Ўткан бир кун мактабда эдим. Бу икки йиллик мактабда бир муаллим жуғрофия дарси бермакда экан; ташқаридан туриб ўзимни кўрсатмасдан бир оз дарсни тингладим; дарс мана шундай давом қилмоқда эди. Жугрофия, биринчи дарс:
Агар биздан сўрасаларким, дунёда нима бор? Жавоб бермоғимиз керакким, қуруқлик билан сув бор деб. Тағин агар сўрасаларким, қуруқлик кўбми сув кўбми? Жавоб берамизким, дунёнинг тўрт ҳиссадан бир ҳиссаси қуруқлик, уч ҳиссаси сув деб. Агар тағин сўрасаларким, қуруқликни нима қилғонлар? Жавобга айтмоғимиз лозимдирким: бешга тақсим қилғонлар деб. Улар қайсилар деб сўрасалар, жавоб берамизким, биринчи Оврупо, иккинчи Осиё, учинчи Африқо … деб.
Мана дарс, мана мантиқ, мана 8—9 яшар болаларга жуғрофия дарси!..
Мана шўролар ҳукуматининг баробарлашган меҳнат мактабига айлантириш керак деб жон чекишиб ётқон мактаби аҳволи! Мана таълим ва тарбия!
Ҳозир Самарқандда 32 мактаб бор экан. Мана шунинг нечаси шу аҳволда деб сўрағон сўроғға «барчаси — ҳаммаси шундай», демакдан бошқа жавоб йўқ.
Мактабларимизнинг барчасининг шу аҳволда бўлиши яхши муаллимларимизнинг йўклиғидан эмас, муаллимларимизнинг орасинда яхшилари бор, лекин булар баъзи мактабларда биртагина тушуб қолғонлар, бу муаллимлар ўз дарсларини тузуккина берадилар.
Лекин ўшал мактабларда-да бошқа дарслар юқоридағи туруш билан борадир.
Тавоф қилмайтурғон жойи шу ердаким, шу аҳволни ҳозиргача ҳеч ким майдонга қўймагон, ҳеч бир вақт бу тўғрида ёзилмагон, сўйланмағон.
Бу муаллимлар курсларинда таълим ва тарбия оти бўлиб ўзи бўлмағонидан келган. Ҳозирдаги саккиз оилиқ «таълим ватарбия» курсларинда муаллим бўлмағони учун таълим ва тарбия дарси йўқ экан. Мана сиз андак муҳокама қилинг. Бу фақат муаллимнинг айби эмас. Бунга маориф идораси ҳам айблик. Балки айбнинг кўби маориф идорасиндадир. Мунинг иложини топиш мумкин. Самарқанд шаҳринда таълим ва тарбиядан хабарлик бир-икки муаллим бор, топиладир…
Биз ҳозирги муаллим кучи ва шу аҳволи билан мактабни ҳеч олиб боролмаймиз. Агар олиб борамиз деб қўнғироқ (асрор) қилсак, жиноят қилғон бўламиз. Менимча, бу 32 мактаб миқдорини ўнга тушириш керак. Муаллимлар орасидан сайлаб ўн мактабга яраша ажратиш керак. Лекин курсға таълим ва тарбия дарсини ҳақиқатда киргизиш керақдир. Бу бир.
Иккинчи: мактабларга болаларнинг келмаслиги; оу табиий бир ҳол. Биринчи – сира мактабдан бола фойдаланмайдир; гимнастикадан бошқа нарса йўқ
Сўғун – бутун муаллимларнинг даъвосинча бизим халқнинг муҳаббатини жалб қилиш учун мактабларда дин дарслари бўлсин. Муаллимлар расмий соатлардан бошқа бир соат-ярим соат дин дарсини берсалар, болаларни келтириш учун отасини, қариндошларини қамашлик керак бўлмай қоладир.
Бу тажриба билан исбот бўлғондир. Маориф идораси, шўролар ҳукумати дин дарси ўқитишга қарши эмасдир. (Хусусан Туркистонда). Шу шарт биланким, ҳукумат пули кетмасун, муллалар ўқутмасунлар!
Чунки ҳукумат мусулмонлар учун пул берса, дин дарсларига ўруслар учунда керак бўладир, бу эса шўро ҳукуматининг қонун асоси тарафидан номланғондир.
Чунки улар хурофот ва сафсатадан бошқа нарса беролмайдирлар. Буларни эса келтириб, саккиз-етти яшар болалар олдига қўйсак, фойда йўқдир. Балки кўб зарардир. Бултур муни тажриба қилиб кўрдик…
Мана бу юкни тадбирини кўришни маориф идорасига тавсия қилар эдим.
«Мактабларда аҳвол» мақоласи В.М. имзоси билан «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1921 йил 15 феврал сонида босилган.