Абдулла Қодирий. «Муштум» таърифида (1923)

Тарихга бир айланиб қаралса, муштнинг аҳамияти зоғора нондек бўлиб кўз ўнгида гавдаланур. Аммо холи ҳозирамизга ҳам кўз қирини ташланса, мушт деган ҳайвони ғайри нотиқнинг сиёсатда подшоҳ, иқтисодда авлиё, фанда кимё ўрнини ишғол этканини кўрилур. Буларни ҳам бир ёққа қўя туриб, муштнинг аҳамияти муҳиммасини ўзимизнинг манави маҳалла-кўйдан қидирилса тафтишотга тағин ҳам яқинроқ турилған бўлинур:

Маҳалла-кўйларимизда битга-битта бўйни йўғон — бўйни ғавслар борлиғини ҳар бир кимса билур ва уларнинг маҳалла ижтимоиётида ўйнайтурған рўллари ҳам катта-кичикка белгулукдир. Бизнинг текшириш ва кашфиётимизча асл хусусият бўйни йўғонлиқда бўлмай, унинг замиридаги муштдадир ва муштумзўрлиқдадир.

Лекин бу таъриф жаҳонгир ва буржуазия файласуфлари нуқтаи назаридан бўлиб, аммо пролетариатнинг муштка бўлған назарияси бунинг аксидир. Журналимиз шу кейинги қўли қадоқлар синфининг «Муштум»и бўлғанлиқдан унинг маъноси ҳам ҳалиги таърифнинг тамоман тескарисидир.

Бу «Мупггум» зўрлиқ муштуми эмас, ҳақлиқ муштумидир; бу «Муштум» — золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир.

—      Ҳамманикига дўлона ёққанда, сизникига девона ёғди!

—      Қовун, деб экканимиз шунғия бўлуб чиқди!

—      Олтун қўнғуз деб махтағанлари қора қўнғуз эканки, рўмолча билан бурунни ўрашга мажбур бўлдиқ…

—      Боғдан гапирсак — тоғдан келадилар!

—      Али, десак — бали, дейдилар…

—      Шу йўсун: гулшан разолатда, гулзор сафоҳатда, бозор сиёсатда, майдон ҳамоқатда, бойимиз, мулламиз, эшонимиз, ёшимиз ва моховимиз, песимиз сайру гулустон этмоқда ва жунуни маърифат, фунуни шайтанат водийларида масти-лояъқил кезмакдалар…

Мана шундай «овони саодат»ларда тўрт томондан мўралаб, эл ичига оралаб, ҳақиқатни қоралаб, яхшидан ёмонни саралаб шахсий ғараздан соф, тўғри юрмаганга боп бир «Мушти пурзўр»га эҳтиёж сезилди ва узоқ ўйлаб турилмай узоқ-яқин, дўст-душманларимизнинг кўмаклари умидида ушбу «Муштум» журналининг нашрига ҳам қарор берилди.

Тумшуғингиз устига янги меҳмон муборак бўлсин, афандилар!

Жулқунбой

«Муштум» — 1923 йил, феврал, 1-сон, 2-бет