Инқилоб даврида энг кўп мавзуи баҳс бўлғон масалалардан бири, шубҳасиз, тўй ва таъзия исрофларидир. 6-7 йил ичида ўзбек матбуоти, айниқса, Самарқандда чиққан газеталар тўй, таъзия исрофотининг ислоҳи учун кўп нарса ёздилар ва бу тўғридаги фикр-мулоҳазаларини ҳукуматга такдим этдилар. Бир неча маротаба ҳукумат ҳам буларнинг фарёдини эшитиб, халқ орасидағи бундай исрофлиқларға қарши чора кўрди. Яхши қарорлар чиқарди. Лекин Самарқандда бу ҳақда кўрилган тадбирлар кўп вақт ўтмай масъул ишчиларимизнинг парвосизлиги билан натижасиз қолди. Яна тўй ва аза исрофлари бурунғусидек давом эта бошлади.
Сўнгғи бир-икки йилда юртимизнинг иқгисодий ишлари бир мунча йўлға қўйилиши билан бойнамоларимиз яна жонлана бошладилар. Шунинг билан баробар аввалғи урф-одатлар, исрофчилиқлар яна жорий бўла бошлади. Айниқса, сўнг чоғларда тўйларда одамларға тўн кийгизиш, қанд ва чой инъом этиш, катта-катта нонлар, турлик ши-раворлар улаштириш одати яна ишга оширидди.
Никоҳ тўйларидағи «тутуз» рўмолча, кашидалар, таъзия кунларида қабр устида халққа пул ва йиртиш бериш, уч, етти, йигирма, қирқ қилишлар яна бурунғи ҳолиға қайтди. Камбағал халқимиз у расму русум ва урфу одатларнинг ижроси билан яна эзила бошлади. Бундай исрофчилиқлар орасида яна боғ сотиш, ҳовли гаров қўйиш ва кекирдаккача қарзга ботишлар кўрина бошлади.
Бунинг учун халқни айблаб бўлмайди. Чунки ҳали халқ нодон. Биламиз, халқнинг ота-бобосидан қолғон урфу одатлар асири бўлиши табиийдир. Бизда тақлид, обрўй, номус ва ғаззоти нафс деган нарсалар ҳам бор. Мана шу сифатлар авом халқни ҳар балоға учратадур. «Фалонча тўйда ундай қилибди, мен бундан камми» ёки «урфу расмни риоя қил-масам, мени дўсту душманларим уят қиладурлар», деб халқимиз яна аввалғи исрофчилиқларни жорий этишга ўзини мажбур биладур. Шунинг билан ўзини ҳар қандай таҳликага соладур ва икки кунда ўзининг бору йўғидан ажрачадур.
Халқни ўз ҳолида қўя берсангиз, у ўзининг нафу зарарини ўйламай, ҳар бир тўғри келган ишни қила берадир. Ўлгунигача фойдасиз урфу одатларнинг асоратидан чиқа олмайдур, лекин халкни ўз ҳолиға қўйиш тузук эмас. Масъул ишчиларимиз ва ёшларимизнинг ҳар бир тўғрида халққа йўлбошчи ва таъминотчи бўлиб туришлари керакдир. Халқни тўғри йўлға олиб бориш ва уни ҳар қандай зарарлик ҳаракатлардан сақлаш ана шуларнинг вазифасидир. Лекин эсизким, бизнинг масъул ишчиларимиз, маорифчиларимиз ва ёшларимиз бу муҳим вазифаларини ҳам бажара олғонлари йўқ. Ҳатто, улардан баъзиларининг шундай эски расму одатларга риоя қилғонлиқлари ҳам кўриладир. Мана бу иш уларнинг шаънига ярашмайтурғон бир сифатдир. Биз шунинг билан халқимизнинг йўлбошчиси бўлғон масъул ишчиларга яна бир мартаба юзимизни ўгириб айтамизким, ўртоқлар, ишчи-деҳқон оммаси сизга ишонган ва сизни қанча умидлар билан иш бошиға қўйғондир. Шунинг учун сиз ҳам ўз бўйнингиздаги вазифаларингизни ўтангиз. Фақир халқни зарарлик урф-одатлар ва исрофчилиқлар чангалидан қутқазиш учун бор кучингизни сарф этиб, бу тўғрида жидций чоралар кўрингиз.
«Зарафшон» газетаси, 1924 йил, 24 март