(Самарқандда матбуот ва ёшлар)
203-сон «Қизил байроқ» газетасида «Бургага аччиғ қилиб кўрпани куйдириш» унвони билан Самарқанд ёшлари ва Самарқанд газетасига доир «Озиёлиқ» имзоси билан босилғон бир мақола кўрилди.
Озиёлиқ ўртоқ менинг газета идорасидан чиқишимни «кўнгилсиз воқеа» деб атаб, умуман, Самарқанд ёшларининг Самарқанд газетасига иштирок қилмаслиқларининг масъулиятини ёшларға ва ёшларнинг бир-бировлари билан келиша олмағонликдариға юклайдир.
Самарқанд ёшлари Самарқанд газетасига қандай муомала қилиб келдилар? Кейинги чокдарда нима учун газета идорасидан ўз муносабатларини уздилар?
Мана бу сўрокдарға очиқ жавоб бермак учун Самарқанд матбуоти ва ёшлари тўғрисида бир оз изоҳ бериб ўтмоқчи бўлдим.
Самарқандда эски ҳукумат вақтида ҳам самарқандлиларнинг ҳам ўз моддий ва маънавий кучлари билан маҳаллий матбуот қимирлаб турғон эди. Ўзгаришдан кейин, айниқса, ўктабр ўзгаришидан сўнгра Самарқанд газетаси ҳар вақт Самарқанд муҳаррирларининг ўз қўлларида ва масъулиятларида яшаб турди.
1918нчи йил охирларида рус газетаси теварагида йиғилғон овруполиқ ўртоқлар бир неча вақт бизнинг газетамизни қисиб турғон бўлсалар ҳам, лекин Самарқанд ёшларининг ғайрати ва маҳаллий ҳукуматнинг ёрдами соясида мустамлакачиларнинг қисишидан қутулғон эди. Сўзнинг қисқаси, Самарқанд газетаси ерлик муҳаррир ва ёшларнинг қўлларида 1921нчи йил ёзиғача Самарқанд музофотининг ойнаси ҳам маҳаллий ҳукуматнинг ношири афкори бўлиб келди.
Аммо 1921 йилнинг ёз бошларида Мурсалимов деган бир ўртоқ Самарқандга келиб, музофот фирқа қўмитаси томонидан у вақтдағи «Меҳнаткашлар товуши» газетасига сиёсий нозир тайин қилинди. Газетанинг ҳайъати таҳририяси ушбу тайинни шодлиқ билан қарши олди. Оз кучимиз кўб бўлди, деб қувонди. Лекин Мурсалимов ўртоқ бир оз ишлагандан кейин маҳаллий муҳаррирларни қиса бошлади. Буларнинг мақолалари учун баъзан газетадан ўрин бермай турди. Татарча мақолаларни газета муҳарририга кўрсатмасдан, ўзи матбаага бериб бостира берди, ҳатто ўз ихтиёри билан «Идорадан жавоблар» ёзиб, менинг масъулиятим остида босиб чиқара берди. Самарқандда у кунларда мусофир бўлган бир неча татар муҳаррири ва муаллимларга ўзбек газетаси идорасидан ҳақоратлиқ жавоблар ёзиб, ўзбек-татар орасида англашилмовчиликларға сабаб бўлди.
Ерлик муҳаррирлар ҳар нима ёзсалар, «Сиз хабаргина ёзиб келтиринг, мақолани биз ёзамиз, биз олий таҳсил кўрган одамлармиз», деб бостирмади. Хулоса, бир ой, бир ярим ой ичида Самарқанд газетасини «Мурсалимов газетаси» қилиб юборди. Бунинг билан қаноатланмай, «Текканга тегаман, тегмаганга кесак отаман» мақолиға мувофиқ арзимайдирғон бир ишни баҳона қилиб, мени трибуналға, масъулиятка тортди. Бу ишдан иш бошидағи масъул ишчилар хабардор бўлиб, (тафтишдан сўнг) уни тавбих этдилар ва мени қутқазиб олдилар. Мурсалимов бунинг билан мени йиқитишға муваффақ бўла олмағач, устимдан обкўм партияға шикоят этиб, мени Фарғонага нафй (сургун) қилишға қарор берди. Бу дафъа ҳам Самарқанд зиёлилари мени ҳимоя этиб қутқардилар.
Шул вақтларда Тошканддан Акмал Икромов ва Усмонхўжа ўртоқлар келиб, аҳволни англадилар ва Мурсалимовни газета идорасидан ажратдилар. Шунинг билан яна Самарқанд газетаси ерлиқ муҳаррирлар қўлида қодди ва ушбу вақтгача давом этди.
Сўнг замонларда обкўм партиянинг масъул саркотиблигига маҳаллий тилни билмайтурғон бир ўртоқ ўтганидан истифода қилиб, яна газета устида жанжал чиқардилар ва газетанинг масъул муҳаррирлигига вақтинча Зоҳида Бурнашева ўртоқни тайин қилдиришға муваффақ бўлдилар. Бундан кейин газета идораси айнан бултурғи ҳолға айланди. Маҳаллий мақолаларға йўл берилмади. Қуруқйўл берилмадигина эмас, балки «Мақолангизда Беҳбудий оти кўп зикр қилинғон. Бу миллатчиликдир», деб шифоҳий «жавоб» қайтарилди.
Бу ерда шуни эсга тушириб ўтаманки, Чўлпон ўртоқ «Қизил байроқ» газетасида «Беҳбудий отамиз» деб ёзди – миллатчи бўлмади. Ўртоқ Олимжон Иброҳимов «Қаюм Носирий – татар тилини тиргизган бир киши, унга юбилей қилиш лозим» деб Татаристон газетасида ёзди – миллатчи бўлмади. Татаристон ҳукумати ушбу юбилей учун камисия тайин қилди – миллатчи бўлмади… Аммо Самарқанд муҳаррирларидан бири ижтимоий аҳволимизни танқид қилиш муносабати билан Маҳмудхўжа Беҳбудийни эска тушириб ўтса миллатчи бўладирми?
Газета идорасида йўл топқон ўртоқдар бу билан қолмадилар, идорада сақланғон бир йиллик газета нусхаларини уйларига элтиб, улардан гўёки ҳукумат маслагига мухолиф сўзлар топиб, ўзбекча билмайтурғон ўртоқлар учун «таржима» қиддилар…
Булар тирик ерликлар ҳақида қарши ҳаракатлар билан қолмайин, ўликларимизни ҳам гўрда роҳат қўймоқчи эмаслар. Чунончи, газета муҳаррираси бўлиб ўтиргон ўртоқ 3. Бурнашева: «Яхши бўлғон эканким, Беҳбудий ўлдирилғон экан. Агар Беҳбудий бу кунда тирик бўлса эди, Туркистоннинг устига иккинчи бир Анвар пошони келтириб, ўзи бирор мансабга эга бўлур эди», деб, марҳум устодимизға туҳмат қилмоқдан кейин турмади…
Мана, энди маҳаллий газета шундай одамлар қўлида бўлғони ҳолда ерлик ёшлар қандай иш қила оладилар!
Мурсалимов билан орамизда бўлған сўнгғи мунозара ҳам аҳамиятсиз, кичкина воқеа эмасдир. Мурсалимов «Камбағаллар товуши» газетасида (287-сонида) мақола ёзиб, «Анвар пошо бутун Туркистон зиёлиларининг пайғамбари» деди. Буни ўқиб Самарқанд зиёлилари ғалаёнга келдилар. Мен Самарқанд зиёлилари томонидан жавоб ёздим. Мурсалимов менга жавоб бермакчи бўлиб неча устунлиқ фалсафа сотди-да, мени буржуазний зиёлилар қаториға киргизмакчи бўлди. Табиий, ҳақимда қилинғон ихтирони рад қилмоқчи бўлдим. Газета мудири мени ҳақлиқ, Мурсалимовни ҳақсиз деб иқрор қила туриб, менинг раддиямга ўрин бермади. Мен ҳам бундай бир зот билан иш қилмоқ мумкин эмаслигини билиб, идорадан чиқишға мажбур бўлдим. Мудир истеъфомни шодлиқ билан қабул этди.
Аммо ерлик ёшларнинг ўз ораларида газета тўғрисида ҳеч бир ихтилоф ва англашилмовчилиқ йўқдир. Газета идораси ерлик муҳаррирларнинг масъулияти остиға ўтган тақдирда ерлик ёшларнинг бурунғи ишларида давом қилишлари аниқдир.
Бу иш бўлиб ҳам қолди, бу кунларда «Камбағаллар товуши» газетасининг масъул муҳаррирлигига обкўм партия томонидан ўртоқ Т. Раҳмонберди ўғли тайин этидди. Мана бу зот қачон бизларни ишга чақирса, ишламак вазифамиздир.
«Озиёлиқ» ўртоқнинг «Самарқанд ёшлари кичкина ҳазил билан иш ташлайлар, аҳамиятсиз бир масала устида жанжал чиқаралар…ва ўзларининг хусусий ташаббуслари йўлиға кириб кетар эканлар» деган сўзларининг билмасдан ёзилған «сўз»лар эканлиги юқоридағи изоҳотимдан бир даража собит ўлғон бўлса керак. Мен газета идорасидан чиқиб ўзимнинг хусусий ишимга кириб кетмадим, бир неча йилдан бери кишисизликдан ёпилиб ётқон «Зарафшон» китобхонасини тиргиздим ва уни бир оз тартибга солдим. Бу хусусий иш эмас, бу ҳам маорифга ва танвири афкорга хизмат бўлса керак.
Сўзнинг охирида шуни ҳам эсга тушириб ўтаманки, ерлик муҳаррирлар ҳар вакт татар қариндошлар билан бирга ишлаб келдилар. Чунончи, «Меҳнаткашлар товуши» нашр қилина бошлағондан буён бир-икки татар ўртокдар доимий муҳаррирликни қилиб турдилар, орада ҳеч бир ихтилоф чиқмади. Аммо кейинги бир-икки ўртоклар газетани ўз масъулиятларига олиб, ерликларни қисдилар, қувдилар. Бу ишда ерлик ёшлар гуноҳкор бўлмасалар керак.
«Қизил байроқ» газетаси, 1922 йил, 2 сентябрь