Ушбу кунларда «Оила ёхуд вазоифи хонадорий» номида форсча ёзилғон 200 саҳифалик улуғ бир китоб қўлимға тушди. Китобнинг муҳаррири диний, ижтимоий, ахлоқий илмларда кенг маълумоти бўлғон муҳтарам биродарим Абдурауф Фитрат афандилигини англаб камоли ихлос ва рағбат ила бошдан охириғача мутолаа этдим ва кўб мустафид бўлдим. Мен 12 йиддан бери турк-татар матбуотини таъқиб этуб, оила хусусида муфассал ёзилғон мундай бир китобға ҳануз тасодиф этмаган эдим.
Фитрат афанди ижтимоий хасталикларимизнинг энг ахдликларини оилаларимиздан топмиш ва аларнинг иложини ҳам камоли муваффақият ила очиқ суратда баён этмишдир. Китобда хотун олмоқнинг шаръий тариқаси, эр ва хотуннинг вазифалари ва болаларнинг баданий, ахлоқий ва фикрий тарбияси, етим ва хизматкорларнинг ҳуқуқи оят ва ҳадис ила муффасал суратда баён этилмишдур.
Хусусан, хотунларнинг ислом назарида ҳуқуқи, тааддуди завжот (кўб хотун олмоқ)нинг мушкиллиги ва ахлоқий зарарлари, тааддуди завжот учун адолатнинг шартлиги ва бу шартнинг риояси ниҳоятда мушкул бўлуб, онинг учун адолат бўлмагонда бирдан ортуқ хотун олмоқнинг шаръий дуруст эмаслиги, талоқнинг қайси вақтда жоизлиги далиллари ила муффасал ёзилмишдур.
Хулоса: бир ислом оиласининг масъуд ва бахтиёрлиги учун ҳар нимаки лозим бўлса, барчаси ушбу китобда мубиндур. Китоб Бокуда «Мактаб» матбаасида босилмишдур.
Китобнинг устида ёзилғон баҳоси 2 сўм 5 тийин бўлуб, ноширининг адреси ушбудир: Эски Бухоро, китобхонаи ширкати «Маърифат», Мирзо Абдулаҳад Манзум.
Шуни ҳам ёзамизки, мазкур китобнинг уч камчилиги бор:
1) Туркистон шева туркийсида ёзилмаганлиги.
2) Фихристсизлиги.
3) Охирида хато-савоб жадвали йўқлиги. Туркистонда ёлғуз 2-3 юз минггина форсча биладургон мусулмонларнинг хотири учун китоб форсча тилда ёзилиб, аммо бир неча миллиюн Туркистон турклари риоя қилинмай китобнинг туркча ёзилмаслигиға сабаб на бўлса деб, ҳар кимнинг хотириға бир савол келур эди. Мана ушбу саволи мукаддарға муҳаррир афанди жавоб бермоқчи бўлуб, китобнинг муқаддимасида баёни маъзурат этмишдур.
Рисолаларға, билхосса мундай улуғ ва муҳим асарларға бир фихрист илова этмак ва бир хато-савоб жадвали қўшмоқ мутолаа ҳаваскорлариға бир раҳнамолик вазифасини ифо этадур. Шунинг учун китобнинг муҳтарам фидокор ноширидан ўтинар эдикким, ҳозирда ҳам бўлса, бир фихрист ва бир хато-савоб жадвали тартиб этуб, китобнинг охириға илова этсалар эди.
«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 22 сентябрь