Адабиётимизнинг классик даври санъат ва унга тегишлик масалаларда ўзига махсус тарзда тараққий ва қонунларга эгадир.
Буюк адиб ва шоирларимиз фикри ҳаёт эътибори билан ислом динига ва унинг жавҳари бўлғон исломий тасаввуфга мансуб бўлғонидан ҳаётга ва турли тазоҳуротига назарлари табиий ўлароқ шу манзумаи фикрия доирасида бўлур эди.
Бу ҳукмимиз умумият эътибори биландир, чунки шарқнинг энг буюк кишилари энг буюк мутасаввуфларидир ва башариятнинг «урфони коинот» ҳақида топғон йўлларининг энг муаззами ва бу кунга қадар кўпчиликка нуфуз эътибори билан энг умумий ва ҳаётийси тасаввуфдир.
Йўқса узун исломий маданий-адабий ҳаётимиз муддатида манзумаи фикрия эътибори билан ҳаётға ва унинг натижаси ўлароқунинг турли тазоҳуротига бошқа ва ўзларига хос нуқтаи назар эгалари йўқ эмас эдилар.
Бу «исломий» назар истар «инна мин ал-шеъри ла-ҳикма»сидан ва истар майдонда бор адабий асарларнинг кўрсатилишидан маълум бўладир: шеърдан мақсад ҳикматдир, яъни халқнинг фойдасидир. Бошқача айтганда санъат санъат учун эмас, балки санъат ҳаёт учундир.
Бу даъвомизнинг исботи учун кўб узоқларға боришға ҳожат йўқдир. Бизда шеърнинг икки жабҳаси бордир. Чунки «ишқи»миз икки жабҳалидир: ҳақиқий, мажозий.
Ҳақиқий ишқ руҳи умумийга ҳулул дардидирки, энг юксак ва орифона бир амалдир.
Мажозий ишқ эса оддий ва нафсоний эҳтиросдирки, умумий ва табиий бир майлдир.
Кўруладирки, бу икки турли ишқ ҳам мабдаи ва ҳам ғоя эътибори билан ҳаётий ва инсонийдир. Чунки инсон бир мавжуд ва ҳам шуурлик бир мавжуд бўлғони сифати билан ўзининг яратилишини ва яшашининг ғоясини тушунмак ва билмак истайдир. Табиий бир махлуқ бўлиши эътибори билан эса жисмоний эҳтирос ва ҳавасларга ҳам боғлонғондир.
Бу икки «майл»ким натижада икки «ишқ»ни вужудга келтирди, икки «шеърий жабҳа»ни ҳам майдонға отди. Бирисида «ҳақиқий ишқ» тараннум этилди, иккинчисида эса «мажозий ишқ» рақслари ўйналди.
Туркда «Ҳикмат» соҳиби Яссавий, «Лисон ут-тайр» нозими Навоий, «Лайли-Мажнун» муаллифи Фузулий, «Мабдаи нур» эгаси Машраб, «Илоҳийлар» эгаси Ошиқ Пошшо, «Илоҳий тараннумлар» соҳиби Амирийлар шу ишқ шоирлари эди.
Юксак фикр ва буюк ғоя эгалари энг буюк одамлардирлар. Буюк мутасаввуфлар, инсониятпарварлар, ҳакимлар энг буюк зотлар бўлғонларидан уларнинг асарлари табиий ўлароқ башариятнинг юксак фикр ва буюк ғоя саҳифаларидир.
Шу қисқагина муқаддима билан турк адабиётини фикр ва маъно жиҳатидан икки жабҳага бўлгандан кейин мақоламизнинг тилаги бўлғон адабиётнинг гўзаллиги ва ясалиши баҳсига келамиз.
Турк адабиёти фикр ва ғоя жиҳатидан шу қадар юксак бир манзумаи фикрияга мансуб экан, шакл эътибори билан қандай ҳолда эди?
Бу масала биринчи боқишда кўрунгани каби енгил эмасдир. Турк адабиётининг шакл жиҳатилан вазиятини майдонға отиш айрим татаббуларга боғлиқдир.
Эскидан қолғон турк, сўнгра бошқалардан қабул қилинган ажамий шакллар, биринчи хилнинг такомул равиши, иккинчисининг ўзгариши, бу кунги халқ адабиётида асл турк шаклларининг ҳоли форс ва араб шаклларининг Туркистон ва Туркиядаги янги адабиёт давридаги ҳолини ўрганиш турк адабиёти мабҳасларида ишланмаган мавзулардан биридир.
Вазн масаласи ҳам шунга ўхшашдир. Асл турк вазнининг бу кунги ҳоли арузнинг Туркияда Ҳомид, Фикрат ва Яҳё Камол, Туркистонда Муқимий билан янги адабиётчиларимиз қўлидағи вазият жиддий текширилатурғон мавзулардир.
Шундай бўлса ҳам бу мақола сиғдирғанича бу масалалардан баҳс этсак ва шу тўғриларда умумий фикрлар юрутсак, балки келгуси татаббулар учун бир бошланғич ясағон бўлурмиз.
Бизда янги адабиёт Туркия адабиёти тақлиди билан бошланғондир. Шунинг учунда бизнинг адабиётимиз билан Туркия адабиётининг умумий сажияси муштаракдир. Руҳда ва шаклда Туркистон, Қафқозё, Қрим доимо Туркияга эргашадир. Бу ҳам табиийдир. Чунки аввалан тил муштаракдир, сўнгра тарихий маданият муштаракдир ва оқибат Оврупо маданиятига қарши бу кунги вазият муштаракдир.
Навоий асрида чиғатой адабиёти кучли бўлғонидан Туркия адабиёти бизнинг адабиётдан кўб мутаассир бўлғон эди. Бу куни эса ғарб турк адабиёти бизникидан кучли, маданий ва адабий ҳаётга молик бўлғонидан бизникилар уларга эргашмакдадирлар.
Бизда янги адабиёт кучли шахслар билан бошланмади ва ҳали кучли намояндалар бермади.
Ўзбек янги адабиётининг насри, тилини энди янги-лаб келаётғон Фитрат билан, ишини кўбдан бошлаб эндигина майдонға отишға муваффақ бўлғон А.Қодирийдан бошқа ҳеч бир нимага молик эмасдир.
Шеърда бўлса Чўлпондан бошқа тилга оларлиқ ва ишини кўрсата олғон кишимиз йўқдир. Бунингда камчиликлари ҳали жуда кўбдир.
Бизда шеърнинг шу назм қисмига кўбрак қизиққан ва шоир отини шу мазмунда олмоқ истаганлар кўбрак бўлғонидан бу мақоламизни шеърнинг шу манзум қисмига ҳаср қилмоқ истадик. Ўзбек насри тўғрисида бошқа вақт ёзармиз.
Бизда янги адабиёт — боришидан кўринадирки— «санъат ҳаёт учун» деган шиорни тутгандир. Чунки манзума ва мансур асарларнинг ҳар қайсисида жамиятнинг такомули таъқиб қилинадир ва ғояси кўрсатиладир. Шунинг учунда у жамиятнинг хато ва саҳвларидан баҳс қиладир ва тузатилишини истайдир. Демак бу кунги адабиётимиз жамиятимизнинг ислоҳи учун хизмат қиладир.
Эски тасаввуфий адабиётимиз ўзининг ахлоқий дастурлари ва ҳикматлари билан эски жамиятимизни тарбияламак истар экан, бу кунги жамиятимиз адабиёти ҳам бошқа асрий асосларга таяниб, яна ўшал жамиятни ислоҳи учун борадир. Бу эътибор билан эски ва янги турк адабиётининг самимий бир робитаси бордир.
Шеър техникаси эътибори билан, яъни шакли назм, тил, тарзи баён жиҳатидан бўлса ҳеч алоқаси йўқ даражада эскидан ажралғондир. Эски назм: девои йўли, ғазал, қасида, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, таржиъ, таркиббандлар, рубоий каби шакллардан иборатдир.
Бу кун бу шаклларнинг девон йўли билан мураббаъ ва маснавийга ўхшаш қитъалардан бошқа ҳеч бириси ишлатилмайдир. Бошқаларининг ўрнига ғайри мукаррар турли иттиродсиз шакллар ишлатиладир.
Эски тил ислом руҳини тараннум этганидан исломий истилоҳ ва таъбирлар билан тўлдирилғон ва араб-форс маданиятининг ўртаға отғон фикр ва қолибларини ўзига кўб олғон эди.
Бу кунги тил бўлса у эски исломий руҳдан айрилғонидан биттобеъ унинг истилоҳ ва таъбирларини, фикр қолибларини ташлаб оз бўлса ҳам асрий фикрлар, баъзи бир қолиблар – сўзлар олмокда ва шу йўл билан бормоқдалар. Бу янги тилнинг бир хусусияти, муҳовара тилига ёқлашмоқ тамойули борлиғидир. Эски тарзи баён ва саноеъи шеърия қонунларидаги эски ташбеҳ, истиора ва таржилар, тамсил ёки насиҳат йўллари ташланиб табиийликка яқин-ясама санъатлар — тасаннуъдан узоқ, бир оз рамзий (символический) ифода ўрун олмоқдадир.
Бу эски ва янги адабиётнинг хусусиятларидан кўрилдики, янги адабиёт эскидан назм техникаси эътибори билан анча айри ва асл хусусиятларга моликдир. Фақат кўрайлик қани, бизнинг шоирлар бу хусусиятларни қанча ўзлаштирганлар ва қанча муваффақ бўлғонлар.
Сўзимиз шеърнинг техникаси устидадир. Айта оламизким, шоирларимиз ва шоир бўлғучиларимизнинг энг катта аҳамиятсиз қарагон ва диққат қилмағон нуқталари шундадир.
Уларнинг мавзулари билан олғон шакллари, қабул қилғон вазн ва оҳанглари, сўз тузишларининг алоқаси йўқ ҳукмидадир.
Бу робиталарни эски шеърга уста Фитрат билан янги шеъримизнинг биринчи намояндаси Чўлпоннинг оз-моз риоя қилғонини кўрамиз.
Фитратнинг манзум – шеъри уч-тўртдан ошмағонидан унинг тўғрисинда бир ҳукм бермак у қадар тўғри бўлмас. Лекин Чўлпон тўғрисида юқоридаги ҳукмимиз ўрунсиз эмасдир. Яъни у шеърнинт техника жиҳатига бир оз аҳамият берадир. Кўбрак диққат қилса эди ва шу камчиликларини тўлдирса эди, янги адабиётимиз устига жиддий таъсир ижро қилғон бўлур эди.
Даъволаримиз қуруқ бўлмасин, бир оз катта ёзувчиларнинг фикрлари билан ҳам танишайлик:
Амриқонинг машҳур ҳикоянависи ва шоиридан бўлгон Эдгар Пў «Тайна творчества» деган мақоласида бир достон қандай ёзилғонини ҳикоя қиладир: у, шеърда илҳомни тамомила рад қилмаса ҳам, унга энг аҳамиятсиз ўрун берадирки, мана шу бизга керакдир. Унингча, шеър тамомила муҳокама, ҳисоб ва ўлчак натижасидир.
Эдгар Пў айтадир:
«Мен ҳаммадан бурун берилатурғон «таъсир»ни атрофлича ўйламоқни ортиқ кўраман. Шу билан доимо назарда тутилиши керак бир нарса борки, уда асолат — оргинальностдир, ҳар кимки буни назарда тутмаса кўб гуноҳ қилғон бўладир. Бошлаб ўзимдан: «Одамнинг юрагига, ақлига, жонига таъсир қилатирғон нарсалардан нима ва қандайини танлаб олиш керак?» деб сўрайман. Бир янги ва кучли таъсир ажратғондан кейин шунга қандай қилиб муваффақ бўлишни ўйлайман. Бир оддий мундарижа ва бир хос оҳанг (тон) воситаси биланми, аксинчами ёки мундарижа ва оҳангнинг хослиги биланми? Бундан сўнг матлуб таъсирга етишмак учун калималар билан воқеанинг жараёнини уюштиришга тиришаман.
Кўпчилик ёзувчиларни, айниқса шоирларни — улар аллақандай юқоридан келатурғон илҳомнинг таъсири остида ёзадирлар, деб эҳтиром қиладирлар. Ҳолбуки, бу зотлар келиб шоир ва ёзувчиларнинг мусваддаларини бир кўрсалар эди ва уларнинг ёримчиқ ва ишланмаган фикрларининг чизилганини ва улар билан бир қаторда бутун фикрларининг ҳали ишланмаган бир ҳолда ётғонини, айрим, мукаммал тасвирий парчаларнинг кўздан тушуриб қолдирғонини, унинг ўрнига аллақандай сўзлар келтириб, бир-бири билан зўрлаб уюшдирилғонини кўрса эдилар, ижодий кучнинг юздан тўқсон тўққузини ҳисоб ва ўлчамнинг ташкил қилғонини тушунар эдилар».
Эдгар Пў ўз даъвосининг шоҳиди ўлароқ «Қарға» деган достонининг ёзилиш тариқини кўрсатадилар ва: «Бу достоннинг ҳеч бир сатри илҳом билан бўлмади, ёлғиз риёзий йўл билан, яъни ўлчам ва санаш билан бўлди» дейдир.
Бу достончи назарда тутғони юқорида айтганимиздек муайян таъсирдир. Ва шу тилакга эришмак учун тиришадир. Бошлаб манзумасининг ҳажмини белгиламакчи бўладир. Чунки унинг тилаги бўлғон «таъсир»ни тугал бера олиш учун манзуманинг бир ўтиришда ўқилиб битиши лозимдир. Бир мажлисда ўқилмаса, бўлиниб-бўлиниб ўқилса «умумий таъсир» йўқоладир. Манзуманинг бирлиги бутунлиги қўлдан чиқадир. Ҳолбуки, шоирнинг тугал бир таъсир ижро эта олмоқ учун ҳеч бир воситани қўлдан чиқармаслиги керак. Бу бир ўтиришда ўқилатурғон асарнинг албатта узун бўлмаслиги шарт. Шунинг учун бу ёзатурғон нарсасини юз байтдан оширмаслиққа тиришадир.
Шеърнинг бошқа шаклларини қўйуб нечун достоннинг қабул қилинғониға келайлик.
Эдгар Пў дейдирки: «Шеърдан таъсир, асосан, гўзаллик воситаси билан бериладир. Гўзаллик ва гўзал нарсани ҳис этганда инсоннинг руҳи юксаладир. Менимча, гўзалликнинг энг биринчи замини достондир. Агар бир ҳақиқат бермак истасак ёки бир «эҳтирос» кўрсатмакчи бўлсоқ бунинг энг яхши замини айрим парчадар билан «наср»дир.
Гўзалликни ўзимнинг майдоним қарор бергандан сўнг «тарзи баён»нинг тон масаласи билан шуғулландим. Тажриба билан «тарзи баён»нинг қайғули бўлишини қарор бердим. Ҳар бир гўзалликнинг энг юксак мартабасида кўз ёш сўрайдир. Шунинг учун (меланхолик) «савдоий» бир тарзи баён – достон учун энг мувофиқ бир тарздир. Ҳажм, замин (шакл) ва тарзи баён белгилашач, санъаткорона бир инжалик (художественная тонкость) излай бошлайдики, бутун достоннинг очғичи бўлсин. Артистона таъсир бериш қилиқларини бир кўздан кечиргандан кейин биладики, унинг энг биринчи шай усули (припев) «таржиъ» усулидир. Бу припевнинг умумийлиги мени таҳлил қилиб ўтирмасдан қабул қилишға ва яроқли билишга қаноат қилдирди. Таржиъбанд мустаъмал намуналарда ёлғиз рубобий (лирическая) манзумалар бўлиши билан тахдид этилган эмас, балки унда берилатурғон маъно ва садонинг як оҳанг (монотонность) бўлиши билан ҳам таъсирни кучайтирмак истайдилар.
Бунинг устига айният (однообразие) ва такрор ҳислари воситаси билан ҳам завқ олинадир. Ҳолбуки, ман бу асарга турлилик ҳам киритайин ва бу билан ҳам таъсирни кучайтирайин дедим. Шунинг учун садонинг як оҳанглигиии саклаб туриб, маъносини эса ўзгарта бордим. Яъни бандимни ўз ҳолига қўйиб туриб унинг мавқеини ва сифатини ўзгарта турдим.
Бу қарорлар бўлғондан кейин энди «таржиъбанд»ни топиш қолғон эди. Маълумки, юқоридаги муҳокамаларим натижасида унинг қисқа бўлиши лозимдир. Шунинг учун таржиъбанд ўлароқ бир сўз олдим. Бу сўзнинг такрорланиб туриши учун достоннинг қитьаларга бўлиниши ва ҳар қитъанинг охирида бу таржиъбанднинг такрорланиши керак эди. Табиий, бу сўзнинг ҳам оҳангдор, ҳам маънидор бўлиши лозим эди. Бу муҳокамалар «ҳеч вақт, мумкин эмас, бўлмайдир» маъносида бўлғон (невер море) сўзини олишга мени мажбур килди. Бу калиманинг яна бир ортиқлиғи услубнинг қайғули бўлишига маъно томонидан яқин бўлишидир.
Энди мавзуга ўтайлик:
Барча қайғили масалалардан энг умумийси ва энг қайғилиси қайсиси? Табиий ўлум қайғиси эмасми? Ўлум гўзаллик билан бирлашганда шоирона бўлмайдирми; гўзал хотуннинг ўлуми! Бундан кейин бошимда бир ошиқ ва бир маъшуқ мазмуни жилваланди.
Энди қарор бердимки, ошиқнинг маъюсона ҳасратларига қарши машъум саналғон ва як оҳанг товуш чиқаратурғон қарға оғзидан шу «невер море» жавоби чиқсин. Шунда қарғанинг ҳар бир жавобида яна бошқа бир таъсир бериш имкони борлиғини сездим. Шундай қилиб энди ман асаримни бошламоқчи бўлдим. Бошдан таъсирни секин-секин кучайтириш менга маъқул кўринди. Ва шунинг учун аввало, истинод нуқтасини белгиламакчи бўлиб энг юксак таъсирни тайин қилмоқчи бўлдим ва достонимнинг энг охири бўлғон «қитъа»ни қўлга қалам олиб энг аввал ёздим.
Энг охирги парчадан бошладим, чунки аввало энг кучли таъсирни белгилаш керак эди. Бу муайян бўлғондан кейин достонни турландирмак йўли очилди. Иккинчидан, ҳар қитъанинг қофия, вазн ва ҳажмини қатъий суратда белгилаш мумкин бўлди ва таассурнинг энг юксаги бел-гилангандан сўнг бу таассурдан оширмаслиқ ва унга зарар бературғон сабаблардан узоқ бўлишлиқ керак эди».
Бундан кейин Эдгар Пў узун таҳлилларга давом қилиб воқеанинг ўтиш вақтини белгилайдир ва унинг қоронғу ва бўронли кечани олғонини, қарғанинг ташқаридаги гурултилардан қочиб келиб теразага қаноти билан урганда очилиб уйга кирганини ва кириб «Паллада»нинг мисдан ясалғон қора ҳайкали устига ўтирғонини ва бу ҳайкалнинг «бир олим»ники бўлиши билан ошиқнинг олимлиги ва қоралиги билан мавзунинг қоралиги орасидаги муносабатлардан баҳс қила бошлайдир. Ва энг сўнггидан айтадирки: «Ҳар қанча бу ясама планим ва қўрсатган ўлчакларим очиқ ва маълум бир нарсадан баҳс қилсалар ҳам яна меним кўнглим ҳаммасининг ичида яширин, мунда мажбур фикрнингда бўлишини истади ва шунинг учун бир-икки умумий ва яширин фикр ҳам бердим».
Бу юқоридан бери узундан-узоқ тақдим қилинғон фикрлардан мақсад ёлғиз қобилият деган кучнинг қандай ишланганини ва ясамалиқлар орқасида жилваланганини кўрсатмакдир. Бу фикрларга ўзбек ёш адабиётининг эҳтиёжи буюқдир.
Бу кунги адабиёт ўз тарихидан тамоман узилган бир ҳолда борадир. Эскидан бир нарсаси бор эдими, йўқми, тили қандай ҳолда эди, ишланган эдими, йўқми, не даражага қадар ишланган эди, ортиқлиқ ва камчилиги каерида? Адабий оқим жараёнлари бор эди. Уларнинг бир-биридан айирмалари қандай ва не даражада эди, бу кунги адабиёт нега эскини ташлади, ўзининг бу ишидан зарар кўрдими, форвда? Бу масалалар жиддий бир адабиёт туғдириш даврига эришилган бўлса, кенг бир суратда майдонға ташланатурғон ва очилатурғон мабҳаслардир.
Қисқагина шуни айтайликким: Турк тили асосан бой тил бўлиши билан ва турк миллатининг оғзида неча минг йиллардан бери юруб, икки минг йилга яқин адабий йўлға кирди ва бешинчи аср ҳижрийдан бошлаб ўнларча буюк шоир ва адибларга эга бўлуб, илмий ва адабий ишланиб келди; шарқ турк адабиётининг олтун даврлари бўлғон Навоий, Умархон даврлари билан ғарб турк адабиётининг Фузулий, Боқий, Надим, Лола даври ва асримизда Ҳомид, Номиқ ва Фикрат каби энг буюк шоир ва санъаткорлар қўлида ҳам керагинча ишланди ва турк тили шунинг учунда асрий бир ҳолга кирди.
Шарқ турк адабиётининг олтун даврларидан сўнг ишланмай қолғонини даъво қилатурғонлар бўлса ҳам, бу фикр тўғри эмасдир, текширмаслик ва юзаки қарашдан келгандир. Чунки ярим асргина илгари яшагон Муқимий, Фурқат каби ўнларча шоир ва санъаткорлар тилни шу қадар ишлатганларки, бу кунги ёш адабиётимизнинг ҳоли уларга етишига кўб замон керакдир. Бунинг устига бу кунги «Фарғона» халқ ашулаларидаги тилнинг равонлиги, соддалиги, самимийлиги ўз-ўзидан ва бошланғич (первобитний) бир ҳолда эмас, балки узун муддатлар ишланганлик орқасидағина эришилгандир…
Навоийнинг тил ва услуби маълумдир. Шунинг учун ундан мисол кўрсатмай шарқ турк шеърининг иккинчи олтун даври бошлиғи бўлғон Умархоннинг бир мухаммасини кўрайлик, Навоийдан қанча фарқи борлиги ўз-ўзидан билиниб қоладир:
Саҳар чаманда қулоғимга бонг авд етар,
Башорати карим вожибул вужуд етар.
У кечаким тўлун ой сағриға жавд етар,
Фалак ситорасидин шарбати шуҳуд етар,
Савод сармадима кўзларимга дуд етар.
Буни кўрсатмакни иккинчи бир сабаби ҳам бор. Юқорида Эдгар Пўнинг таҳлилини кўрдик. Амирийнинг шу ғазалини ўшанга қараб бир оз таҳлил қилайлик: Умархоннинг мавзуи тасаввуфнинг юксак нуқтаси бўлғон умумий руҳга фано бўлиш, қуюлиш, коинот руҳи билан бирлашиш мавзуидир. Ўшанинг ҳасратидир. Эдгар Пў таъсирни гўзаллик орқасида бериш кераклигини айтадир. Фақат бир ўлум масаласи чиқарадир ва гўзалликни унга қўшиш учун «гўзал бир хотуннинг ўлуми» деган мавзуни оладир. Ҳолбуки, кўрингиз ўзининг қўйғон «гўзаллик орқали таъсир, бериш» қонунига Умархонми муваффақ бўлғон, Эдгар Пўми? Мавзу орасидаги тафовутни кўрингиз, Умархоннинг ҳам қайғуси, ҳасрати бор, лекин «бир хотуннинг ўлуми учун» эмас, коинотнинг умумий руҳига қуйилиш ҳасратидир. Кўрингиз мавзу нақадар буюк, нақадар олийдир.
Сиз қандай талаққий этсангиз этингиз, буниси аниқ-ки, инсоннинг эришган энг юксак даража фардиятчилик (индивидуализм) эмас, ўзининг фардиятини йўқотиб, жамият ҳаёти яшашида, ундан ўтса ҳинднинг сигирни тимсол (символ) қилиб олғон ҳайвон дўстлигида, яъни бутун жонли нарсаларни сўйишда, бундан ҳам ўтса жонсиз нарсаларда ўзига муштарак ҳаёт тасаввур этишда ва уларнинг умумий руҳларини сезиш учун интилишдадир.
Тасаввуф мана шу энг сўнгги нуқта маслагидир.
Умархон шу фалсафанинг бир намояндаси бўлғонидан саҳарнинг насими, уднинг суруди. ойнинг нури, юлдузларнинг сўзлари, кечанинг қоронгулиғи унга гапирадир. Уларнинг сўзларини сезадир. Руҳлари билан сирлашадир.
Бу мавзуни олғонлан кейин бунга муваффақ бир шакл топқонми, йўқми? Албатта! Чунки мухаммасни олғон. Мухаммас Эдгар Пўнинг таҳлилидан маълум бўладирки, банд-бандга ажралғон ва ҳар қайусида бир-бировиға алоқадор, фақат айри-айри мавзулар ишлата турғон, яъни бутун фикрлар берилиб, тугатиб бир-бировидаги робитани маҳкам боғлаб бориш учун энг мукаммал шаклдир. Сўзларнинг терилиши, калималарнинг оҳангдорлиғи, ҳарфларнинг садо бературғон, титрайтурганларининг олиниши кўрсатадирки, Умархон ҳақиқий бир санъаткордир.
Эдгар Пў (пелеточе)даги охирги «рий» ундан илгариги уст чўзгини баланд ва оғир ва чўзиқ товуш бериш учун мақтайдир.
Умархонда ҳам айнан шу ҳолни кўрмаймизми? Буни бир тасодиф асарими деймиз. Шу қадар юксак фикр соҳиби ва шунча ҳунарманд бир шоирни ҳарфнинг садоси, калималарнинг оҳанги, вазннинг тилидан хабарсиз демак мумкинми?
Умархондан уч юз йил илгари келган Навоий калиманинг, товушнинг маъно билан келишмаги кераклигини шундай яхши татбиқ қилғон экан нечун Умархон ундан ўтказмасун!
Кўрингиз Навоий нима қилғон? Мажнуннинг ғамининг тасвирида: .
Кўнглига ўгулди қўҳи андуҳ,
Андуҳи йиғилди қўҳ то кўҳ.
Шу байтда «ў» товушининг угултиси, «г»нинг гумбирлаши, «ҳ»нинг сочилиб кетиши ва бу товушларнинг такрори ҳақиқатан тоғнинг йиқилиб, устига сочилиб, майдаланиб кетишига, йиқилиб дараларнинг тўлуб, бақириб кетишига ўхшамайдирми?
_______________
Вадуд Маҳмуднинг жиддий, бироқ охирига етмай қолган мақолаларидан бири – «Бу кунги шеърларимиз ва санъаткорларимизеда танқидчининг илмий-эстетик қарашлари ўз ифодасини топган. Мақола «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 4-8-сонларида босилиб чиққан.
Айрим сўзлар изоҳи:
1. «Инна мин ал-шеъри лаҳикматун» – Албатта шеърда ҳикмат бор.
2. Ҳулул – етишиш, кўчиш.
3. Мабдаи – асоси.
4. Мабҳас – баҳс.
5. Сажияси — табиати, характери.
6. Ҳаср қилмоқ — ажратмоқ.
7. Саҳв – хато, адашиш.
8. Робитаси – боғланиши.
9. Ғайри мукаррир – бетакрор, такрор бўлмаган.
10. Иттиродсиз – тартибсиз.
11. Биттобеъ – кетма-кет, тобелик билан.
12. Муҳовара тили – баҳс, суҳбат тили.
13. Тамсил – ўхшатиш.
14. Мусвадда – қоралама.
15. Шайъ – кенг(тарқалган).
16. Мустаъмал – истеъмол қилинган, ишланган.
17. Таҳдид этилган – чегараланган.
18. Истинод — суяниш, таянч.