Ислоҳпарвар олим ва шоирларимиздан самарқандлик мулла Сайидаҳмад Васлий 29нчи ўктабрда вафот этди.
Васлий XX аср бошларида майдонга отилиб, усули жадид мактабларига ёрдам ва тарафдорлик эта бошлағон ҳаққоний олимларимиздан биридир. Самарқандда 1903нчи йидда очила бошлағон янги мактаблар учун бошлаб китоб ёзиб бостирғонлардан бири Васлийдир. Ҳатто Самарқандда кўп вақт давом қилғон 1-2 мактабнинг очилишиға Васлий сабаб бўлғондир. Шунинг учун биз бу ерда унинг қисқача таржимаи ҳолини, мактаб ва маориф йўлида қилғон хизматларини ёзиб ўтмакни лозим биламиз.
Васлий Самарқандда «Кўк масжид» гузарида 1287нчи хижрий (1869 м.) йидда дунёға келган. Отаси уста Азим деган бир кордгар (пичоқ ясағувчи) экан. Васлийнинг етти ёшлиқ вақтида отаси ўлган.
Васлийнинг ибтидоий таҳсили Самарқандда мирзо Абдулҳамид оддида бўлғон. Васлий ўзининг 14 ёшлик чоғида онаси билан Тошкантга Абулқосим деган тоғасининг уйиға бориб турғон. Шундаги Кўкалдош мадрасасида мулла Яъқуб ҳузурида ақоидғача ўқуғон. Сўнгра онаси билан бирга (1892нчи) яна Самарқандға кўчиб келган. Бир йилдан кейин ўқуш учун ҳар йил таҳсил чоғида Бухороға бориб келиб юрган. 1902нчи йилда Бухорода хатми кутуб қилғон. Васлий Бухорода расмий дарсларини қози калон Бадриддин олдида ўқуғон бўлса ҳам, энг катта устози мулло Абдурозиқча бўлғон.
Васлий 1905нчи йилдан эътиборан Бухорода расмий мударрис тайин этилиб, беш йил чамаси дарсгўйлик қилғон. Сўнгра Бухоро мударрислигидан воз кечиб, Самарқандда тура бошлағон. Бунда бошлаб Шоҳизинда мадрасасида ва сўнгра Орифжонбой мадрасасида мударрис бўлуб, бу кунгача дарсгўйлик қилиб келмакда эди.
Васлий афанди эски мадрасалардаги таҳсил ва тадрис усулининг камчиликларини бошлаб онглағонлардан, ҳам шунинг ислоҳига доир ўзбек матбуотида энг аввал ўз фикрини ёзғон кишилардандир. 1907нчи йидда тотор олим ва муҳаррирларидан Абдурашид Иброҳимуф Туркистон саёҳатига келиб Бухороға тушганида, Васлий унга Бухоро мадрасаларининг усулсизлиги ва ҳукумат идораларининг бузуқлиғи тўғрисида маълумот берган эди. Сайёҳ Абдурашид Иброҳимуф Васлийдан олғон маълумотини ўзининг муҳокама ва танқидлари билан бирга ўша вақтда Қозонда чиқатурғон «Ахбор» газетасида нашр қилғонида, бу воқеа бутун Бухоро уламоларини ғалаёнға келтургон эди. Шунинг натижасида Бухоро қози калони Васлийни ўз ҳузурига чақириб олиб қаттиқ урушқонини эшитган эдик.
1906нчи йилдан бошлаб Туркистонда чиққан ҳар бир ўзбекча газетага Васлийнинг ислоҳпарварона шеър ва мақолалари босилғондир. 14-15нчи йилларда Васлий афанди «Ойна» журнали билан «Садойи Фарғона» газетасида баъзи масалаларга қарши чиқиб мақолалар ёзғон бўлса ҳам, сўнгра мубоҳаса натижасида сукут этишга мажбур бўлғон эди.
Васлийнинг энг яхши кўратурғон ишларидан бири дарсгўйлик бўлса, иккинчиси асар ёзиб бостириш эди. Васлий афанди ўлганигача шул икки ишдан қўл тортмади, турли мавзуда ўзи ёзғон форсча, ўзбекча ва арабча асарларининг кўбисини ўзи бостириб тарқатди. Васлий улуми арабияга моҳир бўлуб, илм ва фазли билан Туркистонда анчагина шуҳрат чиқарғон эди. Ул қоидасиз «ҳавоший»хонлиқларға қарши бўлуб, ўз замонидағи мутаассиб муллалардан ҳам рози эмас эди. Ҳамма вақт ўзининг шогирд ва суҳбатдошларига «замонга мувофиқ олим бўлиш керак», деб гапирар ва ҳатто, баъзи шогирдларини «ақоид» ўқишдан манъ қилар эди.
Васлийнинг бу кунгача босилғон асарлари:
1) Баён ул-ҳуруф (форсча алифбо)
2) Асос ул-ислом (форсча ақоид)
3) Асл ул-аҳком (форсча илми ҳол)
4) Зижр ул-мағрур (форсча ахлоқ)
5) Ибодати исломия — форсча
6) Баҳористони Жомий (ўзбекча таржимаси)
7) Қабул этмали – ўзбекча
8) Боқмоқ керак – ўзбекча
9) Девони форсий
10) Девони туркий
11) Назм ус-силсила – форсча манзума
12) Имоми Аъзам – форсча
13) Маданияти ва шариати исломия – форсча
14) Муқаддимаи сарфу наҳви арабий ҳам намунаи сарфу наҳви форсий (форсча)
15) Ақоиди ғайри манқута (арабча)
16) Нафъи ут-толиб (Кофия шарҳи – арабча)
17) Адаб уд-дин (ўзбекча шеърлар).
Босилмағон асарлари:
1) Девони ашъор (200 бет миқдорида форсийча-ўзбекча шеърлар)
2) Ҳижоби занон – форсча
3) Хавас ул-афъол – форсча
4) Иштиқоқ – форсча
5) Маданияти ва шариати исломия – ўзбекча
6) Мавлуд – ўзбекча
7) Тарожими аҳвол – ўзбек муосирларидан бир неча шоирнинг кисқача таржимаи ҳоли
8) Ўзининг таржимаи ҳоли ва хотиралари – форсча.
Васлий афанди «Танқиҳ» билан «Шамсия»га арабча шарҳ ёза бошлағон бўлса ҳам, 5-6 бетдан ортмай чала қолғон. Икки йил бурун ўзининг таржимаи ҳолини ёзишға киришган эди. Бу асарини ёзиб тамом қилғон бўлса керак.
Васлийнинг босилгон ва босилмағон турли шеърлари кўбдир. Бу ерда унинг илмға ташвиқ этиб ёзғон шеърларидан намуна учун 1-2 тасини кўрсатамиз. Васлийнинг ўзбекча шеъридан намуна:
Қаддингдек сарву мавзун йўқтур асло бўстон ичра, Алифдек қоматингни килки қудрат чекти жон ичра. Лабингдан ком олон ошиқға йўқтур Хизрдек ўлмак, Юзингдан кимки ўпти қолди ишқи жовидон ичра. Муаттар бўлди олам то сабо тебратди зулфингни, Ҳамоно атр септи жаъди гисуйинг жаҳон ичра. Ҳариминг маҳрами икки жаҳонни кўзга илмайдир, Сани кўрган киши ғилмон сари боқмас жинон ичра. Мунаввар қилса кулбам моҳи рухсоринг тонг эрмаским, Топилмас оразингдек моҳи тобон осмон ичра. Дилим ишқинг фаюзидан ҳаёти жовидон топди, Биҳамдиллаҳки, меҳринг килди жо руҳи равон ичра. Жамолинг рашкидан гул ёқа йиртти, лола бўлди доғ, Ётар бу иккиси ҳасрат билан бир умр қон ичра. Агар гулдек юзингни кўрмасам, эй шўх, гуландом, Қолурман йаъсдан булбул каби оҳу фиғон ичра. На янглиғ бўлмасун Васлий санга ошиқки то шул дам, Сенингдек нозанинни кўрмади неча замон ичра.Инқилобдан кейин Васлий бир томондан, ўзининг дарсгўйлиги билан машғул бўлғонидек, бошқа томондан, баъзи янги мактабларда форсча адабиёт ва сарфу наҳв ўқутиб юрди. 1925нчи йилда Самарқанд вақф шўъбаси томонидан очилғон «дор ул-илм»да арабча сарфу наҳвдан дарс бериб турди. Васлий 65 ёшда эди. Ундан бир хотун, бир ўғул ва бир қиз қолди.
«Маориф ва ўқутғувчи» журнали, 1925 йил, 10-сон