«Туркистон вилоятининг газети»нинг учинчи нўмрасида «сарт» сўзи ҳақида ўшлик Мирзо Қодиржоннинг ғофилона ва мутаассибона ёзғон бир мақоласини ўқуб, таажжуб этдук. Бир-икки ой ичида «сарт» сўзи ва маъносина мутааллуқ «Вақт» ҳам «Шўро»да баъзи шайлар ёзилмиш эди.
Энди Қодиржон афанди «сарт» сўзи ҳақинда қилинғон эътирозлара рози бўлмай деюрки, «сарт» сўзи киши нафрат қилғудек бўлмай, балки неча маънидор мукаррам сўзи сарға итлоқ қилинурки, алардин бири подшоҳзода – тоза наслли – филўсуф демак ўлур». Бечора Қодиржон афандининг тарихдан ва миллият ҳиссидин заррача ҳиссаси йўқ эмишки, ота-бобосидан мерос қолғон турклик ва ўзбеклик номини қабул қилмай, зоҳиран тумтароқли маъносиға алдануб «сарт» исмини қабул этмишдур. Қодиржон афанди ҳам бошқа одамлар билсунларки, биз туркистонлилар турк эдук. Ҳозирда ҳам туркмиз. Минбаъд ҳам турк исми ила қоламиз. Агарда турклиғимизға шубҳа этувчилар бўлса, очсунлар тарихимизни.
Бурунғи қаҳрамон турк-ўзбек боболаримиз ҳозирда барҳаёт бўлмасалар-да, аларнинг номлари ила дунёда қилғон ишлари тарих саҳифаларида тайин ва мусамматдур. Дуруст, бир неча китобларда «сарт» сўзи зикр бўлмишдур. Англашилдикина кўра, бу ном номаълум халқ тарафидин Туркистондаги бир жамоа қабиланинг бўйинлариға тақилғон бир лақабдур. Ул лақаб ила биз умумтуркистонлилар турклиқдин чиқуб, сарт бўлмасмиз. Шунинг учун агар чиндики (сарт) сўзининг маъноси авлиёзода бўлсун, пайғамбарзода бўлсун, бизлар сартлиқни бўйнимизға тақмасмиз. Шул сабабли Хўқанд ёшларининг «сарт» ҳақида қилғон «прутест» – эътирозлари ҳақлидур. Бизлар ҳам шул хусусда аларға қўшиламиз.
«Туркистон вилоятининг газети»,
1913 йил, 17 январь