор» шундан кейин Барни била шуғуллана бошлади.
Муолижа тўла такрорланди. Лекин энди Хейнекни ва бу ажойиб саргузаштни текширган бошқа кишиларни бироз кулдирган ғалати воқеа рўй берди…
«Доктор» Барнининг тишларини кўздан кечираётиб, пастки қисмини тортди ва… уни қўлига олди. Эрининг пастки жағи сунъий эканлиги ҳақида қизиқувчан келгиндиларни огоҳлантириш Бэттининг хаёлига келмаганди! Аёлнинг тишлари эса ўзиники эди ва бу келгиндиларнинг ақлини бироз шоширди. Кейинроқ Хейнек ҳазиллашиб, улар Икс сайёрасига қайтишгач, илмий анжуманда маъруза қилиб, Қуёш системасига борганликларини, у ерда онгли ҳаётга дуч келиб, жағи сунъий қора танли эркакка ва жағи ўзиники бўлган оқ танли аёлга дуч келганликларини маълум қилишгандир, деб юрди.
Бэтти қунишди ва «капитан» берган катта китобни кўздан кечиришни давом этказди. Бу тик тортилган чизиқлар билан тўлдирилган — ингичка, нуқтали ва эгри чизиқлардан иборат китоб эди. «Капитан» аёлга ақл бовар қилмайдиган мулоқот содир бўлганлигининг исботи сифатида шу китобни совға этишни ваъда берди. Бэтти дадиллашди ва уларнинг қаердан келганликларини «капитан»дан сўради. У эса аёлга, коинот ҳақида нималарни биласиз, деди. Мактаб таълими доирасида тасаввурга эга эканлигини билгач, ҳайрон бўлиб бошини чайқади. Шунга қарамасдан, катта альбом олиб, уни «тутқин» аёлга берди. Юлдузли осмон харитаси туширилган альбом варақлари сирли усул билан тайёрланганди: улар уч ўлчовли голографик манзарани берар эди! («Худди ойнага қарагандай бўласиз»,—деб кейинчалик эслади Бэтти Хил.) Битта харита уни айниқса қизиқтириб қолди; унда юлдузларни туташтирувчи чизиқлар бор эди. «Капитан», йўғон чизиқлар савдо йўлларини, ингичка чизиқлар — маълум вақтда такрорланадиган илмий сафарларни, нуқтали чизиқлар эса бўлажак парвозларни билдиради, деб тушунтирди. «Сизнинг юлдузингиз қаерда?»—деб сўради Бэтти. «Бу ерда Сизнинг Қуёшингиз қаердалигини биласизми?»—деб унга қарши савол берилди. «Йўқ, билмайман». «Ундай бўлса, биз қаердан келганлигимизни мен қандай изоҳлаб берай?»
Тутқинларни қўйиб юборишдан аввал, «капитан», экипаж аъзолари уларга мулоқотнинг ашёвий далилларини беришга эътироз билдиришаётганликларини айтди. «Сиз юз берган барча воқеани унутишингиз керак», деди у Бэттига мурожаат қилиб. «Йўқ, йўқ. Мен буни ҳеч қачон унутмайман, ҳеч қачон!—деб эътироз билдирди аёл. — Сизлар буёққа яна учиб келасизларми?» — «Бу бизга боғлиқ эмас. Эҳтимол, биз учрашармиз». — «Сиз бизни миллиардлаб одамлар орасидан қандай топасиз?» — «Биз ўзимизга керакли одамни ҳамиша топамиз», деб маънодор қилиб таъкидлади «капитан»…
Бенжамин Саймоннинг клиникаларидаги гипноз сеанслари чоғида, тадқиқотчилар-да Бэттининг хотирасига асосланиб, НУЖда кўрсатилган юлдузлар харитасини жонлантириш ғояси пайдо бўлди. Хотирани тиклайдиган гипноз тажрибаси бундай кашфиётларни билади. Доктор Саймон ҳафсала билан тажриба ўтказишга киришди.
Муваффақият кутилганидан зиёда бўлди. Бэтти Хилл бир неча сеансда харитани чизди, бунда ҳар гал ўз схемасига қандайдир аниқликлар ва ўзгаришлар киритар эди. Иш ниҳоясига етганидан кейин антиқа харитани рўзномада эълон қилиб, мутахассисларнинг фикрларини билмоқчи бўлишди.
Тугалланган харитадан шу нарса кўриниб турар эдики, фақат Тўрли юлдузлар туркумида юлдузларнинг бундай жойлашувини кўриш мумкин. Келгиндилар базасигача масофа ғоят даражада олис эди: ўттиз нур йилига тенг! Улар бу ергача қандай учиб келишган? Бу саволга фақат битта жавоб бўлиши мумкин: нур тезлигига яқин тезликда учишган. Агар коинот сайёҳлари шундай тезликда учган бўлсалар, у ҳолда бир томонга келишнинг ўзига бир ярим йил сарфлашган. Ҳозирги космик ютуқлар билан солиштирганда, бу у қадар кўп вақт эмас!
«Аврора» ойномасидан таржима қилинди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон