Бу кунларда Туркистоннинг «фотиҳи» бўлғон генерал Фун Кауфманнинг Самарқанд шаҳрини олғондан кейин халқни тинчлиққа даъват қилиб ёзғон бир хитобномасининг асли нусхаси қўлимизга тушди.
1868 йил 2 май (янги хисоб билан 18 майда) Фун Кауфман амир Музаффар аскари билан урушиб, Самарқандни олғоч, сўнгра Самарқанд аркида бир мунча аскарни қувиб, ўзи қўшини билан Катгақўрғон ва Панжшанби томонға юриш этадир. Шу чоғда амирнинг ўғли Ғузор ҳокими Абдумалик тўра Шахрисабз ва Китоб халқи билан бирлашиб, Самарқанд қалъасини бир неча кун мухосара этди, яна амирнинг бир турли тадбири билан тарқалишдилар.
Шу орада генерал Фун Кауфман амирнинг қўшиниға ғалаба қилиб, уни сулҳга мажбур этадир (2 июн, 1968 йил). Фун Кауфман қолома аскари билан қайтиб келиб, Самарқанд халқини қатли ом қилғондан сўнг, қонли қўли билан шу хитобномасини ёзиб, Самарқанд халқини тинчлиққа чақирди (фақат имзоси ўзгартирилди).
«Туркистон женерал губернатори барчани огоҳ бўлмоқ учун маълум қиладур. Подшоҳ императорга тобе юрт ичинда давом-тартиб ва осойишталиқни тушурмай ушлаб турмоқни ва ҳамсоялар билан тотувлиқ ва ошнолиқ қилиб турмоқни маним давлатхоҳим манга буйруқ қилиб эди. Жаноби олий Бухоро Амири оқ подшоҳнинг хайрлиқ ниятига кўб вакт инобат қилмади. Тотувлиқ ҳақинда ихлоси ишондирғанимға шубҳа қилиб, Бухорб вилоятиға фойдали меним юборган аҳцномамга кўнмади. Тотувлиқ қилмоқ учун Ўрусия ерининг четидан аскарларим билан кўтарилиб чиқмоққа тейишли бўлди.
Самарқанд ва Каттақўрғонни олғонимдан сўнг, неча маротаба Бухоро аскарлари устидан ғалаба бўлғандан сўнг, охир Амир кўрдики, ўрус билан суғуш қилмоқ Бухоро ҳалоклигига борадир. Уз фойдаси учун ва Бухоро халқининг хайриятлиги учун Ўрусия билан тотувлиқда ва ошнолиқда турмоқ авлороқдир.
Улуғ императур ҳазратлари ихтиёри эмди бажо келтирилди, комил рози бўлғоннинг ростлиғиға ўз муҳри билан юборилган аҳдномани маҳкам қилиб Ўрусия билан яраш қилди. Мундан буён Ўрусия билан Бухоронинг сарҳад ерлари будур:
Зарафшон даласини Шаҳрисабз бегига тобе ердан ажрататурғон тоғнинг усти билан Зарафшон дарёсиға қараб боратурғон тоғлар билан ёндан сўл, мағриб тарафи Каттақўрғондан Зарафшон дарёсининг даласи орқали Оқ тоғнинг устини кесиб ўтиб, сарҳади мағриб тарафи Нурота қўрғонини Бухоро вилоятиға қолдируб, Нурота тоғининг баланд тепаси билан юрур.
Ушбуни улуғ оқ подшоҳнинг тобеида бўлғувчиларнинг барчасиға маълум қилиб амр қиламан: чет ернинг босмоғидан қўрқмайинча, тотувлиқда ва тинчлиқда турингизлар, ўз ишларингиз: деҳқончилиқ ва касб-савдоларингизни қилингизлар. Тинчлиқни бузғон оқ подшоҳнинг душманлари, албатта, халқнинг ҳам душманлари, шундайин одамларни ушлаб ҳокимингизга топширингизлар, қонун бўйинча жазо берилмаги учун.
Ёзилди 21 саратон, 1868 йилда Самарқанд шаҳринда.
Туркистон генерал ғубернатури адютанд Фун Кауфман муҳрларини босдилар. Хитобноманинг остида Фун Кауфманнинг ўзбекча ёзувли муҳри бор. Ичидаги хати шудир: «Туркистон генерал губернатури ҳенерал-адютанд Фун Кауфман».
Бу хитобноманинг тил жиҳатдан ҳам аҳамияти йўқ эмас. Хитобномада «генарал» сўзи уч ўринда уч турли ёзилғон. Бунда тотор тилининг таъсири борлиғи ҳам кўринадир. Чунки рус аскари ичида тотор бўлғонидек, аскар бошлиқлари ҳузурида тотордан тилмочлар ҳам бор эди.
«Маориф ва ўқутғувчи» журнали, 1926 йил, 1-сон