Бори ер юзинда тоторларгагина хос эмас, балки бутун аҳли исломга баробар таъсир қилгон фурқат важҳидалиғдан мотамлик бир кун етди, десак-да, марҳум ва мағфур[1] Исмоилбек отомизнинг явмул-вафоти кунидур.
Ўзини инсон эконлиғин ҳақиқий кўз била кўргондан бери бутун Русия мусулмонлари орасига маориф денгизини оқузмоқ ва тошзорларни сабзазор этмоқ муродида қоршудаги «садд»[2] бўлгон баъзи нифоқ, ғафлат ва жаҳолат каби ҳисобсиз тизилгон энг зўр котта тоғларни ёлғуз ўзи Фарҳод каби ижтиҳод[3] ва ғайрат тешаси била бузуб текиз қилгон зот-да бу марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди.
Бу хусусларда ҳар бир тарафдан келодургон тийри таън ва санги маломатлар учун-да: ҳамма диндош ва миллатдошлари ўлгон аҳли исломнинг ёшлариға қалқон бўлуб, ўзининг ҳаёти учун энг биринчи даражада фарз ва лозим ўлгон тубандаги уйқу ва роҳатидан, тандаги тарбия ва фароғатдан воз кечиб, узоқ йўлларимизни яқин ва кечаларимизни кундуз қилгон зот-да бу марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди.
Дунё юзида бори олтмиш олти санагина ёшомоқи борасинда милйун-милйун мусулмон ва муслима сағира ва кабираларга ҳақиқий бир ота бўлув муносабати-ла аролариндағи ваҳшат ва ғафлатни пора-пора қилуб, хуршиди илм ва маҳтоби маърифатни зиё ва нурини саҳулатлик[4] ила бошимизға тушируб, бир-биримизни 30 танишдургон зот-да бу марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди.
Бутун хурофотга қадам қўё бошлагон майдони инсониятнинг аввалги синфидаги ислом сафларини бошқадан ислоҳ қилуб, бир интизомға киргузмоқ учун товушсиз нутқлари, қанотсиз «Таржимон»и, руҳсиз қаламининг воситаси била ораларидаги камчиликларни билдуруб, илми иқтисод, чин маишат ва ҳаёт йўлларини тузгон зот-да марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди.
Ҳақиқий бу инсон ашрофуз-зот[5], ходим уд-дин ва-л-миллатнинг миллат йўлидаги гарчи зоҳирда тиғсиз қурбон ўлгон зот-да бу марҳум ва мағфур Исмоилбек ҳазратлари эди.
Оҳ! Милйун оқчаларнинг қуввати ва милйун мусулмонларнинг ақли ва фикру ижтиҳоди била муяссар ўлмагон саҳулатликларни майдона қўйуб қўймоқ учун минути гавҳарға топилмайдургон қадрлик умрини 40—50 санасини миллат йўлига қурбон этуб юборгон, сўнгғи умум келодургон авлодларини меҳнатдан қутқазмоқ учун баҳодирона жонини фидо қилғон бу маънавий отанинг хизмат ва садоқатларини қайси бир инсон кўнглидан унута олсун?! Йўқ, агарда мундоғ зотларнинг дунё охириғача бор бўлмоғи учун умрини, яъни жонни бадал қилмоқға илож ва чора бўлса эди, ёлғуз Туркистонда эмас, балки тотор дунёсиндан ҳар кун минглабгина қудумига жонини ансор қилғучилар чиқуб турурлар эди!
Бу чоралар бўлмагонга қоршу: чин содиқ ва муҳиб ўлгон ҳар бир инсон мундоғ маънавий отанинг хизматларини унутмай, ҳар намоз сўнгғида бир-икки минутгина таваққуф қилуб, беш-тўрт ояти Қуръон ўқуб, пок руҳиға ҳадя қилуб, аждод ва абоълариға раҳмат ва авлоди ақраболарига жаноби ҳақдан сабри жамил тиламоқни дин ва миллат тарафиндан ўзиға бир умр бурч ва вазифалардан, деб билсалар керак.
Дилда афсус, тилда сано ва дуо била бу кунғи миллий мотамни камоли таъзим ва такрим ила адо этдук.
Илоҳо, илло таборак ва таоло бу отамизнинг ҳақина барча мусулмон болаларининг дуоси хайрларин қабул этуб, пок руҳини жаннатул фирдавсга меҳмон эдуб, авлодлариға сабри жамил ва ажри азим ато айласун.
«Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 24 сентябрь
[1] Мағфур — гуноҳи кечирилган.
[2] Сад — ғов, тўсиқ.
[3] Ижтиҳод — тиришиш, ғайрат кўрсатиш.
[4] Саҳулат — енгиллик, осонлик.
[5] Ашрофуз-зот — шараф ва эътибор эгалари бўлган зот.