Абдулла Қодирий. «Муштум» поччамизга арз (1923)

Почча!

Биздан ҳол-аҳвол сўрасангиз, биз Тошканд деган бир шаҳарда турамиз. Шаҳримизни баъзи кексалар «Шош» деб, газетчилар «Туркистон маркази» деб ҳам атайдирлар. Биз, мана шу «ойнабандлиқ» шаҳарнинг «Эшонгузар» отлиқ маҳалласида туруб ярим белдан лой кечамиз, лой, почча! Маҳалламизга тош терилса биз ҳам бошқалардек лойда шўлтиллашдан қутулсақ, деб мундан уч йил илгари «баладия бўлими»га ариза берган эдик. Лекин баладиянинг «ана-мана, эрта-индин»лари билан шу кунгача сабр қилуб келар эдик. Ўткан кун бир хушхабар эшитуб «Ҳа, энди тухуми оғзиға келибдир» деб чопишуб баладияга борсақ: «Тош Юнусободға терилур, сизники кейинга қолдирилди» деган жавобни бердилар. Кейин билсақ, Юнусободға отбозорини чиқарилур экан. Кечагина ур калтак — сур калтак билан белгуланган отбозор бу кунга келуб оқсадими, бу қайси жинни қўйнинг калласини егандан чиқған ақл? Мана шу гапка нима дейсиз, почча?

Маҳалла муштумзўрлари

«Муштум»: Баладия бўлими кўнглига келганини қилишга ҳақлиқ бир идорадир. Агар ул отбозорни мохховзорга олуб чиқамиз деса, сиз нима дейсиз? — Лой кечишдан зорланмангки, гуноҳкор бўлурсиз. Чунки одамнинг асли лойдир, тош эмасдир.

«Муитум» — 1923 йил, 2-сон, 1 март