Ҳожи Муин. Тибб ва ҳифзус-сиҳҳатда риоятсизлигимиз (1914)

Дини мубини ислом, кўб амрларда (таҳорат, намоз, ғусл…) каби жумла мусулмонларни назофат ва покизалик ила юрмоклариға буюруб ва шунинг учун «Буниял-исламу алан-назафати» – (Ислом покликка қурилган – Н. Н. ), «Ан-назафату шатр ул-имон» – (Поклик имоннинг бир бўлагидир-Н. Н.) демишдур. Мундан бошқа неча оят ва ҳадислар мазмунидан ҳифзи сиҳҳат қоидалариға риоят этуб либос, таом, уй, ҳатто кўчаларни покиза тутмоғимизнинг лозимлиги англашилғон ҳолда бизлар бул хусусда ҳеч бирисиға аҳамият бермай, киру ифлослик ила маишат этиб, ўзимизни турли дарду балоларға гирифтор ва нобуд этмакдамиз. Кунда ўн мартаба бўлса ҳам таом еярмиз. Унинг мижозимизға фойдалик ёки зарарлигини ҳаргиз ўйламаймиз. Ҳолбуки, аксар хасталик бемавруд ва ё зарарлик таом емоқдан пайдо бўлур. Сув ичармиз ва анинг микруб (майда қурт)лари ва нопоклигиға диққат этмаймиз. Ҳолбуки, аксар ҳавузлардаги сувнинг ярми қурт бўлуб, ранг, бўй ва мазаси ҳам тағйир тобгандур. Мундай сувнинг қўб дардларға сабаб бўлиши маълумдур. Бухоро аҳолисининг аксарият ила (дардчил ва ришта) хасталигиға мубталоликлари ифлос сувларни ичмоқдан бўлса керак. Яна бизларнинг жаҳолатимиздин нашъат этган бир одатимиз борки, мабодо касал бўлуб қолсак, муолажа учун фолбин, қабристон ва азайимхонлардан маслаҳат ва шифо истаб беҳуда ерда неча сўмлардан ажраймизки, агар бу оқчаларни ҳозиқ, табиб – дуқтур ва керакли доруларға сарф килинса, дарддин шифо топмак умидлироқдир. Ҳолбуки, фолбинлар сўзига ишонмоқ шаръан дуруст эмас. Бас, аларнинг сўзи ила амал қилмоқ қайда қолди? Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталар учун табибларға мурожаат этмоқға буюрганлари, ҳатто ўзлари ҳам табиблардан дору сўраган-лари марвийдур. Бурунги асрларда уламои ислом тиб ва ҳифзи сиҳҳат хусусида неча китоб ёзиб, бул муборак фаннинг тавсиъ ва такмилиға хейли хизмат этмишлар. Аммо бу замонда бизлар тиб ва табиблардан қочиб, фолбин, раммол, қабристон ва дуохонларға сиғинамизки, бу иш тарих ва улуми лозимадан хабарсизлигимизнинг аломатидур. Дуруст, ҳозирги мусулмон табиблардан қочмоққа ҳам ҳаққимиз бор. Чунки буларнинг кўбиси илми тибдан бехабардурларки, дарднинг зўраймоғига ва хастанинг тезроқ охиратга сафар қилдурмоқға сабаб бўлмоқдан бошқа ҳунарлари йўқдур. Буларнинг мақсади эса пулға дору сотмоқ ва шунинг ила тирикчилик этмоқдур. Лекин ҳакиқий табиб ва дўқтурға ружуъ қилмоқ керақдур.

«Ойна» журнали, 1914 йил, 33-сон