Ҳожи Муин. Англашилмаслиқ ёки «Таёқ»нинг таъсири (1923)

Ҳар ерда, айниқса, бизнинг Туркистон халқиға жиддий сўзлардан кўра ҳажвий ва қулгули сўзларнинг кўбрак таъсир этишй кўриниб турадир. Бизнинг халқ ҳар вақт тўғри ва жиддий сўзларга илтифот этмай, балки унинг тескарисича кулгулик, ҳангомалик гапларга аҳамият берадир. Сўнгғи чоқларда газетамизнинг кулгулик қисмида бўлғон «Жарчи» сўзлари диққатни жалб этди. Ул парчалар эл орасида суйилиб ўқидди. Лекин сўнгғи кунларда газетамизнинг 20-сонида босилғон «Таёқ» халққа фавқулодда зўр таъсир этди. Ўйланмаган ва қутилмаган даражада халқнинг назари диққатини тортди. Ёзғувчининг жасоратиға, айниқса, халқнинг руҳига мувофиқ этилиб, ҳеч бир синфни риоя қилмасдан тўғри ёзилғони хусусида таҳсин ва офарин сўзлари эшитила бошлади.

Лекин эсизким, бу «Таёқ» халқимиз орасида қанча яхши таъсир этган бўлса, ҳукуматнинг бир-икки юқори доираларига билъакс ўшанча ёмон таъсир қилиб, баъзи англашилмаслиқларга сабаб бўлди. Гўё биз солиқлар тўғрисида дин отидан халққа тескари йўсинда ташвиқот юритган бўлсақ. Гўё «Таёқ»да ёзилғон бир неча китоб отлари чиндан диний китоблар бўлиб, уларда нақл этилган сўзлар ҳам мусулмонларнинг ҳақиқий ақидалари бўлса.

Мана бизнинг «Таёқ»дағи кулгулик сўзлар, юқори ҳукумат идораларида шундай суи тафсирга учраб англашилмаслиқларға сабаб бўлғони учун бу тўғрида бир оз изоҳ бериб ўтишға мажбур бўлдиқ:

«Таёқ»да ёзилғон бир неча китобларнинг отлари ясама бўлуб, дунёда ундай китоблар йўқдир. Уларда нақл этилган сўзлар ҳам рамз ва киноя бўлиб, кулгуликдир, жиддий ва ҳақиқий эмасдир. Кулгулик сўзлар жиддий саналмайдир. Кулгуликка қарши жавоб ҳам ёзилмайдур. Шунинг учун кулгулик сўзлар ёзатурғон киши ҳақида турлик шубҳа ва гумони бад қилиш дуруст эмасдир.

Баъзи одамлар биздан сўрайдурларким, «Сиз бунча қаттиғ сўзлар ёзарсиз, ҳукумат сизга ҳеч нарса демасми?» Биз аларға жавоб берамизким: Шўролар ҳукумати халққа сўз ҳуррияти бергандир. Ҳукуматнинг асосий қонунлариға қарши бўлмаслиқ ёки халқни ҳукуматнинг муқобилига қўзғотмаслиқ шартлари билан ҳар ким фикрини ёзиб, тарқатишға ҳақлидур, озоддур. Халқнинг ва ҳукуматнинг фойдасини кўзда тутиб, жиддий ва ҳажвий сўзлар ёзишни ҳеч ким қатағон қилолмайдур. Ҳукуматнинг баъзи хоин маъмурлари билиб туриб халққа жабр ва зулм қилар экан, аларни танқид ва ҳажв қилишға ёки аларнинг устидан юқори доираларға шикоят этишга ҳар бир гражданнинг ҳаққи бордир.

Бизнинг ўлкада халқнинг нодонлиғидан истифода этиб, мустамлакачилик сиёсати билан ишлайтурғон николайчилар йўқ эмасдир. Мана шундай унсур билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Бу йўдда қўрқмаслиқ керакдир.

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 18 февраль