Саид Аҳмад Васлий. Самарқанддан мактуб (1906)

Жаноби муаллифи муҳтарам ва муҳаррири мукаррам фикри баландлариға арз қилурманки, ушбу маслаҳатномами жаридаи мубораклариға дарж[1] қилсалар, саломат бўлсунлар.

Инсоннинг қадри илм билан билинур. Подшоҳ давлатининг тараққий ва ривожи илм билан ҳосул бўлур. Билжумла[2], дунё ва охиратнинг ободлиги илмдандур. Агар илм бўлмаса, саноатлар ва зуҳди тақво пайдо бўлмас. Афсуски, биз туркистонликлар шарафи илмдан бенасибадурмиз. Оре, оз-оз фунундин бор. Тараққий ва ривожимизға кифоя қилмайдур. Ҳар фанни қоваид[3] ва усулидин билижмол олим бўлмоқ ҳар ҳамватанларимизға лозимдур. Токи дини миллат обод ва маишати давлат фаровон бўлсун. Ҳоли оқсоқол – оқсоқол ҳамватанларимиз аҳкоми Исломдин ғофилдур. Илми синое нари турсун… Бул жоҳилликни энг биринчи сабаби – мактабларимизни бузуғликидиндур. Мактабларда имтиҳон йўқ, ҳар илмдин кам-кам йўқ, илми ҳисоб йўқ. Тафаҳҳуми аҳком йўқ. Тажвиди Қуръон йўқ. Парвариш йўқ. Иҳтимом[4] йўқ. Фақат содда иборат ўқимоқ бор. Хат[5] ёзмоқ бор. Бу ҳам неча йил ўтуб, сағир[6] кабир[7] бўлгандин сўнгра зўрға муяссар бўлур.

Ағниёлар[8]имиз бепарво, ҳукуматдорларимиз бесаъй, мусоҳилакор ва уламоларимиз танпарвар[9] ва беривож.

Ҳеч ким илм ҳолиға боқмас. Ағниёларға танка ва сўм бўлса бўлур. Бошқа фикрдин керак эмас. Аммо андак саъй қилинса, оз вақтда ватанларимиз илмдин обод бўладур. Мактабларда ҳар илмнинг мухтасаротларини ўз тилиға ўқутуб билдирсунлар. Муаллимлар яхши имтиҳон қилсунлар. Бу янглиғ  муҳим хайр ва нафъи омма насни қилмоқлики уч тоифани иттифоқлари билан бўлур: тоифаи уламо, тоифаи ағниё, тоифаи аҳли ҳукумат. Уламо таҳқиқи масоил қилиб, ҳар фандин осон-осон таълиф қилсунлар. Ағниё сарфи зар қилсунлар ва ҳукуматдорлар ижро қилсунлар. Агар ҳукумат тарафиндин фармон бўлса, кўп яхши таъсир қилурди. Ва агар бу янглиғ қилмасалар, ватанларимиз тобора хароб ва на обод бўлур. Зероки, илмсиз тоифа қуруқ дарахт кабидир. Қуруқ дарахтдин ҳеч нарса ҳосил бўлмас. Куюб кул бўлур. Шунча ғафлат уйқусида умр ўтди, эмди уялмоқ ҳам яхши ишдур. Дини миллат ва ватан аҳволиға боқмоқ керак.

Мулла Саййид Аҳмад Мударрис Васлий Самарқандий

«Туркистон вилояти газети» 1906 йил 15 феврал, 7сон

Табдил қилувчи ва изоҳлар: Аброр Ҳасан ўғли

______________________

[1] Киритиб қўймоқ, газетадаги мақолалар орасига киритсалар маъносида

[2] Умуман олганда

[3] қоидалар

[4] Эътибор

[5] Ёзув

[6] кичик

[7] катта

[8] Бойлар

[9] Беҳол, бекор, беор, танбал