«Машраб»нинг бу сонидағи икки кўруниш, бизнинг назари диққатимизни ўзига худди қаҳрабодек тортиб қўйди. Унинг бири – танқид оламида янги «усул», иккинчиси -Зарафшон дарёсининт бу кунги ажойиб ва ғаройиб ҳоли. Шунинг учун бу тўғрида бир-икки оғиз чақ-чақ қилмасдан ўта олмадик.
Бировнинг шеъри ёки меъри танқид қилинар экан, унинг ғалвир-шалвирини бошлаб таҳлил ғалбиридан ўтказиб, сўнгра ул ҳақда бир ҳукм чиқариш ота-бобомиздан қолған яхши бир одат эди. Яқинда «А. Саъдий» деган бир ўртоқ ҳам шу усулға амал қилиб бир муддат сўкиш «офариннома»си олғон эди.
Лекин нима учундир сўнг чоқларда янги бир танқидчи майдонға отилиб, ўз ақлича одам боласи кўрмаган ва эшитмаган шги бир «усул» чиқарди. Бунинг усулиға қарағанда, таҳлил-маҳлил деган бош оғриқлар ҳожат бўлмай, ёлғиз шоирларни сабзи-шолғом қаторида қопға солиб, Оврупонинг тошбақа тарозуси билан ўлчаш кифоя этар эмиш…
Мана, биз ўзимизнинг ёш шоирларимизға бу янги «усул»ни тортиқ этамиз. Токи булар бундан кейин Оврупо шоирларидек шеър айтсунлар. Бу ишнинг уддасидан чиқмағонлари тақдирда жимгина юрсинлар ва «тавсиъи маълумот» этсунлар…
Яша танқидчи!.. Шу усулга ҳам салламно!..
Энди келайлик Зарафшон дарёсининг бу кунги кўрунишига:
Самарқанднинг бу кунги Зарафшон манзарасини кўрган киши ҳайрон бўлиб, «ё бу ернинг халқи девона бўлғон, ёки бу шаҳар – ҳалҳала шаҳри экан» деб ўйласа ажаб эмас. Чунки бечора деҳқонлар, қанча меҳнат қилиб, солиқ тўлаб бир қоп ғаллани ёки 20-30 қовунни бозорда сотаман деб Зарафшон қирғоғиға келадилар. Бундаги қаровуллар қўпрукдан мандатсиз ўтказмаганлари учун у бечоралар ҳам тақдирга тан бериб дарёдан ўтишга мажбур бўладилар.
Натижада, бир мунчалари дарёдан зўрға ўтиб, бошқалари тўп-тўғри Бухородан чиқадирлар ёки иккинчи дунёдан… Буларнинг уйдаги бола-чақалари «отамиз гўшт-ёғ келтирадир» деб қозонни қизитиб турадир. Лекин гўшт-ёғ нари турсин, оталаридан дарак ҳам бўлмас. Бунда қозон қизиб ёрилур. Бола-чақалари ҳам сабил қолур…
Шаҳримизда ишчи-деҳқонлар фойдасиға ишлайдурғонларнинг бу фожеаларни кўрарлик кўзлари, эшитарлик қулоқлари йўқ.
Чунки….
Ботурбек
«Машраб», 1924 йил, 6-сон