Тўра Нафасов. «Балиқчи» номининг маъноси (1991)

«Балиқчи» тарзида ёки шу сўз ёрдамида ясалган қўшма номлар Ўзбекистонда талайгина. Унинг яратилиш тарихи, тилда қўлланиши, маъно ва вазифасини аниқлаш тилшунослик, тарих, этнография фанлари учун муҳим аҳамиятга эга.

У тарихан ясама сўз: балиқ + чи. Ўзак сўзнинг балиқ (сув ҳайвони) тушунчасига мутлақо алоқаси йўқ. У туркий, мўғул, тунгус-манжур тилларига мансуб энг қадимий сўзлардан саналади. Қадимги туркий ёдномаларида — балық. Тўнюқуқ ёдгорлиги, Манихей ва Турфон матнларида хам балық — шаҳарни билдиради. Масалан: уч ўтуз балық сыды — 23 шаҳарни вайрон қилдилар. Турфон воҳасидан топилган битикларда ўқиймиз: эртмиш ўдун бир улуғ балық бор эрти — қадим замонларда бир буюк (улуғ) шаҳар бор эди. Эл-тарас ҳоқон шарафига 690—693 йилларда битилган ёдномаларда балиқ сўзи қўрғон маъносида: қамуқ балиққа тэгдим — кўп қўрғонларга ҳужум қилдим. Уйғур ёзувида битилган Манихей матнларида балиқ сўзи кўп ишлатилган: балиқдин балиққа, улушдин улушқа, элдин элга тингчи, савчи бўлуп юрудимиз эрсар — шаҳардан шаҳарга, қишлоқдан қишлоққа, элдан элга сўз олиб борувчи, совчи бўлиб юрсак. Қадимий ёдномаларда у ўрду (қаср), улуш (қишлоқ) каби маъноси яқин сўзлар билан жуфт сўз шаклида ҳам қўлланилган: балық ўрду — шаҳар ва қаср, улуш балық— қишлоқ ва шаҳар.

Академик В. В. Бартольд балық, балығ сўзининг Ўрхун-Енисей ёдгорликларида қайд этилганлигига асосланиб, барча туркий тиллар учун умумий эканлигини кўрсатган. В. В. Радлов луғатига ҳам бу сўзнинг қадимги туркий битиклардаги маъноси асос қилиб олинган, унда балық, палық — шаҳар, қўрғон деб изоҳланган.

Балық, балығ, палық, балых, балук сўзи, айниқса, V—XI асрлар ёдгорликларида кўп учрайди. М. Кошғарийнинг таъкидлашича, X—XI асрларда бу сўз анча эскирган. Халқ нутқидаги бу ҳолатни тўғри англаган М. Кошғарий шундай ёзади: «балық — жоҳилия давридаги (ислом пайдо бўлишидан олдинги давр—Т. Н.) турклар ва уйғурлар тилида — шаҳар. Уйғурларнинг энг катта шаҳарларига Бэш балық дейилиши шундандир. Бэш балық беш шаҳар демакдир. Уйғурлар бошқа бир шаҳарларига Янги балық — янги шаҳар дейдилар». XIII асрда яратилган Ўғузхон ҳақидаги ёдгорликларда бу сўзнинг балуқ кўриниши қайд этилган.

Туркий, мўғул ҳамда тунгус-манжур тилларидаги манбаларнинг қиёси шуни кўрсатадики, мазкур сўзнинг энг сўнгги маъноси шаҳардир. Бу маъно шаҳарларнинг юзага келиши, тараққиёти ва йириклашуви билан боғлиқ. Унинг энг қадимий ва пировард маъноси ўртасида мантиқий-моддий алоқадорлик билан бир қаторда, фарқи ҳам бор. Фарқ шундаки, балық сўзининг туркий тиллардаги қадимий маънолари — девор, деворли тўсиқ, девор билан ўралган жой (шаҳар, қўрғондир). Шу маъно сариқ уйғурлар тилида сақланган, холос. Академик В. В. Радлов «Туркий тиллар луғати тажрибаси» асарида бу сўз қўрғон маъносига эга эканини кўрсатган. Бешбалық кўринишидаги қўшма номларнинг яратилишига қўрғон маъноси асос бўлган.

Балық сўзининг ўзак тузилиши ҳақида ҳам турли мулоҳазалар мавжуд. С. Е. Малов мазкур сўз лой маъносидаги бал сўзидан ясалган, дейди. Г. Дёрфер бу сўз маъносидаги ўсишни қуйидагича эътироф этган: лой девор билан ўралган жой — шаҳар. Қадимги уйғур тилидаги балақасун, балқасу(н), ҳозирги мўғул тилидаги балғас (шаҳар), бурятча балғааҳан сўзларининг келиб чиқиши бир эканлиги маълум. Туркий тиллар тарихининг теран билимдони Э. В. Севортяннинг аниқлашича, мўғул тилларидаги бу сўзнинг тузилиши туркий балық балқ — балақа (шаҳар) сўзи билан мантиқан ўзакдош. Энг қадимий туркий тил хусусиятларини ўзида сақлаб келувчи ёқут тилида балаған— уй-жой, турар-жой, ёғоч уй, кулба, қишги ёки ёзги қора уй, чўп-ходадан тикланган уй маъносида ишлатилади.

Бу сўз кейинчалик ёқут ва мўғул тилларидан тунгус-манжур тилларига ўзлашган. Эвенк, эвен, негидал тилларида балаған, удей ва орок тилларида балаға, балақа — турар-жой, гўша, ёғоч уй, қишлиқ уй, ертўла, ёғоч ғўласидан қилинган чайла, барак; звенк тилида балаған — турар-жой, уй; эвен тилида балағамийа — эски бино (иморат), балаған — ёғоч уй; эвен тилининг баргузин шевасида балғаҳун — ёзлик тураржой, уй. Бу шевага балғаҳун сўзи мўғул тилидан ўтган. Манжур тилида фалға — қишлоқ, слобода (500 уйлик), даҳа (10 уйлик), уйлар қатори, махсус яшаш жойига эга бўлган уруғ. Қалмиқ тилида балғад шаклида, маъноси — қишлоқ, шаҳар. Тунгус-манжур тилларига туркий ва мўғул тиллардан ўтганлиги учун ҳам товуш, ҳам ўзак тузилишида фарқлар бор.

Н. А. Баскаковнинг аниқлашича, туркий, мўғул ва тунгус-манжур тилларига тегишли бу сўзнинг энг қадимий асоси — палға, палғ. У, аслида, угор тилига оид. Бу тилдан бошқа тилларга инсониятнинг ўтроқлашиш палласида ўтган.

Балиқ таркибий қисмли номлар V—XI асрларда яратилган. С. Е. Маловнинг таъкидига кўра, Урумчи билан Гучен оралиғида X—XI асрларда туркий халқлар — уйғурлар вилоятида беш шаҳар бўлган: Сулми, Қўйу, Йанбалық, Бэшбалық, Йангибалық. М. Кошғарий бу шаҳарларни Искандар Зулқарнайн бино қилган дейди. Академик В. В. Бартольд асарларида ва бошқа тирихий манбаларда балық сўзидан ясалган ўрта асрлардаги бир қанча шаҳар ва қишлоқлар номи қайд этилган: Илибалиқ — ҳозирги Илийск, Или дарёси бўйидаги шаҳар. Ўрдубалық — ўрта асрлардаги уйғур шаҳарларидан бири. Тарғубалық — ўрта аср Мўғулистонида Ўрхун дарёси бўйидаги қўрғон, Ғубалық, яъни Қуз балық — Баласағуннинг туркий номи. Байбалық — Селенга дарёси бўйидаги уйғур шаҳри. Бу ном Шимолий Мўғулистонда топилган Мўйун чуру битикларида ҳам зикр этилган.

«Алтун яруқ»да тилга олинган йирик аҳоли масканларидан бирининг номи Учағандир. Бу ном икки битикда Учаған балық, Учаған улуш тарзида ишлатилган. Демак, балиқ ва улуш сўзлари деярли маънодош бўлган. XI асрда улуш сўзи қишлоқни англатган. Баранас балық — XII—XIV асрларга оид уйғур ҳужжатларида қайд этилган шаҳар (Баранас, Баранаси—санскрит тилига хос ном). Қузбалық — Қадимги Еттисув вилоятининг маркази — Баласағун шаҳри номларидан бири эканлиги «Абдулланома» асарида алоҳида таъкидланган. Баласағун ўтмишда Қуз улуш ҳам дейилганлиги маълум. Қузбалық айрим манбаларда Ғубалик (русчаси Гобалик) ҳам битилган. Балиқ сўзи билан ясалган қадимий номларнинг айримлари ҳозиргача сақланиб қолинган. Шоир Миртемирнинг ёзишича, унинг туғилган қишлоғи саҳро томонидаги қадимий шаҳар ўрни — тепалик номи — Бойбалх. Шубҳасиз, унинг азалий шакли Бойбалиқ бўлган.

Кўринадики, балиқ сўзи қўз, бай, ўрду, беш, янги каби турдош отлар билан бирикиб, муайян жойнинг турли хусусиятларини билдирувчи янги номлар яратган.

Масалан, Или азалдан дарё номи бўлган, унинг бўйидаги шаҳарни туркий халқлар Илибалиқ деб юритганлар. Вавилон эса қадимги туркий ёдномаларда Бобил балиқ тарзида битилганлиги маълум. Бу ном XII—XIV аср уйғур ёдгорликларида ҳам учрайди. Баласағун номининг томири ҳам шу сўзга дахлдор. Товуш тузилиши унинг мўғулча шаклига яқин. Қадимги мўғул тилида балақасун, балғасун, балғасу(н) — Баласағун. Сўнгги бўғинларида товуш алмашиниши юз берган.

Шарқнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Балх номи балиқ сўзининг сал ўзгарган шакли деб тахмин қилиш мумкин.

В. В. Бартольднинг ёзишича, тўғуз ўғузларнинг ёзги қароргоҳи Панжикат ўтмишда Панжикас деб ҳам аталган, у туркий бешбалиқнинг форсча ўгирмасидир. «Ҳудуд ул-олам»да бу шаҳар Тангритоғнинг шимолида ўрнашганлиги қайд этилган.

Угор тилидан палғ сўзи туркий тилларга ўтгач, турли маъноларга эга бўлган. Унга ясовчи қўшимча қўшилиб қўшма сўзлар ясалган: балықчи, балықсы. Бу сўз дастлаб ўтроқ аҳоли — шаҳар ё қишлоқда доимий яшовчи, шаҳарлик маъносини билдирган. Кейинчалик бу маъно қатъийлашиб, аниқлашиб борган. Тарихчи Р. Г. Кузеевнинг таъкидлашича, бошқирд тилида балықсы — истеҳкомли шаҳар қўриқчиси, яъни шаҳарни талончи кўчманчилар ҳужумидан сақловчи киши(лар)дир. Н. Логофет XIX аср охирида 102 ўзбек уруғини қайд этар экан, балиқчи деган ўзбек уруғини ҳам санаб ўтган. Қозоқларнинг улуғ жузида ҳам балық, балықчи уруғи борлиги маълум. С. М. Абрамзоннинг ёзишича, балықчи уруғи қирғизларнинг сару қабиласига мансубдир. Академик С. П. Толстов балықсы, балықчы уруғи ёвмут туркманларида мавжудлигини қайд этган. Балықчы уруғи туваларда ҳам учрашини тарихшунос Л. П. Потапов аниқлаган.

Чорвадор қипчоқ туркий халқларда пайдо бўлган балықчи, балықсы каби атамалар ҳозиргача турли туманларда аҳоли масканлари номи сифатида сақланиб келмоқда.

Тўра НАФАСОВ, профессор

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон