Исҳоқхон Ибрат. Тошкент сафариндаги маълумотларим (1914)

ТОШКЕНТ САФАРИНДАГИ МАЪЛУМОТЛАРИМ[1]

12-апрелда макони маъҳудим Тўрақўрғондин поездга ўлтуруб муддати уч соатда Хўқандга келтурганда, бу мўъжизоти оламни кўруб ва халқуллоҳларни сайри саёҳати осон бўлганини мушоҳада қилиб, ҳамд ва шукрлар айтуб, алалхусус, Сирдарёдин аввал вақтларда ўтмак тўрт соат, балки баъзи кунларда ўтолмай қолур эдук. Неча ашёйи жадидалар, чунончи, ишларимизда, тижоратимизда, зиндакорчиликларимизни осон бўлгани, бормак, келмак ёки бўлак иш қилмак осон бўлгани. Алалхусус, булар ичида аҳли илм ва аҳли фикрларга маълумотлар ва китоблар кўб бўлуб, ҳар нима билмак ва топмак осон бўлгани, ҳамма қўл ишларига мошина ихтиролар чиқорилиб, оз вактда кўб иш қилиши, қуруқда ва дарёда юрмакка асбобу адавотлар муҳайё бўлганининг устига бу мамлакат аҳлини маданиятга солмак учун яхши мактаблар тайёрланиб, толиби илм ва касб кишисига ҳаммалари очиқ бўлуб турганини кўруб хурсанд бўлуб, бизни халқ ҳам шояд бу илмлардин баҳра олсалар эди деб, Тошканд боргунча фикримда эди. Тошканд борганда, кундузлар боғ саёҳатларида, кечалар томошахоналарда ҳикоят китобларидин ўткан воқеаларнинг ҳикоясини суратда ўзини килиб, синимотуграф томошасида бўладургон томошаларни мушоҳада қилиб кўруб, бормоқ-келмоқда ўтуруб бормоқ учун қилинган кўнка электрияларни ва кечаларда ёқмаклик учун ёғсиз ва ўтсиз ёнадургон электрия чироғларни кўруб, аҳлимиз бундан манфаат олганларидин бошқа Еврўпо илмига ҳам ўргансалар эди деб, афсуслар қилиб эдум. Баногоҳ, Тошкандни Хадра мавзеъида бўладургон дувухкласной шкўлда имтиҳон вақти экан. Рафиқо ва катталаримиз таклифлари мўжибича боруб, они кўрдумки, имтиҳонда бизни мусулмония болалари ҳам яхши, дуруст русия забонини расо ва яхши сўзламоқға қодир бўлуб, улуғлар ҳузурларида ҳикояларни икки бола бир-бировига муқобил савол-жавоб қилишиб, яхши имтиҳон берганлари яна мани шодландурди. На учунки, бизни ислом болалари ҳукумат лисонларига олим бўлмоқға ҳам ҳаракатлари борлиги маълум ўлди. Иншаоллоҳ, яна бир неча йилларда бу ёзилмуш илм ва касби камолотларидин ҳам ҳиссаларини олмоққа истеъдодлари бўлғудек экан.

Туркистон вилоятининг газети, 1914 йил, №48


[1] Исҳоқхон Ибрат 1914 йили рус-тузем мактабларида ўтказиладиган битирув имтиҳонларида қатнашиш учун махсус таклиф билан Тошкентга келган. Хадрадаги икки синфли рус-тузем мактабида рус тилидан имтиҳон олишда иштирок этади. Имтиҳондан олган таассуротлари ушбу мақоланинг ёзилишига сабаб бўлади.