Коммунист фирқаси ва шўро ҳукумати ҳар мамлакатни ўз халқи идора этишни асоси ўлароқ қабул этган ва буни тантанали суратда бутун дунё жаҳонгирларига қаршу эълон қилғондир. Чинданда бир мамлакатни ажнабий бир томондан келган кишиларнинг эгалик қилиши, бир миллатнинг ўзга бир миллат қўли билан идора этиши кўб ҳақсизликға сабаб бўладир.
Бундай ҳодисалар мустамлака бўлғон мамлакатнинг иқтисодига зарба бериши билангина қолмай, у қуллиқ билан яшайтурган миллатнинг табиий истеъдодидан айрилишига ҳам сабаб бўладир.
Ҳолбуки, бу сўнгги ҳодисалар шу ҳолга учраган миллатнинг дунёдан кетиши, йўқ бўлиши демакдир. Бу кунги тарихий воқеалар кўрсатадирки, турмуш ва анъанаси бошқа бўлғон бир миллат томонидан идора этилиб келган миллатлар ўсмайдирлар. Уларнинг табиий истеъдод ва қобилиятлари инкишоф этмайдир, ўсмайдир.
Бир ёқдан бир мамлакат ўзи ўз ихтиёри билан ўсмаса, унда иқтисодий тармоғи ҳосил бўлмайдир. Чунки у мамлакатнинг бойлиги учун ишланиладир, яъни бошқа мамлакатнинг фойдаси кўзда тутиладир. Бу ҳолда эса бу мустамлака бўлғон мамлакатнинг фойдасига эмас, «зарариға» кўб ишлар қилинғон бўладир.
Бу ҳол иқтисодий пастланишга сабаб бўладирким, ижтимоий тараққий ва таназзул ҳар вақт иқтисодий ҳаётнинг даражасига боғлиқдир. Ижтимоий ҳаётнинг шу қонунлари назарда тутилғонида ҳар ким бу кунги миллий ва иқтисодий бўлишлар вужудга келтирилмакда, шунинг учундирким маҳкамаларни миллийлашдириш учун тиришилмоқдадир. Биз ҳар вақт кўруб келамизким, марказда ҳаётимизга мувофиқ қарорлар ва декретлар чиқариладир ва мумкин қадар ўрнига кетириши ўз жойларига татбиқ этиши танбеҳ қилинадир.
Фақат таассуфлар бўлсинким, кўб вақт бу қарорлардан керагинча фойдаланилмай қоладир.
Ўрис жаҳонгирлиги вақтида Туркистон генерал-губернатори ёнида кўчуриш маҳкамаси (переселенческое управление) деган идора бўлар эдиким, унинг бир вазифаси Туркистоннинг доимо ўруслар қўлида қолишини таъмин этмак учун ўрус муҳожирлари келтуруб ерлашдирмак эди. Шу мақсад биландирким, Туркистоннинг ҳар шаҳарида энг маҳсулдор ерларида ўрис қишлоқлари қурулди.
Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятларида бундай қишлоқлар ҳаёти ҳам бор ва кўчманчилар кошки ёлғиз ўзларига берилган жойларга эгалик қилсунлар. Булар ўз ҳукуматлари каби одамгарчиликни билмас эдилар. Етти-сувдагилар қирғиз-қозоқтарни ўлдириш, молларини талаш билан машғул бўлдилар. Бошқа жойдагилари ҳам атрофларидаги камбағал деҳқонларни ҳар турли қийноқлар остида таламоқ билан кун ўтказдилар.
Шунисини ҳам айтиб ўтиш керакким: бу кўчманчиларнинг кетирилиши Туркистонда бўш жойларнинг кўблигидан ҳам эмас эди. Бизла бўш жойлар йўқ эмас, бордир. Фақат у жойлар сувсиз, қум чўлларидан иборатдир. Ўрус муҳожирлари Туркистоннинг энг яхши ҳосил берадиган жойларига бирлашганлар. Бу муҳожирлар келгандан кейин Еттисувда қирғиз-қозоқлар жойсиз қолғонлари каби Туркистонда ўзбек ва туркманлар ўз ерларидан ажралғонлар.
Бу кун Туркистонда ерсиз деҳқон кўбдир. Туркистонда эллик мингга яқин батракларнинг борлиги букун маълумдир.
Ҳолбуки, қўшчи уюшмаларига кирмаганлари ҳам анчагинадир.
Ҳол шундай экан, биз ҳали ҳам ўрус муҳожирларининг Туркистоннинг турли ерларига ерлашмакда давом этганларини Фарғона ва Андижон музофотларининг Жалолобод, Бозорқўрғон томонларида янги муҳожирларнинг келганликларини ўшал ерлардаги ишчилардан эшитдик. Самарқанднинг Жумабозор живорида кўб жойларнинг шу муҳожирлар томонидан ишғол қилинғонлиги кўруладир.
Вилоят ер шўъбасидан олинғон маълумотга қараганда Жумабозордаги мусулмонларга тегишлик бўлғон юз таноблик ерлар ва боғларнинг кўбчилик эътибори-ла ўрис муҳожирларига ўн йиллиқ, ўн беш йиллиқ ижарага берилгандир.
Ҳолбуки, шул Жумабозорнинг ўзида кўб деҳқонлар бордирки, ери бўлмағонидан мажбуран ерли бойга ёки шу катга ерни ижарага олғон муҳожирларга кундалик мардикор бўлиб ишламакдадир. Бу ўн йиллиқ ё ўн беш йиллиқ боғларнинг ижаралари ҳам кўб ортиқ эмасдир. Ё бир уй ясамоқ, ёки бир неча дарахт ўтқазмоғига кифоя қилғондир. Биз бу енгил шартлар билан ижарага мусулмон мардикорлари ҳам олсалар идора қилиш уддасидан чиқарлар, деб ўйлаймиз. Бу ғайритабиий ҳолнинг бўлишига сабаб нимадир? Декретлар ва қарорларми? Йўқ, албатта, йўқ! Балки шўро маҳкамаларида ўз бузуқ мақсадларини юргузмоқ учун ўрнашиб қолғон мустамлакачилар, тескаричилар сабаб бўлурлар.
Ер-сув маҳкамаларининг шўъбаларида мутахассис оти билан ўтириб олғон тор ўрус миллатчилари мусулмонларга шўро ҳукуматини ёмон кўрсатмак учун қўлларидан келган ёмонликларни қилмоқчи бўлғондирлар. Шўро ҳукуматига қарши бўлиш ишчи деҳқонга қарши бўлишдир.
Мусулмон меҳнаткашлари ерсиз-юртсиз оч-яланғоч юрсалар юрсунлар, Жалолободда бўлғони каби ўрус бой деҳқонлари 200—300 таноблиқ ерларни ёлғиз ўлароқ идора этсунлар ва мусулмон ерсиз деҳқонларини хотун бола-чақалари билан юз ҳақорат остида ўлгудай ишлатсунлар. Бу ғайритабиий ва ғайриқонуний ҳолга ҳеч вақт ишчи ҳукумати рози бўлмас. Шунинг учундирким, марказимиз маҳкамаларини миллийлашдириш учун энг жиддий аҳамият бермакдадир. Вазифа ёлғиз жойлардаги масъул ишчилар устиға қоладир. Фақат эсдан чиқармаслиқ керакким, мусулмонлашдириш деб ҳам халқнинг бошига келиб ётган мусибатларни кўра олмайтурғон ғамсиз ва парвосиз махлукларни ҳадеб тайин қилабермак ҳам бекордир. Ишчи-деҳқоннинг темир қўлли тафтиш ҳайъати ҳар замон ўз алангали кўзини энг қоронғи бурчакларга тикмаги керакдир. Ана шундагина шўро ҳукумати дунёдаги ҳукуматларнинг энг одили бўлғон бўлур. Бу ишлар эса букунги камбағал ишчи ва деҳқондаи чиққан масъул ишчиларнинг бўйунларидағи вазифадир.
«Мустамлакачилик ўз йўлида» мақоласи «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 3 сентябр сонида босилган.