Адабиёт тафтишига бошлағонда ёзма адабиёт ва эл (оғзаки) адабиёти каби бир тасниф юритишга тўғри келадир. Лекин ёзма ва эл адабиёти орасини айирмоқ ва буларни жомеъ ва монеъ таъриф қилмоқ қийиндир, ҳатто мумкин эмасдир.
Ёзма адабиётнинг бир хусусияти ёзмалиғи, иккинчи, асар эгасининг маълум бўлишидир.
Эл адабиётининг хусусиятида шу сифатларнинг бўлмаслиги ва оғиздан оғизға кўчиб юришидир.
Энди таҳлил қилайлиқ:
Биринчи: бир вақтлар ёзма ўлароқ тасбит этилган бир адабий асар йўқолди дейлик ва сўнгра унинг парчалари оғиздан оғизға кўчуб юрди ва асар эгасининг оти ҳам унутилди дейлик.
Иккинчи: оғиздан оғизға кўчуб асрларча юрғон достон, мақоллар ёзилиб, бир мажмуа ҳолига кетирилди дейлик (қандайки бугун ҳар ерда қилинадир).
Бу икковини қандай қилиб ажратиш керак ва қайсисини қайсисиға киргизиш керак?
Воқеан, эл адабиётининг энг мумтоз хусусияти асар эгасининг эл экани даъво қилинадир. Ҳолбуки, биз текшириб қарасақ, бу даъво асоссиз бўлуб чиқадир.
Ҳеч бир достон, мақол, топишмоқ, ашула йўқки, йигирма киши ўйлашиб тўқуғон бўлсун ёки басталаган бўлсун. Ҳар бир достон, мақол, топишмоқ, ашула асосан бир киши томонидан чиқариладир. Ва сўнгра умумийлашиб кетадир.
Туркистоннинг сўнг шоирларидан Муқимий, Фурқат, Ҳазиний парчаларидан шундайлари борки, агар аллақайси қаронғу токчалардан, чуруб, қорариб кетган баёзлардан кўруб эгаларини билган бўлмасақ, уларни эл адабиётидан ҳеч вақт ажрата олмас эдик.
Бу тасниф шу даражада бўш бўлса ҳам, ишимизни енгиллатиб, бизга ёрдам бературғон бўлғон учун қабул қиламиз ва адабиётни икига айирамиз: ёзма адабиёт ва эл адабиёти.
Ёзма адабиёт
Туркларнинг ёзув билан танишлиқлари кўб эскидир. Туркларнинг милоддан бурун қурғон буюк императўрликларида юратурғон буйруқ, ёрлиқлар табиий ўлароқ туркча ёзув билан бўлар эди.
Бу ёзулар тўғрисида ҳоло ҳам илм оламида сарих маълумот йўқдир.
Хитой воқеъномаларида тарихга маълум эски турк жамияти бўлғон «хул»ларнинг ёзувлари борлиғи зикр этилса ҳам, унинг қандай ёзув экани номаълумдир. Радлўф бу ёзувнинг Ўрхун ёзуви бўлушини ўйлайдир. Хитой воқеъномалари 545 инчи йил воқеаларини ёзғонда ҳам туркларнинг ёзувлари борлиғи ва уни сунги учи билан ёзғонларини айтадирлар (Татар адабиёти тарихи, с.27).
Тури Южан уйғурларнинг милоддан икки аср илгари хат билишларини ва бешинчи аср милодийда порлоқ бир адабиётга молик бўлғонликдарини сўйлайдир (Миллий татаббулар мажмуаси, ж. 2, сон 4).
Турклар ўз ҳаёти тарихияларида турли-турли ёзувлар ишлатиб ўтганлар. Хитой таъсири остида бўлғон вақтларида тарихий тошлардан билинадирки, Хитой ёзувини ҳам ишлатганлар. Гул Такин тошининг бир ёғи хитойча ва бир ёғи ўрхунча ёзилғондир.
Бу ўрхун ёзувидан бошқа бир вақтлар моний алифбоси ишлатганлари маълум.
V асри милодийда Бизанш императўрлиғи теваракидан ҳайдалғон настури роҳиблари Сурия алифбосини олиб келганлар ва сўнгра бу ёзув уйғур ёзувига асос ўлароқ ишлатилган.
Будда динининг таъсири кучайган чоқларда Тибат алифбосини ҳам ишлатганлар. Бу 5-6 турли ёзувдан энг илгари қайсиси ишлатилганини ажратиш қийин.
Ҳозир энг эскиси ўрхун ёзувлари дейиладир. Бу туркларнинг ўзларига махсус ёзувдир. Турклар ҳарҳолда бирдан-бир ёзув ихтиро қилатурғон ва ишлататурғон бир ҳолда бўлмағон бўлсалар керак ва ўрхун ёзувида турли алифболарнинг таъсири борлиғи ҳам буни кўрсатадир.
Юқорида айтканимиз каби ўрхун ёзуви билан баробар хитой ёзувида назарда тутилса ва хитойларнинг эски маданиятли халқ эканликлари ва бунинг устига Хитой таъсирининг жуда ортиқ экани ўйланса, туркларнинг ҳарҳолда ўз махсус ёзувлари бўлмағон вақтларда хитой алифбосини ишлатканларини ўйлашга йўл берилган бўлур.
Ҳарҳолда – қандай бўлса ҳам — туркларнинг кўб эски замондан бери ёзув билган бўлишлари аниқдир.
Ўрхун битиктошларининг тил ва услуби оддий сўзга ўхшамасдан, ҳатто баъзи ерларида муқаффо иборалар ва мавзун фард ва қитъалари борлиғи унинг ишланган адабий тил билан ёзилғонини кўрсатадир.
Туркларнинг шомон динида бўлғон вактларида ҳам ёзилғон дуономалари бўлғонидек, моний динида бўлғон чоқларида «Хуос туонифат» унвонли ибодатхоналарда ўқулатурғон тавба дуолари бўлғон.
Бу дуо ёзилғон бир нусха тарихи маълум бўлғон «Тунғ» даври Чин китобларининг қоғозлариға ўхшағонидан шу даврда ёзилғон дейиладир. Бу нарса моний алифбоси ила ёзилғондир. Бунинг уйғур ҳарфи ила ёзилғонини Радлўф топиб бостирғондир (Петербурғ Академи мажмуаси, 1909 – Авғустус, Турк юрди, йил 1, сон 3).
Тури Южан ўз мақоласида (Татаббулар мажмуаси, жилд 2, сон 4) «7-нчидан 14-нчи асргача чўзулган бир замонни турк тили асарларининг энг эски даври атаб, энг биринчи турк асари ўлароқ «Қудотқу билиг»ни (462 ҳижрий), иккинчи ўлароқ «Юсуф-Зулайҳо»ни (630 ҳижрий), учинчи ўлароқ Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё»сини (710 ҳижрий) санайдир.
Бу даврга бўлушда битиктошларининг ва моний дуо ёзмасининг кирмаганини бир китоб шаклида бўлмоғонидан ва «Девони ҳикмат»нинг эса эски ёзма нусхасининг йўқлиғи эҳтимолидан ўйламоқ мумкиндир.
Локин бу даврнинг асарларига қўшмоқ мумкин бўлғон – «Китоби Қўрқут» (5-6 асри ҳижрий). «Ҳибат-ул-ҳақойиқ» (6—7 асри ҳижрий) ва «Девони луғоти турк» каби асарларнида санасак эски турк ёзма адабиёти жадвалини кўрсатган бўлурмиз.
Булардан бошқа (754 да) Хоразмий отли бир шоир томонидан чиғатойча ўлароқ Сарой шаҳрида ёзилғон «Муҳаббатнома» (милодий 14-нчи асрда Қутб тахаллусли бир шоирнинг «Хусрав — Ширин» манзумаси ва 777-нчи ҳижрийда Ҳисом Котибнинг бош ҳикояси) ва 800-да ёзилғон – уйғурча асли у ёнда бўлғон – «Тузукоти Темур», 846-да ёзилғон «Меърожнома» ва 863да ёзилғон «Бахтиёрнома» турк эски адабиёти асарларига киратурғон ва сиқалардандир.
Мана бу кўрсатилган асарлар турк адабиётининг то милод бошидан бери ёзма асарларга эга бўлғонини ва табиий ўлароқ бундай асарларнинг ёлғиз бизга маълум бўлғонлари билан қолмағонини ўйлашга ҳақ берадир.
Бу асарлар, умуман, турк тили билан ёзилғондирлар. Локин асрларига ва даврларига қараб турли-турли аталғонлар.
Турк тили бир вақтлар мўғул тили деб ҳам юритилган (Ҳисом Котибнинг Султон одли машҳур кесикбош ҳикоясининг мўғулчадан, яъни чиғатойчадан туркчая, яъни усмонличая чевирмаси), сўнгра уйғур тили, ҳоқония туркчаси ёки қашғар тили, ўғуз лаҳжаси, чиғатой тили, усмонлича, озорича каби чўқ отлар тақилғон. Асосан, чиғатойча уйғурчанинг муайян адабий ҳолға кирган бир бошқа шаклидир.
Фақат уйғур ҳарфи билан ёзилғони учун кўб чиғатой тили ҳавзасига киратурғон асарларни ажратишлар бўлғон. Ўрхун ҳарфи билан ёзилғон асарларнинг тили уйғурчадан фарқсиз бўлса ҳам, айри фараз қилинғон. Ҳолбуки, Ўрхунда уйғур ёзувининг қайсиси илгари бошланғонлиғини айришни қийин ҳолға қўятурғон эски асарлар қўлга киргандир ва бу икки ёзувнинг кўб вақтлар бирга юрутулғони маълумдир.
Асли «Настурий роҳиблари» томонидан келтурилғон уйғур ҳарфининг 8-нчи асрдан илгари мавжуд бўлиши мумкин бўлғони муҳокамасига таянибгина «Ўрхун езуви» эски дейиладир. Бунинг устига уйғур алифбоси тузулушига ҳам сомий, ҳам орий, ҳам хитой ҳарфларининг таъсири борлиғи кўз олдига келтирилса, бу шубҳанинг яна ортиш эҳтимоли бордир.
Нима бўлса бўлсун, қандай ҳарф билан ёзилғон бўлмасун юқоридағи асарлар турк ёзма адабиёти такомули тарихи тўғрисвда муайян бир фикр бера олатурғон даражада қийматдордирлар.
Эл адабиёти
Кўчма халқларда эл адабиёти бой бўладир.
Туркларнинг (типичный) ҳаётлари кўчмалик бўлғонидан бой бир эл адабиётига моликдирлар.
Бу адабиётнинг бойлиғи тўғрисида бизга энг кўб маълумот бературғон китоб «Девони луғоти турк»дир. Бунда эски турк достонларидан энг гўзал парчалар бордир. Ҳатто шундай чиройлик жойлари борки, ёзма адабиётни уелтиришгача борадир.
Эл адабиётининг эскидан ёзилғонлари орасида 211 нчи хижрийда форсчадан арабчага таржима этилғон «Ўғузнома» аталғон миллий достон борким, асосан туркчадан ўзгартирилгандир. Бу достоннинг муҳим бир қисми бўлғон «Дада Қўрқут» ёки «Китоби Қурқут» каби Сайид Баттол Ғози достонида эл адабиётидандир. Бу «Ўғузнома»нинг исломиятдан бурун тасбит этилганликига ҳукм этиш мумкиндир. Чунки 211 ҳижрийда форсчадан арабчага таржима қилинғон бу достоннинг форсчага таржима қилинғони билан арабчаланиши орасида ҳарҳолда анчағина вақт ўтуш эҳтимоли бўлғони каби форсча таржимаси ҳам учунда аввалан туркча ўлароқ ёзилғон (тасбит этилган) бўлиши лозимдир (Эллик мутасаввуфлар …).
Булардан бошқа эл адабиётига оид яна бир қанча ёзилғон ва ёзилмағон асарлар майдондадир.
«Навоийгача турк адабиёти» мақоласи «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1926 йил 1-сонида босилган.